15- БОБ
Меҳнатингиздан роҳат топинг
Ҳар ким... ўз меҳнатининг роҳатини кўриши керак экан. ВОИЗ 3:13
1–3. a) Аксарият ўз ишига нисбатан қандай нуқтаи назарда? б) Бу бобда қайси саволларни кўриб чиқамиз?
БУТУН ДУНЁ бўйлаб одамлар ўзини ва оиласини боқиш учун тер тўкиб меҳнат қилмоқда. Аксарият ўз ишини ёқтирмайди, баъзилар эса ҳар куни ишга боришини ўйлаб қўрқади. Агар сиз ҳам шундай туйғуларни ҳис қилаётган бўлсангиз, ишингиздан мамнуният топишга нима ёрдам бериши мумкин? Қай йўсин ишингиздан қувонч топа оласиз?
2 Яҳова шундай демоқда: «Ҳар ким еб-ичиб, ўз меҳнатининг роҳатини кўриши керак экан. Бу — Худонинг инъомидир». (Воиз 3:13) Яҳова бизни ишлаш эҳтиёжи ва истаги билан яратган. У бажараётган ишимиздан хурсандчилик топишимизни хоҳлайди. (Воиз 2:24; 5:18 ни ўқинг.)
3 Хўш, ишимиздан мамнуният топишга нима ёрдам бера олади? Масиҳийлар қандай тоифадаги ишлардан қочиши керак? Қандай қилиб ишимиз ва Яҳовага топинишимиз ўртасида мувозанатли бўла олишимиз мумкин? Қайси иш ҳаммасидан ҳам муҳимроқ?
ИККИТА БУЮК МЕҲНАТКАШ
4, 5. Яҳова меҳнатга нисбатан қандай нуқтаи назарда?
4 Яҳованинг Ўзи меҳнат қилишни яхши кўради. Ибтидо 1:1 да: «Бошида Аллоҳ осмон билан ерни яратди»,— деб ёзилган. Худо ерни ва ундаги барча нарсани яратгач, ижодларига қараб «жуда яхши эканини» айтган. (Ибтидо 1:31) Яратувчимиз Ўз меҳнатининг маҳсулидан мамнуният ҳис қилган. (1 Тимўтийга 1:11)
5 Яҳова тиним билмай ишлайди. Исо: «Отам ҳанузгача меҳнат қилиб келяпти»,— деган. (Юҳанно 5:17) Гарчи Яҳованинг қилган барча яхши ишларини билмасак-да, баъзи ишларидан хабаримиз бор. У Ўғли Исо Масиҳ билан осмонда бошқарадиган инсонларни танламоқда. (2 Коринфликларга 5:17) Яҳова, шунингдек, одамларга ғамхўрлик қилиб, умумжаҳон ваъзгўйлик фаолиятини бошқармоқда. Бу туфайли миллионлаб инсонлар Яҳовани таниб-билиб, ер юзидаги жаннатда абадий яшаш умидига эга бўлишмоқда. (Юҳанно 6:44; Римликларга 6:23)
6, 7. Исо қандай ишчи бўлган?
6 Исо Отаси сингари меҳнат қилишни яхши кўради. Ер юзига келишидан аввал, Исо Худонинг қошида «моҳир ишчи» бўлиб, ердаги ва осмондаги барча нарсалар яратилишида иштирок этган. (Ҳикматлар 8:22–31; Колосаликларга 1:15–17) Ер юзида бўлганида ҳам Исо меҳнат қилишда давом этган. Ёшлигида у дурадгорлик ҳунарини пухта ўрганган. Эҳтимол, Исо уй учун стол-стул, тўсин ва эшиклар ясаган. Исо ўз ишининг устаси бўлгани туфайли, «дурадгор» сифатида танилган. (Марк 6:3)
7 Аммо ер юзидаги хизмати давомида Исо учун хушхабарни ваъз қилиш ҳамда одамларга Яҳова ҳақида таълим бериш энг муҳим иш бўлган. Уч ярим йиллик хизмати мобайнида у эрта саҳардан кечгача тиним билмай меҳнат қилган. (Луқо 21:37, 38; Юҳанно 3:2) Исо чанг кўчалардан юзлаб километр йўл юриб, имкон қадар кўпроқ инсонларга хушхабарни етказган. (Луқо 8:1)
8, 9. Нима учун Исо ўз ишидан завқ олган?
