Тангри Яҳова хизматчиларини қадрлайди
Худо адолатсиз эмас. У сизларнинг ишингизни, Унинг исмига кўрсатган муҳаббатингизни унутмайди. ИБРОНИЙЛАРГА 6:10
1. Тангри Яҳова Рут исмли аёлни қадрлаётганини қандай кўрсатди?
АЛЛОҲ ЯҲОВА Унинг иродасини бажараётган одамларни қадрлаб, уларга мукофот бериши тайин (Ибронийларга 11:6). Масалан, художўй бўлган Боз исмли киши Худованднинг бундай хислати борлигига амин эди. Зеро у, тул бўлиб қолган қайнанасига меҳр ила ғамхўрлик қилган мўаблик Рут исмли аёлга: «Яхшиликларинг учун Эгамдан қайтсин... Эгамдан сенга тўлиқ мукофот бўлсин»,— деб айтди (Рут 2:12). Хўш, Рут Худодан мукофот олдими? Албатта! У ҳақда ҳатто Муқаддас Китобда ёзилган! Рут Бозга турмушга чиқди ва уларнинг наслидан ҳазрати Довуд ва Исо алайҳиссалом дунёга келди (Рут 4:13, 17; Матто 1:5, 6, 16). Эгамиз Яҳова хизматчиларини қадрлаётганини кўрсатаётган бу мисол ягона эмас.
2, 3. а) Аллоҳ художўй кишиларни қадрлаётганини қайси сўзлар аниқ кўрсатиб турибди? б) Нима учун Яҳова Унга қилган хизматимизни қадрлайди? Мисол келтиринг.
2 Худованд Яҳова мукофот бермаслигини адолатсизлик деб билади. Инжилда: «Худо адолатсиз эмас. У сизларнинг ишингизни, Унинг исмига кўрсатган муҳаббатингизни унутмайди, Ўз азизларига қандай хизмат қилганингизни ва ҳозир ҳам қилаётганингизни ёдда тутади»,— дейилган (Ибронийларга 6:10). Гарчи ҳамма одамлар гуноҳкор ва Худонинг улуғворлигидан маҳрум бўлса-да, Аллоҳ художўй кишиларни қадрлаётганини бу сўзлар аниқ кўрсатиб турибди (Римликларга 3:23).
3 Тўғри, номукаммаллигимиз дастидан илоҳий хизматимиз Яҳова қадрлашига арзимайди, деб ўйлашимиз мумкин. Бироқ Яҳова ниятларимизу шароитларимизни тўлиқ тушуниб, чин дилдан қилаётган хизматимизнинг қадрига етади (Матто 22:37). Мисол учун, бир она столида турган соддагина маржонни кўриб қолди дейлик. Бу совға унчалик қимматли бўлмагани учун, уни бир четга суриб қўйиши мумкин эди. Аммо совғанинг ёнида турган хатдан, маржон қизалоғидан эканини билиб олди. Қизи ойисига совға олиш учун барча йиққан пулини сарфлаган экан. Шунда она совғага бошқача қаради-ю, эҳтимол кўз ёшлари ила қизини қучоқлаб, қанчалик миннатдор эканини айтди.
4, 5. Қандай қилиб ҳазрати Исо комил даражада Худога эргашарди?
4 Яҳова Таоло ниятларимизу чекланган имкониятларимизни билади ва агар биз чин қалбдан Унга хизмат қилсак, албатта қувонади. Ҳазрати Исо комил даражада Худога эргашарди. Инжилда баён этилган камбағал бева аёлнинг хайр-эҳсони ҳақидаги воқеа бунинг тасдиғидир. У ерда қуйидагини ўқиймиз: «Исо маъбаднинг садақа қутисига назар солиб, хайр-эҳсон ташлаб турган бой одамларни кўрди. Шунингдек, икки тийин ташлаган бир камбағал бева аёлни ҳам кўрди. Шунда Исо деди: “Сизларга чинини айтайин, бу камбағал бева ҳаммадан кўпроқ эҳсон берди. Чунки буларнинг бариси ўзларининг ортиқча пулларидан худойи қилди. Аммо бу аёл камчилигига қарамасдан, ўзининг бор-йўғини ташлади”» (Луқо 21:1–4).
