Яҳова Ўз халқини қандай қутқаришни билади
Художўй кишиларни синовлардан қандай қутқаришни... Яҳова билади. 2 БУТР. 2:9
ИЛТИМОС, ЖАВОБ БЕРИНГ
Яҳова Ўз ниятини амалга ошириш учун воқеаларнинг қайси пайтда содир бўлишини бутунлай назорат қила олишига нега аминмиз?
Яҳова Ўз хизматчиларини қутқариш мақсадида чексиз қудратидан фойдаланишига бизни нима ишонтиради?
Буюк қайғу пайтида воқеалар қандай ривожланишини Яҳова аниқ билишига нега ишонамиз?
1. «Буюк қайғу» пайтида дунёда қандай аҳвол бўлади?
ЯҲОВАНИНГ Шайтон дунёси устидан чиқарган ҳукми ногаҳон, одамлар кутмаган пайтда амалга ошади (1 Салон. 5:2, 3). Яҳованинг «буюк куни»да, бутун дунёда ўта тартибсизлик ҳукм суради (Заф. 1:14–17). Қийинчиликлар ва етишмовчиликлар одатий ҳол бўлиб қолади. Бу азоб-уқубатлар пайти бўлиб, «дунё пайдо бўлганидан бери бунақаси ҳали бўлмаган» (Матто 24:21, 22 ни ўқинг).
2, 3. а) «Буюк қайғу» пайтида Худонинг халқи нималарга дуч келади? б) Яҳова халқини қутқара олишига ишончимиз янада мустаҳкам бўлишига нима ёрдам беради?
2 «Буюк қайғу» ўз авж нуқтасига етганида, «Магўг юртидаги... Гўг» Худонинг халқига сўнгги зарбани беришга ҳаракат қилади. Бу ҳужум пайтида «чексиз... лашкар» «ер юзини қоплаган булут каби» Худонинг халқига қарши чиқади (Ҳиз 38:2, 14–16). Биронта инсоний ташкилот Яҳованинг халқига ёрдам бермайди. Улар учун нажот фақат Худодан келади. Душманлар уларни бутунлай қириб ташлашга келганида, Худонинг халқи ўзини қандай тутиши керак?
3 Агар сиз Яҳованинг хизматчиси бўлсангиз, буюк қайғу пайтида У халқини қутқаришга қодир эканига ва У буни хоҳлаётганига ишонасизми? Ҳаворий Бутрус шундай деб ёзган эди: «Художўй кишиларни синовлардан қандай қутқаришни, адолатсиз кишиларни эса йўқ қилиш учун ҳукм кунигача қандай сақлашни Яҳова билади» (2 Бутр. 2:9). Яҳова халқини қутқара олишига ишончимиз янада мустаҳкам бўлиши учун, У ўтмишда буни қандай қилгани борасида мулоҳаза юритиш керак. Келинг, бундай мисоллардан учтасини кўриб чиқайлик.
БУЮК ТЎФОНДАН ОМОН ҚОЛИШ
4. Тўфон бошланишидан олдин қандай ишлар бажарилган эди?
4 Аввалига, Нуҳнинг давридаги Тўфон ҳақида мулоҳаза юритайлик. Тўфон содир бўлишидан олдин, муайян ишлар бажарилган эди. Улкан кема қурилди ва ҳайвонлар эсон-омон кемага киритилди. Ибтидо китобида, Яҳова Тўфон вақтини белгилаш учун кема қачон қуриб битказилар экан дея кутиб ўтиргани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Аксинча, Яҳова кема ўз вақтида қуриб битказилмай қолишидан қўрқмай, Тўфон кунини белгилаб қўйган эди. Нуҳга кема қуришни буюришдан анча олдин, Худо Тўфоннинг вақтини белгилаб қўйган эди. Буни қаердан биламиз?
5. Ибтидо 6:3 га кўра Яҳова нимани эълон қилди ва бу ҳукм қачон амалга оширилган эди?
