Яҳованинг Каломи жонли
Забур китобининг бешинчи қисмидан диққатга сазовор оятлар
БОЙ-БАДАВЛАТ бўлган одам эҳтимол: «Ўғилларимиз ёшлигида ўсиб қалинлашган кўчатлар каби, қизларимиз саройнинг нақшли устунлари каби бўлсинлар! Омборларимизда мўл-кўлчилик бўлсин... Яйловларимиздаги қўйлар минг-минглаб... кўпайсин!» — деб дуолар айтиши мумкин. Ва ҳатто давом этиб: «Мана шундай дуоларни олган халқ бахтли!» — деб қўшиб қўяр ҳам. Бироқ сано куйчиси: «Худовандни Раббимиз деб билган халқ бахтли!» — деб таъкидлади (Забур 143:12–15). Дарҳақиқат, Яҳовани Раббимиз деб билган халқ бахтли, зеро У муборак Худодир ва Унга топинувчилар ҳам муборакдир (1 Тимўтийга 1:11). Айнан бу фикр, илоҳий илҳом билан ёзилган Забур китобининг охирги қисмида, яъни 106–150-саноларда яққол кўриниб турибди.
Забур китобининг бешинчи қисмида шунингдек Яҳова Таолонинг мислсиз фазилатлари, шу жумладан меҳр-инояти, садоқати ва илтифоти куйга солинган. Худони яқиндан билиб олганимиз сари эса, Унга бўлган севгимиз ортиб, Ундан қўрқиш нима эканлигини англаб оламиз. Бу эса ўз навбатида бахтли бўлишимизга ҳисса қўшади. Забур китобининг бешинчи қисми чиндан ҳам — бебаҳодир! (Ибронийларга 4:12).
ЯҲОВАНИНГ ИНОЯТИ ТУФАЙЛИ БАХТИЁРДИРЛАР
Бобил асирлигидан қайтган Худонинг халқи: «Худовандга шукр қилсинлар берган инояти учун, одам болаларига кўрсатган мўъжизалари учун!» — деб хитоб қилмоқда (Забур 106:8, 15, 21, 31). Ҳазрати Довуд эса Худовандга қарата: «Ҳақиқатинг эса булутлардан ҳам юксакдир»,— деб куйлар эди (Забур 107:5). Кейинги санода у ибодат қилиб: «Менинг Худойим, мадад юборгин менга! Иноят қилиб мени қутқаргин!» — деб ёлворган (Забур 108:18, 19, 26). Забурнинг 109-саносида Исо Масиҳнинг бошқаруви ҳақида каромат мавжуд. Забур 110:10-оятида: «Доноликнинг боши — Худодан қўрқмоқликдир», деган сўзларни ўқиймиз. Кейинги сано эса: «Қандай бахтли Худованддан қўрқадиган», сўзлар билан бошланади (Забур 111:1).
Забурнинг 112–117-санолари Худованд Яҳовага ҳамдлар айтишга даъват этмоқда. Милодий III асрда ёзилган бир асарга биноан, қадимда ушбу санолар Фисиҳ ва учта бошқа байрам пайтда куйланар эди. Муқаддас Китобнинг барча бобларидан катта ва санолардан энг узуни бўлган 118-сано, Худонинг Каломини мадҳ этмоқда.
Саволларга жавоблар:
108:23 — Ҳазрати Довуд: «Кечки соя каби тез ўтиб кетяпман»,— деганда нимани назарда тутган? Довуд шеърият услубида яқинлашаётган ўлими ҳақида айтар эди (Забур 101:12).
109:1, 2 — Довуднинг «Раббиси [ҳазрати, ЯДТ]» Исо алайҳиссалом Худованднинг ўнг томонимда ўтирган пайтида нима билан машғул эди? Тирилганидан сўнг Исо Масиҳ осмонга кўтарилиб, 1914-йилга довур Худонинг ўнг томонида ўтирган эди. У йили Худо уни Шоҳ қилиб тайинлади. Бу пайт келмасидан олдин, Исо мойланган издошларига ваъзгўйликда ва шогирд орттириш фаолиятда ёрдам бериб, келажакда у билан биргаликда ҳокимлик қилишлари учун уларни тайёрлар эди (Матто 24:14; 28:18–20; Луқо 22:28–30).
109:4 — Яҳова нимани «онт ичган ва сўзидан қайтмас»? Онт Яҳова Таолонинг Исо Масиҳ билан тузилган аҳдни назарда тутади. Унга биноан Исо Шоҳ ва Олий руҳоний қилиб тайинланиши керак эди (Луқо 22:29).
