Яҳова «сирларни ошкор қилувчи» Худодир
Чиндан ҳам сенинг Худойинг сирларни ошкор қилувчи энг буюк Худодир. ДОН. 2:47
МАРҲАМАТ, ЖАВОБ БЕРИНГ
Келажакка тегишли қандай тафсилотларни Яҳова бизга ошкор қилди?
Йиртқич ҳайвоннинг олтита боши қайси империяларни ифодалайди?
Навухадназарнинг тушидаги ҳайкал билан йиртқич ҳайвон ўртасида қандай боғлиқлик борлигини кўрдик?
1, 2. Яҳова нимани бизга ошкор қилган ва нега?
ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ инсоний бошқарувга чек қўйганида ер юзида қайси давлатлар ҳукмронлик қилади? Жавоби бизга маълум, чунки «сирларни ошкор қилувчи» Тангри Яҳова, Дониёр пайғамбарнинг ҳамда ҳаворий Юҳаннонинг китоблари орқали буни бизга очиб берган.
2 Яҳова бу кишиларга бир-бирининг ўрнини эгаллайдиган ҳайвонлар ҳақидаги бир нечта ваҳийни кўрсатган. Шунингдек, У Дониёр пайғамбарга баҳайбат металл ҳайкал тўғрисидаги башоратли тушнинг маъносини айтиб берган. Ушбу воқеалар бизнинг фойдамиз учун Муқаддас Китобда ёзилишига ва асраб қолинишига Аллоҳимиз Яҳова ғамхўрлик қилган (Рим. 15:4). Яқинда Худонинг Шоҳлиги барча инсоний ҳукуматларни яксон қилишига умидвормиз. Яҳова эса мана шу умидимизни мустаҳкамламоқчи (Дон. 2:44).
3. Башоратларни тўғри тушуниш учун аввало нимани англашимиз керак ва нега?
3 Дониёр пайғамбарнинг ҳамда Юҳаннонинг башоратлари нафақат саккизта шоҳ, яъни инсоний ҳукуматлар ҳақида, балки улар қанақа кетма-кетликда пайдо бўлишини ҳам кўрсатиб беради. Аммо ушбу башоратларни тўғри тушуниш учун, аввало Муқаддас Китобдаги илк башоратнинг маъносини англашимиз даркор. Зеро бутун Муқаддас Китоб ва ундаги барча кароматлар илк башорат билан узвий боғлиқдир.
ИЛОННИНГ ЗОТИ ВА ЙИРТҚИЧ ҲАЙВОН
4. Хотиннинг зотини кимлар ташкил этади ва бу зурриёт қандай ишларни амалга оширади?
4 Адан боғидаги исёндан кўп ўтмай, Аллоҳ Яҳова «хотин»дан «зот» келиб чиқишини ваъда қилган эдиa (Ибтидо 3:15 ни ўқинг). Ушбу зот Шайтон бўлмиш илоннинг бошини эзиб ташлайди. Кейинчалик, Яҳова бу зот Иброҳим наслидан, Исроил халқидан, Яҳудо қабиласидан ва шоҳ Довуднинг наслидан келиб чиқишини ошкор қилди (Ибт. 22:15–18; 49:10; Заб. 88:4, 5; Луқо 1:30–33). Ушбу зот ёки зурриётнинг асосий қисми Исо Масиҳ бўлиб чиқди (Галат. 3:16). Зурриётнинг иккинчи даражали қисмига эса, масиҳийлар жамоатининг муқаддас руҳ билан мойланган аъзолари киради (Галат. 3:26–29). Исо ва ушбу мойланганлар бирлашиб, Худонинг Шоҳлигини ташкил этишади ва Яҳова Шайтонни йўқ қилишда бу Шоҳликдан фойдаланади (Луқо 12:32; Рим. 16:20).
5, 6. а) Дониёр билан Юҳаннонинг башоратида нечта империя тилга олинган? б) Ваҳий китобидаги йиртқич ҳайвоннинг бошлари нимани англатади?
