2- БОБ
Аллоҳ уларнинг «инъомларини маъқул кўрган»
БУ БОБДА: Яҳова пок топиниш учун кўрган чораларнинг тарихи
1–3. a) Қайси саволларни кўриб чиқамиз? б) Пок топинишнинг қайси тўртта муҳим талаби ҳақида гап боради? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.)
ҲОБИЛ қўйларини кўздан кечиряпти. Уларни болалигидан меҳр ила боқиб келяпти. Энди эса, баъзиларини танлаб, уларни сўяди ва Аллоҳга инъом сифатида тақдим этади. Хўш, бу номукаммал инсон топиниш мақсадида қиладиган ушбу хатти-ҳаракатини Яҳова қабул қиладими?
2 Ҳаворий Павлус Ҳобил ҳақида: «Аллоҳ унинг инъомларини маъқул кўрган»,— деб ёзган. Лекин Яҳова Қобилнинг инъомини маъқул кўрмаган. (Ибронийларга 11:4 ни ўқинг.) Шундай қилиб, диққатимизга сазовор саволлар пайдо бўляпти. Нега Худо Ҳобилнинг инъомларини маъқул кўрган, Қобилникини эса йўқ? Ибронийларга 11- бобда тилга олинган Қобил, Ҳобил ва бошқаларнинг мисолларидан қандай сабоқлар олишимиз мумкин? Ушбу саволларнинг жавоблари пок топиниш нимани ўз ичига олишини яхшироқ тушунишимизга ёрдам беради.
3 Ҳобилдан бошлаб то Ҳизқиёнинг давригача бўлган ҳодисаларни қисқача кўриб чиқамиз экан, топинишнинг тўртта муҳим талабига эътибор беринг. Уларни биргаликда қилсаккина Худо топинишимизни маъқул кўради. Бу қуйидагиларни ўз ичига олади: Яҳовага топиниш керак, сифати аъло бўлиши лозим, Худога ёқадиган тарзда топиниш даркор ва топинувчининг нияти пок бўлиши керак.
Нега Аллоҳ Қобилнинг инъомини маъқул кўрмаган?
4, 5. Қобил назрни Яҳовага келтириши кераклигини қандай тушунган?
4 Ибтидо 4:2–5 ни ўқинг. Қобил инъомини қабул қилувчи Яҳова эканини биларди. Унда Яҳовани таниб-билишга вақти ҳамда имкони бор эди. Қобил билан Ҳобил Аллоҳга назр келтирганда, тахминан 100 ёшда эдиa. Иккови ҳам Адан боғи ҳақида хабардор бўлиб улғайишган ва у жуда серҳосил боғ эканини узоқдан кўришгандир. Худо ўша боғни қўриқлаш учун қўйган карубларни ҳам улар кўришган. (Ибт. 3:24) Шубҳасизки, бу иккита боланинг ота-онаси Яҳова барча нарсани яратганини ва инсоният учун кўзлаган илк нияти ҳозирги уларнинг аҳволи, яъни аста-секин ўлимга етаклаётган ҳолатидан фарқ қилишини уларга айтиб беришган. (Ибт. 1:24–28) Буларнинг барини билган Қобил назрини Худога тақдим этиши кераклигини тушунгандир.
5 Қобилга назр келтиришга яна нима туртки бўлган бўлиши мумкин? Яҳова Момоҳавони даҳшатли танлов қилишга ундаган «илоннинг» бошини эзиб ташлайдиган «зурриёт» келишини башорат қилган. (Ибт. 3:4–6, 14, 15) Тўнғич сифатида Қобил ўзини ваъда қилинган «зурриёт» деб ҳисоблагандир. (Ибт. 4:1) Бундан ташқари, Яҳова гуноҳкор одамлар билан гаплашишда давом этган; ҳатто Одамато гуноҳ қилгач, Яҳова, эҳтимол фариштаси орқали у билан гаплашган. (Ибт. 3:8–10) Қобил назр келтирганидан сўнг ҳам Яҳова у билан гаплашган. (Ибт. 4:6) Қобил Яҳова топинишга лойиқ эканини билгани шубҳасиз.
