Худованд Яҳовага умид боғлаб, жасоратли бўлинг
Худовандга умид боғла! Бақувват бўл, дадил бўл, Худовандга умид боғла! ЗАБУР 26:14
1. Умид қанчалик муҳим ва бу сўз Муқаддас Китобда қандай қўлланилган?
ҲАҚИҚИЙ умид чарақлаган нур кабидир. У замонамизнинг қийинчиликларига эмас, балки келажакка ишонч ва хурсандчилик ила қарашга ёрдам беради. Бундай умидни фақат Худованд Яҳова ато этиши мумкин ва У буни Муқаддас Китоб орқали тақдим этмоқда (2 Тимўтийга 3:16). «Умид», «умид боғламоқ» ва «умид қилмоқ» каби сўзлар Муқаддас Китобда кўп маротаба учратилган бўлиб, орзу қилган нарсани сабрсизлик ва ишонч билан кутишни англатади.a Шундай умид асоссиз ёки рўёбга чиқмайдиган шунчаки истакдан кучлироқдир.
2. Исонинг ҳаётида умид қандай аҳамиятга эга бўлган?
2 Масалан, Исо Масиҳ Тангри Яҳовага умид боғлаб, ўз эътиборини қийинчиликларига эмас, балки келажакка қаратган. У ўзини кутаётган шодлик учун шармандаликни менсимай, азоб-уқубатга чидади (Ибронийларга 12:2). Чунки Исо алайҳиссалом аввало Яҳованинг ҳукмронлигини оқлаш ва Унинг исмини улуғлаш ҳақида ўйлаган. У ҳар қандай вазиятда Худога итоатли бўлган.
3. Аллоҳнинг хизматчилари учун умид қандай аҳамиятга эга?
3 Шоҳ Довуд умид ва жасоратнинг бир-бирига боғлиқлигини таъкидлаб, бундай деди: «Худовандга умид боғла! Бақувват бўл, дадил бўл, Худовандга умид боғла!» (Забур 26:14). Агар қалбимиз «дадил бўлишини» истасак, умидимиз сусайишга йўл қўймаслигимиз керак. Уни дилимизда сақлаб, доимо фикр-ҳаёлимиздан чиқармаслигимиз лозим. Бу эса, Исо Масиҳга тақлид қилиб, ўз шогирдларига ишониб берган ишни жасорат ва ғайрат ила бажаришимизга ёрдам беради (Матто 24:14; 28:19, 20). Худонинг Каломида умид сўзи имон ва севги билан бирга учратилган бўлиб, Аллоҳнинг хизматчилари учун муҳим фазилат ҳисобланади (1 Коринфликларга 13:13).
«Умидга бой»мисиз?
4. Мойланган масиҳчилар ва «бошқа қўйлар» нимани сабрсизлик ила кутишмоқда?
4 Худонинг хизматчиларининг келажаги порлоқ. Мойланган масиҳчилар сабрсизлик ила Масиҳ билан осмонда хизмат қилишни кутишмоқда, «бошқа қўйлар» эса «фано қуллигидан озод этилмоқ ва Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эришмоқ умидига эгадирлар» (Юҳанно 10:16; Римликларга 8:19–21; Филиппиликларга 3:20). Бу «улуғвор эркинлик» гуноҳдан ва унинг оқибатларидан қутулишни англатади. Дарҳақиқат, Худованд Яҳова «ҳар бир неъмат, ҳар бир мукаммал ҳадяни» тақдим этади (Ёқуб 1:17; Ишаё 25:8).
5. «Умидга бой» бўлиш учун нима қилишимиз керак?
5 Бизнинг ҳаётимизда умид қанчалик муҳим? Римликларга 15:13да шундай дейилган: «Умид манбаи бўлган Худо эса Муқаддас Руҳ кучи ила сизларни умидга бой қилсин, имонингизга яраша сизларни ҳар хил севинч ва тинчлик билан шод қилсин». Умид шамнинг хира ёриғига эмас, балки эрта тонгдаги қуёшнинг нурларига ўхшаш бўлиб, ҳаётимизни ёруғ, бахтли, мазмунли қилиб, жасорат бахш этади. «Умидга бой» бўлишимиз учун эса Худонинг Каломига ишониб, муқаддас руҳга эга бўлишимиз даркор. Ҳаворий Павлус: «Қадимги оятларда нимаики ёзилган бўлса, бизнинг таълим олишимиз учун ёзилган. Биз бу оятлардан сабр ва тасалли топиб, умидимизда маҳкам туришимиз лозим»,— деб айтган (Римликларга 15:4). Шунинг учун ўзингизга бундай саволлар беринг: умидимни мустаҳкам сақлашга ҳаракат қилиш учун Муқаддас Китобни мунтазам ўқиб, қунт билан тадқиқ қиляпманми? Худодан муқаддас руҳ сўраб, ибодат қилиб турибманми? (Луқо 11:13).
