Юҳанно баён этган хушхабар
15 Мен ҳақиқий токман, Отам эса боғбондир. 2 Мендаги ҳосил бермайдиган ҳар қандай новдани У кесиб ташлайди. Ҳосил келтирадиганини эса кўп мева берсин дея бутаб тозалайди+. 3 Сизлар бўлса, мен айтган калом туфайли аллақачон тозалангансиз+. 4 Мен билан бирликда бўлинг ва мен ҳам сизлар билан бирликда бўламан. Токда қолмаган новда ўз-ўзидан ҳосил беролмаганидек, сизлар ҳам мен билан бирликда бўлмай туриб ҳосил беролмайсиз+. 5 Мен — токман, сизлар эса новдасиз. Кимки мен билан бирликда бўлса, мен ҳам у билан бирликда бўламан ва у мўл-кўл ҳосил келтиради+. Чунки менсиз ҳеч нарса қилолмайсиз. 6 Мен билан бирликда бўлмаган киши эса, новда сингари кесиб ташланади ва қуриб қолади. Бундай новдаларни йиғиб оловга ташлашади ва улар ёниб кетади. 7 Агарда мен билан бирликда бўлиб, айтганларимни қалбингизда сақласангиз, унда нимаики тиласангиз сизга берилади+. 8 Мўл-кўл ҳосил бериб менинг шогирдларим эканингизни исботласангиз, Отамни шарафлаган бўласиз+. 9 Отам мени севганидек+, мен ҳам сизларни севаман. Сизлар ҳам менинг муҳаббатимдан айрилманг. 10 Мен Отамнинг амрларини бажо келтириб, Унинг севгисидан айрилмаганим каби, сизлар ҳам амрларимга риоя қилсангиз, менинг севгимдан айрилмайсиз.
11 Сизлар менда бор бўлган қувончни тўлалигича ҳис этинг деб, буларни сизларга айтяпман+. 12 Менинг амрим шу: мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир-бирингизни шундай севинг+. 13 Ким ўз дўстлари учун жонини* берса, бундан буюкроқ севги йўқдир+. 14 Мен берган амрларга риоя қилсангиз, менинг дўстларим бўласиз+. 15 Энди сизларни қул деб атамаяпман, чунки қул хўжайини нима қилаётганидан бехабар-ку. Бироқ сизларни дўстларим деб атайман, зеро Отамдан нимаики эшитган бўлсам, барчасини сизларга ошкор этдим. 16 Сизлар мени эмас, аксинча, мен сизларни танладим. Мўл-кўл ҳосил беринглар ҳамда ҳосилингиз сақлаб қолинсин, деб сизларни тайинладим. Шу йўсин менинг номимдан Отамдан нимаики сўрасангиз, У сизларга беради+.
17 Менинг сизларга амрим шу: бир-бирингизни севинг+. 18 Борди-ю, дунё сизлардан нафратланса, билингки, сизлардан аввал у мендан нафратланган+. 19 Агар дунёга тегишли бўлганингизда эди, дунё ўзиники каби сизларни ардоқлаган бўларди. Мен сизларни танлаган эканман, дунёга тегишли эмассиз+. Шу сабабли дунё сизлардан нафратланади+. 20 Қул ўз хўжайинидан буюк эмас, деганимни ёдда тутинглар. Агар мени таъқиб қилган бўлишса, сизларни ҳам таъқиб қилишади+. Агар менинг сўзимга риоя қилган бўлишса, унда сизларнинг сўзингизга ҳам риоя қилишади. 21 Сизларга қарши қилинадиган бу барча нарсалар менинг номим туфайлидир. Боиси мени Юборганни улар танимайди+. 22 Мен келиб уларга айтмаганимда эди, гуноҳсиз бўлишарди+. Энди бўлса гуноҳлари учун узрлари йўқ+. 23 Мендан нафратланган, Отамдан ҳам нафратланган бўлади+. 24 Мабодо, мен уларнинг орасида ҳеч ким қилмаган ишни бажармаганимда эди, улар гуноҳкор бўлишмасди+. Аммо улар кўрган ҳолда Отамдан ҳам, мендан ҳам нафратланишди. 25 Бироқ бу, Муқаддас Ёзувлардаги: “Мендан бесабаб нафратланишди”+,— деб айтилгани рўёбга чиқиши учун содир бўлди. 26 Мен сизларга Отамдан ёрдамчи юбораман. Отамдан келадиган ўша ҳақиқат руҳи+ мен ҳақимда шоҳидлик беради+. 27 Сизлар ҳам мен ҳақимда шоҳидлик берасиз+, чунки бошиданоқ мен билан бўлгансиз.