112:3 — Қандай қилиб Яҳованинг исмига «кун чиқардан то кун ботарга қадар» мақтовлар бўлиши керак экан? Бу ерда қандайдир кичик гуруҳнинг ҳар куни Худога топинаётгани назарда тутилмайди. Қуёш шарқда чиққанидан то ғарбда ботганига қадар, унинг нури бутун ер юзини ёритади. Шунга ўхшаб Яҳованинг исмига бутун ер бўйлаб мақтовлар айтилмоқда. Ташкилий тадбирларсиз бунинг имкони бўлмас эди. Яҳованинг Шоҳидлари эканмиз, Унга мақтовлар айтиш ва Хушхабарни ғайратли ваъз этиш биз учун шарафдир.
115:6 — Қай маънода «Ўз азизларининг ўлими Худованд назарида бебаҳодир»? Яҳова Таоло учун Унинг топинувчилари шунчалик азизки, уларнинг гуруҳ каби ўлими чиндан ҳам бебаҳодир. Агар Яҳова бунга йўл қўйганида эди, У душманларидан ҳам заиф эканини англатар эди. Бундан ташқари келажак янги дунёга асос соладиган ҳеч кимса қолмас эди-ку!
118:71 — Жафо тортишдан қандай фойда бор? Оғир вақтлар Яҳовага кўпроқ умид қилишга, янада сидқидилдан ибодат қилишга, Муқаддас Китобни астойдил ўрганишга ва унинг маслаҳатларини ҳаётда қўллашга ўргатиши мумкин. Боз устига қийинчиликларга бўлган нуқтаи назаримиз камчиликларимизни кўрсатиб, уларни енгишга ёрдам беради. Агар, жафо орқали яхшироқ бўла оламан деб ўйласак, бағритош бўлиб қолмаймиз.
118:96 — «Камолотнинг ҳадди» нимани англатади? Сано куйчиси камолот тўғрисида инсоний нуқтаи назаридан гапирган эди. Эҳтимол у, одамнинг камолот ҳақида тасаввури чегараланганини билар эди. Аммо Худонинг амри ҳадсиз-поёнсиздир. Зеро унинг таъсири ҳаётимизнинг турли соҳаларига тегишли.
118:164 — Худога «ҳар куни етти марта» сано айтиш нимани билдиради? Етти рақами кўпинча тўлаликни билдиради. Шунинг учун сано куйчиси, Яҳова Таоло тўла равишда шон-шуҳратни эгаллашга лойиқ эканлигини айтган.
Хулосалар:
106:27–31. Ҳор-Магидўн юз берган пайтда дунё донишмандларининг ‘ақли-ҳуши бошидан учади’ (Ваҳий 16:14, 16). Ҳеч бир донишманд сақланиб қолмайди. Фақат Худованд Яҳовага умид боғлаганларгина нажот топиб, Унинг иноятига шукр деб яшайдилар.
108:30, 31; 109:5. Жангчининг қалқони чап қўлида бўлгани учун, унинг ўнг томони унча ҳимояланмаган эди. Мажозий маънода ҳам Яҳова Ўз хизматчиларини қутқариб қолай деб, уларнинг «ўнг томонида туради». Хуллас, Худонинг ҳимояси ва ёрдами учун, Яҳовага ‘ҳамду санолар ўқиймиз’!
112:4–9. Худованд Яҳова шунчалик олийдирки, ҳатто «кўкдагиларни кўрай дея, тубанликка энгашиб нигоҳ ташлар». Бироқ бечораҳол, фақир ва туғмас аёлга У меҳр-шафқат кўрсатар. Ҳа, Яҳова Таоло камтарин ва Унга топинувчилар ҳам худди шундай фазилатга эга бўлишларини хоҳлайди (Ёқуб 4:6).
113:3–7. Яҳова Ўзининг халқи учун Қизил денгиз, Иордан оқими ва Синай тоғида қилган ажойиб ишлари биз учун сабоқдир. «Ер юзи» билан тасвирланган инсоният, Худонинг олдида ‘титрлашлари’ даркор.
118:97–101. Худонинг Каломи бизни янада доно, ақлли ва ҳикматли қилиб, маънавий зиёнлардан ҳимоялайди.