6. Умид сусаймаслиги учун нимадан эҳтиёт бўлиш даркор?
6 Исо Масиҳ Муқаддас Ёзувларни ўқиб, далда оларди. Унинг ўрнаги устидан чуқур мулоҳаза қилиш, ‘тинкамиз қуриб, руҳимиз тушиб кетмаслигига’ ёрдам беради (Ибронийларга 12:3). Агар умидимиз қалб ва онгимизда сусайиб, эътиборимизни бойлик ёки бошқа нарсалар эгаллаб олса, унда маънан чарчаб, куч ва жасоратимизни йўқотишимиз ҳеч гап эмас. Оқибатда ‘имон кемамиз ҳалокатга учрайди’ (1 Тимўтийга 1:19). Бироқ ҳақиқий умид эса, имонни мустаҳкамлайди.
Умид имоннинг аҳамиятли қисмидир
7. Нима учун умид имоннинг аҳамиятли қисми?
7 Муқаддас Китобда: «Имон — умидвор бўлган нарсаларнинг мужассамланишидир, имон билан биз кўринмайдиган мавжудотга амин бўламиз»,— деб айтилган (Ибронийларга 11:1). Шунинг учун умид фақатгина имонга қўшимча эмас, балки унинг аҳамиятли қисмидир. Келинг, Иброҳим Халилуллоҳнинг ўрнагини кўриб чиқамиз. Парвардигор Яҳова унинг меросхўри туғилишини ваъда қилганида, инсоний нуқтаи назаридан Иброҳим билан Соро фарзанд кўриш учун қариб қолишганди (Ибтидо 17:15–17). Иброҳим бундай ваъдага қандай муносабатда бўлган эди? «Иброҳим кўп халқларнинг отаси бўлишга ҳеч бир умиди қолмаганига қарамасдан, имони туфайли умидвор эди» (Римликларга 4:18). Дарҳақиқат, Худо Иброҳимга берган умид, унинг авлоди пайдо бўлишига нисбатан ишончини мустаҳкамлади. Унинг имони эса, ўз навбатида умидини мустаҳкам қилди. Иброҳим билан Соро ҳатто ўз уйларини, қариндошларини қолдириб, бегона юртда яшашга қарор қилишди!
8. Қандай қилиб сабр-қаноат умидни мустаҳкамлайди?
8 Иброҳим Халилуллоҳ Яҳовага бўйсуниб, ҳатто қийин пайтларда ҳам ўз умидини мустаҳкам сақлади (Ибтидо 22:2, 12). Шу каби, агар биз ҳам Яҳовага хизмат қилиб итоатли ва сабр-қаноатли бўлсак, мукофот олишимизга амин бўлишимиз мумкин. Ҳаворий Павлус: «Сабр-қаноат эса тажрибакорликни, тажрибакорлик эса умидни ҳосил қилади. Умидимиз бўлса, бизни уятга қолдирмайди»,— деб ёзган (Римликларга 5:4, 5). Шунингдек у бундай деган: «Орзу қиламизки, умидингиз тамоман рўёбга чиқсин, ҳар бирингиз охиригача айнимай ғайрат кўрсатинглар» (Ибронийларга 6:11). Яҳова Тангри билан бўлган яқин муносабатларга асосланган бундай ижобий нуқтаи назар, ҳар қандай қийинчиликларни жасорат ва севинч ила енгишга ёрдам беради.
«Умидворлик ила хурсанд бўлиб юринглар»
9. «Умидворлик ила хурсанд бўлиб юришга» нима ёрдам беради?
