Фойдали маслаҳатлар манбаи
Ҳозирги пайтда маслаҳатгўй китоблар жуда кўпайиб кетган. Лекин вақт ўтиши билан, эски китоблар ўз таъсирини йўқотиб, янгилари чиқа бошлайди. Хўш, Муқаддас Китоб-чи? Ахир, у қарийб 2 000 йил муқаддам ёзилган-ку. Шундай бўлса-да, унинг матнига давр ўзгариши мутлақо таъсир этмаган. Наҳотки шунчалик қадимий бир китобда фойдали маслаҳатлар бўлса?
БАЪЗИЛАР бу фикрни тан олмайди. Масалан, доктор Илай Часен, Муқаддас Китобнинг қанчалик эскириб қолганини кўрсатмоқчи бўлиб, шундай деган: «Ҳозирги кимё дарсларида ҳеч ким, 1924 йилда нашр этилган кимё дарсликларидан фойдаланиш кераклигини таъкидламасди»1. Бу фикр гўё ишончли бўлиб кўриниши мумкин. Чунки Муқаддас Китоб ёзилганидан буён, руҳий саломатлик ва хулқ-атвор борасида одамларнинг билими анча ошди. Ундай бўлса, ўша эски китоб ҳозирги кунда фойда келтириши мумкинми?
Ўзгармас қонун-қоидалар
Гарчи замона ўзгариб борган бўлса-да, одамнинг асосий эҳтиёжлари сира ўзгармаган. Бутун тарих мобайнида инсон меҳр-муҳаббатга эҳтиёж сезган. У бахтли бўлишни, мазмунли ҳаёт кечиришни хоҳлаган. У иқтисодий муаммоларни ечиш, никоҳни муваффақиятли қилиш, фарзандларига юксак ахлоқий қадриятларни сингдириш учун маслаҳатга муҳтож бўлган. Муқаддас Китобда эса айнан шу асосий эҳтиёжларни қондириш учун керакли маълумотлар мавжуд (Воиз 3:12, 13; Римликларга 12:10; Колосаликларга 3:18-21; 1 Тимўтийга 6:6-10).
Муқаддас Китоб маслаҳатлари инсон табиатини яққол акс этади. Келинг бу китобнинг ҳозирги даврга мос бўлган қонун-қоидаларидан айримларини кўриб чиқайлик.
Никоҳ учун фойдали маслаҳатлар
«БМТ Солномаси»га кўра оила «азалий тарихга эга бўлиб, жамиятнинг асосий бўғини ва бошланғич пойдеворидир; у насллар аро муҳим боғловчи ҳисобланади». Афсуски, ўша «муҳим боғловчи» хавфли даражада парчаланиб кетяпти. «Ҳозирги пайтда, турли муаммолар туфайли кўп оилалар бузилиб кетяпти»,— деб ёзилган, бояги «Солнома»да2. Хўш, оилани сақлаб қолиш учун Муқаддас Китобда қандай маслаҳат берилган?
Авваламбор, эр-хотинлик муносабатлари ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилганини кўриб чиқайлик. «Эркаклар ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган ўзини ўзи севади. Ҳеч ким ҳеч вақт ўз танасини ёмон кўрмаган. Аксинча, уни озиқлантириб, парвариш қилади». «Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин» (Эфесликларга 5:28, 29, 33).
Энди эса, бу маслаҳатларга қандай амал қилиш мумкинлигини билиб оламиз. Хотинини ‘ўз танасидай’ севган эр, ундан нафратланиш тугул, ҳатто қўпол муомалада ҳам бўлмайди. Уни на уради, на дилини оғритиб ёмон гап гапиради. Аксинча, уни қадрлаб, ҳурмат қилади (1 Бутрус 3:7). Натижада, хотини ўзини севимли ҳис этиб, хотиржам бўлади. Фарзандлар эса, аёллар билан қандай муносабатда бўлиш кераклигини ўрганади. Шунингдек, эрини ‘ҳурмат қилган’ аёл ҳам, уни танқид қилмайди, обрўсини тўкмайди. Хотини чуқур ҳурмат қилса, эр ўзининг қадрли эканини сезади.
