Яҳованинг Каломи жонли
Нохум, Хабаққуқ ва Зафаниё китобларининг диққатга сазовор оятлари
ОССУРИЯ давлати ўн қабилали Исроил шоҳлигининг пойтахти бўлмиш Самарияни аллақачон вайрон қилган эди. Энди Оссурия Яҳудога хавф солмоқда. Яҳудиялик пайғамбар Нохум, Оссуриянинг пойтахти бўлмиш Найнавога нисбатан бир хабар етказиши керак. Ушбу хабар мил. авв. 632- йилдан олдин ёзилган бўлиб, Нохум китобидан жой олган.
Оссурия давлатидан кейин Бобил империяси равнақ топди. Хабаққуқ китоби тахминан мил. авв. 628- йилда ёзиб тугатилган бўлиб, унда қандай қилиб Тангри Яҳова ушбу империядан фойдаланиб, Ўз ҳукмини амалга ошириши ҳамда Бобилнинг бутунлайин йўқ қилиниши ҳақида башорат қилинган.
Яҳудиялик Зафаниё Нохум билан Хабаққуқдан аввал пайғамбар бўлиб хизмат қилган. Қуддус мил. авв. 607- йилда вайрон этилишидан қарийб 40 йил олдин, Зафаниё бу шаҳарнинг харобага айланиши тўғрисида башорат қилган эди. Бироқ шу билан биргаликда, у Яҳудо халқига умид бахш этган хабарни ҳам етказди. Шунингдек, Зафаниё китобида бошқа халқларга нисбатан ҳукмлар мавжуд.
ХУНРЕЗЛИКДА АЙБДОР ШАҲАР
Сабр-тоқатли ва қудратли Худованд Яҳованинг Найнаво шаҳрига қарши хабари бор. Гарчи Яҳова оғир кунларда Уни излаганлар учун мустаҳкам қалъа каби бўлса-да, Найнаво барбод қилинади (Нохум 1:1, 3, 7).
Яҳова Таоло Ёқубнинг улуғворлигини қайтаришни ваъда бермоқда. Шер ўз ўлжасини тилка-пора қилгани каби, Оссурия ҳам Худонинг халқига шафқатсиз муносабатда бўлган эди. Яҳова Найнавонинг жанг аробаларини ёқиб кулга айлантириб, ёлли шерлари, яъни аскарларини қиличдан ўтказади (Нохум 2:2, 12, 13). Хунрезликда айбдор шаҳар Найнавонинг ҳолига вой! Унинг йўқ бўлгани ҳақидаги хабарни эшитганлар, хурсанд бўлишганидан чапак чаладилар (Нохум 3:1, 19).
Саволларга жавоблар:
1:9 — Найнавонинг батамом қириб ташланиши, Яҳудо учун қандай маънони англатади? Бу, Яҳудо Оссурия сиқувидан тўлиқ қутулишини англатарди, зеро бундай кулфат бошқа қайтарилмайди. Найнаво аллақачон йўқ бўлиб кетгандек тасвирлаб Нохум пайғамбар, гўё тоғлар оша бир киши тинчлик хушхабарини олиб келаётганини ва Яҳудо халқи учун байрамларини нишонлайдиган вақти келганини ёзмоқда (Нохум 1:15).
2:6 — Қайси маънода дарёлар дарвозаси очилганди? Бу дарвозалар очилиши билан, Дажла дарёси Найнаво деворларининг бир қисмини қулатишига ишора қилмоқда. Мил. авв. 632- йилда Бобил ва Мидия қўшинлари бирлашиб, Найнавога қарши чиқишганида, шаҳар аҳолиси ўзларини бехатар ҳис этарди. Баланд деворлар, улар учун енгиб бўлмайдигандек туюларди. Бироқ, кучли ёмғир ёққани натижасида Дажла дарёси қирғоғидан тошиб кетди. Тарихчи Диодор Сицилиялик бу ҳақда: «Шаҳарнинг бир қисмини сув босиб, девори қулаб тушган эди»,— деб ёзган. Шу йўсин дарё дарвозалари очилиб, башоратга биноан, анғиз тезда куйиб битганидай Найнаво шаҳри ҳам зудлик билан босиб олинди (Нохум 1:8–10).
