13- БОБ
«Маъбадни тасвирлаб бер»
БУ БОБДА: Ҳизқиёнинг улуғвор маъбад ҳақидаги ваҳийсининг маъноси
1–3. а) Нима учун маъбад биноларини айланиб чиққани Ҳизқиёга тасалли берган? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.) б) Ушбу бобда нимани кўриб чиқамиз?
ЭЛЛИК яшар Ҳизқиёни кўз олдингизга келтиринг. У чорак аср умрини сургунда ўтказди ва энди ўтмишга назар солиши мумкин. Қуддусдаги маъбад кўп йиллардан буён вайрон бўлиб ётибди. Ҳизқиё у ерда руҳоний бўлиб хизмат қилишга умид қилган бўлса ҳам, энди бу орзулари саробга айланди. Сургун тахминан 56 йилдан кейин якунига етади. Шу боис, Яҳованинг халқи она юртига қайтганини Ҳизқиё ўз кўзлари билан кўриши амримаҳол, маъбаднинг қайта тиклангани ҳақида эса айтмаса ҳам бўлади. (Ерм. 25:11) Бундай фикрлар уни тушкунликка туширганми?
2 Садоқатли инсонларга кўп тасалли ва умид бахш этувчи кенг қамровли ваҳийни Ҳизқиёга бериш учун шундай вақтни танлаган Яҳова нақадар меҳрибон! Бу ваҳийда пайғамбар ўз она юртига кўчирилади ва жуда баланд тоғ устига қўйилади. Ушбу баланд жойда у «кўриниши мисдай» товланадиган бир кишини учратади. Бу фаришта унга йўлбошловчилик қилиб, уни маъбад бинолари бўйлаб айлантириб чиқади. (Ҳизқиё 40:1–4 ни ўқинг.) Буларнинг барчаси ҳақиқийдай туюларди. Бу нарсалар Ҳизқиёнинг имонини мустаҳкамлаган, уни ҳаяжонга солган, эҳтимол, бироз эсанкиратиб қўйган бўлиши ҳам мумкин. Ҳизқиё ваҳийдаги маъбаднинг Қуддусдаги у билган маъбад билан кўпгина ўхшаш томонлари борлигини, шунингдек, мутлақо фарқ қиладиган хусусиятларини кўради.
3 Ушбу қизиқарли ваҳий Ҳизқиё китобидаги сўнгги тўққизта бобни тўлдиради. Ушбу ваҳийни тадқиқ қилиб ва уни тушунишга интилиб қандай нуқтаи назарга эга бўлишимиз кераклигини муҳокама қиламиз. Кейин эса Ҳизқиё ҳам кўп асрлар оша Павлус таърифлаган буюк рамзий маъбадни кўрган ёки кўрмаганига диққат қаратамиз. Ниҳоят, ушбу ваҳий Ҳизқиё ва у билан сургунда бўлганлар учун нимани англатганини ўрганамиз.
Бошқача ёндашув
4. Маъбад ҳақидаги ваҳий ўтмишда қандай тушунтириларди, бироқ нима маълум бўлди?
4 Илгари адабиётларимизда Ҳизқиё ҳам ҳаворий Павлус илоҳий илҳом остида Ибронийларга ёзган мактубида таърифлаган буюк рамзий маъбадни кўрган деб айтилардиa. Бу хулосага асосланиб Ҳизқиё кўрган маъбад ҳақидаги ваҳийнинг хусусиятлари рамзий маънога эга деб ўйлардик. Бу рамзий маънолар учун ҳаворий Павлус муқаддас чодирга берган изоҳни асос қилиб олардик. Бироқ ибодат ила қилинган кейинги тадқиқотлар ва мулоҳазалар туфайли Ҳизқиё кўрган маъбад ҳақидаги ваҳийни тушунтириш учун соддароқ ёндашув кераклиги маълум бўлди.
5, 6. а) Ҳаворий Павлус муқаддас чодир ҳақида гапирганда қандай қилиб камтарликни намоён этган? б) Муқаддас чодирдаги буюмлар ҳақида Павлус нима деган ва буни умуман олганда Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийсига қандай қўллашимиз мумкин?