118:105. Худонинг Каломи қадамларимиз учун чироқ бўлиб, ҳар кунги ташвишларимизни енгиб олишимизга ёрдам беради. Келажак ҳақидаги Худонинг ниятини олдиндан тасвирлаб эса, у йўлимизга нур сочиб тургандай бўлади.
МАШАҚҚАТЛАРГА ҚАРАМАЙ БАХТИЁРДИРЛАР
Азоб ва машаққатларга қандай қилиб бардош беришимиз мумкин? Забурнинг 119–133-санолари бу саволга аниқ жавоб бермоқда. Яҳованинг ёрдамини ибодатда сўраб, машаққатларга бардош берамиз ва қувончимизни сақлаб қоламиз. Зиёрат қўшиғи деб номланган ушбу саноларни исроилликлар эҳтимол Қуддусга ҳар йилги байрамларга боришганларида куйлашар эди.
Забурнинг 134 ва 135-санолари, Худованд Яҳова Ўз иродасига маъқул бўлган барча ниятларини бажариши билан бефойда санамлардан фарқ қилишини аниқ тасвирлайди. 135-сано шундай басталанганки, ҳар бир оятнинг иккинчи қисми биринчи қисмига жавобан куйланар эди. Кейинги сано эса, Яҳовага Сионда топинишни истаган Бобилдаги яҳудийларнинг дард-аламларини изҳор этади. Забурнинг 137–144-саноларини ҳазрати Довуд басталаган. У ‘чин кўнгилдан Яҳовага шукр қилишни’ хоҳлар эди. Нима учун дейсизми? Чунки у: «Мен ҳайбатли суратда яралганман»,— дея куйларди (Забур 137:1; 138:14). Забурнинг 139–143-саноларида Довуд, Худо уни ёвуз инсонлардан ҳимоялашини, адолатли ҳукм қилишини, қувғин қиладиганлардан халос этишини ҳамда йўл-йўриқ беришини илтижо қилади. Шунингдек Яҳованинг халқи нақадар бахтли эканини таъкидлайди! (Забур 143:15). Худонинг буюклиги ва илтифотини куйлаб Довуд: «Худованднинг мадҳи тилимдан тушмас, бутун одамзод ҳамду сано айтсин Унинг муқаддас исмига, то абад!»— деб хитоб қилмоқда (Забур 144:21).
Саволларга жавоблар:
121:3 — Қай маънода Қуддус «бир-бирига туташ» шаҳар бўлган? Қадим замонларда худди бошқа шаҳарлардек, Қуддусда уйларни бир-бирига туташ қилиб қурар эдилар. Шунда, шаҳар кичик бўлгани сабабли уни ҳимоялаш осон эди. Бундан ташқари уйлар бундай қурилгани учун, шаҳар аҳли ёрдам ва ҳимояда муҳтож бўлганларида бир-бирига таянишлари мумкин эди. Бу эса, Исроилнинг 12 қабиласи Яҳовага топиниш учун бирга йиғилишганида, уларнинг маънавий якдиллигига ишора қилади.
122:2 — Нима учун бу оятда қулларнинг кўзлари тўғрисида айтилмоқда? Қуллару канизларнинг кўзлари хўжайини ёки бекаси қўлига икки сабабдан тикилган эди. Биринчидан хўжайини ёки бекасининг хоҳишини билиш учун, иккинчидан эса, ҳимоя ҳамда ҳаётга керакли барча нарсани олиш учундир. Бунга ўхшаб биз ҳам Яҳованинг иродасини билиб, меҳрибонлигига сазовор бўлишимиз учун Унга тикиламиз.
130:1–3 — Довуд қайси маънода ‘онаси қучоғида ётган чақалоқ каби тинч ва осуда’ эди? «Онаси қучоғида ётган эмизиксиз гўдак» тинчланишни ўргангани каби, Довуд ҳам ўзини тинчлантирар эди. Қандай қилиб? У, дили мағрурланишига, кўзлари такаббурона боқишига ва ета олмайдиган ишларга интилишига йўл қўймас эди. Шунингдек Довуд шуҳрат пайидан бўлмай, ўзининг чекланган қобилиятларини тушуниб камтарин эди. Биз ҳам шундай йўл тутсак донолик кўрсатамиз, айниқса жамоатда масъулиятли вазифаларни бажаришга интилсак.
Хулосалар:
119:1, 2, 6, 7. Туҳмат ва маккор гаплар қайғу келтириши мумкин. Тилимизни тийиш эса, тинчлик тарафдори эканимизни кўрсатишнинг бир усулидир.
