11- БОБ
«Сени... қўриқчи қилиб тайинладим»
БУ БОБДА: Яҳова қўриқчи тайинлайди ва унинг вазифаларини санаб ўтади
1. Яҳова тайинлаган қўриқчилар, яъни пайғамбарлар нима қилишган ва кейин қандай воқеалар юз берган?
ҚЎРИҚЧИ Қуддус девори устида турибди. Қуёш ботар экан, у қўлини кўзлари устига соябон қилиб уфққа тикилиб қараяпти. Бобил қўшини шаҳарга яқинлашяпти! Халқни огоҳлантириш лозим. Қўриқчи бурғусини олади, ўпкасини ҳавога тўлдиради-да, уни баланд қилиб чалади. Аммо энди кеч. Шаҳарнинг бефарқ аҳолиси қўриқчининг огоҳлантирувига қулоқ солганидан фойда йўқ. Ўнлаб йиллар давомида Яҳова тайинлаган қўриқчилар, яъни пайғамбарлар ушбу кун келиши ҳақида огоҳлантиришган эди, бироқ халқ тинглашни истамади. Бобил қўшини шаҳарни қуршаб олди. Кўп ойлар давом этган қамалдан сўнг аскарлар шаҳар деворини ёриб киришди ва маъбадни вайрон қилишди. Улар Қуддуснинг садоқатсиз ва бутпараст аҳолисини қиличдан ўтказишди, қолганларини эса асир қилиб олиб кетишди.
2, 3. а) Бугунги кунда ер юзи аҳолиси қандай вазиятда? б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?
2 Бугунги кунда Яҳованинг самовий қўшини ер юзининг имонсиз аҳолисига қарши жанг қилиш учун йўлга чиққан. (Ваҳ. 17:12–14) Бу тўқнашув инсоният тарихидаги энг буюк мусибатнинг авж нуқтаси бўлади. (Мат. 24:21) Аммо одамларда Яҳова Ўз қўриқчиси орқали бераётган огоҳлантиришга қулоқ солиш учун ҳали вақт бор.
3 Қўриқчиларни тайинлашга Яҳовани нима ундаган? Қўриқчи қандай хабарни эълон қилиши керак? Бу вазифани кимлар бажариб келяпти ва бунга биз қандай ҳисса қўшишимиз мумкин? Келинг, ушбу саволларнинг жавобларини кўриб чиқайлик.
«Уларни Менинг номимдан огоҳлантиришинг керак»
4. Нима учун Яҳова қўриқчиларни тайинлаган? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.)
4 Ҳизқиё 33:7 ни ўқинг. Одатда том маънодаги қўриқчилар аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш учун шаҳар девори устида туришарди. Қўриқчиларнинг борлиги шаҳар бошқарувчиси ўз фуқароларига ғамхўрлик қилаётганининг яққол далили эди. Қўриқчи бурғу чалганида ухлаётган аҳолини чўчитиб юборган бўлса-да, қулоқни қоматга келтирадиган бу товушни эшитиб чора кўрганлар омон қолишлари мумкин эди. Шу сингари Яҳова ҳам исроилликларни ҳукм хабарлари билан қўрқитиш учун эмас, балки улар учун қайғургани ва омон қолишларини истагани учун қўриқчиларни тайинлаган.
5, 6. Яҳова адолатли эканини кўрсатувчи соҳалардан бири қандай?
5 Яҳова Ҳизқиёни қўриқчи этиб тайинлаганида, Ўз шахсиятининг бизга далда берадиган томонларини очиб берган. Келинг, улардан атиги иккитасини кўриб чиқайлик.
