Келишмовчиликларни севги ила ҳал қилинг
Ўзаро тинч-тотув яшанглар. МАРК 9:50
1, 2. Ибтидода қандай келишмовчиликлар ҳақида айтилган ва нега улар бизни қизиқтириши керак?
МУҚАДДАС КИТОБДА тилга олинган келишмовчиликлар ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Мисол учун, Ибтидонинг атиги бир нечта бобини кўриб чиқайлик. Қобил Ҳобилни нобуд қилади (Ибт. 4:3–8); Ламех уни урган йигитни ўлдиради (Ибт. 4:23); Иброҳим (Ибром) ва Лутнинг чўпонлари урушиб қолишади (Ибт. 13:5–7); Ҳожар Сорани (Сорай) назарига илмай қўяди ва Сора Иброҳимдан хафа бўлади (Ибт. 16:3–6); Исмоил ҳаммага қарши, ҳамма эса унга қарши чиқади (Ибт. 16:12).
2 Қизиқ, нима учун булар ҳақда Муқаддас Китобда айтиб ўтилган? Чунки бундай мисоллардан биз, номукаммал одамлар, тинчлик пайидан бўлишни ўрганишимиз мумкин. Шунингдек, қандай қилиб амалда бунинг уддасидан чиқа олишни билиб оламиз. Муаммолар билан курашиб келган одамлар ҳақида Муқаддас Китобдаги баёнотларни ўқиш биз учун фойдалидир. Уларнинг хатти-ҳаракатлари қандай натижаларга олиб келганини ўрганиб, шу каби вазиятларга дучор бўлганимизда олган сабоқларимизга яраша йўл тутамиз. Ҳа, ушбу мисоллар бизга жуда асқатади! (Рим. 15:4)
3. Мазкур мақолада нималарни кўриб чиқамиз?
3 Бу мақоладан Яҳованинг хизматчилари келишмовчиликларни нега ҳал қилишлари кераклигини ва қандай қилиб бунинг уддасидан чиқишлари мумкинлигини билиб оламиз. Бундан ташқари, муаммоларимизни ечишга ва Яҳова ҳамда бошқалар билан яхши муносабатда бўлишга ёрдам берадиган Муқаддас Китобдаги принципларни муҳокама қиламиз.
НЕГА ХУДОНИНГ ХИЗМАТЧИЛАРИ КЕЛИШМОВЧИЛИКЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШЛАРИ ЛОЗИМ?
4. Бу дунёда нимани олға суришади ва бунинг натижаси қандай?
4 Шайтон одамлар орасидаги келишмовчиликлару можароларнинг асосий сабабчисидир. Мисол учун, у Адан боғида ҳар бир одам Худодан мустақил равишда нима яхши ва нима ёмон эканини белгилашга қодир, деб даъво қилган. (Ибт. 3:1–5) Бундай фикрлашнинг оқибатлари бугунги кунда яққол намоёндир. Бу дунёда мағрурлик, худбинлик ва рақобатни олға сурувчи мустақиллик руҳи ҳукм сурмоқда. Ушбу руҳнинг таъсирига берилган ҳар ким, аслида, ўз манфаатини кўзлаш бошқаларга қандай таъсир қилишидан қатъи назар, доноликдир, деган Шайтоннинг даъвосига қўшилган бўлади. Худбинларча йўл тутиш жанжалга олиб келиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун, «сержаҳл одам жанжал чиқаради, серзарда эса кўп гуноҳ қилади», деган сўзларни эсимизда сақласак, яхши бўларди. (Ҳик. 29:22)
5. Келишмовчиликларни ҳал қилиш борасида Исо шогирдларига қанақа маслаҳатлар берган?
5 Исо эса, аксинча, одамларга тинчликпарвар бўлишни ва ҳатто ўз зиёнига бўлса ҳам, келишмовчиликларнинг олдини олишни ўргатган. Тоғдаги ваъзида у, келишмовчиликларни ёки юз бериши мумкин бўлган можароларни ҳал қилиш борасида ажойиб маслаҳатлар берган. Масалан, у шогирдларини мулойим ва тинчликпарвар бўлишга, ғазаб каби туйғулардан қутулишга, келишмовчиликларни тезда ҳал қилишга ҳамда душманларини севишга чорлаган. (Мат. 5:5, 9, 22, 25, 44)
6, 7. а) Нега келишмовчиликларни тезда ҳал қилиш муҳим? б) Яҳованинг барча хизматчилари ўзларига қайси саволларни беришлари керак?
