18- БОБ
«Ғазабим аланга олади»
БУ БОБДА: Гўгнинг ҳужуми Яҳованинг ғазабини қўзғатади; Армагеддон жанги пайтида Яҳова Ўз халқини ҳимоя қилади
1–3. а) Яҳованинг қаҳр-ғазаби нимага сабаб бўлади? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.) б) Нимани кўриб чиқамиз?
ЭРКАКЛАР, аёллар ва болалар биргаликда туриб ҳамду сано қўшиғини куйлашди. Кейин оқсоқол чин дилдан ибодат қилиб, Яҳовадан уларни ҳимоя қилишини сўради. Яҳова ғамхўрлик қилишига жамоат аъзоларининг ишончи комил, лекин барибир улар тасалли ва далдага муҳтож. Ташқаридан уруш товушлари эшитиляпти. Армагеддон бошланди! (Ваҳ. 16:14, 16)
2 Армагеддонда Яҳова ғазабга миниб одамларни йўқ қилади. (Ҳизқиё 38:18 ни ўқинг.) У ғазабини нафақат бир қўшин ёки халққа, балки бутун ер юзидаги сон-саноқсиз одамларга сочади. Ўша куни «Яҳова қириб ташлаган одамларнинг жасадлари ернинг бир четидан иккинчи четигача ёйилиб ётади». (Ерм. 25:29, 33)
3 «Шафқатли ва раҳмдил, сабр-тоқатли» деб таъриф берилган севги Худоси бўлмиш Яҳова қаҳр-ғазабга берилиб бундай йўл тутишига нима сабаб бўлади? (Чиқ. 34:6; 1 Юҳан. 4:16) Келинг, ушбу саволнинг жавобини билиш қай йўсин бизга улкан тасалли бағишлаши, жасоратга тўлдириши ва ҳозир ваъзгўйлик ишида қатнашишга ундашини кўриб чиқайлик.
Яҳованинг ғазаби аланга олишига нима сабаб бўлади?
4, 5. Худонинг ғазаби номукаммал инсонларникидан нимаси билан фарқ қилади?
4 Аввалига Яҳованинг ғазаби номукаммал инсонларникидан фарқ қилишини англашимиз лозим. Одамнинг ғазаби қайнаб ҳаракатга тушганида кўпинча оқибатини назорат қилиш мушкул ва у камдан-кам ҳолларда яхши натижа келтиради. Масалан, Яҳова Одаматонинг тўнғич ўғли Қобилнинг эмас, унинг укаси Ҳобилнинг қурбонлигини қабул қилганида «Қобилнинг қаттиқ жаҳли чиққан». (Ибт. 4:3–8; Иброн. 11:4) Оқибати қандай бўлган? Қобил одил инсон бўлган укасини ўлдирган. (Ибт. 4:3–8; Иброн. 11:4) Яҳованинг кўнглига ёқадиган инсон, деб таъриф берилган Довуд ҳақида ҳам ўйлаб кўрайлик. (Ҳавор. 13:22) Бой ер эгаси Навол уни ва одамларини ҳақорат қилганини эшитганида ҳатто бу яхши инсон ҳам даҳшатли жиноятга қўл уришига сал қолган. Ғазабга минган Довуд ва одамлари «қиличини белига боғлаб» нафақат ношукур Наволни, балки унинг хонадонидаги барча эркакларни ўлдирмоқчи бўлган. Яхшиямки, Наволнинг хотини Обигайл Довудни ва одамларини қасос олмасликка кўндирган. (1 Шоҳ. 25:9–14, 32, 33) Яҳова Ёқубни: «Ғазабга бериладиган одам, Аллоҳ талаб этган адолатга мувофиқ йўл тута олмайди»,— деб ёзишга илҳомлантиргани бежиз эмас. (Ёқб. 1:20)
Яҳова жаҳлини доим назорат қилади ва У нега ғазабланаётганини аниқ тушунамиз
5 Инсонлардан фарқли ўлароқ, Яҳова жаҳлини доим назорат қилади ва У нега ғазабланаётганини аниқ тушунамиз. Ҳатто қаттиқ ғазабланганида ҳам Яҳова адолат ила йўл тутади. Душманига қарши курашганида У ҳеч қачон «одил инсонни ёвуз билан йўқ... қилмайди». (Ибт. 18:22–25) Қолаверса, Яҳова ўринли сабаб бўлгандагина ғазабланади. Келинг, бунинг иккита сабабини ва улардан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
6. Исми булғанганида Яҳова қандай йўл тутади?