5 Яҳова осмонда ҳукм чиқарган эди. Тавротда, У шундай деб айтган: «Менинг Руҳим одамзодда абадий қолмас, зероки у ўткинчи махлуқдир. Унинг умри юз йигирма йил бўлади» (Ибт. 6:3, Туркия 1998). Бу сўзлар билан Яҳова инсоннинг қанча умр кўришини эмас, балки худосизлар устидан ҳукм чиқариб, уларни ер юзидан йўқ қилмоқчи эканини эълон қилган эдиa. Тўфон мил. авв. 2370- йилда бошланган бўлса, демак Худованд ушбу ҳукмни мил. авв. 2490- йилда чиқарган. Бу вақтда Нуҳ 480 ёшда бўлган (Ибт. 7:6). Тахминан 20 йил ўтгач, мил. авв. 2470- йилда Нуҳнинг ўғиллари туғила бошлади (Ибт. 5:32). Тўфон бошланишига қарийб юз йил қолган эди, лекин инсониятни қутқаришда Нуҳ қандай вазифани бажариши кераклигини Яҳова унга ҳали очиб бермаганди. Нуҳга бу ҳақда хабар бериш учун Худо яна қанча кутган?
6. Нуҳга кема қуришни Яҳова қачон буюрган?
6 Нуҳга нималар қилиши кераклигини очиб беришдан олдин, Яҳова бир неча ўн йиллар кутиб тургани эҳтимолдан йироқ эмас. Хўш, нимага асосланиб бундай хулосага келишимиз мумкин? Илоҳий Ёзувлар шуни кўрсатяптики, Худо Нуҳга кема қуришни буюрган вақтга келиб унинг ўғиллари аллақачон улғайиб уйланган эдилар. Яҳова Нуҳга шундай деган: «Сен билан эса Мен аҳд қиламан. Сен кема ичига кирасан, сен билан бирга ўғилларинг, хотининг, келинларинг ҳам киради» (Ибт. 6:9–18). Демак, Тўфон бошланишига 40 ёки 50 йил қолганида, Нуҳ кема қуриш топшириғини олган бўлиши мумкин.
7. а) Нуҳ ва унинг оиласи ўз имонини қандай намоён этишди? б) Худо Нуҳга Тўфон бошланишининг аниқ вақтини қачон айтган?
7 Кемани қуриш иши қизғин давом этаётган бир пайтда, Худо қай йўсин Ўз ниятини амалга ошириши ҳамда Тўфон қачон бошланиши, Нуҳни ва унинг оиласини қизиқтирган бўлса керак. Гарчи улар бу тафсилотларни билмаган бўлишса-да, бу уларни кемани қуришдан тўхтатиб қўймаган. Муқаддас Ёзувларда шундай дейилган: «Нуҳ ҳамма нарсани Худо амр этгандай қилди» (Ибт. 6:22). Тўфон сувлари ерни қоплашига етти кун қолганида, Яҳова Тўфон бошланишининг аниқ вақтини айтган. Ҳайвонларни кемага киритиш учун, Нуҳ ва унинг оиласига бу вақт етарли эди. Шундай қилиб «Нуҳ 600 ёшга кирганда, иккинчи ойнинг ўн еттинчи куни» осмон қопқалари очилганида, ҳамма нарса тайёр эди (Ибт. 7:1–5, 11).
8. Тўфон ҳақидаги воқеа бизни нимага ишонтирмоқда?
8 Тўфон ҳақидаги воқеа шуни исботлаяптики, Яҳова қайси пайтда ва қай йўсин халқини қутқариш кераклигини яхши билади. Ушбу замонанинг охирати яқинлашаётгани сайин, Яҳова нимаики ният қилган бўлса, бу Ўзи белгилаган вақтда, аниқ «кун ва соат»да амалга ошишига ишончимиз комил бўлиши керак (Мат. 24:36; Хабаққуқ 2:3 ни ўқинг)b.