3:4 — Нима учун Найнаво фоҳиша каби эди? Найнаво бошқа халқларга дўстлик ва ёрдам беришни ваъда қилиб, лекин аслида улар устидан зулм ўтказарди. Мисол учун, Оссурия Яҳудо шоҳи Охозга Орам ва Исроил шоҳларининг уюштирган фитнасини барбод қилишга ёрдам берган эди. Аммо Оссурия шоҳи охир-оқибат шоҳ Охозга қарши чиқди (2 Солномалар 28:20).
Хулосалар:
1:2–6. Яҳова Унга садоқатли бўлишни истамаган душманларининг сазосини беради. Бундан кўриниб турганидай, Худо Ўз хизматчиларидан танҳо Унга садоқатли бўлишларини хоҳлайди (Чиқиш 20:5).
1:10. Найнавонинг баҳайбат деворларию юзлаб миноралари, бу шаҳарга қарши чиқарилган Яҳованинг ҳукмлари амалга ошишига тўсқинлик қила олмади. Бугунги кунда ҳам Яҳова халқининг душманлари, Худонинг ҳукмларидан қочиб қутула олмайдилар (Ҳикматлар 2:22; Дониёр 2:44).
СОЛИҲ КИШИЛАР ОМОН ҚОЛИШАДИ
Хабаққуқ китобининг илк иккита боби, Яҳова Таоло ва пайғамбар ўртасидаги суҳбатдан иборат. Яҳудода содир бўлаётган ҳодисалардан ғам чекаётган Хабаққуқ, Худодан нега бадкирдорларни кўришига йўл бераётгани ва нимага У бахтсизликка қараб турганини сўрамоқда. Бунга жавобан Яҳова, уларга қарши босқинчи ва жанггари Бобил халқини юборишини айтади. Пайғамбарни эса, нега Худованд Яҳудони жазолаш учун бадкирдорлардан фойдаланиши таажжубга солмоқда (Хабаққуқ 1:3, 6, 13). Шунда Аллоҳ Хабаққуқни, солиҳ кишилар омон қолиши, душманлар эса жазодан қочиб қутула олмаслигига нисбатан ишонтирди. Боз устига, Яҳова Хабаққуқ пайғамбар орқали, Бобилнинг бошига бало тушиши тўғрисида беш марта эълон этган (Хабаққуқ 2:4).
Меҳр-иноят сўраб қилган ибодатида Хабаққуқ, ўтмишда Тангри Яҳованинг Қизил денгизда, саҳрода ва Ерихо шаҳрида буюк қудратини намоён этган вақтларни эсламоқда. Шунингдек пайғамбар, қандай қилиб Яҳова Ҳор-Магидўнда Ўз қаҳрини тўкиб солишини башорат қилмоқда. У ибодатини, Сарвари Олам бўлмиш Яҳова унга ҳаёт бахш этиб, оёқларини кийик оёғи каби қилиши ҳақидаги сўзлар билан якунлаган (Хабаққуқ 3:1, 19).
Саволларга жавоблар:
1:5, 6 — Нега Бобилнинг Қуддусга қарши чиқиши, яҳудийлар учун ақл бовар қилмайдигандек туюлганди? Хабаққуқ башорат қилишни бошлаганида, Яҳудо Миср давлатига қарам эди (4 Шоҳлар 23:29, 30, 34). Бобил энди кучга кираётган бўлса-да, унинг қўшинлари фиръавн Нахони мағлуб қилиши ҳали олдинда эди (Еремиё 46:2). Бундан ташқари Қуддусда Яҳованинг маъбади жойлашган ҳамда бу шаҳарда Довуд наслидан бўлган шоҳлар бошқаришарди. Шу сабабли яҳудийлар, бобилликлар Қуддусни вайрон этишига Худо йўл қўймайди, деб ўйлашарди. Хабаққуқнинг сўзлари қанчалик ақл бовар қилмайдиган бўлиб туюлмасин, Қуддуснинг бобилликлар томонидан вайрон қилиниши борасидаги ваҳий, мил. авв. 607- йилда амалга ошди (Хабаққуқ 2:3).
