3- БОБ
Худони севадиганлар билан дўст бўлинг
Доно билан юрган доно бўлади. ҲИКМАТЛАР 13:20
1–3. а) Ҳикматлар 13:20 дан нима ҳақда билиб оляпмиз? б) Нега дўстларни донолик ила танлашимиз керак?
КИЧКИНТОЙ ота-онасини диққат билан кузатишига эътибор берганмисиз? У ҳали гапиришни бошламасидан кўрган ва эшитган барча нарсасини шимиб олади. Улғайгани сари у ўзи сезмаган ҳолда ота-онасига тақлид қила бошлайди. Катталар ҳам ўзлари кўп мулоқот қиладиган инсонлар каби фикрлаши ва йўл тута бошлаши ажабланарли эмас.
2 Ҳикматлар 13:20 дан «доно билан юрган доно бўлишини» билиб олдик. Бу оятдаги «юриш» сўзи ким биландир бирга вақт ўтказишни англатади. Бу шунчаки инсоннинг ёнида бўлишдан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Бир илоҳиётшуноснинг айтишича, ким биландир юриш уни яхши кўришни ва унга боғланиб қолишни билдиради. Биз кимлар билан бирга кўп вақт ўтказсак, ўша инсонларнинг таъсирига берилувчан бўламиз, айниқса, уларга боғланиб қолган бўлсак.
3 Дўстларимиз бизга яхши ёки ёмон таъсир қилишлари мумкин. Ҳикматлар 13:20 нинг давомида: «Нодонга шерик бўлган эса азият чекади»,— деган сўзларни ўқиймиз. Ибронийчада кимгадир «шерик бўлиш» у билан дўстлашишни англатиши мумкин. (Ҳикматлар 22:24) Худони севадиган дўстлар Унга садоқатли қолишимизга ёрдам беришади. Дўстларни донолик ила танлашимиз учун, келинг, Яҳова қандай инсонларни дўст деб билишига эътибор қаратайлик.
КИМ ХУДОНИНГ ДЎСТИ БЎЛА ОЛАДИ?
4. Нега Худонинг дўсти бўлиш улкан шараф? Нима учун Яҳова Иброҳимни «дўстим» деб атаган?
4 Бутун оламнинг Сарвари Яҳова бизга Унинг дўсти бўлиш имконини тақдим этмоқда. Албатта, бу улкан шараф! Яҳова дўстларини синчковлик билан танлайди. Уни севадиган ва Унга ишонадиган кишилар Яҳованинг дўсти бўла олишади. Масалан, Иброҳимни олайлик. Иброҳим Худо учун ҳамма нарсага тайёр бўлган. У садоқатли ва итоаткор эканини қайта-қайта исботлаган. У ҳатто ўғли Исҳоқни қурбонликка келтиришга тайёр бўлган. «Аллоҳ унинг ўғлини тирилтиришга қодир» эканига Иброҳим ишонган. (Ибронийларга 11:17–19; Ибтидо 22:1, 2, 9–13) Иброҳим садоқатли ва итоаткор бўлгани учун Яҳова уни «дўстим» деб атаган. (Ишаё 41:8; Ёқуб 2:21–23)
5. Яҳова Унга содиқ инсонларга қандай муносабат кўрсатади?
5 Яҳова дўстларини ниҳоятда қадрлайди. Яҳованинг дўстлари Унга садоқатли бўлишни ҳамма нарсадан устун қўйишади. (2 Шоҳлар 22:26 ни ўқинг.) Улар Яҳовани севишгани учун Унга содиқ ва итоаткор. Муқаддас Китобда айтилганидек, Худо Унга қулоқ соладиган «тўғри киши билан яқин дўст бўлади». (Ҳикматлар 3:32) Яҳова дўстларини Унинг «чодирида» азиз меҳмон бўлишга таклиф қилмоқда. Аллоҳ дўстларини Унга топинишга ва ҳар қандай вақтда Унга ибодат қилишга чорламоқда. (Забур 15:1–5)
6. Исони севишимизни қандай кўрсата оламиз?
