Имон кучли бўлишга кўмаклашади
ИМОН куч-қувват бахш этади. Масалан, Шайтон бизни маънан бўғиб қўйиш пайида бўлса-да, имон туфайли унинг «барча оловли ўқларини ўчира оламиз». (Эфес. 6:16) Имонга эга бўлсак, тоғдай бўлган муаммоларни енга оламиз. Исо шогирдларига шундай деган: «Агар имонингиз хантал уруғидай бўлса-ю, шу тоққа: “Бу ёқдан у ёққа кўч”,— десангиз, у кўчиб ўтади». (Мат. 17:20) Гарчи имонимиз орқали маънан мустаҳкам бўла олсак-да, кўриб чиқишимиз керак бўлган қуйидаги саволлар туғиляпти: «Имон ўзи нима? Қалбимиз ҳолати имонимизга қандай таъсир қилади? Имонимизни қай йўсин мустаҳкамлай оламиз? Кимга ишонишимиз керак?» (Рим. 4:3)
ИМОН ЎЗИ НИМА?
Имон шунчаки ҳақиқатга ишониш ёки уни тан олишдан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Зеро, «[Худо борлигига] жинлар ҳам ишониб, даҳшатдан титраб туришади». (Ёқб. 2:19) Ундай бўлса, имон ўзи нима?
Муқаддас Китобда унинг иккита тарафи очиб берилган. Биринчидан, «имон бу умид қилаётган нарсалар амалга ошишидан шубҳаланмасликдир». (Иброн. 11:1а) Имонга эга бўлсангиз, Яҳова айтаётган барча нарса ҳақиқат эканига ва амалга ошишига қатъиян ишонасиз. Мисол учун, Яҳова исроилликларга шундай деган: «Агар кун ва тун ҳақидаги аҳдимни буза олсангиз, кун билан туннинг ўз вақтида алмашишини тўхтата олсангиз, шундагина хизматкорим Довуд билан қилган аҳдим бузилади». (Ерм. 33:20, 21) Қуёш чиқмай, осмон шундайлигича қолиб, тун кунга алмашмай қолишидан қўрқасизми? Агар кун тунга алмашиши ёки ер қуёш атрофида айланиши каби физик қонунлардан шубҳаланмаётган бўлсангиз, ушбу қонунларнинг Яратувчиси барча ваъдаларини амалга оширишга қодир эканидан шубҳаланасизми? Албатта йўқ. (Ишаё 55:10, 11; Мат. 5:18)
Иккинчидан, имон «нарсалар кўринмайдиган бўлса ҳам, бу нарсалар чин эканига амин бўлишдир». (Иброн. 11:1б) Бу нима дегани? Айтайлик, бир болакай сиздан: «Ҳаво борлигини қаердан билса бўлади?» — деб сўради. Гарчи сиз ҳавони ҳеч қачон кўрмаган бўлсангиз ҳам, унга ҳаво борлигининг исботларини, яъни нафас олиб чиқарганда, шамол эсганда ва ҳоказо пайтлар уни ҳис қилиш мумкинлигини айтасиз. Шунда бола, нарсалар кўринмайдиган бўлса ҳам, улар мавжуд эканига ишониши мумкинлигини тушунади. Шу каби, имон аниқ далилларга асосланади. (Рим. 1:20)
ҚАЛБИМИЗ ҲОЛАТИ
Имон аниқ далилларга асосланар экан, унга эга бўлиш учун «ҳақиқат тўғрисида аниқ билимни» орттиришимиз керак. (1 Тим. 2:4) Лекин бунинг ўзи етарли эмас. Ҳаворий Павлус: «Чин қалбдан ишонган киши одилликка эришади»,— деб ёзган. (Рим. 10:10) Биз нафақат ҳақиқатга ишонишимиз, балки уни қадрлашимиз лозим. Имонни намоён этишни хоҳласак, ҳақиқатга мувофиқ йўл тутишимиз керак. (Ёқб. 2:20) Киши ҳақиқатни чин қалбдан қадрламаса, ўрнашиб қолган фикрларидан ёки тана истакларини қондиришдан воз кеча олмаётгани боис ҳатто кўриниб турган далилларни ҳам рад этади. (2 Бутр. 3:3, 4; Яҳд. 18) Шу сабабли, ўтмишда ҳам ҳамма одамлар ўзлари шоҳид бўлган мўъжизаларга ишонмаган. (Саҳ. 14:11; Юҳан. 12:37) Фақат ҳақиқатни чин қалбдан яхши кўрган кишилар муқаддас руҳ самараси бўлмиш имонга эга бўла олади. (Галат. 5:22; 2 Салон. 2:10, 11)
ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ДОВУД КУЧЛИ ИМОНГА ЭГА БЎЛА ОЛГАН?
