7- БОБ
Халқлар «Мен Яҳова эканимни билиб олишади»
БУ БОБДА: Худонинг исмини ҳақорат қилган халқлар билан Исроилнинг муносабатларидан оладиган сабоқлар
1, 2. а) Қайси маънода Исроил бўрилар орасида ёлғиз қолган қўйга ўхшарди? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.) б) Исроилликлар ва уларнинг шоҳлари нимага йўл қўйишган?
ЮЗЛАБ йиллар давомида Исроил бўрилар орасида ёлғиз қолган қўйга ўхшарди. Оммонликлар, мўабликлар ва эдомликлар Исроилга шарқий тарафдан таҳдид қилишган. Филистимликлар Исроилнинг доимий душмани бўлиб, унинг ғарбида жойлашган. Шимолда бой ва улкан тижорий империя маркази бўлмиш Тир шаҳри бўлган. Жанубда эса шоҳ-худо фиръавн томонидан бошқарилган қадимий Миср халқи яшаган.
2 Исроилликлар Яҳовага таянишганида, У уларни душманларидан ҳимоя қилган. Лекин Унинг халқи ва шоҳлари атрофдаги халқлар уларга салбий таъсир қилишига қайта-қайта йўл қўйишган. Иродасиз шоҳ Ахаб шундай мисоллардан биридир. Яҳудо шоҳи Ёҳушафат унинг замондоши эди. Ахаб эса ўн қабилали Исроил шоҳлиги устидан бошқарган. У Сидон шоҳининг қизига уйланган эди. Сидон шоҳи гуллаб-яшнаган Тир шаҳри устидан бошқарган. Изабел исмли бу аёл мутаассибларча Баалга сиғинишни Исроилда олға суриб, пок топиниш мисли кўрилмаган миқёсда булғаниши учун эрига таъсир қилган. (3 Шоҳ. 16:30–33; 18:4, 19)
3, 4. а) Исроил ҳақида башорат қилгач, Ҳизқиё кимлар ҳақида гапирган? б) Қандай саволларга жавоб оламиз?
3 Яҳова Унга садоқатсизлик қилиш қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида Ўз халқини огоҳлантирди. Охири Яҳованинг сабр косаси тўлди. (Ерм. 21:7, 10; Ҳиз. 5:7–9) Мил. авв. 609 йили Бобил қўшини ваъда қилинган юртга учинчи марта қайтиб келди. Тахминан ўн йил олдин улар охирги марта бостириб келганди. Бу сафар улар Қуддус деворларини бузиб ташлаб, Навуходоносорга қарши исён кўтарганларни қириб ташлашди. Қамал бошланганида Ҳизқиё илоҳий илҳом остида олган башоратларнинг тафсилотлари даҳшатли тарзда амалга ошди. Кейин эса пайғамбар ваъда қилинган юрт атрофида яшовчи халқлар билан нима юз бериши ҳақида гапирди.
Яҳовага қарши чиққан халқлар ўз қилмишларининг оқибатларидан қочиб қутула олишмайди
4 Яҳова Ҳизқиёга Қуддус вайрон қилинганида Яҳудонинг душманлари бундан қувонишини ва қочиб қутулганларга тинчлик бермаслигини ошкор этди. Бироқ Яҳовага қарши чиққан ва Унинг халқини таъқиб қилиб, уларга салбий таъсир кўрсатган халқлар ўз қилмишларининг оқибатларидан қочиб қутула олишмайди. Исроилнинг ўша халқлар билан ўзаро муносабатларидан қандай амалий сабоқлар олишимиз мумкин? Ҳизқиёнинг халқларга қарата айтган башоратлари бизга қандай умид бермоқда?
Исроилни «масхара қилган» қариндошлари
5, 6. Оммонликлар ва исроилликларни қандай ришталар боғлаб турган?