6 Исо: «Мени севган, каломимга риоя қилади ва Отам уни севади»,— деган. (Юҳанно 14:23) Демак, Яҳованинг дўсти бўлиш учун Исони ҳам севишимиз ва у ўргатган нарсаларга амал қилишимиз лозим. Масалан, биз Исонинг хушхабарни ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш ҳақидаги йўл-йўриғига қулоқ соламиз. (Матто 28:19, 20; Юҳанно 14:15, 21) Исони севганимиз учун «унинг изидан оғмай юрамиз». (1 Бутрус 2:21) Гапимиз ва ишларимизда иложи борича Унинг Ўғлига тақлид қилишга интилаётганимизни кўриб Яҳова жуда хурсанд бўлади.
7. Нега дўстларимиз Яҳованинг ҳам дўстлари бўлиши керак?
7 Яҳованинг дўстлари Унга ишонишади, садоқату итоаткорликни намоён этишади ва Унинг Ўғлини яхши кўришади. Биз ҳам дўст танлашда Яҳовага тақлид қиляпмизми? Агар дўстларингиз Исога эргашиб, бошқаларга Худонинг Шоҳлиги ҳақида таълим бериш билан банд бўлишса, улар яхши инсон бўлишингизга ва Яҳовага содиқ қолишингизга ёрдам беришади.
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ МИСОЛЛАРДАН ЎРНАК ОЛАЙЛИК
8. Рут ва Наиманинг дўстлиги сизга нимаси билан ёқди?
8 Муқаддас Китобда кўпгина чин дўстлар ҳақида ўқишимиз мумкин. Масалан, Рут билан унинг қайнанаси Наима ўртасидаги дўстлик. Уларнинг туғилиб ўсган юрти ва келиб чиқиши турлича бўлган. Қолаверса, Наима Рутдан анча катта эди. Бироқ иккиси ҳам Яҳовани жуда яхши кўргани учун қалин дўст бўлишган. Наима Мўаб юртидан Исроилга қайтмоқчи бўлганида, Рут у билан кетган. У Наимага: «Сизнинг халқингиз, менинг халқим, сизнинг Худойингиз, менинг Худойим бўлади»,— деган. (Рут 1:14, 16) Рут Наимага ниҳоятда меҳрибон бўлган. Улар Исроилга етиб келишганида, Рут ўзи ва қалин дўсти бўлиб қолган қайнанасини таъминлаш учун тер тўкиб меҳнат қилган. Наима ҳам Рутни жуда яхши кўрган ва унга яхши маслаҳат берган. Рут унга қулоқ солгани учун уларнинг иккиси ҳам кўплаб баракалар олган. (Рут 3:6)
9. Довуд билан Йўнатаннинг дўстлиги сизга нимаси билан ёқди?
9 Муқаддас Китобдаги яна бир мисол Довуд ва Йўнатаннинг дўстлигидир. Уларнинг иккаласи ҳам Яҳовага содиқ бўлган. Йўнатан Довуддан тахминан 30 ёшга катта эди ва отасидан кейин Исроилнинг шоҳи бўлиши керак эди. (1 Шоҳлар 17:33; 31:2; 2 Шоҳлар 5:4) Аммо Яҳова Исроилнинг шоҳи сифатида Довудни танлаганини эшитганида Йўнатан унга ҳасад қилмаган ва уни рақиб деб билмаган. Аксинча, у имкон қадар Довудни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилган. Масалан, Довуднинг ҳаёти хавф остида қолганида Йўнатан унинг «Яҳовага бўлган ишончини мустаҳкамлаган». У ҳатто Довуд учун ҳаётини хавф остига қўйган. (1 Шоҳлар 23:16, 17) Довуд ҳам садоқатли дўст бўлган. У Йўнатаннинг оиласига ғамхўрлик қилишга ваъда берган ва Йўнатан оламдан ўтганидан кейин ҳам ваъдасида турган. (1 Шоҳлар 18:1; 20:15–17, 30–34; 2 Шоҳлар 9:1–7)
10. Учта иброний йигитнинг дўстлигидан нимани ўргандингиз?