6 Адолат. Яҳованинг адолати ҳар биримизга алоҳида, юзхотирчиликсиз муомала қилганидан кўринади. Масалан, Ҳизқиё айтган хабарни катта оломон тинглаб рад этган бўлса-да, Яҳова исроилликларга бир тўда исёнкорлар сифатида қарамаган; Яҳова бу хабарга алоҳида одамлар қандай муносабатда бўлишини кўришни истаган. У кўп маротаба «ёвуз инсон» ва «одил инсон»га қарата гапириш лозимлигини такрорлаган. Шунинг учун, Яҳова ҳар бир одам хабарга қандай муносабат билдиришига қараб ҳукм чиқаради. (Ҳиз. 33:8, 18–20)
7. Яҳова нимага асосланиб одамларга ҳукм чиқаради?
7 Яҳованинг адолати У одамларни қай йўсин ҳукм қилишидан ҳам кўринади. Ҳар бир инсон ўтмишда қилган ишлари асосида эмас, балки ҳозирги пайтда айтилаётган огоҳлантиришни эшитиб, қандай чора кўрганига қараб ҳукм қилинади. Яҳова Ҳизқиёга шундай деган: «Агар Мен ёвуз кишига: “Сен албатта ўласан”,— десам, лекин у гуноҳ қилишни ташлаб, адолатли ҳамда тўғри ишларни қилса,.. у албатта яшайди». Сўнг Яҳова диққатимизга сазовор қуйидаги сўзларни қўшиб қўйган: «Унинг бирорта гуноҳи ёдга олинмайди». (Ҳиз. 33:14–16) Бошқа томондан, агар инсон тўғри йўлдан юрган бўлса, унинг ўтмишдаги итоаткорлиги ҳозир намоён этаётган исёнкорлигини оқламайди. Яҳова шуни таъкидлаб ўтганки, агар инсон «одиллигига ишониб ёмонлик қилса, унинг бирорта адолатли иши ёдга олинмайди, аксинча, у қилган ёмонлиги дастидан ўлади». (Ҳиз. 33:13)
8. Пайғамбарлар орқали огоҳлантиришлар айтилганидан Яҳованинг адолати тўғрисида нимани билиб оляпмиз?
8 Яҳованинг адолати У нимадир қилишдан олдин одамларни огоҳлантириб, уларга етарлича вақт берганида ҳам намоён бўлади. Ҳизқиё Бобил қўшини Қуддусни вайрон қилишидан олти йил олдин қўриқчилик вазифасини бошлаган. Аммо у Худонинг халқини жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган илк инсон эмасди. Қуддус вайрон қилинишидан бир асрдан ошиқроқ вақт аввал Яҳова Ҳўшея, Ишаё, Михо, Одод ва Еремиё каби пайғамбарларини қўриқчи вазифасини бажариш учун юборган. Яҳова Еремиё орқали исроилликларга қуйидагича эслатма берган: «Мен қўриқчи тайинладим. У: “Бурғу овозига қулоқ солинг!” — деб айтди». (Ерм. 6:17) Бобилликлар Яҳованинг ҳукмини ижро этганида одамлар ҳаётидан маҳрум бўлгани учун на Яҳова, на қўриқчилар жавобгар эди.
9. Яҳова меҳр-садоқатни қай йўсин намоён этган?
9 Севги. Яҳова нафақат одил кишиларни, балки Унинг қалбига озор берган ва обрўйига доғ туширган ёвуз кишиларни огоҳлантириш учун ҳам қўриқчиларни юбориб меҳр-садоқатини намоён этган. Бир ўйлаб кўринг, исроилликлар Яҳованинг халқи сифатида танилган эди, лекин қайта-қайта Ундан юз ўгириб, сохта худоларга сиғинишарди! Бундай садоқатсизлик Унинг қалбига қанчалик озор берганини тасвирлаш учун Яҳова халқини «бевафо хотин»га ўхшатган. (Ҳиз. 16:32) Шунга қарамай, Яҳова улардан тезда воз кечмаган. У жазолаш эмас, ярашиш учун сабаб излаган. У ҳукмни ижро этиш учун қиличини яланғочлашга шошилмаган, У буни сўнгги чора деб билган. Нега? Яҳова Ҳизқиёга: «Мен ёвуз одамнинг ўлимидан завқ топмайман. Аксинча, у ўз йўлидан қайтиб яшаши Мен учун афзалроқ»,— деб айтган. (Ҳиз. 33:11) Яҳова ўтмишда шундай фикрда бўлган, ҳозир ҳам Унинг фикри ўзгармаган. (Мал. 3:6)
10, 11. Яҳова халқига қилган муомаласидан нимани ўрганишимиз мумкин?
