«Аюбнинг сабр-тоқати ҳақида эшитгансизлар»
Аюбнинг сабр-тоқати ҳақида эшитгансизлар, умрининг охирги кунларида Худованд у учун нималар қилганини биласизлар. Худованд кўп шафқатли ва марҳаматлидир. ЁҚУБ 5:11
1, 2. Польшадаги бир эр-хотин қандай қийинчиликларга дуч келишган эди?
ПОЛЬШАНИНГ шимолидаги Данциг (ҳозир Гданьск) шаҳрини Гитлернинг қўшинлари қамал қилиб олишганда, Харальд Абт Яҳованинг Шоҳиди бўлганига ҳали бир йил ҳам ўтмаган эди. Ўшанда Худонинг хизматчилари учун қийин ва хатарли вақтлар бошланди. Гестапо Харальдни имондан қайтиш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекишга мажбурлади, аммо у рад этди. Бир неча ҳафта Харальд қамоқда бўлганидан сўнг, уни Заксенхаузен концлагерига жўнатиб, у ерда уни қийнашди ва таҳдид қилишди. Бир офицер жасад куйдириладиган жойга ишора қилиб, Харальдга: «Агар икки ҳафта мобайнида эътиқодингдан қайтмасанг, унда тўғри Худойинг Яҳованинг олдига равона бўласан»,— деб айтганди.
2 Харальдни ҳибсга олишганда, унинг хотини Эльза қўлида ўн ойлик қизчаси билан қолган эди. Аммо Эльза Гестапонинг эътиборидан четда қолмади. Кўп ўтмай уни боласидан айириб, ўзини эса Освенцим концлагерига жўнатиб юборишди. Бунга қарамай, у ҳамда эри Харальд бу даҳшатли йилларни бошдан кечиришди. Уларнинг сабр-тоқати ҳақида 1980 йил 15 апрел сонидаги «Қўриқчи минораси» журналида ўқишингиз мумкин. Харальд бундай деб эслайди: «Худога эътиқод қилганим учун концлагер ва қамоқхоналарда ҳаммаси бўлиб 14 йил ўтириб чиқдим. Баъзида мендан: “Бунинг ҳаммасига бардош беришга хотинингиз сизга мададкор бўлганми?” — деб сўрашади. Албатта бўлган! У ҳеч қачон имонидан қайтмаслигини мен олдиндан билар эдим ва бу чидашимга ёрдам берарди. У мени имондан қайтганим учун озод бўлишимни асло истамас эди. [...] Эльза концлагерларда кўп азоб-уқубатларни бошдан кечирди».
3, 4. а) Азоб-уқубатларни енгишда Худонинг хизматчиларига кимнинг ўрнаги далда беради? б) Нимага Муқаддас Китоб бизни Аюб билан бўлган воқеани кўриб чиқишга ундайди?
3 Кўпчилик Яҳованинг Шоҳидлари азоб-уқубатларни бошдан кечириш нималигини билишади. Шу сабабли, Муқаддас Китоб бундай деб маслаҳат беради: «Худованд номидан гапирган пайғамбарларнинг азоб-уқубатга қандай чидаганликларидан ўрнак олинглар» (Ёқуб 5:10). Асрлар мобайнида Худонинг хизматчиларини сабабсиз қувғин қилишарди. Бу «шоҳидлар оломони»нинг қолдирган ўрнаклари, «мусобақада сабр-тоқат билан чопишимизга» далда беради (Ибронийларга 11:32–38; 12:1).
4 Муқаддас Китобда Аюб алайҳиссалом сабр-тоқат тимсоли қилиб тасвирланган. Масалан, у ерда бундай деб ёзилган: «Сабр қилганлари учун уларни бахтиёр ҳисоблаймиз. Аюбнинг сабр-тоқати ҳақида эшитгансизлар, умрининг охирги кунларида Худованд у учун нималар қилганини биласизлар. Худованд кўп шафқатли ва марҳаматлидир» (Ёқуб 5:11). Аюб билан содир бўлган воқеа, Яҳова Таоло Ўз хизматчиларини қандай баракалашини кўрсатади. Бундан ташқари, Аюб билан юз берган ҳодиса туфайли, кўп нарсалар бизга аён бўлди ва улар қийинчиликлар пайтида бизга ёрдам беради. Масалан, қуйидаги саволларга жавоб олиш мумкин: нима учун синовлар пайтида мунозарали масалаларни ёдда тутишимиз муҳим? Сабр-тоқат қилишимиз учун қандай фазилатлар ёрдам беради? Бошига мусибат тушган имондошларимизни қандай қилиб қўллаб-қувватлашимиз мумкин?
