Исо Масиҳ ва унинг ишончли хизматкорига бўлган садоқат
Хўжайин... ўзининг бутун мол-мулки устидан уни назоратчи қилиб қўяди. МАТТО 24:45–47
1, 2. а) Муқаддас Китобга биноан бизнинг раҳбаримиз ким? б) Исо имонлилар жамоати устидан назорат қилаётгани нимадан кўринади?
«РАҲБАР деб ҳам ном олманглар. Чунки сизларнинг биргина Раҳбарингиз бор — У Масиҳдир» (Матто 23:10). Бу сўзлар билан Исо Масиҳ издошларига ер юзидаги бирон бир инсон уларнинг раҳбари бўла олмаслигини аниқ кўрсатди. Уларнинг ягона раҳбари — Исо Масиҳдир. Бу мавқе Исога Худо томонидан берилган. Яҳова Таоло «Масиҳни тирилтириб [...] Уни бутун борлиқдан юқори қўйиб, имонлилар жамоатига бош қилиб қўйди. Имонлилар жамоати эса Масиҳнинг бадани» (Эфесликларга 1:20–23).
2 Модомики Масиҳ «бутун борлиқдан юқори қўйилган» экан, у имонлилар жамоати ва унда юритилаётган ишлар устидан раҳбарлик қилади. Жамоатда содир бўлаётган воқеалардан ҳеч бири унинг назаридан четда қолмайди. У ҳар бир гуруҳ ёки жамоатнинг маънавий аҳволини диққат билан кузатади. Бу, милодий І асрнинг охирида ҳаворий Юҳаннога берилган ваҳийда яққол кўринган эди. Исо еттита жамоатга мурожаат қилиб, беш маротаба уларнинг ишлари, муваффақиятларию камчиликлари тўғрисида билишини айтган. Шунингдек, уларга маслаҳат ва далда берган (Ваҳий 2:2, 9, 13, 19; 3:1, 8, 15). Ҳамда Исо Кичик Осиё, Фаластин, Сурия, Бобил, Греция Италия ва бошқа жойдаги жамоатларнинг маънавий ҳолатидан хабардор бўлганига ишонишимизга барча асослар бор (Ҳаворийлар 1:8). Бугунги кун ҳақида эса нима дейиш мумкин?
Ишончли хизматкор
3. Нима учун жамоатни бадан билан таққослаш мумкин?
3 Исо тирилганидан сўнг, самога кўтарилишидан олдин шогирдларига шундай деб айтган эди: «Менга осмонда ҳам, ерда ҳам бутун ҳокимият берилгандир». У давом этиб: «Мана, Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан»,— деган эди (Матто 28:18–20). Бу билан Исо уларнинг раҳбари бўлиб қолишига ваъда берди. Ҳаворий Павлус Эфес ва Колосадаги имондошларига ёзган мактубида жамоатни «бадан» билан таққослади. Бу баданнинг Боши Исо Масиҳдир (Эфесликларга 1:22, 23; Колосаликларга 1:18). Бир китобда айтилишича, бу мажозий ибора «нафақат Бошнинг бадан билан боғлиқлигини, балки Бош бадан аъзолари ёрдамида ўз иродасини амалга оширишини назарда тутади. Бу аъзолар Бошга хизмат қилади» (The Cambridge Bible for Schools and Colleges). Масиҳ 1914- йилда тахтга ўтиргандан буён, кимнинг хизматидан фойдаланиб келмоқда? (Дониёр 7:13, 14).
4. Яҳова ҳамда Исо Масиҳ рамзий маъбадга текшириш учун келишганида нима юз берди?
4 Малахи пайғамбар башорат қилганидай, «Ҳақ Худо» Яҳова «аҳд хабарчиси» бўлмиш шоҳ Исо Масиҳ билан биргаликда «Ўз маъбадига», яъни рамзий топиниш уйига текшириш учун келади. «Худонинг Ўз хонадонини ҳукм қилиш вақти» 1918- йилда бошлангани аён бўлдиa (Малахи 3:1, ЯДТ; 1 Бутрус 4:17). Ўшанда ўзини Худонинг ва ҳақиқий топинишнинг вакили деб таъкидлаганлар синовга дучор бўлишди. Натижада, асрлар давомида Худога шак келтирувчи таълимотларни тарқатиб келган ва Биринчи жаҳон уруши хунрезликларига алоқадор бўлган христиан олами рад этилди. Садоқатли мойланган масиҳчилар гўё оловдан ўтказилгандай синалиб, Яҳова Худовандга руҳий қурбонлик келтирувчи ҳалқ сифатида қабул қилинди (Малахи 3:3).
5. Исо Масиҳнинг «келиши» тўғрисидаги башоратига мувофиқ ким ишончли «хизматкор» деб аниқланди?