Кучли имон эгалари орасидан шоҳ Довуд ҳам жой олган. (Иброн. 11:32, 33) Аммо оиласидагиларнинг ҳаммаси ҳам бундай имонга эга бўлмаган. Масалан, Довуднинг катта акаси Элиёб ҳақида фикр юритиб кўрайлик. Гўлиёт Исроил халқига таҳдид солаётганида, Довуднинг руҳи тушган. Элиёб бунинг учун Довудни койиб, Яҳовага ишонмаётганини кўрсатган. (1 Шоҳ. 17:26–28) Ҳеч ким имон билан туғилмайди ёки имон ота-онадан мерос бўлиб ўтмайди. Демак, Довуд ҳам Аллоҳ билан яқин дўст бўлгани учун шундай имонга эга бўлган.
Забурнинг 27- саноси Довуд шу каби кучли имонга эга бўлганининг сирини ошкор этмоқда. (1- оят) У ўтмишидаги ҳодисалар ҳамда Яҳова унга ғанимларини енгишига қандай ёрдам бергани устида мулоҳаза юритган. (2-, 3- оятлар) Қолаверса, у Яҳованинг чодирини жуда ҳам қадрлаган. (4- оят) Довуд имондошлари билан бирга чодирда Худога топинган. (6- оят) У Яҳовага сидқидилдан ибодат қилган. (7-, 8- оятлар) Шунингдек, у Худонинг йўл-йўриқларига ўрганмоқчи эди. (11- оят) Ҳа, Довуд учун имон муҳим аҳамиятга эга бўлган. Шунинг учун у: «Ишонмасам, ҳолим не кечади?» — деб айтган. (13- оят)
ИМОНИНГИЗНИ ҚАЙ ЙЎСИН МУСТАҲКАМЛАЙ ОЛАСИЗ?
Агар сиз ҳам ушбу санодаги санаб ўтилганлар борасида фикр юритиб, уларни одат тусига киритсангиз, имонингиз Довудникига ўхшаб кучли бўлади. Имон аниқ билимга асосланар экан, Худонинг Каломини ва унга асосланган адабиётларни кўпроқ тадқиқ қилганингиз сайин, муқаддас руҳ самараси бўлмиш имонни намоён этиш осонроқ бўлади. (Заб. 1:2, 3) Тадқиқ давомида мулоҳаза юритишга вақт ажратинг. Бундай қилиб, Яҳовага бўлган миннатдорчилигимиз ошади. Натижада, жамоат учрашувларида топиниш ва бошқалар билан умидимизни баҳам кўриш истаги ўсиб боради. (Иброн. 10:23–25) Шунингдек, «ибодат қилиш ва умидсизланмаслик» орқали имонни кўрсатаётган бўламиз. (Луқо 18:1–8) Шунинг учун, «тинмай ибодат қилинг» ва «У сизларга ғамхўрлик қилади», деган сўзларга ишонинг. (1 Салон. 5:17; 1 Бутр. 5:7) Имон бизни тўғри ишлар қилишга чорлайди, шундай йўл тутганимизда эса, имонимиз янада кучаяди. (Ёқб. 2:22)
ИСОГА ИШОНИНГ
Ўлимидан олдинги кечада Исо шогирдларига: «Худога ҳамда менга ишонинг»,— деган. (Юҳан. 14:1) Демак, ҳам Худога, ҳам Исога ишонишимиз керак. Хўш, қандай қилиб Исога ишона оласиз? Келинг, учта йўлини кўриб чиқайлик.
