Фаришталар — Худонинг хизматчиларидир
Фаришталарнинг ҳаммаси ҳам нажот ворисларига хизмат қилиш учун юборилган хизматчи руҳлардир. ИБРОН. 1:14
1. Матто 18:10 ва Ибронийлар 1:14 да нималар ёзилган?
ҲАЗРАТИ ИСО шогирдларини қуйидагича огоҳлантирган: «Эҳтиёт бўлинглар, бу кичиклардан биронтасини ҳам хор қилманглар. Мен сизга шуни айтаман: осмонда уларнинг фаришталари доимо самовий Отамнинг жамолини кўриб турадилар» (Мат. 18:10). Улар тўғрисида ҳаворий Павлус ҳам шундай деганди: «Ахир, фаришталарнинг ҳаммаси ҳам нажот ворисларига хизмат қилиш учун юборилган хизматчи руҳлардир» (Иброн. 1:14). Бундан кўриниб турганидек, одамларга ёрдам бериш учун Худованд Яҳова фаришталарнинг хизматидан фойдаланади. Муқаддас Китобда улар ҳақида нима дейилган? Улар бизга қандай қилиб ёрдам бера олишади? Уларнинг мисолидан нимага ўрганишимиз мумкин?
2, 3. Фаришталар ҳақида нимани билиб олдик?
2 Осмонда миллионлаб Яҳованинг содиқ фаришталари мавжуд. Уларнинг барчаси Худонинг Каломини «ижро этувчи кучли» малаклардир (Заб. 102:20; Ваҳий 5:11 ўқиб беринг). Бу хизматчилар Аллоҳнинг фарзандлари ҳисобланиб, ажойиб фазилатларга ҳамда ирода эркинлигига эгалар. Масалан, улар тартиб бўйича вазифаларга эга бўлиб, бош фаришта Микоилнинг [Исонинг] раҳбарлиги остидадирлар (Дон. 10:13; Яҳд. 9). Бутун махлуқотдан аввал яратилган Исо, «Калом» деб ҳам ном олган. Қолаверса, барча бошқа нарсаларни яратишда Яҳова ундан фойдаланган (Колос. 1:15–17; Юҳан. 1:1–3).
3 Серафимлар — Яҳованинг муқаддаслигини эълон қилиб, Унинг халқи маънан пок сақланишига ҳисса қўшадилар. Карубларнинг вазифаси эса Аллоҳнинг улуғворлигини қўллаб-қувватлашдан иборат (Ибт. 3:24; Ишаё 6:1–3, 6, 7). Қолган фаришталар ҳам Худонинг иродасини бажариш билан банддир (Иброн. 12:22, 23).
4. Аллоҳ ер юзини яратганида, фаришталар бунга қандай муносабатда эдилар?
4 Аллоҳ ер юзини яратганида, ушбу фаришталар Унга ёрдам бераётганидан қувонишган (Аюб 38:4, 7). Яҳова Таоло одамни «малаклардан андак паст» қилиб яратган бўлса-да, аммо уни Ўз суратига кўра барпо этган (Иброн. 2:7; Ибт. 1:26). Агар Одам Ато ва Момо Ҳаво уларга берилган ирода эркинлигидан тўғри фойдаланишганида эди, ҳозир жаннатда маза қилиб яшаётган бўлардик.
5, 6. Осмонда қанақа исён содир бўлган ва Худо қандай чора кўрди?
5 Руҳий мавжудотлардан бири Худога қарши исён кўтарганида, бошқа малаклар буни кўриб даҳшатга тушдилар. Шу тариқа, ўша исёнчи Яҳовага хизмат қилишни тўхтатди. Натижада, бу фаришта Шайтонга [яъни, душманга] айланиб, Аллоҳнинг ҳукмронлигини шубҳа остига қўйди. Буниси етмаганидек, у ҳийла ишлатиб илк инсон жуфтини ҳам Парвардигорга тескари қилди (Ибт. 3:4, 5; Юҳан. 8:44).
6 Тангри Яҳова шу заҳотиёқ Шайтонга ҳукм чиқарди. Бу борада, Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Сен билан хотин орасига, сенинг зотинг билан унинг зоти орасига адоват соламан. Ўша зот сенинг бошингни эзиб ташлайди, сен эса унинг товонини чақасан» (Ибт. 3:15). Демак «хотин», яъни руҳий мавжудотлардан ташкил топган Яҳованинг самовий ташкилоти ва Шайтон орасига адоват солинган. Ушбу каромат умидимизнинг асоси бўлиб, аста-секин амалга ошяпти. Масалан, Аллоҳ барча исёнкорларни таг-туги билан йўқ қилишни Исога тайинлайди. У орқали, Яҳова «еру осмондаги бор мавжудотларни» бирлаштиради (Эфес. 1:8–10).