8 Исо учун Худонинг ишини бажариш овқатдек бўлган. Бу иш унга куч-қувват бахш этган. Шундай кунлар бўлганки, Исо кўп меҳнат қилганидан овқат ейишга вақти етмаган. (Юҳанно 4:31–38) У фурсатни қўлдан бой бермай, бошқаларга Отаси ҳақида таълим берган. Шу сабабли у Яҳовага мана шу сўзларни айта олган: «Сен менга топширган ишни ниҳоясига етказиб, ер юзида Сени шарафладим». (Юҳанно 17:4)
9 Кўриниб турганидек, Яҳова билан Исо жон куйдириб меҳнат қилишяпти ҳамда ўз меҳнатларидан хурсандчилик ва мамнуният топишяпти. Биз «Аллоҳга тақлид қилишни» ва «[Исонинг] изидан оғмай юришни» истаймиз. (Эфесликларга 5:1; 1 Бутрус 2:21) Шунинг учун тер тўкиб меҳнат қилишга ва нимаики қилсак ҳам бажонидил бажаришга интиламиз.
ИШИМИЗГА ҚАНДАЙ НУҚТАИ НАЗАРДАМИЗ?
10, 11. Ишимизга нисбатан ижобий нуқтаи назарда бўлишга нима ёрдам беради?
10 Яҳованинг халқи эканмиз, ўзимизни ҳамда оиламизни таъминлаш учун ишлашимиз керак. Ишимиздан қувонч топишни истаймиз, аммо бу осон эмас. Мабодо ишимиздан хурсандчилик топмаётган бўлсак, нима қилсак бўлади?
11 Ижобий нуқтаи назарни ривожлантиринг. Эҳтимол, вазиятимизни ўзгартира олмасмиз, аммо нуқтаи назаримизни ўзгартира оламиз. Бунда Яҳова биздан нимани кутаётганини тушуниш ёрдам беради. Мисол учун, Яҳова оила бошидан ўз кучидан келиб чиқиб оиласининг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишини кутади. Муқаддас Китобда айтилишича, оиласини таъминлашдан бош тортган киши «имонсиздан ҳам баттардир». (1 Тимўтийга 5:8) Оила боши бўлсангиз, оилангизни боқиш учун жон куйдириб меҳнат қилишингиз керак. Ишингиз сизга ёқадими ёки йўқми, оилангизни боқиш билан бирга сиз Яҳованинг кўнглини хушнуд қилаётганингизни унутманг.
12. Меҳнаткаш ва ҳалол бўлиш қандай фойда келтиради?
12 Меҳнаткаш ва ҳалол бўлинг. Шундай йўл тутишга интилсангиз, ишингиздан хурсандчилик топиш осон бўлади. (Ҳикматлар 12:24; 22:29) Боз устига иш берувчи сизга кўпроқ ишонади. Иш берувчилар ҳалол ишчиларни қадрлайди. Чунки бундай ишчилар пул, нарса ҳамда вақтни ўғирламайди. (Эфесликларга 4:28) Энг муҳими эса, Яҳова меҳнаткаш ва ҳалол эканингизни кўриб турибди. Пок виждонга эга бўлганингиздан ҳамда Худонинг кўнглини хушнуд қилаётганингиздан беқиёс мамнуният топасиз. (Ибронийларга 13:18; Колосаликларга 3:22–24)
13. Ҳалол бўлиш яна қандай натижа келтиради?
13 Шуни билингки, ишхонадаги яхши хулқ-атворингиз Яҳовага шараф келтиради. Бу эса ишимиздан хурсандчилик топиш учун яна бир сабабдир. (Титусга 2:9, 10) Эҳтимол, яхши хулқингиз ҳамкасбларингиздан бири Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашига туртки бўлар. (Ҳикматлар 27:11; 1 Бутрус 2:12 ни ўқинг.)
ҚАНДАЙ ИШНИ ТАНЛАШИМ КЕРАК?