6 Агар ўзгалар билан тинчлик ўрнатишдан бош тортсак, ибодатларимиз, йиғилишларга боришимиз, ваъз қилишимиз ва Яҳовага бўлган топинишимизнинг бошқа соҳаларида қилган ҳаракатларимиз бир тийин бўлади. (Марк 11:25) Яҳованинг дўсти бўлишни истасак, ўзгаларнинг гуноҳларини кечиришимиз шарт. (Луқо 11:4; Эфесликларга 4:32 ни ўқинг.)
7 Яҳова барча хизматчиларидан кечиримли бўлишни ва ўзаро тинч-тотув яшашни талаб қилади. Биз ўзимизга шундай саволларни бериб кўрсак бўлади: «Мен имондошларимни тезда кечираманми? Улар билан вақт ўтказиш менга ёқадими?» Агар кечиримли бўлиш масаласида ўзгаришингиз кераклигини тушунсангиз, унда ибодатда Яҳовадан ёрдам сўранг. Самовий Отамиз бундай самимий ибодатларни эшитиб, уларга албатта жавоб беради! (1 Юҳан. 5:14, 15)
АҲАМИЯТ БЕРИШ АРЗИРМИКАН?
8, 9. Бизни хафа қилишганда, қандай йўл тутишимиз лозим?
8 Ҳамма одамлар номукаммал бўлгани учун эртами кечми кимдир бизни сўзи ёки қандайдир ҳаракати билан хафа қилиб қўйиши тайин. (Воиз 7:20; Мат. 18:7) Ўшанда сиз ўзингизни қандай тутасиз? Келинг, қуйидаги вазиятни кўриб чиқайлик. Бир куни Яҳованинг Шоҳидлари ўтириш уюштиришибди. Шунда бир опамиз иккита биродаримизнинг олдига келиб, улар билан гаплашибди. Улардан бири бу опамиз қай тарзда гапирганидан хафа бўлибди. Бу биродарлар якка қолишганида, ранжиган биродар ўша опамизни айтган гаплари учун танқид қила бошлабди. Иккинчиси эса, ўша опамиз қийинчиликларга қарамай, Яҳовага садоқатли бўлиб, 40 йилдан бери хизмат қилиб келаётганини эслатибди ва опамизнинг хафа қилиш нияти бўлмаганига уни ишонтирибди. Бу ҳақда бироз ўйлагач эса, ранжиган биродар: «Ҳа, тўғри айтасиз»,— деб жавоб берибди. Натижада, бу биродар бўлган воқеани унутишга қарор қилибди.
9 Бу мисолдан қанақа хулоса чиқардик? Хафагарчиликка олиб келадиган вазиятларга қандай муносабат билдириш ўзимизга боғлиқ. Севги ила йўл тутадиган инсон кечиримлидир. (Ҳикматлар 10:12; 1 Бутрус 4:8 ни ўқинг.) «Гуноҳни кечирсак», Яҳовага ёқадиган иш қилган бўламиз. (Ҳик. 19:11; Воиз 7:9) Демак, агар кимдир қўпол ёки ҳурматсизларча муносабатда бўлиб, сизни ранжитса, авваламбор ўзингиздан шундай деб сўранг: «Уни кечира оламанми? Бу ҳақда ўйлаб юриш чиндан ҳам арзийдими?»
10. а) Бир имондошимиз бошида танқидга қандай муносабат билдирди? б) Муқаддас Китобдаги қайси фикр унга хотиржамликни сақлашга ёрдам берди?
10 Танқидга бепарво бўлиш қийин кечиши мумкин. Келинг, кашшоф имондошимизнинг мисолини кўриб чиқайлик. Айтайлик, унинг исми Сожида. Жамоатдагиларнинг баъзилари унинг хизмати ҳамда вақтдан қандай фойдаланаётгани ҳақида салбий фикр билдиришди. Бу унга оғир ботди ва у маънан етук биродарлардан маслаҳат сўради. У шундай деб бўлишди: «Уларнинг Муқаддас Китобга асосланган маслаҳати менга бошқаларга нисбатан тўғри нуқтаи назарда бўлишга ва диққатимни энг катта аҳамиятга лойиқ бўлган Шахсга — Яҳовага қаратишга ёрдам берди». Матто 6:1–4 даги (ўқинг) сўзларни ўқиш Сожидага далда бахш этди. Бу оятлар унга энг муҳими — Яҳовани хурсанд қилиш эканини эслатди. «Гарчи бошқалар мен ҳақимда салбий гапиришса-да, мен барибир хурсанд бўлиб юраман. Нега деганда, Яҳовани қувонтириш учун қўлимдан келганини қилаётганимга ишончим комил»,— деди Сожида. Бундай хулосага келгандан кейин Сожида ҳар хил танқидий сўзларга аҳамият бермасликка қарор қилди.
