Дунёнинг махфий ҳукмдори фош этилди
БИР МАРТА Исо алайҳиссалом одамларга: «Бу дунёнинг ҳокими ташқарига чиқариб ҳайдалади»,— деб айтган. Кейин Исо: «У эса менга ҳоким эмас» ва «Бу дунёнинг ҳукмдори маҳкум этилган»,— деб қўшиб қўйган (Юҳанно 12:31; 14:30; 16:11). Хўш, Ҳазрати Исо ким ҳақида айтган?
Исо: «Бу дунёнинг ҳокими»,— деганда Парвардигор Яҳовани назарда тутмаганлигини ҳозир батафсил кўриб чиқамиз. Унда «бу дунёнинг ҳокими» ким экан? Шунингдек, қанақасига у «ҳайдалади» ва қандай қилиб «маҳкум этилган»?
«Бу дунёнинг ҳукмдори» ўзини ошкор қиляпти
Иблис Худонинг азизи бўлмиш Исони васвасага солиб, худди жиноят раҳбари каби ўз ҳокимиятини кўз-кўз қилиб мақтанган. «Дунёнинг барча шоҳликларини» Исога кўрсатгандан сўнг, Шайтон унга қуйидагиларни ошкор қилди: «Бу шоҳликларнинг устидан бутун ҳокимиятни ва уларнинг ҳашаматини сенга бераман. Зеро бу ҳокимият менга берилган ва мен уни кимга хоҳласам, шунга бераман. Энди менга сажда қилсанг, буларнинг барчаси сеники бўлади» (Луқо 4:5–7).
Агар баъзилар айтганидек, Иблис бор-йўғи ёвузлик рамзи бўлса, унда Исонинг васвасасини қандай тушуниш мумкин? У ёмон фикрлар дастидан васвасага тушганми ёки бу шунчаки ички кечинмаларининг натижаси бўлганми? Борди-ю шундай бўлса, қандай қилиб «унда [Исода] эса гуноҳ йўқ», дейиш мумкин (1 Юҳанно 3:5). Исо Иблиснинг одамлар устидан ҳокимиятини инкор этгани йўқ, аксинча, «бу дунёнинг ҳукмдори», деб уни «қотил» ва «ёлғончи» сифатида тасвирлаган (Юҳанно 14:30; 8:44).
Масиҳнинг Иблис билан учрашганидан тахминан 60 йил ўтиб, Исонинг шогирди Юҳанно: «Бутун дунё эса ёвуз Шайтоннинг ҳукмидадир»,— дея Иблиснинг кучли таъсирга эга эканлигини эслатган. Шунингдек, Юҳанно унинг «бутун ер юзини йўлдан оздириб юрган»лиги тўғрисида айтган (1 Юҳанно 5:19; Ваҳий 12:9). Шуниси равшанки, Муқаддас Китобда «дунёнинг ҳукмдори» кўринмас руҳ сифатида тасвирланган. Бироқ, унинг одамзодга ўтказган таъсири қанчалик кучли?
Дунёнинг ҳукмдори ўз шерикларига ваколат берган
Исонинг шогирди Павлус масиҳийларнинг имон учун кураш олиб боришлари тўғрисида ёзиб, уларнинг ашаддий душманлари кимлигини аниқлаб берган. Павлус: «Биз одамлар билан эмас, балки кўкдаги ёвуз руҳлар, ҳукуматлару ҳокимиятлар ва ушбу қоронғи дунё ҳукмдорлари билан курашяпмиз»,— деб очиқ-ойдин айтган (Эфесликларга 6:12). Демак, ушбу кураш инсоний муҳитда эмас, балки «ёвуз руҳлар»га қаршидир.
