Яҳовани Эгамиз деб билган халқ
Бахтлидир Худони Эгамиз деб билган халқ! ЗАБ. 143:15
1. Худонинг топинувчилари ҳақида айримлар қандай фикрда?
КЎПЧИЛИК, дунёдаги кенг тарқалган динлар инсоният учун деярли фойда келтирмаяпти, деб ҳисоблайди. Баъзиларнинг фикрича, бундай динлар ўзининг таълимотлари ва юриш-туриши билан Худони шарманда қилишгани учун Унинг марҳаматига эга бўла олишмайди. Шундай бўлса-да, улар ҳар бир динда самимий кишилар борлигига ва Аллоҳ уларни кўриб, топинувчилари сифатида қабул қилишига ишонишади. Уларнинг назарида сохта диндан ажралиб, алоҳида халқ сифатида топинишга ҳожат йўқ. Қизиқ, Худо ҳам шундай фикрдами? Келинг, Яҳованинг ҳақ топинувчилари ҳақида Муқаддас Китобда баён этилган воқеаларни кўриб чиқиб, бу саволнинг жавобини топайлик.
ХУДОНИНГ ОДАМЛАР БИЛАН ТУЗГАН АҲДИ
2. Ким Яҳованинг танланган кишилари бўлган ва уларни бошқалардан нима ажратиб турган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)
2 Тахминан 4 000 йил аввал Яҳова айрим кишиларни Ўзининг танланган одамлари сифатида ажратиб олган. Мисол учун, Иброҳим «имони борларнинг отаси» деб аталган. У, юзлаб хизматкорлари бўлган катта оиланинг боши эди (Рим. 4:11; Ибт. 14:14). Канъон юртининг бошлиқлари Иброҳимни «улуғ бек» деб ҳисоблашган ва ҳурмат ила муносабатда бўлишган (Ибт. 21:22; 23:6). Яҳова, Иброҳим ва унинг авлодлари билан аҳд тузган (Ибт. 17:1, 2, 19). Худо Иброҳимга шундай деган: «Сен ва сенинг наслларинг риоя қилишларингиз керак бўлган аҳдим қуйидагичадир: орангиздаги ҳар бир эркак суннат қилинсин. Суннат — сен билан Менинг ўртамиздаги аҳднинг белгиси бўлади» (Ибт. 17:10, 11). Шунга кўра, Иброҳим ва оиласидаги барча эркаклар суннат қилинган (Ибт. 17:24–27). Суннат, Иброҳимнинг авлодлари Яҳова билан ўзгача муносабатларга эга эканларини тасдиқловчи белги бўлган.
3. Иброҳимнинг авлоди қай йўсин халққа айланган?
3 Иброҳимнинг набираси Ёқуб, яъни Исроилнинг 12 та ўғли бўлган (Ибт. 35:10, 22б–26). Вақт ўтиб, улардан Исроил халқининг 12 та қабиласи келиб чиққан (Ҳавор. 7:8). Очарчилик туфайли Ёқуб ва оиласи Мисрга кўчишган. У ерда Ёқубнинг ўғли Юсуф фиръавннинг ўнг қўли бўлиб, озиқ-овқат тарқатилишини назорат қилган (Ибт. 41:39–41; 42:6). Ёқубнинг авлодлари сон-саноқсиз бўлиб, ундан «кўп халқлар» келиб чиққан (Ибт. 48:4; Ҳаворийлар 7:17 ни ўқинг).
ОЗОД ЭТИЛГАН КИШИЛАР
4. Бошида мисрликлар билан Ёқубнинг авлодлари орасида муносабатлар қандай бўлган?
4 Ёқубнинг авлодлари 200 йилдан ортиқ вақт мобайнида Мисрнинг Гўшен деб номланган ерида яшашган (Ибт. 45:9, 10). Бу даврнинг деярли ярми давомида улар кичик шаҳарда истиқомат қилиб, сурувларини боқишган ва мисрликлар билан тинчликда яшашганга ўхшайди. Юсуфни билган ва ҳурмат қилган фиръавн уларни илиқ кутиб олган (Ибт. 47:1–6). Мирсликлар қўй боқувчи кишилардан нафратланишган (Ибт. 46:31–34). Шундай бўлса-да, мирсликлар фиръавнга бўйсуниб исроилликлар ораларида яшашларига йўл қўйишган.
5, 6. а) Худо хизматчиларининг вазияти Мисрда қай йўсин ўзгарди? б) Мусонинг ҳаёти қандай сақлаб қолинди ва Яҳова хизматчилари учун нима қилди?