14–16. Иш танлаётганда нимани эътиборга олишимиз керак?
14 Муқаддас Китобда масиҳийларга мумкин ёки мумкин бўлмаган ишлар рўйхати келтирилмаган. Аммо у ерда иш масаласида тўғри қарор қабул қилишга ёрдам берувчи принциплар бор. (Ҳикматлар 2:6) Мазкур илоҳий принциплардан фойдаланиб, қуйида келтирилган саволларни ўзимизга берсак бўлади.
15 Танлаётган ишим Яҳова нотўғри деб билган нарсани қилишга мажбурламайдими? Яҳова ўғирлик ҳамда ёлғон гапириш каби ишлардан нафратланишини билиб олдик. (Чиқиш 20:4; Ҳаворийлар 15:29; Эфесликларга 4:28; Ваҳий 21:8) Шундай экан, Яҳованинг меъёрларига зид бўлган ҳар қандай ишдан қочамиз. (1 Юҳанно 5:3 ни ўқинг.)
16 Танлаётган ишим Яҳова қоралайдиган нарсалар билан бевосита ёки билвосита боғлиқ эмасми? Мисол учун, сизга тамаки сотадиган дўконда иш таклиф қилишса қандай йўл тутасиз? Тўғри, сотувчи бўлиб ишлашнинг ёмон жойи йўқ. Аммо сиз чекиш борасида Яҳованинг нуқтаи назарини биласиз-ку! Гарчи шахсан ўзингиз тамаки чекмасангиз-да, бошқаларни танани булғайдиган ишни қилишга ундаган бўлмайсизми? (2 Коринфликларга 7:1)
17. Худога маъқул қарорлар чиқаришимизга нима ёрдам бера олади?
17 Илоҳий принциплардан фойдалансак, Ибронийларга 5:14 даги инсонлар сирасига кирамиз. Яъни биз «зеҳнини ишга солиш орқали яхшини ёмондан ажратишга ўрганган етук киши» бўламиз. Ўзингиздан шундай сўранг: «Бу ишга кўнсам бошқаларни қоқинтириб қўймайманми? Бу иш дастидан турмуш ўртоғимни ҳамда фарзандларимни қолдириб бошқа мамлакатга боришга мажбур бўлмайманми? Бу уларга қандай таъсир қилади?»
«ҚАЙСИ НАРСАЛАР МУҲИМРОҚ ЭКАНИНИ ФАРҚЛАНГ»
18. Нега нигоҳимизни топинишга қаратиш қийин кечиши мумкин?
18 «Ниҳоятда оғир вақтларда» яшаётганимиз учун Яҳовага топинишимизни биринчи ўринга қўйиш қийин бўлиши мумкин. (2 Тимўтийга 3:1) Иш топиш ва уни сақлаб қолиш мушкул. Биз оиламизга ғамхўрлик қилишимиз керак, аммо топинишимизни биринчи ўринга қўйиш муҳимлигини тушунамиз. Моддий нарсалар ҳаётимизда устувор ўринни эгаллашини истамаймиз. (1 Тимўтийга 6:9, 10) Унда қандай қилиб «қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқлаб», шу билан бирга оиламизни таъминлай оламиз? (Филиппиликларга 1:10)
19. Яҳовага таяниш ишимизга нисбатан мувозанатли бўлишга қандай кўмаклашади?
19 Яҳовага тўлиқ ишонинг. (Ҳикматлар 3:5, 6 ни ўқинг.) Яҳова нимага муҳтож эканимизни аниқ билишига ҳамда биз ҳақимизда қайғуришига аминмиз. (Забур 37:25; 1 Бутрус 5:7) Унинг Каломида шундай ёзилган: «Пулпарастликдан холи кун кечиринглар. Борига шукур қилинглар, чунки Худонинг Ўзи: “Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман”,— деган». (Ибронийларга 13:5) Сиз: «Оиламни қандай боқаман?» — деб ташвишланишингизни Яҳова истамайди. У қайта-қайта Ўз хизматчиларининг эҳтиёжини қондиришини кўрсатяпти. (Матто 6:25–32) Ишхонамизда вазият қандай бўлмасин, Худонинг Каломини мунтазам равишда ўрганишга, хушхабарни ваъз қилишга ҳамда йиғилишларни қолдирмасликка ҳаракат қиламиз. (Матто 24:14; Ибронийларга 10:24, 25)
20. Қай йўсин содда ҳаёт кечира оламиз?
