Яҳованинг нигоҳи барча инсонларни текширар
[Яҳованинг] нигоҳи текширар инсон ўғилларин. ЗАБ. 10:4
1. Қандай одамлар сизга ёқади?
СИЗГА бефарқ бўлмаган кишиларга муносабатингиз қандай? Фикрларини сўрасангиз, бемалол сизга айтишади. Ҳамиша ёрдам қўлини чўзишга тайёрлар. Керак бўлганда эса меҳр ила маслаҳат беришади (Заб. 140:5; Галат. 6:1). Бундай одамлар сизга ёқадими? Инсонлардан кўра Яҳова ҳамда Исо Масиҳ сиз ҳақингизда кўпроқ ташвиш тортишади ва уларнинг меҳр-муҳаббати беғараз бўлгани учун, юқорида айтилган гаплар уларга тегишли. Боз устига улар «ҳақиқий ҳаётга эришишингизга» ёрдам беришни истайдилар (1 Тим. 6:19; Ваҳ. 3:19).
2. Тангри Яҳова одамлар билан қанчалик қизиқади?
2 Тангри Яҳова одамлар билан қизиқишини Довуд қуйидагича айтган: «Худованднинг кўзлари кўрар, нигоҳи текширар инсон ўғилларин» (Заб. 10:4). Ҳа, Аллоҳ одамларни нафақат кўради, балки текширади ҳам. Шунинг учун Довуд: «Дилимни синаб, кечалари мени йўқладинг, имтиҳон қилдингу, бирор ёмон ниятни топмадинг»,— дея ёзган (Заб. 16:3). Яҳова кузатишини Довуд аниқ тушунарди. Мабодо у дилида ёмон истакларни ривожланишига йўл қўйса, Яҳованинг кўнгли ранжишини биларди. Довуд учун Яҳова мавжуд шахс бўлгани шубҳасиздир. Сиз ҳақингизда нима дейиш мумкин?
Яҳова дилга қарайди
3. Яҳова камчиликларимизни эътиборга олишини қайси мисоллар кўрсатиб турибди?
3 Яҳова авваламбор ички дунёмизга, дилимизга қарайди (Заб. 18:15; 25:2). Меҳрибон Аллоҳимиз бутун эътиборини арзимас хатоларга қаратмайди. Мисол учун, Соро биби ёлғон гапирганда, фаришта уни қўрққанини ва хижолат бўлганини англаб, мулойимгина танбеҳ берди (Ибт. 18:12–15). Ёки Аюб Худони эмас ўзини солиҳ деб эълон этганда, Яҳова уни дуо қилмай қўймади. Сабаби У Аюбнинг бошига тушган азоблар даҳшатли эканини тушунарди (Аюб 32:2; 42:12). Шунингдек, зорафатлик аёл Илёс пайғамбарга қўпол сўзлаганда Яҳова ундан ранжимади. Зеро Худо бу аёл ягона ўғлидан маҳрум бўлиб, дард-аламга тўлганини кўрган (3 Шоҳ. 17:8–24).
4, 5. Тангри Яҳова Абумаликка иноятини қандай намоён этган?
4 Яҳова инсонларнинг кўнгилларини текширар экан, Унга хизмат қилмаган кишиларга ҳам иноятини намоён этади. Масалан Гарор шоҳи Абумалик билан қандай йўл тутганини кўриб чиқайлик. Иброҳим ва Соро эр-хотин эканини билмай, Абумалик Сорони хотинликка олди-ю, лекин унга яқинлашмади. Зотан Худованд Яҳова унинг тушига кириб: «Сен бу ишни соддадиллик билан қилганингни Мен ҳам билар эдим. Шунинг учун сени Менга қарши гуноҳ қилишдан сақладим, сени Сорога тегишга қўймадим. Энди сен бу аёлни эрига қайтариб бер. У пайғамбардир, сен учун ибодат қилади ва сен тирик қоласан»,— деди (Ибт. 20:1–7).
5 Абумалик сохта худоларга топингани учун, Яҳова унга қаттиққўллик билан муомала қилиши мумкин эди. Бироқ Абумалик бу ишни «соддадиллик билан» қилганини Яҳова эътиборга олиб, тирик қолиши учун қандай чоралар кўриш кераклигини унга аён қилди. Дарҳақиқат, бундай меҳр-иноятли Худога хизмат қилиш бахт келтиради!
6. Ҳазрати Исо Парвардигорга қай тарзда эргашган?