5 Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийсининг ҳар бир тафсилоти башоратли ёки рамзий маънога эга, деб ўйламаётганимиз оқилонадир. Нега? Келинг, қизиқарли бир мисолни кўриб чиқамиз. Павлус муқаддас чодир ва рамзий маъбад ҳақида гапирганда тутатқи тутатиладиган олтин идиш, сандиқнинг қопқоғи ва ичига манна солиб қўйилган тилла идиш каби муқаддас чодирдаги буюмларни эслатиб ўтган. Бу буюмларга у қандайдир башоратли мазмун киритганми? Ҳойнаҳой, муқаддас руҳ уни бундай қилишга ундамаган. Бунинг ўрнига Павлус шундай деб ёзган: «Ҳозир бу ҳақда батафсил гапиришнинг вақти эмас». (Иброн. 9:4, 5) Павлус муқаддас руҳнинг бошқарувига тайёрлик ила бўйсунган ва камтарлик ила Яҳовани кутган. (Иброн. 9:8)
6 Умуман олганда Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийси борасида ҳам шундай хулосага келиш мумкин. Бу ваҳий ҳам тафсилотларга бой. Агар қўшимча тушунтиришларга эҳтиёж туғилса Яҳова ўз вақтида бунга ойдинлик киритишини камтарлик ила кутган яхшироқ. (Михо 7:7 ни ўқинг.) Яҳованинг руҳи бу ваҳийга бошқа ойдинлик киритмайди, деб хулоса қилишимиз керакми? Асло!
Ҳизқиё буюк рамзий маъбадни кўрганми?
7, 8. а) Қандай тушунчамиз энди ўзгарди? б) Павлус таърифлаган буюк рамзий маъбад Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги маъбаддан нимаси билан фарқ қилади?
7 Юқорида айтиб ўтилганидек, кўп йиллар мобайнида адабиётларимизда Павлус илоҳий илҳом остида Ибронийларга ёзган мактубда таърифлаган Яҳованинг буюк рамзий маъбадини Ҳизқиё ҳам кўрган деб тушунтириларди. Бироқ кейинги тадқиқотлардан Ҳизқиё буюк рамзий маъбадни кўрмаганини тушундик. Нега?
8 Биринчидан, Ҳизқиё ваҳийда кўрган маъбад Павлус илоҳий илҳом остида тушунтирганларига мос келмайди. Қуйидагилар ҳақида ўйлаб кўринг: ҳаворий Павлус Мусо пайғамбарнинг давридаги муқаддас чодир буюк бир нарсанинг рамзи ва сояси бўлганини аниқ кўрсатган. Муқаддас чодирда ва ўша битта намуна бўйича қурилган Сулаймон ҳамда Зарубабелнинг маъбадида «Энг муқаддас хона» бўлган. Павлус Энг муқаддас хонани «одам қўллари билан қилинган» деб атаб, у асл эмас, балки «аслнинг нусхаси бўлган» деб тушунтирган. Унда асл нима бўлган? Павлуснинг айтишича Яҳова истиқомат қиладиган «осмон» аслдир. (Иброн. 9:3, 24) Ҳизқиё осмонни кўрганми? Йўқ. Бошқа ваҳийлардан фарқли ўлароқ, Ҳизқиёнинг ваҳийсида у самовий нарсаларни кўргани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. (Дониёр 7:9, 10, 13, 14 ни солиштиринг.)
9, 10. Қурбонликлар масаласида Ҳизқиёнинг ваҳийси билан Павлуснинг буюк рамзий маъбадга берган таърифи ўртасида қандай фарқ бор?
9 Ҳизқиёнинг ваҳийси билан Павлус берган таъриф ўртасидаги янада яққол фарқ қурбонликларни ўз ичига олади. Ҳизқиё халққа, йўлбошчиларга ва руҳонийларга қурбонликлар келтирилиши билан боғлиқ батафсил йўл-йўриқ берилаётганини эшитган. Улар ўз гуноҳлари учун қурбонликлар келтиришган. Бундан ташқари, улар тинчлик қурбонликларини келтириб, маъбад ошхоналарида уларни ейишлари мумкин бўлган. (Ҳиз. 43:18, 19; 44:11, 15, 27; 45:15–20, 22–25) Бундай қурбонликлар буюк рамзий маъбадда қайта-қайта келтирилганми?
Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги маъбад буюк рамзий маъбад бўлмаган
10 Жавоби аниқ ва оддий. Павлус шундай деб тушунтирган: «Биз эга бўлган баракаларнинг олий руҳонийси Масиҳ одам қўллари билан қурилмаган, ерга оид бўлмаган, янада буюк ва мукаммал чодир орқали келганда, Энг муқаддас хонага эчкиларнинг, ёш буқаларнинг қони билан эмас, балки ўз қони билан биратўла кириб, бизни абадий халос этди». (Иброн. 9:11, 12) Демак, буюк рамзий маъбадда фақат бир марта қурбонлик келтирилган. Бу тўлов қурбонлиги бўлиб, уни энг буюк Олий руҳоний бўлмиш Исо Масиҳ келтирган. Ҳизқиёнинг ваҳийсида эса кўпгина эчкилару буқалар қурбонликка келтирилган. Бундан чиқди, Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги маъбад буюк рамзий маъбадни англатмаган.