9 Аллоҳ ато этган умид бу дунё тақдим этаётган нарсалардан устундир. Забур 36:34да: «Худовандга кўз тутиб, У кўрсатган йўлда юр, ер юзига эга бўлишинг учун сени У юксалтирур. Фосиқлар нобуд бўлганда сен буни кўрурсан» — дейилган. Чиндан ҳам, «умидворлик ила хурсанд бўлиб юришга» барча асосларимиз бор (Римликларга 12:12). Бироқ бунинг учун умидимизни доимо ёдимизда тутишимиз керак. Худо ато этган умид ҳақида тез-тез ўйлаб турасизми? Ўзингизни Жаннатда, яъни соғлом, ташвишсиз, яқин одамларингиз орасида бўлиб, севимли ишингиз билан шуғулланишингизни тасаввур эта оласизми? Адабиётларимиздаги Жаннат тасвирланган расмлар устидан мулоҳаза юритасизми? Бундай мулоҳазани деразани ювиш билан таққослаш мумкин. Агар ойналар ювилмаса, кейинчалик кир бўлиб, ташқаридаги чиройли ва жозибали манзара кўринмай қолади. Шунда эътиборимиз бошқа нарсаларга қаратилган бўлади. Илойим биз билан ҳеч қачон бундай бўлмасин!
10. Нима учун мукофотга интилиш Яҳова билан бўлган муносабатларимизга яхши таъсир қилади?
10 Албатта, Эгамиз Яҳовага хизмат қилишга авваламбор севги ундайди (Марк 12:30). Шундай бўлсада, келажакда кутаётган мукофотга интилишимиз керак. Тангри Яҳова буни биздан ҳатто кутади! Ибронийларга 11:6да шундай дейилган: «Ишонмасдан эса Худонинг розилигини топмоқнинг имкони йўқ. Ким Худога яқинлашмоқчи бўлса, Унинг борлигига ишонмоғи лозим, Худо Уни изловчиларга мукофот беришига эътиқод қилмоғи шарт». Нимага Яҳова биз Ундан мукофот кутишимизни истайди? Чунки шу билан самовий Отамизни яхши билишимизни кўрсатамиз. У саховатли бўлиб, бизларни севади. Бир тасаввур қилиб кўринг, агар келажагимиз ва умидимиз бўлмаганида, унда тушкунликка тушиб, қанчалик бахтсиз бўлардик (Еремиё 29:11).
11. Қандай қилиб умид Мусога тўғри қарор чиқаришга ёрдам берган эди?
11 Мусо пайғамбар Худо ато этган умид ҳақида доим фикр қилиши билан бизга ўрнак кўрсатган. У «Фиръавн қизининг ўғли деб аталиб», Миср мамлакатида ҳукмронликка, машҳурликка ва бой бўлиш имкониятига эга эди. Хўш, Мусо бунга эришишга интилганмиди? Аксинча, у жасорат кўрсатиб, Яҳовага хизмат қилишни танлади. Нима учун? Чунки Мусо пайғамбар келажакдаги «оладиган мукофотни кўзлар эди» (Ибронийларга 11:24–26). Ҳа, Яҳова Таоло ато этган умидга нисбатан Мусо бефарқ бўлмаган.
12. Нимага умид дубулға билан солиштирилган?
12 Ҳаворий Павлус умидни дубулға билан солиштирганди. Бу рамзий дубулға онгни ҳимоя қилиб, оқилона қарор қабул қилишга, шунингдек Худога садоқатли бўлиб, муҳим нарсаларни ҳаётда биринчи ўринга қўйишга ёрдам беради (1 Салоникаликларга 5:8). Рамзий дубулғангизни доим кийиб юрасизми? Агар шундай бўлса, унда сиз Мусо ва Павлус каби ‘бевафо бойликка умид боғламай, завқ олиш учун ҳар нарсани мўл-кўл эҳсон этган барҳаёт Худога умид боғлаган бўласиз’. Кўпчиликнинг кетидан эргашмаслик ва тана нафсига қарши туриш учун, жасорат талаб этилади ва бу ҳаракат қилишимизга арзийди! Модомики, Яҳовани севганлар ва Унга умид боғлаганларнинг «ҳақиқий ҳаётга» эга бўлиш имконлари бор экан, унда ташвишли ишларга берилишнинг нима кераги бор?! (1 Тимўтийга 6:17, 19).