6 Ҳазрати Исо комил равишда Парвардигорга эргашган. Зеро у диққатини шогирдларининг яхши томонларига қаратиб, хатоларини осонликча кечирган (Марк 10:35–45; 14:66–72; Луқо 22:31, 32; Юҳан. 15:15). Исо қуйидаги сўзларга биноан йўл тутган: «Худо оламни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўғли орқали қутқариш учун Ўғлини дунёга юборди» (Юҳан. 3:17). Ҳа, Яҳова Таоло ҳамда Исо Масиҳ бизни севганлари учун мангу ҳаётга сазовор бўлишимизни хоҳлайдилар (Аюб 14:15). Айнан муҳаббат туфайли Яҳова бизни текширади, ҳаракатларимизга баҳо беради ва тузатади (1 Юҳанно 4:8, 19 ўқиб беринг).
Севги ила текширади
7. Қай мақсадда Яҳова бизни текширади?
7 Яҳова хатоларимизни излайдиган назоратчи эмас! Аслида Шайтон ўзгаларни айблаб, камчиликларни юзга солади (Ваҳ. 12:10). Ҳатто асоси бўлмаган тақдирда ҳам у бошқаларга туҳмат қилади (Аюб 1:9–11; 2:4, 5). Худованд тўғрисида эса сано бастакори шундай деган: «Ёҳу Раббано! Сен гуноҳларни ҳисобга олсанг, ким ҳам тура олар экан?» (Заб. 129:3). Жавоби аниқ: ҳеч ким (Воиз 7:20). Тангри Яҳова, фарзандларини севган ва хавф-хатардан ҳимоя қилган меҳрибон отага ўхшайди. Шу йўсин ўзимизга зарар келтирмаслигимиз учун эътиборимизни камчиликларимизга қаратади (Заб. 102:10–14; Мат. 26:41).
8. Худованд Яҳова хизматчиларини қандай тузатади?
8 Муқаддас Ёзувлар ҳамда «ишончли ва ақлли хизматкор» тақдим этаётган адабиётлар орқали Худованд бизни севги ила тузатяпти (Мат. 24:45; Иброн. 12:5, 6). Боз устига ёрдам тариқасида У, имонлилар жамоатини ва «ҳадялар» бўлган кишиларни бермоқда (Эфес. 4:8). Бундан ташқари насиҳатларини қандай қўллашимизни Яҳова кузатиб, керак бўлганда қўшимча кўмак тақдим этади. Забур 31:8 да бундай сўзларни ўқиймиз: «Мен сенга ақл ўргатарман, юрар йўлингни кўрсатарман. Кўзим сенинг устингда бўлиб, сенга раҳнамолик қиларман». Шундай экан келинг, Яҳованинг гапларига ҳамиша қулоқ тутиб, У меҳрибон Отамиз ва Устозимиз эканини камтарлик ила тан олайлик! (Матто 18:4 ўқиб беринг).
9. Нимадан қочишимиз керак ва не учун?
9 «Гуноҳнинг алдови» ёки имоннинг сустлиги ва мағрурлик дастидан юрак тош бўлиб қолмаслигини назорат қилишимиз даркор (Иброн. 3:13; Ёқб. 4:6). Кўпинча бундай ҳолат одамнинг қалбида нотўғри истаклар жой олганда содир бўлади. Ҳатто шундай бўлиши ҳам мумкинки, масиҳчи Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатларни рад этади. Аммо энг ёмони бундай фикрлаш тарзи ва хатти-ҳаракатлар туфайли киши Аллоҳнинг душманига айланиши ҳеч гап эмас (Ҳик. 1:22–31). Одам Ато ва Момо Ҳавонинг тўнғич ўғли бўлмиш Қобилнинг мисолини кўриб чиқайлик.
Яҳова ҳар нарсани кўриб, шунга мувофиқ йўл тутар
10. Нега Яҳова Қобилнинг ҳадясини рад этди ва бу унга қандай таъсир қилди?
10 Қобил билан Ҳобил қурбонлик келтиришганда Яҳова нафақат ҳадяларини, балки ниятларини ҳам кўрган. Дилни кўрувчи Худо имон билан келтирилган Ҳобилнинг ҳадясини қабул қилди-ю, аммо Қобилникини рад этди. Чунки унинг ҳадясидан имони суст экани кўринарди (Ибт. 4:4, 5; Иброн. 11:4). Қобил бундан хулоса чиқариб, ўзгаришнинг ўрнига ғазабга минди (Ибт. 4:6).