6, 7. Муаммо Қобил келтирган назрининг сифати ёки уни қай тарзда келтирганида бўлганми? Тушунтиринг.
6 Унда нега Яҳова унинг инъомини маъқул кўрмаган? Гап унинг сифатидамикин? Муқаддас Китобда бу ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган. У ерда Қобил «ернинг ҳосилидан» Яҳовага назр келтирди дейилган. Яҳова кейинчалик Мусо пайғамбарга берган Тавротда шу каби назрларни маъқул кўришини айтиб ўтган. (Саҳ. 15:8, 9) Шунингдек, шароитларни ҳам инобатга олайлик. Ўша пайтда инсонлар фақат ўсимликларни ейиши мумкин эди. (Ибт. 1:29) Адан боғининг ташқарисидаги ер қарғишга қолгани боис, Қобил ўз назрини келтира олиши учун заҳмат чекиб меҳнат қилган. (Ибт. 3:17–19) У пешона тери билан ўстирган, яшаш учун зарур бўлган егуликни назр қилган. Шунда ҳам Яҳова унинг инъомини маъқул кўрмаган.
7 Балки Қобил инъомини қай тарзда тақдим этгани нотўғри бўлгандир? У назрини номаъқул йўл билан тақдим этганми? Бундай бўлганга ўхшамайди. Нега? Чунки Яҳова Қобилнинг назрини рад этган пайтда, уни қай тарзда тақдим этгани учун қораламаган. Дарҳақиқат, Муқаддас Китобда Қобил ҳам, Ҳобил ҳам назрни қай йўсин олиб келгани ҳақида айтилмаган. Унда муаммо нимада эди?
8, 9. a) Нега Яҳова Қобилни ва унинг назрини хуш кўрмаган? б) Муқаддас Китобда Қобил ва Ҳобил ҳақида ёзилган маълумот сиз учун нимаси билан аҳамиятли?
8 Павлус Ибронийларга йўллаган сўзларда Қобилнинг нияти пок бўлмаганини тилга олади. У буни имон билан қилмаган. (Иброн. 11:4; 1 Юҳан. 3:11, 12) Шунинг учун ҳам, шунчаки назр эмас, балки Қобилнинг ўзи Яҳовага маъқул келмаган. (Ибт. 4:5–8) Яҳова севувчи Ота бўлгани боис, ўғлини меҳр ила тузатишга интилган. Аммо Қобил Унинг ёрдамини рад этган. У бундай қилгани учун рамзий қалби «адоват, жанжалкашлик, рашк-ҳасад» каби иллатлар билан йиринглаб кетган. (Галат. 5:19, 20) Қалби разиллашиб кетганидан унинг топиниш билан боғлиқ яхши ишлари ҳам фойдасиз бўлиб қолган. Қобилнинг мисолидан пок топиниш Яҳовага бағишланганимизни намоён этишдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олишини кўряпмиз.
9 Муқаддас Китобдан Қобил тўғрисида анчагина нарсани билиб олишимиз мумкин. Масалан, Яҳова унга гапирганини, Қобилнинг жавобларини ва ҳатто авлодларининг исмларини ҳамда баъзи ишларини биламиз. (Ибт. 4:17–24) Ҳобилга келадиган бўлсак, фарзандлари бўлганми ёки йўқми билмаймиз ва бирорта сўзи ҳам Муқаддас Китобда ёзилмаган. Шундай бўлса-да, унинг ишлари ҳозиргача гапирмоқда. Қандай қилиб?
Ҳобил пок топиниш борасида намуна
10. Қандай қилиб Ҳобил пок топиниш борасида намуна қолдирган?
