Луқо баён этган хушхабар
18 Кейин Исо шогирдларига қуйидаги масални келтириб, доимо ибодат қилиш ва умидсизланмаслик кераклигини+ айтди: 2 «Бир шаҳарда Аллоҳдан қўрқмайдиган ва одамларни менсимайдиган қози яшар экан. 3 Ўша шаҳарда бир бева аёл ҳам бор экан. Бу аёл ҳадеб қозининг ёнига бориб: “Даъвогар киши билан ўртамиздаги масалага нисбатан адолатли қарор чиқаринг”,— деб айтар экан. 4 Қози аввалига беванинг истагини бажаргиси келмабди. Аммо кейин ўзича ўйлабди: “Гарчи мен Тангридан қўрқмайдиган ва одамларни менсимайдиган киши бўлсам-да, 5 бу бева аёл олдимга келавериб, жиғимга теккани учун унинг масаласи бўйича адолатли қарор чиқара қолай. Бўлмаса жонимдан тўйдириб юборади”»+. 6 Сўнг Ҳазратимиз шундай деди: «Бу адолатсиз қозининг айтган гапига эътибор бердингизми?! 7 Унда наҳотки Худо Унга кечаю кундуз ёлвораётган танланганлари учун адолатни ўрнатмаса?+ Гарчи Худо уларга сабр қилаётган бўлса-да+, 8 сизларга айтиб қўяй, улар учун адолатни тезда ўрнатади. Бироқ Инсон Ўғли қайтиб келганида, ер юзида бундай имонни топармикан?»
9 Шунингдек Исо, ўзини одил деб ҳисоблайдиган ва бошқаларни назар-писанд қилмайдиган одамларга қуйидаги масални келтирди: 10 «Икки киши ибодат қилиш учун маъбадга кирибди. Улардан бири фарзий, иккинчиси эса солиқчи экан. 11 Фарзий тик турганча ичида шундай дея ибодат қилибди: “Ё Аллоҳ, Сенга минг қатла шукурки, мен бошқалар сингари талончи, адолатсиз, зинокор ҳамда мана бу солиқчи каби эмасман. 12 Мен ҳафтасига икки марта рўза тутиб, олган ҳамма нарсамдан ушр бераман”+. 13 Солиқчи эса четроқда туриб, ҳатто бошини кўкка кўтаришга ҳам журъат эта олмасди. У кўксига урганча шундай дебди: “Эй Тангрим, мен гуноҳкорга раҳм қил”+. 14 Сизларга айтиб қўяй, Худонинг назарида бу одам наригисидан кўра адолатлироқ бўлиб уйига кетади+. Боиси, ким ўзини юқори тутса — пасайтирилади, кимки ўзини паст олиб юрса — юксалтирилади»+.
15 Исо қўлини теккизсин деб, одамлар болаларини унинг ёнига олиб келишди. Буни кўрган шогирдлар уларни койий бошлашди+. 16 Лекин Исо кичкинтойларни ёнига чақириб, шундай деди: «Болажонларга тўсқинлик қилманглар, олдимга келаверишсин. Ахир Худонинг Шоҳлиги шундайларникидир+. 17 Ишонаверинг, ким Худонинг Шоҳлигини шу жажжи болакайдек қабул қилмаса, унга асло кира олмайди»+.
18 Шунда бошлиқлардан бири Исодан сўради: «Валинеъмат* Устозим, абадий ҳаётга эришиш учун нима қилишим керак?»+ 19 Исо бўлса унга жавобан деди: «Нега мени валинеъмат* деяпсиз? Аллоҳдан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас+. 20 “Зино қилманг+, қотиллик қилманг+, ўғрилик қилманг+, сохта гувоҳлик берманг+, ота-онангизни ҳурмат қилинг”+,— деган амрларни биласиз-ку». 21 Кейин ўша киши: «Мен болалигимдан буларга амал қилиб келяпман»,— деди. 22 Унинг гапларини эшитиб, Исо шундай деди: «Бажаришингиз керак бўлган яна бир нарса бор: барча нарсангизни сотинг-да, камбағалларга тарқатинг. Шунда осмонда хазинангиз бўлади. Сўнг келиб, менинг издошим бўлинг»+. 23 Буни эшитиб, у ич-ичидан қайғурди, чунки у жуда бой эди+.
24 Исо бу кишига қараб, шуларни айтди: «Пулдор одамнинг Худонинг Шоҳлигига кириши нақадар қийин!+ 25 Бой кишининг Худонинг Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқ»+. 26 Уни тинглаётганлар эса: «У ҳолда ким нажот топа олади?» — дея сўрашди+. 27 Бунга жавобан Исо: «Бу одамлар учун имконсиздир, аммо Тангри учун ҳамма нарсанинг имкони бор»+,— деди. 28 Шунда Бутрус айтди: «Мана, биз бор-йўғимизни қолдириб, орқангиздан эргашиб келдик»+. 29 Исо бўлса уларга деди: «Ишонаверинг, Худонинг Шоҳлиги учун уй-жой, хотин, ака-ука, ота-она ёхуд бола-чақасини қолдирган ҳар ким+ 30 ҳозирнинг ўзидаёқ бундан-да кўпроғига эга бўлади. Келажак замонада* эса абадий ҳаётга эришади»+.
31 Кейин Исо 12 шогирдини ёнига чақириб, уларга деди: «Мана, биз Қуддусга кетяпмиз ва Инсон Ўғли ҳақида пайғамбарлар орқали нимаики ёзилган бўлса, ҳаммаси амалга ошади+. 32 Хусусан, уни ўзга халқларнинг қўлига топшириб+, масхара қилишади+. Уни ҳақоратлаб, юзига тупуришади+. 33 Уни қамчилагандан сўнг ўлдиришади+, аммо уч кундан кейин у тирилади»+. 34 Лекин ҳаворийлар бу сўзларнинг мағзини чақишмади, чунки бу ҳали улар учун сир эди ва улар Исо нима демоқчи эканини тушунишмади.
35 Исо Ерихо шаҳрига яқинлашиб қолганда, битта кўр киши йўл чеккасида садақа сўраб ўтирган эди+. 36 У катта халойиқ ўтиб кетаётганини эшитиб, нима бўлаётганини суриштира бошлади. 37 Одамлар унга: «Носиралик Исо ўтиб кетяпти»,— дейишди. 38 Шунда ўша кўр киши: «Эй, Довуднинг Ўғли Исо, менга раҳм-шафқат қилинг!» — деб бақирди. 39 Олдинда кетаётган одамлар унга жим бўлишни айтишса ҳам, у янада баландроқ овозда: «Эй Довуднинг Ўғли, менга раҳм-шафқат қилинг!» — дея бақирарди. 40 Охири Исо тўхтаб, кўр кишини ёнига келтиришларини буюрди. У келганида, Исо ундан сўради: 41 «Мендан нима истайсиз?» У эса: «Ҳазрат, кўзларим очилсин»,— деди. 42 Кейин Исо унга деди: «Кўзларингиз очилсин, ишончингиз туфайли соғайиб кетдингиз»+. 43 Шу заҳоти унинг кўзлари очилди ва у Аллоҳни шарафлаганча Исонинг ортидан эргашиб кетди+. Ўшанда буни кўрган одамларнинг барчаси Тангрига ҳамду санолар айта бошлади+.