Яҳованинг Каломи жонли
Еремиёнинг марсияси китобининг диққатга сазовор оятлари
ЕРЕМИЁ пайғамбар, ўзи 40 йил давомида эълон қилган ҳукмлар бажо этилишининг гувоҳи бўлди. Севимли шаҳрининг вайрон бўлаётганини кўргани унга қандай таъсир қилди? Тавротнинг Септуагинта номли юнонча таржимасидаги Еремиёнинг марсияси китобининг сўз бошида, Еремиё Қуддус учун кўз ёш тўкиб, йиғлагани ҳақида айтилган. Бу китоб мил. авв. 607- йилда ёзилган бўлиб, Қуддус шаҳрининг 18 ой қамал қилингани, сўнг эса ёқиб юборилганидан ҳали кўп вақт ўтмаган эди. Еремиёнинг марсияси китобида пайғамбарнинг дарду алами яққол ифодаланган (Еремиё 52:3–5, 12–14). Ҳеч бир шаҳар учун шу қадар таъсирчан ва аламли кўз ёшлар тўкилмаган.
Еремиёнинг марсияси китоби бешта лирик поэмадан иборат. Улардан тўрттаси ҳасратли қўшиқ бўлиб, бешинчиси эса ибодатдир. Биринчи тўрт қисми мувашшаҳ (акростих) шаклида ташкил этилган бўлиб, ҳар бир сатр иброний алифбосидаги 22 та ҳарфнинг тартиби бўйича бошланади (Еремиёнинг марсияси 5:1).
ЙИҒИДАН КЎЗЛАРИ АДО БЎЛДИ
(Еремиёнинг марсияси 1:1–2:22)
Аввал аҳолиси кўп ва бошқа халқлар ичра буюк бўлган шаҳар, энди эса кимсасиз, бева аёлдай бўлиб қолди. Еремиёнинг Қуддус учун марсияси шу каби сўзлар билан бошланади. Еремиёнинг сўзларига кўра, гуноҳларининг кўплиги учун Тангри Яҳова бу шаҳарга кулфат ёғдирди (Еремиёнинг марсияси 1:1, 5).
Қуддус рамзий маънода, эри ва болаларидан айрилиб, фарёд қилаётган бева аёл қиёфасида акс эттирилган. У Худога илтижо қилиб, душманларининг барча ёвузликлари Ҳаққа аён бўлишини, бутун гуноҳлари учун Худо уни қандай қийнаган бўлса, уларни ҳам шундай қийнашини сўрамоқда (Еремиёнинг марсияси 1:12, 22).
Еремиё пайғамбар, Яҳованинг ғазаби оташ каби ёниб, Исроил халқини жазолаганини алам билан айтиб бермоқда. Пайғамбар ҳасратини, йиғидан кўзлари гўё адо бўлаётгандек, жигари эзилиб кетаётгандек ифодалаган. Ҳатто шаҳар ёнидан ўтиб кетаётганлар киноя ила, гўзаллик чўққиси, ер юзининг севинчи бўлмиш шаҳар шумиди, деган сўзларни айтишган (Еремиёнинг марсияси 2:3, 11, 15).
Саволларга жавоблар:
1:15 — Яҳова Таоло Яҳудонинг бокира қизининг исканжасида узум эзаётганини қандай тушунса бўлади? Рамзий маънода бокира сифатида тасвирланган шаҳарни вайрон қилиб, Бобилликлар шу қадар кўп қон тўкишдики, буни худди исканжада узум эзиш билан таққослаш мумкин. Яҳованинг Ўзи бунга йўл қўйди. Шу сабабли У Яҳудонинг бокира қизининг исканжасида узум эзди, деб айтса бўлади.