10 Қурбонликни қабул қилишга фақат Яҳова лойиқ эканини билиб, Ҳобил Унга назр келтирган. Инъомининг сифати аъло эди, у «ўз подасидаги биринчи туғилган қўзилардан бир нечтасини» назр қилди. Гарчи назрни қурбонгоҳда келтиргани ёки келтирмагани ҳақида Муқаддас Китобда айтилмаган бўлса ҳам, назрини қай тарзда тақдим этгани Худога маъқул келгани аниқ. Лекин энг аҳамиятлиси — назр қайси ният билан келтирилганида. Тахминан 6 000 йил ўтгач ҳам бу биз учун ўрнак бўлиб келмоқда. Ҳобил буни Худога ишонгани ва Унинг адолатли меъёрларини яхши кўргани учун қилган. Буни қаердан биламиз?
11. Нима учун Исо Ҳобилни одил киши деб айтган?
11 Аввал, Исо Ҳобил ҳақида нима деб айтганига эътибор берайлик. У Ҳобилни яхши билган. Исо осмонда бўлганда, Ҳобил ер юзида эди. Ўшанда у Одаматонинг бу ўғли билан жуда кўп қизиқарди. (Ҳик. 8:22, 30, 31; Юҳан. 8:58; Колос. 1:15, 16) Исо Ҳобилни ўзи кузатгани учун уни одил инсон сифатида таърифлаган. (Мат. 23:35) Негаки одил киши нима тўғри ва нима нотўғри экани борасидаги меъёрларни Яҳова ўрнатишга ҳақли деб билади. Бироқ у бундан ҳам кўпроғини қилади, яъни у ҳам сўзда, ҳам амалда ушбу меъёрларга қўшилаётганини кўрсатади. (Луқо 1:5, 6 ни солиштиринг.) Кимдир одил инсон сифатида танилиши учун вақт керак. Демак, Ҳобил Аллоҳга назр келтиришдан олдин ҳам Унинг меъёрларига мувофиқ ҳаёт кечирган деб айта оламиз. Бу унча осон бўлмагандир. Унинг акаси унга ижобий таъсир қилган деб бўлмайди. Қобилнинг қалби қабиҳ бўлиб кетган. (1 Юҳан. 3:12) Онаси Момоҳаво Худонинг аниқ амрига бўйсунмаган, отаси Одамато эса нима яхши ва нима ёмон эканини ўзи ҳал қилмоқчи бўлиб, Яҳовага қарши исён кўтарган. (Ибт. 2:16, 17; 3:6) Ҳобил оиласи танлаган йўлдан юрмай, катта жасорат кўрсатган!
12. Қобилнинг ва Ҳобилнинг орасидаги асосий фарқ нимада эди?
12 Энди, ҳаворий Павлус имон билан одиллик фазилатини қай йўсин ўзаро боғлаганига диққат қаратинг. У қуйидагича ёзган: «Имон билан Ҳобил Тангрига Қобилдан кўра яхшироқ қурбонлик келтирган. Шу имони туфайли у одил киши деб топилган». (Иброн. 11:4) Бу сўзлардан Қобилдан фарқли равишда Ҳобил Яҳованинг талаблари ва ишлари ҳамиша тўғри эканига бутун умр, сидқидилдан ишонганини кўрсак бўлади.
13. Ҳобилнинг мисолидан нимани ўрганяпмиз?
13 Ҳобилнинг мисолидан шуни кўряпмизки, фақатгина пок ниятларга тўла қалб билан Худога пок тарзда топиниш мумкин. Бошқача айтганда, Яҳовага тўлиқ ишониш ва Унинг адолатли меъёрлари билан бутунлайин рози бўлиш кутилади. Шунингдек, пок топиниш инсон Худога бағишланганини кўрсатувчи биргина хатти-ҳаракатдан кўра кўпроқ нарсани талаб қилишини билиб олдик. У бутун ҳаётимиз, бутун юриш-туришимиз билан боғлиқ.