5 Оммон, Мўаб ва Эдом қайсидир маънода Исроилнинг қон-қариндошлари бўлишган. Оилавий ришталар ва умумий тарихга эга бўлишганига қарамай, ўша халқлар узоқ вақт давомида Худонинг халқига душманлик қилиб, уларни «масхара қилган». (Ҳиз. 25:6)
6 Оммонликлар. Улар Иброҳимнинг жияни Лутнинг авлодлари бўлиб, унинг кичик қизидан келиб чиққан. (Ибт. 19:38) Уларнинг тили ибронийчага жуда яқин бўлиб, Худонинг халқи уни тушунган бўлиши мумкин. Оилавий ришталар борлиги учун Яҳова исроилликларга оммонликларга қарши уруш очмасликни айтган. (Қонун. 2:19) Бироқ ҳакамлар даврида оммонликлар Мўаб шоҳи Эглонга қўшилиб Исроилга жабр-зулм қилишган. (Ҳак. 3:12–15, 27–30) Кейинчалик Шоул шоҳ бўлганида оммонликлар Исроилга ҳужум қилишган. (1 Шоҳ. 11:1–4) Шоҳ Ёҳушафат даврида улар яна мўабликларнинг қўшини билан бирлашиб ваъда қилинган юртга бостириб киришган. (2 Сол. 20:1, 2)
7. Мўабликлар Исроилнинг авлодлари бўлмиш қариндошларига қандай муомала қилишган?
7 Мўабликлар ҳам Лутнинг авлодлари бўлиб, унинг катта қизидан келиб чиққан. (Ибт. 19:36, 37) Яҳова исроилликларга Мўабга қарши жанг бошламасликни айтган. (Қонун. 2:9) Бироқ мўабликлар яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришмаган. Исроилликлар Мисрдан қулликдан қочиб келишаётганида, уларга ёрдам беришнинг ўрнига, ваъда қилинган юртга киришга тўсқинлик қилишган. Мўаб шоҳи Болоқ исроилликларни лаънатласин дея Баломни ёллаган. Шунингдек, Балом Болоқни исроиллик эркакларни ахлоқсизлик ва бутпарастликка оғдириб, йўлдан уришга ўргатган. (Саҳ. 22:1–8; 25:1–9; Ваҳ. 2:14) Мўабликлар асрлар давомида, то Ҳизқиёнинг даврига қадар ўз қариндошларига зулм қилишган. (4 Шоҳ. 24:1, 2)
8. Нега Яҳова Эдомни Исроилнинг биродари деб атаган, бироқ Эдом қандай йўл тутган?
8 Эдомликлар Ёқубнинг эгиз акаси Эсовнинг авлодлари бўлишган. Улар ўртасидаги ришталар шунчалик яқин бўлганки, Яҳова эдомликлар ва исроилликларни ҳатто биродарлар деб атаган. (Қонун. 2:1–5; 23:7, 8) Шунга қарамай, Исроил халқи Мисрдан чиққанидан то мил. авв. 607 йили Қуддус вайрон қилингунига қадар эдомликлар уларга душманлик қилишган. (Саҳ. 20:14, 18; Ҳиз. 25:12) Шундай пайтда эдомликлар бобилликларни Қуддусни яксон қилишга ундаб Исроил халқининг азоб чекишидан хурсанд бўлибгина қолмай, қочиб кетаётганларнинг йўлини тўсиб, уларни душман қўлига тутиб беришган. (Заб. 137:7; Об. 11, 14)
9, 10. а) Оммон, Мўаб ва Эдом билан нима юз берди? б) Қайси мисоллар бу халқлардан бўлганларнинг ҳаммаси ҳам Худонинг халқига душманлик қилмаганини кўрсатмоқда?