КЕЧИРА ОЛМАСАК-ЧИ?
11, 12. а) Биродари ундан «хафа экани»ни билган масиҳий қандай йўл тутиши керак? б) Иброҳим муаммони қай тарзда ҳал қилганидан нимани ўрганишимиз мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)
11 «Барчамиз тез-тез хато қилиб турамиз». (Ёқб. 3:2) Фараз қилинг, имондошингиз айтган сўзингиз ёки қилган ҳаракатингиз туфайли сиздан хафа бўлиб қолди. Ўшанда қандай йўл тутасиз? Бу борада Исо шундай деганди: «Агар ҳадянгизни қурбонгоҳга олиб келганингизда, биродарингиз сиздан хафа экани ёдингизга тушиб қолса, ҳадянгизни қурбонгоҳ олдида қолдиринг-да, аввалига бориб биродарингиз билан ярашинг. Шундан сўнг келиб, ҳадянгизни бахшида этинг». (Мат. 5:23, 24) Ҳа, Исонинг маслаҳатига биноан, биродарингиз билан гаплашиб олинг. Аслида, мақсадингиз айбни биродарингизга тўнкаш эмас, балки хатоингизни тан олиб, тинчлик ўрнатиш бўлиши керак. Имондошларимиз билан тинчликда яшаш ўта муҳимдир.
12 Юқорида тилга олинган Иброҳим ва жияни Лут ҳақидаги воқеа, қандай қилиб Худонинг хизматчилари мунозарали масалани тинчликда ҳал қилиши мумкинлигининг яққол мисолидир. Гап шундаки, икковларининг чорвасига ер торлик қилгани учун уларнинг чўпонлари орасида жанжал чиқиб қолади. Тушунмовчиликни бартараф этиш ниятида Иброҳим яшаш учун жойни биринчи бўлиб Лут танлашига имкон беради. (Ибт. 13:1, 2, 5–9) Нақадар ажойиб ўрнак-а!? Иброҳим ўз манфаатини кўзламай, тинчлик пайидан бўлган. Хўш, у сахийлигидан зиён кўрганми? Йўқ, чунки Иброҳим тушунмовчиликни ҳал қилиши биланоқ, Яҳова унга улкан баракалар ёғдиришни ваъда берган. (Ибт. 13:14–17) Хизматчилари илоҳий меъёрларга итоат этиб, келишмовчиликларни севги ила ҳал қилишганлари учун узоқ вақт давомида зарар кўришларига Аллоҳ сира ҳам йўл қўймайди.a
13. Бир нозир қўпол гапларга қандай муносабат билдирди ва бундан қанақа сабоқ олишимиз мумкин?
13 Мана замонавий бир мисол. Анжуман бўлимларидан бирининг янги нозири битта биродарга қўнғироқ қилиб, кўнгилли хизматчи бўла олиш-олмаслигини сўрайди. Ўша биродар эса қўпол гапириб, гўшакни қўйиб қўяди. Нега деганда, бу биродар олдинги нозир билан бўлган келишмовчилик туфайли ҳалиям гина сақлаб юрганди. Янги нозир бундан ранжимади, аммо бу масалани шундайлигича ҳам ташлаб қўя олмади. Бир соатдан кейин у ўша биродарга яна қўнғироқ қилади ва учрашиб, масалани биргаликда ҳал қилишни таклиф этади. Сўнг, бир ҳафта ўтгач, иккови Йиғилиш Залида учрашади. Улар ибодат қилиб, бир соатча гаплашиб ўтиришади ва ўша биродар олдинги нозир билан бўлган воқеани айтиб беради. Нозир ўша биродарни ҳамдардлик ила тинглаб, у билан баъзи оятларни муҳокама қилади. Натижада, биродарлар келишиб олишади ва анжуманда бирга хизмат қилишади. Биродар ўша нозирдан миннатдор эди, сабаби, у хотиржамлик ва хушмуомалалик ила гапирди.
ОҚСОҚОЛЛАРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАКМИ?
14, 15. а) Матто 18:15–17 даги маслаҳатни қайси вазиятларда қўллаш керак? б) Исо қайси учта қадам ҳақида айтган ва улардан қай мақсадда фойдаланиш керак?
