Етказишимиз керак бўлган хабар
Яҳова: «Мен Худоман, сизлар Менинг шоҳидимсиз»,— деб бизга имтиёзли масъулиятни юклаган ва шу билан бирга буюк шарафга муяссар этган (Ишаё 43:12). Биз шунчаки художўй инсонлар эмасмиз. Биз Аллоҳнинг шоҳидларимиз ва буни, Унинг илҳоми остида ёзилган Каломидаги муҳим ҳақиқатларни инсонларга очиқчасига эълон этиш билан исботлаяпмиз. Хўш, бугунги кунда Яҳова бизга қандай хабарни ваъз этишни топширган? Ушбу хабарда эътибор Тангри Яҳова, Исо Масиҳ ва унинг Шоҳлигига қаратилган.
«ХУДОДАН ҚЎРҚ, УНИНГ АМРЛАРИНИ БАЖАР»
ЯҲОВА ТАОЛО, қадимда яшаган Иброҳим Халилуллоҳга «ер юзидаги ҳамма халқлар» барака топиши ҳақидаги ниятини айтган (Ибт. 22:18). Шунингдек, Худонинг илҳоми остида шох Сулаймон ҳар бир инсонга тегишли талабни ифодалаб, шундай деган: «Худодан қўрқ, Унинг амрларини бажар, чунки бу ҳамманинг бурчидир» (Воиз 12:13). Аммо дунёдаги барча халқлар буни қандай билиб олишади?
Ҳамма вақт, Худонинг сўзларига ишониб келган одамлар яшаган бўлса-да, Муқаддас Китобга кўра, айнан «Ҳазратимиз кунида» хушхабар бутун дунё бўйлаб қизғин равишда ваъз қилиниши керак эди. Бу кун 1914- йилда бошланди (Ваҳ. 1:10). Ўша пайт тўғрисида Ваҳий китобида, фаришталар бошқаруви остида ушбу муҳим хабар «ҳар бир миллат, қабила, тил ва халққа эълон» этилиши башорат қилинган (Ваҳ. 14:6, 7). Ушбу хабарда мана шундай ундов бор: «Аллоҳдан қўрқинг ва Унга шон-шараф келтиринг, чунки Унинг ҳукм қилиш вақт-соати келди. Шунинг учун осмону ерни, денгизу булоқларни Яратганга топининглар» (Ваҳ. 14:6, 7). Бу хабар Худонинг иродаси бўйича эълон қилинмоқда. Биз эса бу фаолиятда қатнашиш шарафига эгамиз.
«Ҳақ Худо». Яҳованинг: «Сизлар менинг шоҳидимсизлар»,— деган сўзлари, ҳақиқий Худо ким эканлиги шубҳа остига қўйилганлиги муносабати билан айтилган (Ишаё 43:10). Етказиш керак бўлган хабар, инсонларни шунчаки бирор бир динни қабул қилишга ёки Худога ишонишга чорлашдан иборат эмас. Аксинча инсонлар, осмону ерни барпо этган Яратувчи ягона ҳақ Худо эканлигини билиш имконига эга бўлишлари керак (Ишаё 45:5, 18, 21, 22; Юҳан. 17:3). Фақат ҳақ Аллоҳ, келажакни аниқ башорат қила олади. Қадимда Яҳованинг башоратлари амалга ошгани, унинг келажакка доир барча ваъдалари албатта рўёбга чиқишига ишончли асос бўла олишини очиб бериш, бизнинг вазифамиздир (Ёшуа 23:14; Ишаё 55:10, 11).
Биз ваъз қилаётган инсонларнинг кўпчилиги бошқа худоларга сиғинади ёки бўлмаса ҳеч бир худога сиғинмайди. Одамлар бизга қулоқ солишлари учун умумий мавзуда гап бошласа бўлади. Бунда, Ҳаворийлар 17:22–31 да баён этилган мисолдан фойда олишимиз мумкин. Эътиборга лойиқ томони шундаки, Павлус тингловчилар билан хушмуомала бўлган бўлса-да, осмону ерни яратган Парвардигор олдида бутун инсоният жавобгар эканлигини аниқ кўрсатиб берган.
Худонинг исмини танитиш. Ҳақ Худонинг исми ҳақида гапириш имконини қўлдан бой берманг. Яҳова Ўз исмини яхши кўради (Чиқ. 3:15, изоҳ; Ишаё 42:8). Тангри, инсонлар Унинг исмини таниб билишларини хоҳлайди. Аллоҳнинг иродасига кўра, Муқаддас Китобда Унинг улуғ исми 7 000 мартадан зиёдроқ ёзилган. Бизга эса, бу исмни бошқаларга танитиш масъулияти юкланган (Қонун. 4:35).