9 Яҳова Исроилга қариндош бўлган халқларнинг барчасини Унинг халқига қарши қилган ишлари учун жавобгарликка тортган. У шундай деган: «Мен Мўабни оммонликлар билан бирга Шарқ халқларига мулк қилиб бераман, токи оммонликлар халқлар орасида ёдга олинмасин». Кейин қўшимча қилиб: «Мен Мўаб устидан ҳукмимни ижро этаман. Шунда улар Мен Яҳова эканимни билиб олишади»,— деб айтган. (Ҳиз. 25:10, 11) Қуддус қулаганидан тахминан беш йил ўтгач, бобилликлар Оммон билан Мўабни забт этганида мазкур башоратлар амалга оша бошлаган. Эдом тўғрисида эса Яҳова шундай сўзларни айтган: «Одамлар ва чорвани қириб ташлайман, уни кимсасиз қилиб қўяман». (Ҳиз. 25:13) Башорат қилинганидай, Оммон, Мўаб ва Эдом охир-оқибат йўқ бўлиб кетган. (Ерм. 9:25, 26; 48:42; 49:17, 18)
10 Бироқ бу халқлардан бўлганларнинг ҳаммаси ҳам Худонинг халқига душманлик қилмаган. Масалан, шоҳ Довуднинг қудратли жангчилари қаторида оммонлик Зилах ва мўаблик Йитмо исмли кишилар бўлган. (1 Сол. 11:26, 39, 46; 12:1) Рут ҳам мўаблик бўлиб, Яҳовага садоқат ила топинган. (Рут 1:4, 16, 17)
Ҳатто бир қадам ҳам орқага чекинманг
11. Исроил билан Оммон, Мўаб ва Эдом халқлари ўртасидаги муносабатлардан қандай сабоқлар олишимиз мумкин?
11 Исроил ва мазкур халқлар ўртасидаги муносабатлардан қандай сабоқлар олишимиз мумкин? Биринчидан, Исроил халқи ҳушёрликни йўқотганида, қариндошларининг сохта динга алоқадор булғовчи урф-одатлари уларнинг орасига суқилиб кирган. Мўабликлар Пиёрдаги Баалга, оммонликлар эса Мўлах деган худоларга сиғинишган. (Саҳ. 25:1–3; 3 Шоҳ. 11:7) Шунга ўхшаш нарса биз билан ҳам юз бериши ҳеч гап эмас. Имонда бўлмаган қариндошларимиз эътиқодимизга зид йўл тутишимиз учун бизга босим ўтказиши мумкин. Масалан, улар нега Наврўз ва Янги йил байрамларини нишонламаслигимизни ва совғалар улашмаслигимизни ёки сохта динга алоқадор кенг тарқалган бошқа урф-одатларда нега қатнашмаётганимизни тушунмас. Улар яхши ниятда, қисқа вақтга бўлса-да, меъёрларимизга хилоф йўл тутишга ундаши мумкин. Бундай босим остида таслим бўлмаслигимиз жуда муҳим! Исроил халқининг тарихидан кўриниб турганидек, ҳатто бир қадам орқага чекиниш ҳалокатли оқибатлар келтириб чиқаради.
12, 13. Ким томонидан қаршиликка учрашимиз мумкин, бироқ содиқ бўлсак, эҳтимол, қандай натижага эришамиз?
12 Исроил халқининг Оммон, Мўаб ва Эдом билан бўлган муносабатларидан яна бир сабоқ оляпмиз. Имонда бўлмаган оила аъзоларимиз томонидан қаттиқ қаршиликларга учрашимиз мумкин. Исо огоҳлантирганидай, биз ваъз қилган хабар «отани ўғлидан, онани қизидан» айиришга сабаб бўлади. (Мат. 10:35, 36) Яҳова исроилликларга қариндошлари билан жанжаллашмасликни буюрган эди. Биз ҳам имонда бўлмаган оила аъзоларимиз билан талашиб-тортишишдан қочамиз. Бироқ қаршиликларга учраганда бунга ҳайрон қолмаслигимиз керак. (2 Тим. 3:12)
13 Ҳатто қариндошларимиз Яҳовага топинишимизга тўғридан-тўғри қаршилик кўрсатишмаса-да, улар Яҳовадан кўра бизга кўпроқ таъсир қилишига йўл қўймаслигимиз керак. Нега? Чунки Яҳова қалбимизда биринчи ўринни эгаллашга лойиқ. (Матто 10:37 ни ўқинг.) Бундан ташқари, агар Яҳовага содиқ қолсак, улардан айримлари Зилах, Йитмо ва Рут каби бўлишлари ва пок топинишда бизга қўшилишлари мумкин. (1 Тим. 4:16) Шунда улар ҳам ягона ҳақ Худога хизмат қилиш ва Унинг севгисию ҳимоясидан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлишади.