14 Масиҳийлар пайдо бўлган келишмовчиликларнинг аксариятини шахсан ўзлари ҳал қилишлари лозим. Бироқ Исо айтганидек, баъзи вазиятлар оқсоқолларга мурожаат қилишни талаб этади. (Матто 18:15–17 ни ўқинг.) Агар хафа қилган инсон биродарига, гувоҳларга ва оқсоқолларга қулоқ солишдан бош тортса, нима бўлади? У биз учун «дунёвий кишидай ҳамда солиқчи каби бўлиши» керак. Бугунги кунда бу, инсоннинг жамоатдан четлатилишини англатади. Бундай ҳолларда у кишининг «гуноҳ»и шунчаки кичик келишмовчиликни эмас, каттароқ бир масалани ўз ичига олади ва бу, гуноҳни содир этган ва бундан жабр кўрган масиҳийлар орасида ҳал қилиниши мумкин. Ҳал қилинмаган тақдирда эса, бу гуноҳ инсоннинг четлатилишига сабаб бўла олади. Шу каби гуноҳлар қаторига қайсидир даражада муттаҳамлик ёки инсонга туҳмат қилиб, унинг обрўсини тўкиш киради. Исо айтиб ўтган учта қадам фақат мана шу вазиятларга тегишли. Қолган вазиятларда эса, масалан, зино, гомосексуализм, муртадлик, бутпарастлик ёхуд шунга ўхшаш бошқа жиддий гуноҳлар содир этилганда, албатта жамоат оқсоқолларига мурожаат қилиш керак.
15 Исо берган маслаҳатнинг мақсади — имондошга севги ила ёрдам бериш эди. (Мат. 18:12–14) Хўш, бу маслаҳатга қандай амал қила оласиз? Авваламбор, юзага чиққан масалани бошқаларнинг иштирокисиз ҳал қилишга уриниб кўриш керак. Эҳтимол, гуноҳ қилган киши билан бир мартадан кўпроқ гаплашишга тўғри келар. Агар бу ёрдам бермаса, унда гуноҳ содир этилишига гувоҳ бўлганлар ёки бу гуноҳ қанчалик жиддий эканини аниқлашга ёрдам берадиганлар олдида сизни хафа қилган киши билан гаплашиб олинг. Уларнинг ёрдами билан бу масалани ҳал қила олсангиз, имондошингизни «тўғри йўлга солган бўласиз». Лекин у билан бир неча марта гаплашиб олгандан кейин ҳам ярашиб олмасангиз, унда оқсоқолларга мурожаат қилиш даркор.
16. Нега Исонинг маслаҳатига амал қилишни келишмовчиликларни севги ила ва самарали ҳал этишнинг йўли, деб айта оламиз?
16 Кўп ҳолларда Матто 18:15–17 даги учала қадамга ҳам амал қилишга ҳожат қолмайди. Буни билиш далдалидир, чунки одатда вазият четлатилишгача бормай, ҳал қилинади. Аксарият вазиятларда гуноҳ қилган киши хатосини тан олиб, уни тўғрилашга ҳаракат қилади. Шунда жабр кўрган кишида уни айблашга асоси қолмай, у кечиришни маъқул кўриши мумкин. Қандай вазият бўлишидан қатъи назар, Исонинг сўзлари шуни кўрсатяптики, келишмовчилик юз бериши биланоқ оқсоқолларга мурожаат қилишнинг кераги йўқ. Юқорида айтилган иккита қадамга амал қилиниб, гуноҳ содир этилганини тасдиқловчи далиллар бор бўлгандагина, оқсоқоллар бу ишга аралашишлари мумкин.
17. «Тинчлик пайида бўлишга» уринсак, қайси баракаларга эга бўламиз?
17 Ушбу замонанинг охири яқинлашаётган экан, номукаммал одамлар бир-бирини хафа қилиши табиий. Исонинг шогирди Ёқуб бу ҳақда қуйидагича ёзганди: «Борди-ю, кимдир сўзида хато қилмаса, у бутун танасини жиловлай оладиган мукаммал инсондир». (Ёқб. 3:2) Келишмовчиликларни ҳал қилиш учун, қўлимиздан келганича «тинчлик пайида бўлишимиз» даркор. (Заб. 33:15) Тинчликсевар бўлсак, имондошларимиз билан дўстона муносабатларга эришиб, жамоатимизнинг якдиллигига ҳисса қўшамиз. (Заб. 132:1–3) Боз устига, «тинчлик ато этувчи Аллоҳ» билан ҳам дўстлигимиз қаймоқлашади. (Рим. 15:33) Агар келишмовчиликларни севги ила ҳал қилсак, бу барча баракаларни қўлга киритамиз!
a (12- хатбоши) Муаммоларни тинчликда ҳал қилишда ўрнак қолдирганларнинг баъзилари: Ёқуб билан Эсов (Ибт. 27:41–45; 33:1–11); Юсуф билан ака-укалари (Ибт. 45:1–15); Гидўн билан Эфрайим халқи. (Ҳак. 8:1–3). Эҳтимол, Муқаддас Китобдаги шунга ўхшаш бошқа мисоллар ҳақида ўйлаб кўрарсиз.