Яхши намунага эргашган бобокалонлар
14. Нега Яҳова Нуҳ, Иброҳим ва Ёқубнинг инъомларини маъқул кўрган?
14 Ҳобил Яҳовага пок тарзда топинган илк номукаммал инсон эди, лекин охиргиси эмасди. Ҳаворий Павлус Нуҳ, Иброҳим, Ёқуб ва бошқаларни ҳам бу инсонлар қаторида санаб ўтган. (Ибронийларга 11:7, 8, 17–21 ни ўқинг.) Уларнинг ҳар бири Яҳовага қурбонлик келтирган ва У уларнинг инъомларини маъқул кўрган. Нима учун? Сабаби, улар ўзини Худога бағишлаганини шунчаки кўрсатишдан кўпроғини қилишган, яъни пок топинишнинг барча муҳим талабларини ҳам бажаришган. Келинг, уларнинг мисолларига назар солайлик.
15, 16. Қандай қилиб Нуҳ пок топинишнинг тўртта муҳим талабига амал қилган?
15 Нуҳ пайғамбар Одаматонинг ўлимидан 126 йил ўтгач туғилган. У бутун ер юзи сохта топинишга тўлиб кетган даврда улғайганb. (Ибт. 6:11) Тўфондан сал олдин ер юзидаги барча оилалар орасида фақатгина Нуҳ ва унинг оиласи Яҳовага маъқул тарзда хизмат қилган. (2 Бутр. 2:5) Тўфондан сўнг у Муқаддас Китобда илк бор тилга олинган қурбонгоҳни қурган ва Яҳовага қурбонликлар келтирган. Бу чин юракдан қилинган иши билан Нуҳ ўз оиласи ва авлодларига топинишга фақат Яҳова лойиқ эканини яққол намоён этган. Қурбонлик қилиши мумкин бўлган барча ҳайвонлар орасидан у «ҳалол жониворларнинг ҳамда ҳалол қушларнинг барча туридан олган». (Ибт. 8:20) Бу энг аъло сифатли қурбонликлар эди, чунки Яҳованинг Ўзи уларни ҳалол деб эълон қилган. (Ибт. 7:2)
16 Нуҳ уларни ўзи қурган қурбонгоҳда куйдирган. У қай тарзда топингани Худога маъқулмиди? Ҳа. Муқаддас Китобда айтилгандай, Яҳова учун уларнинг ҳиди ёқимли бўлган ва У Нуҳ билан ўғилларини қутлаган. (Ибт. 8:21; 9:1) Лекин энг асосийси, Яҳова Нуҳнинг ниятини кўриб қурбонлигини қабул қилган. Нуҳнинг қурбонликларидан у Яҳовага ҳамда Унинг талаблари ва ишлари ҳамиша тўғри эканига қаттиқ ишонганини кўрсак бўлади. У доимий равишда Яҳовага бўйсунгани ва Унинг меъёрларига амал қилгани боис, Муқаддас Китобда у ҳақида: «Худога ҳамроҳ бўлиб яшарди»,— дейилган. Натижада, Нуҳ одил инсон сифатида обрў орттирган. (Ибт. 6:9; Ҳиз. 14:14; Иброн. 11:7)
17, 18. Қандай қилиб Иброҳим пок топинишнинг тўртта муҳим талабига амал қилган?
17 Иброҳим пайғамбар даврида сохта топиниш кенг тарқалган эди. У яшаган Ур шаҳрида ой худоси Наннага атаб қурилган ибодатхонада сиғиниш оддий ҳол эдиc. Ҳатто унинг отаси ҳам қачондир сохта худоларга сиғинган. (Ёшуа 24:2) Бироқ Иброҳим Яҳовага топинишни танлаган. У ҳақ Тангри ҳақида Нуҳнинг Сом исмли ўғли бўлмиш аждодидан эшитгандир. Иброҳим билан Сом 150 йил давомида замондош бўлган.