Яҳованинг душманлари «қаттиқ жазо» олишади
14, 15. Филистимликлар исроилликларга қандай муносабатда бўлишган?
14 Филистимликлар Канъон юртига Крит оролидан кўчиб келишган. Кейинчалик Яҳова бу юртни Иброҳим ва унинг авлодларига беришни ваъда қилган. Иброҳимнинг ҳам, Исҳоқнинг ҳам бу халқ билан олди-бердиси бўлган. (Ибт. 21:29–32; 26:1) Исроилликлар ваъда қилинган юртга киришганида филистимликлар улкан ҳарбий кучга эга қудратли халқ сифатида шаклланиб бўлишган эди. Улар Баал-Забуб ва Дўғон исмли сохта худоларга сиғинишган. (1 Шоҳ. 5:1–4; 4 Шоҳ. 1:2, 3) Вақти-вақти билан Исроил халқи ҳам ўша худоларга сиғинган. (Ҳак. 10:6)
15 Исроил халқи садоқатсизлик қилгани учун, Яҳова филистимликларга кўп йиллар давомида Унинг халқи устидан бошқаришига йўл қўйган. (Ҳак. 10:7, 8; Ҳиз. 25:15) Улар исроилликларга шафқатсиз чекловлар қўйибa, уларнинг кўпини ўлдиришган. (1 Шоҳ. 4:10) Исроил халқи тавба қилиб Яҳовага қайтганида, У халқини қутқарган. Халқини қутқариш учун Худо Шимшўн, Шоул ва Довуддан фойдаланган. (Ҳак. 13:5, 24; 1 Шоҳ. 9:15–17; 18:6, 7) Ҳизқиё башорат қилганидай, бобилликлар ва кейинчалик юнонлар уларнинг юртига бостириб келганда, филистимликлар «қаттиқ жазо» олишган. (Ҳиз. 25:15–17)
16, 17. Исроил халқи ва филистимликлар ўртасидаги муносабатлардан қандай сабоқлар олишимиз мумкин?
16 Исроил халқи ва филистимликлар ўртасидаги муносабатлардан қандай сабоқлар олишимиз мумкин? Яҳованинг бугунги халқи инсоният устидан бошқарган энг қудратли халқларнинг қаршилигига дуч келган. Исроил халқидан фарқли равишда биз Яҳовага содиқ қолиш борасида барқарорликни сақлаб келяпмиз. Шундай бўлса-да, вақти-вақти билан душманлар пок топиниш устидан ғалаба қозонгандек туюлиши мумкин. Мисол учун, 20- асрнинг бошида Қўшма Штатлар ҳукумати ташкилотимизнинг етакчиларини 20 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этиб, Яҳова халқининг фаолиятини тўхтатишга уринган. Иккинчи жаҳон уруши пайтида Германиядаги нацистлар партияси Худонинг халқини йўқ қилиб ташлашга бел боғлаб мингларчасини қамаган, юзларчасини қатл этган. Урушдан кейин Совет Иттифоқи Яҳованинг Шоҳидларига қарши кўп йиллар давом этган кампанияни бошлаб, имондошларимизни мамлакатнинг олис ерларида жойлашган меҳнат лагерларига юборган ёки сургун қилган.
17 Ҳукуматлар ваъзгўйлик фаолиятини тақиқлаб қўйиши, Худонинг халқини қамаши ва ҳатто айримларимизни ўлдириши мумкин. Бундай воқеалар қўрқишимизга ёки имонимиз сусайишига сабаб бўлиши керакми? Йўқ! Яҳова садоқатли халқини сақлаб қолади. (Матто 10:28–31 ни ўқинг.) Қудратли, репрессив ҳукуматлар йўқ бўлиб кетганига гувоҳ бўлдик, Яҳованинг халқи эса сон жиҳатдан кўпайиб боряпти. Яқинда филистимликларнинг тақдири барча инсоний ҳукуматларнинг бошига тушади. Улар Яҳовани билиб олишга мажбур бўлишади. Филистимликларга ўхшаб улар йўқ бўлиб кетишади!