Вазиятни тўлиқ тушуниш муҳим
5. Синовлар ёки қийинчиликларга дуч келганимизда, қандай мунозарали масалани ёдимизда тутишимиз муҳим?
5 Азоб-уқубатларга дуч келганимизда, вазиятни тўлиқ тушунишимиз муҳим. Бўлмаса, шахсий муаммоларимиз дастидан маънан сусайишимиз мумкин. Аслида Худога содиқ бўлиб қолиш, мунозарали масалада энг муҳим ўринни эгаллайди. Самовий Отамиз бизга мурожаат қилиб: «Эй ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир, шунда биров мени танқид қилса ҳам, жавоб қайтара оламан»,— деган сўзларини ўзимизга нисбатан қўллашимиз кераклигини айтган (Ҳикматлар 27:11). Биз учун бу катта шарафдир! Камчиликларимиз ва номукаммаллигимизга қарамай, Парвардигорнинг қалбини қувонтиришимиз мумкин. Масалан, синовларга ва қийинчиликларга дош берганимизда, Яҳовага бўлган севгимизни исботлаймиз. Чунки ҳақиқий севги ҳар нарсага тоқат қилар ва асло адо бўлмас (1 Коринфликларга 13:7, 8).
6. Қандай қилиб ва қай даражада Шайтон Яҳова Таолони танқид қилади?
6 Муқаддас Китобда Шайтон, Худованд Яҳовани танқид қиладиган шахс сифатида тасвирланган. Шунингдек унда, бу кўринмас душман қанчалик ёвузлиги ва бизнинг Аллоҳ билан бўлган муносабатимизни вайрон қилмоқчи эканлиги ошкор этилган. Аюб билан содир бўлган воқеадан кўриб турганимиздай, Шайтон Яҳова Таолонинг ҳамма хизматчиларини худбинликда айблаб, уларнинг Худога бўлган севгиси совиши мумкинлигини исботламоқчи. У минг йиллар давомида Худога туҳмат қилиб келмоқда. Шайтон осмондан ер юзига отилганида, самодан баланд овоз уни: «Биродарларимизнинг туҳматчиси, Худойимиз ҳузурида уларга кеча-кундуз туҳмат қилаётган»,— деб атаган (Ваҳий 12:10). Шу сабабли, синовларда бардошли бўлиб қолсак, унинг айбловлари асоссиз эканини кўрсатамиз.
7. Қандай қилиб касаллик ёки қариликка дош беришимиз мумкин?
7 Бизни Яҳовадан узоқлаштириш учун Иблис ҳар бир қийинчилигимиздан фойдаланиши мумкинлигини эсда сақлаш муҳим. Масалан, Шайтон Масиҳни қачон васвасага солган эди? Қирқ кун ҳеч нарса емай оч қолганида (Луқо 4:1–3). Бироқ сабр-тоқати туфайли Исо, Шайтоннинг васвасаларига қарши тура олди. Шунинг учун касаллик ёки қариликка дуч келганимизда, сабр-тоқатли бўлиш жуда ҳам муҳим! «Гарчи зоҳирий вужудимиз ҳар қанча хазон бўлаётган бўлса-да, ботиний вужудимиз кундан-кунга янгиланяпти» (2 Коринфликларга 4:16).
8. а) Қандай қилиб салбий ҳис-туйғулар таъсир қилиши мумкин? б) Исо Масиҳ азоб чекканида қандай йўл тутар эди?
8 Бундан ташқари, маънавийлигимизга салбий ҳис-туйғулар таъсир қилиши мумкин. Масалан, баъзилар: «Нимага Яҳова бунга йўл қўйяпти?» — деб савол беришлари мумкин. Эҳтимол, хафа бўлиб қолганлар эса: «Нега бу биродар менга бундай муносабат қиляпти?» — деб ўйлай бошлашади. Бундай ҳис-туйғулар дастидан, Шайтон кўтарган масалани эътибордан четда қолдириб, ўзимиз билан овора бўлиб қолишимиз мумкин. Аюб алайҳиссалом тушкунликка тушишига касаллиги эмас, балки учта дўсти сабаб бўлган эди (Аюб 16:20; 19:2). Шу каби, ҳаворий Павлус ҳам, агар биз ғазабга берилсак, «Иблисга фурсат беришимиз мумкин»лигини таъкидлаган (Эфесликларга 4:26, 27). Агар Худонинг хизматчилари ғазабларини ўзгаларга сочмай ва уларга нисбатан йўл қўйилган адолатсизликдан ҳаддан ортиқ хавотирланмай, аксинча «фақат одилона ҳукмловчи Худога Ўзини топширган» Масиҳдан ўрнак олишса, яхшироқ бўларди (1 Бутрус 2:21–23). Шайтоннинг ҳийлаларидан ҳимояланиш учун, Масиҳдан ибрат олиш даркор (1 Бутрус 4:1).
