Яҳованинг Каломи жонли
Йўэл ва Амос китобларининг диққатга сазовор оятлари
ЙЎЭЛ ПАЙҒАМБАР ўзи ҳақида фақатгина Петуилнинг ўғли эканлиги тўғрисида айтган (Йўэл 1:1). Йўэлнинг китобида Худонинг хабарларидан ташқари бошқа ҳеч нарса ёзилмаган. Ҳатто бу китобнинг ёзилган пайтини фақат тахминан аниқлашимиз мумкин. Эҳтимол у, Уззиё Яҳудияда шоҳлик қилаётганига тўққиз йил бўлганидан сўнг, яъни мил. авв. 820- йилда ёзилган бўлиши мумкин. Нима учун Йўэл ўзи ҳақида деярли ҳеч нарса баён этмаган? Сабаби, у диққатни ўзига эмас, балки етказаётган хабарига қаратмоқчи бўлган.
Бундан ташқари, шоҳ Уззиё даврида Яҳудияда яшайдиган Амос исмли киши пайғамбар қилиб тайинланган. Амос чўпонлик қилган ва шикамора анжир дарахтларини парвариш қилган (Амос 7:14). Яҳудияда башорат қилган Йўэлдан фарқли равишда, Амос ўн қабилали Исроил шоҳлигига юборилган эди. Амос китоби жонли ва содда услубда ёзилган. Пайғамбар қарийб мил. авв. 804- йилда Яҳудияга қайтганидан сўнг уни ёзиб тугатган.
ЯҲОВАНИНГ ҲУКМ КУНИ ЯҚИНЛАШИБ ҚОЛДИ!
Йўэл ваҳийда капалак қуртлари, чигирткалар ва суваракларнинг ёпирилишини кўрган. Улар кучли халқ ва бақувват кишилар каби тасвирланган (Йўэл 1:4; 2:2–7). Йўэл ҳалокатли кун яқинлашиб қолганидан ғам чекяпти (Йўэл 1:15). Яҳова Сион аҳолисини Унга қайтишларига ундаяпти. Агар улар шундай йўл тутишса, Яҳова раҳм-шафқат кўрсатиб, шимолдан ёпирилиб келган ҳашаротлардан қутқаради. Бироқ маҳшар куни келишидан олдин, Яҳова Ўз руҳини барчанинг устига ёғдиради ва кўкда ҳамда ерда аломатлар кўрсатади (Йўэл 2:12, 18–20, 28–31).
Қўшни халқлар омочларидан қилич, ўроқларидан найза ясаб, жангга тайёр бўлишга даъват қилиняпти. Улар Ёҳушафат водийсига чиқишлари лозим. У ерда уларни ҳукм қилиб, эзиб ташлашади. Яҳудия эса абадий яшайди (Йўэл 3:10, 12, 20).
Саволларга жавоблар:
1:15; 2:1, 11, 31; 3:14 — Яҳованинг куни ўзи нима? Бу, Яҳованинг душманларига чиқарилган ҳукмларнинг амалга ошиш пайтидир. Ушбу кун душманлар учун ҳалокатни, Худонинг хизматчилари учун эса нажотни англатади. Мисол учун, мидияликлар ва форслар қадимги Бобилни мил. авв. 539- йили босиб олишганида, бу юртнинг бошига шундай кун тушган (Ишаё 13:1, 6). «буюк Бобил», яъни сохта дин империяси устидан чиқарилган Яҳованинг ҳукми амалга ошиш куни ҳам яқинлашиб қолди (Ваҳий 18:1–4, 21).
2:1–10, 28 — Ҳашаротларнинг ёпирилиши ҳақидаги башорат қандай бажарилди? Йўэл китобидан ташқари, Худо Каломининг бошқа ҳеч бир китобида Канъон юртига ҳашаротлар ҳужум қилгани тўғрисида айтилмаган. Шу сабабли, Йўэл китобидаги ҳашаротларнинг ёпирилиши, милодий 33- йилда Яҳова Таоло Исонинг илк издошларига муқаддас руҳ ёғдирганининг рамзи бўлган. Ўшанда улар дин пешволарини қийноққа солувчи хабарни етказишган (Ҳаворийлар 2:1, 14–21; 5:27–33). Биз ҳам бундай фаолиятда иштирок этиш шарафига эгамиз.