«Бойлигинг кўплиги» ишончли ҳимоя эмас
18. Тир қандай империянинг маркази бўлган?
18 Қадимги Тир шаҳриb кўҳна дунёнинг улкан тижорий империяларининг марказларидан бири эди. Тир кемалари Ўрта денгиз орқали ғарб томонга олиб борадиган кўпгина савдо йўлларига эга бўлган. Шарқ томонда савдо йўллари қуруқлик бўйлаб ўтган бўлиб, уни олисда жойлашган империялар билан боғлаб турган. Асрлар давомида у ўша узоқ ерлар билан савдо алоқаларини тузиб бойлик орттирган. Унинг савдогарлари жуда бой бўлганидан ўзини бек деб ҳисоблаган. (Ишаё 23:8)
19, 20. Тир ва Гивон аҳолиси ўртасида қандай фарқ бўлган?
19 Довуд ва Сулаймон бошқарган даврда Исроилни Тирда яшовчилар билан жуда яқин ришталар боғлаб турган. Улар Довуд саройи ва кейинчалик Сулаймон маъбади қурилиши учун қурилиш моллари ва усталар юбориб ёрдам беришган. (2 Сол. 2:1, 3, 7–16) Тир Исроил халқининг гуллаб-яшнаган даврини кўрган. (3 Шоҳ. 3:10–12; 10:4–9) Бир ўйлаб кўринг, минглаб тирликлар пок топиниш ва Яҳова ҳақида билиб олишлари, шунингдек, ҳақ Худога хизмат қилиш қандай баракалар келтиришини ўз кўзлари билан кўриш имконига эга бўлишган!
20 Бундай имконият очилганига қарамай, Тир аҳолиси молпарастликка қаттиқ берилиб кетганди. Улар Канъондаги улкан Гивон шаҳридан ўрнак олишмади. Унинг аҳолиси Яҳованинг буюк ишлари ҳақида эшитиши биланоқ, Унинг хизматчиси бўлишни истаган. (Ёшуа 9:2, 3, 22–10:2) Бунинг ўрнига Тир аҳолиси Худонинг халқига душманлик қилиб, уларнинг айримларини ҳатто қул қилиб сотган. (Заб. 83:2, 7; Йўэл 3:4, 6; Амос 1:9)
Моддий нарсаларга ҳимоя берувчи девордек қарашни истамаймиз
21, 22. Тир билан нима юз берган ва нега?
21 Ҳизқиё орқали Яҳова ўша душманларга қарата шундай деган: «Ҳой Тир, Мен сенинг душманингман. Денгиз тўлқинлари кўтарилганидай, Мен ҳам халқларни сенга қарши кўтараман. Улар Тирнинг деворларини бузиб, минораларини вайрон қилишади. Тупроғингни сидириб олиб, сени яланғоч қояга айлантираман». (Ҳиз. 26:1–5) Тир аҳолиси бойлигига таяниб ўзини хавфсиз ҳис этган. Бу бойлик уларга орол-шаҳарнинг баландлиги 46 метр бўлган деворлари тақдим этган хавфсизликни таъминлаган. Улар Сулаймоннинг қуйидаги огоҳлантиришига қулоқ тутишса яхши бўларди: «Бойнинг мол-давлати мустаҳкам шаҳридир, ўз тасаввурида ҳимоя девори кабидир». (Ҳик. 18:11)
22 Бобилликлар ва юнонлар Ҳизқиёнинг башоратини амалга оширишганида, Тир аҳолиси, улар хавфсизликни таъминлайди, деб ўйлаган шаҳарнинг бойлиги ва том маънодаги деворлари пуч хаёл эканини тушуниб етишди. Қуддус вайрон қилинганидан сўнг, бобилликлар Тирга қарши юриш қилишган ва 13 йил давом этган қамалдан сўнг шаҳар қулаган. (Ҳиз. 29:17, 18) Сўнг мил. авв. 332 йили Искандар Мақдуний Ҳизқиё айтган башоратларнинг эътиборга молик жиҳатини амалга оширганc. Унинг қўшини Тир шаҳрининг қитъада жойлашган қисмининг харобаларини сидириб олиб, тошлари, ёғочлари ва тупроғини сувга ташлаб, орол-шаҳарга етиб олиш учун йўл қурган. (Ҳиз. 26:4, 12) Искандар деворларни бузган, шаҳарни талон-торож қилган, минглаб аскарлару фуқароларни ўлдирган ва ўн минглаб кишиларни қул қилиб сотган. Тир аҳолиси бойликнинг кўплиги ишончли ҳимоя эмаслигини аччиқ тажрибасида ҳис этиб, Яҳовани билиб олишга мажбур бўлган. (Ҳиз. 27:33, 34)