ҚИЗИЛ ДЕНГИЗДАН ҚУТҚАРИЛИШ
9, 10. Миср лашкарини тузоққа тушириш учун Яҳова халқидан қандай фойдаланди?
9 Кўриб чиққанимиздек, Яҳова Ўз ниятини амалга ошириш учун воқеаларнинг қайси пайтда содир бўлишини бутунлай назорат қила олади. Энди келинг, яна бир мисолни муҳокама қилайлик. Бу мисолдан Яҳова Ўз халқини қутқаришига ишонишимиз мумкинлигининг иккинчи сабабини кўрсак бўлади. Ушбу воқеа орқали, Тангри Яҳова чексиз қудратидан Ўз ниятини амалга ошириш мақсадида фойдаланишини исботлаб берди. Яҳова, хизматчиларини қутқариш мақсадида, баъзида улардан душманларини тузоққа илинтириш учун фойдаланади. Буни исроилликлар Миср қуллигидан озод этилгани ҳақидаги мисолдан кўрса бўлади.
10 Мисрдан чиққан исроилликларнинг сони тахминан уч миллион бўлган. Халқни бошлаб бориши учун, Яҳова Мусога йўл кўрсатади. Буни кўрган фиръавн исроилликлар адашиб қолди деган фикрга боради (Чиқиш 14:1–4 ни ўқинг). Шундай қилиб фиръавн лашкари билан уларнинг орқасидан қувади ва уларни Қизил денгизда тузоққа туширади. Исроилликлар қочиб қутулиши учун йўл йўқдай туюларди (Чиқ. 14:5–10). Лекин исроилликларга ҳеч нарса хавф солмасди. Нега? Чунки Яҳова улар томонда эди.
11, 12. а) Қандай қилиб Яҳова халқининг томонини олди ва бу қандай натижа келтирди? б) Ушбу ҳикоядан Яҳова ҳақида нимани билиб олдик?
11 Исроил халқининг олдидаги «булут устуни» уларнинг орқасига ўтиб, фиръавн лашкарининг йўлини тўсиб қўйди ва мисрликлар турган томонни қоронғи қилиб қўйди. Аммо Исроил халқи турган томонни эса туни билан ёритиб турди (Чиқиш 14:19, 20 ни ўқинг). Сўнг, Яҳова шарқдан кучли шамол эстириб, денгизни икки томонга айирди ва «денгизни қуруқ ерга айлантирди». Албатта бу кўп вақт талаб этарди. Чунки оятда айтилишича, Яҳова «тун бўйи» шарқдан кучли шамол эстирганидан кейингина, «Исроил халқи денгиздаги қуруқ ердан юриб ўта бошлади». Фиръавннинг отлиқ лашкарига қараганда исроилликлар жуда секин ҳаракатланаётган эди. Бироқ мисрликлар исроилликларнинг ортидан қувиб ета олмасди, чунки Яҳованинг Ўзи халқи учун жанг қилаётган эди. Худо «Миср лашкарига қараб, уларни саросимага солди. Жанг араваларининг ғилдираклари ботиб қолди. Натижада Мисрликлар араваларини зўрға тортиб кетдилар» (Чиқ. 14:21–25).
12 Барча исроилликлар денгизнинг бошқа томонидаги соҳилга эсон-омон ўтиб олишгач, Яҳова Мусога шундай деб амр этди: «Қўлингни денгизга узат! Сув Мисрликларнинг, уларнинг аравакашлари ва жанг аравалари устига қайтсин!» Миср лашкарлари шиддат билан уларнинг устига тушаётган сувлардан қочмоқчи бўлишганида, Яҳова «уларни денгизнинг ўртасига силкитиб отди». Энди орқага йўл йўқ эди. Шундай қилиб «улардан бирортаси ҳам тирик қолмади» (Чиқ. 14:26–28). Бу билан Яҳова ҳар қандай вазиятда халқини қутқаришга қодир эканини исботлади.