6 Сабаб: Яҳованинг исми булғаниши. Яҳованинг вакилларимиз, деб даъво қила туриб ёвузлик қиладиганлар Унинг обрўйига доғ туширади ва ҳақли равишда ғазабини қўзғайди. (Ҳиз. 36:23) Ўтган бобда муҳокама қилинганидай, Исроил халқи Яҳованинг исмига иснод келтирган. Халқнинг фикрлаш тарзию ишлари Яҳованинг ғазабини қўзғатгани табиий. Бироқ У доим қаҳрини назорат қилган, яъни халқини фақатгина етарлича жазолаган. (Ерм. 30:11) Берилган жазо ўз мақсадига етгач, Яҳова бутунлай жаҳлидан тушган. (Заб. 103:9)
7, 8. Яҳова исроилликларга қилган муомаласидан қандай сабоқлар олишимиз мумкин?
7 Сабоқлар: Яҳова исроилликларга қандай муомала қилгани биз учун муҳим огоҳлантириш бўлиб хизмат қилади. Қадимги Исроил халқи сингари биз ҳам Яҳованинг номи билан аталиш шарафига эгамиз. Биз Яҳованинг Шоҳидларимиз. (Ишаё 43:10) Шу боис, сўзларимизу ишларимиз тўғридан-тўғри Худонинг обрўйига таъсир қилади. Биз била туриб ёмон иш қилишни ва Яҳованинг исмига доғ туширишни асло истамаймиз. Чунки бу Яҳованинг ғазабини қўзғатади ва эртами-кечми У Ўз обрўйини ҳимоя қилишга киришади. (Иброн. 3:13, 15; 2 Бутр. 2:1, 2)
8 Яҳованинг ғазаби аланга олиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантириш Унга яқинлашишимизга тўсқинлик қилиши керакми? Асло. Яҳова сабр-тоқатли ва кечиримли эканини биламиз. (Ишаё 55:7; Рим. 2:4) Аммо шу билан бирга У керак бўлганда жазолашини ҳам тан оламиз. Дарҳақиқат, биз Худога нисбатан эҳтиром ҳиссини туямиз, чунки Унинг ғазаби гуноҳ қилавериб дийдаси қотиб кетганларга нисбатан аланга олишини ва бундайлар Унинг халқи орасида қолишига йўл қўймаслигини биламиз. (1 Кор. 5:11–13) Яҳова нима Унинг жаҳлини чиқаришини бизга аниқ айтган. Шундай экан, фикрлаш тарзимиз ва ишларимиз билан Унинг ғазабини қўзғашдан қоча оламиз. (Юҳан. 3:36; Рим. 1:26–32; Ёқб. 4:8)
9, 10. Садоқатли халқига таҳдид солишганида Яҳова қандай йўл тутади? Мисоллар келтиринг.
9 Сабаб: Яҳованинг садоқатли халқига таҳдид қилишганда. Яҳованинг ғазаби душманлар Унга содиқ ва Ундан паноҳ излайдиган кишиларга ҳужум қилганида аланга олади. Масалан, Исроил халқи Мисрни тарк этгач, фиръавн ва унинг қудратли қўшини бу халққа ҳужум қилган. Халқ Қизил денгиз бўйига тўпланиб олган ҳамда ҳимоясиздай туюлган. Аммо қудратли қўшин Исроил халқининг ортидан денгизнинг қуриган тубига тушганида, Яҳова жанг араваларининг ғилдиракларини чиқариб юборган ва мисрликларни денгизга улоқтирган. «Улардан бирортаси ҳам омон қолмаган». (Чиқ. 14:25–28) Яҳова халқига меҳр-садоқатли бўлгани учун мисрликларга нисбатан ғазаби аланга олган. (Чиқиш 15:9–13 ни ўқинг.)