7. Нуҳнинг даврида баъзи фаришталар қандай қабиҳликка боришди ва Яҳова уларни нима қилди?
7 Нуҳнинг даврида кўп фаришталар эҳтиросларини қондириш мақсадида инсоний қиёфага кириб, «ўз маконини ташлаб кетишди» (Яҳд. 6; Ибт. 6:1–4). Бундай қилмишлари учун Яҳова Таоло уларни абадий зимистонга маҳкум этди. Улар эса Шайтон билан биргалашиб, «ёвуз руҳий кучларга» айланишди. Шу йўсин, бу муттаҳамлар масиҳчиларга душманлик қилишяпти (Эфес. 6:11–13; 2 Бутр. 2:4).
Фаришталар бизга қандай кўмаклашмоқда?
8, 9. Яҳова қандай қилиб фаришталар орқали одамларга ёрдам берган?
8 Илгари фаришталар Аллоҳнинг бир қатор хизматчиларига, жумладан Иброҳим, Ёқуб, Мусо, Ёшуа, Ишаё, Дониёр, Исо, Бутрус, Юҳанно ва Павлусга ёрдам бериб турардилар. Улар орқали Худо Ўз ҳукмларини амалга оширар, башорат айтар ҳамда қонун-қоидаларни берарди (4 Шоҳ. 19:35; Дон. 10:5, 11, 14; Ҳавор. 7:53; Ваҳ. 1:1). Ҳозирги кунда эса Аллоҳ раҳбарлигини Муқаддас Китоб ёрдамида етказяпти (2 Тим. 3:16, 17). Фаришталар кўзга кўринмаса-да, Худонинг иродасини бажариш билан банд бўлиб, Унинг хизматчиларини доим қўллаб-қувватламоқдалар.
9 Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Худованднинг фариштаси мўминлар атрофида қароргоҳ қурган, Ундан қўрққанларни Ўзи халос этар» (Заб. 33:8; 90:11). Шайтон ёлғончи эканини исботлаш учун Яҳова азоб-уқубатларга йўл қўймоқда (Луқо 21:16–19). Бироқ, масиҳчилар айнан шунақа қийинчиликларда садоқатли қолиб, Худонинг қалбини қувонтира олишади (1 Коринфликларга 10:13 ўқиб беринг). Бунда эса фаришталарнинг ҳиссаси жуда катта. Мисол учун улар Шадрах, Мешах, Абеднаху, Дониёр ва Бутрусни қутқариб олишган. Аммо, Стефан билан Ёқубни эса ўлимдан асраб қолишмаган (Дон. 3:17, 18, 28; 6:22; Ҳавор. 7:59, 60; 12:1–3, 7, 11). Кўриб турганимиздек, ҳамма нарса ҳам фаришталарга боғлиқ эмас. Масалан, нацистларнинг концлагерларида баъзи имондошларимиз қатл этилган бўлишса-да, лекин барибир уларнинг кўпи омон қолган.
10. Фаришталарнинг ёрдамидан ташқари, қанақа ҳимоямиз бор?
10 Аллоҳ Каломида, ҳар бир инсоннинг ҳимояловчи фариштаси борлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Аммо «биламизки, Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, У бизга қулоқ солади» (1 Юҳан. 5:14). Ҳа, Яҳова Таоло ҳатто кутилмаган пайтда ҳам Ўз фаришталарини ёрдамга юбориши мумкин. Устига-устак, имондошларимиз орқали биз далда ва тасалли топамиз. Боз устига, Шайтоннинг ҳийлаларию гуноҳли истакларимизга қарши туришимиз учун Худойимиз бизга куч ва донолик бермоқда (2 Кор. 12:7–10; 1 Салон. 5:14).
Исога эргашиш
11. Фаришталар Исога қандоқ қилиб ёрдамлашган ва унинг ўзи Яҳовага садоқатини қандай исботлаган?
11 Худованд Яҳова фаришталар орқали Исони қандай қилиб қўллаганини кўриб чиқамиз. Улар Масиҳнинг туғилиши ҳамда тирилиши тўғрисида эълон қилишган ва унинг ер юзидаги хизмати давомида ёрдам беришган. Аслини олганда, Исонинг ҳибсга олинишидан ҳам, азобли ўлимидан ҳам фаришталар ҳимоя қила олишарди. Лекин, буларнинг барчасига чидаши учун улар куч ва далда бериб туришган (Мат. 28:5, 6; Луқо 2:8–11; 22:43). Хуллас, Ҳазрати Исо Яҳованинг иродасига мувофиқ ўз жонини қурбонликка келтирди. Бу билан у, мукаммал инсон синов чоғида садоқатли қолиши мумкин эканини исботлаб берди. Кейинчалик эса Тангри Яҳова уни тирилтириб, боқий ҳаёт ато қилди. Шунингдек, «бутун ҳокимиятни» унга берибгина қолмай, уни ҳатто фаришталарга бош қилиб тайинлади (Мат. 28:18; Ҳавор. 2:32; 1 Бутр. 3:22). Шу тариқа, Исо башорат қилинган зот эканини тасдиқлади (Ибт. 3:15; Галат. 3:16).