9. Муқаддас Китоб орқали Худо нимани ваъда бермоқда?
9 Энг муҳими эса, Худо биздан норози бўлганлиги учун қийинчиликларга дуч келяпмиз, деб ҳеч қачон ўйламаслигимиз керак. Масалан, Аюб пайғамбар буни тушунмаган эди, боз устига унинг учта дўсти аччиқ сўзлар билан вазиятни оғирлаштиришганди (Аюб 19:21, 22). Муқаддас Китобда: «Худо ёмонлик васвасасига тушмайди, Ўзи ҳам ҳеч кимни васвасага солмайди»,— деб ёзилган (Ёқуб 1:13). Бундан ташқари, Яҳова Тангри ҳар қандай вазиятда бизни қўллаб-қувватлашни ваъда бермоқда (Забур 54:23; 1 Коринфликларга 10:13). Агар қийин вазиятда Худога яқинлашсак, унда ҳамма нарсага тўғри муносабатда бўлиб, Иблисга қарши тура олишимиз мумкин (Ёқуб 4:7, 8).
Бардошли бўлишга нима ёрдам беради
10, 11. а) Аюб сабрли бўлишига нима ёрдам берган? б) Аюбнинг виждони пок бўлганлиги унга қандай тасалли берарди?
10 Оғир аҳволда бўлишига, яъни учта дўстининг ранжитувчи сўзларига ва азоб-уқубатларнинг сабабини билмаслигига қарамай, Аюб софдил бўлиб қолган. Унинг мисолидан қандай ўрнак олишимиз мумкин? Шубҳасизки, Аюб Аллоҳ Яҳовага бўлган садоқати туфайли муваффақият қозонган. У Худодан қўрқадиган ва ёмонликдан бош тортадиган одам эди (Аюб 1:1). Бу унинг ҳаётининг мазмуни бўлган. Ҳатто бу оғир вазиятга нима сабабдан тушиб қолганини тушунмаган бўлса ҳам, Аюб Парвардигор Яҳовадан юз ўгиришни хоҳламас эди. Аюб ҳар қандай шароитларда Худога хизмат қилиш керак, деб ҳисобларди (Аюб 1:21; 2:10).
11 Шунингдек, Аюбнинг виждони пок эди ва бу унга тасалли берар эди. Ҳаёти ўз якунига етиб бораётгандек туюлганида, у бошқаларга ёрдам берганлигини ва Яҳованинг адолатли меъёрларига муносиб яшаб, бутпарастликдан ўзини четга тортганини эслаб, қалби хотиржам бўларди (Аюб 31:4–11).
12. Аюб Элихунинг ёрдамига қандай муносабатда бўлган эди?
12 Албатта, Аюб алайҳиссаломга, баъзи бир саволлар бўйича фикрлаш тарзини ўзгартириши учун ёрдам керак эди. Ва у камтаринлик ила бу ёрдамни қабул қилиб, синовларга сабр-тоқат билан дош бера олди. Аюб Элихунинг оқилона маслаҳатини ҳурмат ила тинглаб, Яҳованинг панд-насиҳатини қабул қилди. Аюб ўйламай айтган гапларини тан олиб, тавба қилди (Аюб 42:3, 6). Касаллик Аюбга азоб келтирарди, аммо бунга қарамай у бу орқали Аллоҳга янада яқин бўлганидан хурсанд бўларди. Аюб алайҳиссалом, Парвардигор Яҳова ҳамма нарсага қодирлигини айтган эди (Аюб 42:2). Яҳова Ўз улуғворлигини кўрсатди ва шу сабабли Аюб Парвардигорга нисбатан қандай паст ўринни эгаллашини тушунди.
13. Аюб алайҳиссаломнинг раҳмдиллиги унга қандай фойда келтирди?