2:32 — Яҳованинг исмини чақириш нимани англатади? Бу, Аллоҳнинг исмини билиш, уни чуқур ҳурмат қилиш ва бу исм эгасига таянишни англатади (Римликларга 10:13, 14).
3:14 — Ҳукм қилиш водийси нимани билдиради? Бу, Яҳованинг ҳукми бажариладиган рамзий жойдир. Яҳудия шоҳи Ёҳушафатнинг исми «Яҳова ҳукм қилади», деган маънога эга. У ҳокимлик қилган даврида, Худо Яҳудияни қўшни халқларнинг ҳужумидан халос этган. Шунинг учун бу ер Ёҳушафатнинг водийси деб аталади (Йўэл 3:2, 12). Бугунги кунда ҳукм қилиш водийси мажозий ҳудудни тасвирлайди. У ерда халқлар, узум исканжада эзилгани каби йўқ қилинади (Ваҳий 19:15).
Хулосалар:
1:13, 14. Нажот топиш учун чин дилдан тавба қилиб, Яҳовани Ҳақ Худо, деб тан олиш лозим.
2:12, 13. Ҳақиқий тавба-тазарру юракдан чиқади. Бу кийимни эмас, балки рамзий маънода қалбни йиртишни англатади.
2:28–32. Фақат Яҳованинг исмини чақирганларгина, Унинг улуғвор ва қўрқинчли кунида нажот топадилар. Яҳова Ўз руҳини барчанинг устига ёғдираётганидан нақадар хурсандмиз. Натижада ёшу қари, эркагу аёл «Худонинг улуғ ишлари»ни эълон қилмоқда (Ҳаворийлар 2:11). Ҳозир Яҳованинг ҳукм қилиш куни яқинлашиб қолган экан, уни «муқаддас юриш-туриш, диёнат билан кутиш» керак эмасми? (2 Бутрус 3:10–12).
3:4–8, 19. Йўэлнинг башоратига кўра, Яҳудия атрофидаги халқлар, Худонинг танланган халқи билан ёмон муносабатда бўлганлиги учун жавобгарликка тортилади. Бу башорат, Бобил шоҳи Навухадназар Тир шаҳрининг қуруқликда жойлашган қисмини вайрон қилганида амалга ошди. Кейинчалик Искандар Зулқарнайн шаҳарнинг оролдаги қисмини бостириб олганида, минглаб аскарлар ва атоқли кишилар ўлдирилиб, 30 минг аҳолиси эса қулликка сотиб юборилган эди. Искандар ва унинг ворислари филистлар билан ҳам, худди шундай муносабатда бўлишган. Мил. авв. IV асрга яқин, Эдом ҳам харобага айланди (Малахи 1:3). Бу башоратларнинг амалга ошгани, Яҳова Таоло Ўз ваъдаларини ҳамиша бажаришида имонимизни мустаҳкамлаяпти. Шунингдек бундан, Яҳованинг хизматчиларини тақиб қилаётган халқлар билан У қандай йўл тутишини кўриш мумкин.
3:16–21. Осмону ер ларзага келиб, халқлар Худонинг қаҳрига учрайдилар. Бироқ Яҳова хизматчиларини Ўз паноҳида асраб, жаннатда абадий ҳаётни ато этади. Яҳованинг ёвуз дунё устидан ҳукмлари амалга ошиш куни яқинлашиб қолган экан, Аллоҳга содиқ қолиш қароримизда қатъий туришимиз керак эмасми?
ХУДОВАНДИНГИЗНИ КУТИБ ОЛИШГА ТАЙЁР БЎЛИНГ
Амоснинг Яҳудо ва Исроилга ҳамда қўшни халқларга айтадиган хабари бор. Сурия, Филистия, Тир, Эдом ва Мўаб Худонинг халқига ёмон муносабатда бўлганлари учун вайрон қилинадилар. Яҳудияликлар Яҳованинг қонунларини рад этишгани учун жазоланади (Амос 2:4). Ўн қабилали Исроил шоҳлигини эса нима кутяпти? У камбағалларни сиқиб, ахлоқсизлик ва Худо юборган пайғамбарларга ҳурматсизлик қилган. Амос пайғамбар, Яҳова Байтил шаҳридаги қурбонгоҳларни, қишки ва ёзги уйларни йўқ қилиши ҳақида огоҳлантирмоқда (Амос 3:14, 15).