12. Исога яна қайси жиҳатдан тақлид қилишимиз керак?
12 Фаришталар қутқаради деб, Исо ўз ҳаётини хавф остига қўймаган. Негаки у, бу Яҳовага номаъқул келишини яхши биларди (Матто 4:5–7 ўқиб беринг). Шу каби биз ҳам ақл-идрок ила иш тутишга интиламиз (Титус. 2:12).
Содиқ фаришталардан нималарга ўрганиш мумкин
13. Фаришталар тўғрисида 2 Бутрус 2:9–11- оятларда нима дейилган?
13 Мойланган масиҳчилар «ҳақоратга» дуч келишганда, қандай йўл тутиш кераклиги борасида ҳаворий Бутрус садоқатли фаришталарнинг мисолини келтирган. Улар буюк куч-қудратга эга бўлишларига қарамай, бошқаларни ҳукм қилишнинг ўрнига камтарликни кўрсатишмоқда (2 Бутрус 2:9–11 ўқиб беринг). Биз ҳам бошқаларни ҳукм қилмай, масъулиятли биродарларга бўйсунишни ва барча нарса Олий Ҳукмдор Яҳованинг қўлида эканини ёдда тутишимиз керак (Рим. 12:18, 19; Иброн. 13:17).
14. Камтарликда фаришталар қандай ўрнак кўрсатишмоқда?
14 Боз устига, камтарлик ила хизмат қилишда ҳам фаришталар аъло намуна кўрсатишяпти. Масалан, ўз исмларини инсонларга билдиришга интилмайдилар (Ибт. 32:29; Ҳак. 13:17, 18). Маълумки, фаришталарнинг сони миллиондан ҳам ортиқдир. Бироқ, биз фақатгина Микойил билан Жаброилнинг исмларини биламиз. Бундан англашиляптики, улар ўзларига шараф изламайди (Луқо 1:26; Ваҳ. 12:7). Ҳаворий Юҳанно сажда қилиш учун фариштанинг оёқларига йиқилганида, у шундай деганди: «Зинҳор, бу ишни қилма! Мен сенинг ҳамда биродарларинг... ҳамкориман» (Ваҳ. 22:8, 9). Дарҳақиқат, танҳо Аллоҳга ибодат қилишимиз ва топинишимиз зарур (Матто 4:8–10 ўқиб беринг).
15. Сабр-тоқатли бўлишда малаклар қандай ўрнак кўрсатишмоқда?
15 Шунингдек, сабр-тоқатли бўлишда ҳам малаклардан яхши ибрат олиш мумкин. Шуни айтиш жоизки, улар барча нарсадан хабардор бўлишмаса-да, Худонинг мақсадларига бефарқ эмаслар. Инжилда: «Фаришталар ҳам бу сирларни аниқлашни кўп орзу қиладилар»,— дея бекорга айтилмаган (1 Бутр. 1:12). Худо «Ўзининг кўп қиррали ҳикматини ошкор қилмагунча», улар буни билишга шошилмайдилар (Эфес. 3:10, 11).
16. Хулқ-атворимиз фаришталарга қандай таъсир қилади?
16 Худонинг халқи, фаришталар олдида худди «бир томошадек» (1 Кор. 4:9). Негаки улар, бизнинг садоқатимизни ҳамда гуноҳларимизда тавба қилаётганимизни кузатиб шодланишади (Луқо 15:10). Худотарс аёллар ҳам фаришталарнинг назаридан четда қолмаган. Зеро, Аллоҳ Каломига биноан «хотиннинг боши устида ҳокимлик аломати бўлиши керак» (1 Кор. 11:3, 10). Художўй аёллару бошқа имонлилар Яҳованинг ҳокимияти ва раҳбарлигига бўйсунишганида, фаришталар жуда қувонадилар. Бундай итоаткорлик фаришталар учун эслатма сифатида хизмат қилар экан.
Фаришталар воизлик ишида ҳам фаол ёрдам беришмоқда
17, 18. Ваъзгўйликда фаришталар ёрдам бераётганига нега ишонишимиз мумкин?