10 Шу сингари, шоҳ Ҳизқиёнинг даврида Яҳова халқига бўлган севгиси туфайли ҳаракатга тушган. Ўша даврнинг энг қудратли ва шафқатсиз қўшини бўлмиш оссурияликлар Қуддусга қарши юриш қилган. Яҳованинг содиқ хизматчиларига қамал остида секин ва даҳшатли ўлим хавф солган. (4 Шоҳ. 18:27) Шунинг учун Яҳова битта фариштасини юборган ва у бир кечада 185 000 та аскарни ўлдирган. (4 Шоҳ. 19:34, 35) Эртаси куни оссурияликлар қароргоҳида вазият қандай бўлганини бир тасаввур қилинг. Найзалар, қалқонлар ва қиличлар шундоқлигича ерда ётибди. Бурғу товуши одамларни уйғотмаяпти. Ҳарбий бўлинмалар саф тортмаяпти. Чодирлар узра қўрқинчли жимлик чўмган ва ҳамма жойда жасадлар ётибди.
11. Халқига таҳдид қилишганида Яҳова қандай йўл тутгани ҳақидаги Муқаддас Китобда ёзилган мисоллар бизга қай йўсин тасалли ва жасорат бахш этади?
11 Сабоқлар: халқига таҳдид қилишганида Яҳова қандай йўл тутгани ҳақидаги мисоллар душманларимиз учун кучли огоҳлантириш бўлиб хизмат қилади. Барҳаёт Аллоҳ ғазабланганида Унинг «қўлига тушиш даҳшатлидир». (Иброн. 10:31) Мазкур мисоллар бизга тасалли ва жасорат бахш этади. Энг асосий душманимиз Шайтон муваффақиятга эришмаслигини билиш ҳам бизга далда беради. Яқинда у ҳукмронлик қилиши учун ажратилган қисқа вақт ўз ниҳоясига етади. (Ваҳ. 12:12) Унгача эса ҳеч бир шахс, ташкилот ёки ҳукумат Худонинг иродасини бажаришимизга тўсқинлик қила олмаслигини билиб жасорат ила хизматимизни давом эттиришимиз мумкин. (Забур 118:6–9 ни ўқинг.) Ҳаворий Павлуснинг қуйидаги сўзлари биздаги аминликни яхши акс эттиради: «Агар Тангри биз тарафда бўлса, унда ким бизга қарши чиқади?» (Рим. 8:31)
12. Буюк мусибат пайтида Яҳованинг ғазаби аланга олишига нима сабаб бўлади?
12 Яҳова мисрликлар томонидан тузоққа туширилган исроилликларни ҳамда оссурияликлар томонидан қамал қилинган Қуддусдаги яҳудийларни ҳимоя қилгани каби яқинлашиб келаётган буюк мусибат пайтида бизни ҳам ҳимоя қилади. Душманлар бизни йўқ қилишга уринганида, бизни қаттиқ севгани учун Яҳованинг ғазаби уларга аланга олади. Бизга нодонларча ҳужум қиладиганлар Яҳованинг қорачиғига теккандай бўлади. У тезкорлик ва қатъийлик билан ҳаракат қилади. (Закр. 2:8, 9) Ўшанда мисли кўрилмаган қирғин бўлади. Бироқ Яҳованинг душманлари У ғазабини тўкаётганини кўриб ҳайрон қолишмайди. Нега?
Яҳова қандай огоҳлантиришлар берган?
13. Яҳова нима тўғрисида огоҳлантиришлар берган?
13 Яҳова сабр-тоқатли ва Унга қарши чиққан ҳамда халқига таҳдид солганларни йўқ қилиши тўғрисида аниқ огоҳлантиришлар берган. (Чиқ. 34:6, 7) У Еремиё, Ҳизқиё, Дониёр пайғамбарлар, Исо Масиҳ ҳамда ҳаворийлар Бутрус, Павлус ва Юҳанно орқали буюк якуний жанг ҳақида огоҳлантирган. («Буюк жанг ҳақидаги огоҳлантиришлар» номли рамкага қаранг.)
14, 15. Яҳова қандай ишларни амалга оширяпти ва нега?
14 Яҳова мазкур огоҳлантиришларни Каломига ёздирган. Шунингдек, У Муқаддас Китоб тарихдаги энг кўп тилларга таржима қилинган ҳамда кенг тарқалган китоб бўлишига ғамхўрлик қилган. Худо бутун ер юзи бўйлаб ихтиёрий хизматчилардан иборат қўшинни тўплаган. Улар бошқаларга Худо билан яқин муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашяпти ва «Яҳованинг улуғ куни яқин» экани ҳақида огоҳлантиряпти. (Заф. 1:14; Заб. 2:10–12; 110:3) У халқини Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга кўмаклашадиган адабиётларни юзлаб тилларга таржима қилишга, шунингдек, ҳар йили Каломдаги ваъдалару огоҳлантиришлар ҳақида гапиришга юз миллионлаб соат сарфлашга ундамоқда.
