Яҳованинг каломи жонли
Забур китобининг биринчи қисмидан диққатга сазовор оятлар
ЯҲОВА Худовандга ҳамду санолардан иборат бўлган илоҳий китобни қандай аташ мувофиқ бўлар эди? Забур, яъни «санолар» китоби деб номлаш мувофиқ бўлади. Бу китоб мусиқий шеърият бўлиб, 150та санодан иборат. Унда Худонинг ажойиб хислатлари ва қудратли ишлари куйга солиниб мадҳ этилади. Шунингдек, Забурда жуда кўп башоратлар учрайди. Кўпгина қўшиқларда қийинчиликларни бошидан кечирган сано куйловчиларининг ҳис-туйғулари ифодаланган. Забур санолари тахминан минг йиллик, яъни Мусо пайғамбар кунларидан бошлаб, то исроилликлар Бобил асирлигидан озод бўлган даврни ўз ичига олган. Бу китобнинг ёзувчилари Мусо пайғамбар, ҳазрати Довуд ва бошқалар бўлган. Бироқ ҳисобланишича китобни тартиб бўйича руҳоний Эзра жойлаштирган.
Қадимда Забур китоби 5та қисмга ажратилган бўлиб, қўшиқлар тўпламини ташкил этган: 1) 1–40-сано, 2) 41–71-сано, 3) 72–88-сано, 4) 89–105-сано ва 5) 106–150-санолардир. Биз бу мақолада биринчи қисмини кўриб чиқамиз. Фақат 3та саносидан ташқари, ушбу қисмни қадимги Исроилнинг шоҳи Довуд ёзган деб ҳисобланади. Чунки 1, 32 ҳамда 9-санонинг 22–39 оятларига довур ким ёзгани ноаниқ.
«ТАНГРИМ — БОШПАНА ТОПГАН ҚОЯМ»
Забурнинг биринчи саноси, Яҳова Таолонинг қонунидан завқ топган инсон — бахтиёрдир деб айтмоқда. Забурнинг кейинги саноси эса Худо Шоҳлиги мавзусига ўтмоқдаa. Бу саноларда кўп маротаба Худога бўлган нолаю илтижолар учрайди. Масалан Забур 3–5, 7, 11, 12 ва 16 саноларида душманлардан халос бўлиш фарёдини ўз ичига олади. 8-санода эса Худонинг буюклиги олдида одамзоднинг ожизлиги таъкидлаб ўтилмоқда.
Ҳазрати Довуд Яҳовани Ўз халқининг Халоскори сифатида тасвирлаб: «Худованд — суянчиғим менинг; Тангрим — бошпана топган қоям»,— дея куйлади (Забур 17:3). Забурнинг 18-саносида у Яҳовани Парвардигори Олам ва қонун Чиқарувчи сифатида, 19-саносида Халоскор ва 20-саносида Худонинг мойланган Шоҳини ўзининг Қутқарувчиси сифатида шарафламоқда. Ҳамда 22–саносида Яҳова Таоло Улуғ Чўпон, 23–саносида эса шон-шуҳрат Подшоҳи сифатида тасвирланмоқда.
Саволларга жавоблар:
2:1, 2 — Қандай «пуч режаларни тузяпти элатлар»? «Пуч режалар» остида одамларнинг ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиш ҳаракатлари назарда тутилади. Бу эса чиндан ҳам пуч режалар. Наҳотки элатлар «Худованд ва Унинг Масиҳига қарши кенгашиб» туриб, ғолиб чиқишга умид қила олса?
2:7 — Яҳованинг қандай «фармони» ҳақида гап кетмоқда? Бу Яҳова ва Унинг севикли Ўғли Исо Масиҳ ўртасидаги ўзаро келишув, яъни Шоҳлик тўғрисида васият қилинган фармон назарда тутилади (Луқо 22:28, 29).