5 Адан боғида айтилган ўша биринчи башоратда, шунингдек Шайтондан «зот» келиб чиқиши ҳақида эслатиб ўтилган эди. Шайтоннинг зоти хотиннинг зотига нисбатан қаршилик кўрсатиб келади. Хўш, илоннинг зотини ким ташкил этади? Шайтонга тақлид қилиб Худодан нафратланаётган ҳамда Унинг халқига қаршилик кўрсатаётган барча инсонлар киради. Тарих давомида Шайтон ўзининг зотини турли сиёсий бошқарув тизимлари ёки шоҳликлар кўринишида ташкил этиб келган (Луқо 4:5, 6). Аммо саноқли давлатларгина Худонинг халқига, хоҳ Исроил халқи бўлсин, хоҳ мойланган масиҳийлар жамоати бўлсин, тўғридан-тўғри таъсир қилган. Нима учун бу тафсилотга эътиборли бўлиш муҳим? Чунки буни билиш орқали, дунёдаги қудратли империялар орасидан нега Дониёр ҳамда Юҳаннонинг ваҳийсида фақатгина саккизтаси тасвирлаб берилганини тушуниш мумкин.
6 Мил. авв. I асрнинг охирида тирилган Ҳазрати Исо, ҳаворий Юҳаннога бир-бири билан боғлиқ бўлган қўрқинчли ваҳийлар беради (Ваҳ. 1:1). Мана шундай ваҳийлардан бирида Юҳанно денгиз қуми устида турган бир аждаҳони кўради. Бу аждаҳо Иблисни англатарди (Ваҳий 12:17–13:2 ни ўқинг). Ҳаворий шунингдек, ушбу денгиздан чиқиб келаётган ғалати бир ҳайвонни кўради. У етти бошли бўлиб, Иблисдан буюк ҳокимият олганди. Кейин эса, Юҳанно етти бошли тўқ қизил ҳайвонни ҳам кўради. У, Ваҳий 13:1 даги йиртқич ҳайвоннинг тасвири эди. Фаришта эса, тўқ қизил ҳайвондаги еттита бош, «еттита подшоҳни» ёки ҳукуматларни англатишини Юҳаннога айтади (Ваҳ. 13:14, 15; 17:3, 9, 10). Юҳанно Ваҳийни ёзаётган пайтда, подшоҳларнинг бештаси қулаган, биттаси бошқараётган яна биттаси эса ҳали келмаган эди. Ўша шоҳликлар ёки империялар қайси давлатларни англатади? Келинг, Ваҳий китобининг 13- бобидаги ҳайвоннинг ҳар бир бошини бирма-бир кўриб чиқамиз. Шунингдек, Дониёр китобидан ушбу ҳокимиятлар борасида кўпроқ нарсани билиб олишимиз мумкин. Сабаби, Дониёр китобида бу ҳокимиятлар пайдо бўлишидан юзлаб йиллар олдин улар ҳақидаги тафсилотлар башорат қилинган эди.
БИРИНЧИ ИККИТА БОШ — МИСР ВА ОССУРИЯ
7. Биринчи бош нимани ифодалайди ва нега?
7 Ҳайвоннинг биринчи боши, Мисрни англатади. Нега дейсизми? Чунки айнан Миср биринчи бўлиб Худонинг халқига катта куч билан қаршилик қилган. Худо Иброҳимга хотиннинг зоти унинг наслидан келиб чиқишини ваъда қилган эди. Исроилликлар Иброҳимнинг авлодлари бўлишди. Улар яшаш учун Мисрга кўчиб ўтишди ва ўша ерда кўпайиб кетишди. Миср эса исроилликларга жабр-зулм ўтказарди. Шайтон зот келишидан аввал Худонинг халқини йўқ қилмоқчи эди. Қандай қилиб? У фиръавнни барча исроиллик ўғил болаларни ўлдиришга ундаган. Яҳова эса Ўз халқини Миср қуллигидан озод этиб, Шайтоннинг бу уринишини пучга чиқарган (Чиқ. 1:15–20; 14:13). Сўнг, исроилликларни ваъда қилинган юртга олиб кирган.
8. Иккинчи бош нимани англатади ва у нима қилишга уринган?
