Яҳованинг Каломи жонли
Ишаё китобининг диққатга сазовор оятлари (2- қисм)
ИШАЁ, Худовандга пайғамбар сифатида садоқат ила хизмат қилган. У ўн қабилали Исроил шоҳлигига қарши чиқарилган ҳукмларни эълон қилган эди. Ва бу ҳукмлар амалга ошиб бўлди. Энди эса у Қуддуснинг келажаги тўғрисида башорат қилмоқда.
Қуддус шаҳри вайрон қилиниб, аҳолиси асирликка олиб кетилади. Лекин у абадий кимсасиз қолмайди. Муайян вақтдан сўнг, шаҳар ва маъбад қайта тикланади. Айнан шу ҳақда Ишаё 36:1–66:24- оятларида айтилганa. Ушбу бобларни кўриб чиқиш, бизга катта фойда келтиради, зеро бу боблардаги башоратларнинг аксарияти ҳозирги кунда ҳам, аммо кенг миқёсда амалга ошмоқда ёки яқин келажакда бажо бўлади. Шунингдек бу ерда, Масиҳ ҳақида ажойиб башоратлар ёзилган.
ШУНДАЙ КУНЛАР КЕЛАДИКИ
Мил. авв. 732- йилда, яъни шоҳ Ҳизқиё ҳукмронлигининг 14- йилида, Оссурия қўшини Яҳудияга бостириб киради. Шунда Худованд Яҳова Қуддусни ҳимоя қилишга ваъда бериб, атиги битта фариштаси орқали Оссурия қўшинининг 185 000 аскарини ўлдиради.
Шоҳ Ҳизқиё оғир хасталикка чалинади. Яҳова Таоло унинг илтижосини эшитиб, уни соғайтиради ва умрини яна 15 йилга узайтиради. Бобил подшоҳи Ҳизқиёни табриклаш учун элчиларини юборганида, Ҳизқиё ақлсизлик қилиб, элчиларга бутун бойлигини кўрсатади. Шунда Ишаё пайғамбар шоҳ Ҳизқиёга Яҳованинг хабарини етказиб, унинг ва ота-боболарининг барча бойликлари Бобилга олиб кетиладиган кун келиши ҳақида айтади (Ишаё 39:5, 6). Ушбу башорат 100 йилдан сал кўпроқ вақт ўтгач, амалга ошади.
Саволларга жавоблар:
38:8 — Соя қанақа зинапоядан орқага сурилган? Мил. авв. VIII асрда Миср ва Бобилда қуёш соатларидан фойдаланишган, шу сабабли ҳар битта зина қуёш соатининг циферблат бўлакларини англатиши мумкин эди. Эҳтимол бундай соат Ҳизқиёга отаси Охоздан қолган бўлиши мумкин. Ёки бу шунчаки саройдаги зиналар бўлгандир. Эҳтимол, зинапоя ёнига ўрнатилган устундан ушбу зиналарга соя тушиб, вақтни кўрсатгандир.
Хулосалар:
36:2, 3, 22. Гарчи Шавна шоҳ саройидаги вазифаларидан четлатилган бўлса-да, унга саройда қолиб, унинг ўрнига тайин этилган кишининг котиби бўлишга рухсат берилди (Ишаё 22:15, 19). Мабодо қайсидир сабабларга кўра, Яҳованинг ташкилотида эга бўлган вазифаларимиздан маҳрум бўлсак ҳам, Аллоҳ бизга тайин этган меъёрда Унга хизмат қилишни давом эттирган бўлмасмидик?
37:1, 14, 15; 38:1, 2. Қийинчиликларга дуч келганимизда, Тангри Яҳовага ибодат қилиб, Унга тўлиқ умид боғласак, оқилона йўл тутган бўламиз.