11. Қобилнинг қалби ёвуз бўлгани нимадан аён эди ва бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
11 Қобилнинг бундай қилиғи аянчли оқибатларга олиб келишини Яҳова аниқ кўрган. Шунинг учун Худо унга: «Агар яхшиликни ният қилганингда, унда бош кўтариб юрмасмидинг?» — деди. Афсуски Қобил Яратувчининг сўзларини писанд қилмай, укасини ўлдирди. Унинг қалби ёвуз бўлганини қуйидаги сўзлардан кўриш мумкин. Худованд Қобилдан сўради: «Уканг Ҳобил қаерда?» У эса қўрс жавоб қайтариб: «Билмайман, мен укамнинг соқчисими?» — деди (Ибт. 4:7–9). Ҳа, қалб йўлдан оздириши турган гап. Инсон унинг измида бўлиб, ҳатто Аллоҳнинг маслаҳатини рад этади (Ерм. 17:9). Келинг, бундай мисоллардан сабоқ олиб, нотўғри истаклару фикрларни дарров соқит қилайлик (Ёқуб 1:14, 15 ўқиб беринг). Бордию бизга Муқаддас Китобга асосланган маслаҳат беришса, уни қадрлаб бунда Яҳованинг меҳр-муҳаббатини кўришга интилайлик.
Яҳова учун яширин нарса йўқ
12. Тавба этмаган айбдорлар билан Яҳова қандай йўл тутади?
12 Баъзиларнинг ўйлашича, қилинган гуноҳни ҳеч ким кўрмаса ёпиғлик қозон ёпиғлик қолади (Заб. 18:13). Аммо яширин гуноҳлар йўқ, чунки Худонинг «кўзи олдида ҳамма нарса очиқ ва аёндир. Ахир, Унга ҳисоб берамиз-ку!» (Иброн. 4:13). Яҳова — олий Ҳакамдир ва одамнинг юрагини текширади ҳамда гуноҳкорларни одилона ҳукм этади. Шунингдек Тавротда: «Раҳмдил ва меҳрибон, сабр-тоқатли Худоман, собит севгим ва садоқатим мўлдир»,— дея ёзилган. Лекин қасддан гуноҳ қилишда тўхтамай, тавба этмаган айбдорларни У жазосиз қолдирмайди (Чиқ. 34:6, 7; Иброн. 10:26). Буни Охун, Ҳанания ва Саффира билан юз берган воқеалардан кўрса бўлади.
13. Қалбдаги ёмон ният Охуннинг ҳаётига қандай таъсир қилди?
13 Аллоҳнинг буйруғига зид йўл тутиб, Охун Ерихо шаҳрида қўлга киритилган мол-мулкдан бир қисмини ўз чодирига яшириб қўйган. Оила аъзолари ҳам бунда иштирок этгани эҳтимолдан йироқ эмас. Охуннинг гуноҳини фош этишганда: «Эгамизга қарши гуноҳ қилган менман»,— дея у тан олди (Ёшуа 7:20). Қобил каби Охун ҳам қалбида ёмон ният ўрин олишига йўл қўйди. Тамагирликка берилиб гуноҳга қўл урди ва уни яширди. Аслида Ерихо шаҳрида қўлга киритилган барча мол-мулк Яҳовага тегишли эди, ўғрилик натижасида Охун ҳамда оила аъзолари ҳаётдан маҳрум бўлишди (Ёшуа 7:25).
14, 15. Нима сабабдан Ҳанания ва Саффира Худонинг қаҳрига учрашди ва бундан қандай сабоқ оляпмиз?
14 Биринчи асрда истиқомат қилган Ҳанания билан Саффира Қуддусдаги имонлилар жамоатининг аъзолари эди. Милодий 33- йили Ҳосил байрамидан сўнг, Қуддусга узоқ юртлардан келиб ўша ерда қолган жамоатнинг янги аъзоларига моддий ёрдам бериш учун, маблағ жамлаш керак бўлган. Масиҳчилар ихтиёрий хайр-эҳсонлар қила бошлашган. Ҳанания даласини сотиб, ундан бир қисмини жамоатга берди, хотини ҳам бундан хабардор эди. Бироқ Ҳанания ҳамма пулни эҳсон қилганини айтди. Шубҳасиз, бу жуфтлик имондошларининг қалбидан жой олиш учун бундай ёлғонга боришди. Тангри Яҳова Ҳананиянинг қилмишини Бутрусга аён этди ва у ўз навбатда тўғридан-тўғри панд-насиҳат қилди. Ҳанания бу сўзларни эшитиши биланоқ ерга йиқилиб жон берди. Бундан кўп вақт ўтмай Саффира ҳам ҳалок бўлди (Ҳавор. 5:1–11).
15 Ҳанания ва Саффиранинг қилмиши бир лаҳзали хато эмас эди. Улар билган ҳолда ҳаворийларни алдашган. Энг ачинарлиси эса улар муқаддас руҳга ва Худога қарши ёлғон ишлатишган. Яҳова уларнинг ҳалок бўлишларига йўл қўйиб, бу билан жамоатда иккиюзламачиликка ўрин йўқ эканини кўрсатди. Дарвоқе, «барҳаёт Худонинг қўлига тушиб қолиш даҳшатлидир!» (Иброн. 10:31).
Доимо покдилликни сақланг
16. а) Қандай қилиб Шайтон Аллоҳ халқини йўлдан урмоқчи? б) Сизнинг ҳудудингизда эса Шайтон қайси усулларни қўлламоқда?