3:сўзбошиb — Қай мақсадда айрим саноларга сўзбоши келтирилган? Баъзида санонинг сўзбошида, муаллифи ва/ёки сано қандай шароитларда ёзилгани ҳақида айтилади (3-санога қаранг). Бундан ташқари айрим саноларда, у қай мақсадда ва қандай қўлланилиши кераклиги ҳақида гап юритилади (4 ва 5-сано). Шунингдек, мусиқачилар учун кўрсатмалар берилади (6-сано).
3:3 — «Салот» деган хитоб нимани англатади? Бу мусиқачиларга қаратилган хитоб бўлиб, мулоҳаза қилиш учун тўхтамни англатади. Тўхтам санонинг маъносини таъкидлаш ва таъсирчанлигини кучайтириш учун қўлланилган. Забурни тиловат қилаётиб бу сўз ўқилмайди.
10:3 — Қайси пойдевор вайрон бўлар экан? Инсоният жамиятининг пойдевори — қонун, тартиб ва адлиядир. Агар улар кучини йўқотса, тартибсизлик ва адолатсизлик ҳукм суради. Бундай шароитларда «солиҳлар» бутунлай Худога умид боғлаши лозим (Забур 10:4–7).
20:4 — «Соф олтиндан тож» сўзлари қандай маънони англатади? Бу оятда тож том маънодами ёки шунчаки шоҳ Довудга зафарлар келтирган шон-шуҳратми ноаниқ. Шунга қарамасдан бу оят башоратли бўлиб, Яҳова Таоло Исо Масиҳга 1914 йилда шоҳлик тожини берганини англатмоқда. Тож олтиндан ясалганлиги эса, Масиҳнинг ҳукмронлиги энг олий эканлигини кўрсатмоқда.
21:2, 3 — Нима учун ҳазрати Довуд, Яҳова Таоло уни ташлаб қўйди деб ўйлаган? Шоҳ Довуд душманлар дастидан азоб-уқубат чекиб, ‘суякларининг бўғини бўшашгудай бўлди, юраги мум каби эриб битди’ (Забур 21:15). Довуд Яҳова Худованд уни ташлаб қўйди деб ўйлаган. Исо Масиҳ ҳам жон бераётиб, худди шундай туйғуларни ҳис этган (Матто 27:46). Довуднинг сўзлари, оғир аҳволда қолган инсоннинг ҳис-туйғуларини етказиб бермоқда. Шунга қарамасдан Забур 21:17–22 оятларда ёзилган шоҳ Довуднинг ибодатидан, у Худога бўлган ишончини йўқотмаганлиги кўриниб турибди.
Хулосалар:
1:1. Яҳова Таолони севмайдиган одамлар билан мулоқот қилишдан узоқлашиш зарур (1 Коринфликларга 15:33).
1:2. Маънавий эҳтиёжларга ҳар кун эътибор беришни унутмаслигимиз керак (Матто 4:4).
4:5. Ғазабга тўлган пайтда ўзимизни қўлга олиб тилни тийсак, оқилона иш тутган бўламиз, ва оқибатда пушаймон бўлмаймиз (Эфесликларга 4:26).
4:6. Агар хулқ-атворимиз Яҳованинг меъёрларига мувофиқ бўлиб, кўнгил ниятларимиз соф бўлса, маънавий қурбонликларимизни солиҳлик ёки «ҳалол қурбонликлар» деб атаса бўлади.
6:6. Ҳаётни давом этиш учун, Яҳова Таолога шукрона айтишдан улуғроқ сабаб бўлиши мумкинми? (Забур 113:25).
9:13. «Хун олувчи» Яҳова Худованд мазлумлар фарёдини ёдда тутиб, азоб берганларни жазолайди.
14:2, 3; 23:3–5. Ҳақ Худонинг хизматчилари ҳақиқатни айтиб, туҳмат қилмаслиги ва маккорона қасам ичмаслиги лозим.
14:4. Агар Муқаддас Китоб меъёрларига зид бўлмаса, одам «ўз зарарига бўлса ҳам сўзидан қайтмаслиги» керак.
14:5. Яҳованинг хизматчилари бўла туриб, пулнинг ғараз ниятлар учун фойдаланишдан эҳтиёт бўлишимиз даркор.