Инсониятнинг келажаги, Тангри Яҳовани билиши ва Унга имон ила мурожаат қилишига боғлиқ (Йўэл 2:32; Мал. 3:16; 2 Салон. 1:8). Аммо кўп одамлар Аллоҳ Яҳовани билишмайди. Уларнинг қаторига, Муқаддас Китобда айтилган Худога сиғиняпмиз, деб таъкидловчи кўп инсонлар ҳам киради. Ҳатто уларда Муқаддас Китоби бор бўлиб, уни ўқисалар ҳам, Аллоҳнинг шахсий исмини билишмайди. Сабаби, замонавий таржималарнинг кўпида бу исм олиб қўйилган. Бошқалар эса, уларнинг дин пешволари Яҳованинг исмини тилга олмаслик керак деб айтишганида, бу исмни биринчи марта эшитишган.
Қандай қилиб инсонларни Яҳованинг исми билан таништиришимиз мумкин? Буни қилишнинг яхшигина усули, уларнинг шахсий Муқаддас Китобидан бу исмни кўрсатишдир. Баъзи таржималарда бу исм минглаб маротаба учрайди. Ўзбек тилидаги Муқаддас Китобда эса, Чиқиш 3:15- ёки Чиқиш 6:3- оятларининг изоҳида бу исмга ишора қилинган. Бошқа кўпгина таржималарда, асл нусхада Худонинг шахсий исми турган жойларда, «Эгамиз» ва «Худо» каби унвонлар қўйилиб, улар бошқача шрифтда ёзилган. Борди-ю, замонавий таржималарда Худонинг исми бутунлайин олиб қўйилган бўлса, одамларга бунинг сабабини тушунтириш учун эски таржималардан фойдаланса бўлади. Баъзи мамлакатларда диний мадҳиялар ёки жамоат биноларининг ёзувларида бу муқаддас исмни учратиш мумкин.
Бошқа худоларга сиғиниб келаётган инсонларга «Янги дунё таржимаси»дан Еремиё 10:10–13- оятларини кўрсатиш фойдали бўлиши мумкин. Ушбу оятларда нафақат Худонинг исми келтирилган, балки Унинг кимлиги аниқ тушунтирилган.
Христиан оламидагилар қилаётганидек, Яҳованинг исмини «Худо» ва «Эгамиз» сўзлари остида яширманг. Бу, ҳар бир суҳбатни Тангрининг исмини айтишдан бошлаш керак, дегани эмас. Акс ҳолда, салбий фикрда бўлган одамлар суҳбатни дарров тўхтатиб қўйишлари мумкин. Бироқ суҳбатга яхши замин яратилганидан кейин, Худонинг исмини қўллашдан ўзингизни тийманг.
Эътиборли томони шундаки, Муқаддас Китобда Худонинг шахсий исми, «Эгамиз» ва «Худо» каби унвонларнинг умумий йиғиндисидан ҳам кўпроқ учрайди. Бироқ шунда ҳам, Муқаддас Китоб ёзувчилари ҳар бир гапга Аллоҳнинг исмини қўйишга уринишмаган. Улар бу исмни табиий ва эркин равишда, ҳурматни акс эттирган тарзда ишлатишган. Бу биз учун яхши намунадир.
Исмини танитган Шахс. Худонинг исми борлигининг ўзи муҳим ҳақиқат бўлса-да, бироқ бу Аллоҳ билан танишишда биринчи қадамдир.
Инсонлар Тангри Яҳовани севиб, Унга имон ила мурожаат қилишлари учун Унинг қандай шахс эканлигини билиб олишлари керак. Яҳова Синай тоғида Мусога Ўз исмини очганда, шунчаки «Яҳова» дея исмини такрорлаш билан чекланмаган. Тангри Ўзининг ажойиб фазилатларининг баъзиларига эътибор қаратган (Чиқ. 34:6, 7). Бу, тақлид қилишимиз учун яхши ўрнак.
Яқинда қизиқиб қолган инсонга ваъз қиласизми, жамоатда нутқ айтасизми, самовий Шоҳлик келтирадиган баракалар ҳақида сўз юритаётиб, улар Худо ҳақида нимани очиб бераётганига эътибор қаратинг. Унинг амрларини тушунтираётиб, уларда акс этаётган Аллоҳнинг донолиги ва севгисини таъкидланг. Худонинг талаблари оғир юк бўлмай, аксинча бизнинг фойдамиз учун хизмат қилишини тушунтириб беринг (Ишаё 48:17, 18; Михо 6:8). Яҳованинг кучини кўрсатувчи ҳар бир ишида Унинг шахсияти, меъёрлари ва нияти намоён бўлишини кўрсатинг. Яҳова фазилатларини намоён этишда мувозанатли эканлигига диққат қаратинг. Одамлар, сизда Яҳовага нисбатан ҳиссиётларингиз борлигини кўришсин. Унга бўлган севгингиз, бошқаларда ҳам шундай туйғуни уйғотиши мумкин.