10 Болалигида Бобилга олиб кетилган Шадрах, Мешах ва Абеднаху исмли учта иброний йигит қалин дўст бўлишган. Улар оилаларидан узоқда бўлишган ва бир-бирига Яҳовага содиқ қолишга ёрдам беришган. Улар улғайганида имонлари синалган. Чунки шоҳ Навуходоносор уларга олтин ҳайкалга сажда қилишни буюрган. Шадрах, Мешах ва Абеднаху ҳайкалга сажда қилишдан бош тортиб шоҳга шундай дейишган: «Худоларингизга сиғинмаймиз, сиз ўрнатган олтин ҳайкалга сажда қилмаймиз». Имони синалганида, бу учта дўст Худога бўлган садоқатини сақлаб қолган. (Дониёр 1:1–17; 3:12, 16–28)
11. Қандай қилиб Павлус ва Тимўтий қалин дўстларга айланишган?
11 Ҳаворий Павлус ёш Тимўтийни илк бор учратганида у Яҳовани яхши кўришини ва жамоат учун чин дилдан қайғураётганини кўрган. Шу боис Тимўтий турли жойлардаги имондошларга кўмаклашиши учун Павлус унга таълим берган. (Ҳаворийлар 16:1–8; 17:10–14) Тимўтий жон куйдириб меҳнат қилаётганини кўриб, Павлус у ҳақда: «Хушхабар ёйилишида мен билан биргаликда хизмат қилган»,— деб айтган. Тимўтий биродару опа-сингиллари учун «чин дилдан ғам чекишини» Павлус биларди. Улар Яҳовага елкама-елка заҳматкашлик ила хизмат қилар экан, қалин дўстларга айланишган. (Филиппиликларга 2:20–22; 1 Коринфликларга 4:17)
ДЎСТЛАРНИ ҚАНДАЙ ТАНЛАСА БЎЛАДИ?
12, 13. а) Нега ҳатто жамоатда ҳам дўстларни синчковлик ила танлашимиз керак? б) Нега ҳаворий Павлус 1 Коринфликларга 15:33 даги огоҳлантиришни берган?
12 Жамоатда биродару опа-сингилларимиздан кўп нарсани ўрганишимиз ва бир-биримизга садоқатни сақлашга кўмаклашишимиз мумкин. (Римликларга 1:11, 12 ни ўқинг.) Бироқ у ерда ҳам кимни яқин дўст сифатида танлаётганимизга диққатли бўлишимиз лозим. Имондошларимизнинг маданияти ва келиб чиқиши турлича. Улардан айримлари жамоатга яқинда келган, бошқалари эса Яҳовага кўп йиллардан бери хизмат қиляпти. Худди меванинг пишишига вақт керак бўлганидай, инсоннинг Яҳова билан муносабатлари ривожланиши учун ҳам вақт талаб этилади. Шундай экан, бир-биримизга сабр-тоқат ва севгини намоён этиб, дўстларни доим донолик ила танлашимиз керак. (Римликларга 14:1; 15:1; Ибронийларга 5:12–6:3)
13 Баъзида жамоатимизда жиддий вазият юзага келиши мумкин ва шунда ўта эҳтиёткор бўлишимиз керак. Биродару опа-сингилларимиздан кимдир Муқаддас Китобга зид иш қилиб қўйиши мумкин. Ё бўлмаса, кимдир жамоатга зарар келтирадиган норозилик руҳини намоён эта бошлар. Бунга ҳайрон қолмаймиз, чунки биринчи асрда ҳам жамоатларда муаммолар юзага келиб турган. Шу боис ҳаворий Павлус масиҳийларни огоҳлантириб: «Адашманглар. Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади»,— деган. (1 Коринфликларга 15:12, 33) У Тимўтийни ҳам яқин дўст сифатида кимни танлаётганига эътиборли бўлишга ундаган. Биз ҳам бу маслаҳатга амал қилишимиз лозим. (2 Тимўтийга 2:20–22 ни ўқинг.)