Қалай, бу маслаҳатлар фойдали эканми? Шуниси қизиқ-ки, оилаларни тадқиқ қилувчи замонавий мутахассислар ҳам шунақа хулосага келишди. Оилалар учун маслаҳат дастурининг раҳбари шундай дейди: «Мен муваффақиятли оилаларни биламан, бу оилаларда ота-она бир-бирини чиндан ҳам севади. [...] Агар шу асосий муносабатлар мустаҳкам бўлса, фарзандлар ҳам хотиржам бўлади»3.
Йиллар оша, оила масалалари бўйича ҳар қандай мутахассисларнинг насиҳатларидан кўра, Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар кўпроқ фойда берган. Ахир, яқин ўтмишда кўп мутахассислар, никоҳ муваффақиятсиз бўлиб чиқса, вазиятни ажралиш билан осонгина ҳал этиш мумкин, деб ўйлашган. Ҳозирда эса, мутахассисларнинг аксар қисми никоҳни сақлаб қолишга чақиради. Аммо бундай ўзгариш, анчагина зарар етгандан кейин юз берди.
Бундан фарқли ўлароқ, Муқаддас Китоб никоҳга нисбатан доно маслаҳатлар беради. У айрим вазиятларда ажралиш мумкинлигини тан олади (Матто 19:9). Бироқ, жиддий сабабсиз ажралишни қоралайди (Малахи 2:14-16). Ундан ташқари, Муқаддас Китоб бевафоликни ҳукм қилади (Ибронийларга 13:4). Унда айтилишича, никоҳда жавобгарлик бор: «Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўладилар»a (Ибтидо 2:24; Матто 19:5, 6).
Никоҳ ҳақидаги маслаҳатлар Муқаддас Китоб ёзилган даврда ҳам, ҳозирда ҳам фойдали. Агар эру хотин бир-бирини севиб ҳурмат қилса, ва никоҳдаги муносабатларнинг қадрига етса, никоҳ мустаҳкам, оила эса барқарор бўлади.
Ота-оналар учун фойдали маслаҳат
Бир неча ўн йил муқаддам ота-оналар, бола тарбиясига доир «илғор ғоялар» таъсирида, «тақиқлаш мумкин эмас»8 деб ўйлашган. Болани чегаралаб қўйса, кўнгли оғриб, журъатсиз бўлиб қолишидан қўрқишарди. Бола тарбияси бўйича маслаҳатчилар, яхши ниятда, уни мулойимлик билан тўғри йўлга солишни талаб қилишарди. Ҳозирги пайтда, мутахассисларнинг аксарияти, бола тарбиясига доир муносабатини қайтадан кўриб чиқишяпти. Ташвишга тушган ота-оналар эса бу масалага қачон аниқлик киритилишини кутиб ўтиришибди.
Ҳолбуки, Муқаддас Китоб бола тарбияси бўйича доимо аниқ ва оқилона маслаҳат берган. Қарийб 2 000 йил муқаддам унда: «Сиз, оталар, фарзандларингизнинг жаҳлини чиқарманглар. Уларни Раббимизнинг таълим-тарбияси билан ўстиринглар»,— дейилган эди (Эфесликларга 6:4). Бу ерда «таълим-тарбия» деб таржима қилинган юнонча сўз, «тартиб-интизом, ўгит, йўл-йўриқ» деган маънони англатади9. Муқаддас Китобда айтилишича, бундай таълим-тарбия ота-она меҳрининг исботидир (Ҳикматлар 13:24). Агар фарзандларга ахлоқ ҳамда яхшилик ва ёмонлик борасида аниқ тушунча берилса, улар бахтли бўлиб улғаяди. Тартиб-интизомга ўргатилган болалар, ота-оналарининг ғамхўрлигини ҳамда келажаги билан қизиқишаётганини сезишади.
