Луқо баён этган хушхабар
5 Бир куни Исо Генисарет кўли*+ ёқасида Худонинг каломини айтиб бераётганида, халойиқ унинг ёнида тирбанд бўлди. 2 Шу пайт Исо соҳилда турган иккита қайиқни кўриб қолди. Балиқчилар бўлса қайиқдан тушиб, тўрларини юваётган эдилар+. 3 Исо Симунга тегишли бўлган қайиққа тушиб, соҳилдан бироз нарироққа сузиб боришни ундан илтимос қилди. Сўнг унга ўтириб, халойиққа таълим беришга киришди. 4 Сўзлашни тугатгандан кейин, у Симунга: «Чуқурроқ жойга сузиб бориб, тўрларингизни ташланглар»,— деди. 5 Симун бўлса жавобан: «Устоз, биз кечаси билан ҳаракат қилиб, ҳеч нарса тута олмадик+. Майли, сиз айтганингиз учун, тўр ташлайман»,— деб айтди. 6 Улар тўр ташлаб, шунчалик кўп балиқ овлашдики, тўрлари йиртила бошлади+. 7 Шунда улар бошқа қайиқдаги шерикларига ишора қилиб, ёрдам сўрашди. Улар келиб иккита қайиқни балиққа тўлдиришганда, қайиқлар чўка бошлади. 8 Буни кўргач, Симун Бутрус Исонинг олдида тиз чўкканча: «Ҳазратим, мен ёнингизда бўлишга арзимайман. Чунки гуноҳкор одамман»,— деди. 9 Сабаби, шунча кўп балиқ тутишганидан ўзини ҳам, ёнидагиларни ҳам ваҳима босган эди. 10 Симуннинг шериклари бўлган Забадий ўғиллари Ёқуб билан Юҳанно+ ҳам шундай ҳолатда эдилар. Аммо Исо Симунга: «Қўрқманг, бундан буён инсонларни овлайсиз»+,— деб айтди. 11 Шунда улар қайиқларини соҳилга чиқаришди-да, ҳамма нарсаларини қолдириб, Исонинг орқасидан эргашишди+.
12 Исо бир шаҳарда бўлганида, бутун танаси мохов бўлган киши келиб қолди. У Исони кўрди-да, юзтубан тиз чўкиб: «Ҳазратим, сиз мени пок қила оласиз, фақат истасангиз бас»+,— дея ёлворди. 13 Шунда Исо қўлини унга теккизиб: «Албатта истайман! Пок бўлинг»,— деди. Мохов киши шу заҳотиёқ дардидан фориғ бўлди+. 14 Сўнг Исо унга бу ҳақда ҳеч кимга айтмасликни буюриб: «Фақат бориб ўзингизни руҳонийга кўрсатинг ва покланишингиз учун Мусо пайғамбар амр этгани бўйича қурбонлик келтиринг+. Бу уларга шоҳидлик бўлсин»,— деди+. 15 Аммо Исо ҳақида янгиликлар тарқалиб кетди. Унинг сўзларини тинглаш ва хасталикларидан фориғ бўлиш учун, одамлар Исонинг олдига тўда-тўда бўлиб келишарди+. 16 Исо бўлса ибодат қилиш учун тез-тез хилват жойларга бориб турарди.
17 Исо бир куни таълим бераётганида, уни Жалила билан Яҳудия ўлкаларидаги қишлоқлардан ва Қуддусдан келган фарзийлар билан Таврот муаллимлари тинглаб ўтиришганди. Яҳова* Исога одамларни соғайтириш учун қудрат ато этган эди+. 18 Бир пайт Исонинг олдига тўшакда шол бир одамни келтиришди ва унинг олдига киришга ҳаракат қилишди+. 19 Бироқ халойиқнинг кўплигидан ичкарига кира олишмагани учун томга чиқишди-да, томни бузиб, касал одамни тўшаги билан Исонинг олдига, унинг ёнидагилар ўртасига туширишди. 20 Уларнинг имонини кўриб, Исо хаста одамга: «Гуноҳларингиз кечирилди»+,— деди. 21 Фарзийлар билан уламолар: «Худога қарши гапираётган бу одам ким бўлибди? Гуноҳларни Худодан ташқари ким кечира олади?»+ — деб норозилик билдиришди. 22 Уларнинг ўй-фикрини билган Исо шундай деб сўради: «Кўнглингиздан нималарни ўтказяпсизлар? 23 Ахир қайси бири осонроқ: “Гуноҳларингиз кечирилди”,— деб айтишми ёки “Ўрнингиздан туриб юринг”,— дейишми? 24 Бироқ билиб қўйингларки, Инсон Ўғли ер юзида гуноҳларни кечириш ваколатига эга». Сўнг Исо шол одамга: «Сизга айтяпман: ўрнингиздан туриб, тўшагингизни олинг-да, уйингизга кетаверинг»+,— деди. 25 Ўша одам дарҳол ҳамманинг олдида ўрнидан туриб, тўшагини олди-да, Тангрини шарафлаб, уйига жўнади. 26 Ҳамма ҳаяжонга тўлиб, Худони шарафлай бошлади. Улар лол қолиб: «Биз ҳеч қачон бундай ажойиб нарсаларни кўрмаган эдик!» — дейишарди.
27 Исо йўлида давом этиб, солиқ идорасида ўтирган Леви исмли бир солиқчини кўрди-да, унга: «Менинг издошим бўлинг»,— деди+. 28 У ҳамма нарсасини қолдирди-да, ўрнидан туриб, Исонинг орқасидан эргашди. 29 Леви ўз уйида Исо учун катта зиёфат уюштирди. У ерда кўпгина солиқчилар ва бошқа одамлар дастурхон атрофида ёнбошлаб ўтиришарди+. 30 Шунда фарзийлар билан уларнинг орасидаги уламолар Исонинг шогирдларидан нолиб: «Нега солиқчилар ва гуноҳкорлар билан еб-ичиб ўтирибсизлар?»+ — дейишди. 31 Исо уларга жавобан шундай деди: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож+. 32 Мен одил кишиларни эмас, гуноҳкорларни тавба қилишга даъват этгани келганман»+.
33 Улар бўлса Исога: «Яҳёнинг ҳамда фарзийларнинг шогирдлари тез-тез рўза тутиб, ибодат қилиб туришади. Сенинг шогирдларинг эса еб-ичиб юришибди»+,— деб айтишди. 34 Исо уларга шундай деди: «Куёв жўралари билан бўлган пайтда жўраларини рўза тутишга мажбур қилиб бўлармикин? 35 Аммо куёв+ улардан айриладиган кунлар келади. Ўшандагина улар рўза тутишади»+.
36 Сўнгра Исо уларга қуйидаги мисолни келтирди: «Ҳеч ким янги устки кийимдан йиртиб олиб, эскирган кийимга ямоқ тикмайди. Акс ҳолда янги ямоқ узилиб тушади. Янги кийимдан олинган ямоқ эски кийимга тўғри келмайди+. 37 Ҳеч кимса янги шаробни эски мешларга қуймайди. Сабаби мешлар йиртилиб, шароб тўкилиб кетади ва мешлар яроқсиз бўлиб қолади. 38 Аксинча, янги шаробни янги мешларга қуйиш керак. 39 Эски шаробни ичган киши, янгисини ичгиси келмай: “Эскиси яхшироқ”,— дейди».