Матто баён этган хушхабар
19 Исо бу сўзларни айтиб бўлгач Жалиладан чиқиб, Иорданнинг нариги томонидаги Яҳудия чегараларига келди+. 2 Унинг орқасидан тумонат халойиқ эргашиб келаётган эди. Исо у ерда хасталарга шифо берди.
3 Унинг ёнига фарзийлар келиб, синаш ниятида шундай савол беришди: «Эркак киши ҳар қандай сабабга кўра ўз хотинидан ажралиши қонунийми?»+ 4 Исо уларга жавобан деди: «Ахир ўқимаганмисизлар? Парвардигор бошданоқ одамларни эркак ва аёл қилиб яратиб+, 5 шундай деган: “Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб, хотинига боғланиб* қолади ва иккови бир тан бўлади”+. 6 Демак, энди улар икки эмас, бир тан ҳисобланади. Шундай экан, Аллоҳ бирга қўшганини* бандаси ажратмасин»+. 7 Улар эса Исодан: «Нега унда Мусо пайғамбаримиз, ажралмоқчи бўлган киши, хотинига талоқ хатини беришини айтганлар?»+ — деб сўрашди. 8 Исо уларга жавобан деди: «Бағритош бўлганингиз учун, Мусо пайғамбар хотинларингиздан ажралишга рухсат берганлар+. Аммо дастлаб бундай бўлмаган+. 9 Сизларга айтиб қўяй, кимки хотини унга бевафолик* қилмаган бўлса-да, ундан ажралиб ўзгага уйланса, зино қилган бўлади»+.
10 Шогирдлари Исога: «Агар никоҳ қурганлар учун талаб шундай бўлса, уйланмаган яхшироқ экан-да»,— дейишди. 11 Исо бўлса уларга шундай деди: «Ҳамма ҳам бунга риоя қила олмайди, фақат кимнинг бундай инъоми+ бўлсагина, бунга риоя қила олади. 12 Чунки баъзилар уйланишга яроқсиз бўлиб туғилади, кимдир одамлар томонидан бичилган бўлади, бошқалари эса Осмон Шоҳлиги учун турмуш қуришдан воз кечишади. Ким бундай яшай олса, яшайверсин»+.
13 Кейин, Исо дуо қилсин деб, унинг ёнига болаларни олиб келишди; шогирдлари эса уларни койиб беришди+. 14 Бироқ Исо: «Болажонларга тегманглар, улар ёнимга келишига тўсқинлик қилманглар, зеро Осмон Шоҳлиги шундайларникидир»+,— деди. 15 Исо болаларнинг устига қўлини қўйиб, дуо қилди-да, у ердан кетди.
16 Шундан сўнг, унинг ёнига бир йигит келиб: «Устоз, абадий ҳаётга эришиш учун қандай яхши иш қилишим керак?» — деб сўради+. 17 Исо бўлса унга жавобан: «Нега яхши иш ҳақида мендан сўраяпсиз? Биргина Худо яхшидир*+. Ҳаётга эришишни истасангиз, доимо амрларга риоя қилинг»+,— деди. 18 У эса Исодан: «Қайси амрларга?» — дея сўради. Исо жавобан: «Қотиллик қилманг+, зино қилманг+, ўғрилик қилманг+, сохта гувоҳлик берманг+, 19 ота-онангизни ҳурмат қилинг+ ва яқинингизни ўзингизни севгандек севинг»+,— деди. 20 Йигит Исодан сўради: «Буларнинг барига риоя қилиб келганман, яна нима қилишим керак?» 21 Исо унга шундай жавоб берди: «Агар Аллоҳга мукаммал даражада хизмат қилишни истасангиз, бориб барча мол-мулкингизни сотинг-да, камбағалларга тарқатинг. Шунда осмонда хазинангиз бўлади+. Сўнг келиб, менинг издошим бўлинг»+. 22 Бу сўзларни эшитиб, йигит қайғу ичида у ердан кетди, чунки унинг мол-мулки жуда кўп эди+. 23 Исо шогирдларига қуйидагиларни айтди: «Ишонаверинг, бой кишининг Осмон Шоҳлигига кириши қийин бўлади+. 24 Яна шуни ҳам айтиб қўяйки: бой кишининг Худонинг Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқ»+.
25 Буни эшитгач, шогирдлари ғоят ҳайрон бўлиб: «Унда ким нажот топа олади?» — дея сўрашди+. 26 Исо уларга тикилиб қаради-да, шундай деди: «Бу, одамлар учун имконсиздир, аммо Тангри учун имконсиз нарса йўқ»+.
27 Шунда Бутрус сўради: «Мана, биз бор-йўғимизни қолдириб, орқангиздан эргашиб келдик. Бунинг эвазига биз нимага эга бўламиз?»+ 28 Исо уларга жавоб берди: «Ишонаверинг, Аллоҳ барча нарсани янгидан яратганда, Инсон Ўғли ўзининг улуғвор тахтига ўтиради. Ўшанда, менинг орқамдан эргашган сизлар ҳам 12 тахтга ўтириб, Исроилнинг 12 қабиласини ҳукм қиласизлар+. 29 Мени деб уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, бола-чақа ёки ер-мулкини қолдирган ҳар ким 100 баробар кўпроғига эга бўлиб, абадий ҳаётга эришади+.
30 Аммо биринчилардан кўпи охирги, охиргилар эса биринчи бўлади+.