ҚУДДУСДАГИ ВАЙРОНАГАРЧИЛИКДАН ОМОН ҚОЛИШ
13. Исо шогирдларига қандай кўрсатмалар берган эди ва шогирдларини нима қизиқтирган бўлиши мумкин?
13 Яҳова воқеалар қандай ривожланишини аниқ билгани учун Ўз ниятини амалга ошира олади. Бу фикрнинг муҳимлигини кўрсатиб берадиган учинчи мисолни, аниқроғи биринчи асрда Қуддуснинг қамал қилиниши ҳақидаги воқеани кўриб чиқайлик. Милодий 70- йилда Қуддус ва Яҳудия шаҳарлари вайрон бўлишидан олдин, у ерларда яшовчи масиҳийларни қутқариш учун Яҳова Ўғли орқали кўрсатмалар берган эди. Исо шундай деган: «Дониёр пайғамбар орқали башорат қилинганидай, вайронагарчилик келтирадиган жирканч нарсанинг муқаддас жойда турганини кўрганингизда... Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин» (Мат. 24:15, 16). Аммо бу башорат қачон амалга ошишини Исонинг шогирдлари қандай билиб олишлари мумкин эди?
14. Воқеалар ривожи Исонинг сўзларига қандай ойдинлик киритди?
14 Воқеаларнинг ривожи, Исо айтган сўзларнинг маъносини очиб бера бошлади. Милодий 66- йилда яҳудийларнинг қўзғолонини бостириш мақсадида Цестий Галл бошчилигида Рим қўшини Қуддусга келади. Зелотлар номи билан танилган яҳудий исёнчилари паноҳ излаб, маъбаднинг қальасида яширинишади. Шунда римлик аскарлар маъбад деворининг тагини ковлаб йўл очишни бошлайдилар. Ҳушёр турган масиҳийлар учун бу аниқ белги эди: сохта худоларга сиғинган Рим қўшини ўзининг бутпарастликка хос байроқларини («жирканч нарсани») кўтариб, маъбаднинг деворларига («муқаддас жойга») яқинлашиб қолишди. Бу Исонинг шогирдлари учун «тоғларга қочиш»нинг айни вақти эди. Аммо қамалда бўлган шаҳардан қандай чиқиб кетишлари мумкин эди? Воқеалар кутилмаганда бошқача тус олди.
15, 16. а) Исо қандай кўрсатма берган ва нега унинг издошлари бунга итоат этишлари муҳим эди? б) Қутқарилишимиз нима билан чамбарчас боғлиқ?
15 Номаълум сабабларга кўра, Цестий Галл ва унинг қўшини орқага чекиниб, Қуддусдан кетиб қолишди. Зелотлар эса уларнинг орқасидан қувиб кетишди. Жанг қилаётган томонлар шаҳарни тарк этишди. Кутилмаганда Исонинг шогирдларида қочиш имкони пайдо бўлди. Исо шогирдларига мол-мулкларини ташлаб, шошилинч тарзда қочиш кераклиги тўғрисида аниқ кўрсатма берган эди (Матто 24:17, 18 ни ўқинг). Нега шунчалик тезкор ҳаракат қилиш талаб этиларди? Жавоби кўп ўтмай аён бўлди. Атиги бир неча кун ўтгач, зелотлар шаҳарга қайтишди ва Қуддус ҳамда Яҳудияда яшовчи аҳолининг барчасини исёнга қўшилишга мажбурлай бошлашди. Тез орада шаҳардаги вазият оғирлашди. Чунки яҳудийлар орасидаги рақиб гуруҳлар бошқарувни қўлга киритиш учун бир-бири билан кураш олиб борарди. Шаҳардан қочиш борган сари қийинлашаётган эди. Милодий 70- йилда римликлар қайтиб келишганида эса қочиш умуман имконсиз эди (Луқо 19:43). Шаҳарда қолганларнинг барчаси тузоққа тушди! Исонинг кўрсатмаларига риоя қилиб тоғларга қочган масиҳийлар эса омон қолишди. Улар ўз кўзлари билан Яҳова қандай қилиб халқини қутқарганини кўришди. Хўш, мазкур воқеадан биз қандай сабоқ олсак бўлади?