10 Яҳова исроилликлар билан адолат ва севги ила муомала қилганидан нимани ўрганишимиз мумкин? Биринчи сабоқ — биз ҳам ваъзгўйликда учратадиган кишиларга шунчаки бир тўда одамлардан бири эмас, алоҳида шахс сифатида қарашимиз лозим. Агар одамнинг ўтмишдаги хулқ-атвори ёки ирқи, қабиласи, моддий аҳволи ё бўлмаса тили туфайли юзхотирчилик қилиб, хушхабарни эшитишга нолойиқ деб ўйласак, катта хато қилган бўламиз. Яҳова ҳаворий Бутрусга бизнинг кунимизда ҳам долзарб бўлган қуйидаги сабоқни берган: «Худо юзхотирчилик қилмас экан. Аммо Ундан қўрқиб, тўғри йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан». (Ҳавор. 10:34, 35)
11 Яна бир муҳим сабоқ, ўзимизга диққатли бўлишимиз керак; ўтмишда қилган адолатли ишларимиз ҳозирги хатоларимизни оқламайди. Биз ваъзгўйликда учратадиган одамларда бўлгани каби ўзимизда ҳам гуноҳ қилиш мойиллиги борлигини ёдда тутишимиз керак. Ҳаворий Павлус Коринф жамоатидаги масиҳийларга берган қуйидаги маслаҳат бизга ҳам тааллуқли: «Ким тик турибман деб ўйласа, эҳтиёт бўлсин, тағин йиқилиб тушмасин. Сизлар одамлар йўлиқаётган оддий васвасаларга дуч келяпсизлар». (1 Кор. 10:12, 13) Биз «одиллигига ишониб», яхши ишлар қилгани учун хатолари жазосиз қолади, деб ўйлайдиган инсонга ўхшаб қолишни асло истамаймиз. (Ҳиз. 33:13) Яҳовага қанча вақтдан бери хизмат қилаётганимиздан қатъи назар, камтарин ва итоаткор бўлиб қолишимиз муҳим.
12. Ўтмишда жиддий гуноҳлар қилган бўлсак, нимани ёдда тутишимиз керак?
12 Лекин ўтмишда қилган жиддий гуноҳларимиз туфайли ҳозир ҳам виждонимиз қийнаётган бўлса-чи? Ҳизқиёнинг хабаридан шуни билиб олдикки, Яҳова тавба қилмаётган гуноҳкорларни жазолайди. Шунингдек, Яҳова энг аввало қасос эмас, севги Худоси эканини билиб олдик. (1 Юҳан. 4:8) Агар тавба қилганимиз ишларимиздан кўринаётган бўлса, Худонинг раҳм-шафқатига лойиқ эмасмиз, деб асло ўйламаслигимиз керак. (Ёқб. 5:14, 15) Яҳова рамзий маънода бевафо бўлган исроилликларни кечирган экан, бизни ҳам кечиришга тайёр. (Заб. 86:5)
«Халқинг ўғилларига... айт»
13, 14. а) Қўриқчилар қандай хабарни эълон қилишган? б) Ишаё қандай хабарни айтган?
13 Ҳизқиё 33:2, 3 ни ўқинг. Яҳова тайинлаган қўриқчилар қандай хабарни эълон қилишган? Улар асосан огоҳлантирувчи хабарларни эълон қилишган. Бироқ улар хушхабар ҳам айтишган. Айрим мисолларни кўриб чиқайлик.