Бизнинг кунларда жаранглаётган муҳим хабар, барча инсонларни Худодан қўрқишга чорламоқда. Сўзларимиз инсонларни худотарс бўлишга ундаши керак. Бундай худотарслик, Яҳованинг улуғворлиги олдида чуқур эҳтиромни ҳис этишни англатади (Заб. 88:8). Худотарслик, Яҳова олий Ҳакам эканини ҳамда келажагимиз тамомила Унга маъқул келиш билан боғлиқлигини тан олишни назарда тутади (Луқо 12:5; Рим. 14:12). Бундай қўрқув, Яҳовага нисбатан чуқур севги ва бунинг натижаси бўлмиш Унга маъқул келиш истаги билан чамбарчас боғлиқ (Қонун. 10:12, 13). Шунингдек, худотарслик бизни ёмонликдан нафратланишга, Тангрининг амрларига бўйсунишга ва сидқидилдан Унга топинишга ундайди (Қонун. 5:29; 1 Сол. 28:9; Ҳик. 8:13). Худодан қўрқиш, Унга хизмат қила туриб, шу билан бир вақтда бу дунёдаги нарсаларга муҳаббат қўйишдан ҳимоялайди (1 Юҳан. 2:15–17).
Худонинг номи «мустаҳкам қалъа». Аллоҳни чиндан ҳам таниб билган кишилар, кучли ҳимоя остидалар. Улар бунга, шунчаки Худонинг исмини тилга олаётганлари ёки Унинг фазилатларидан баъзиларини айтиб бераётганлари учун эмас, балки Унга таянаётганлари сабаб эга бўлмоқдалар. Бундай инсонлар ҳақида Ҳикматлар 18:10 да шундай дейилган: «Эгамизнинг номи мустаҳкам қалъадир, солиҳ у ерга бориб эсон-омон бўлади».
Бошқаларни Яҳовага умид боғлашга ундаш учун ҳар қандай қулай фурсатдан фойдаланинг (Заб. 36:3; Ҳик. 3:5, 6). Яҳовага таянган киши, Унга ва Унинг ваъдаларига нисбатан ишончини намоён этади (Иброн. 11:6). Худонинг Каломи бизни шунга ишонтиряптики, одамлар Яҳованинг Сарвари Олам эканлигини тан олишгани, Унинг амрларини севишгани ва ҳақиқий нажот фақатгина Ундан келишига ишонишгани учун Унинг исмини чақираётган бўлишса, қутқарилишади (Рим. 10:13, 14). Ўзгаларга таълим бераётиб, ҳаётларининг ҳар бир соҳасида бундай имонни ривожлантиришларига кўмаклашинг.
Кўп одамлар жуда оғир қийинчиликларга дуч келишмоқда. Улар ўзларини чорасиздай ҳис қилишлари мумкин. Бундай кишиларни Яҳованинг йўлларини ўрганишга, Унга умид боғлашга ва билиб олганларини ҳаётларида қўллашга унданг (Заб. 24:5). Уларни ибодатда Аллоҳдан ўтиниб мадад сўрашга ҳамда баракалари учун Унга миннатдорлик изҳор қилишга чорланг (Филип. 4:6, 7). Одамлар Яҳовани шунчаки баъзи бир оятларни ўқиш билангина эмас, балки ўз ҳаётларида Унинг ваъдалари амалга ошаётганини кўриш орқали таниб билишса, Яҳованинг исмини тўғри тушунишдан келиб чиқадиган хотиржамлик ва бехатарликни ҳис қилишади (Заб. 33:9; Ерм. 17:7, 8).
Одамларга, ҳақ Худо Яҳовадан қўрқиш ва Унинг амрларига риоя қилиш қанчалик оқилона эканлигини қадрлашларига ёрдам бериш учун, қулай фурсатни қўлдан бой берманг.
«ИСО ҲАҚДА ШОҲИДЛИК ҚИЛИШ»
ЎЗИНИНГ тирилиши ва осмонга кўтарилишидан олдин, Исо Масиҳ шогирдларига қуйидаги топшириқни берган: «Сизлар... ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар» (Ҳавор. 1:8). Ваҳий 12:17 да Худонинг бугунги содиқ хизматчилари «Исо ҳақда шоҳидлик қилаётганлар», дея таърифланган. Сиз шоҳидлик қилишда қанчалик ғайратлисиз?
Исога ишонаман, деб самимий айтадиганларнинг кўплари, унинг ер юзига келишидан олдинги ҳаёти ҳақида ҳеч нарса билишмайди. Улар Исонинг ер юзида чиндан ҳам инсон бўлиб яшаганини англаб етмайдилар ва у қайси маънода Худонинг Ўғли эканини тушунмайдилар. Аллоҳнинг нияти амалга ошишида у қандай ўринга эга эканлиги ҳақида жуда оз билимга эгалар. Ҳозирги пайтда у қандай фаолият билан машғул эканини ва унинг келажакда қиладиган ишлари уларнинг ҳаётига қай йўсин таъсир этишини билмайдилар. Улар ҳатто, Яҳованинг Шоҳидлари умуман Исога ишонмайдилар, деган нотўғри фикрга боришлари мумкин. Ушбу масалалар бўйича ҳақиқатни уларга етказиш бизнинг вазифамиздир.