Лекин ота-оналар «танбеҳ қамчиси», яъни бошчилик ҳуқуқларидан ҳеч қачон суиистеъмол қилмасликлари лозимb (Ҳикматлар 22:15; 29:15). Муқаддас Китоб огоҳлантиради: «Эй оталар, руҳий тушкунликка тушмаслик учун болаларингизни ранжитаверманглар» (Колосаликларга 3:21). Шунингдек, жисмоний жазо таълим-тарбия бериш йўлида энг яхши усул эмаслигини таъкидлайди. Ҳикматлар 17:10да: «Донога берилган битта танбеҳ нодоннинг бошида синган юзта калтакдан таъсирлироқ»,— дейилган. Ундан ташқари Муқаддас Китобда, ёмон оқибатларнинг олдини олиш учун болани жазолаш тавсия этилади. Амрлар 11:19да, ҳар қулай фурсатдан фойдаланиб, болаларга ахлоқий қадриятларни сингдириш кераклиги таъкидланади (яна қ. Амрлар 6:6, 7).
Муқаддас Китоб ота-оналарга берган ўзгармас маслаҳат аниқдир. Болаларни севги ила тарбиялаб, қатъиятли бўлмоқ лозим. Бундай маслаҳат ҳақиқатан ҳам амалий эканини ҳаёт кўрсатиб турибдиc.
Одамларни ажратувчи тўсиқларни енгиш
Бугунги кунда одамларни ирқий, миллий ва этник тўсиқлар ажратиб турибди. Бу каби сунъий деворлар, дунёнинг кўп жойларида содир бўлаётган урушларда бегуноҳ одамларнинг оммавий ўлдирилишига сабаб бўляпти. Тарихни олиб қарайдиган бўлсак, турли ирқ ва миллатга мансуб инсонлар бир-бирини тенг ҳисоблаб, шунга мувофиқ муносабатда бўлиши жуда кам бўлган. Африкалик бир амалдорнинг сўзларига кўра: «Бу муаммонинг ечими қалбимиздадир»11. Лекин инсонларнинг қалбларини ўзгартириш осон эмас. Шундай бўлса-да, келинг Муқаддас Китоб таълимоти инсон қалбига хитоб қилиб, бошқаларни ўзига тенг кўришга қандай даъват этишини кўриб чиқайлик.
«Худо барча одамзодни бир одамдан яратган», деган Муқаддас Китоб таълимоти ирқий устунлик ҳақидаги ҳар қандай фикрни йўққа чиқаради (Ҳаворийлар 17:26). Бу оят, аслида фақатгина битта ирқ, яъни одамзод ирқи борлигини кўрсатиб турибди. Муқаддас Китоб, «Худонинг юз-хотир қилмаслигини, балки Ундан қўрққан ва тўғрилик ила иш тутган ҳаммани миллатига қарамай қабул қилишини» кўрсатиб, бизни Худога тақлид қилишга даъват этмоқда (Ҳаворийлар 10:34, 35; Эфесликларга 5:1). Муқаддас Китобга жиддий қарайдиган ва унинг таълимоти бўйича яшайдиган одамга бу билим ижобий таъсир кўрсатади. У инсон қалбини ўзгартириб, одамларни ажратувчи тўсиқларни бартараф қилади. Келинг, битта мисол кўриб чиқайлик.
Гитлер Европа бўйлаб уруш олиб борганида, фақат бир гуруҳ масиҳчилар, яъни Яҳованинг Шоҳидлари беайб одамларни ўлдиришдан воз кечишган. Улар Худога маъқул келишни хоҳлаб, бошқаларга қарши «қилич кўтаришмаган» (Ишаё 2:3, 4; Михо 4:3, 5). Улар Муқаддас Китоб таълимотига ишониб, битта ирқ ёки миллатни бошқасидан устун тутмаган (Галатияликларга 3:28). Тинчликсевар бўлганлари учун, Яҳованинг Шоҳидлари концлагерларга биринчилардан бўлиб қамалган (Римликларга 12:18).
