Келинг, бирга Яҳованинг исмини шарафлайлик!
Мен билан бирга Худовандни улуғланг, келинг, бирга Унинг исмини шарафлайлик! ЗАБУР 33:4.
1. Ҳазрати Исо бизга қандай ажойиб ўрнак қолдирган?
МИЛОДИЙ 33- йилнинг 14- Нисонида, Қуддусдаги уйлардан бирининг болохонасида, Исо Масиҳ ҳаворийлари билан бирга Яҳова Таолога ҳамду сано куйлаган эди (Матто 26:30). Бу, Исонинг ер юзида ҳаворийлари билан куйлаган сўнгги қўшиғи эди. Бироқ, уларнинг учрашуви айнан шу тариқа якунлангани ажабланарли эмас. Зеро, Исо ер юзидаги хизмати давомида самовий Отасини улуғлаб, Унинг исми ҳақида ғайрат ила ваъз қилган эди (Матто 4:10; 6:9; 22:37, 38; Юҳанно 12:28; 17:6). У, шоҳ Довуднинг қуйидаги даъватига қўшилган: «Мен билан бирга Худовандни улуғланг, келинг, бирга Унинг исмини шарафлайлик!» (Забур 33:4). Нақадар ажойиб ўрнак!
2, 3. а) Забурнинг 33- саноси башоратли мазмунга эга эканлигини қаердан биламиз? б) Ушбу ва келгуси мақолада нимани кўриб чиқамиз?
2 Ҳаворий Юҳанно Исо билан бирга ҳамду сано куйлаганидан атиги бир неча соат ўтгач, умуман бошқа бир ҳодисанинг шоҳиди бўлди. У, ҳазрати Исо ва яна иккита қароқчининг устунга михлаб қўйилганини кўрди. Рим аскарлари жиноятчиларнинг ўлимини тезлаштириш учун уларнинг болдирларини синдиришди. Лекин, Юҳаннонинг таъкидлашича, Исонинг болдирлари синдирилмаган эди. Чунки, аскарлар Исонинг ёнига келишганида, у аллақачон ўлганини кўришди. Кейинчалик Юҳанно Инжилда Забурнинг 33- саносидаги: «Унинг суяги синмайди»,— деган сўзлар бажо бўлганини тушунтирди (Юҳанно 19:32–36; Забур 33:21).
3 Забурнинг 33- саноси бошқа жиҳатдан ҳам биз учун қизиқарли. Ушбу ва келгуси мақолада, шоҳ Довуд қандай вазиятда бу санони басталаганини кўриб чиқамиз. Кейин эса далда берувчи фикрларни муҳокама қиламиз.
Довуднинг шоҳ Шоулдан қочиб юриши
4. а) Нима сабабдан Довуд Исроилнинг шоҳи этиб тайинланди? б) Нима учун Довудга Шоулнинг «қаттиқ меҳри тушиб қолди»?
4 Шоул Исроилнинг шоҳи бўлганида, Довуд ҳали ўспирин эди. Бироқ, Шоул Худованд Яҳовага итоатсизлик қилиб, Унинг марҳаматидан маҳрум бўлди. Шу сабабдан Шомуил пайғамбар Шоулга бундай деди: «Ридо йиртилгани сингари, Эгамиз ҳам бугун Исроил шоҳлигини қўлингдан тортиб олиб, сендан кўра бошқа яхшироғига берди» (1 Шоҳлар 15:28). Кейинчалик Яҳова, Ишайнинг кенжа ўғли Довудни Исроилнинг шоҳи этиб тайинлаш учун Шомуилни юборди. Бу пайтда эса, Худонинг руҳидан маҳрум бўлган Шоул тушкун аҳволда эди. Довуд моҳир созанда бўлганлиги учун, уни шоҳ ҳузурига Гиво шаҳрига олиб келишди. Шоул Довуднинг мусиқасини тинглаганида кўнгли таскин топиб, унга «қаттиқ меҳри тушиб қолди» (1 Шоҳлар 16:11, 13, 21, 23).
5. Нима учун Шоулнинг Довудга бўлган муносабати ўзгарди ва Довуд қандай чоралар кўришга мажбур бўлди?