15 Яҳова буларнинг барини қилаётганининг сабаби «У ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, аммо ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди». (2 Бутр. 3:9) Севувчи ва сабр-тоқатли Аллоҳимизнинг вакиллари бўлиш ҳамда Унинг хабари тарқалишида оз бўлса-да ҳисса қўшиш нақадар катта шараф! Аммо огоҳлантиришларни назар-писанд қилмаётганлар учун яқинда жуда кеч бўлади.
Яҳованинг ғазаби қачон аланга олади?
16, 17. Душманлар халқига қачон ҳужум қилишини Яҳова қаердан билади?
16 Яҳова якуний жанг кунини белгилаб қўйган. У душманлар халқига қачон ҳужум қилишини олдиндан билади. (Мат. 24:36) Хўш, У буни қаердан билади?
17 Ўтган бобда кўрганимиздай, Яҳова Гўгга: «Жағларингга илгаклар соламан»,— деган эди. У халқларни ҳал қилувчи тўқнашувга бошлайди. (Ҳиз. 38:4) Бу Яҳова биринчи бўлиб ҳужум бошлашини, шунингдек, Унга қарши чиқадиганларни ирода эркинлигидан маҳрум қилишини билдирмайди. Аксинча, У қалбларни кўришини ва юзага келган шароитларда душманлари қандай йўл тутишини билишини англатади. (Заб. 94:11; Ишаё 46:9, 10; Ерм. 17:10)
18. Нега одамлар Қодир Тангрига қарши чиқишади?
18 Яҳова жангни Ўзи бошламас ва душманларини урушишга мажбурламас экан, нега оддий одамлар Қодир Тангрига қарши чиқади? Бунинг сабабларидан бири, эҳтимол, ўша пайтга келиб одамлар Худо йўқлигига ёки У бор бўлса ҳам одамларнинг ишига аралашмаслигига ишонишади. Бундай фикрга боришларига ер юзидаги сохта диний ташкилотларни йўқ қилиб юборишгани сабаб бўлиши мумкин. Улар агар Худо мавжуд бўлганида ўзларини Унинг вакилларимиз, деб атаётган ташкилотларни ҳимоя қилган бўларди, деб ўйлашар. Аслида эса Аллоҳнинг Ўзи Уни шарманда қилаётган динларни йўқ қилиш фикрини уларнинг дилига солганини англашмайди. (Ваҳ. 17:16, 17)
19. Сохта дин йўқ қилингач, ҳойнаҳой, нима юз беради?
19 Сохта дин йўқ қилинганидан бироз вақт ўтгач, Яҳованинг халқи мудҳиш хабарни эълон қилади. Ваҳий китобида бу хабар ҳар бири 20 килограмм келадиган дўлга ўхшатилган. (Ваҳ. 16:21, изоҳ) Ҳойнаҳой, бу хабар сиёсат ва тижорат йўқ қилиниши ҳақида бўлиб, уни эшитганларга азоб келтиради ва одамлар Худони лаънатлай бошлашади. Эҳтимол, айнан шу хабар туфайли халқлар Худонинг халқига ёппасига ҳужум қилиб, бизни биратўла тинчитишга уринар. Улар бизни ҳимоясиз ва осонгина йўқ қилиб юбориш мумкин, деб ўйлашади. Улар қанчалик адашади-я!
Яҳова ғазабини қандай сочади?
20, 21. Гўг ким ва у билан нима юз беради?
20 Ўтган 17- бобда кўриб чиққанимиздай, Ҳизқиё бизга ҳужум қиладиган халқлар иттифоқига нисбатан «Магўг юртидаги Гўг» деган башоратли номни қўллаган. (Ҳиз. 38:2) Аммо бу иттифоқ аъзолари орасида номигагина бирлик бўлади. Улар ўзаро ҳамкорлик қилаётгандай туюлса-да, ораларида рақобат, мағрурлик ва миллатчилик давом этади. Шунинг учун, Яҳова осонгина ҳар бирининг қиличини «биродарига қарши» қилиб қўяди. (Ҳиз. 38:21) Бироқ халқлар инсон қўлидан йўқ бўлиб кетмайди.