Шундай инсонлар борки, улар Муқаддас Китобда тасвирланган Исо каби шахс яшаганига умуман ишонишмайди. Баъзилар эса уни шунчаки буюк бир инсон сифатида қабул қилишади. Аксарият одамлар, у Худонинг Ўғли эканлиги ҳақидаги фикрни рад этадилар. Бундай инсонларга «Исо ҳақда шоҳидлик қилиш», тиришқоқлик, сабр-тоқат ва хушмуомалаликни талаб этади.
Тингловчиларингиз қандай нуқтаи назарга эга бўлишига қарамай, улар Тангри ваъда бераётган абадий ҳаётга эга бўлишлари учун Исо Масиҳ ҳақида билим олишлари зарур (Юҳан. 17:3). Худонинг иродаси равшандир, яъни барча ҳаёт бўлганлар «Исо Масиҳни Ҳазратим дея очиқ тан олиб», унинг ҳокимиятига бўйсунушлари лозим (Филип. 2:9–11). Шундай экан, нотўғри фикрга эга бўлиб, бунга қатъий ишонган кишиларга дуч келганимизда, бу мавзу бўйича гапиришдан қочмаймиз. Баъзи вазиятларда ҳатто илк учрашувнинг ўзидаёқ Исо ҳақида очиқчасига гапиришимиз мумкин бўлса, бошқа пайтларда киши тўғри фикрга келишига ёрдам беришга ҳаракат қилаётиб, эҳтиёткорлик ила сўз танлашимиз лозим. Шунингдек, кейинги ташрифларда бу мавзунинг бошқа томонларини ҳам ёритиб бериш йўллари ҳақида фикрлаб кўрса бўлади. Лекин киши билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошламагунча, бу мавзу бўйича барча нарсани муҳокама қилишнинг имкони бўлмаслиги мумкин (1 Тим. 2:3–7).
Исо Масиҳнинг Аллоҳ ниятидаги муҳим ўрни. Биз инсонларга, Исо Масиҳ «йўл» эканини ва усиз ҳеч ким самовий Отамизнинг олдига кела олмаслиги ҳамда унга ишонмай туриб, Худо билан яқин муносабатларга эга бўлишнинг имкони йўқлигини тушунишларига кўмаклашишимиз керак (Юҳан. 14:6). Киши, Яҳова Ўз ниятида тўнғич Ўғлига қандай муҳим ўринни ажратганини англамай туриб, Муқаддас Китобни тушуна олмайди. Нима учун? Чунки Аллоҳ Ўз ниятини амалга оширишда Исога асосий ўринни ажратган (Колос. 1:17–20). Муқаддас Китобдаги барча башоратларнинг мағзи айнан ундадир (Ваҳ. 19:10). Исо Масиҳ орқали, Шайтоннинг исёни ва Одамато қилган гуноҳининг оқибатлари бартараф этилади (Иброн. 2:5–9, 14, 15).
Киши, Исонинг ўрнини қадрлаши учун одамлар қанчалик аянчли аҳволда эканини ва бу муаммони ўзлари еча олмаслигини тан олиши керак. Барчамиз гуноҳкор бўлиб туғилганмиз. Ҳаётимиз давомида гуноҳнинг оқибати турлича намоён бўлиши мумкин. Лекин охир-оқибат, барибир ўлимга дучор бўламиз (Рим. 3:23; 5:12). Ушбу муҳим ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик қилаётган кишилар билан мулоҳаза юритинг. Сўнгра, Исонинг тўлов қурбонлиги асосида бу тўловни қадрлайдиган кишиларга Яҳова севги ила гуноҳ ва ўлимдан фориғ бўлиш имконини очиб берганини тушунтиринг (Марк 10:45; Иброн. 2:9). Бу туфайли улар мангу ҳаётга ва мукаммалликка эга бўладилар (Юҳан. 3:16, 36). Буларнинг барчасига эришишнинг бошқа йўли йўқ (Ҳавор. 4:12). Бирор кишига ёки жамоатда таълим берганда, ушбу далилларни келтириш билан кифояланманг. Меҳр ва сабр-тоқат билан, тингловчиларингизни Исо Масиҳ Халоскоримиз сифатида қилган ишлари учун миннатдор бўлишга унданг. Ушбу ҳадя учун миннатдорлик, инсоннинг ҳаётидаги мақсадлари, нуқтаи назари ва хулқ-атворига чуқур таъсир қилиши мумкин (2 Кор. 5:14, 15).