«Сени ҳеч ташлаб кетмайман»
13. Яҳова содиқ хизматчиларини нимада ишонтирмоқда?
13 Бу ўткинчи дунёга умид боғлайдиган инсонлар, эртанги кун ташвишларига кўмилиб кетишган. Чунки бу дунёдаги азоб-уқубатлар кундан кунга кучайиб бормоқда (Матто 24:8). Лекин Яҳовага умид боғлаганлар бундан асло қўрқишмайди. Чунки улар ‘осойишта ҳаёт кечириб, ёмонликнинг ваҳимасидан халос бўлишади’ (Ҳикматлар 1:33). Шунингдек улар бу ёлғон дунёга умид боғламай, ҳаворий Павлуснинг қуйидаги маслаҳатига риоя қилишади: «Пулпарастликдан холи кун кечиринглар. Қўлингизда бори билан қаноатланинглар. Чунки Худонинг Ўзи: “Сени ҳеч ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман”,— деган» (Ибронийларга 13:5).
14. Нима учун моддий нарсалар ҳақида ҳаддан ортиқ ташвишланмаслик керак?
14 Оятда келтирилган «ҳеч» ва «асло» деган сўзлар, Аллоҳ биз ҳақимизда ғамхўрлик қилишига ишонтиради. Исо алайҳиссалом ҳам шундай деган эди: «Сиз аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси [ҳаётдаги муҳим моддий нарсалар] сизга қўшимча қилиб берилади. Бинобарин, эртаги кун ҳақида ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир» (Матто 6:33, 34). Парвардигор Яҳова, Унга ғайрат ила хизмат қилиш ва шу билан биргаликда рўзғорни тебратиш осон эмаслигини билади. Шунинг учун келинг, У биз ҳақимизда ғамхўрлик қилишида ҳеч қачон шубҳаланмайлик! (Матто 6:25–32; 11:28–30).
15. Қандай қилиб «кўзимизни тиниқ» сақлашимиз мумкин?
15 Яҳовага умид боғлаётганимизни «кўзимизни тиниқ» сақлашимиз билан кўрсатамиз (Матто 6:22, 23). Агар шундай йўл тутсак, пок ниятли ва самимий бўламиз, шунингдек тамагирлик ҳамда худбинликдан йироқда юрамиз. Бироқ бу қашшоқликда яшашни ёки ўз вазифаларимизни бажармасликни англатмайди. Аксинча, бу оқилона йўл тутиб, Яҳовага бўлган хизматимизни ҳаётимизда биринчи ўринга қўйишни англатади (2 Тимўтийга 1:7).
16. Нима учун кўзимиз тиниқ бўлиши учун жасорат ва имон талаб этилади?
16 Кўзимизни тиниқ сақлашимиз учун имон ва жасорат талаб этилади. Масалан, раҳбар сиздан айнан йиғилиш ўтадиган пайтда ишлашингизни талаб қилса, жасоратли бўлиб маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйган бўлармидингиз? Агар кимдир Яҳова Тангри Ўз ваъдасини бажаришида шубҳаланса, унда Шайтон бу фурсатдан фойдаланиб, таъсирини кучайтиради ва бу киши эҳтимол умуман йиғилишларга келмай қўйиши мумкин. Агар имонимиз суст бўлса, унда ҳаётимизни Худованд Яҳова эмас, балки Шайтон бошқара бошлайди! Оқибати нақадар ачинарли бўлади! (2 Коринфликларга 13:5).
Худованд Яҳовага умид боғланг
17. Қандай қилиб Худовандга умид боғлаганлар ҳозирданоқ баракаларга эга бўлишмоқда?
17 Муқаддас Китобда, Яҳовага умид боғлаган инсонлар ҳеч қачон омадсизликка учрамайди, деб ёзилган (Ҳикматлар 3:5, 6; Еремиё 17:7). Улар баъзида моддий нарсаларга нисбатан борига кўникишларига тўғри келади, лекин келажакдаги баракаларга қараганда, улар буни арзимас деб биладилар. Шу билан улар, «Худовандга умид боғлашларини» ва охир оқибат У Ўз хизматчиларининг кўнгил истакларини бажо келтиришига амин эканликларини кўрсатишмоқда (Забур 36:4, 34). Шунинг учун улар нақадар бахтлидирлар! Зеро, Ҳикматлар 10:28да: «Солиҳнинг орзуси қувонч келтиради, фосиқнинг нияти эса пучга чиқади»,— деб ёзилган.