Бутпарастликка берилиб кетган Исроил халқи кўп маротаба жазоланишига қарамай, барибир ўжарлигича қолди. Амос уларни Худовандни кутиб олишга тайёр бўлишга чорламоқда (Амос 4:12). Исроилликлар учун Яҳованинг куни, Дамашқнинг нарисига, яъни Оссурияга сургун қилинишни англатади (Амос 5:27). Амос Байтил шаҳри руҳонийларининг қаршилигига дуч келган бўлса-да, орқага чекинмади. Яҳова Таоло Амосга Исроилнинг якуни келгани ва бу халқни бошқа кечирмаслиги тўғрисида айтган (Амос 8:2). Улар Яҳованинг ҳукмидан на тоққа чиқиб, на шеол, яъни ўликлар диёрида беркина оладилар (Амос 9:2, 3). Бироқ бунга қарамай, қайта тикланиш ҳақида ваъда бериляпти. Яҳованинг Исроил халқини қулликдан қайтариш нияти бор. Улар ҳувиллаб қолган шаҳарларни қайта қуриб, боғу роғ барпо қилишади ва меваларидан баҳраманд бўлишади (Амос 9:14).
Саволларга жавоблар:
4:1 — Башан сигирлари билан ким тасвирланган? Башан ясси тоғлиги, Жалила кўлининг шарқида жойлашган бўлиб, зотли ҳайвонларни шу ҳисобда сигирларни етиштириш билан машҳур эди. Зеро уларнинг ҳудудида серўт яйловлар бўлган. Амос, самариялик танноз аёлларни Башан сигирлари билан таққослаяпти. Шак-шубҳасизки, улар фаровон ҳаёт кечириш учун эрларини камбағалларни алдашга мажбурлашган.
4:6 — Тоза тишлар деган ибора нимани англатади? Нон танқислиги ифодасини эътиборга олсак, бу ибора очарчилик даврида овқат йўқлиги дастидан тишлар топ-тоза бўлганига ишора қилади.
5:5 — Қайси маънода исроилликлар Байтилни изламасликлари керак бўлган? Шоҳ Ерибом, Байтил шаҳрида бузоқ ўрнаштириб, халқни унга сажда қилишга оғдирди. Шу пайтдан бошлаб, бу шаҳар сохта топиниш марказига айланди. Гилгал ва Бэршэва шаҳарлари ҳам муртадликка берилди. Исроил халқи башорат қилинган ҳалокатдан қочиб қутулиши учун бу жойларга бориб зиёрат қилишни бас қилиб, Яҳовага қайтишлари лозим эди.
7:1 — Шоҳ ўрими деган ибора нимани ифодалайди? Эҳтимол бу оятда, шоҳ ўз чавандозлари ва ҳайвонларини боқиш учун йиққан солиқ ҳақида гап кетаётган бўлиши мумкин. Бу солиқ, кечки экин униб чиққанидан кейин тўланиши талаб этилган. Бундан сўнг одамлар ўз ҳосилларини йиғиб олишлари мумкин бўлган. Лекин улар солиқни тўлашлари биланоқ, чигирткалар тўдаси ёпирилиб келиб, ҳосилни ва бошқа ўсимликларни еб битирган.
8:1, 2 — Ёз мевалари билан тўлдирилган сават нимани билдирарди? Бу, Яҳованинг ҳукм куни яқинлигига ишора этарди. Ёзги меваларни одатда йиғим-терим мавсумининг якунида теришарди. Яҳова Амосга ёз меваларига тўлдирилган саватни кўрсатгани, Исроилнинг сўнгги яқинлашиб қолганини ифодалаган эди. Шу сабабли Худо Амосга, Исроилнинг охирати келганини ва уни ортиқ кечирмаслигини айтди.