5 Вақт ўтган сайин, Яҳова Довуд билан бирга экани аён бўлди. У Довудга девқомат Гўлиётни енгишга ёрдам бериб, уни қўллаб-қувватлагани учун, у Исроилда ҳарбий маҳорати билан машҳур бўлди. Бироқ, Тангри Яҳова Довудга барака берганини кўриб, Шоулнинг ғаши келди ва ундан нафратлана бошлади. Икки маротаба Довуд лира чалиб ўтирганида, Шоул найзани унга қарата отди. Лекин Довуд икки сафар ҳам унга чап бериб қутулиб қолди. Шоул учинчи бор уни ўлдирмоқчи бўлганида, Довуд Исроилдан қочиш кераклигини тушунди. Шоул Довудни таъқиб қилишни давом эттиргани учун, охир-оқибат у Исроил чегарасидан ташқарида паноҳ излашга қарор қилди (1 Шоҳлар 18:11; 19:9, 10).
6. Нега Шоул Нав шаҳрининг аҳолисини ўлдиришни буюрди?
6 Йўл-йўлакай Довуд Исроилга чегарадош Нав шаҳрида, яъни Яҳованинг чодири жойлашган шаҳарда тўхтади. Довуднинг ёнида бошқа кишилар ҳам бор бўлгани учун, у ўзига ва уларга егулик топмоқчи бўлди. Шоҳ Шоул олий руҳоний Довудга нон ва Гўлиётнинг қиличини берганини билиб қолди. Шунда у ғазабга тўлиб, Нав шаҳрининг аҳолисини ва 85 та руҳонийни ўлдиришни буюрди (1 Шоҳлар 21:1, 2; 22:12, 13, 18, 19; Матто 12:3, 4).
Яна бир бор ўлимдан қочиб қутулиш
7. Нега Гат шаҳри Довуд учун паноҳ бўла олмади?
7 Довуд Нав шаҳридан қарийб 40 километр ғарбда, Филистлар ҳудудида жойлашган Гат шаҳрининг шоҳи Охишдан паноҳ сўраб борди. Эҳтимол Довуд, Шоул уни бу ерда изламайди деб ўйлагандир. Бироқ Охишнинг хизматкорлари Довудни таниб қолишди. Довуд буни пайқаб, ‘Гат шоҳи Охишдан жуда қўрқиб қолди’ (1 Шоҳлар 21:10–12).
8. а) Забурнинг 55- саносидан Довуд ҳақида нимани билиб оламиз? б) Қандай қилиб Довуд яна бир бор ўлимдан қочиб қутулди?
8 Филистлар Довудни ушлаб олишди. Айнан ўша пайт Довуд Забурнинг қуйидаги оятини ёзиб, Яҳовага: «Кўз ёшларимни шишангга солиб кўргин»,— деб ёлворган бўлиши мумкин (Забур 55:9 ва сўзбоши). Бу билан Довуд, Яҳова уни қолдирмай, меҳр ила ғамхўрлик қилиб, ҳимоя этишига аминлигини билдирган. Шунингдек, Довуд Филист шоҳини қандай алдашни ўйлаб қўйди. У ўзини телбаликка солди. Шоҳ Охиш Довудни кўриб, ҳузурига «жиннини» олиб келишгани учун хизматкорларини уришди. Кўриниб турганидай, Яҳова Довуднинг бундай ҳаракатларини маъқуллаган. Шу тариқа, Довуд яна бир бор ўлимдан қочиб қутулди (1 Шоҳлар 21:13–15).
9, 10. Забурнинг 33- саносини ёзишга Довудни нима ундаган ва уни басталаганда Довуд кимларни назарда тутган?
9 Муқаддас Китобда, Довуднинг одамлари у билан бирга Гат шаҳрида бўлишгани ёки уни яқин атрофдаги қишлоқларда кутишгани ҳақида айтилмаган. Қандай бўлмасин, улар Яҳова Таоло яна бир бор Довудни халос қилганини эшитиб, хурсанд бўлишгандир. Забурнинг 33- саноси ёзилишига айнан шу ҳодиса сабаб бўлган. Довуд ушбу санонинг дастлабки саккизта оятида Аллоҳ уни ўлимдан холос қилганлиги учун Уни шарафлаб, бошқаларни ҳам Яҳовани Буюк Халоскор сифатида улуғлашга чорлаган (Забур 33:4, 5, 8).
