Тимўтийга йўлланган иккинчи мактуб
3 Аммо шуни билгинки, охирзамонда*+ ниҳоятда оғир вақтлар келади. 2 Сабаби, ўша пайтда одамлар ўзини севадиган, пулпараст, мақтанчоқ, кеккайган, куфр сўзларини айтувчи, ота-онага итоатсиз, ношукур, садоқатсиз, 3 меҳрсиз, муросасиз, туҳматчи, ўзини тута билмайдиган, шафқатсиз, яхшиликдан нафратланадиган*, 4 сотқин, ўзбошимча, мағрур, Аллоҳни эмас, айш-ишратни севадиган бўладилар. 5 Ўзларини художўй қилиб кўрсатишади-ю, амалда эса бунга риоя қилишмайди+. Бундайлардан қоч. 6 Уларнинг орасидан шундайлар чиқадики, улар чаққонлик билан уйларга суқилиб кириб, гуноҳга ботган ва турли ҳирсу ҳавасларга берилган заиф аёлларни ўзларига асир қилиб олишади. 7 Ушбу аёллар ҳамиша таълим олишади-ю, лекин ҳеч қачон ҳақиқатни тўлиқ тушуна олишмайди.
8 Янний билан Ямбрий Мусо пайғамбарга қандай қарши турган бўлсалар, улар ҳам ҳақиқатга худди шундай қарши турадилар. Улар тамоман ақли бузуқ, имон йўлида Аллоҳга маъқул келмайдиган кишилардир. 9 Аммо улар муваффақият қозона олмайдилар, боиси, ўша икки кишининг ақлсизлиги маълум бўлганидек, уларнинг ҳам ақлсизлиги ҳаммага маълум бўлади+. 10 Сен эса қандай таълим берганимга, ҳаёт тарзимга+, мақсадимга, имонимга, сабр-тоқатимга, муҳаббатимга, бардошимга қатъий эргашдинг. 11 Бундан ташқари, Антиохия+, Икония+ ҳамда Листрада+ бошимдан ўтган азоблар ва таъқибларни биласан. Мен буларни бошдан кечирдим ва Ҳазратимиз* барча бу таъқиблардан мени халос этди+. 12 Исо Масиҳнинг издоши сифатида художўй* бўлиб ҳаёт кечиришни истайдиган барча таъқибларга дучор бўлади+. 13 Лекин ёмон инсонлар ва ёлғончилар ўзлари янглишибгина қолмай, бошқаларни ҳам йўлдан оздириб, тобора разиллашиб борадилар+.
14 Сен бўлса, олган таълимингга ва тўғрилигига ўзинг ишонч ҳосил қилган нарсаларга риоя қил+, чунки буларни кимдан олганингни биласан. 15 Сен болалигингданоқ*+ Муқаддас Ёзувларни ўргангансан+. Бу Ёзувлар эса сени Исо Масиҳ билан боғлиқ бўлган имон орқали доно қилиб, нажот бахш этади+. 16 Муқаддас Ёзувларнинг ҳаммаси Худо томонидан илҳомлантирилган бўлиб+, ўргатиш+, танбеҳ бериш, тузатиш, адолат йўлида тарбиялаш учун фойдалидир+. 17 Токи Аллоҳнинг хизматчиси ҳар тарафлама билимга эга бўлиб, ҳар бир яхши ишга бутунлайин тайёр турсин.