Биринчидан, Худо шахсан сиз учун берган тўлов ҳақида фикр юритинг. Ҳаворий Павлус қуйидагича деган: «Мени севган ва мен учун ўзини фидо қилган Худонинг Ўғлига бўлган имон билан яшаяпман». (Галат. 2:20) Исога ишонсангиз, у айнан сиз учун тўлов тақдим этганидан сира ҳам шубҳаланмайсиз ва бу, гуноҳларингиз кечирилишига, абадий ҳаёт умидига эга бўлишга ва Аллоҳ сизни қаттиқ яхши кўришига асос бўла олади. (Рим. 8:32, 38, 39; Эфес. 1:7) Бу ўзингиз ҳақингизда ёмон фикрларга бориш каби салбий туйғулардан йироқлашиш қарорингизни кучайтиради. (2 Салон. 2:16, 17)
Иккинчидан, Исонинг тўлов қурбонлиги асосида ибодат қилиб Яҳовага янада яқинлашинг. Тўлов туфайли «ёрдамга муҳтож бўлганимизда иноят ва раҳм-шафқат топиш учун, иноят кўрсатувчи» Тангри Яҳовага ибодат қилишимиз мумкин. (Иброн. 4:15, 16; 10:19–22) Ибодат гуноҳ қилиш васвасасига қарши туриш қароримиздан қайтмасликка кўмаклашади. (Луқо 22:40)
Учинчидан, Исога бўйсунинг. Ҳаворий Юҳанно шундай деб ёзган: «Ўғилга ишонган киши абадий ҳаётга эгадир. Ўғилга итоат қилмаган кишига эса ҳаёт насиб этмайди, аксинча, у Худонинг ғазабига йўлиқади». (Юҳан. 3:36) Шуни айтиш жоизки, у имонни намоён этишни итоат қилиш билан боғлаяпти. Дарҳақиқат, Исога ишонсангиз, унга бўйсунасиз. Буни «Масиҳнинг қонунига», яъни унинг таълимотларию амрларига амал қилиш орқали қила оласиз. (Галат. 6:2) «Ишончли ва ақлли хизматкор» орқали тақдим этаётган йўл-йўриқларига риоя қилиб ҳам унга бўйсуна оласиз. (Мат. 24:45) Унга итоатли бўлиб, бўрон каби қўрқинчли туюлаётган қийинчиликлар остида бардошли бўла оласиз. (Луқо 6:47, 48)
«АЗИЗУ МУҚАДДАС ИМОНИНГИЗ АСОСИДА МУСТАҲКАМЛАНИНГ»
Кунларнинг бирида бир киши баланд овозда Исога: «Мен ишонаман! Агар имоним суст бўлса, менга ёрдам беринг!» — деган. (Марк 9:24) Бу киши қайсидир маънода имонга эга эди, лекин камтарлик ила кўпроқ имонга эга бўлиши кераклигини тан олган. Бу кишидай, барчамиз кучли имонни кўрсатишимиз керак бўладиган вазиятларга тушиб қоламиз. Шунинг учун, ҳозирдан ҳаммамиз имонимизни мустаҳкамлашимиз лозим. Кўриб чиққанимиздай, Худонинг Каломини тадқиқ қилиб, унинг устида мулоҳаза юритганимизда, имонимиз кучаяди ва Яҳовага бўлган миннатдорлигимиз ошади. Шунингдек, имондошларимиз билан бирга Яҳовага топинсак, умидимиз ҳақида шоҳидлик берсак ва тинмай ибодат қилсак, имонимиз мустаҳкамланиб боради. Бу туфайли эса, Худонинг энг юксак мукофотига эга бўламиз. Худонинг Каломида шундай ундов ёзилган: «Қадрдонларим, ўзингизни азизу муқаддас имонингиз асосида мустаҳкамлаб,.. ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббатида сақланглар». (Яҳд. 20, 21)