57-ДАРС
Жиддий гуноҳга қўл урганда
Яҳовани яхши кўриб, Уни ранжитадиган ҳар қандай ишдан қочишга ҳаракат қилсангиз ҳам баъзида хатолар қилиб турасиз. Айрим гуноҳлар бошқаларига қараганда жиддийроқ бўлади. (1 Коринфликларга 6:9, 10) Унутмангки, жиддий гуноҳга қўл урсангиз, Яҳова сизни севишдан тўхтамайди, У сизни кечиришга ва ёрдам беришга тайёр.
1. Яҳова кечириши учун нима қилишимиз керак?
Яҳовани севадиганлар жиддий гуноҳга қўл урганини тушунганда, бундан пушаймон бўлади. Лекин Яҳова хизматчиларига берган қуйидаги ваъда уларга тасалли беради: «Гуноҳларингиз қирмизи матодай бўлса-да, қордай оппоқ бўлади». (Ишаё 1:18) Чин дилдан тавба қилсак, Яҳова бизни бутунлайин кечиради. Хўш, тавба қилганимизни қай йўсин кўрсатамиз? Ич-ичимиздан пушаймон бўламиз, гуноҳни бошқа такрорламаймиз ва Яҳовадан ёлвориб кечирим сўраймиз. Сўнг нотўғри фикрлаш тарзимизни ёки гуноҳга етаклаган одатларимизни ўзгартиришга жон куйдирамиз ва Яҳованинг пок меъёрлари бўйича яшашга интиламиз. (Ишаё 55:6, 7 ни ўқинг.)
2. Гуноҳ қилганимизда, Яҳова оқсоқоллар орқали бизга қай йўсин ёрдам беради?
Жиддий гуноҳ қилсак, Яҳова «жамоат оқсоқолларини чақиришимизни» айтяпти. (Ёқуб 5:14, 15 ни ўқинг.) Тайинланган бу биродарлар Яҳовани ва Унинг қўзичоқларини севади. Улар Яҳова билан бўлган муносабатларимизни тиклашга ёрдам бериш учун таълим олган. (Галатияликларга 6:1)
Жиддий гуноҳ қилиб қўйсак, оқсоқоллар бизга қандай қилиб ёрдам бера олади? Иккита ёки учта оқсоқол Каломдаги оятлардан фойдаланиб, қилган ишимиз нега нотўғри эканини кўрсатади. Қолаверса, гуноҳга яна қўл урмаслигимизга ёрдам бериш мақсадида улар бизга амалий йўл-йўриқ ва маслаҳатлар беради. Оқсоқоллар жамоатни ёмон таъсирдан ҳимоялаш ниятида жиддий гуноҳ қилиб тавба қилмаган ҳар қандай кишини жамоатдан чиқаради.
КЎПРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ
Жиддий гуноҳга қўл урганда, Яҳова бизга берадиган ёрдам учун миннатдорчилигингизни оширинг.
3. Иқрор бўлиш маънан тузалишга ёрдам беради
Ҳар қандай гуноҳ Яҳовани ранжитади. Шу боис, бу ҳақда Унга айтишимиз керак. Забур 32:1–5 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Нега гуноҳларимизни яширишга ҳаракат қилишдан кўра, Яҳованинг олдида уларни тан олиш фойда келтиради?
Яҳованинг олдида гуноҳларимизга иқрор бўлишдан ташқари, оқсоқоллардан ёрдам изласак, ўзимизни анча енгил ҳис қиламиз. ВИДЕОНИ томоша қилинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Видеодаги Канон Яҳовага қайтиши учун оқсоқоллар қай йўсин кўмаклашди?
Оқсоқоллар билан очиқчасига ва ростгўйлик ила гаплашиш лозим. Улар бизга ёрдам беришга тайёр. Ёқуб 5:16 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Оқсоқоллар билан ростгўй бўлсак, қай йўсин улар бизга яхшироқ ёрдам бера олади?
4. Яҳова гуноҳкорларга раҳм-шафқат кўрсатади
Жиддий гуноҳга қўл уриб, Яҳованинг меъёрларига қулоқ солишдан бош тортган киши жамоатдан чиқарилади ва биз у билан мулоқот қилмаймиз. 1 Коринфликларга 5:6, 11 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Ачитқи хамирни оширгани каби, тавба қилмаган гуноҳкор билан мулоқот қилиш жамоатга қандай таъсир қилади?
Яҳованинг раҳмдиллигига тақлид қилган ҳолда оқсоқоллар жамоатдан чиқарилганларга ёрдам беришга интилади. Гарчи танбеҳ олиш оғриқли кечган бўлса ҳам кўплар хатосини тушуниб, жамоатга қайтган. (Забур 141:5)
Яҳованинг гуноҳкорларга бўлган муносабати У мулоҳазакор, раҳмдил ва севувчи эканини қай йўсин кўрсатяпти?
5. Тавба қилсак Яҳова кечиради
Исо кимдир тавба қилса, Яҳова нималарни ҳис қилишини тушунишимизга кўмаклашадиган мисол келтирган. Луқо 15:1–7 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Бундан Яҳова ҳақида нимани билиб оляпсиз?
Ҳизқиё 33:11 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Чин дилдан тавба қилиш нимани ўз ичига олади?
БАЪЗИЛАРНИНГ ФИКРИ: «Оқсоқолларга қилган гуноҳим тўғрисида айтишдан қўрқаман. Чунки жамоатдан чиқариламан».
Бундай ўйлаётган инсонга нима деган бўлардингиз?
ХУЛОСА
Жиддий гуноҳ қилиб қўйган бўлсак-да, чин дилдан тавба қилсак ва уни бошқа такрорламасликка жон куйдирсак, Яҳова кечиради.
Такрорлаш
Нега Яҳованинг олдида гуноҳларимизга иқрор бўлиш яхши?
Гуноҳларимиз кечирилиши учун нима қилиш лозим?
Жиддий гуноҳ қилиб қўйсак, нега ёрдам сўраб оқсоқолларга мурожаат қилиш керак?
ҚЎШИМЧА МАНБАЛАР
Ишаё 1:18 да тасвирланган Яҳованинг раҳм-шафқатини бир киши ўзида қандай ҳис қилганини кўринг.
Жиддий гуноҳга қўл урганларга оқсоқоллар қай йўсин ёрдам беришга ҳаракат қилади?
Тавба қилмаган гуноҳкорларга қандай қилиб севги ва раҳмдиллик кўрсатилиши тўғрисида билиб олинг.
«Мен Тангри Яҳовага қайтишим керак эди» номли таржимаи ҳолда ҳақиқатдан узоқлашган киши Яҳова уни қайтарганини қандай ҳис қилгани тўғрисида ўқиб кўринг.
«Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартиради» («Қўриқчи минораси» 1 апрель, 2012)