14. Қай йўсин танлаган дўстларимиз Яҳова билан муносабатларимизга таъсир қилади?
14 Биз Яҳова билан бўлган муносабатларимизни ҳимоя қилишимиз керак. Чунки бу бизда бор бўлган энг қимматбаҳо нарса. Шунинг учун имонимизни сусайтирадиган ва Аллоҳ билан муносабатларимизга путур етказадиган ҳар қандай инсон билан яқин дўст бўлишдан қочамиз. Масалан, пахтани сиркага ботириб, у сувни шимиб олишини кутмаймиз. Шу каби ёмон ишлар қиладиган инсонлар билан дўстлашсак, яхши ишлар қилишимиз осон бўлишини кута олмаймиз. Демак, яқин дўстларни синчковлик билан танлашимиз керак. (1 Коринфликларга 5:6; 2 Салоникаликларга 3:6, 7, 14)
15. Жамоатда яхши дўстлар орттириш учун нима қилишингиз мумкин?
15 Жамоатда Яҳовани чинакамига яхши кўрадиган инсонларни топасиз. Улар сизга чин дўст бўла олади. (Забур 133:1) Дўстларни фақат ўз тенгдошларингиз ёки келиб чиқиши сизникига ўхшаш бўлган инсонлар орасидан қидирманг. Йўнатан Довуддан анча каттароқ бўлганини, Рут эса Наимадан анча ёшроқ бўлганини унутманг. Ҳар биримиз Муқаддас Китобдаги: «Бағрингизни кенг қилинглар»,— деган маслаҳатга амал қилишни истаймиз. (2 Коринфликларга 6:13; 1 Бутрус 2:17 ни ўқинг.) Яҳовага қанча кўп тақлид қилсангиз, бошқалар шунча кўп сиз билан дўст бўлишни исташади.
КЕЛИШМОВЧИЛИКЛАР ПАЙДО БЎЛГАНДА
16, 17. Жамоатда кимдир бизни хафа қилса, нима қилмаслигимиз керак?
16 Бир оиланинг ўзида турли феъл-атворга, фикрлаш тарзига ва одатларга эга инсонлар бўлади. Жамоатда ҳам худди шундай. Бундай турли-туманлик ҳаётимизни қизиқарли қилади ва бир-биримиздан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин. Аммо баъзан бундай фарқ туфайли имондошларимизни нотўғри тушунишимиз ёки ғашимиз келиши мумкин. Бу бизни хафа қилиши ёки кўнглимизга қаттиқ ботиши ҳеч гап эмас. (Ҳикматлар 12:18)
17 Бу муаммолар бизни тушкунликка туширишига ва жамоатдан узоқлаштиришига йўл қўйиш тўғри бўлармиди? Йўқ, албатта. Кимдир бизни хафа қилса ҳам жамоатдан узоқлашишни истамаймиз. Ахир бизни Яҳова хафа қилгани йўқ-ку! У бизга ҳаётни ва бошқа барча нарсани берган. У севгимиз ва садоқатимизга лойиқ. (Ваҳий 4:11) Жамоат — имонимизни мустаҳкам сақлашга ёрдам берадиган Яҳованинг ҳадяси. (Ибронийларга 13:17) Кимдир бизни ранжитгани учунгина Унинг бу ҳадясини рад этмаймиз. (Забур 119:165 ни ўқинг.)
18. а) Биродару опа-сингилларимиз билан муроса қилишга нима ёрдам беради? б) Нега бошқаларни кечиришимиз керак?