16:14, 15. Бугунги кунда кўп одамлар бойлик орттириш, фарзандларга мерос қолдириш, оила қуришга бутун вақтларини бағишлайдилар. Довуднинг ҳаётида эса энг асосий мақсад Худонинг олдида яхши ном қолдириш ва Унинг «сиймо»сини кўриш, яъни иноятига сазовор бўлиш эди. Шоҳ Довуд «уйғонган замон» ёки Яҳованинг ваъдаларини англаганда Унинг «дийдорига» тўйгандай бўлар, яъни Яҳова у билан бирга бўлганлигидан қувонар эди. Биз ҳам ҳазрати Довуд каби маънавий бойликларни чин юракдан қадрлашимиз керак эмасми?
18:1–7. Агар Яҳованинг сўзлашни ва ўйлашни билмаган ижоди Унга ҳамду сано айтса, наҳотки биз сўзлаш, ўйлаш ва топиниш қобилиятига эга бўлганлар Уни бундан кўпроқ улуғламасак? (Ваҳий 4:11).
18:8–12. Биз учун Худованд Яҳованинг қонуни қанчалик фойдалидир!
18:13, 14. Хато ёки «қасдан қиладиган гуноҳлар» қилишдан ўзимизни сақлашимиз лозим.
18:15. Биз фақат хулқ-атворимизга эмас, балки оғзимиздан чиқадиган сўзларга ва қалбимиздан кечадиган фикрларга аҳамият беришимиз керак.
«СОФДИЛЛИГИМ ТУФАЙЛИ МЕНГА МАДАДКОРСАН»
Забурнинг 24 ва 25 саносида шоҳ Довуд покдил бўлиб юриш учун нақадар хоҳиш ва қатъий ишонч билдирган эди! У: «Мен бўлсам, покдил бўлиб юраман»,— деб куйлар эди (Забур 25:11). У гуноҳлари кечирилиши учун ибодатда: «Мен гуноҳимни сир сақлаганим сайин, суякларимгача ҳуркираб, нолиб ўтирдим»,— деб иқрор бўлди (Забур 31:3). Довуд барча Яҳованинг содиқ хизматкорларини: «Худованднинг кўзлари солиҳлардадир, солиҳлар фиғонига У қулоқ солар»,— деб ишонтирмоқда (Забур 33:16).
Исроилликларга Забурнинг 36-саносида нақадар қимматбаҳо насиҳат берилган эди. Биз ҳам, «охирзамон» пайтида яшаётганлар бу насиҳатга эътиборли бўлишимиз керак. (2 Тимўтийга 3:1–5). Забур 39:8, 9да Исо алайҳиссалом ҳақида: «Сенинг ҳузурингга келдим, ўроғлиқ битикда мен ҳақда битилган. Хоҳишингни бажармоқ истайман, эй Худойим, Сенинг Қонунинг юрагимда менинг»,— деб каромат қилинган эди. Забурнинг 40-саносида шоҳ Довуд Ботшева билан гуноҳ қилиб, оғир аҳволга тушиб айбини ювиш учун Яҳовадан мадад сўради. У: «Софдиллигим туфайли менга мададкорсан»,— деб куйлар эди (Забур 40:13).
Саволларга жавоблар:
25:6 — Қандай қилиб биз ҳазрати Довуд каби мажозий маънода Яҳованинг қурбонгоҳини айланиб чиқишимиз мумкин? Қурбонгоҳ Яҳова Таолонинг иродасини, яъни одамзодни гуноҳдан халос қилиш учун Исо Масиҳнинг қурбонлигини қабул қилганини англатади (Ибронийларга 8:5; 10:5–10). Шу тариқа «қурбонгоҳни айланиб чиқиш» Исо Масиҳнинг қурбонлигига эътиқод қилиш демакдир.
28:3–9 — Нима учун Яҳова Худованднинг овози гулдурос товуш билан таққосланяпти? Яҳованинг улуғвор куч-қудратини таъкидлаш учун.