5 Бироқ исроилликларнинг вазияти кескин тарзда ўзгарди. «Ўша пайтда Миср тахтига янги фиръавн ўтирди. У Юсуф тўғрисида ҳеч нарса билмасди. У ўз халқига шундай деди: “Қаранглар, Исроил халқи бизга қараганда кўпайиб, кучайиб кетди”. Улар Исроил халқини зўрлик билан аёвсиз қул қилиб, ҳар турли дала ишларига, лойдан ғишт қуйишга мажбурладилар. Мисрликлар уларга шафқат қилмадилар» (Чиқ. 1:8, 9, 13, 14).
6 Бундан ташқари, фиръавн иброний ўғил болалар туғилиши биланоқ ўлдирилишини буюрди (Чиқ. 1:15, 16). Айнан ўша вақтда Мусо дунёга келди. У уч ойлик бўлганда, онаси уни Нил дарёсидаги қамишзор орасига яширди ва фиръавннинг қизи уни топиб олди. Кейинчалик у Мусони ўғил қилиб олди. Ҳаётининг илк йилларида Мусо садоқатли онаси Йўхаваднинг қўлида катта бўлди ва Яҳованинг содиқ хизматчисига айланди (Чиқ. 2:1–10; Иброн. 11:23–25). Яҳова хизматчиларининг аҳволини кўриб, Мусо бошчилигида уларни золимлардан халос этишга қарор қилди (Чиқ. 2:24, 25; 3:9, 10). Шундай қилиб улар, Яҳова «озод қилган» инсонларга айланишди (Чиқ. 15:13; Қонунлар 15:15 ни ўқинг).
ХУДО ХИЗМАТЧИЛАРИНИНГ ХАЛҚҚА АЙЛАНИШИ
7, 8. Қандай қилиб Яҳованинг хизматчилари муқаддас халққа айланди?
7 Яҳова исроилликларни қонунлар ва руҳонийларга эга халқ сифатида ташкиллаштирмаган бўлса-да, уларни хизматчилари сифатида танлаган эди. Мусо билан Ҳорун фиръавнга шундай дейишлари лозим эди: «Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Халқимга ижозат бер, улар саҳро ичкарисига бориб, Менга атаб руҳий байрам нишонлашсин”» (Чиқ. 5:1).
8 Бироқ фиръавн исроилликларни қўйиб юборишни истамади. Хизматчиларини озод этиш ниятида Яҳова Мисрга ўнта жазо юборди. Кейинроқ эса фиръавннинг лашкарини Қизил денгиз сувларига ғарқ қилди (Чиқ. 15:1–4). Уч ой ўтар-ўтмас, Яҳова исроилликлар билан Синай тоғида аҳд тузди ва қуйидаги ваъдани берди: «Энди Менинг амрларимга чин дилдан итоат этсангиз, аҳдимга риоя қилсангиз, сизлар Менинг халқим, бошқа халқлар орасида хазинам,.. муқаддас бир халқ бўласизлар» (Чиқ. 19:5, 6).
9, 10. а) Қонунлар 4:5–8 га биноан, Таврот қонуни қай йўсин исроилликларни бошқа халқлардан ажратиб турган? б) Исроилликлар «Худонинг муқаддас халқи» эканини қандай кўрсата олишарди?
9 Ҳоким, ҳакам ва руҳонийлар бўлиб хизмат қилган оила бошлари асрлар мобайнида Яҳованинг хизматчиларини бошқаришган. Мисрда ҳали қул бўлишларидан олдин исроилликлар ушбу бошқарувга амал қилиб келишган (Ибт. 8:20; 18:19; Аюб 1:4, 5). Лекин Мусо орқали Яҳова исроилликларга уларни бошқа барча халқлардан ажратиб турадиган қонунларни берган (Қонунлар 4:5–8 ни ўқинг; Заб. 147:8, 9). Таврот қонунига биноан руҳонийлар алоҳида бўлиб, билими ва донолиги туфайли ҳурмат қозонган «оқсоқоллар» халққа ҳакамлик қилишган (Қонун. 25:7, 8). Қонунда топиниш ва кундалик ҳаётга тааллуқли йўл-йўриқлар берилган эди.