11. Нега Ҳизқиёнинг даврида буюк рамзий маъбад тўғрисидаги ҳақиқатларни ошкор этиш учун Худо белгилаган вақт ҳали келмаган эди, дея оламиз?
11 Бу фикр Ҳизқиё буюк рамзий маъбадни кўрмаган, деб хулоса қилишимизга ёрдам берадиган иккинчи сабабни келтириб чиқаради: бундай ҳақиқатларни ошкор этиш учун Худо белгилаган вақт ҳали келмаган эди. Эслайдиган бўлсак, Ҳизқиёнинг ваҳийси биринчи навбатда Бобилда сургунда бўлган яҳудийларга қаратилган эди. Улар Мусонинг Таврот китобида ёзилганларга риоя қилишарди. Сургунлик якунига етгач, улар Қуддусга қайтиб, Тавротда пок топиниш борасида ёзилганларга амал қилган ҳолда маъбад ва унинг қурбонгоҳини тиклаши керак эди. Сўнг улар қурбонликлар келтиришда давом этишарди. Ҳаммаси худди шундай юз берди ва бу қарийб олти аср давом этди. Борди-ю, Ҳизқиёнинг ваҳийсида рамзий маъбад, яъни олий руҳоний ўзини қурбон қилгани ва бундан кейин барча қурбонликларга чек қўйилгани кўрсатилганида эди бу яҳудийларга қандай таъсир қилишини кўз олдингизга келтира оласизми?! Бу ваҳийни улар қандай тушунишарди? Уларнинг Тавротда ёзилганларга риоя қилиш истаги сўниб қолмасмиди? Ҳар доимгидек Яҳова ҳақиқатларни фақатгина ўз вақтида ва халқи бунга тайёр бўлгандагина ошкор этади.
12–14. Ҳизқиёнинг маъбад тўғрисидаги ваҳийси билан Павлуснинг рамзий маъбадга берган таърифи ўртасида қандай боғлиқлик бор? («Турли маъбадлар, турли сабоқлар» номли рамкага қаранг.)
12 Унда Ҳизқиёнинг маъбад тўғрисидаги ваҳийси билан Павлуснинг рамзий маъбадга берган таърифи ўртасида қандай боғлиқлик бор? Шуни унутмангки, Павлус ўз муҳокамасини Ҳизқиёнинг маъбад тўғрисидаги ваҳийсига эмас, балки Мусонинг давридаги муқаддас чодирга асослаган. Тўғри, Сулаймон ва Зарубабелнинг маъбадида ҳамда Ҳизқиёнинг маъбад тўғрисидаги ваҳийсида мавжуд бўлган айрим хусусиятларни Павлус эслатиб ўтган. Умуман олганда Ҳизқиё ва Павлус ўз баёнотларида турли нарсаларга диққат қаратишганb. Уларнинг баёнотлари бир-бирини такрорламайди, аксинча, бир-бирини тўлдириб туради. Қанақасига?
13 Муқаддас Китобдаги ушбу иккита парча орасидаги боғлиқлик борасида қуйидаги хулосага келсак бўлади: Павлусдан Яҳованинг топиниш борасидаги тадбири ҳақида, Ҳизқиёдан эса Яҳованинг топинишга оид меъёрлари тўғрисида билиб оламиз. Яҳованинг топиниш борасидаги тадбири ҳақида таълим бериб Павлус рамзий маъбаддаги олий руҳоний, қурбонликлар, қурбонгоҳ ва Энг муқаддас хона каби хусусиятларнинг маъносини очиб бермоқда. Яҳованинг пок топинишга оид юксак меъёрларига урғу бериш мақсадида Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийсида талайгина тафсилотлар келтирилган. Улар Яҳованинг меъёрлари ҳақидаги кўпгина сабоқлар қалбимизу онгимизда муҳрланиб қолишига хизмат қилади.
14 Хўш, ўзгарган тушунчамиздан қандай хулосага келяпмиз? Шуниси аниқки, бу Ҳизқиёнинг ваҳийси бугунги кунда биз учун озроқ аҳамиятга эга дегани эмас. Ваҳийнинг бизга қандай фойдаси борлигини кўриш учун, келинг, у Ҳизқиёнинг давридаги садоқатли яҳудийларга ва ундан кейин қандай фойдали бўлганини яхшироқ билиб олайлик.