18 Биз биродару опа-сингилларимизни яхши кўрамиз ва улар билан муроса қилишни истаймиз. Яҳова ҳеч бир инсондан мукаммалликни кутмайди, биз ҳам шундай қилишимиз керак. (Ҳикматлар 17:9; 1 Бутрус 4:8) Барчамиз хато қилиб турамиз, аммо севги бир-биримизни «чин дилдан кечиришга» ёрдам беради. (Колосаликларга 3:13) Севги кичик тушунмовчиликлар катта муаммога айланиб кетишининг олдини олади. Тўғри, кимдир бизни хафа қилса, бу ҳақда ўйламаслик қийин. Ўша одамдан жаҳлимиз чиқиши ва унга нисбатан кек сақлашимиз мумкин. Бундан ўзимизни фақат бахтсиз ҳис қиламиз ва аламимиз келади. Бизни ранжитган кишини кечирганимизда эса кўнглимиз хотиржам бўлади, жамоатда бирлик ҳукм суради ва энг асосийси Яҳова билан муносабатларимиз яхши бўлади. (Матто 6:14, 15; Луқо 17:3, 4; Римликларга 14:19)
КИМДИР ЖАМОАТДАН ЧЕТЛАТИЛГАНДА
19. Қайси вазиятда жамоатдаги бирорта киши билан мулоқот қилмаслигимиз керак бўлади?
19 Севги ҳукм сурадиган оиланинг ҳар бир аъзоси қўлидан келганча бошқаларни бахтли қилишга интилади. Аммо тасаввур қилинг, улардан бири исён кўтарди. Оиланинг ҳар бир аъзоси унга қайта-қайта ёрдам беришга уринди, бироқ у ёрдамни рад этди. У уйдан чиқиб кетишга қарор қилиши ёки оила боши ундан буни сўраши мумкин. Шунга ўхшаш вазият жамоатда ҳам бўлиб туради. Кимдир Яҳовага номаъқул ва жамоатга зарар келтирадиган ишни бас қилмаслиги мумкин. У ёрдамни рад этиб, ўз ҳаракатлари билан жамоатнинг аъзоси бўлишни ортиқ истамаётганини кўрсатиши мумкин. У жамоатни тарк этишга қарор қилар ёки уни четлатишар. Агар шундай воқеа юз берса, Муқаддас Китобдаги аниқ маслаҳатга амал қилиб, ўша одам билан «мулоқот қилмаймиз». (1 Коринфликларга 5:11–13 ни ўқинг; 2 Юҳанно 9–11) Айниқса, у дўстимиз ёки оиламиз аъзоси бўлса бундай қилиш жуда қийин. Аммо бу каби вазиятда Яҳовага бўлган садоқатимиз ҳар қандай инсонга бўлган садоқатимиздан устун туриши лозим. (8- иловага қаранг.)
20, 21. а) Қай йўсин жамоатдан четлатиш тадбиридан севги кўринади? б) Нега дўстларни синчковлик билан танлашимиз муҳим?
20 Жамоатдан четлатиш Яҳованинг севги ила кўрган чорасидир. Ушбу чора жамоатни Яҳованинг меъёрларини менсимайдиган кишилардан ҳимоя қилади. (1 Коринфликларга 5:7; Ибронийларга 12:15, 16) Бу Яҳованинг муқаддас исмига, Унинг юқори ахлоқий меъёрларига ва Унинг Ўзига бўлган севгимизни кўрсатишга имкон беради. (1 Бутрус 1:15, 16) Жамоатдан четлатиш тадбиридан айни пайтда жамоат аъзоси бўлмаган кишига нисбатан ҳам севгини кўриш мумкин. Ушбу жиддий чора инсонга қилаётган иши нотўғри эканини тушунишга ёрдам бериб, ўзгаришга ундайди. Бир вақтлар жамоатдан четлатилган кўплаб кишилар кейинчалик Яҳовага қайтишган ва уларни жамоатда илиқ қарши олишган. (Ибронийларга 12:11)
21 Дўстларимиз бизга яхши ёки ёмон таъсир қилиши аниқ. Шунинг учун уларни синчковлик билан танлашимиз муҳим. Агар Яҳова севадиган инсонларни яхши кўрсак, Унга абадий содиқ қолишимизга кўмаклашадиган кишилар орасида бўламиз.