Шубҳасизки, Исо ҳаётини фақатгина бир марта қурбонликка келтирган (Иброн. 9:28). Аммо у ҳозирги пайтда Олий руҳоний сифатида фаол хизмат қилиб келмоқда. Бу нимани англатишини одамлар тушунишига ёрдам беринг. Эҳтимол, улар руҳан эзилиб, азоб чекишаётгандир ёки атрофидагиларнинг шафқатсиз муносабатидан сиқилиб яшаётгандир. Исо Масиҳ ер юзида яшаганида, бунинг ҳаммасини бошидан ўтказганди ва биз нималарни ҳис қилаётганимизни у яхши билади. Гуноҳкор бўлганимиз учун, Аллоҳнинг иноятига муҳтож эканимизни ҳис қиляпмизми? Агар Исонинг тўлови асосида Худодан кечирим сўраб ибодат қилсак, Исо Масиҳ «Отамиз ёнида одил ҳомийимиз» бўлиб, раҳмдиллик ила «биз учун воситачилик қилади» (1 Юҳан. 2:1, 2; Рим. 8:34). Исо қурбонликни ҳавола этгани ҳамда Олий руҳоний сифатида хизмат қилаётгани туфайли, биз ўз вақтида ёрдамни олишимиз учун «иноят кўрсатувчи Аллоҳнинг тахтига» яқинлаша оламиз (Иброн. 4:15, 16). Гуноҳкор бўлишимизга қарамай, Исонинг Олий руҳоний сифатида бераётган кўмаги орқали Худога пок виждон билан хизмат қилиш имконига эгамиз (Иброн. 9:13, 14).
Бундан ташқари Исо, имонлилар жамоатининг Аллоҳ томонидан тайинланган Боши сифатида буюк ҳокимиятга эга (Мат. 28:18; Эфес. 1:22, 23). Шундай экан, Тангрининг иродасига мувофиқ, у жамоатга керакли йўл-йўриқни бериб туради. Бошқаларга таълим бераётиб, жамоатнинг Боши қандайдир бир инсон эмас, балки Исо Масиҳ эканлигини англашларига ёрдам беринг (Мат. 23:10). Илк учрашувларданоқ қизиқаётган кишини, «ишончли ва ақлли хизматкор» тақдим этаётган адабиётлар ёрдамида Муқаддас Китоб тадқиқ қилинадиган йиғилишларга таклиф қилинг. Кишига нафақат «хизматкорнинг» кимлигини, балки Хўжайин ким эканлигини тушунтиринг. Шунда у, Исонинг бошчилигини чуқур англаб етади (Мат. 24:45–47). Уни жамоат оқсоқоллари билан таништиринг ва Муқаддас Китобга кўра, бундай кишилар қандай фазилатларга эга бўлишлари кераклигини айтиб беринг (1 Тим. 3:1–7; Титус. 1:5–9). Жамоат оқсоқолларга тегишли эмаслигини, лекин улар бизга Исонинг изидан юришимизга кўмаклашаётганларини таъкидлаб ўтинг (Ҳавор. 20:28; Эфес. 4:16; 1 Бутр. 5:2, 3). Қизиқаётган кишига, Исонинг бошчилиги остида бўлган умумжаҳон ташкилот мавжудлигини тушунишига ёрдам беринг.
Инжилдан, Исо ўлимидан сал олдин Қуддусга кирганида шогирдлари уни «Яҳованинг номидан келаётган Шоҳ», деб аташганини билиб оляпмиз (Луқо 19:38). Киши Муқаддас Китобни чуқур ўргангани сари, Яҳова ҳозирги пайтда Исога бошқариш ҳуқуқини топширганини ва бу барча инсонларга таъсир қилаётганини англай бошлайди (Дон. 7:13, 14). Жамоатда нутқ айтасизми ёки бирор киши билан тадқиқ олиб борасизми, одамларга Исонинг ҳукмронлиги биз учун нимани англатиши кераклигини тушунишларига ва бундан миннатдор бўлишларига ёрдам беринг.
Бизнинг ҳаёт тарзимиз, Исо Масиҳ чиндан ҳам Шоҳ эканлигига ишонаётганимизни ҳамда унинг бошчилигига чин юракдан бўйсунаётганимизни намоён этаётганини таъкидланг. Исо Шоҳ бўлиб тайинланганидан кейин, издошлари бажариши керак бўлган топшириққа диққат қаратинг (Мат. 24:14; 28:18–20). «Ажойиб маслаҳатчи» бўлмиш Исо, ҳаётимизда нима муҳим эканлиги борасида айтганларини муҳокама қилинг (Ишаё 9:6, 7; Мат. 6:19–34). «Тинчлик шаҳзодаси»нинг сўзларига кўра, шогирдлари қандай руҳни намоён этишлари зарур эканлигига эътибор қаратинг (Мат. 20:25–27; Юҳан. 13:35). Бошқалар қўлидан келганича ҳаракат қилиш-қилмаслигини ҳукм қилиш ҳуқуқини ўз зиммангизга олишдан эҳтиёт бўлинг. Бунинг ўрнига уни, хатти-ҳаракатлари билан Исонинг ҳокимиятига қанчалик бўйсунаётганини кўрсатаётгани борасида мулоҳаза юритишга чорланг. Буни қилаётиб, ўзингиз ҳам шундай йўл тутишингиз кераклигини унутманг.
Исо Масиҳ — пойдевор. Муқаддас Китоб шогирд тайёрлаш ишини, пойдевор устида солинган иморат қурилиши билан таққослайди. Ушбу пойдевор эса Исо Масиҳдир (1 Кор. 3:10–15). Бу қурилишда муваффақият қозониш учун, одамга Исони Муқаддас Китобда тасвирланганидек билиб олишига кўмаклашинг. У киши, сизнинг орқангиздан эргашиш керак, деган хулосага келишидан эҳтиёт бўлинг (1 Кор. 3:4–7). Унинг диққатини Исо Масиҳга қаратинг.