2:1 — Қандай қилиб Исроилнинг гўзаллиги осмондан ерга улоқтирилди? Модомики осмон ердан юқорида экан, юксалтирилган нарсанинг камситилиши, баъзида осмондан ерга улоқтириш билан таққосланади. Исроилнинг гўзаллиги, Яҳова қўллаб-қувватлаган пайтда бу шаҳар эга бўлган шон-шуҳратини англатади. Қуддус йўқ қилиниб, Яҳудо вайрон этилганида, ушбу гўзаллик ерга улоқтирилди (Ишаё 55:9).
2:1, 6 — Яҳованинг оёғи ости ва девори (бошқа таржималарда «чайласи» деб айтилади) нимани англатади? Забур 131:7- оятида: «Келинг, Худонинг масканига кирайлик, оёқлари остига йиқилиб сажда қилайлик!» — дейилган. Бинобарин, оёқ ости деган ибора, Яҳованинг топиниш уйига ёки маъбадига тегишлидир. Бобилликлар Яҳованинг уйини, худди даладаги чайла сингари ёқиб юборишди (Еремиё 52:12, 13).
2:16, 17 — Ахир 16- оят иброний алифбоси тартиби бўйича айн ҳарфи билан, 17- оят эса пе ҳарфи билан бошланмайдими? Худо томонидан илҳомлантирилган ёзувчилар мувашшаҳ басталаётиб, алифбо тартибига риоя қилишган. Аммо шу билан биргаликда ғайритабиийликдан четланишган. Матн мазмуни, эслаб қолиш осон бўлиши учун қўлланилган адабий услубдан кўра муҳимроқ ҳисобланган. Ушбу ҳарфларнинг алмашиши, бу китобнинг 3 ва 4- бобларида ҳам учрайди (Еремиёнинг марсияси 3:46, 49; 4:16, 17).
2:17 — Яҳова Қуддусга нисбатан айнан қайси каломни амалга оширди? Бу ерда Левилар 26:17- оятида ёзилган сўзлар ҳақида гап кетаётган бўлиши мумкин. Ушбу оятда, ғанимлари исроилликларни тиз чўктириб, устиларидан ҳукмронлик қилишлари, орқаларидан ҳеч ким қувламаса ҳам қочаверишлари ҳақида айтилган.
Хулосалар:
1:1–9. Қуддус кечаси билан аламли йиғлаётир ва кўз ёшлари унинг яноқларидан оқиб тушаётир. Унинг дарвозалари ҳувиллаб қолган, руҳонийлари эса оҳу-нола қилишмоқда. Қизлари ғамгин, ўзи ҳам дард чекаётир. Нега? Чунки Қуддус оғир гуноҳ қилди. Унинг этаклари нопоклик ила булғанган. Гуноҳ қувонч эмас, аксинча кўз ёш, оҳу-нола, ғам ва алам келтирди.
1:18. Гуноҳкорларни жазолаганда, Яҳова доим адолатли йўл тутади.
2:20. Исроилликлар бордию Яҳованинг сўзларига қулоқ солишмаса, бошларига лаънатлар ёғилиши, масалан, ўз ўғил-қизларининг этларини ейишлари ҳақида огоҳлантирилган эдилар (Амрлар 28:15, 45, 53). Худога итоатсизлик қилиш нақадар аҳмоқлик!
ИЛТИЖОЛАРИМДАН ҚУЛОҒИНГНИ БЕРКИТМА
(Еремиёнинг марсияси 3:1–5:22)
Еремиёнинг марсияси китобининг 3- бобида Исроил халқи, худди бир инсон мисолида тасвирланган. Ушбу инсон кулфатларга қарамай, Яҳовани шарафламоқда. Зеро Худованд Унга умид боғлаб, Уни қидирганларга иноятлидир. У ҳақ Худога ибодат қилиб, илтижоларидан қулоғини беркитмаслигини сўраяпти. У Яҳовадан ўтиниб, душманларининг кирдикорларига эътибор қаратишини, уларнинг қилмишига яраша жазо беришини илтимос қиляпти (Еремиёнинг марсияси 3:1, 25, 56, 64).