5 Исо алайҳиссалом бу аёлнинг тул ва камбағал эканини билиб, қилган бундай ишини юқори баҳолади. Худованд Яҳова ҳам худди шундай йўл тутади (Юҳанно 14:9). Шундай экан, шароитларимизга қарамай, Аллоҳнинг ва ҳазрати Исонинг марҳаматига сазовор бўлишимиз мумкинлигини билиш нақадар қувончли-а?!
Эгамиз Яҳова худотарс ҳабашни мукофотлади
6, 7. Нега ва қандай қилиб Яҳова Абдумаликни қадрлаётганини кўрсатди?
6 Муқаддас Китобда ёзилган кўп ҳодисалар, Яҳова, Унинг иродасини бажараётганларни мукофотлашини кўрсатиб турибди. Келинг, ёвуз шоҳ Зидқиёнинг хизматида бўлган худотарс Абдумалик исмли кишининг мисолини кўриб чиқайлик. Яҳудо беклари Еремиё пайғамбарни хоинликда айблаб, уни ўлиб кетиши учун сардобага ташлашган эди (Еремиё 38:1–7). Абдумалик бундан хабар топиб ва пайғамбарни унинг айтган башорати учун таъқиб қилишганини тушуниб, ўз ҳаётини хавф остига қўйди-да, шоҳга мурожаат қилди. У, Худонинг пайғамбари билан шундай йўл тутиб, беклар золимлик қилишганини айтди. Кейин шоҳнинг ижозати билан Абдумалик ёнига 30 та кишини олиб, пайғамбарни сардобадан чиқариб олди (Еремиё 38:8–13).
7 Абдумалик имон ила йўл тутиб, эҳтимол бўлган қўрқувни енгганини Худованд Яҳова кўрган эди. Шунинг учун Яҳова Еремиё пайғамбар орқали, Абдумаликнинг жонини сақлаб қолишини айтиб, шу йўсин уни нақадар қадрлаётганини кўрсатди (Еремиё 39:16–18). Дарҳақиқат, Яҳова Еремиё пайғамбар қатори Абдумаликни ҳам Яҳудонинг фосиқ бекларидан ҳамда Қуддусни вайрон қилган бобилликлардан халос этди. Забур 96:10-оятида: «Азизларининг жонини У [Худованд] сақлар, бетавфиқлар қўлидан халос этар» ,— деган сўзларни ўқиймиз.
«Яширин бўлганларни кўрувчи Отанг сени аниқ тақдирлайди»
8, 9. Исо Масиҳнинг мисолидан кўриниб турганидай, қандай ибодатларни Яҳова қадрлайди?
8 Яҳова Таоло художўйлигимизни қадрлаётганини кўрсатаётган бошқа бир далил — ибодатларимиздир. Тавротда: «Тўғрининг ибодати эса Унинг [Аллоҳнинг] қувончи»,— деб айтилган (Ҳикматлар 15:8). Исонинг замонасида кўп диний раҳбарлар хўжакўрсинга ибодат қилишар эди. Бундай кишилар тўғрисида Исо Масиҳ: «Улар ўзларига ярашасини олиб бўлдилар»,— деб айтди. Сўнг шогирдларига қарата: «Сен эса ибодат қилаётганингда ўз ҳужрангга кир ва эшикни беркитиб, яширин бўлган Отангга ибодат қил. Шунда яширин бўлганларни кўрувчи Отанг сени аниқ тақдирлайди»,— деди (Матто 6:5, 6).
9 Аслида Исо алайҳиссалом омма олдида қилинадиган ибодатларни тақиқламаган, чунки ўзи ҳам гоҳида шундай қилар эди (Луқо 9:16). Лекин Яҳова, одамларда таассурот қолдирадиган эмас, балки самимий ва чин юракдан айтилган илтижоларимизни қадрлайди. Шахсий ибодатларимиз Худога нисбатан севгимиз ҳамда умидимиз мустаҳкам эканлигидан далолат беради. Дарвоқе, Исо Масиҳ кўп маротаба ибодат қилиш мақсадида ёлғиз қолишни истагани ажабланарли эмас. Масалан, бир куни ибодат қилиш учун «Исо жуда барвақт турди». Бошқа сафар «танҳо Ўзи ибодат қилиш учун тоққа чиқди». Ўн икки кишини ҳаворий, яъни яқин шогирди қилиб танлашдан аввал эса, у кечани ибодатда ўтказди (Марк 1:35; Матто 14:23; Луқо 6:12, 13).