14 Тахминан мил. авв. 778–732 йилларда хизмат қилган Ишаё пайғамбар бобилликлар Қуддусни босиб олиши ва унинг аҳолисини асир қилиб олиб кетиши ҳақида огоҳлантирган. (Ишаё 39:5–7) Аммо у қуйидаги сўзларни ёзишга ҳам илҳомлантирилган: «Қулоқ сол! Соқчиларинг бақирмоқда. Улар бир овоздан қувониб ҳайқирмоқда, чунки улар Яҳова Сионни қайтариб келаётганини ўз кўзлари билан кўрмоқда». (Ишаё 52:8) Ишаё энг зўр хабарни, яъни пок топиниш тикланишини эълон қилган!
15. Еремиё қандай хабарни эълон қилган?
15 Мил. авв. 647–580 йилларда хизмат қилган Еремиё пайғамбарга одамлар кўпинча «фалокат хабарчиси» деб ноҳақ лақаб қўйишган. У ёвуз исроилликларни Яҳова келтирмоқчи бўлган мусибат ҳақида огоҳлантириш учун кўп меҳнат қилгани шубҳасизa. Аммо у Худонинг халқи ўз юртига қайтиши ва у ерда ҳақ топиниш тикланиши ҳақида башорат айтиб, хушхабарни эълон қилган. (Ерм. 29:10–14; 33:10, 11)
16. Ҳизқиёнинг хабари Бобилда сургунда бўлганларга қандай фойда келтирган?
16 Ҳизқиё мил. авв. 613 йили қўриқчи этиб тайинланган ва бу вазифани деярли мил. авв. 591 йилгача бажарган. Ушбу китобнинг 5- ва 6- бобларида муҳокама қилинганидай, Ҳизқиё ҳаётидан маҳрум бўладиган кишиларнинг қони тўкилишида айбдор бўлиб қолмаслик учун Исроил халқини уларни кутаётган мусибат ҳақида ғайрат ила огоҳлантирган. Бу ишни бажариш жараёнида у сургунда бўлганларни Яҳова Қуддусдаги муртадларни жазолаши ҳақида огоҳлантирган. Шунингдек, Бобилга асир қилиб олиб кетилганларга маънан тирик ва келажакда бажариладиган иш учун лаёқатли бўлиб қолишга кўмаклашган. 70 йиллик сургун ўз ниҳоясига етгач, Яҳова омон қолган яҳудийларни тикланган Исроил юртига қайтаради. (Ҳиз. 36:7–11) Юртга қайтадиганлар Ҳизқиёнинг сўзларига қулоқ солган кишиларнинг фарзандларию набираларидан иборат бўлади. Мазкур адабиётнинг 3- бўлимидаги бобларда таъкидланганидай, Ҳизқиё Қуддусда пок топиниш тикланиши ҳақида кўплаб яхши хабарларни эълон қилган.
17. Яҳова одатда қайси пайтларда қўриқчиларни тайинлаган?
17 Мил. авв. 607 йили Қуддус вайрон қилинишидан олдинги ва кейинги давр ичида пайғамбарлар Худонинг халқига Унинг хабарларини етказишган. Яҳова қўриқчилар сифатида фақат бир неча кишидан фойдаланганми? Албатта йўқ. Нияти амалга ошишига ҳисса қўшадиган ҳар бир муҳим ҳодисадан олдин Яҳова ёвузларни огоҳлантириш ва хушхабарни эълон қилиш учун қўриқчиларни тайинлаган.
Биринчи асрдаги қўриқчилар
18. Одамларни сувга чўмдирган Яҳё қандай ишларни бажарган?
18 Милодий биринчи асрда одамларни сувга чўмдирган Яҳё қўриқчи бўлиб хизмат қилган. У Исроил хонадонини яқинда Худо томонидан рад этилиши ҳақида огоҳлантирган. (Мат. 3:1, 2, 9–11) Аммо у бу билан чегараланиб қолмаган. Исо айтганидек, Яҳё Масиҳ учун йўл ҳозирлаган башорат қилинган «хабарчи» бўлган. (Мал. 3:1; Мат. 11:7–10) Яҳёнинг ишига хушхабар айтиш, яъни «Худонинг Қўзиси» бўлмиш Исо келгани ва у «дунёнинг гуноҳини бартараф» этиши ҳақида эълон қилиш ҳам кирган. (Юҳан. 1:29, 30)
19, 20. Қай йўсин Исо ва унинг шогирдлари қўриқчилар сифатида йўл тутишган?