21 Йўқ бўлиб кетишдан олдин душманларимиз «Инсон Ўғлининг аломати»ни, ҳойнаҳой, Яҳова ҳамда Исонинг инсонларникидан устун турадиган қудрати намоён бўлганини кўришади. (Мат. 24:30) Бизга қарши чиқаётганлар даҳшатга солувчи нарсаларнинг гувоҳи бўлишади. Исо башорат қилганидай, «одамлар ер юзига келаётган ҳодисаларни кутиб қўрқувдан адо бўлишади». (Луқо 21:25–27) Улар Яҳованинг халқига ҳужум қилиб, қаттиқ адашганини англашади. Улар Яратувчини қўмондон, Қўшинлар Сарвари Яҳова сифатида билиб олишади. (Заб. 46:6–11; Ҳиз. 38:23) Шубҳасизки, Яҳова самовий қўшини ҳамда табиат кучларидан фойдаланиб садоқатли хизматчиларини ҳимоя қилади, душманларини эса қириб ташлайди. (2 Бутрус 2:9 ни ўқинг.)
22, 23. Худонинг халқини ким ҳимоя қилади ва улар ўз вазифаси ҳақида қандай фикрда бўлиши шубҳасиз?
Яҳованинг куни ҳақида билганларимиз бизни нима қилишга ундаши лозим?
22 Самовий қўшинни Худонинг душманлари устига бошлаб боришни ва Отасини севадиган ҳамда Унга хизмат қиладиган кишиларни ҳимоя қилишни Исо қанчалик исташи ҳақида ўйлаб кўринг. Мойланганларнинг кўнглидан қандай туйғулар ўтишини ҳам тасаввур қилиб кўринг. Армагеддондан бироз олдин уларнинг ер юзида қолган қисми самовий ҳаётга кўтарилади ва 144 000 мойланганларнинг бари Исо билан жангда қатнашади. (Ваҳ. 17:12–14) Мойланганларнинг кўпчилиги охирзамон пайтида бошқа қўйлардан бўлган масиҳийлар билан елкама-елка хизмат қилиб яқин муносабатларни ривожлантирган бўлиши шубҳасиз. Ўшанда уларни қийин дамларда садоқат ила қўллаб-қувватлаганларни ҳимоя қилиш учун мойланганларда ҳам ҳокимият, ҳам қудрат бўлади. (Мат. 25:31–40)
23 Исонинг самовий қўшини таркибида фаришталар ҳам бўлади. (2 Салон. 1:7; Ваҳ. 19:14) Улар Шайтонни ва жинларни самодан улоқтиришда Исога ёрдам беришганди. (Ваҳ. 12:7–9) Фаришталар ер юзида Яҳовага топинишни истовчиларни тўплашда ҳам қатнашяпти. (Ваҳ. 14:6, 7) Яҳова садоқатли хизматчиларини ҳимоя қилишда фаришталар ҳам қатнашишига изн бериши жуда оқилона, шундай эмасми?! Энг муҳими эса Яҳованинг қўшинига кирувчи барча Унинг душманларини йўқ қилиб, исмини ёки обрўйини оқлашда қатнашишни шараф, деб ҳисоблайди. (Мат. 6:9, 10)
24. Буюк оломонни ташкил этувчи бошқа қўйлар ўзини қандай тутиши керак бўлади?
24 Уларни шундай қудратли ва эзгу ниятли қўшин ҳимоя қилар экан, буюк оломонни ташкил этувчи бошқа қўйларнинг қўрқишига заррача ҳам асос йўқ. Чиндан ҳам, улар қоматини ғоз тутиб бошини кўтаришади, зеро халос бўлиш вақти яқинлашиб қолди. (Луқо 21:28) Яҳованинг куни келгунига қадар имкон борича кўпроқ одамларга меҳрибон ва ғамхўр Отамизни таниб-билишга ҳамда Унга меҳр қўйишга кўмаклашишимиз ниҳоятда муҳим. (Зафаниё 2:2, 3 ни ўқинг.)
25. Кейинги бобда нима ҳақида гап юритилади?
25 Инсонлар олиб борган урушлардан кейин тартибсизлигу азоб-уқубат қолади. Бундан фарқли равишда Армагеддон жанги тартиб ва бахт олиб келади. Яҳова ғазабидан тушиб, қўшини қиличини қинига солиб қўйганида ва буюк жанг ниҳоясига етганида ҳаёт қандай бўлади? Кейинги бобда ўша ажойиб келажак ҳақида гап юритилади.