8 Ҳайвоннинг иккинчи боши Оссурияни англатади. Ушбу қудратли шоҳлик ҳам Худонинг халқини қириб ташлашга уринган. Тўғри, ўн қабилали шоҳлик бутпарастлик қилгани ва исён кўтаргани учун, Яҳова жазолаш мақсадида Оссуриядан фойдаланганди. Бироқ, Оссурия Қуддусга ҳам ҳужум қилган эди. Ҳойнаҳой Шайтоннинг, Исо келиб чиқиши керак бўлган шоҳлар сулоласини йўқ қилиш мақсади бўлган. Бундай ҳужум Яҳованинг ниятига кирмаган эди. Шунинг учун ҳам, У Ўзининг садоқатли хизматчиларини мўъжизавий тарзда халос этиб, ғанимларни қириб ташлаган (4 Шоҳ. 19:32–35; Ишаё 10:5, 6, 12–15).
УЧИНЧИ БОШ — БОБИЛ
9, 10. а) Бобилликлар нима қилишига Яҳова йўл қўйди? б) Башорат амалга ошишидан олдин қандай воқеалар юз бериши керак эди?
9 Юҳанно ваҳийда кўрган ҳайвоннинг учинчи боши, пойтахти Бобил бўлган шоҳликни билдиради. Яҳова бобилликларга Қуддусни вайрон қилиб, аҳолисини асирликка олиб кетишга йўл қўйди. Бу воқеалар юз беришидан олдин, Яҳова исёнкор исроилликларни бошига шундай фожиа тушиши ҳақида огоҳлантирган эди (4 Шоҳ. 20:16–18). Шунингдек, Қуддусда «Эгамизнинг тахтига» ўтирган инсоний шоҳлар сулоласига барҳам берилишини ҳам, У аввалдан башорат қилганди (1 Сол. 29:23). Бироқ Яҳова, Ўзи тайинлаган ва шоҳ Довуднинг авлодидан бўлган ҳуқуқи бор киши қайтадан ҳукмронлик қилишини каромат қилган эди (Ишаё 11:1).
10 Бошқа башоратда айтилишича, яҳудийлар Қуддусдаги маъбадда топиниб юришганида ваъда қилинган Масиҳ, яъни мойланган киши келади (Дон. 9:24–27). Исроилликлар Бобил асирлигига олиб кетилишидан олдин, Масиҳ Байтлаҳмда туғилиши ҳақида яна бир башорат айтилган эди (Михо 5:2). Бу башоратлар амалга ошиши учун, яҳудийлар Бобилдан она юртларига қайтиб, маъбадни қайта тиклашлари даркор эди. Аммо бобилликлар асирларни озод қилишмасди. Унда Худонинг халқи ўз юртига қандай қайтар экан? Бу саволнинг жавобини Яҳова Ўз пайғамбарларига ошкор қилган (Амос 3:7).
11. Дониёр пайғамбар ва Юҳаннонинг башоратларидаги қайси рамзлар Бобил империясини англатади? (Изоҳга қ.)
11 Дониёр пайғамбар Бобилга асирликка олиб кетилганлар қаторида бўлган (Дон. 1:1–6). Тангри Яҳова Дониёр пайғамбарга Бобилдан кейин бир-бирининг ўрнига келадиган империяларни маълум қилди. Яҳова турли рамзлар орқали ушбу сирни ошкор этди. Мисол учун, шоҳ Навухадназарнинг тушида ҳар хил металлдан тайёрланган улкан ҳайкални кўрсатди (Дониёр 2:1, 19, 31–38 ни ўқинг). Сўнг, Дониёр пайғамбар орқали ҳайкалнинг олтин боши Бобил империясининг рамзи эканини аён қилдиb. Бобилнинг ўрнига келадиган империя ҳайкалнинг кўкрак ва қўллари кумушдан ясалган қисми сифатида тасвирланган. Бу, қайси империя бўлар экан ва Худонинг халқи билан у қандай муомалада бўлади?
ТЎРТИНЧИ БОШ — МИДИЯ ВА ФОРС
12, 13. а) Бобилнинг забт этилиши ҳақида Яҳова қандай тафсилотларни очиб берди? б) Нега Мидия ва Форс империясини йиртқич ҳайвоннинг тўртинчи боши дейиш ўринли?