Муқаддас Китобнинг кўп замонавий таржималарига биноан, «ёвуз руҳлар» мавҳум тушунча эмас, қудратли ёвуз руҳий шахслардир. Айрим таржималарда «самодаги ёвузлик руҳлари», («Смысловой перевод») «осмондаги ёвуз руҳий қўшин» («The Jerusalem Bible») ва «кўкдаги ўта қудратли ёвуз кучлар», («The New English Bible») деб ўгирилган. Шундай қилиб, Иблис осмондаги «маконини тарк этган» бошқа исёнкор фаришталар орқали ўз ҳокимиятини намоён этяпти (Яҳудо 6).
Дониёр китобида ҳам «бу дунёнинг ҳукмдори» қандай қилиб қадим замонларда бутун дунёга таъсир ўтказгани ошкор этилган. Дониёр пайғамбар милоддан аввалги 537- йилда Бобил асирлигидан Қуддусга қайтган яҳудийлар учун қайғуриб, уч ҳафта мобайнида улар ҳақида ибодат қилган. Пайғамбарга тасалли бериш мақсадида Худо томонидан жўнатилган фаришта нима учун кеч қолганини айтган. Фаришта унга: «Форс шоҳлигини ҳимоя қилувчи фаришта йигирма бир кун давомида менга қаршилик қилди»,— деган (Дониёр 10:2, 13).
Ушбу ғаним фаришта фақат Иблиснинг шериги, яъни Форс шоҳлигини назорат қилиш ваколатини олган жин бўлиши мумкин эди. Кейин баёнотга кўра, Худо фариштасининг таъкидлашича, у «Форс шоҳлигини ҳимоя қилувчи фариштага қарши урушга» чиққандан сўнг, «Юнонистонни ҳимоя қилувчи фаришта билан жанг» қилиши керак бўлган (Дониёр 10:20).
Бундан қанақа хулоса чиқарсак бўлади? Демак, ўша чиндан ҳам кўринмас «дунё ҳукмдорлари» дунёни назорат қилиш учун раҳбарлари Иблис Шайтондан ваколат олган жинлардир. Аммо уларнинг ҳозир мақсади нима?
Дунёнинг ҳукмдори ҳақиқий башарасини кўрсатди
Муқаддас Китобнинг охирги қисми Ваҳийда Юҳанно, қандай қилиб бош фаришта Микоил бўлмиш Исо Иблис ва жинларини мағлубиятга йўлиқтириб, аянчли натижалар билан осмондан ҳайдаганини баён этди. Мана шуларни ўқиймиз: «Ер ва денгизнинг ҳолига вой! Зеро Иблис вақти оз қолганини билиб, мудҳиш қаҳр-ғазаб ила сизнинг олдингизга тушди» (Ваҳий 12:9, 12).
Қандай қилиб Иблис мудҳиш қаҳр-ғазаб намоён этяпти? Кўпчилик «ё бошқариш ё вайрон қилиш» сиёсати натижасида умидсиз бўлиб қолганидек, Иблис ва унинг жинлари ер юзини аҳолиси билан бирга вайрон этишга жиддий қарор қилишган. Вақти оз қолганини билиб, Иблис инсоният жамиятини назорат қилиш усулларини, масалан бу дунёнинг таркибий қисми бўлмиш катта бизнессни қўллаяпти. Шу йўсинда, у истеъмолчилик руҳиятини қўзғаб, табиий захираларнинг емирилишига ва атроф-муҳитнинг хароб этилишига ҳисса қўшяпти. Бу эса инсониятнинг йўқ бўлиб кетишига таҳдид соляпти (Ваҳий 11:18; 18:11–17).
Инсоният тарихи бошланганидан бери Иблиснинг ҳокимиятга бўлган ташнаси шунингдек, сиёсат ва динда ҳам акс этяпти. Ваҳий китобида сиёсий кучлар Иблисдан «буюк ҳокимият» олган йиртқич ҳайвонга ўхшатилган. Шунингдек, унда сиёсат ва дин ўртасидаги беҳаё иттифоқ, жирканч маънавий зино каби тасвирланган (Ваҳий 13:2; 17:1, 2). Миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган жабр-зулм, қуллик, урушлар ва миллатлараро низолар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Инсоният тарихининг саҳифаларида даҳшатли ва этни жимирлатувчи воқеалар одамлар учун оддий бир ҳол бўлган, деб кимдир ростакамига айта оладими? Ёки улар кўринмас ёвуз руҳий кучларнинг найранги натижасида бўлганми?