5 Малахи пайғамбарнинг башоратига мувофиқ, Исо шогирдларига ўзининг «келиши ва охирзамон яқинлашганини» аниқлайдиган белги келтириб, унинг таркибига «хизматкор» кимлигини аниқловчи аломатларини ҳам киритди. Исо шундай деб айтди: «Қул-чўриларга ризқ-рўзни ўз вақтида бериб туриш учун хўжайин уларга бошлиқ қилиб қўйган ишончли ва ақлли хизматкор кимдир? Хўжайини келганида, уни шуларни бажариб турган ҳолда кўрса, у хизматкор қандай бахтлидир! Сизларга чинини айтайин: ўзининг бутун мол-мулки устидан уни назоратчи қилиб қўяди» (Матто 24:3, 45–47). Исо Масиҳ 1918- йилда «хизматкорни» текшириш учун «келганида», мойланган масиҳчилар 1879- йилдан буён «Қўриқчи минораси» ва Муқаддас Китобга асосланган бошқа адабиётлар ёрдамида маънавий «ризқ-рўзни ўз вақтида» бериб турганини аниқлади. Исо бу масиҳчиларни ўз «хизматкори» сифатида тан олиб, 1919- йилда унга ердаги мол-мулки устидан назорат қилишни топширди.
Масиҳнинг ер юзидаги мол-мулки устидан назорат
6, 7. а) Исо «хизматкорга» нисбатан яна қандай иборани қўллади? б) Масиҳ «бошқарувчи» сўзини қўллаганида нимани назарда тутган?
6 Исо юқоридаги башоратни келтиришидан бир неча ой аввал ушбу «хизматкор» ҳақида гапирганида бошқа бир иборани қўллаб, унинг вазифаси нимадан иборатлигини кўрсатганди. У: «Уй аҳлига ўз вақтида ризқ-рўз тарқатиш учун хўжайин хизматкорларига бошлиқ қилиб қўйган ишончли ва ақлли уй бошқарувчи ким? Сизларга чинини айтайин, ўзининг бутун мол-мулклари устидан уни назоратчи қилиб қўяди»,— деб айтган эди (Луқо 12:42, 44).
7 Бу ерда хизматкор «бошқарувчи» деб номланган. Қадимги юнон тилидаги бу сўз «хонадон ёки уй-жой устидан назорат қилувчи», деган маънони англатади. Бу бошқарувчи Муқаддас Китобдаги қизиқарли фикрларни тушунтириб берадиган шунчаки билимдонлар гуруҳи эмас. Шунингдек у, нафақат маънавий озуқани «ўз вақтида» беради. Балки «ишончли... уй бошқарувчи» Масиҳнинг ер юзидаги хизматчилари ва унинг «мол-мулклари» устидан назорат қилишга тайинланган. Ушбу мол-мулк нимадан иборат?
8, 9. Хизматкорга қандай «мол-мулклар» устидан назорат қилиш топширилган?
8 Яҳованинг Шоҳидлари Худонинг иродасини бажаришда фойдаланаётган мол-мулк устидан назорат қилиш, хизматкорнинг вазифасига киради. Ушбу мол-мулкка Яҳова Шоҳидларининг Халқаро идора марказию бўлимлари ҳамда Йиғилиш ва Анжуман Заллари киради. Боз устига хизматкор, жамоат учрашувлари ҳамда мунтазам ўтказиладиган анжуманларда Муқаддас Китобни ўрганиш учун маънан далда берадиган дастурларни тақдим этади. Бундай учрашувларда биз Муқаддас Китоб башоратларининг бажарилишини билиб оламиз ҳамда ундаги қонун-қоидаларни кундалик ҳаётда татбиқ этишга нисбатан йўл-йўриқ оламиз.
9 Бошқарувчининг вазифасига «Инжил Хушхабарини» ваъз қилиш ҳамда «барча халқлардан шогирд орттиришдек» ўта муҳим фаолиятни назорат қилиш ҳам киради. Шунингдек бу, имонлилар жамоатининг боши бўлмиш Исонинг буйруқларига амал қилишни одамларга ўргатишни ўз ичига олади (Матто 24:14; 28:19, 20; Ваҳий 12:17). Бундай фаолият натижасида мойланган масиҳчиларга «улкан бир оломон» келиб қўшилди. Шубҳасизки, барча халқлардан танланган ушбу қимматбаҳо инсонлар Масиҳ мол-мулкининг бир қисмидир (Ваҳий 7:9; Хаггей 2:7).
Етакчи Кенгаш
10. Биринчи асрда қарорлар қандай қабул қилинган ва бу, жамоатларга қандай таъсир қилган?