Аммо Муқаддас Китоб бўйича яшаяпман деганларнинг ҳаммаси ҳам бундай йўл тутмаган. Масалан, Иккинчи Жаҳон урушидан кейин, Мартин Нимёллер деган немис протестант руҳонийси шундай ёзган: «[Урушлар содир бўлишида] Худони айблаган одам, ким бўлишидан қатъиназар, Муқаддас Китобни билмайди ёки билишни истамайди. [...] Христиан черковлари ҳамиша урушларни, аскарлар ҳамда қурол-яроқларни... дуо қилиб, масиҳчиларга тўғри келмайдиган тарзда, душманларининг қирилиб кетиши тўғрисида ибодат қилишган. Бунда Худо эмас, биз ва бизнинг аждодларимиз айбдор. Биз, христианлар, Муқаддас Китоб тадқиқотчилари (Яҳованинг Шоҳидлари) олдида уятга қолдик. Чунки улар ҳарбий хизматдан воз кечиб, одам ўлдиришни истамаганлари учун концлагерларга қамалишга, ва [ҳатто] ўлимга тайёр бўлишган»12.
Шу кунга қадар Яҳованинг Шоҳидлари араблару яҳудийларни, хорватлару сербларни, хуту ва тутсиларни бирлаштирувчи ташкилот каби маълум. Аммо бу, уларнинг бошқалардан кўра яхшироқ эканини англатмайди. Яҳованинг Шоҳидлари, бундай бирликка фақат Муқаддас Китоб таълимотининг таъсири билан эришиш мумкинлигини биладилар (1 Салоникаликларга 2:13).
Руҳий соғлиққа кўмаклашувчи маслаҳатлар
Одамнинг жисмоний соғлиги, кўпинча унинг руҳий ва ҳиссий соғлигига таъсир қилади. Масалан, илмий тадқиқотлар натижасида, жаҳл зарарли экани аниқланди. Дьюк университети қошидаги Тиббиёт марказида хулқ-атворни тадқиқ қилиш раҳбари доктор Редфорд Уильямз ва унинг рафиқаси Виржиния Уильямз, «Жаҳл ўлдиради» номланган китобида шундай деган эдилар: «Маълумотларнинг кўпчилиги шундан далолат берадики, жаҳлдор инсон турли сабабларга кўра, шу жумладан, дўстона муносабатнинг йўқлиги, жаҳл чиққанда биологик таъсирнинг кучайиши ва соғлиққа зарар етказадиган одатларга ҳаддан ортиқ эрк бериш оқибатида (бошқа хасталиклар қаторида) юрак-томир касалликларига гирифтор бўлиш хавфи остидадир»13.
Бундай илмий тадқиқотлардан минглаб йиллар олдин, Муқаддас Китоб содда ва аниқ сўзлар ила, ҳиссий аҳволимиз жисмоний соғлигимиз билан боғлиқлигини кўрсатган: «Хотиржам юрак танага ҳаёт бахш этади, ҳасадгўйлик эса суякларни чиритади» (Ҳикматлар 14:30; 17:22). Муқаддас Китобда оқилона маслаҳат берилган: «Қаҳрдан чекиниб, ғазабдан ўзингни тутгил» ва «Жаҳлдор бўлмагин» (Забур 36:8; Воиз 7:9).