10 Ваъда қилинган юртга киришларидан аввал Яҳова исроилликларга қонунларини такрорлаган. Мусо уларга қуйидагиларни айтган: «Эгамиз сизларга берган ваъдасига кўра, бугун сизларни Ўз халқи, Ўз хазинаси, деб атади. Унинг барча амрларига риоя қилсангиз, У сизларни Ўзи яратган барча халқлардан устун қилади. Сизлар мақтовларга, шуҳрату ҳурматга эришасиз. Унинг ваъдасига кўра, Эгангиз Худонинг муқаддас халқи бўласиз» (Қонун. 26:18, 19).
ЯҲОВА ЎЗГА ХАЛҚ ВАКИЛЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШИ
11–13. а) Худонинг халқи билан яна ким топина бошлаган? б) Яҳовага топинишни истаган ўзга халқ вакиллари нима қилишлари керак эди?
11 Яҳова исроилликларни Ўзининг ер юзидаги халқи сифатида танлаган бўлса-да, уларнинг орасида ўзга халқ вакиллари яшашларини ҳам тақиқламаган. Исроилликлар Мисрдан халос бўлганда, Яҳова «сон-саноқсиз бегона халқлар», шу жумладан мисрликлар ҳам улар билан чиқишларига изн берган (Чиқ. 12:38). Еттинчи жазо пайтида «фиръавннинг аъёнларидан баъзилари» Яҳованинг сўзидан қўрқиб, исроилликлар билан Мисрни тарк этган сон-саноқсиз халқлар орасида бўлганлари шубҳасиз (Чиқ. 9:20).
12 Исроилликлар Иордан дарёсидан ўтиб Канъон юртига эга бўлишларидан олдин, Мусо ораларидаги «мусофирларга меҳрибон» бўлишлари кераклигини айтган (Қонун. 10:17–19). Агар ўзга халқ вакили Мусо орқали берилган Ўнта амр каби асосий қонунларга амал қилишга тайёр бўлса, Аллоҳнинг халқи уни ораларига қабул қилишлари керак эди (Лев. 24:22). Исроиллик бўлмаган айрим кишилар Яҳованинг топинувчиларига айланишган. Масалан, мўаблик Рут Яҳовага хизмат қилишни истаган ва исроиллик Наимага шуларни айтган: «Сизнинг халқингизни ўзимнинг халқим, сизнинг Худойингизни ўзимнинг Худойим дейман» (Рут 1:16). Ўша ўзга халқ вакиллари яҳудий динига киришган ва эркак кишилар суннат қилинган (Чиқ. 12:48, 49). Яҳова уларни мамнуният ила Ўзи танлаган халқ аъзолари сифатида тан олган (Саҳ. 15:14, 15).
13 Сулаймоннинг ибодатларидан бирида Яҳова ўзга халқдан бўлган топинувчиларни ҳам қабул қилиши акс этган. Маъбад бағишланаётганда, у шундай ибодат қилган: «Халқинг Исроилдан бўлмаган бегона одам Сени деб узоқ юртдан келса, Сенинг шуҳратинг, қудратинг ва ажойиботларинг ҳақида эшитиб, ўша уйга қараб ибодат қилса, Сен маконингдан туриб қулоқ сол. Ўша одамнинг сўраганини бажо айла, токи ер юзидаги ҳамма халқлар Сени билишсин, халқинг Исроил каби Сендан ҳайиқадиган бўлсин. Мен барпо қилган шу уй Сенга атаб қилинганини билсин» (2 Сол. 6:32, 33). Исонинг даврида ҳам Яҳовага топинишни истаган ўзга халқ вакиллари У аҳд тузган халққа қўшилиши мумкин эди (Юҳан. 12:20; Ҳавор. 8:27).
ШОҲИДЛИК БЕРГАН ХАЛҚ
14–16. а) Қандай қилиб исроилликлар Яҳова ҳақида шоҳидлик берадиган халққа айланди? б) Худонинг халқидан нима қилиш кутилади?
14 Бошқа халқлар ўз худоларига топинган бир пайтда, исроилликлар ўз Худоси Яҳовага топинишган. Ишаё пайғамбарнинг даврида, Яҳова дунёдаги вазиятни суд жараёнига ўхшатган. Яҳова ўша худолардан ўзларининг қудратини тасдиқлайдиган гувоҳларни тақдим этишини талаб қилиб, шундай деган: «Жамики элатлар бирга йиғилди. Қани, халқлар келиб қўшилсин. Уларнинг [худоларнинг] орасидан ким буни айтиб беради?! Ўтиб кетган нарсаларни ким бизга билдиради?! Гувоҳларини чақириб, солиҳлигини исботласин, бошқалар эшитиб: “Бу тўғри”, деб айтсин» (Ишаё 43:9).