2:5 — Мағрур инсон ким ва нега у ўз мақсадига эриша олмайди? Халқларни мағлуб этиш учун ўз ҳарбий кучидан фойдаланган бобилликлар мағрур инсон каби ифодаланмоқда. У ўз ғалабаларидан, гўё шароб ичгандай, сармаст бўлганди. Лекин у барча халқларни ўзига қарам қилишдан иборат бўлган мақсадига эришмади, чунки Яҳова Мидия ва Форс шоҳликлари орқали уни мағлуб қилади. Ҳозирги кунда мағрур киши, сиёсий кучларни англатади. У ҳам ўзбилармонлиги ва такаббурлигидан маст бўлган ва унинг мол-мулкини ошириш нафси қондириб бўлмас даражада. Аммо у ҳам ҳамма халқларни қарам қилиш ниятига эриша олмайди. Ёлғиз Худонинг Шоҳлиги бутун инсониятни бирлаштиради (Матто 6:9, 10).
Хулосалар:
1:1–4; 1:12–2:1. Хабаққуқ самимий саволлар берганида, Яҳова унга жавоб берган. Ҳақ Таоло Ўз садоқатли хизматчиларининг ибодатларини доим тинглайди.
2:1. Хабаққуқ сингари, маънан ҳушёр бўлиб, Яҳовага хизмат қилишда фаол бўлайлик. Панд-насиҳат олганимизда, фикрлаш тарзимизни ўзгартиришга тайёр бўлмоғимиз лозим.
2:3; 3:16. Яҳованинг куни келишини ишонч ила кутаётган эканмиз, келинг, маънавий тетиклигимизни йўқотмайлик.
2:4. Яҳованинг ҳукм кунида тирик қолиш учун, садоқатли ва сабр-бардошли бўлишимиз даркор (Ибронийларга 10:36–38).
2:6, 7, 9, 12, 15, 19. Тамагир, ёвузликни севувчи, ахлоқсиз ёки бутпараст инсоннинг ҳолига вой! Биз бундай хатти-ҳаракатлардан қочишимиз керак.
2:11. Агар бу ёвуз дунёнинг ишларини фош қилмасак, ҳатто тошлар нола қиларди. Шундай экан, Шоҳлик хушхабарини жасорат ила ваъз қилишни давом эттиришимиз ўта муҳим!
3:6. Ҳеч бир нарса, ҳатто тоғу чўққилардек ҳайбатли бўлиб кўринган инсоний ташкилотлар ҳам Яҳова Ўз ҳукмларини ижро этишига тўсқинлик қила олмайди.
3:13. Ҳор-Магидўнда барча одамлар ёппасига йўқ қилинмайди. Яҳова Ўз садоқатли хизматчиларини қутқаради.
3:17–19. Ҳатто Ҳор-Магидўн пайтида ёки ундан олдин қийинчиликларга дуч келганимизда, Яҳова бизга қувонч ила хизмат қилишимиз учун, куч-қувват бахш этишига амин бўлишимиз мумкин.
ЯҲОВАНИНГ КУНИ ЯҚИНДИР
Яҳудияда бут Баалга топиниш кенг тарқалиб кетган эди. Яҳова Зафаниё пайғамбар орқали, Яҳудия ҳамда Қуддусдаги барча Баалга сиғинувчиларни йўқ қилиши ҳақида айтди. Шунда Зафаниё Яҳованинг куни яқинлиги тўғрисида огоҳлантира бошлади (Зафаниё 1:4, 7, 14). Худонинг талабларига риоя қилганларгина, бу кунда сақланиб қоладилар (Зафаниё 2:3).
Яҳова Таоло, зулм ўтказувчи Қуддус шаҳрининг ҳолига вой бўлиши ҳамда халқлару шоҳликларни йиғиб, Ўз қаҳрини сочиши ҳақида айтмоқда. Лекин Худо шу билан биргаликда халқини асирликдан қайтариб, бошқа элатлар орасида яхши ном ва мақтовга сазовор этишини ваъда қилмоқда (Зафаниё 3:1, 8, 20).
Саволларга жавоблар:
2:13, 14 — Бутунлайин вайрон этилган Найнаво шаҳрида кимнинг овози эшитилар экан? Найнаво ёввойи ҳайвонлар ва қушларнинг маконига айлангани сабабли, эҳтимол бу овоз қушларнинг сайраши ёки ҳувиллаб қолган уй деразаларидан келаётган шамол товушини англатиши мумкин.