17 «Ҳазратимиз кунида» баъзи фаришталар ҳам иштирок этиш шарафига эгадирлар. Масалан, 1914- йилда «Микоил ва унинг фаришталари» Шайтон билан жинларни ер юзига отиб юборишганди (Ваҳ. 1:10; 11:15; 12:5–9). Ҳаворий Юҳанно, ер юзида яшовчиларга абадий мужда келтираётган бир фариштани ваҳийда кўради. Ўша фаришта: «Худодан қўрқинг, Уни улуғланг! Унинг ҳукм қилиш вақт-соати келди. Еру кўкни, денгизни, булоқларни Яратганга сажда қилинглар!» — деб эълон қилди (Ваҳ. 14:6, 7). Шайтоннинг қаршиликларига қарамай, улар бугунги кунда ҳам Яҳованинг хизматчиларини ваъзгўйликда қўллаб-қувватламоқдалар (Ваҳ. 12:13, 17).
18 Масалан, Филип ҳабашистонлик амалдорга ваъз қилиши учун бир фаришта унга раҳбарлик берган. Аммо, улар бугун бизга тўғридан-тўғри гапирмайдилар (Ҳавор. 8:26–29). Бинобарин, «абадий ҳаётга тайин бўлганларни» топишимизга, фаришталар кўмаклашаётганидан шубҳамиз йўқa (Ҳавор. 13:48). Шундай экан, ваъзгўйлик хизматида мунтазам қатнашиб, Худойимиз Яҳовага «Руҳ ва ҳақиқат билан топинишга» нима етсин?! (Юҳан. 4:23, 24).
19, 20. Яқин кунларда фаришталар нима қилишади?
19 Исонинг таъкидлашича, охирзамоннинг сўнгида фаришталар «фосиқларни солиҳлар орасидан ажратиб» олади (Мат. 13:37–43, 49). Хуллас, ўрим-йиғимнинг якунида ва мойланган масиҳчиларнинг муҳрланишида, фаришталар муҳим ўринни эгаллашади (Матто 24:31 ўқиб беринг; Ваҳ. 7:1–3). Бундан ташқари, бу малаклар Исо билан биргаликда «қўйларни эчкилардан ажратади» (Мат. 25:31–33, 46).
20 Шунақа пайт келадики, «Исо Ўзининг қудратли фаришталари билан... осмондан тушиб зоҳир бўлган вақтда... Худони танимаган ва Ўзининг Хушхабарига итоат этмаган шаккоклардан ўч олади» (2 Салон. 1:6–10). Юҳанно ҳам бир ваҳийда, адолат ўрнатиш учун жангга отланган Исони ва оқ отга минган самовий қўшинни кўради (Ваҳ. 19:11–14).
21. Ваҳийга кўра Шайтон билан жинларни фаришта нима қилади?
21 Юҳанно шунингдек, «қўлида тубсизлик қаърининг калити ва катта занжир билан осмондан тушаётган фариштани кўрди». Бу Микоил бўлиб, Иблис билан жинларни тубсизлик қаърига қамаб қўяди. Кейин эса улар, Исонинг Минг йиллик бошқарувнинг сўнгида қисқа бир муддатга озод қилинишади. Ўшанда инсонлар охирги синовдан ўтишади. Ва ниҳоят, Шайтон ва унинг барча тарафдорлари батамом йўқ қилинадилар (Ваҳ. 20:1–3, 7–10; 1 Юҳан. 3:8).
22. Худонинг нияти рўёбга чиқишида фаришталарнинг ўрни қанақа ва бу бизни нимага ундаши керак?
22 Хуллас, Шайтоннинг ёвуз дунёсига чек қўйилганида, Яҳованинг ҳукмронлиги оқланиб, инсониятга нисбатан Унинг нияти рўёбга чиқади. Кўриб чиққанимиздек, бунда фаришталарнинг ҳам анчагина ҳиссаси бор. Чиндан ҳам, содиқ «фаришталарнинг ҳаммаси ҳам нажот ворисларига хизмат қилиш учун юборилган хизматчиларидир». Минг қатла шукурки, Тангри Яҳова муқаддас хизматни адо этишимизга ёрдам бериб, мангу ҳаётга эришишимизга имкон яратмоқда.
[Изоҳ]
a «Яҳованинг Шоҳидлари — Худо Шоҳлигининг хабарчилари» китобининг 549–551- саҳ. қ. (рус.).
Қандай жавоб берардингиз?
• Руҳий мавжудотлар орасида тартиб қанақа?
• Нуҳнинг даврида баъзи малаклар қандай қилиб нотўғри йўлга туришди?
• Бизга ёрдам бериш учун Аллоҳ фаришталардан қандай фойдаланяпти?
• Бугунги кунда фаришталарнинг вазифаси нимадан иборат?
[21- саҳифадаги расм]
Аллоҳнинг иродаси амалга ошаётганидан фаришталар қувонишади
[23- саҳифадаги расм]
Худонинг иродасига мувофиқ, фаришта Дониёр пайғамбарни ҳимоялаган
[24- саҳифадаги расмлар]
Ваъзгўйликда жасоратли бўлишимиз учун фаришталар бизни қўллаб-қувватлаяпти
[Расм манбаи]
Globe: NASA photo