Сургунда бўлган яҳудийлар учун ваҳий нимани англатган?
15. а) Ҳизқиёнинг башоратли мазмунга эга ваҳийсидаги асосий хабар нимадан иборат бўлган? б) Ҳизқиё 8- боб ва 40–48- боблар ўртасида қандай фарқ бор?
15 Бу саволга Муқаддас Китобдан жавоб топиш учун, келинг, тўлиқ манзарани кўришга ёрдам берадиган бир қатор ўзаро боғлиқ саволларни кўриб чиқайлик. Биринчидан, ваҳийнинг башоратли мазмунга эга асосий хабари нимадан иборат бўлган? Оддий қилиб айтсак, асосий хабар пок топиниш тикланиши эди. Ҳизқиё учун бу кундай равшан бўлган. Ҳизқиё 8- бобда унинг ўзи ёзганидай, Яҳова Қуддусдаги маъбаднинг аянчли аҳволини яққол тасвирлаган. 40–48- бобларда осмон билан ерчалик фарқи бўлган тафсилотларни қаламга олганда Ҳизқиё роса хурсанд бўлгандир! Бу боблардан пок топиниш булғанмаганини, аксинча, Мусонинг Таврот китобига мувофиқ Яҳовага пок тарзда топиниш рисоладагидай эканини кўриш мумкин.
16. Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийси бир асрдан ошиқроқ аввал айтилган Ишаёнинг башоратини қандай тасдиқламоқда?
16 Яҳовага топиниш ўзининг қонуний ўрнида тикланиши учун, у юксалиши керак. Ҳизқиёдан бир асрдан ошиқроқ аввал яшаган Ишаё пайғамбар шундай деб ёзишга илҳомлантирилган эди: «Охирги кунларда Яҳованинг уйи турган тоғ, тоғ чўққиларидан ҳам баландроқ ўрнатилади. У тепаликлар узра юксалади, барча халқлар унинг олдига оқиб келади». (Ишаё 2:2) Яҳовага пок тарзда топиниш тикланиши ва юксалиши, гўёки баланд тоғлардан ҳам юқорироқ жой эгаллашини Ишаё аниқ башорат қилган. Хўш, Худодан келган ваҳийда Ҳизқиё қаерда бўлиб қолган? У «баланд тоғнинг» устида туриб Яҳованинг уйини кўрган. (Ҳиз. 40:2) Ҳизқиёнинг ваҳийси пок топиниш тикланишини тасдиқламоқда.
17. Ҳизқиё 40–48- бобларини қисқача таҳлил қилинг.
17 Келинг, пайғамбарнинг эшитган ва кўрганларини қисқача таҳлил қиламиз. Улар Ҳизқиё 40–48- бобларда қаламга олинган. У фаришта дарвозахоналарни, деворларни, ҳовлиларни ва муқаддас масканни ўлчаб чиққанини кузатади. (Ҳиз. 40–42) Кейин ҳаяжонли воқеа юз беради: Яҳова улуғвор тарзда маъбадга кириб келади! Яҳова ўжар халқини, руҳонийларни ва йўлбошчиларни тузатиб, йўл-йўриқ беради. (Ҳиз. 43:1–12; 44:10–31; 45:9–12) Ҳизқиё муқаддас маскандан оқиб чиқаётган дарёни кўради. Унинг сувлари Ўлик денгизга қуйилиб ҳаёт ва баракалар келтиради. (Ҳиз. 47:1–12) Шунингдек, у юрт тенг тақсимланганини ва пок топиниш унинг марказида ўрин эгаллагани кўради. (Ҳиз. 45:1–8; 47:13–48:35) Асосий хабар қанақа? Яҳова Ўз халқини пок топиниш тикланишига ва юксалишига ишонтирмоқда. Яҳова ҳозир бўлиб топиниш учун мўлжалланган уйига барака беради; маъбаддан оқиб чиқаётган баракалар эса тикланган юртга шифо, ҳаёт ва тартиб келтиради.
18. Маъбад ҳақидаги ваҳийни том маънода тушуниш керак бўлганми? Тушунтиринг.