16 Буюк қайғу пайтида масиҳийлар Худонинг Каломи ҳамда Унинг ташкилоти орқали етказилаётган кўрсатмаларга риоя қилишлари жуда муҳимдир. Масалан, Исо издошларига «тоғларга қочиш» борасида кўрсатма берган эди. Буюк қайғу пайтида ҳам бизга «қочиш» ҳақида кўрсатма берилиши мумкин. Хўш, қандай қилиб қочсак бўлади? Буни ҳали аниқ билмаймизc. Аммо шунда аминмизки, бизга кўрсатмалар бериш вақти келганида, Яҳова уларга қандай риоя этиш кераклигини ҳам тушунтириб беради. Қутқарилишимиз итоаткорлик билан чамбарчас боғлиқ экан, келинг, ўзимизга шундай савол берайлик: «Бугунги кунда Яҳова Ўзининг халқига бераётган кўрсатмаларга амал қиляпманми? Тезда амал қилишга ҳаракат қиламанми ёки иккиланиб тураманми?» (Ёқб. 3:17).
КЕЛАЖАККА АМИНЛИК БИЛАН ҚАРАШ
17. Хабаққуқ пайғамбарнинг башорати Худонинг халқига зарба берилиши борасида нимани очиб берди?
17 Энди келинг, мақоланинг бошида сўнгги зарбани бермоқчи бўлган Гўг ҳақидаги воқеага қайтайлик. Ҳизқиё сингари Хабаққуқ пайғамбар ҳам бизнинг вақтимиз тўғрисида башорат қилиб, шундай деган: «Мен буларни эшитдим. Шунда увушди менинг юрагим, титрай бошлади лабларим, мадорим қолмай, қалтиради тиззаларим. Аммо мен сабр-тоқат қиламан, босқинчиларимиз [даҳшатга солувчи қўшин] бошига [Худо томонидан] тушадиган кулфат кунини кутаман» (Хаб. 3:16). Худонинг халқига зарба берилиши ҳақидаги хабарни эшитиб, пайғамбар қўрққанидан юраги увушиб кетди, лаблари титраб, мадори қуриб қолди. Шунга қарамасдан пайғамбар сабр-тоқат ила Яҳованинг кунини кутишга қарор қилди ва Тангри Ўз халқини халос этишига ишонди. Биз ҳам шундай ишончга эгамиз (Хаб. 3:18, 19).
18. а) Сўнгги зарба берилиши кутилаётган бўлса-да, нега бундан қўрқмаслигимиз керак? б) Кейинги мақолада нима тўғрисида гап боради?
18 Кўриб чиққан учта мисол орқали, Яҳова халқини қандай қутқариш кераклигини яхши билишига амин бўлдик. Унинг иродаси ҳеч қачон амалга ошмай қолмайди. Аксинча, у доим ғалаба қозонади. Бошқаларга Аллоҳнинг тантанавор ғалабаси тўғрисида айтиб бераётган эканмиз, авваламбор ўзимиз Аллоҳга охиригача садоқатли қолишимиз кераклигини унутмайлик. Унда ҳозирги пайтда садоқатли бўлиб қолиш учун Худо бизга қандай ёрдам беряпти? Бу кейинги мақоланинг мавзусидир.
[Изоҳлар]
b Хабаққуқ 2:3: «Башорат белгиланган вақтда амалга ошади. Ўша вақт ҳа демай етиб келади, башорат рўёбга чиқади. Борди–ю, у кечикадиган бўлса, сабр қилгин. У албатта бажо бўлади, кеч қолмайди».
c «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 1999- йил 1- май сонидаги 19- саҳ. қ.
[24- саҳифадаги расм]
Исроилликларга фиръавннинг қўшини хавф солиб турибдими?