10 Довуд ўз одамлари билан Гат шаҳридан шарққа қараб 15 километр нарида жойлашган Исроилнинг Адуллам шаҳри яқинидаги ғорда паноҳ топди. Шоҳ Шоулнинг ҳукмронлигидан норози бўлган исроилликлар Довуднинг ёнига келиб қўшилишди (1 Шоҳлар 22:1, 2). Довуд Забур 33:9–23- оятларини басталаганида, айнан бундай одамларни назарда тутган бўлиши мумкин. Мазкур оятлардаги насиҳатлар, биз учун ҳам муҳимдир. Шубҳасизки, ушбу ажойиб санони батафсил муҳокама қилиш катта фойда келтиради.
Довуд каби йўл тутишни истайсизми?
11, 12. Яҳовани тинмай шарафлашимиз учун қандай сабаблар бор?
11 «Ҳар лаҳзада Худовандни олқишлайман, Унинг саноси тушмас ҳеч тилимдан» (Забур 33:2). Довуд қувғинда яшагани сабабли моддий жиҳатдан қийналган бўлиши мумкин, лекин юқоридаги оятдан кўриниб турганидай, кундалик ташвишлар Яҳовани улуғлашга тўсқинлик қила олмаган. Қийинчиликларга дуч келганимизда бу бизга нақадар яхши ўрнак бўла олади! Мактабдами, ишдами, имондошларимиз орасидами ёки воизлик хизматидами, қаерда бўлмайлик, асосий истагимиз — Яҳовани улуғлашдир. Бунинг қанча сабаблари борлиги тўғрисида бир ўйлаб кўринг-а! Масалан, Яҳованинг мўъжизавий ижодлари чексиз бўлиб, уларни тадқиқ қилишдан қувонч топамиз. У, ердаги ташкилоти орқали нималарни амалга оширгани ҳақида ҳам бир фикр юритиб кўринг-да! Гарчи унинг аъзолари номукаммал бўлишса-да, Яҳова бу садоқатли инсонлар орқали буюк ишларни бажармоқда. Ахир бу дунё кўкларга кўтарадиган одамларнинг ютуқларини, Худонинг ишлари билан солиштириб бўладими? Довуднинг: «Худолар орасида Сенга ўхшаши йўқ, ишларингнинг тенги ҳам йўқ, эй Худованд»,— деб ёзган сўзларига наҳотки қўшилмасангиз?! (Забур 85:8).
12 Ҳа, биз ҳам Довуд сингари Яҳовани беқиёс ишлари учун улуғлашни истаймиз. Устига-устак, ҳозирги кунда Худонинг Шоҳлиги ҳазрати Довуднинг абадий меросхўри бўлмиш Исо Масиҳга берилганини биламиз (Ваҳий 11:15). Бу, ёвуз дунёнинг охири яқинлашиб қолганини ва олти миллиарддан зиёд инсонларнинг келажаги хавф остида эканлигини англатади. Шу сабабли одамларга, Худонинг Шоҳлиги яқинда нималар қилиши ҳақида айтишимиз ва биз билан бирга Яҳовани шарафлашларига ёрдам беришимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Келинг, ҳар бир фурсатдан фойдаланиб, ҳали вақт борлигида одамларни «Хушхабар»ни қабул қилишларига ундайлик (Матто 24:14).
13. а) Довуд ким билан фахрланган ва бу камтарин инсонларга қандай таъсир қилган? б) Қандай қилиб бугунги кунда камтарин инсонлар имонлилар жамоатига қўшилишмоқда?