12 Дониёр яшаган даврдан бир асрдан кўпроқ вақт олдин, Худованд Яҳова Ишаё пайғамбарга Бобилни забт этадиган империя ҳақидаги тафсилотларни очиб берди. Яҳова, Бобил шаҳри қандай босиб олинишидан ташқари, забт этувчи шахснинг номини ҳам ошкор этди. Бу, Форс шоҳи — Кир (Куруш) эди (Ишаё 44:28–45:2). Дониёр, Мидия ва Форс империясига тегишли яна иккита ваҳий кўрди. Уларнинг бирида шоҳлик ҳамла қилишга шайланган айиққа ўхшатилган. Унга: «Тўйгунингча гўшт е!» — дейилган (Дон. 7:5). Бошқа ваҳийда Дониёр бирлашган империянинг рамзи бўлган икки шохли қўчқорни кўрган (Дон. 8:3, 20).
13 Бобил ҳукмронлигига барҳам бериш учун Яҳова Мидия ва Форс империясидан фойдаланди ва Исроил халқини ўз юртига қайтарди (2 Сол. 36:22, 23). Бироқ, шу империя кейинчалик Худонинг халқини йўқ қилишига сал қолган эди. Муқаддас Ёзувлар таркибига кирган Эстер китобида, Форс бош вазири Хомоннинг фитнаси ҳақида ёзилган. Хомон улкан Форс империясида яшовчи барча яҳудийларни қириб ташлашни режалаштириб, ҳатто кунини ҳам белгилаган. Яҳова бу сафар ҳам аралашиб, Ўз халқини Шайтон зоти намоён этган қаршиликдан ҳимоя қилган (Эст. 1:1–3; 3:8, 9; 8:3, 9–14). Айнан шу сабабдан, Мидия ва Форс империясини Ваҳий китобида тасвирланган ҳайвоннинг тўртинчи боши дейиш ўринли.
БЕШИНЧИ БОШ — ЮНОНИСТОН
14, 15. Юнонистон империясига тегишли қандай тафсилотларни Яҳова ошкор қилди?
14 Ваҳий китобида тасвирланган йиртқич ҳайвоннинг бешинчи боши Юнонистонни ифодалайди. Дониёр пайғамбар Навухадназарнинг тушини таъбирлаб берганда, ушбу империя ҳайкалнинг бронзадан бўлган бели ва сонлари сифатида тасвирланган. Шунингдек Дониёр, бу империяга тегишли яна иккита ваҳий кўрди. Ваҳийда Юнонистон ҳамда унинг жуда машҳур ҳукмдори ҳақида тафсилотлар берилган эди.
15 Дониёр кўрган ваҳийларнинг бирида Юнонистон тўрт қанотли қоплонга ўхшатилган. Қоплон қисқа вақт ичида халқларни босиб олади (Дон. 7:6). Бошқа ваҳийда Дониёр улкан бир шохли такани кўради. Така икки шохли қўчқорни — Мидия ва Форс шоҳлигини — бирпасда ўлдиради. Яҳова Таоло Дониёрга, така Юнонистоннинг, улкан шохи эса подшоҳларидан бирининг рамзи эканини маълум қилади. Дониёрнинг ёзишича, улкан шох синади ва унинг ўрнига тўртта шох чиқади. Гарчи ушбу башорат Юнонистон империяга айланишидан тахминан икки аср олдин ёзилган бўлса ҳам, ҳаммаси икир-чикирларигача амалга ошди. Юнонистоннинг энг машҳур шоҳи Искандар Мақдуний, Мидия ва Форс шоҳлигига қарши курашди. Лекин кўп вақт ўтмай бу шох синди, яъни буюк шоҳ Искандар шуҳрат чўққисига етганида 32 ёшида оламдан ўтди. Сўнг, унинг шоҳлигини тўртта саркардаси ўзаро бўлиб олишди (Дониёр 8:20–22 ни ўқинг).
16. Антиох IV нима қилди?
16 Форс империяси мағлубиятга учрагач, Юнонистон Худонинг халқи устидан бошқара бошлади. Бу пайтга келиб, яҳудийлар ваъда қилинган юртда яшаётган эдилар, Қуддусдаги маъбад ҳам қайта тикланган эди. Улар Аллоҳ танлаган халқ бўлиб, тикланган маъбад эса ҳақ топиниш маркази эди. Аммо мил. авв. II асрда, йиртқич ҳайвоннинг бешинчи боши бўлмиш Юнонистон, Тангрининг халқига ҳужум қилди. Искандарнинг бўлинган империяси меросхўрларидан бири Антиох IV, Қуддусдаги маъбадда бутпарастларнинг қурбонгоҳини қурди ва яҳудий динига эътиқод қиладиганларни ўлим жазосига маҳкум этишини айтди. Бу сафар ҳам Шайтоннинг зоти Худонинг халқига қарши курашди. Тез орада Юнонистон империя бўлмай қолди. Йиртқич ҳайвоннинг олтинчи боши қайси империя бўлар экан?