119:3, 4. Агар «маккор тил» соҳиби бўлган инсонни чидашга тўғри келса, Яҳова ҳаммасини ўз вақтида жой-жойга қўйишига умидимизни боғлашимиз лозим. Чунки Тангримиз Яҳова туҳматчиларнинг адабини бериб, устиларига ‘қизғин юлғун чўғини насиб’ этиши муқаррар.
126:1, 2. Барча ишларимизда Яҳованинг раҳбарлигини излашимиз муҳим.
132:1–3. Яҳованинг хизматчилари иноқ бўлиб яшаши хотиржамлик ва ҳузурбахш ато этади. Бироқ биз айбситиш, жанжал ҳамда норозилик билан иноқлигимизга путур етказишдан эҳтиёт бўлишимиз зарур.
136:1, 5, 6. Яҳованинг халқи асирликда бўлган онда, Сионга, яъни Худонинг у вақтдаги ер юзида бўлмиш ташкилотига содиқ қолган эдилар. Биз тўғримизда эса нима дейиш мумкин? Бугунги кунда Яҳова Таоло фойдаланаётган ташкилотига садоқатимиз мустаҳкамми?
137:2. Худованд Яҳова ‘номидан ҳам улуғ ваъда берган’, зеро Унинг ваъдалари биз кутаётганимиздан ҳам ортиқ даражада рўёбга чиқади. Чиндан ҳам бизни ажойиб келажак кутмоқда.
138:1–6, 15, 16. Яҳова йўлларимизни, фикрларимизни ва айтмоқчи бўлган гапларимизни олдиндан билади. Онанинг бачадонида ҳаёт вужудга келганидан бери ва ҳомиланинг қисмлари ҳали фарқ қилишидан олдин Худо бизни билади. Худонинг ҳар биримиз ҳақида билимлари ақл бовар қилмайдиган даражада «ғоят ажибдир». Яҳова нафақат қийинчиликларимизни, балки улар бизни қай ҳолга солишини ҳам тушуниши қанчалар тасаллидир!
138:7–12. Қаерда бўлмасак ҳам Яҳова Таоло бизни етаклаб, қўллаб-қувватлайди.
138:17, 18. Худованд Яҳова тўғрисида олган билимлар бизни завқлантирадими? (Ҳикматлар 2:10). Агар шундай бўлса, битмас-туганмас қувонч манбаига эга бўлдик. Яҳованинг муддаолари «қум зарраларидан кўпроқ»дир. Худо ҳақида билимларимизни доимо оширишимиз мумкин.
138:23, 24. Тангримиз Яҳова юрагимиз билан хаёлларимизни синашини ва «йўлимизда бирон хафалик», яъни нотўғри фикру истаклар бормикан деб кўришини ва улардан халос бўлишимизга ёрдам беришини исташимиз керак.
142:4–7. Қандай қилиб ҳатто оғир вақтларда ҳам дадил бўлишимиз мумкин? Сано куйчиси бунга жавобан: Яҳованинг ишлари ҳақида фикр юритинг, Унинг ижоди ҳақида ўйлаб юринг ва ибодатда ёрдамини сўранг, деб маслаҳат бермоқда.
«Ҳамдлар бўлсин!»
Забур китобнинг ҳар бир аввалги тўрт қисми Яҳова Таолога шон-шараф билдириб якунланмоқда (Забур 40:14; 71:19, 20; 88:53; 105:48). Бешинчи қисми ҳам худди шундай тугайди. Забур 150:6-оятида: «Бутун жонзод Худовандни мадҳ қилсин! Ҳамдлар бўлсин!» — деган хитобни ўқиймиз. Бу эса янги дунёда рўёбга чиқади.
Худонинг баракаларини кутяпмиз экан, Уни мадҳ қилиб, исмига шарафлар айтиш учун барча асосларимиз бор. Дарҳақиқат Яҳовани билганимиз ва У билан яқин муносабатда бўлганимиз туфайли нақадар бахтиёрмиз! Наҳотки бу ҳақда ўйлаб Худовандга миннатдорлик ила сидқидилдан шон-шарафлар келтирмасак?
[15- саҳифадаги расм]
Яҳова Таолонинг ажойиб ишлари эҳтиром ҳиссини уйғотмоқда
[16- саҳифадаги расм]
Худованд Яҳованинг муддаолари «қум зарраларидан кўпроқ»дир