13 «Жоним Худованд билан фахрланур, беозорлар буни эшитиб севинур» (Забур 33:3). Довуд ҳеч қачон ўз ютуқлари билан мақтанмаган. Масалан у, Гат шоҳини алдай олгани учун мағрурланмаган. Довуд, Гат шаҳрида бўлганида Яҳова уни ҳимоя қилганини ва Унинг ёрдами билан тирик қолганини тушунган (Ҳикматлар 21:1). Бинобарин, Довуд ўзи билан эмас, балки Яҳова билан фахрланган. Бу туфайли камтарин инсонлар Тангри Яҳовага яқинлашишган. Исо алайҳиссалом ҳам доимо Яҳованинг исмини улуғлаган, ва бу ўз навбатида тавозели инсонларни Аллоҳга жалб қилар эди. Бугунги кунда турли халқлардан бўлган камтарин инсонлар, Исо Масиҳ бошчилик қилувчи мойланган масиҳчиларнинг умумжаҳон жамоатига қўшилишмоқда (Колосаликларга 1:18). Худо, Унинг исмини шарафлаётган хизматчилари ҳамда улар етказаётган Хушхабар орқали, бундай камтарин инсонларнинг қалбини забт этмоқда (Юҳанно 6:44; Ҳаворийлар 16:14).
Йиғилишлар имонимизни мустаҳкамлайди
14. а) Довуд Яҳовани якка ўзи шарафлаганми? б) Ҳазрати Исо учрашувларга нисбатан қандай ўрнак кўрсатди?
14 «Мен билан бирга Худовандни улуғланг, келинг, бирга Унинг исмини шарафлайлик!» (Забур 33:4). Довуд Яҳовани якка ўзи улуғламаган. У дўстларини ҳам Худонинг исмини шарафлашга чин дилдан таклиф қилган эди. Шу каби Исо Масиҳга ҳам, ибодатхоналардаю Қуддусдаги маъбадда нишонланадиган байрамларда, омма олдидаю шогирдлари орасида Яҳовани улуғлаш мамнуният келтирарди (Луқо 2:49; 4:16–19; 10:21; Юҳанно 18:20). Ҳазрати Исонинг ўрнагига тақлид қилиб, биз ҳам имондошларимиз билан бирга ҳар бир фурсатдан фойдаланиб, Яҳовани улуғлаймиз. Зеро «Раббимиз келадиган куни яқинлашиб қолган» (Ибронийларга 10:24, 25).
15. а) Довуд билан юз берган воқеалар унинг дўстларига қандай таъсир қилган? б) Учрашувларга қатнаш бизларга қандай фойда келтиради?
15 «Худовандга мурожаат қилганимда, У менга қулоқ солди-ю, барча даҳшатларимдан қутқарди» (Забур 33:5). Довуд бу сўзларни эсда тутиб, уларни жуда муҳим деб билган. Шунинг учун давом этиб: «Бу фақир чақирганда, Худованд эшитди, барча дардларидан уни халос қилди»,— деди (Забур 33:7). Имондошларимиз билан мулоқот қилганимизда, Яҳова мушкул вазиятларни енгишга қандай ёрдам берганлиги ҳақида кўп воқеалар билан бўлишишимиз мумкин. Довуднинг сўзлари дўстларига далда бергани каби, бундай мулоқот имондошларимизнинг ҳам имонини мустаҳкамлайди. Зотан «Унга [Яҳовага] боққанлар зиё олдилар, уларнинг асло юзи шувут бўлмас» (Забур 33:6). Гарчи улар шоҳ Шоулдан қочиб юрган бўлса ҳам, лекин Худонинг хизматчиси бўлишганидан уялишмаган. Улар, Яҳова Довудни қўллаб-қувватлаётганида амин бўлишгани учун, зиё олишарди. Шу каби, Худонинг ташкилотига энди келаётганлар ҳамда анчадан буён ҳақиқат йўлида бўлганлар ҳам Яҳовага ёрдам сўраб мурожаат қилишмоқда. Бинобарин улар Худованднинг ёрдамини ўзларида ҳис этишаётган экан, Унга садоқатли бўлиб қолиш қарорлари қатъийдир.
Фаришталарнинг ёрдамига миннатдор бўлинг
16. Қандай қилиб Яҳова фаришталари орқали бизни ҳимоя қилмоқда?