20 Кўзингиз бир нарсага қаратилган бўлсин. (Матто 6:22, 23 ни ўқинг.) Ушбу ундов диққатингизни Яҳовага хизмат қилишга қаратиш учун содда ҳаёт кечириш кераклигини англатади. Пул, қулай ҳаёт тарзи ёки сўнгги русумдаги электрон воситалар Яҳова билан дўстлигимиздан устун туришига йўл қўйиш нодонлик бўларди. Шундай экан, муҳим нарсаларни биринчи ўринга қўйишимизга нима ёрдам беради? Қўлимиздан келганча, қарзга ботиб қолмасликка ҳаракат қилишимиз керак. Борди-ю, қарзингиз бўлса, уни камайтириш ёки ундан қутулиш учун амалий режа тузинг. Агар ҳушёр турмасак, моддий нарсалар кўп вақт ҳамда кучимизни олиб қўяди. Оқибатда ибодат қилишга, тадқиққа ҳамда ваъзгўйликка вақтимиз қолмайди. Моддий нарсалар ҳаётимизни қийинлаштиришига йўл қўймайлик, аксинча, «егулик [ва] кийим» каби асосий нарсалар билан қаноат қилишни ўрганайлик. (1 Тимўтийга 6:8) Вазиятимиз қандай бўлмасин, Яҳовага кўпроқ хизмат қилиш учун шароитимизни вақти-вақти билан кўриб чиқсак оқилона бўларди.
21. Нега ҳаётимизда нималар биринчи ўринда туриши кераклигини аниқлаб олишимиз керак?
21 Муҳим нарсаларни устун қўйинг. Вақт, куч ва моддий нарсаларимиздан донолик ила фойдаланишимиз керак. Агар эътиборли бўлмасак, бебаҳо вақтимизни унча муҳим бўлмаган нарсалар, жумладан, олий маълумотга эга бўлиш ёки пул ишлашга сарфлашимиз мумкин. Исо шундай деган: «Худонинг Шоҳлиги... ҳаётингизда ҳамиша биринчи ўринда бўлсин». (Матто 6:33) Танловимиз, одатларимиз, кундалик ишларимиз ҳамда мақсадларимиз қалбимизда нима биринчи ўринда эканини ошкор этади.
ЭНГ МУҲИМ ИШ
22, 23. a) Масиҳийларнинг энг муҳим иши қайси? б) Меҳнатимизнинг роҳатини кўришга нима кўмаклашади?
22 Яҳовага хизмат қилиш ва одамларга хушхабарни айтиш ҳаётимизда энг муҳим ўринни эгаллайди. (Матто 24:14; 28:19, 20) Исо сингари биз ҳам бу ишни сидқидилдан бажаришни истаймиз. Айримлар ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойга кўчиб ўтишади. Баъзилар эса бошқа тилни ўрганиб, ўша тилда сўзлайдиган инсонларга ваъз қилишади. Мана шундай имондошлар билан суҳбатлашиб, улардан хизматлари ҳақида сўранг. Улар сизга ҳаётлари янада бахтли ва мазмунли бўлганини айтиб беришади. (Ҳикматлар 10:22 ни ўқинг.)
23 Бугунги кунда кўпчилигимиз оиламизнинг асосий эҳтиёжларини қондириш учун ҳатто бир нечта жойда ишлашимизга тўғри келяпти. Яҳова буни билади ва оиламизни боқиш учун қилаётган хатти-ҳаракатларимизни қадрлайди. Шунинг учун, келинг, қандай тоифадаги ишни бажармайлик, Яҳова билан Исога тақлид қилиб меҳнатсевар бўлайлик. Қолаверса, Яҳовага хизмат қилиш ва Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш энг муҳим иш эканини унутмайлик. Зеро, бу ҳақиқий бахтнинг калити.