16 Шайтон бизни йўлдан уриб, Яҳовага номаъқул келишимиз учун ҳар нарсага тайёр (Ваҳ. 12:12, 17). Бу дунё жинсий ахлоқсизлигу зўравонликка тўлиб-тошгани Иблиснинг ёвуз ишларидан далолат беради. Бугунги кунда компьютер ва бошқа электрон мосламалар орқали порнографияни бемалол томоша қилиш мумкин. Илойим биз ҳеч қачон Шайтоннинг ушбу тузоқларига тушмайлик! Ундан кўра: «Бенуқсонлик йўли ҳақида фикр юритаман. [...] Хонадоним ичра соф дилим ила юраман»,— деган Довудга эргашайлик (Заб. 100:2).
17. а) Одамларнинг қилмишларини ошкор этишга Яҳовани нима ундайди? б) Ўзимизни нимадан асрашимиз зарур?
17 Қадимда Яҳова мўъжизавий равишда оғир гуноҳларни ва ёмон ниятларни аён қилган. Бугунги кунда бундай бўлмаса-да, аммо У ҳар нарсани кўради. Шунинг учун У ўз вақтида ҳамда Унга маъқул тарзда барча яширин нарсаларни ошкор қилади. Павлус бундай деган: «Баъзи одамларнинг гуноҳлари очиқ-ошкор бўлиб, ҳатто қиёматдан олдин фош бўлмоқда. Бошқаларнинг гуноҳлари эса кейинроқ маълум бўлади» (1 Тим. 5:24). Одамларнинг қилмишларини ошкор этишга Яҳовани севги ундайди. У жамоатни севади ва шул боис ёмон таъсирдан уни ҳимояламоқчи. Бундан ташқари гуноҳга берилиб, сўнг чин дилдан тавба қилган кишини Худо кечиради (Ҳик. 28:13). Шундай экан келинг, қалбимиз Яҳовага бутунлайин содиқ бўлиши учун ёмон таъсирдан ўзимизни асрайлик.
Бутун қалбингиз билан Яҳовага хизмат қилинг
18. Довуд, ўғлининг Худога муносабати қандай бўлишини хоҳларди?
18 Ҳазрати Довуд ўғли Сулаймонга бутун қалб ҳамда чин кўнгилдан Худога хизмат қилишини айтган. Чунки Яҳова Таоло барчанинг дилини синаб кўраётир ва ҳамманинг фикр-хаёллари Унга аёндир (1 Сол. 28:9). У, ўғли нафақат ишончга эга бўлишини, балки Яҳованинг меҳр-иноятини қадрлашини хоҳларди. Сиз-чи, Яҳовага бу учун миннатдормисиз?
19, 20. Забур 18:8–12 га биноан Аллоҳга яқинлашишга Довудга нима ёрдам берган ва унга қандай тақлид қила оламиз?
19 Кўнгли очиқ инсонлар Аллоҳнинг ажойиб хислатлари билан танишганда, Унга яқинлашиш истаги пайдо бўлишини Яҳова билган. Шу сабабли Яҳованинг Ўзи одамлар Уни таниб-билиб, У билан дўстона муносабатларни ривожлантиришларини истайди. Худовандга яқинлашиш учун Унинг Каломини ўрганиб, ёғдираётган баракаларига эътиборли бўлиш зарур (Ҳик. 10:22; Юҳан. 14:9).
20 Муқаддас Китобни кунда ўқияпсизми? Худо Каломини қадрлаб, тушуниш учун ибодат қиляпсизми? Аллоҳнинг қонун-қоидалари бўйича яшаш қанчалик муҳим эканини тан оляпсизми? (Забур 18:8–12 ўқиб беринг). Агар шундай бўлса, имонингиз кучайиб, Яҳовага севгингиз ошиб боради ва У ҳам сизга яқинлашади (Ёқб. 4:8). «Ҳаёт сари элтувчи» танг йўлдан бораётганингизда, Яҳова сизни дуо қилиб, маънавий зарардан ҳимоялайди (Заб. 90:1, 2; Мат. 7:13, 14).
Қандай жавоб берардингиз?
• Нега Яҳова бизни текширади?
• Нима сабабли Аллоҳга душман бўлиб қолиш мумкин?
• Яҳова мавжуд шахс эканини қандай кўрсата оламиз?
• Бутун қалб билан Яҳовага хизмат қилиш учун нима ёрдам беради?
[4- саҳифадаги расм]
Яҳова меҳрибон ота каби бизни кузатиб туради
[5- саҳифадаги расм]
Ҳананиянинг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз?
[6- саҳифадаги расм]
Бутун қалб билан Яҳовага хизмат қилиш учун нима ёрдам беради?