23. Тир аҳолисидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
23 Тир аҳолисидан қандай сабоқ олишимиз мумкин? «Алдамчи бойлик» моддий нарсаларга таяниб, уларга ҳимоя берувчи девордек қарашимизга сабабчи бўлишига йўл қўймаймиз. (Мат. 13:22) Биз «ҳам Худонинг, ҳам бойликнинг қули» бўла олмаймиз. (Матто 6:24 ни ўқинг.) Яҳовага бажонидил хизмат қилганларгина чинакам хавфсизликни ҳис қилишади. (Мат. 6:31–33; Юҳан. 10:27–29) Тирга тегишли башоратлар аниқ бажо бўлганидек, бу замонанинг охирига тегишли башоратлар ҳам икир-чикиригача амалга ошади. Бойликка таянганлар эса, бу дунёнинг очкўз ва худбин тижорий тизими йўқ қилинганда Яҳовани билиб олишга мажбур бўлишади.
Сиёсий кучлар «похолпоядек ишончсиз»
24–26. а) Нега Яҳова Мисрни «похолпоя» деб атаган? б) Қандай қилиб Зидқиё Яҳованинг кўрсатмасига беписандлик қилган ва натижаси қанақа бўлган?
24 Юсуф яшаган йиллардан олдинги даврдан бошлаб то бобилликлар Қуддусга юриш қилгунга қадар, Миср ваъда қилинган юрт ҳудудига сезиларли сиёсий таъсир кўрсатиб келган. Унинг илдизлари қадимга бориб тақалгани учун, у эски дарахт каби барқарор бўлиб кўринган. Аммо Яҳова билан солиштирганда у «похолпоядек» мўрт эди. (Ҳиз. 29:6)
25 Муртад шоҳ Зидқиё Миср ҳақидаги бу фактни тан олмаган. Яҳова Еремиё пайғамбар орқали Зидқиёни Бобил шоҳига бўйсунишга ундаган. (Ерм. 27:12) Зидқиё Яҳованинг исмини тилга олиб Навуходоносорга қарши бош кўтармайман, деб қасам ичган. Бироқ кейин Яҳованинг кўрсатмасига беписандлик қилиб, Навуходоносорга ичган қасамини бузган ва бобилликларга қарши уруш қилиш учун Мисрдан ёрдам сўраган. (2 Сол. 36:13; Ҳиз. 17:12–20) Аммо Мисрнинг сиёсий кучига ишонган исроилликлар ўзларига катта зарар келтиришган. (Ҳиз. 29:7) Миср ваҳимага соладиган улкан «денгиз махлуқи»дай кўринган бўлиши мумкин. (Ҳиз. 29:3, 4) Лекин Яҳова, овчилар Нилдаги тимсоҳлар билан нима қилган бўлса, унинг бошига ҳам шу кунни солишини айтган — унинг жағларига илгаклар солиб, ўлдириш учун судраб чиқарган. У буни, бобилликлар бу қадимий мамлакатни забт этишганида амалга оширган. (Ҳиз. 29:9–12, 19)
26 Садоқатсиз Зидқиё билан нима юз берган? У Яҳовага қарши исён кўтаргани учун, Ҳизқиё «ёвуз йўлбошчи»нинг тожи олиб ташланиб, унинг бошқаруви якунига етишини башорат қилган. Бироқ Ҳизқиё умид хабарини ҳам айтган. (Ҳиз. 21:25–27) Яҳова Ҳизқиё орқали «қонуний ҳуқуқи бор» шахс, Довуднинг сулоласидан бўлган шоҳ тахтга даъвогарлик қилишини каромат қилган. Кейинги бобдан бу ким бўлишини билиб оламиз.