16 «Худованднинг фариштаси мўминлар атрофида қароргоҳ қурган, Ундан қўрққанларни Ўзи халос этар» (Забур 33:8). Довуд ҳеч қачон Яҳова фақатгина уни халос қилади деб ўйламаган. Тўғри, Довуд Яҳова томонидан тайинланган шоҳ эди, лекин у, Яҳова Ўз хизматчиларини қандай мавқега эга бўлишмасин, фаришталари орқали уларга ғамхўрлик қилишини биларди. Бугунги кунда Тангри Яҳованинг шоҳидлари ҳам Унинг ҳимоясини ҳис этишмоқда. Нацист Германиясида, Анголада, Малавида, Мозамбикда ҳамда бошқа давлатларда раҳбарлар Яҳованинг Шоҳидларини йўқ қилмоқчи бўлишганди. Бироқ, уларнинг уринишлари пучга чиқди. Боз устига, ушбу давлатлардаги Худонинг халқи равнақ топиб, Унинг исмини улуғлашни давом эттирмоқда. Сабаби нимада? Чунки Яҳова фаришталари орқали уларни ҳимоя қилиб, раҳбарлик бермоқда (Ибронийларга 1:14).
17. Қандай қилиб фаришталар бизга ёрдам беришади?
17 Бундан ташқари фаришталар, ўз қилмиши билан бошқаларни қоқинтираётган инсонлар, Яҳованинг ташкилотидан чиқарилишига ҳисса қўшишади (Матто 13:41; 18:6, 10). Шунингдек баъзида улар, Худога бўлган хизматимизга халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиб, Яҳова билан ўзаро муносабатимизга хавф туғдираётган нарсалардан ҳимоя қилишади. Энг муҳими эса, улар Хушхабарни дунё бўйлаб, ҳатто хавф остида бўлган жойларда ҳам ваъз қилишда бизнинг устимиздан раҳбарлик қилишади (Ваҳий 14:6). Фаришталар бизга ёрдам бераётганининг далиллари адабиётларимизда тез-тез чоп этиладиa. Бундай воқеалар шу қадар кўп юз берадики, буни тасодиф деб бўлмайди.
18. а) Фаришталар бизни ҳимоя қилишлари учун биздан нима талаб қилинади? б) Келгуси мақолада нимани муҳокама қиламиз?
18 Фаришталар бизга бундан буён раҳбарлик ва ҳимоя беришлари учун, қаршиликларга қарамай Яҳованинг исмини улуғлашимиз даркор. Худованднинг фаришталари фақатгина «мўминлар атрофида қароргоҳ қурган»лиги ёдингизда бўлсин. Бу нимани англатади? Худотарслик нима ва уни қандай равожлантиришимиз мумкин? Нега меҳрибон Худовандимиз Ундан қўрқишимизни истайди? Ушбу саволлар келгуси мақолада муҳокама қилинади.
[Изоҳ]
a Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда нашр этилган қуйидаги адабиётларга қаранг: «Яҳованинг Шоҳидлари — Худо Шоҳлигининг хабарчилари» китобининг 550- саҳифаси; «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси» 2005- йил, 53- саҳифаси; «Қўриқчи минораси»нинг 2000- йил, 1- март 5, 6- саҳифалари, 1991- йил, 1- январ 27- саҳифаси, 1991- йил, 15- феврал 26- саҳифаси.
Қандай жавоб берардингиз?
• Довуд ёшлигида қандай синовларга дош берган?
• Довуд сингари биз учун энг муҳим нарса нима?
• Жамоат учрашувларига қандай муносабатдамиз?
• Яҳова қандай қилиб фаришталари орқали бизга ёрдам бермоқда?
[25- саҳифадаги харита]
(Матннинг асл тузилишини кўриш учун адабиётга қаранг)
Рама
Гат
Зихлах
Гиво
Нав
Қуддус
Байтлаҳм
Адуллам
Кейлах
Хеврон
Зиф
Хореш
Кармил
Мойун
Эн-кайди
Ўлик денгиз
[Расм манбаи]
Map: Based on maps copyrighted by Pictorial Archive (Near Eastern History) Est. and Survey of Israel
[25- саҳифадаги расм]
Довуд ҳатто қувғинда яшаганда ҳам Яҳовани шарафлаган