Агар пойдевор тўғри қўйилган бўлса, ўрганаётган киши Исо «унинг изидан оғмай юришимиз» учун ўрнак қолдирганини қадрлайди (1 Бутр. 2:21). Шундай экан уни, Инжилни нафақат ҳаққоний ҳикоя, балки тақлид қилиш учун намуна манбаи сифатида қабул қилишга унданг. Унга, Исо намоён этган фазилатлар ва фикрлаш тарзини пайқашига ёрдам беринг. Уни Исо Отасига қандай муносабатда бўлганига, васваса ҳамда синовларни қандай бошдан кечирганига, Аллоҳга итоаткорликни қай йўсин намоён этганига ва турли вазиятларда инсонларга нисбатан қанақа муомалада бўлганига эътибор қаратишга рағбатлантиринг. Исо ўз ҳаётини қайси фаолиятга бағишлаганини таъкидлаб ўтинг. Бу туфайли, ўрганаётган киши қарор чиқарганда ёки синовларга дуч келганида, ўзидан: «Бундай вазиятда Исо нима қилган бўларди? Тутган йўлим, у мен учун қилганларини қадрлаётганимни кўрсатадими?» — дея сўрайди.
Жамоатга қарата гапираётиб, Исога ўзгача эътибор қаратишга ҳожат йўқ, чунки биродару опа-сингиллар бусиз ҳам унга ишонишади, деб ўйламанг. Гапларингизни шу имон асосида қурсангиз, сўзларингиз янада мазмунли бўлади. Жамоат учрашувлари тўғрисида гапираётиб, буни Исо жамоат Боши экани билан боғланг. Воизлик хизмати ҳақида сўзлаётиб, Исо хизмат қилганида қандай руҳни намоён этганига диққат қаратинг. Одамлар омон қолиб, янги дунёга ўтиши учун Масиҳ Шоҳ сифатида ҳозир нималар қилаётганини, бизнинг хизматимизга қандай дахли борлиги билан боғланг.
Кўриниб турганидай, Исо ҳақида асосий нарсаларни билишнинг ўзи етарли эмас. Исонинг чинакам издошлари бўлиш учун, унга ишониш ва уни чин дилдан севиш даркор. Бундай севги ўз навбатида кишини садоқатли ва итоаткор бўлишга ундайди (Юҳан. 14:15, 21). Шунингдек бундай севги, қийинчиликлар пайтида имонда мустаҳкам туришга, умримиз давомида Исонинг изидан оғмай юришга ва «илдиз отиб, мустаҳкам пойдеворда ўрнашган» етук масиҳийлар эканимизни исботлашга ёрдам беради (Эфес. 3:17). Бундай ҳаёт йўли, Исо Масиҳнинг Отаси ва Тангриси Яҳовага шон-шараф келтиради.
«ШОҲЛИК ҲАҚИДАГИ ХУШХАБАР»
ИСО МАСИҲ ўзининг ҳозир бўлишининг ва замона охирлаб бораётганининг тафсилотларини айтаётиб, қуйидагиларни башорат қилган: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади» (Мат. 24:14).
Қизиқ, кенг миқёсда тарқалиши керак бўлган ушбу хабар, нима ҳақида экан? Бу хабар Шоҳлик тўғрисидадир. Ушбу Шоҳлик ҳақида Исо: «Шоҳлигинг келсин»,— деб Худога ибодат қилишга ўргатган (Мат. 6:10). Ҳукм суриш ҳуқуқи Яҳовага тегишли бўлгани учун, У Исони Шоҳ этиб тайинлаган. Шу сабабли, Ваҳий 11:15 да бу Шоҳлик «Раббимиз [Яҳова] ва Унинг Масиҳига тегишлидир» деб айтилган. Шунга эътибор берингки, Исо айтганидек бизнинг давримизда эълон қилиниши керак бўлган хабар, биринчи асрда унинг издошлари ваъз қилган хабарга қараганда кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Улар биринчи асрда: «Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди»,— деб айтишган (Луқо 10:9). Шоҳ бўлиш учун мойланган Исо, ўша пайтда уларнинг орасида бўлган. Бироқ Матто 24:14 да ёзилганидек, Исо, Тангрининг нияти амалга ошиши учун содир бўлиши керак бўлган бошқа муҳим бир воқеани каромат қилган.