Еремиё дардини тўкиб, Қуддуснинг 18 ойлик қамалининг даҳшатли оқибатларини айтиб йиғламоқда. Зеро халқининг тортаётган жазоси, Садўм шаҳрига гуноҳлари учун юборилган жазодан ҳам ортиқроқ эди. Шунингдек у, қилич билан ҳалок қилинганлар, очликдан ўлганларга қараганда бахтлироқ эканини айтмоқда (Еремиёнинг марсияси 4:6, 9).
Баёнотнинг бешинчи поэмаси Қуддус аҳолиси номидан ёзилган. Улар Яҳовадан, бошларига тушган кулфату шармандаликка эътиборини қаратишини сўрашмоқда. Сўнг, улар абадий ҳукмрон бўлмиш Яҳовага илтижо қилиб, аввалги пайтлардагидек, уларни яна Ўзига қайтаришини ўтинишяпти (Еремиёнинг марсияси 5:1, 19, 21).
Саволларга жавоблар:
3:16 — Тишларимни тошлар билан синдирди, деган ибора нимани англатади? Бир китобда тушунтирилишича: «Асирликка кетаётиб, яҳудийлар йўл-йўлакай ерда апил-тапил ўйилган тандирчаларда нон ёпишга мажбур бўлишган, шу сабабли нонга майда тошчалар аралашиб қолган». Улар бундай нонни ейишганда, тишлари шикастланган бўлиши мумкин.
4:3, 10 — Нега Яҳова Ўз халқининг аёлларини саҳродаги туяқушларга ўхшатяпти? Аюб 39:16- оятига кўра, туяқуш палапомларига худди бегонадек шафқатсиз муносабатда бўлади. Палапомлари тухумдан чиққандан сўнг урғочи туяқуш, уларни эркак туяқушга ташлаб кетади. Хавф туғилганда туяқушлар нима қилишади? Эркаги ҳам, урғочиси ҳам палапомларини ташлаб тумтарақай қочиб қолишади. Қуддус шаҳри Бобил томонидан қамал қилинганида, очлик шу қадар авжга чиққан эдики, табиатан меҳрибон бўлган оналар, саҳродаги туяқушлар сингари болаларига шафқатсиз муносабатда бўлишган. Улар ҳатто болаларига оналик меҳрини кўрсатадиган аждар, бошқа таржималарда чиябўрилар деб айтилганлардан ҳам баттар эдилар.
5:7 — Яҳова одамларни оталарининг гуноҳлари учун жавобгарликка тортадими? йўқ. Яҳова одамларни оталарининг қилган гуноҳи учун жазоламайди. Инжилда: «Ҳар биримиз ўзимиз ҳақимизда Худога ҳисобот берамиз», дейилган (Римликларга 14:12). Бироқ гуноҳларнинг оқибатлари кейинги авлодларга ҳам таъсир қилиши мумкин. Масалан, қадимги Исроил бутпарастликка берилганлиги оқибатида, кейинроқ яшаган садоқатли исроилликлар учун ҳам тўғри йўлдан юриш осон бўлмаган (Чиқиш 20:5).
Хулосалар:
3:8, 43, 44. Қуддуснинг бошига тушган кулфат даврида, Яҳова шаҳар аҳолисининг нолаларини эшитишни хоҳламади. Нима учун? Чунки одамлар Унга қулоқ солишмади ва тавба қилишмади. Яҳова ибодатларимизни тинглашини истасак, Унга итоат қилишимиз даркор (Ҳикматлар 28:9).
3:20. Баъзи таржималарда, бу оятда одам ўзи ҳақда гапиряпти деган фикр берилса, бошқа таржималарда эса Аллоҳ ҳақида айтилгани аён бўляпти. Дарҳақиқат «бутун дунёда энг олий ёлғиз» Яҳованинг мартабаси шу қадар буюкки, «У ҳам ер, ҳам кўкдагиларни кўрай дея, тубанликка энгашиб нигоҳ ташлар» (Забур 82:19; 112:6). Еремиё пайғамбар, Қодир Тангри одамларни қўллаб-қувватлаш учун энгашишга тайёр эканини яхши билган. Ҳақ Таоло нафақат ҳар нарсага қодир ва доно, балки камтарин эканидан нақадар бахтиёрмиз!