ОЛТИНЧИ БОШ — ҚЎРҚИНЧЛИ ВА ДАҲШАТЛИ РИМ
17. Ибтидо 3:15 даги башорат амалга ошишида, олтинчи бош қандай ўринни эгаллади?
17 Юҳанно йиртқич ҳайвон ҳақида ваҳий кўрганида, Рим империяга айланган эди (Ваҳ. 17:10). Ушбу олтинчи бош Ибтидо 3:15 даги башорат амалга ошишида муҳим ўринни эгаллаган. Шайтон Римнинг мансабдор шахсларидан фойдаланиб, зотнинг товонини чақиб олган ва унга вақтинчалик зарар етказган. Яъни улар Исони Рим ҳукуматига қарши ғалаён кўтаришда айблаб, ҳукм қилишган ва қатл этишган (Мат. 27:26). Аммо яраланган товон тезда тузалиб қолган, яъни Яҳова Исони тирилтирган.
18. а) Яҳова янги халқ сифатида кимни танлаган ва нега? б) Қандай қилиб илоннинг зоти аёлнинг зотига душманлик қилишда давом этган?
18 Исроилнинг диний раҳбарлари Рим ҳукумати билан тил бириктириб, Исога қарши чиқишган. Шунингдек, халқ ичидан кўплар Исони Масиҳ деб тан олмаган. Шунда Яҳова ҳам Исроил халқидан юз ўгирган (Мат. 23:38; Ҳавор. 2:22, 23). У янги бир халқни, «Худонинг Исроили»ни танлаган (Галат. 3:26–29; 6:16). Бу халқ мойланган масиҳийлар жамоати бўлиб, унга яҳудийлар ва ўзга халқлардан бўлган кишилар киради (Эфес. 2:11–18). Исо ўлиб тирилганидан кейин ҳам, илоннинг зоти аёлнинг зотига душманлик қилишда давом этган. Рим ҳукумати бир неча марта мойланган масиҳийлар жамоатини, яъни зотнинг иккинчи даражали қисмини йўқ қилишга уринганc.
19. а) Олтинчи империяни Дониёр қандай тасвирлаган? б) Кейинги мақолада қайси саволларга жавоб оламиз?
19 Навухадназарнинг тушини таъбирлаб берганида, Дониёр пайғамбар Римни ҳайкалнинг болдирлари темирдан бўлган қисми деб тасвирлаган (Дон. 2:33). Шунингдек Дониёр яна бир ваҳий кўрган. У ваҳийда нафақат Рим империясини, балки ундан ўсиб чиқадиган кейинги империяни ҳам тасвирлаган (Дониёр 7:7, 8 ни ўқинг). Асрлар давомида Рим душманларининг кўзига «қўрқинчли, даҳшатли ва бениҳоя кучли» махлуқдай кўринган. Аммо башоратда айтилишича, ушбу империядан «ўнта шох» ўсиб чиқади. Уларнинг орасидан эса бошқа бир шохча ўсиб чиқади ва у катта мавқега эга бўлади. Ўнта шох ва шохча нимани ифодалайди? Бу шохча Навухадназар тушида кўрган баҳайбат ҳайкалнинг қайси қисмига тўғри келади? Бу саволларнинг жавобини 14- саҳифадаги мақоладан билиб оламиз.
[Изоҳлар]
a Мазкур хотин руҳий мавжудотлардан иборат бўлган Яҳованинг самовий ташкилотини ифодалайди (Ишаё 54:1; Галат. 4:26; Ваҳ. 12:1, 2).
b Дониёр китобида Бобил ҳайкалнинг боши, Ваҳий китобида эса йиртқич ҳайвоннинг учинчи боши сифатида тасвирланган. 12- ва 13- саҳ. жадвалга қ.
c Гарчи милодий 70- йилда Рим Қуддусни вайрон қилган бўлса-да, бу тажовузкорлик, Ибтидо 3:15 даги башоратнинг қайсидир қисми амалга ошганини англатмайди.