37:15–20; 38:2, 3. Қуддус оссурияликлар босқини хавфи остида бўлганда, шоҳ Ҳизқиё авваламбор, шаҳар босиб олинганда Яҳованинг номи оёқ ости бўлишидан хавотирланган. Ҳизқиё касали оғирлигидан хабар топиб, агар у вафот этса, Довуднинг наслидан бўлган меросхўр қолмаслигидан ташвишланар эди. Шунингдек у, оссурияликлар билан бўладиган жангда қўшин устидан ким бошчилик қилади, деб қайғурарди. Биз ҳам шоҳ Ҳизқиё сингари, Худонинг исми шарафланиши ва ниятининг амалга ошишини, ўз нажотимиздан кўра афзалроқ билишимиз даркор.
38:9–20. Ҳизқиёнинг ушбу ибодати, Яҳовани улуғлашдан кўра муҳимроқ нарса йўқлигини кўрсатмоқда.
У ҚАЙТА ТИКЛАНАДИ
Ишаё пайғамбар Қуддус вайрон этилиб, аҳолиси асирликка олиб кетилиши ҳақда башорат қилганидан сўнг, шаҳарнинг қайта тикланиши тўғрисида ҳам каромат қилди (Ишаё 40:1, 2). Ишаё китобининг 44:28- оятида Қуддуснинг тикланиши ҳақида ёзилган. Китобнинг 46:1- оятида эса, Бобил вайрон этилиб, бутлари ўлжа қатори олиб кетилиши башорат қилинган. Бу воқеалар икки аср ўтгач, амалга ошди.
Яҳова Ўз хизматчиси орқали халқларга нур келтиради (Ишаё 49:6). Бобилнинг ҳукмронлик қилувчи зиёлилари, худди тутун сингари ғойиб бўлади, фуқаролари чивин каби ўлади. Асирликка олинган Қуддус аҳолиси эса озод этилади (Ишаё 51:6; 52:2). Яҳова, Довудга бўлган садоқатли меҳр-инояти ҳақи, Унга итоат қилганлар билан абадий аҳд тузишини айтмоқда (Ишаё 55:3). Худонинг адолатли меъёрларига мувофиқ ҳаёт кечирсак, Унинг марҳаматига сазовор бўламиз (Ишаё 58:14). Қонунсиз инсонлар эса, ўзлари ва Аллоҳ ўртасида нифоқни келтириб чиқаришади (Ишаё 59:2).
Саволларга жавоблар:
40:27, 28 — Нима учун исроилликлар, Худо уларнинг бошига тушганлардан бехабар ва Яҳова улардан юз ўгирган, деб нолишарди? Бобил асирлигида бўлган айрим яҳудийлар, эҳтимол, уларнинг азоб-уқубатлари Яҳованинг эътиборидан четда қоляпти, деб ҳисоблашарди. Бироқ, пайғамбарнинг сўзлари уларга, Бобил ҳориб-толмас Парвардигори Оламнинг қўли остида эканини эслатиб қўйди.
43:18–21 — Нима сабабдан асирликдан қайтаётган яҳудийларга, ўтмишни ёдга олмаслик айтилган эди? Бу, Яҳованинг хизматчилари, Худо уларни ўтмишда халос этганини унутишлари кераклигини англатмасди. Аксинча, энди Яҳова, яҳудийлар Уни янги мўъжизалари учун, яъни Қуддусга сафарларини муваффақиятли қилиб, саҳродаги яқинроқ йўлдан олиб бориши учун улуғлашларини истаган. Шу каби, «буюк қайғудан» чиқадиган «улкан бир оломон»нинг ҳар бир аъзосида ҳам, Яҳовани улуғлаш учун янги сабаблари бўлади (Ваҳий 7:9, 14).
49:6 — Агар Масиҳ фақат Исроил халқига ваъз қилган бўлса, қайси маънода у халқларга нур бера олади? Келинг, Исо Масиҳнинг ўлимидан сўнг нима содир бўлганини кўриб чиқайлик. Ишаё китобининг 49:6- оятидаги башорат Исонинг шогирдларига нисбатан қўлланилган (Ҳаворийлар 13:46). Бугунги кунда мойланган масиҳчилар улкан оломоннинг ёрдами билан, «жаҳон бўйлаб» инсонларга таълим бериб, халқларга нур келтиришмоқда (Матто 24:14; 28:19, 20).