10 Ишончли хизматкорнинг зиммасига юкланган мажбурият, кўплаб қарорлар чиқаришни ҳам ўз ичига олади. Биринчи асрда, Қуддусдаги ҳаворий ва оқсоқоллар хизматкорнинг вакили бўлиб, имонлилар жамоатига тегишли қарорларни қабул қилишган (Ҳаворийлар 15:1, 2). Биринчи асрдаги етакчи кенгашнинг қарорлари хатлар ва кўчма вакиллар орқали етказилган. Илк масиҳчилар бундай раҳбарликларни жуда қадрлаб, етакчи кенгаш билан ҳамкорлик қилишган. Бу ўз навбатида жамоатнинг бирлиги ва тинчлигига ҳисса қўшган (Ҳаворийлар 15:22–31; 16:4, 5; Филиппиликларга 2:2).
11. Бугун Исо жамоатини ким орқали бошқармоқда ва бу мойланган масиҳчилар гуруҳига қандай муносабатда бўлишимиз керак?
11 Илк масиҳчилар даврида бўлганидек, бугунги кунда ҳам Етакчи Кенгаш мойланган нозирлар гуруҳидан иборат. Жамоат боши ҳазрати Исо амалий ҳокимиятининг рамзи бўлмиш «ўнг қўли» ёрдамида, Шоҳлик фаолияти устидан назорат қилувчи ушбу садоқатли нозирларни бошқармоқда (Ваҳий 1:16, 20). Кўп йиллар давомида Етакчи Кенгашнинг аъзоси бўлиб хизмат қилган ва яқинда ер юзидаги ҳаётини якунлаган Альберт Шрёдер ўзининг таржимаи ҳолида бундай деган: «Ҳар чоршанба куни Етакчи Кенгаш йиғилиб, ибодатда Худодан муқаддас руҳи орқали йўл-йўриқ кўрсатишини сўраб, мажлисни бошлайди. Биродарлар ҳар бир муҳокама қиладиган масалани ва қабул қилинадиган қарорни Худонинг каломи Муқаддас Китобга асослашга интилишади»b. Биз бундай садоқатли мойланган масиҳчиларга ишонишимиз мумкин. Бу борада ҳаворий Павлуснинг қуйидаги буйруғига эътиборли бўлишимиз керак: «Ўз жамоат бошлиқларингизга итоат қилинглар, уларга камоли эҳтиром билан бўйсунинглар. Чунки улар ҳисобот берадиганлардек ҳамиша жонларингизни қўриқлаб турадилар» (Ибронийларга 13:17).
Ишончли хизматкорга бўлган ҳурмат
12, 13. Хизматкор гуруҳига ҳурмат кўрсатишнинг Муқаддас Китобга асосланган сабабларини келтиринг?
12 Ишончли хизматкорни ҳурмат қилиш билан Исо Масиҳга ҳурмат кўрсатган бўламиз. Ҳаворий Павлус мойланган масиҳчилар тўғрисида шундай деб ёзган эди: «Раббимиз кимни қул сифатида даъват этган бўлса, у Раббимизнинг озод бандасидир [...] Сизлар қиммат баҳо билан сотиб олиндингизлар» (1 Коринфликларга 7:22, 23; Эфесликларга 6:6). Шунинг учун ишончли хизматкор ва Етакчи Кенгашнинг йўл-йўриқларига бўйсунсак, хизматкорнинг хўжайини Исо Масиҳга итоат қилган бўламиз. Исонинг ердаги мол-мулки устидан назорат қилаётганларга ҳурмат кўрсатиб, «Отамиз Худо шаънига Исо Масиҳни Ҳазратим деб очиқ тан оламиз» (Филиппиликларга 2:11, ЯДТ).
13 Ер юзидаги мойланган масиҳчилар рамзий маънода «маъбад» бўлиб, унинг ичида Яҳованинг «руҳи» яшайди. Шундай экан, улар «муқаддасдир». Бу, ишончли хизматкорга ҳурмат кўрсатишнинг Муқаддас Китобга асосланган яна бир сабабидир (1 Коринфликларга 3:16, 17; Эфесликларга 2:19–22). Исо Масиҳ ўзининг мол-мулкини, муқаддас маъбаднинг рамзи бўлмиш айнан шу гуруҳга ишониб топширди. Бу эса имонлилар жамоатидаги муайян вазифалар ва ҳуқуқлар фақат уларга тегишли эканлигига ишора қилади. Шунинг учун барча жамоат аъзолари ишончли хизматкор ва Етакчи Кенгашни қўллаб-қувватлашни бурч деб билиб, унинг йўл-йўриқларига риоя қилишади. Шубҳасизки, «бошқа қўйлар» Исонинг иродасини амалга оширишда хизматкор гуруҳига ёрдам беришни шараф деб билишади (Юҳанно 10:16).