15 Халқларнинг худолари ўзининг мавжудлиги борасида бирон-бир далил келтиришга ожиз эди. Улар бор-йўғи оддий бутлар бўлиб, гапириш у ёқда турсин, бошқаларнинг ғамхўрлигига муҳтож бўлишган (Ишаё 46:5–7). Яҳова эса Ўз халқи Исроилга шундай деган: «Сизлар менинг шоҳидимсизлар, сизлар менинг қулимсизлар. Мени билсин, Менга ишонсин, деб Танҳо Худо Мен эканлигимни билсин, деб сизларни танладим. Мендан олдин бирон худо бўлмаган, Мендан кейин ҳам бўлмайди. Мен Эгангизман! Ёлғиз Мен Эгангизман, Мендан бошқа қутқарувчи йўқ... Мен Худоман, сизлар Менинг шоҳидимсиз» (Ишаё 43:10–12).
16 Суд жараёнида иштирок этадиган гувоҳлар каби, Яҳованинг халқи ҳам У Танҳо Ҳақ Худо экани ҳақида шоҳидлик бериш шарафига эга эди. Яҳова халқи борасида қуйидагиларни айтган: «Бу халқни Ўзим учун яратганман. Улар Менга ҳамду сано айтсинлар» (Ишаё 43:21). Улар Яҳованинг халқи сифатида танилган. Яҳова уларни Мисрдан озод этгач, исроилликлар ахлоқий меъёрларга амал қилиб, бошқа одамлар олдида Унинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлашган. Худонинг бугунги кундаги халқи қандай муносабатда бўлиши кераклиги ҳақида Михо пайғамбар шундай деган: «Ҳамма халқлар ўз худоларига эргашаверсин, биз эса абадулабад Эгамиз Худонинг йўлидан юрамиз» (Михо 4:5).
БЕВАФО ХАЛҚ
17. Нега Яҳова Исроил халқини бефойда токка ўхшатган?
17 Афсуски, Исроил халқи Ўз Тангриси Яҳовага садоқатини исботлай олмади. Улар ёғоч ва тошдан ясалган бутларга сиғинадиганларнинг таъсирига берилишди. Мил. авв. саккизинчи асрда, Ҳўшея исроилликларни яхши ҳосил бермай қўйган ток билан солиштирган. Улар ҳақида у шундай деган: «Ичи қора бу халқ энди таъзирини ейди» (Ҳўш. 10:1, 2). Тахминан бир ярим аср ўтгач, Яҳова Еремиё орқали бевафо халқига нисбатан қуйидаги сўзларни айтган: «Мен сени аъло токдай эккан эдим, сен энг сара уруғдан пайдо бўлган эдинг. Нечун энди айниб қолдинг? Нега ёввойи токка айланиб қолдинг? Хўш, ўзларингиз учун ясаган худоларингиз қани? Кулфат чоғида сизларни қутқара олса, келсин. [...] Аммо халқим Мени унутди» (Ерм. 2:21, 28, 32).
18, 19. а) Яҳова янги халқ танлашини қандай башорат қилган? б) Кейинги мақолада нима муҳокама қилинади?
18 Пок топинишда иштирок этиб, Яҳованинг садоқатли шоҳидлари сифатида яхши ҳосил беришнинг ўрнига, исроилликлар бутпарастлик қилиб чириган ҳосил келтиришди. Шу боис, Исо замонасидаги иккиюзламачи яҳудий дин раҳбарларига: «Худонинг Шоҳлиги сизлардан тортиб олиниб, самара келтирадиган бошқа халққа берилади»,— деб айтган (Мат. 21:43). Яҳова Еремиё пайғамбар орқали башорат қилганидек, «янги аҳд» аъзоларигина янги халқ, яъни рамзий Исроил таркибига киришади. Яҳова улар ҳақида шундай каромат қилган: «Мен уларнинг Худоси, улар эса Менинг халқим бўладилар» (Ерм. 31:31–33).
19 Исроилликлар бевафо бўлиб қолганларидан кейин, Яҳова биринчи асрда рамзий Исроилни Ўзининг халқи сифатида танлаган. Аммо бугунги кунда Яҳованинг халқи кимлардан иборат? Самимий кишилар Худонинг ҳақ топинувчиларини қандай аниқлашлари мумкин? Бу саволлар кейинги мақолада муҳокама қилинади.