27. Исроил халқи ва Миср ўртасидаги муносабатлардан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
27 Исроил халқи ва Миср ўртасидаги муносабатлардан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Бугунги кунда ҳам Яҳованинг халқи сиёсий кучларга таянишдан, бундай кучлар хавфсизлик тақдим этади, деб ўйлашдан қочиши керак. Ҳатто ўй-фикрда ҳам бу «дунёга тегишли» бўлмаслигимиз даркор. (Юҳан. 15:19; Ёқб. 4:4) Сиёсий тузумлар кучли кўриниши мумкин, лекин қадимги Миср каби похолпоядек мўрт. Оламнинг қудратли Ҳукмдорига эмас, ўткинчи инсонга умид боғлаш қанчалик калтабинлик бўларди-я?! (Забур 146:3–6 ни ўқинг.)
Халқлар «билиб олишади»
28–30. Халқлар Яҳовани «билиб олиши» ва биз уни билишимиз ўртасида қандай фарқ бор?
28 Ҳизқиё китобида Яҳова халқлар тўғрисида кўп марта: «Мен Яҳова эканимни билиб олишади»,— деб айтган. (Ҳиз. 25:17) Бу сўзлар қадимда, Яҳова халқининг душманларини йўқ қилганда амалга ошган. Аммо улар бизнинг кунларимизда кенг миқёсда амалга ошади. Қанақасига?
29 Худонинг қадимги халқи каби бизни ҳам халқлар ўраб турибди ва уларнинг назарида биз ёлғиз қолган ҳимоясиз қўйдаймиз. (Ҳиз. 38:10–13) Яқинда халқлар шафқатсизларча, ёппасига Худонинг халқига ҳужум қилади. Бу ҳақда 17- ва 18- бобларда гап боради. Улар буни қилганда чинакам қудрат нима эканини билиб қўйишади. Яҳова уларни Армагеддон жангида йўқ қилганда улар Яҳовани билиб олишга — Унинг ҳукмдорлигини тан олишга — мажбур бўлишади. (Ваҳ. 16:16; 19:17–21)
30 Бизни эса Яҳова омон сақлайди ва барака беради. Нега? Чунки биз ҳозир имконият борида Яҳовага таяниб, Унга бўйсуниб ва пок тарзда топиниб Уни билиб олганимизни исботлаяпмиз. Зеро У бунга лойиқдир. (Ҳизқиё 28:26 ни ўқинг.)
a Мисол учун, филистимликлар Исроилда металл иш қуролларини ясашни тақиқлаб қўйишган. Исроилликлар қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган иш қуролларини ўткирлаш учун филистимликлар олдига боришган ва исроилликлардан ўткирлаб бериш учун бир неча кунлик иш ҳақига тенг пул талаб қилинган. (1 Шоҳ. 13:19–22)
b Дастлаб Тир шаҳри соҳил яқинида, яланғоч қоя устида қурилган бўлиши мумкин. У Кармил тоғидан тахминан 50 километр шимолда жойлашган эди. Кейинчалик шаҳар кенгайиб қитъа қисмида қурилиш давом этган. Шаҳарнинг сомийча Сур деган номи «қоя» деган маънога эга.
c Ишаё, Еремиё, Йўэл, Амос ва Закариё ҳам Тир ҳақида башорат қилишган ва башорат икир-чикиригача амалга ошган. (Ишаё 23:1–8; Ерм. 25:15, 22, 27; Йўэл 3:4; Амос 1:10; Закр. 9:3, 4)