10. Агар бизнинг ибодатларимиз самимий ва таъсирчан бўлса, нимада амин бўлишимиз мумкин?
10 Исонинг самимий ибодатларини Эгамиз Яҳова қанчалик диққат билан тинглаганини бир тасаввур қилинг-а! Чиндан ҳам Исо баъзан ‘зўр фарёд ва кўз ёшлари билан сиғиниб, ялиниб-ёлворарди’. Натижада, «художўйлиги сабабидан тоати ижобат бўлди» (Ибронийларга 5:7; Луқо 22:41–44). Агар бизнинг ибодатларимиз ҳам самимий ва таъсирчан бўлса, Парвардигоримиз бундай ибодатларимизни қадрлаб, албатта эшитади. Бинобарин, «чин қалбдан мурожаат қиладиган ҳар бир инсонга У [Худо] яқиндир» (Забур 144:18).
11. Бизни ҳеч ким кўрмаганда қилган ишларимизга Яҳова қандай қарайди?
11 Тангри Яҳова яширин ибодатларимизни қадрлар экан, унда бизни ҳатто ҳеч ким кўрмаганда Унга итоат қилганимиз нақадар афзал! Зеро ёлғиз қолганимизда, қандай ишларни қилаётганимиз Яҳовага аён (1 Бутрус 3:12). Ҳа айтганча, танҳо қолганимизда ҳам, Худога садоқатли ва итоаткорли бўлиш, Унга чин қалбдан хизмат қилаётганимизни, яъни ниятларимиз пок эканини ва тўғриликка интилаётганимизни тасдиқлайди (1 Солномалар 28:9). Бундай ишларимиз Яҳованинг қалбини қувонтириши шубҳасиздир! (Ҳикматлар 27:11; 1 Юҳанно 3:22).
12, 13. Қандай қилиб онг ва қалбимизни ҳимоялаб, Натанъил каби бўлишимиз мумкин?
12 Худонинг хизматчилари онг ва қалбни бузувчи яширин гуноҳлардан, масалан беҳаёликни ҳамда зўравонликни томоша қилишдан ўзларини сақлашади. Гарчи қандайдир гуноҳларни одамлардан яшириш мумкин бўлса-да, аммо «Унинг [Аллоҳнинг] кўзи олдида ҳамма нарса очиқ ва аёндир. Ахир, биз Унга ҳисоб берамиз-ку!» (Ибронийларга 4:13; Луқо 8:17). Яҳовага маъқул келишга ҳаракат қилсак, виждонни пок сақлаб, тўғри йўл тутганимиздан қувонамиз. Шубҳасизки, «кимки покдил бўлиб, ҳалол ишласа, чин қалбдан ҳақиқатни сўзласа», Тангри Яҳовага қадрли бўлади (Забур 14:1, 2).
13 Ёвузликка тўлиб-тошган дунёда онг ва қалбни қандай ҳимоялашимиз мумкин? (Ҳикматлар 4:23; Эфесликларга 2:2). Авваламбор, Эгамиз Яҳова тақдим этаётган маънавий нарсалардан фойдаланиб, яхшилик қилишга ва ёвузликдан узоқлашишга жон куйдиришимиз керак. Дарвоқе нотўғри эҳтирослар ривожланиб, оқибатда гуноҳга олиб келгунига қадар, бунга чек қўйиш даркор (Ёқуб 1:14, 15). Агар Исо Масиҳ сиз ҳақингизда худди Натанъил тўғрисида: «Қаранг, ҳеч ҳийлани билмайди»,— деб айтса хурсанд бўлмасмидингиз?! (Юҳанно 1:47). Натанъил шунингдек Бартолмей исми билан таниқли бўлиб, кейинчалик Исонинг ҳаворийси бўлиб қолган (Марк 3:16–19).