18 Ҳаёти давомида Иброҳим кўп қурбонликлар келтирган. У доим бундай қурбонликларни қабул қилишга фақат Яҳова лойиқ деб билган. (Ибт. 12:8; 13:18; 15:8–10) Иброҳим аъло сифатли қурбонликни Яҳовага беришга тайёрмиди? Бу саволнинг жавоби Иброҳим суюкли ўғли Исҳоқни қурбонликка келтиришга тайёр эканини кўрсатганда аён бўлди. Бу сафар Иброҳим қурбонликни қай тарзда келтириши кераклигини Яҳова батафсил айтиб ўтган. (Ибт. 22:1, 2) Иброҳим йўл-йўриққа майда-чуйдасигача амал қилишга тайёр эди. Аммо Яҳованинг Ўзи уни ўғлини ўлдиришдан тўхтатиб қолган. (Ибт. 22:9–12) Яҳова Иброҳимнинг топинишини маъқул кўрган, сабаби у қурбонликни пок ниятлар ила қилган. Павлус: «Иброҳим Яҳовага ишонди ва шунинг учун у одил деб тан олинди»,— деб ёзган. (Рим. 4:3)
19, 20. Қандай қилиб Ёқуб пок топинишнинг тўртта муҳим талабига амал қилган?
19 Ёқуб Яҳова Иброҳимга ва унинг авлодларига ваъда қилган Канъонда деярли бутун умр яшаган. (Ибт. 17:1, 8) У ерда яшаган инсонлар сохта топинишга ботиб кетганидан, Яҳова бу юрт «уларни қусиб ташлайди» деб айтган. (Лев. 18:24, 25) У 77 ёшида Канъондан кетиб, уйланган ва кейинчалик у ерга бутун хонадон аҳли билан қайтиб келган. (Ибт. 28:1, 2; 33:18) Лекин оила аъзоларининг айримлари сохта топинишнинг таъсири остида бўлган. Шунга қарамай, Яҳова унга Байтилга бориб, қурбонгоҳ қуришни айтганда, у иккиланмаган. Авваламбор у оила аъзоларига шундай деган: «Сизларда бор бўлган сохта худоларнинг бутларини йўқ қилиб, покланинглар». Кейин эса олган йўл-йўриқларга садоқат ила амал қилган. (Ибт. 35:1–7)
20 Ёқуб ваъда қилинган юртда кўп қурбонгоҳлар барпо этган, аммо уларнинг барчасини фақат Яҳовага топиниш учун қурган. (Ибт. 35:14; 46:1) Қурбонликларининг сифати, уларни тақдим этиш тарзи ва Ёқубнинг нияти шу қадар аъло бўлганки, Муқаддас Китобда у «одил киши» деб аталган. Бу ибора Худо маъқул кўрган инсонларга нисбатан қўлланган. (Ибт. 25:27) Ёқубнинг бутун ҳаёти ундан келиб чиққан Исроил халқи учун аъло ўрнак бўлган. (Ибт. 35:9–12)
21. Бобокалонларнинг мисолидан пок топиниш борасида нималарни билиб олишимиз мумкин?
21 Хўш, бобокалонларнинг мисолидан пок топиниш борасида нималарни билиб олдик? Уларга ўхшаб, биз ҳам Яҳовага мутлақ содиқ бўлиб қолишимизга тўсқинлик қилаётган одамлар орасида яшаяпмиз. Балки оила аъзоларимиз ҳам бундай йўл тутаётгандир. Бу каби босимга қарши туриш учун, Яҳовага бўлган ишончимизни кучайтиришимиз ва Унинг адолатли меъёрлари энг аълоси эканига амин бўлишимиз керак. Бундай имонни Яҳовага бўйсуниш, вақт, куч ва маблағимизни Унга хизмат қилишга сарфлаш орқали кўрсатамиз. (Мат. 22:37–40; 1 Кор. 10:31) Энг яхши қобилиятларимизни қўллаб, Яҳова айтаётгандай ва пок ниятлар ила топинсак, У бизни одил инсон деб ҳисоблайди. Буни билиш жуда далдали! (Ёқуб 2:18–24 ни ўқинг.)