Шунингдек, Муқаддас Китобда, жаҳлни қандай тийиш кераклиги ҳақида доно маслаҳат берилган. Масалан, Ҳикматлар 19:11 оятида: «Одамнинг ақли жаҳлини тияди, гуноҳни кечириш унга шуҳрат келтиради»,— дейилган. Бу оятда «ақл» деб таржима қилинган ибронийча сўз, эътиборни бирор нарсанинг «сабабини билиш»га қаратадиган феълдан келиб чиққан14. «Етти ўлчаб, бир кес» деб, бекорга айтилмаган. Одамнинг қилган иши ёки гапларининг мағзини тушунишга ҳаракат қилсак, бу сабр-тоқат билан жаҳлни тийишга ёрдам беради (Ҳикматлар 14:29).
Яна битта фойдали маслаҳат: «Бир-бирингизга нисбатан чидамли ва кечиримли бўлинглар» (Колосаликларга 3:13). Ҳаётда ғашингизни келтирадиган нарсалар бўлиб туради. «Чидамли бўлиш» ибораси, бошқаларнинг камчиликларига сабр-тоқат қилишни назарда тутади. ‘Кечиримли бўлиш’ хафагарчиликни унутишни англатади. Кек сақлаб юргандан кўра хафагарчиликдан қутулиш оқилонадир; агар кек сақлаб юрсак, ўзимизга зиён бўлади. («Инсон муносабатларига оид маслаҳатлар» деб номланган рамкага қаранг).
Бугунги кунда маслаҳатларни ҳар қадамда топса бўлади. Аммо Муқаддас Китоб чиндан ҳам бебаҳодир. Унинг маслаҳатлари нафақат сўзда, балки амалда ҳам фойдалидир. Унинг ҳикмати «шак-шубҳасиздир» (Забур 92:5). Боз устига, унинг маслаҳати ўзгармас. Муқаддас Китоб 2 000 йил олдин ёзиб тугатилганига қарамай, ҳалигача фойдалидир. Унинг маслаҳатлари танамизнинг ранги ёки қайси мамлакатда яшашимиздан қатъиназар бир хилда қўлланилади. Муқаддас Китоб инсонларни яхши томонга ўзгартириш қудратига эга (Ибронийларга 4:12). Бу китобни ўқиб, унинг маслаҳатларига амал қилсангиз ҳаётингизнинг яхшиланишига ҳисса қўшади.
[Изоҳлар]
a Бу ерда «ёпишиб қолади» деб таржима қилинган ибронийча давақ сўзи, «кишини севиб, унга вафо ила боғланишни англатади»4. Матто 15:9да «ёпишиб қолади» деб таржима қилинган юнонча сўз эса, «елимлаб ёпиштириш», яъни «бир-бирига маҳкам боғланишни англатади»5.
b Муқаддас Китоб ёзилган замонларда «қамчи» сўзи (ибронийча шевет) чўпонларнинг «хивичи» ёки «ҳассасини» англатарди10. Бу ерда, бошчилик ҳуқуқини ифодалайдиган қамчи, асло қаттиққўлликни англатмайди, аксинча севги ила бериладиган раҳбарликни назарда тутади (Забур 22:4 билан таққосланг).
c Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган, «Оилавий бахтнинг сири» номли китобдаги «Фарзандни гўдакликдан тарбияланг», «Ўсмирнинг тараққиётига ҳисса қўшинг», «Уйда қўзғолончи пайдо бўлдими?» ва «Оилангизни зарарли таъсирдан қўриқланг» деб номланган бобларини кўриб чиқинг.
[24- саҳифадаги матн парчаси]
Муқаддас Китобда оилавий ҳаётга оид аниқ ва оқилона маслаҳат берилган.
[23- саҳифадаги рамка]
Муваффақиятли оилаларнинг хусусиятлари
Бир неча йил илгари, оилавий масалалар бўйича бир мутахассис аёл кенг тадқиқот ўтказиб, шу йўналишда ишлайдиган 500 та маслаҳатчидан, муваффақиятли оилаларнинг хусусиятларини санаб беринглар, деб илтимос қилган эди. Қизиғи шундаки, санаб ўтилган хусусиятларнинг аксарият қисми аллақачон Муқаддас Китобда тавсия этилган эди.