Муқаддас Китоб инсоний раҳбарлар ва дунёнинг ҳукмдорларини усталик билан ишлатган шахсни тўппа-тўғри аниқлаб, фош этяпти. Тушунган ҳолдами ёки йўқми инсон жамияти бу ҳукмдорнинг шахсиятини ва унинг «ё бошқариш ё вайрон қилиш» сиёсатини акс эттиряпти. Лекин Иблиснинг бошқаруви остида одамзод қачонгача азоб чекиб юради?
Иблиснинг куни битади
Биринчи асрда Масиҳнинг ер юзидаги фаолияти Иблис ва унинг жинлари ҳалок бўлишидан дарак берарди. Исонинг шогирдлари унга кўринмас жинларни ҳайдашгани тўғрисида айтиб беришганида, Исо уларга: «Мен, Шайтоннинг осмондан чақмоқдай тушганини кўрдим»,— деган эди (Луқо 10:18). Ушбу сўзлар билан Исо келажакда осмонга бош фаришта Микоил сифатида қайтганида, дунёнинг ҳукмдори устидан ғалаба қилишидан хурсанд бўлганини кўрсатган (Ваҳий 12:7–9). Муқаддас Китобдаги башоратларни синчковлик ила тадқиқ қилиб, ушбу ғалаба 1914- йилда осмонда юз берганини кўриш мумкинa.
Ўша санадан бошлаб Иблис ўзининг ҳалок бўлиш вақти қисқарганини билади. Бутун дунё унинг ҳукми остида бўлса-да, бугунги кунда миллионлаб одамлар, унинг найрангига алданиб қолишмаган. Ҳа, Иблис уларни назорат қилишга қанча уринмасин, бари бефойда. Аллоҳ Ўз Каломи орқали Шайтоннинг асл шахсиятини ва ҳийлаларини уларга ошкор этган (2 Коринфликларга 2:11). Муқаддас Китобдаги қуйидаги сўзлар имонлиларга умид бахш этади: «Тинчлик берувчи Худо яқинда сизларга Шайтонни эзиб ташлаш ҳуқуқини беради»b (Римликларга 16:20).
Яқинда Иблиснинг куни битади! Масиҳнинг меҳр билан қилган бошқаруви остида одил инсоният Аллоҳнинг рамзий маънодаги «оёғи тагидаги курси» бўлмиш ер юзидаги жаннатга эришади. Зўравонлик, нафрат ва очкўзлик батамом ғойиб бўлади. Муқаддас Ёзувларда айтилишича, «илгари бўлганлар энди эсланмайди» (Ишаё 65:17). Бу дунёнинг махфий ҳукмдори ва унинг ҳокимиятидан озод бўлганлар қанчалик енгиллик тортишини бир тасаввур қилинг-а!
[Изоҳлар]
a Мазкур сана ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш учун Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Муқаддас Китоб таълимотлари», номли китобнинг 215–218- саҳифаларидаги иловага қаранг.
b Инжилдаги ушбу сўзлар Ибтидо 3:15 да ёзилган Муқаддас Китобнинг илк башорати билан ҳамоҳангдир. У ерда Иблиснинг батамом йўқ бўлиши тасвирланган. Шу ҳодисани тасвирлаб, Инжилда «парчалаб ташлаш, чилпарчин қилиш, янчиб юбориш» маъносини берувчи юнонча сўз ишлатилган («Vine’s Complete Expository Dictionary of Old and New Testament Words»)
[9- саҳифадаги матн парчаси]
Масиҳнинг меҳр билан қилган бошқаруви остида одил инсоният ер юзидаги жаннатга эришади