29- ДАРС
Ўлимдан кейин нима бўлади?
Яқинингиз ҳаётдан кўз юмганми? Бундай қийин дамда шундай деб ўйларсиз: «Ўлимдан кейин нима бўлади? Яқинларимизни яна қачондир кўрамизми?» Бу дарсда ва кейингисида Муқаддас Китобдан далда бахш этувчи жавобларни кўриб чиқамиз.
1. Ўлимдан кейин нима бўлади?
Исо Масиҳ ўлимни чуқур уйқуга ўхшатган. Чуқур уйқуда бўлган киши атрофида нималар бўлаётганини билмайди. Хўш, қанақасига ўлим уйқуга ўхшайди? Одам ўлганидан кейин оғриқни сезмайди. У ўз дўстларию оила аъзоларини қанчалик қаттиқ яхши кўрмасин, ўзини ёлғиз ҳис қилмайди. Муқаддас Китобда: «Ўлганлар ҳеч нарсани билмайди»,— деб ёзилган. (Воиз 9:5 ни ўқинг.)
2. Ўлим тўғрисидаги ҳақиқатни билишдан қандай фойда оламиз?
Аксарият кишилар ўлимдан ва ҳатто марҳумлардан қўрқади. Аммо Муқаддас Китобда ўлим тўғрисида нималар дейилганини билишдан тасалли топишингиз мумкин. Исо шундай деган: «Ҳақиқат сизларни озод этади». (Юҳанно 8:32) Баъзи динлар эса одам ўлганидан кейин унинг руҳи яшашда давом этади, деб ўргатади. Бироқ Муқаддас Китобда бундай айтилмаган. Демак, ҳеч бир инсон ўлганидан кейин азоб чекмайди. Бундан ташқари, ўлганлар ҳеч нарсани билмагани туфайли бизга зарар етказа олмайди. Шундай экан, арвоҳлар мавжуд, деб ўйлашга ва уларнинг ҳақига дуо ўқишга ёки уларга сиғинишга ҳожат йўқ.
Баъзиларнинг айтишича, улар марҳумлар билан гаплаша олади. Аммо бунинг имкони йўқ. Ҳозир кўриб чиққанимиздай, ўлган киши «ҳеч нарсани билмайди». Ўлган яқиним билан гаплашяпман, деб ўйлаётган киши аслида ўзини ўша ўлган одамдай кўрсатаётган жинлар билан мулоқот қилаётган бўлади. Демак, ўлим тўғрисидаги ҳақиқатни билиш бизни жинлардан ҳимоя қилади. Яҳова бизни ўлганлар билан гаплашмаслик борасида огоҳлантиряпти. Боиси, жинлар билан мулоқот қилиш бизга зарар келтиришини У яхши билади. (Қонунлар 18:10–12 ни ўқинг.)
КЎПРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ
Муқаддас Китобда ўлим борасида нима дейилгани ҳақида кўпроқ билиб олинг ва ўлганларни жазоламайдиган меҳрибон Аллоҳга бўлган ишончингизни мустаҳкамланг.
3. Ўлганлар аслида қандай ҳолатда бўлади?
Дунё бўйлаб одамлар ўлгандан кейин нима бўлиши борасида турли эътиқодга эга. Албатта, уларнинг барчасини ҳам тўғри, деб бўлмайди.
Сиз яшайдиган ҳудудда ўлганларнинг ҳолати борасида қандай фикрлар кенг тарқалган?
Муқаддас Китобда бу борада нима дейилганини билиш учун ВИДЕОНИ томоша қилинг.
Воиз 3:20 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Бу оятга кўра, ўлимдан кейин нима бўлади?
Одам ўлгач, унинг жони ёки руҳи қаердадир яшашда давом этадими?
Муқаддас Китобда Исонинг яқин дўсти Лазарнинг ўлими ҳақида ёзилган. Юҳанно 11:11–14 ни ўқинг. Исо Лазарнинг ҳолати ҳақида нима деганига эътибор қаратинг. Сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Исо ўлимни нимага ўхшатган?
Бу ўлганларнинг ҳолати ҳақида бизга нимани очиб беряпти?
Сизнингча, Муқаддас Китобда ўлганларнинг ҳолати ҳақида айтилганлар мантиқан тўғрими?
4. Ўлим тўғрисидаги ҳақиқат бизга фойда келтиради
Ўлим тўғрисидаги ҳақиқатни билиш бизни ўлганлардан қўрқишдан озод қилади. Воиз 9:10 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Ўлганлар бизга зарар етказа оладими?
Қолаверса, Муқаддас Китобдаги ҳақиқат бизни ўлганларни тинчлантириш ё ҳатто уларга сиғиниш керак, деган ёлғондан ҳимоялайди. Ишаё 8:19 ва Ваҳий 4:11 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Сизнингча, кимдир марҳумларга сиғинса ёки улардан ёрдам изласа, Яҳова нималарни ҳис қилади?
5. Ўлим тўғрисидаги ҳақиқат бизга тасалли беради
Кўпларга одам ўлганидан кейин ўтмишда қилган ишлари туфайли азоб чекади, деб ўргатилади. Лекин ҳеч бир инсон — ҳатто ўтмишда ёмон ишлар қилган инсон ҳам — азоб чекмаслигини билиш бизга тасалли бахш этяпти. Римликларга 6:7 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Муқаддас Китобга кўра, ўлим кишини гуноҳдан озод этар экан, сизнингча, одам ҳаётдан кўз юмганида, ўтмишдаги гуноҳлари учун азоб чекадими?
Яҳовани қанча кўп таниб-билсангиз, У ўлганлар азоб чекишига йўл қўймаслигини шунча кўп тушуниб етасиз. Қонунлар 32:4 ва 1 Юҳанно 4:8 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Ушбу оятларда санаб ўтилган Аллоҳнинг фазилатларини билиш, ўлганлар дўзахда азоб чекади, деган фикрга олиб боряптими?
Ўлим тўғрисидаги ҳақиқат тасалли беради, деб ўйлайсизми? Нима учун?
БАЪЗИЛАРНИНГ ФИКРИ: «Ўлганимдан кейин азоб чекишдан қўрқаман».
Муқаддас Китобдан тасалли бахш этадиган қандай оятларни келтира оласиз?
ХУЛОСА
Одам ўлгач, ҳеч нарсани билмайди. Ўлган киши азоб чекмайди, ҳаёт бўлганларга ҳам зарар етказмайди.
Такрорлаш
Ўлимдан кейин нима бўлади?
Ўлим борасидаги ҳақиқатдан қандай фойда оламиз?
Ўлим тўғрисидаги ҳақиқат бизга қай йўсин тасалли беряпти?
ҚЎШИМЧА МАНБАЛАР
Жон сўзи Муқаддас Китобда аслида нимани англатишига эътибор беринг.
Ёмонлик қилувчиларни Аллоҳ дўзахда жазолайдими? Буни билиб олинг.
Ўлганлардан қўрқишимиз керакми?
Бир киши ўлимдан кейин нима бўлиши тўғрисидаги ҳақиқатни билгач, қай йўсин тасалли топгани ҳақида ўқиб кўринг.
«Каломга асосланган аниқ ва мантиқий жавоблардан лол қолдим» («Қўриқчи минораси» 1 февраль, 2015)