Ўзини пок топинишга бағишлаган халқ
22–24. Исроилликлар қурбонликларни кимга келтириши, уларнинг сифати ва уларни қай тарзда келтириши кераклигининг муҳимлиги Тавротда қандай таъкидланган?
22 Яҳова Ёқубнинг авлодларига Тавротни бериб, улардан нимани талаб қилаётганини билдирган. Агар улар Яҳовага итоат этганида, улар Унинг «ўзгача мулки» ва «муқаддас халқи» бўлиб қоларди. (Чиқ. 19:5, 6) Пок топинишнинг тўртта муҳим талаби Тавротда қандай таъкидланганига эътибор беринг.
23 Яҳова исроилликларга фақат Унга топинишлари кераклигини очиқ айтган эди. У: «Мендан ўзга худоларингиз бўлмасин»,— деб айтган. (Чиқ. 20:3–5) Уларнинг қурбонликлари юқори сифатли бўлиши керак эди. Масалан, улар нуқсонсиз бўлиши зарур эди. (Лев. 1:3; Қонун. 15:21; Малаки 1:6–8 ни солиштиринг.) Левилар Яҳовага келтирилган ҳадялардан фойдаланишган, лекин шахсан ўзлари ҳам қурбонликлар қилишган. Улар «олиб келинган ҳадяларнинг энг яхшисидан» танлаб Яҳовага беришган. (Саҳ. 18:29) Қай тарзда топиниши кераклигига келадиган бўлсак, Исроил халқига Яҳовага нимани, қаерда ва қандай қилиб қурбонлик қилишлари кераклиги борасида муайян йўл-йўриқ берилган эди. Умуман олганда, юриш-туриш масаласида уларга 600 дан ошиқ қонун берилган ва уларда: «Диққатли бўлиб, Тангрингиз Яҳова буюрганидай қилинглар. Бу амрлардан ўнгга ҳам, чапга ҳам оғиб кетманглар»,— дейилган. (Қонун. 5:32)
24 Исроилликлар қурбонликларни қаерда келтириши муҳим аҳамиятга эгамиди? Ҳа. Яҳова уларга муқаддас чодир қуриш борасида йўл-йўриқлар берган ва у пок топинишнинг марказига айланган. (Чиқ. 40:1–3, 29, 34) Ўша даврда исроилликлар назрлари Худога маъқул келишини исташса, уларни муқаддас чодирга олиб боришлари керак эдиd. (Қонун. 12:17, 18)
25. Қурбонликлар масаласида нима муҳимроқ? Тушунтиринг.
25 Лекин бундан-да муҳимроғи, исроиллик киши буни қайси ният ила қилганида эди. Бунга уни Яҳовага ва Унинг меъёрларига бўлган чуқур севги ундарди. (Қонунлар 6:4–6 ни ўқинг.) Исроилликлар Яҳовага шунчаки мажбурият юзасидан топинганда, У уларнинг қурбонликларини рад этарди. (Ишаё 1:10–13) Яҳова ҳеч ким ўзини Унга бағишлагандай кўрсатиб, Уни алдай олмаслиги ҳақида Ишаё пайғамбар орқали шундай деган: «Бу халқ... тилдагина Мени ҳурмат қилади, қалби эса Мендан йироқдир». (Ишаё 29:13)
Маъбадда топиниш
26. Сулаймон қурган маъбад бошида пок топинишда қандай аҳамиятга эга бўлган?