18, 19. а) Яҳова бизга қандай ваъдалар бермоқда? б) Яҳова «ўнг томонимизда» бўлиши учун нима қилишимиз керак?
18 Ёш бола отасининг қўлини ушлаб кетаётганда, ўзини бехатар ҳис қилади. Биз ҳам самовий Отамиз билан юрганимизда, ўзимизни худди шундай ҳис қиламиз. Ишаё пайғамбар айтганидек, биз ҳеч нарсадан қўрқмаслигимиз керак, чунки Яҳова биз билан бирга бўлиб, гўё ўнг қўлимиздан ушлаб юради (Ишаё 41:10, 13; Забур 45:2).
19 Тангри Яҳова қўлимиздан ушлаб юриши нақадар таъсирчан! Масалан, шоҳ Довуд: «Худовандни доим кўз олдимда кўраман, У ўнг томонимда бўлгунча тебранмасман»,— деб ёзган эди (Забур 15:8). Яҳова «ўнг томонимизда» бўлиши учун нима қилишимиз керак? Бунинг иккита усули бор. Авваламбор, Муқаддас Китобдаги қонун-қоидаларни ҳаётимизнинг ҳар соҳасида қўллашимиз лозим. Иккинчидан эса, Эгамиз Яҳова бизга ваъда қилган ажойиб мукофот ҳақида мулоҳаза юритишимиз керак. Сано бастакори Асаф: «Мен доим Сен биланман, Сен менинг ўнг қўлимдан тутиб турасан. Маслаҳатинг ила менга йўл кўрсатиб, охирида мени шараф ила қабул қиласан»,— деб куйлаган (Забур 72:23, 24). Бундай ваъдаларга эга эканмиз, келажакка аминлик билан қарашимиз мумкин.
«Халос бўлиш вақт-соатингиз яқинлашмоқда»
20, 21. Худога умид боғлаганларни қандай келажак кутмоқда?
20 Яҳова «ўнг томонимизда» бўлиши кундан кунга муҳимлашиб бормоқда. Яқинда, бу ёвуз дунё ҳозиргача содир бўлмаган буюк мусибатга дучор бўлиб, бу мусибат сохта диннинг йўқ қилиниши билан бошланади (Матто 24:21). Ўшанда имонсиз одамлар ваҳимага тушишади. Бироқ, ўша тартибсизлик вақтида, Худонинг жасоратли хизматчилари умидворлик ила хурсанд бўлишади! Исо Масиҳ бундай деган эди: «Бу воқеалар рўй бера бошлаганда, энди халос бўлиш вақт-соатингиз яқинлашганини билиб, қоматингизни ғоз тутиб бош кўтаринглар» (Луқо 21:28).
21 Келинг, Аллоҳ ато этган умиддан хурсанд бўлиб, Шайтоннинг ҳийла-найрангларига берилмайлик. Шу билан биргаликда имон, севги ва худотарсликни ривожлантириш учун, келинг, ғайрат ила хизмат қилайлик. Агар бундай йўл тутсак, унда Иблисга қарши туриб, ҳар вазиятда Яҳовага итоат қилишда жасоратли бўламиз (Ёқуб 4:7, 8). «Эй, барча Худовандга таваккал қилувчилар, бақувват ва дадил бўлингиз!» (Забур 30:25).
[Изоҳ]
a Гарчи Инжилда «умид» сўзи кўпинча мойланган масиҳчиларнинг самовий мукофотини назарда тутса-да, ушбу мақолада умуман умид ҳақида гап кетади.
Жавоб бера оласизми?
• Қандай қилиб умид Исога жасорат бахш этган?
• Қандай қилиб имон ва умид бир-бирига боғлиқ?
• Қандай қилиб умид ва ишонч Худонинг хизматчиларига жасорат бахш этиб, ҳаётда муҳим нарсаларни танлашда ёрдам беради?
• Нима учун «Худовандга умид боғлаганлар» келажакка аминлик билан қарашмоқда?
[30- саҳифадаги расм]
Неча ёшда бўлишингиздан қатъий назар, ўзингизни Жаннатда тасаввур қиляпсизми?