3:21–26, 28–33. Қандай қилиб биз бу каби азоб-уқубатларга дош беришимиз мумкин? Еремиё бизга яхши ўрнак қолдирган. Яҳова меҳр-иноят намоён этишда ҳимматли ва Унинг марҳамати чексиз эканини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. Шунингдек, тирик эканмиз, шикоят қилмасдан, сабр-тоқат ва умид ила Яҳовадан нажот кутишимизга барча асосларимиз борлигини эсимизда тутишимиз лозим. Боз устига, оғзимизни тупроққа қўйишимиз, яъни агар Худо бирор нарсага йўл қўяётган бўлса, бундай қилишига муҳим сабаблари борлигини англашимиз ва камтарлик ила синовларга дош беришимиз даркор.
3:27. Ёшликда имоннинг синалиши, қийинчиликлар ва масхараларни бошдан кечириш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Лекин, ёшлигида жафо чеккан киши бахтлидир. Нега? Чунки ёшликдан муаммоларни ечишга ўрганган кишига, улғайганда қийинчиликларни енгиши осонроқ бўлади.
3:39–42. Гуноҳларимиз учун азоб чекканимизда, арз қилишимиз оқилона бўлмайди. Қилмишимизнинг оқибатларидан шикоят қилишнинг ўрнига, келинг, ўз йўлларимизни текшириб, Худованд Яҳовага қайтайлик. Тавба қилиб, йўлларимизни тўғриласак, оқилона бўлади.
Яҳова таянчингиз бўлсин
Бобилликлар тарафидан Қуддус ёндирилиб, Яҳудо хароб қилинганидан сўнг, Яҳова ушбу шаҳар ва мамлакатга нисбатан қандай муносабатда бўлганлиги Еремиёнинг марсияси китобида кўрсатилган. Бу китобда гуноҳларни тан олиш ҳам акс эттирилган бўлиб, Яҳованинг нуқтаи назари бўйича бу мусибатлар инсонлар айби билан содир бўлганини кўрсатмоқда. Ушбу китобдаги илоҳий илҳом билан ёзилган қўшиқлар, Яҳовага бўлган таянчни ва тўғри йўлга қайтиш истагини ифодаловчи шеърий сўзлардан иборат. Гарчи бу сўзлар Еремиё давридаги аксарият инсонларнинг муносабатини акс эттирган деб бўлмаса-да, улар Еремиёнинг ҳамда тавба қилган инсонларнинг фикрлаш тарзини ифодалаган.
Еремиёнинг марсияси китобига кўра, Яҳова Қуддусдаги вазиятга қандай баҳо берганидан, биз иккита муҳим сабоқ олишимиз мумкин. Биринчидан, Қуддуснинг вайрон қилишини ва Яҳудиянинг кимсасиз қолдирилиши, бизни Яҳовага итоатли бўлишга ундаб, Унинг иродасини назар-писанд қилмасликдан огоҳлантирмоқда (1 Коринфликларга 10:11). Иккинчидан, Еремиёнинг ўзидан ўрнак оламиз (Римликларга 15:4). Ҳатто умидсиз бўлган вазиятда ҳам, ғам чекаётган пайғамбар Яҳовадан нажот излаган. Яҳовага ва Унинг Каломига тўлиқ умид боғлаб, Худога доимо таянишимиз нақадар муҳим! (Ибронийларга 4:12).
[9- саҳифадаги расм]
Еремиё пайғамбар ўзи эълон қилган ҳукмлар бажо этилишининг гувоҳи бўлди
[10- саҳифадаги расм]
Кореялик ушбу биродарларимизнинг имони бетарафлик масаласида синалган