Садоқат ила хизматкорни қўллаб-қувватлаймиз
14. Ишаё пайғамбарнинг башоратига кўра, қандай қилиб бошқа қўйлар хизматкор гуруҳига эргашиб, беғараз хизмат қилишмоқда?
14 Бошқа қўйлар, рамзий Исроилнинг аъзоларига камтарлик ила итоат қилишларини Ишаё пайғамбар башорат қилган эди. Бу башоратга кўра, турли миллатлардан бўлган инсонлар Худонинг халқига эргашиб, Танҳо Ҳақ Худони тан олишади (Ишаё 45:14). Бугунги кунда бошқа қўйлар хизматкор гуруҳи ва Етакчи Кенгашнинг раҳбарлигига бўйсуниб, уларга эргашишмоқда. Бошқа қўйлар ўз кучлари ва маблағларини ваъзгўйлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга сарфлаб, беғараз хизмат қилишмоқда (Ҳаворийлар 1:8; Ваҳий 12:17).
15. Ишаё китобида, бошқа қўйлар ва рамзий Исроил ўртасидаги муносабатлар ҳақида қандай башорат мавжуд?
15 Бошқа қўйлар, хизматкор гуруҳи ва Етакчи Кенгаш назорати остида Яҳова Таолога хизмат қилишдан бахтиёрлар (Галатияликларга 6:16). Улар гўё мусофирлар ёки ажнабийлар каби рамзий Исроилга қўшилиб, мойланганлар, яъни Аллоҳнинг руҳонийлари ва хизматчилари бошқаруви остида, қувонч ила деҳқонлару боғбонлар сифатида хизмат қилишмоқда (Ишаё 61:5, 6). Улар ғайрат ила Хушхабарни ваъз қилиб, барча халқлардан шогирд орттирмоқдалар. Шунингдек, улар Худонинг халқига ғамхўрлик қилишда хизматкорни қўллаб-қувватлаб, жамоатга яқинда келганларга кўмаклашяптилар.
16. Бошқа қўйларни ишончли ва ақлли хизматкорни қўллаб-қувватлашга нима ундайди?
16 Бошқа қўйлар, ишончли хизматкор уларни маънавий озуқа билан ўз вақтида таъминлаётгани катта фойда келтиришини яхши тушунадилар. Улар туфайли бошқа қўйлар Яҳованинг ҳукмдорлиги, исмининг улуғланиши, Унинг Шоҳлиги, янги ер ва осмон, жон ҳамда ўлганларнинг ҳолати, шунингдек Тангри Яҳова, Исо алайҳиссалом ва муқаддас руҳ тўғрисидаги Муқаддас Китобга асосланган ҳақиқатларни билиб олишди. Чуқур миннатдорлик ва садоқат бошқа қўйларни, Масиҳнинг мойланган «биродарларини» бу охирзамонда меҳр ила қўллаб-қувватлашга рағбатлантиради (Матто 25:40).
17. Етакчи Кенгаш қандай муҳим қарор қабул қилди ва келгуси мақолада нима муҳокама қилинади?
17 Ер юзидаги мойланганларнинг сони камайиб бораётгани сабабли, улар Масиҳнинг мол-мулкини назорат қилиш учун барча жамоатларда шахсан ўзлари бўла олмайдилар. Шунинг учун Етакчи Кенгаш, Яҳова Шоҳидларининг бўлимлари, вилоятлари, туман ва жамоатларида раҳбарликни амалга ошириш учун бошқа қўйлар қаторидан эркакларни тайинламоқда. Бу оқсоқолларга бўлган муносабатимиз билан Масиҳ ва унинг ишончли хизматкорига бўлган садоқат ўртасида қандай боғлиқлик бор? Бу ҳақда кейинги мақоладан билиб оламиз.
[Изоҳлар]
a Бу мавзу «Қўриқчи минораси»нинг 2004- йил, 1- март 13–18- саҳифалари ва 1992- йил, 1- декабр 13- саҳифасида батафсил муҳокама қилинган.
b «Қўриқчи минораси»нинг 1988- йил, 1- март 10–17- саҳифаларида чоп этилган.
Такрорлаш
• Бизнинг раҳбаримиз ким ва у жамоатдаги ишлардан бохабар эканини нима кўрсатиб турибди?
• «Маъбадни» текширган пайтда ким ишончли хизматкор деб аниқланди ва уларга қандай мол-мулк ишониб топширилди?
• Ишончли хизматкорни қўллаб-қувватлашнинг Муқаддас Китобга асосланган қандай сабаблари бор?
[25- саҳифадаги расмлар]
«Бошқарувчининг» назорати остидаги «мол-мулкларга» моддий нарсалар, маънавий таълим дастури ва воизлик фаолияти киради
[26- саҳифадаги расм]
Бошқа қўйлар ғайрат ила ваъз қилиб, ишончли хизматкор гуруҳини қўллаб-қувватлашмоқда