Жанжалнинг олдини олишнинг самарали усули сифатида, биринчи ўринда яхши мулоқот турарди. Муваффақиятли оилаларнинг шиори: «қуёш ботгунча ярашиб оламиз», деган сўзлардан иборатлигини таъкидлади тадқиқот муаллифи6. Муқаддас Китобда, қарийб 1 900 йил муқаддам: «Ғазабланиб, гуноҳ қилманглар. Қуёш ботгунча, ғазабдан қайтинглар»,— деб насиҳат берилган эди (Эфесликларга 4:26). Муқаддас Китоб ёзилаётган даврда кун, бир қуёш ботишидан, кейинги қуёш ботишига қадар ҳисобланарди. Шунинг учун, оила муносабатлари бўйича ҳозирги мутахассислардан анча илгари, Муқаддас Китобда бундай маслаҳат берилган эди: келишмовчиликларни кун ботгунча ҳал қилинглар.
Муваффақиятли оилалар «уйдан ташқарига чиқишдан аввал ҳам, ухлашдан аввал ҳам “жанжал қўзғайдиган” гапларни гапиришмайди. Мен “ҳамма нарсанинг ўз вақти бор”, деган иборани кўп эшитганман»7,— дейди муаллиф аёл. Бундай оилалар, 2 700 йил муқаддам ёзилган доно маслаҳатга беихтиёр амал қилишган: «Ўз ўрнида айтилган сўз тилла узукка қўйилган ёқут кўздайдир» (Ҳикматлар 15:23; 25:11). Ўз ўрнида айтилган сўзнинг, тилла узукка қўйилган ёқут кўз билан таққосланиши, унинг гўзаллиги ва қадр қимматини ифодалайди. Дарҳақиқат, таранг вазиятда, ўз ўрнида ўйлаб чиқиб айтилган сўзлар бебаҳодир (Ҳикматлар 10:19).
[26- саҳифадаги рамка]
Инсон муносабатларига оид маслаҳатлар
«Ғазабланиб, гуноҳ қилманг! Ётганингизда қалбингиз ила ҳамсуҳбат бўлиб, тинчланинг» (Забур 4:5). Кўпинча арзимаган нарсаларга хафа бўламиз, шунда ҳис-туйғуларга берилмай, сўзларимизга эҳтиёткор бўлсак оқилона бўлади.
«Ўйламасдан айтилган сўз қиличдай жароҳатлайди, дононинг гаплари эса шифо беради» (Ҳикматлар 12:18). «Аввал ўйла кейин сўйла», деб бежиз айтилмаган. Ўйламасдан айтилган гап кишининг дилини оғритиб, дўстона муносабатларга путур етказади.
«Юмшоқ жавоб ғазабни қайтаради, қаттиқ сўз эса жаҳл чиқаради» (Ҳикматлар 15:1). Юмшоқ жавоб бериш учун мулойимлик даркор, лекин шу туфайли муаммоларни ҳал этиб, яхши муносабатларга эга бўлиш мумкин.
«Жанжалнинг бошланиши — сув уриб кетишидай, чиқмай туриб уни тўхтат» (Ҳикматлар 17:14). Ўзимизни қўлга олиб, жанжал қўзғайдиган вазиятлардан қочиш оқилона бўлади.
«Жаҳлдор бўлмагин [«салга хафа бўлаверма», ЯДТ], чунки жаҳл [«хафагарчилик», ЯДТ] нодонларнинг юрагида уй қуради» (Воиз 7:9). Ҳис-туйғулар кўпинча ҳаракатлардан олдин келади. Салга хафа бўладиганлар нодондир, чунки бу, ўйламай айтилган сўзларга ёки ҳаракатларга сабаб бўлади.
[25- саҳифадаги расм]
Яҳованинг Шоҳидлари концлагерларга биринчилардан бўлиб қамалган.