13 Аюб шунингдек раҳмдилликнинг ўрнагини кўрсатди. Гарчи учта дўсти уни ранжитган бўлса-да, Яҳова Аюбга улар учун ибодат қилишини айтганида, у Худовандга қулоқ солди. Бундан сўнг Яҳова Аюбнинг соғлигини тиклади (Аюб 42:8, 10). Дарҳақиқат, қийинчиликларни енгиш учун ғазаб эмас, балки севги ва раҳмдиллик ёрдам беради. Хафагарчиликдан халос бўлсак, бу бизни маънан мустаҳкам қилади ва Яҳованинг қут-баракаларига олиб келади (Марк 11:25).
Оқилона маслаҳат сабрли бўлишга кўмаклашади
14, 15. а) Яхши маслаҳатчи бўлиш учун қандай фазилатларга эга бўлиш керак? б) Нима учун Элиху Аюбни қўллаб-қувватлай олганини тушунтиринг.
14 Аюб билан бўлган воқеадан оқилона маслаҳат қанчалик қадрли эканини ҳам билиб олдик. Бундай маслаҳатни берган киши «оғир кун учун туғилган» биродар кабидир (Ҳикматлар 17:17). Бироқ, Аюб билан содир бўлган воқеадан кўриниб турганидек, баъзилар ўз маслаҳатлари билан таскин беришнинг ўрнига, фақат қайғу келтиришади. Яхши маслаҳатчи Элихуга ўхшаб раҳмдиллик, меҳрибонлик ва ҳурмат кўрсатади. Баъзида оқсоқоллар ва етук масиҳчилар, қийинчиликларга дуч келган биродарларнинг фикрлаш тарзини ўзгартиришларига тўғри келади ва улар бунда Аюб билан содир бўлган воқеадан кўп сабоқ олишлари мумкин (Галатияликларга 6:1; Ибронийларга 12:12, 13).
15 Элиху ўзини қандай тутганидан ҳам кўп нарсани ўрганиш мумкин. Аюбнинг учта дўстининг нотўғри гаплари ҳақида фикр билдиришдан аввал, Элиху уларни диққат билан тинглади (Аюб 32:11; Ҳикматлар 18:13). Шунингдек, у Аюб билан дўстона гаплашди (Аюб 33:1). Учта дўстдан фарқли равишда, Элиху ўзини Аюбдан юқори қўймаган эди. У ҳам Аюбга ўхшаб тупроқдан яралганини айтди. У ўйламай гапириб Аюбга озор етказишни истамас эди (Аюб 33:6, 7; Ҳикматлар 12:18). Элиху Аюб алайҳиссаломнинг ўтган ишлари учун танқид қилмади, балки покдомонлиги учун мақтади (Аюб 33:32). Энг асосийси эса, Элиху ҳамма нарсага Яҳованинг нуқтаи назари билан қарар эди ва Аюбнинг эътиборини Яҳова Таоло ҳеч қачон адолатсиз йўл тутмаслигига қаратди (Аюб 34:10–12). Боз устига, у Аюбни ўзининг ростгўйлигини исботлаш ўрнига, Яҳовага умид боғлашга ундади (Аюб 35:2; 37:14, 23). Ҳа, бу воқеадан оқсоқоллар ҳамда Худонинг бошқа хизматчилари фойдали сабоқлар олишлари мумкин.
16. Қандай қилиб Аюбнинг учта дўсти Шайтоннинг таъсирига берилишди?
16 Элихунинг оқилона маслаҳати Аюбнинг учта дўстининг ранжитадиган сўзларидан умуман фарқ қиларди. Чунки улар Парвардигор Яҳова ҳақида нотўғри сўзлашган эди (Аюб 42:7). Гарчи улар, ниятлари яхши эканини таъкидлаган бўлишса-да, улар Аюбга содиқ дўст бўлиб қолишмади, аксинча Шайтоннинг таъсирига берилишди. Улар бошиданоқ бу азоб-уқубатларда Аюб ўзи айбдор деб ҳисоблашарди (Аюб 4:7, 8; 8:6; 20:22, 29). Улардан бири, Худо Ўз хизматчиларига ишонмайди ва улар солиҳми ёки йўқми У учун фарқи йўқ, деб айтди (Аюб 15:15; 22:2, 3). У Аюбни ҳатто қилмаган гуноҳларда айблади (Аюб 22:5, 9). Элиху эса чиндан ҳам Аюбни маънан қўллаб-қувватлади. Ҳақиқий маслаҳатчи айнан шундай бўлади.
17. Синовларга дуч келганимизда, нимани эсдан чиқармаслик керак?