Хулосалар:
1:3, 6, 9, 11, 13; 2:1, 4, 6. Худованд Яҳова, Исроил ва унинг атрофидаги олтита халққа нисбатан ҳукмлари амалга ошмагунча қаҳридан тушмаслигини айтди. Зеро Яҳованинг ҳукмларидан қочиб қутулиб бўлмайди (Амос 9:2–5).
2:12. Кашшофлар, кўчма нозирлар, тўла вақтли махсус ваъзгўйлар ва байтилчиларни ўз хизматларини қолдириб, одатий ҳаётга қайтишга ундаб, ғайратларини сўндирмаслигимиз лозим. Аксинча, уларни бундай хайрли ишларини давом эттиришга рағбатлантиришимиз даркор.
3:8. Шернинг бўкириши одамни қўрқувга солмай қўймагани каби, Яҳованинг халқига башорат қилиш ҳақидаги буйруғи ҳам Амосни ваъз қилишга ундади (Амос 7:15). Худотарслик бизни ҳам, хушхабарни ғайрат ила ваъз қилишга рағбатлантиради.
3:13–15; 5:11. Амос оддий бир чўпон бўла туриб, бойлигидан кеккайиб кетган одамларга Яҳованинг мадади билан ваъз қила олган. Шунга ўхшаб, Яҳова бизни ҳам хушхабарни ваъз қилиш осон бўлмаган ҳудудда воизлик қилишга тайёрлаши мумкин.
4:6–11; 5:4, 6, 14. Исроилликлар Яҳовага қайтишни хоҳлашмаганди. Бироқ бунга қарамай, агар улар Аллоҳнинг йўлига қайтишса, жонлари тирик қолиши ҳақида огоҳлантирилган эдилар. Тангри Яҳова бу ёвуз дунёга нисбатан сабр қилаётган экан, келинг, одамларни Худога мурожаат қилишларига даъват этайлик.
5:18, 19. Яҳованинг кунини тайёр бўлмасдан кутиш оқилона эмас. Бундай йўл тутган киши, шердан қочиб кетаётиб тўсатдан айиққа йўлиққан, айиқдан энди қочиб қутулдим деганида, илон чақиб ўлдирган одам кабидир. Шу сабабли, Яҳованинг кунини кутиб, маънан ҳушёр бўлсак, доно йўл тутган бўламиз (Луқо 21:36).
7:12–17. Аллоҳнинг хабарини эълон этаётиб, жасоратли бўлишимиз даркор.
9:7–10. Исроилликлар, Худога содиқ бўлган ва Мисрдан озод этилган ота-боболарининг авлодлари бўлишса-да, улар ўз бевафоликлари дастидан ҳабашлар каби Худога нолойиқ бўлиб қолишди. Юз-хотир қилмайдиган Худога маъқул келиш учун, бизнинг миллатимиз эмас, балки Ундан қўрқиб, тўғри иш тутишимиз муҳим (Ҳаворийлар 10:34, 35).
Биз нима қилишимиз керак?
Яҳованинг бу ёвуз дунёни ҳукм қилиш куни яқиндир. Бу кун ҳақида одамларни огоҳлантириш учун, Худо Ўз хизматчиларига муқаддас руҳни ато этган. Шундай экан, улар Яҳовани билиб, Унинг исмини чақиришлари учун қўлимиздан келганича ёрдам беришимиз керак эмасми? (Йўэл 2:31, 32).
Ниҳоят Амос ёвузликдан нафратланиб, яхшиликни севишга ва адолатли йўл тутишга чорламоқда (Амос 5:15). Яҳованинг ҳукм куни яқин экан, Худога яқинлашиб, бу ёвуз дунёдан ўзимизни четда тутсак, оқилона бўларди. Бунда бизга Йўэл ва Амос китобларидаги диққатга сазовор маслаҳатлар кўмаклашади (Ибронийларга 4:12).
[6- саҳифадаги расм]
Йўэл Яҳованинг ҳукм куни яқинлашиб қолгани ҳақида башорат қилган
[9- саҳифадаги расмлар]
Амос каби, биз ҳам жасорат ила хушхабарни ваъз қилишимиз лозим