26 Исроил халқи ваъда қилинган юртда асрлар яшагач, шоҳ Сулаймон пок топинишнинг марказига айланган ва муқаддас чодирдан ҳам юксакроқ бўлган маъбад қурди. (3 Шоҳ. 7:51; 2 Сол. 3:1, 6, 7) Бошида бу маъбадда фақат Яҳовага қурбонликлар келтириларди. Сулаймон ва унинг халқи Тавротда айтилгандай юқори сифатли ва белгиланган тарзда кўпдан-кўп қурбонликларни келтиришган. (3 Шоҳ. 8:63) Аммо ўша маъбаддаги топиниш Яҳовага маъқул келганининг сабаби унинг ҳашамати ва қурбонликларнинг сон-саноқсизлиги билан боғлиқ эмас эди. Ўша қурбонликлар қайси ният ила қилинаётгани муҳим аҳамиятга эга эди. Маъбад бағишланганда Сулаймон бунга урғу берган. У: «Илойим, бугунги кунгача бўлганидай, бутун қалбингиз билан Аллоҳимиз Яҳовага хизмат қилинг. Унинг фармонлари бўйича юриб, амрларини бажаринг»,— деган. (3 Шоҳ. 8:57–61)
27. Исроил шоҳлари ва халқ нималар қилишган ва Яҳова бунга қандай муносабатда бўлган?
27 Минг афсус, Исроил халқи шоҳнинг ушбу доно маслаҳатига амал қилмай қўйган. Улар пок топинишнинг муҳим талабларининг бирига ёки бир нечтасига риоя қилмаган. Исроил шоҳлари ва халқ қалби разиллашиб кетишига йўл қўйиб, Яҳовага бўлган ишончини йўқотишган ва Унинг адолатли меъёрларидан юз ўгиришган. Яҳова уларни тўғри йўлга солиб, қилмишларининг асоратларидан огоҳлантириш учун севги ила қайта-қайта пайғамбарларини юборган. (Ерм. 7:13–15, 23–26) Уларнинг бири садоқатли Ҳизқиё пайғамбар бўлгани аҳамиятга сазовор. У пок топиниш тарихидаги энг мушкул паллада яшаган.
Ҳизқиё пок топиниш булғанганини кўради
28, 29. Ҳизқиё ҳақида нималарни билиб олдик? («Ҳизқиё — ҳаёти ва юз берган воқеалар» номли рамкага қаранг.)
28 Сулаймон қурган маъбаддаги топиниш Ҳизқиёга яхши таниш эди. Унинг отаси руҳоний эди ва навбати келганда Ҳизқиёни ҳам маъбадга олиб борарди. (Ҳиз. 1:3) Ҳизқиёнинг болалиги бахтиёр ўтган бўлиши мумкин. Отаси унга Яҳова тўғрисида ҳамда Таврот асосида таълим бергани шубҳасиз. Ҳизқиё тахминан бир ёшлигида «Таврот китоби» маъбадда топилган эдиe. Ўшанда бошқарган яхши шоҳ Йўшиё бу китобдаги сўзлардан таъсирланиб, пок топинишни тиклашга жон-жаҳди билан киришган. (4 Шоҳ. 22:8–13)
29 Ҳизқиё ҳам ундан олдин яшаган содиқ кишиларга ўхшаб пок топинишнинг тўртта талабига амал қилган. Ҳизқиё китобини тадқиқ қилаётганда, у Яҳовага садоқат ила хизмат қилганини, энг аълосини берганини, У талаб қилган нарсаларга риоя қилганини ва буни қай тарзда амалга оширганини билиб оламиз. Ҳизқиё буларнинг барини кучли имонга эга бўлгани туфайли қилган. Бироқ замондошларининг аксарияти у каби бўлмаган. Ҳизқиё Еремиёнинг башоратларини эшитиб улғайган. Еремиё мил. авв. 647 йили хизматини бошлаган ва Яҳованинг ҳукм хабарларини ғайрат ила эълон қилган.