17 Аюбнинг мисолидан сабр-тоқатга нисбатан яна бир сабоқ олишимиз мумкин. Меҳрибон Парвардигоримиз шароитларимизни кўриб туради. Бундан ташқари, У бизга турли вазиятда ёрдам беришга тайёр. Бу мақоланинг бошида Эльза Абтнинг мисолини келтирган эдик. У қандай хулосага келгани устидан бир ўйлаб кўринг: «Ҳибсга олинишимдан олдин мен бир опамизнинг хатини ўқиган эдим. У, оғир синовларда Яҳова Таоло Ўз руҳи орқали бизга хотиржамлик ато этади, деб ёзган эди. Мен, у жуда ошириворибди, деб ўйлаган эдим. Аммо ўзим бунга дуч келганимда, унинг ҳақ эканлигига ишондим. Бу ҳақиқатан ҳам шундай. Албатта, буни бошдан кечирмагунча бунга ишониш қийин. Лекин мен буни ўзимда ҳис этдим. Худованд Яҳова доимо қўллаб-қувватлайди». Эльза, Яҳова минг йиллар аввал Аюбга қилган яхшиликлари тўғрисида эмас, балки бугунги ҳаётимиз ҳақида гапирди. Дарҳақиқат, Эльза айтганидай «Яҳова доимо қўллаб-қувватлайди»!
Сабр қилганлар бахтлидир
18. Аюбнинг сабр-тоқати унга қандай фойда келтирди?
18 Аюб алайҳиссаломнинг бошига тушган мусибатларга фақат айримлар дуч бўлиши мумкин. Бу дунёда қандай қийинчиликларга дуч келмайлик, Аюб каби покдомон бўлиб қолишга барча асосларимиз бор. Аюбнинг сабри унинг ҳаётини бойитиб, Худога маъқул келадиган фазилатларни ривожлантиришига ёрдам берди (Ёқуб 1:2–4). У бардошли бўлгани учун Аллоҳ билан муносабати шунчалик мустаҳкамландики, у Яҳовани кўргандек бўлди (Аюб 42:5). Шайтон ёлғончи эканлиги исботланди, чунки у Аюбнинг софдиллигига таъсир қила олмади. Юз йиллар ўтгач ҳам, Яҳова Таоло Аюбни солиҳлик тимсоли сифатида мисол қилиб келтирган эди (Ҳизқиё 14:14). Унинг сабр-тоқат ва покдомонлик ўрнаги Худонинг бугунги хизматчиларига ҳам куч-қудрат бахш этади.
19. Сизнингча, нима учун сабр-тоқат шунчалик муҳим?
19 Ёқуб биринчи асрдаги масиҳчиларга сабр-тоқат ҳақида ёзганида, бу қанчалик мамнуният келтиришини эслатиб ўтди. Шунингдек, Яҳова Ўз хизматчиларини қандай мукофотлашини кўрсатиш учун, Аюбни мисол қилиб келтирди (Ёқуб 5:11). Муқаддас Китобда: «Яҳова Аюбнинг охирги кунларини аввалгидан ҳам баракалироқ қилди»,— деб ёзилган (Аюб 42:12, ЯДТ). Худованд Аюбга йўқотганидан икки баробар кўпроқ берган эди; Аюб алайҳиссалом бахтли ва узоқ умр кўрди (Аюб 42:16, 17). Бу охирзамонда бошимиздан кечираётган оғриқ, азоб-уқубатлар ва руҳий тушкунлик янги дунёда бутунлай бартараф қилинади (Ишаё 65:17; Ваҳий 21:4). Аюбнинг сабр-тоқати ҳақида эшитганмиз, шунинг учун Яҳованинг ёрдами билан Аюбнинг ўрнагига тақлид қилишга қарор қилдик. Муқаддас Китобда: «Синовга сабр-тоқат қилган одам бахтиёрдир. Чунки у синовдан ўтгач, Раббимизни севувчиларга насиб бўладиган ҳаёт тожига сазовор бўлади»,— деб ваъда қилинган (Ёқуб 1:12).
Қандай жавоб берардингиз?
• Қандай қилиб Яҳованинг қалбини қувонтиришимиз мумкин?
• Нима учун Худо биздан норози бўлганлиги учун қийинчиликларга дуч келяпмиз, деб ўйламаслик керак?
• Аюбга бардошли бўлишга нима ёрдам берган эди?
• Қандай қилиб Элиху каби, имондошларимизни қўллаб-қувватлашимиз мумкин?
[20- саҳифадаги расм]
Яхши маслаҳатчи раҳмдиллик, меҳрибонлик ва ҳурмат кўрсатади
[21- саҳифадаги расмлар]
Эльза ва Харальд Абт