Бу воқеа, Дониёр пайғамбарга берилган ваҳий билан боғлиқдир. Ушбу ваҳийга кўра, «Азалий Нуроний» бўлмиш Аллоҳ Яҳова томонидан «инсон қиёфасидаги биттасига», яъни Исо Масиҳга «ҳукмронлик, улуғворлик ва шоҳлик берилди. Барча халқлар, элатлар ва уруғлар унга бўйсунишди» (Дон. 7:13, 14). Бутун дунёга тегишли бўлган ушбу муҳим ҳодиса 1914- йилда самода юз берди. Натижада, Иблис ва унинг жинлари ер юзига отилди (Ваҳ. 12:7–10). Ўшандан бери, ушбу замонанинг охирги кунлари бошланди. Аммо унинг бутунлайин йўқ қилиниш вақти келмагунича, Яҳова тайинлаган Шоҳ самода ҳукм сураётгани ҳақидаги хабар жаҳон бўйлаб тарқалмоқда. Бу хабар ҳамма одамларга эълон қилинмоқда. Одамларнинг бу хабарни қандай қабул қилиши, «инсон салтанатининг Ҳукмдори» Худойи Таолога бўлган муносабатини кўрсатади (Дон. 4:29).
Шуни айтиш керакки, келажакда бизни бундан ҳам ажойиб воқеалар кутмоқда! Биз: «Шоҳлигинг келсин»,— дея ибодат қилиб келяпмиз. Лекин бу, Худонинг Шоҳлиги келажакда ўрнатилишини англатмайди. Бу сўзлар, самовий Шоҳлик Дониёр 2:44 ҳамда Ваҳий 21:2–4 каби башоратларни амалга ошириш учун фаол ҳаракат қилишини билдиради. Ушбу Шоҳлик ер юзини жаннатга айлантиради ва у ерда Аллоҳни ҳамда ўз яқинларини севадиган инсонлар яшайди. «Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни» ваъз қилаётганда эса, келажакда бўладиган бу истиқбол ҳақида гапириб беряпмиз. Шунингдек, Яҳова ҳокимлик қилиш ҳуқуқини Ўз Ўғлига топширганини ҳам уларга аминлик ила айтиб беряпмиз. Шоҳлик ҳақида гапираётиб, сиз ҳам одамларнинг эътиборини ушбу хушхабарга қаратяпсизми?
Шоҳлик нима эканини тушунтиринг. Худонинг Шоҳлиги ҳақида эълон қилиш топшириғини қай йўсин бажаришимиз керак? Суҳбатни турли мавзуларда юритиш орқали қизиқишни уйғотишимиз мумкин. Лекин биз иложи борича тезроқ, Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хабарни етказаётганимизни аниқ кўрсатишимиз лозим.
Бу фаолиятнинг муҳим қисмларидан бири, Шоҳлик тўғрисидаги оятларни ўқиб бериш ёки ёддан айтиб беришдир. Шоҳлик ҳақида айтаётганингизда, одамлар бу нимани англатишини тушунганликларига ишонч ҳосил қилинг. Худонинг Шоҳлиги — ҳукумат деб айтишнинг ўзи етарли эмас. Баъзи кишилар учун кўринмас ҳукуматни тасаввур қилиш қийин бўлиши мумкин. Уларга буни тушунтириб беришнинг бир нечта йўллари бор. Масалан, шамол кўзга кўринмайди, лекин унинг кучли таъсирини ҳис қиламиз. Биз, уни назорат қилаётган Шахсни кўра олмаймиз, аммо У буюк қудратга эга экани шубҳасиздир. Муқаддас Китобда У «Абадият Подшоҳи», деб аталган (1 Тим. 1:17). Бошқа бир мисол келтирса бўлади. Катта мамлакатда яшовчи кўп одамлар ҳеч қачон пойтахтда бўлишмаган ёки унинг ҳукмдори билан шахсан кўришишмаган. Бу одамлар, ҳукуматда нималар содир бўлаётганини янгиликлар орқали билиб олишади. Шу сингари, 2 200 дан ортиқ тилларда мавжуд бўлган Муқаддас Китобда Худонинг Шоҳлиги, ҳокимият кимга ишониб топиширилгани ва Шоҳлик нималарни амалга ошираётгани ҳақида ёзилган. «Қўриқчи минораси» журнали ҳар қандай вақтли нашрларга қараганда, кўпроқ тилларда чоп этилади. Бу журналнинг муқовасида унинг мақсади «Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди», деб келтирилган.
Одамларга Шоҳлик нима эканини тушунишларига ёрдам бериш учун, улар ҳукуматга қандай умид боғлаётганини айтиб ўтса бўлади. Улар, ҳукумат иқтисодий фаровонлик, тинчлик, миллатлараро тенг ҳуқуқлилик, таълим ва тиббий ёрдам билан таъминлаб, жиноятчиликдан ҳимоя қилишини кутишади. Одамларнинг бу ва кўпгина бошқа ўринли тилакларини фақатгина Худонинг Шоҳлиги амалга оширишини кўрсатинг (Заб. 144:16).
Инсонларда, Ҳазрати Исо бошқараётган Шоҳликнинг фуқаролари бўлиш истагини уйғотишга интилинг. Исо самовий Шоҳ сифатида қандай ишларни бажаришини кўрсатиш учун, у ер юзида амалга оширган мўъжизаларга диққат қаратинг. Исо намоён этган фазилатлари ҳақида тез-тез гапириб туринг (Мат. 8:2, 3; 11:28–30). У биз учун ҳаётини қурбон қилганини, бундан сўнг Худо уни тирилтириб, самода боқий ҳаёт ато этганини ва ҳозир Исо айнан осмондан Шоҳ сифатида бошқараётганини тушунтириб беринг (Ҳавор. 2:29–35).