19 Қўриқчилар ичида Исо энг буюги бўлган. Ҳизқиё каби уни ҳам Яҳова «Исроил хонадонига» юборган. (Ҳиз. 3:17; Мат. 15:24) Исо Исроил халқини яқинда рад этилиши ва Қуддус вайрон қилиниши тўғрисида огоҳлантирган. (Мат. 23:37, 38; 24:1, 2; Луқо 21:20–24) Аммо унинг асосий вазифасига хушхабарни ваъз қилиш кирган. (Луқо 4:17–21)
20 Ер юзида бўлганида Исо шогирдларига: «Ҳушёр туринглар»,— деб аниқ айтган. (Мат. 24:42) Улар Исонинг амрига қулоқ солишган ҳамда қўриқчилар сифатида йўл тутиб, Яҳова Исроил хонадонини ва ер юзидаги Қуддус шаҳрини рад этиши ҳақида одамларни огоҳлантиришган. (Рим. 9:6–8; Галат. 4:25, 26) Ўзларидан олдин яшаган қўриқчилар сингари улар ҳам хушхабарни ваъз қилишган. Энди ўзга халқ вакиллари ҳам муқаддас руҳ билан мойланган Худонинг Исроили қаторига кира олиши ва ер юзида пок топинишни тиклашда Масиҳга ёрдам бериш шарафига эга бўлиши ҳақидаги ажойиб хабар ҳам бу хушхабарга кирган. (Ҳавор. 15:14; Галат. 6:15, 16; Ваҳ. 5:9, 10)
21. Павлус қандай ўрнак қолдирган?
21 Биринчи асрдаги қўриқчилар ичида ҳаворий Павлус аъло ўрнак кўрсатган. У ўз масъулиятига жиддий ёндашган. Ҳизқиё каби у ҳам ўз топшириғини бажармаса қон тўкилишида айбдор бўлиб қолишини билган. (Ҳавор. 20:26, 27) Бошқа қўриқчиларнинг ўрнагига эргашиб Павлус нафақат огоҳлантиришларни, балки хушхабарни ҳам эълон қилган. (Ҳавор. 15:35; Рим. 1:1–4) Дарҳақиқат, муқаддас руҳ таъсири остида у Ишаё пайғамбарнинг: «Хушхабарни эълон қилиб юрганнинг қадамлари нақадар гўзал!» — деган башоратидан иқтибос келтирган ва уни Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилаётган Масиҳнинг издошларига қўллаган. (Ишаё 52:7, 8; Рим. 10:13–15)
22. Ҳаворийларнинг ўлимидан сўнг нима юз берган?
22 Ҳаворийларнинг ўлимидан сўнг, башорат қилинганидай, масиҳийлар жамоатини муртадлар босиб кетган. (Ҳавор. 20:29, 30; 2 Салон. 2:3–8) Узоқ давом этган ўсиш пайтида буғдойга ўхшаш Масиҳнинг садоқатли издошларидан кўра, бегона ўтлар сингари бўлган сохта масиҳийлар кўпайиб кетган ва Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги аниқ хабарни сохта таълимотлар тўсиб қўйган. (Мат. 13:36–43) Бироқ Яҳова инсонларнинг ишларига аралашадиган вақт яқинлашганида, одамларни огоҳлантириш ва хушхабарни эълон қилиш учун қўриқчиларни тайинлаб, яна Ўз севгисию адолатини намоён этган. Бу қўриқчилар кимлар эди?
Яҳова ёвузларни огоҳлантириш учун яна қўриқчиларни тайинлайди
23. Ч. Т. Расселл ва унинг маслакдошлари қандай вазифани бажаришган?