«Марҳаматли ва содиқ Олий руҳоний»
14. Бошқалардан фарқли равишда Исо Марямнинг ҳаракатларида нимани кўрди?
14 «Кўринмас Худонинг инъикоси» бўлмиш Исо, Яҳовага чин қалбдан хизмат қилаётганларни қадрлашда самовий Отасига тақлид қиларди (Колосаликларга 1:15). Ўлимидан беш кун олдин у баъзи шогирдлари билан Байтаниялик Симўнникида меҳмонда бўлган эди. Дастурхон атрофида ўтиришган пайтда Марям «бир шиша соф, қимматбаҳо сунбул мойи олиб келди» (мойнинг нархи ишчининг тахминан йиллик маоши эди) ва Исонинг бошию оёқларига суртди (Юҳанно 12:2, 3). Шунда айримлари: «Бу исрофгарликнинг нима кераги бор?» — дея норозилик билдиришди. Бироқ Исо Марямнинг ишига бошқача қаради. Исо ўз ўлими яқинлашганини билиб, Марямнинг ҳаракатларида сахийлик ва самимийликни кўрди. Шу сабабли Исо Марямни танқид қилмай, аксинча бундай деб мақтади: «Инжил Хушхабари дунёнинг қайси ерида тарғиб қилинса, бу аёл ҳам эсланиб, унинг қилган иши ёдга олинади» (Матто 26:6–13).
15, 16. Исо ер юзида яшаб, Худога хизмат қилгани бизга қандай фойда келтирмоқда?
15 Одамларни тушунадиган ва қадрлайдиган Раҳбаримиз борлигига Аллоҳга минг қатла шукр! Ҳа Исонинг айнан ер юзидаги ҳаёти, уни муҳим келажак вазифаларга тайёрлаб қўйди. Зеро Яҳова Таоло уни олдин мойланган масиҳчилар жамоати устидан, сўнг эса бутун дунёнинг Олий руҳонийси ва Шоҳи қилиб тайинлади (Колосаликларга 1:13; Ибронийларга 7:26; Ваҳий 11:15).
16 Ҳали ер юзига келишидан аввал Исо алайҳиссалом инсониятга ўзгача қизиқиш кўрсатиб, меҳр боғлаган эди (Ҳикматлар 8:31). Ер юзида яшаб эса у, биз Худога хизмат қилаётиб қандай қийинчиликларга дуч келаётганимизни яхшироқ тушуна бошлади. Инжилда қуйидагини ўқиймиз: «У [Исо] ҳар жиҳатдан биродарларига ўхшаб қолиши керак эди... Худо ҳузурида таважжуҳ қила оладиган марҳаматли ва содиқ Олий руҳоний бўлмоғи лозим эди. Ўзи синовдан ўтиб азоб чеккани учун, синовдан ўтаётганларга мадад бера олади. Бизнинг Олий руҳонийимиз заифликларимизга ҳамдард бўлишга ожиз эмас, У ҳар томондан бизлар каби васвасага солинган, лекин гуноҳ қилмаган» (Ибронийларга 2:17, 18; 4:15, 16).
17, 18. а) Қандай қилиб еттита жамоатга йўлланган мактублардан Исо Масиҳ, шогирдларини яхши тушунгани ва қадрлаётгани аён бўлмоқда? б) Мойланганлар қандай вазифаларга тайёргарлик кўришган?
17 Исо, шогирдлари дуч келган синовларни яхши тушунгани айниқса тирилгандан кейин аён бўлди. Келинг, Исо Масиҳ азиз ҳаворий Юҳанно орқали Кичик Осиёдаги еттита жамоатга йўллаган мактубларини кўриб чиқамиз. Масалан Измирдаги жамоатга Исо: «Сенинг ишларинг, қайғуларинг, камбағаллигингни биламан»,— деди. Аслида Исо: «Сенинг муаммоларингни яхши тушунаман, нималарни бошдан кечираётганингни ҳам биламан»,— деган сўзларни назарда тутган. Бу гаплардан Исонинг нақадар ҳамдард эканлиги исботланди. Кетидан Исо: «Ўлимгача содиқ қол, шунда Мен сенга ҳаёт тожини бераман»,— деб қўшиб қўйди (Ваҳий 2:8–10). Бундай сўзларни айтишга Исо ҳақли эди, чунки ўзи ҳам азоб-уқубатларга чидаб, ўлимгача содиқ қолганди.