34:19 — Ҳазрати Довуд илтижо қилаётиб, мендан «нафрат этганлар бир-бирига кўз ўйнатмасин», деганда нимани назарда тутган? Ҳазрати Довуд душманларининг ёвуз режалари амалга ошганида, улар тантана қилиб бир-бирига кўз ўйнатмасин, деб илтижо қилар эди. Хуллас, Довуд бундай кўргилик бошига тушмаслигини сўраган.
Хулосалар:
25:4. Агар биз мактабда ёки ишхонада ўзини дўст қилиб кўрсатадиганлар; иккиюзламачилар; интернет орқали нотаниш ғараз ниятли кишилар; самимийликни ниқоб қилиб ўзининг ҳақиқий юзини яшириб, имондан қайтган инсонлар билан мулоқот қилишдан ўзимизни тийсак, оқилона иш тутган бўламиз.
25:7, 12; 34:18; 39:10. Йиғилишларимизда Яҳова Таолога шукроналар ва ҳамду санолар айтишимиз даркор.
25:8; 26:4. Биз-чи, йиғилишларга мунтазам қатнашишга жон куйдиряпмизми?
25:11. Ҳазрати Довуд покдил бўлиб юришга қатъий қарор қилиб, халос бўлишни илтижо қилган. Биз ҳам номукаммал бўлсак-да, Яҳова Таолога содиқ қолишимиз мумкин.
28:10. Тўфон сўзи остида осмон гумбази назарда тутилган эди. Яҳова улкан қудрат соҳиби бўлганига қарамай, Ўз қудратини назорат қилишга қодир.
29:6. Яҳованинг асосий фазилати ғазаб эмас, балки севгидир.
31:9. Яҳова, юган ва сувлуқ тақишсагина бўйсунадиган хачир ёки эшак каби бўлишимизни хоҳламайди. Аксинча Унга иродасини тушунган ҳолда итоат этишимиз хуш ёқади.
32:17–19. Ҳеч бир инсоний ташкилот, қандай кучли бўлмасин, нажот бера олмайди. Биз Яҳова Таоло ва Унинг Шоҳлигига умид боғлашимиз керак.
33:11. Шоҳлик пайидан бўлганлар учун нақадар далда берувчи сўзлар!
38:2, 3. Душманларимиз имондошларимизга зиён етказиш мақсадида маълумот йиғаётса, донолик ила «тилимизни тийиб, сукут» сақлаймиз.
39:2, 3. Яҳовага қаттиқ умид боғласак, «даҳшатли зовурга» ва «лойли ботқоққа» ўхшаш руҳий тушкунликдан чиқа оламиз.
39:6, 13. Агар Худодан олган баракалар «сон-саноқсиз» эканини ёдда тутсак, на офатлар, на нуқсонларимиз устимиздан ғалаба қозонади.
«Худовандга абадулабад шон-шарафлар бўлсин!»
Забур китобининг биринчи қисмига кирган 40та саносини ўқиш қанчалик жонимизга оро киритади! Қийинчиликларга дуч келсак ёки виждон азобларини чекаётган бўлсак, Худонинг таъсирли каломининг ушбу қисмидан доимо далда ва куч-қувват топамиз (Ибронийларга 4:12). Бундан ташқари Забур саноларида ҳаётимиз учун доно қўлланма мавжуд. Қайси қийинчиклар бошимизга тушмасин, ушбу китоб орқали Яҳова қайта-қайта бизни ташлаб кетмаслигига ишонтирмоқда.
Забур китобининг биринчи қисми шундай якунланади: «Исроилнинг Тангриси — Худовандга абадулабад шон-шарафлар бўлсин! Омин! Омин!» (Забур 40:14). Наҳотки Муқаддас Китобнинг бу қисмини кўриб чиқиб, Яҳова Таолога ҳамду санолар айтмасак?!
[Изоҳлар]
a Забур 2-саносининг биринчи каромати ҳазрати Довуд ҳаётлигида амалга ошди.
b Кўп саноларда биринчи оятнинг ўрнини олади.
w06-UZ 5/15