Худонинг Шоҳлиги осмонда ҳозирнинг ўзида ҳукм сураётганини таъкидланг. Лекин кўпчиликнинг фикрича, ҳозирги аҳвол бу Шоҳликнинг остида бўладиган шароитлардан бутунлайин фарқ қилаётганини кўрсатиб турганини унутманг. Кўплар шундай фикрга эга эканини таъкидлаб, Исо Масиҳ бу бошқарувнинг бошланганини кўрсатувчи белгиларни айтиб ўтганидан хабари бор ёки йўқлигини сўранг. Матто 24, Марк 13 ёки Луқо 21- бобларда айтилган охирзамон белгиларининг айримларини гапириб беринг. Сўнг эса, нега Масиҳнинг самода Шоҳлик қилаётгани ер юзида бундай ҳолатга олиб келганини сўранг. Унинг эътиборини Ваҳий 12:7–10, 12 га қаратинг.
Ҳозир Худонинг Шоҳлиги нималар қилаётганини кўрсатиш учун, Матто 24:14 ни ўқиб беринг ва Муқаддас Китоб асосида жаҳон бўйлаб қандай таълим дастури олиб борилаётганини айтиб беринг (Ишаё 54:13). Яҳованинг Шоҳидлари фойда олаётган турли мактаблар ҳақида гапириб беринг. Ушбу мактабларнинг таълим дастури Муқаддас Китобга асосланган ва бепул ўтказилади. Уйма-уй ваъз қилишдан ташқари, 230 дан зиёд мамлакатлардаги ҳар бир одамга ва оилаларга Муқаддас Китобни бепул тадқиқ қилишни таклиф этаётганимизни ҳам айтинг. Қайси инсоний ҳукумат нафақат ўз фуқароларига, балки бутун жаҳондаги инсонларга бундай таълим дастурини тақдим эта олади? Бу каби таълим одамларнинг ҳаётларига қандай таъсир қилаётганини кўриши учун, кишини Йиғилиш Залига ва Яҳова Шоҳидларининг анжуманларига таклиф қилинг (Ишаё 2:2–4; 32:1, 17; Юҳан. 13:35).
Уй эгаси, буларнинг бари унга қандай тегишли эканини тушунадими? Ташриф буюрганингизнинг мақсадини, яъни барча инсонларда Худо Шоҳлигининг фуқароси бўлиб, ҳаёт йўлини танлаш имкони борлигини хушмуомалалик ила айтсангиз бўлади. Бунинг учун нима қилиш керак? Аллоҳнинг талабларини ўрганиб, ҳозирнинг ўзида уларга мувофиқ ҳаёт кечириш зарур (Қонун. 30:19, 20; Ваҳ. 22:17).
Одамлар Шоҳликни ҳаётларида биринчи ўринга қўйишларига кўмаклашинг. Ҳатто киши Шоҳлик хабарини қабул қилганда ҳам, у яна анча-мунча қарорлар чиқаришига тўғри келади. Худонинг Шоҳлиги унинг ҳаётида қайси ўринда бўлади? Исо шогирдларини: «Худонинг Шоҳлиги... ҳаётингизда биринчи ўринда бўлсин»,— деб ундаган (Мат. 6:33). Имондошларимиз бундай қилишларига қай йўсин ёрдам беришимиз мумкин? Ўзимиз бунда яхши ибрат кўрсатиб, бундай қилиш учун қандай чоралар кўриш мумкинлигини муҳокама қилсак бўлади. Қолаверса, кишидан қандай имкониятлари борлиги ҳақида ўйлаб кўрган-кўрмаганлигини сўраб, бошқалар бу борада нималар қилишаётганини айтиб беришингиз мумкин. Муқаддас Китобдаги воқеаларни муҳокама қилиш орқали инсоннинг Яҳовага бўлган севгисини оширинг. Шоҳлик ҳақиқатан ҳам мавжуд ҳукумат эканини таъкидланг. Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хабарни эълон этиш қанчалик муҳим эканлигига эътибор қаратинг. Одамларга нима қилиш кераклигини айтишдан кўра, уларда ҳаракат қилиш истагини уйғотсангиз, яхшироқ натижаларга эришасиз.
Шак-шубҳасизки, биринчи навбатда Тангри Яҳова, Исо Масиҳ ва Шоҳлик ҳақидаги муҳим хабарни эълон қилишимиз керак. Бу билан боғлиқ бўлган муҳим ҳақиқатлар йиғилишларимизда доим таъкидланиб туриши лозим. Улар ҳақида ваъзгўйликда ҳам гапиришимиз керак. Ҳаётимиз уларга асосланиши даркор. Ўшанда, Воизлик мактабида олаётган таълим чиндан ҳам бизга фойда келтираётганини кўрсатамиз.