23 Чарлз Тейз Расселл ва унинг маслакдошлари 1914 йилгача бўлган муайян вақт оралиғида Масиҳий Шоҳлик ўрнатилишидан олдин «йўл ҳозирлайди»ган «хабарчи» сифатида йўл тутишганb. (Мал. 3:1) Шунингдек, ушбу гуруҳ қўриқчи сифатида фаолият юритиб, «Сион қўриқчи минораси ва Масиҳ ҳозир бўлишининг даракчиси» номли журнал ёрдамида Худонинг ҳукми тўғрисида огоҳлантирган ва Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ёйган.
24. а) Қандай қилиб ишончли хизматкор қўриқчи сифатида фаолият юритяпти? б) Ўтмишда яшаган қўриқчилардан нимани ўргандингиз? («Айрим ўрнакли қўриқчилар» номли рамкага қаранг.)
24 Шоҳлик ўрнатилгач, Исо эркаклардан иборат кичик бир гуруҳни ишончли хизматкор этиб тайинлаган. (Мат. 24:45–47) Ўшандан бери, ҳозир Етакчи кенгаш деб танилган ишончли хизматкор қўриқчи вазифасини бажариб келяпти. Бу гуруҳ нафақат «Тангримизнинг қасос куни» ҳақида огоҳлантиришда, балки «Яҳованинг илтифот йили» тўғрисида эълон қилишда ҳам етакчиликни ўз зиммасига олиб келмоқда. (Ишаё 61:2; 2 Коринфликларга 6:1, 2 га ҳам қаранг.)
25, 26. а) Масиҳнинг барча издошлари қайси ишда қатнашиши керак ва у қандай бажариляпти? б) Кейинги бобда нимани муҳокама қиламиз?
25 Қўриқчилик ишига етакчилик қилиш ишончли хизматкорнинг зиммасида бўлса-да, Исо «барча» издошларига: «Ҳушёр туринглар»,— деб айтган. (Марк 13:33–37) Маънан ҳушёр турсак ҳамда замонавий қўриқчини садоқат ила қўллаб-қувватласак, ушбу амрга бўйсунган бўламиз. Ваъз қилиш масъулиятини адо этиб, ҳушёр эканимизни исботлаймиз. (2 Тим. 4:2) Бунга бизни нима ундайди? Қисман одамларнинг ҳаётини қутқариб қолиш истаги. (1 Тим. 4:16) Тез орада кўплаб одамлар замонавий қўриқчининг огоҳлантиришига парво қилмагани учун ҳаётидан маҳрум бўлишади. (Ҳиз. 3:19) Аммо бизни ҳушёр туришга ундайдиган асосий нарса энг аъло хабарни, яъни пок топиниш тикланганини эълон қилиш истагидир! «Яҳованинг илтифот йили» давом этар экан, кўп одамлар адолатли ва севувчи Худойимиз Яҳовага топинишда бизга қўшилиши учун эшик ҳали ҳам очиқ турибди. Яқинда бу ёвуз дунё йўқ қилинганида ер юзида омон қолганлар Унинг Ўғли Исо Масиҳнинг шафқатли бошқаруви келтирадиган баракалардан баҳраманд бўлишади. Шундай ажойиб хабарни эълон қилишда замонавий қўриқчига ёрдам бермай бўладими?! (Мат. 24:14)
26 Ушбу ёвуз дунёнинг якуни яқинлашиб қолган бўлса-да, Яҳова Ўз халқини мўъжизавий тарзда бирлаштирмоқда. Кейинги бобда бу қай йўсин юз бераётганини тасвирловчи иккита таёқ ҳақидаги башорат кўриб чиқилади.
a Еремиё китобида «мусибат», «фалокат» ва «кулфат» сўзлари кўп маротаба учрайди.
b Ушбу башорат ва у қандай амалга ошгани тўғрисида билиб олиш учун «Худонинг Шоҳлиги бошқармоқда» номли (рус) китобнинг 2- бобига қаранг.