3:9 — Соф тил нима ва унда қандай гапириш мумкин? Бу, Аллоҳнинг ҳақиқати бўлиб, Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобда жойлашган. Муқаддас Китобнинг барча таълимотлари шу жумладандир. Агар биз ушбу ҳақиқатга ишонсак, бошқаларга тўғри таълим берсак ҳамда Худонинг иродасига мувофиқ ҳаёт кечирсак, бу тилда гапирган бўламиз.
Хулосалар:
1:8. Зафаниёнинг замондошларидан айримлари атрофдаги халқларга ёқиш пайидан бўлиб, ҳатто уларнинг либосларини кийишган. Яҳованинг бугунги хизматчилари ҳам шу каби йўл тутиб, бу дунёга уйғунлашсалар, нақадар нодонлик бўларди.
1:12; 3:5, 16. Кўп яҳудийлар шароб идишининг тагида ўтириб қолган қуйқа сингари, ҳаёт тарзларини ўзгартиришни хоҳламай, огоҳлантиришларга бепарво бўлишган. Шунга қарамай, Яҳова қайта-қайта пайғамбарларини юбориб, халқини Ўз ҳукмларидан огоҳ этган эди. Яҳованинг улуғ куни яқин экан, одамларнинг бепарволигига қарамай, Шоҳлик хушхабарини ваъз этишда ғайратимизни йўқотмаслигимиз лозим.
2:3. Ёлғиз Яҳова, Ўз қаҳр-ғазаб кунида бизни қутқаришга қодир. Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлиш учун, Муқаддас Китобни синчковлик билан ўрганиш, ибодатда Ундан раҳбарлик сўраш ва Унга яқинлашишимиз даркор. Ахлоқан пок ҳаёт кечириб, адолат пайидан бўлишимиз керак. Шунингдек камтаринлик ва итоаткорликни ривожлантиришимиз муҳим.
2:4–15; 3:1–5. Яҳованинг ҳукмлари амалга ошадиган кунда, Худонинг халқига қаршилик кўрсатган христиан олами ва барча халқлар, қадимдаги Қуддус ҳамда атрофидаги элатлар каби йўқ қилинади (Ваҳий 16:14, 16; 18:4–8). Биз жасорат билан Аллоҳнинг ҳукмларини эълон қилишни давом эттиришимиз керак.
3:8, 9. Яҳованинг кунини кутаётган эканмиз, соф тилда гапиришни ўрганиш ила ва ўзимизни Худога бағишлаб, Унинг исмини чақириш билан, сақланиб қолишга тайёрланяпмиз. Шунингдек биз, Яҳованинг халқи билан бир ёқадан бош чиқариб, хизмат қиляпмиз ва «ҳамду сано қурбонларини» келтиряпмиз (Ибронийларга 13:15).
Яҳованинг ҳукм куни жуда тезлик билан яқинлашиб келмоқда
Сано бастакори: «Яна бироздан кейин фосиқ йўқ бўлур, унинг жойини кўрасан-у, аммо ўзи йўқолиб кетган бўлур»,— деб куйлаган (Забур 36:10). Нохум китобида Найнаво тўғрисидаги башорат ҳамда Хабаққуқ китобида Яҳудиядаги муртадлик ва Бобил ҳақидаги кароматлар устидан мулоҳаза юритсак, сано бастакорининг сўзлари бажо бўлишида амин бўламиз. Аммо биз яна қанча кутишимиз керак?
Зафаниё пайғамбар, Яҳованинг ҳукм куни яқинлиги, у жуда тезлик билан яқинлашиб келаётганини айтган (Зафаниё 1:14). Зафаниё китобида шунингдек, бу кунда қандай қилиб омон қолиш мумкинлиги ва бунинг учун нима қилиш кераклиги тўғрисида ёзилган. Дарҳақиқат, «Худонинг каломи жонли ва таъсирли» (Ибронийларга 4:12).
[8- саҳифадаги расмлар]
Найнаво шаҳрининг баҳайбат деворлари, Нохум пайғамбарнинг башорати амалга ошишига тўсқинлик қила олмади
[Расм манбаи]
Randy Olson/National Geographic Image Collection