30. a) Ҳизқиё ёзган башоратлар нималарни ошкор этмоқда? б) Башорат қилиш нима дегани ва Ҳизқиёнинг башоратларини қандай тушунишимиз керак? («Ҳизқиёнинг башоратларини тушуниш» номли рамкага қаранг.)
30 Ҳизқиёнинг китоби Худонинг халқи Унга хизмат қилишдан ниҳоятда узоқлашиб кетганини ошкор этмоқда. (Ҳизқиё 8:6 ни ўқинг.) Яҳова Яҳудони жазолай бошлаганда, Ҳизқиё Бобилга сургун қилинганлар орасида бўлган. (4 Шоҳ. 24:11–17) Сургун қилинган бўлса-да, у жазоланмаган эди. Яҳова унга у ерда топшириқ берган. Ҳизқиё кўрган ҳайратомуз ваҳийлар ва ёзган башоратларидан пок топиниш Қуддусда қай йўсин тикланишини билиб оламиз. Лекин энг муҳими улар шунингдек, Яҳовани севадиган барча учун охир-оқибат қандай қилиб пок топиниш буткул тикланишини кўрсатмоқда.
31. Бу адабиёт нима қилишимизга ёрдам беради?
31 Бу адабиётдаги кейинги бўлимларда Яҳованинг ҳузури жойлашган самолар, пок топиниш қандай қилиб тамомила булғангани, У Ўз халқини қай йўсин қўллаб-қувватлаб, ҳимоя қилгани ва келажакда ҳар бир инсон Унга топиниши ҳақида гап боради. Навбатдаги бобда Ҳизқиё кўрган биринчи ваҳий тўғрисида сўз юритамиз. Бу ҳайратга солувчи ваҳий Яҳованинг улуғворлигини ҳамда ташкилотининг самодаги қисмини тасаввур қилишимизга кўмаклашади ва нега фақат У мутлақ ҳамда пок тарзда топинишимизга лойиқ эканига урғу беради.
a Ҳобил Одамато билан Момоҳаво Адан боғидан ҳайдалганидан сўнг туғилган. (Ибт. 4:1, 2) Ибтидо 4:25 да ёзилганидай, Худо «бошқа ўғил», яъни Шисни берди. Ҳобил ваҳшийларча ўлдирилганидан кейин Шис туғилди, Одамато 130 ёшда эди. (Ибт. 5:3) Демак, Қобил Ҳобилни ўлдирганда, Ҳобил тахминан 100 ёшда эди.
b Ибтидо 4:26 га биноан, Одаматонинг невараси бўлган Энўшнинг даврида «одамлар Яҳованинг исмини айтиб чақирадиган бўлишди». Эҳтимол, улар Худога ҳурматсизлик кўрсатиб, бутларини Яҳова исми билан атаган бўлиши мумкин.
c Нанна номли бут, шунингдек, Син деб ҳам аталган. Гарчи Ур шаҳрининг аҳолиси сон-саноқсиз худоларга сажда қилган бўлса-да, у ердаги ибодатхоналару қурбонгоҳлар асосан унга бағишланган эди.
d Аҳд сандиғи муқаддас чодирдан олиб кетилгандан кейин, Яҳова қурбонликлар муқаддас чодирдан ташқари бошқа жойларда ҳам олиб келинишига рухсат берган бўлиши мумкин. (1 Шоҳ. 4:3, 11; 7:7–9; 10:8; 11:14, 15; 16:4, 5; 1 Сол. 21:26–30)
e Мил. авв. 613 йили пайғамбарлик қилишни бошлаганда Ҳизқиё 30 ёшда бўлгандир. Демак, у тахминан мил. авв. 643 йили туғилган. (Ҳиз. 1:1) Йўшиё мил. авв. 659 йили бошқаришни бошлаган. Таврот китоби эса, эҳтимол, унинг асл нусхаси у ҳукм сураётганининг тахминан 18- йилида ёки мил. авв. 642–641 йилларда топилган.