18 Иккинчидан, ваҳийни том маънода тушуниш керакми? Йўқ. Ҳизқиё ва унинг ваҳийсини эшитган сургундагилар айтилганларни том маънода тушуниш керак эмаслигини дарҳол англашгандир. Нега бундай деса бўлади? Ҳизқиё «баланд тоғ» устида турган маъбадни кўрганини эслайлик. Бу ваҳий Ишаёнинг башорати билан ажойиб тарзда боғлиқ бўлгани боис, у маъбад турган жойга сиғмас эди. Сулаймоннинг маъбади Қуддусдаги Мориёх тоғида жойлашган эди ва куни келиб шу жойда қайта қурилиши керак эди. Бироқ у «баланд тоғ» эдими? Йўқ. Мориёх тоғининг атрофида бошқа тепаликлар бор бўлиб, улар у билан тенг ёки ундан баланд бўлган. Аммо Ҳизқиё кўрган маъбад бинолари мажмуи улкан эди. Унинг бутун ҳудуди девор билан ўралган бўлиб, Мориёх тоғига сиғмас эди. Ҳатто Сулаймон давридаги Қуддус шаҳрининг ҳудуди ҳам уни сиғдира олмасди. Албаттаки сургунда бўлганлар муқаддас маскандан том маънода дарё оқиб чиқишини ва Ўлик денгизга қуйилиб, унинг жонсиз сувларини ширин қилишини кутишмагани аниқ. Ниҳоят, ваъда қилинган юртнинг тоғли ҳудудида қабилалар ўртасида ваҳийда тасвирланганидек текис ва параллел чегаралар ўтказиш имконсиз эди. Демак, ваҳийни том маънода талқин қилиб бўлмасди.
19–21. Яҳова Ҳизқиёнинг ваҳийси халққа қандай таъсир қилишини истаган ва улар қайси муҳим ҳақиқатни уқиб олишлари керак эди?
19 Учинчидан, ваҳий Ҳизқиёнинг халқига қандай таъсир қилган? Яҳованинг пок топинишга тегишли юксак меъёрлари устида мулоҳаза юритганда халқ уятни ҳис қилиши керак эди. Яҳова Ҳизқиёга Исроил хонадонига «маъбадни тасвирлаб бер», деб айтади. Ҳизқиё маъбадни шунчалик батафсил тасвирлаб берадики, исроилликларга унинг «лойиҳасини ўрганиб чиқиш» керак бўлади. Нега халқ маъбад ҳақида мулоҳаза юритиши керак эди? Билиб олганимиздай, ушбу маъбадни қуриш буюрилмаган эди. Аксинча, Яҳова айтганидек, улар «қилган гуноҳлари дастидан уятни ҳис қилиши учун» У бундай буйруқни берган эди. (Ҳизқиё 43:10–12 ни ўқинг.)
20 Нега бу ваҳий самимий инсонларнинг қалбига таъсир қилиши ва уларда уят ҳиссини уйғотиши керак эди? Ҳизқиёга нима дейилганига эътибор беринг: «Эй инсон ўғли, диққатли бўл, кузат ва Яҳованинг маъбади билан боғлиқ қонун-қоидалар тўғрисида нимаики айтсам ҳаммасини яхшилаб эшитиб ол». (Ҳиз. 44:5) Ҳизқиё қайта-қайта қонун ва қоидалар ҳақида эшитади. (Ҳиз. 43:11, 12; 44:24; 46:14) Ҳизқиёга Яҳованинг меъёрлари тўғрисида, ҳатто тирсак ўлчов бирлигининг узунлиги ва тўғри тарози тошлари ҳақида тез-тез эслатилган эди. (Ҳиз. 40:5; 45:10–12; Ҳикматлар 16:11 ни солиштиринг.) Шу боис, ушбу ваҳийнинг ўзида Ҳизқиёнинг асл матндаги баёнотида «ўлчов» ва «ўлчамоқ» сўзлари 50 мартадан ошиқроқ учрайди!
21 Узунлик ва оғирлик ўлчов бирликлари, қонун ва қоидалар ҳақида гапириб Яҳова Ўз халқига нима демоқчи эди? Ҳойнаҳой, У таъсирчан тарзда уларга ушбу муҳим ҳақиқатни эслатмоқчи бўлгандир: пок топиниш учун меъёрларни фақатгина Яҳова ўрнатади. Бу меъёрлардан узоқлашган кишилар уялиши керак! Қай тариқа яҳудийлар ваҳийдан бу каби сабоқлар олган? Навбатдаги бобда баъзи аниқ мисолларни кўриб чиқамиз. Мазкур боб ушбу ажойиб ваҳий биз учун нимани англатишини яхшироқ тушунишга кўмаклашади.
a Рамзий маъбад Яҳова Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлиги асосида ҳақ топиниш учун кўзлаган тадбирдир. Бизга маълумки, мазкур тадбир милодий 29 йили жорий этилди.