53:10 — Қайси маънода Яҳова учун ўғлининг ўлиши маъқул келган эди? Ҳамдард ва раҳмдил Яҳова Таоло учун севимли ўғлининг азоб чекишини кўриш жуда оғир бўлган. Шундай бўлса-да, Исонинг чин кўнгилдан итоат этгани ҳамда унинг азоб-уқубати ва ўлими туфайли эришилган натижа Худога маъқул келган эди (Ҳикматлар 27:11; Ишаё 63:9).
53:11 — Масиҳ қандай билим орқали одамларни оқлайди? Бу билимни Исо ер юзида бўлганида ва ўлимигача ноҳақ азоб чекканида орттирган эди (Ибронийларга 4:15). Шу йўсин у, мойланган масиҳчилар ва улкан оломон Худо олдида оқланишлари учун зарур бўлган қурбонликни тақдим этди (Римликларга 5:19; Ёқуб 2:23, 25).
56:6 — Ғайрияҳудийлар кимлар ва қандай қилиб улар Яҳованинг аҳдини маҳкам тутишади? Ғайрияҳудийлар, Исо айтган «бошқа қўйлар»дир (Юҳанно 10:16). Улар янги аҳд билан боғлиқ бўлган қонунларга бўйсуниб ва у туфайли уюштирилган тадбирларни қўллаб-қувватлаб, уни маҳкам тутишаётганини кўрсатишмоқда. Шунингдек, улар мойланганлар билан бирга маънавий озуқани қабул қилиб, ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш фаолиятида уларга мададкор бўлишмоқда.
Хулосалар:
40:10–14, 26, 28. Яҳова Таоло меҳрибон, қудратли, қодир ва чексиз доноликка эга. У бизни тасаввур қилганимиздан ҳам яхшироқ тушунади.
40:17, 23; 41:29; 44:9; 59:4. Сиёсий битимлар ва бутлар — бефойда. Уларга таяниш нодонликдир.
42:18, 19; 43:8. Аллоҳнинг каломида ёзилган сўзларга эътибор бермаслик ҳамда «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали берилаётган йўл-йўриқларга қулоқ солмаслик, маънан кўр ва кар бўлиш билан баробардир (Матто 24:45).
43:25. Яҳова бизнинг гуноҳларимизни Ўзи ҳақи кечиряпти. Худованднинг исмини улуғлаш, гуноҳ ва ўлимдан қутулишимиз ҳамда абадий ҳаётга бўлган умидимиздан кўра устунроқдир.
44:8. Бизни қоя сингари мустаҳкам бўлмиш Яҳова қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун У ҳақида шоҳидлик қилишдан қўрқмаймиз (2 Шоҳлар 22:31, 32).
44:18–20. Бутпарастлик — қалб бузилганининг нишонасидир. Юрагимиздаги Худога тегишли бўлган ўринни ҳеч нарса эгалламаслиги керак.
46:10, 11. Башоратларни амалга ошириш қобилияти, Яҳова ҳақ Таоло эканидан далолатдир.
48:17, 18; 57:19–21. Агар биз Яҳовадан нажот қидирсак, Унга яқинлашиб, амрларига риоя қилсак, шунда тинчлигимиз оқар дарё каби чексиз, адолатимиз эса денгиз тўлқинларидай доимий бўлади. Худонинг каломига риоя қилмаганлар эса, шамолда тебранган денгизга ўхшайди. Уларда тинчлик йўқ.
52:5, 6. Бобилликлар ҳақ Худонинг қудратидан шубҳаланиб, янглишишган эди. Аслида, Исроил халқи Яҳовани ранжитгани учун асирликка тушганини, улар эътибордан четда қолдиришди. Шундай экан, агар бирор кишининг бошига мусибат тушса, тезда хулоса чиқаришдан эҳтиёт бўлиш лозим.
52:7–9; 55:12, 13. Биз қувонч ила Хушхабарни ваъз қилиб, шогирд орттириш фаолиятида иштирок этишимизнинг камида учта сабаби бор. Хушхабарни келтирган оёқлар гўзалдир, чунки бу хабар маънан чанқоқ бўлган камтарин инсонларни жалб қилади. Биз Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлганимиз сабабли, Уни ўз кўзимиз билан кўргандай бўламиз. Боз устига маънан гуллаб-яшнаяпмиз.