18 Дарҳақиқат, еттита жамоатга йўлланган мактублардан Исо Масиҳ, шогирдлари қандай муаммоларга дуч бўлаётганини яхши билиши ва уларнинг бенуқсонлигини қадрлаётгани аниқ кўринмоқда (Ваҳий 2:1–3:22). Исо мактубларини у билан бирга шоҳлик қилиш умидига эга бўлган мойланган масиҳчиларга йўллагани эсимиздан чиқмасин. Исодан ўрнак олиб, улар ҳам ўз навбатида ҳамдард руҳонийлар бўлишга тайёргарлик кўришган. Улар Худонинг осий бандаларига, Масиҳнинг фидо қилган ҳаёти эвазига нажот топишларига ёрдам берадилар (Ваҳий 5:9, 10; 22:1–5).
19, 20. Миллионлаб одамлар Яҳова ва Исо тақдим этган нарсаларни қадрлашаётганини қандай исботлашяпти?
19 Албатта, Исо Масиҳ нафақат мойланган издошларини, балки «буюк қайғудан» ўтиб чиқадиган «бошқа қўйлар»ни ҳам севади. Улар миллионлаб одамларни ўз ичига олиб, ‘ҳар хил миллатдан бўлган улкан бир оломонни’ ташкил этишади (Юҳанно 10:16; Ваҳий 7:9, 14). Бу кишилар Исонинг фидо қилган жонини ва абадий ҳаётга бўлган умидларини қадрлашаётгани учун унинг олдига келишмоқда. Хўш, улар буни қандай исботлашяпти? Худога «кеча-кундуз хизмат қилишлари» билан (Ваҳий 7:15–17).
20 Ушбу Худонинг содиқ хизматчилари ҳақиқатан ҳам Яҳовага «кеча-кундуз» хизмат қилаётганларидан, 27–30-саҳифаларида жойлашган 2006-хизмат йилининг умумжаҳон ҳисоботи далолат бермоқда. Бир йил ичида улар, мойланган масиҳчиларнинг кичик гуруҳи билан бирга жами 1 333 966 199 соат ваъз қилишди, бу вақт эса тахминан 150 000 дан зиёд йилга тенг келади!
Ҳамиша миннатдор бўлинг
21, 22. а) Нимага айниқса бугун Худонинг хизматчилари Унинг ишларини қадрлашаётганини кўрсатишлари керак? б) Янаги мақолада нимага эътибор қаратамиз?
21 Худованд Яҳова ва Исо Масиҳ номукаммал одамларга ҳамдардлик ила муносабат қиладилар. Бироқ минг афсуски, кўплар кундалик ташвишларига берилиб, Худони ҳечам ўйлашмайди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, зеро «охирги кунларда» яшаётган «одамлар нафс бандаси, пулпараст... нонкўр» бўладилар, деб башорат қилинган эди (2 Тимўтийга 3:1–5). Бундай инсонлардан фарқли равишда Худонинг хизматчилари самимий ибодатлари, итоаткорликлари ва чин дилдан қилаётган хизматлари билан Аллоҳ қилган ишларини қадрлашаётганини кўрсатмоқдалар (Забур 61:9; Марк 12:30; 1 Юҳанно 5:3).
22 Янаги мақолада Яҳова бизга меҳр ила тақдим этаётган баъзи маънавий нарсаларга эътибор қаратамиз. Шу орқали биз Худо берган «ҳар бир неъмат» учун миннатдорчилигимизни оширамиз (Ёқуб 1:17).
Қандай жавоб берардингиз?
• Қандай қилиб Худо, хизматчиларини қадрлаётганини кўрсатмоқда?
• Бизни ҳеч ким кўрмаганда ҳам, Аллоҳнинг қалбини қандай қувонтиришимиз мумкин?
• Қандай қилиб Исо шогирдларини тушуниб, уларга ҳамдард бўлган?
• Исонинг ер юзидаги ҳаёти, унинг ҳамдард раҳбар бўлишига қандай кўмаклашганди?