52:11, 12. Маъбад буюмларини кўтариб юриш, яъни Яҳова муқаддас хизмат учун бераётган барча нарсаларни бажариш учун, биз маънан ва ахлоқан пок бўлмоғимиз лозим.
58:1–14. Хўжакўрсинга қилинган садоқат ва тақводорлик беҳуда. Аллоҳнинг ҳақиқий хизматчилари эса Унга чинакамига садоқатли бўлиб, имондошларига самимий меҳр-муҳаббат намоён этишлари керак (Юҳанно 13:35; 2 Бутрус 3:11).
59:15–19. Яҳова одамларнинг қилаётган ишларини диққат билан кузатиб, Ўзига маъқул вақтда уларнинг ишларига аралашади.
СЕН ГЎЗАЛЛИК ТОЖИ БЎЛУРСАН
Ишаё китобининг 60:1- оятида худди қадимда бўлганидек, бугунги кунда ҳам ҳақ топинишнинг қайта тикланиши тўғрисида айтилган. Сион Тангри Яҳованинг қўлида гўзаллик тожи каби бўлиши даркор (Ишаё 62:3).
Ишаё пайғамбар, Бобил асирлигида тавбага келадиган ватандошлари учун Яҳовага ибодат қиларди (Ишаё 63:15–64:12). У ҳақ Таолога топинувчилар билан сохта худоларга сиғинадиганлар ўртасидаги фарқни кўрсатиб, қандай қилиб Яҳова Ўз хизматчиларига барака беришини айтиб ўтди (Ишаё 65:1–66:24).
Саволларга жавоблар:
61:8, 9 — Абадий аҳд ва насл нимани англатади? Бу, Яҳова мойланган масиҳчилар билан тузган аҳдни англатади. Насл — бу «бошқа қўйлар», яъни мойланганлар етказаётган хабарни қабул қилаётган миллионлаб инсонларни билдиради (Юҳанно 10:16).
63:5 — Қандай қилиб Худонинг ғазаби Уни қўллаб-қувватлайди? Аллоҳнинг ғазаби — бу жилови йўқ ҳис-туйғу эмас. Худонинг ғазаби Уни қўллаб-қувватлаб, адолатли ҳукмларини амалга оширишга ундайди.
Хулосалар:
64:6. Номукаммал инсонлар ўзларини қутқара олишмайди. Гуноҳларни кечиришга келсак эса, одамларнинг ҳатто эзгу ишлари ҳам кир бўлган кийимдан афзал эмас (Римликларга 3:23, 24).
65:13, 14. Яҳова садоқатли хизматчиларини маънан тўйғазиб, барака бермоқда.
66:3–5. Яҳова иккиюзламачиликдан нафратланади.
Шодлан эй халқ
Тикланиш тўғрисидаги башорат, Бобил асирлигида бўлган садоқатли яҳудийларга нақадар тасалли берган! Ушбу башоратда Яҳова халқини шодланишга даъват этиб, Қуддус қайта тикланишига ишонтирган (Ишаё 65:18).
Бугун биз ҳам ерни қоронғулик, халқларни эса зулмат қоплаган вақтда яшаяпмиз (Ишаё 60:2). Дарҳақиқат, ҳозир «оғир вақтлар» келган (2 Тимўтийга 3:1). Шу сабабли, Ишаё китобидаги Худонинг нажот бериши ҳақидаги хабар, биз учун улкан далда беради (Ибронийларга 4:12).
[Изоҳ]
a Ишаё 1:1–35:10- оятлари 2006- йил, 1- декабр сонидаги «Қўриқчи минораси»нинг «Ишаё китобининг диққатга сазовор оятлари (1- қисм)» номли мақоласида муҳокама қилинганди.
[4- саҳифадаги расм]
Шоҳ Ҳизқиё оссурияликлардан халос этиш тўғрисида ибодат қилганида, кўпроқ нима ҳақда ташвишланганини биласизми?
[7- саҳифадаги расм]
Тинчлик Хушхабарини келтирган оёқлар нақадар гўзалдир!