БЕШИНЧИ БОБ
Фарзандни гўдаклигиданоқ тарбияланг
1, 2. Фарзандларни тарбиялаш масаласида ота-оналар кимга мурожаат қилишлари даркор?
ҚАРИЙБ 3000 йил муқаддам битта миннатдор ота: «Мана ўғиллар — Худованд берган насиба»,— деб айтган эди (Забур 126:3). Шубҳасизки, ота-она бўлиш қувончи — Худонинг қимматбаҳо мукофотидир. Бироқ, фарзанд кўрган ота-оналар бу, нафақат қувонч бахш этишини, балки масъулият юклашини тан олишади.
2 Айниқса бугунги кунда болаларни тарбиялаш жуда қийин. Лекин бунга қарамай кўп ота-оналар буни уддалай олишяпти. Бунинг сабаби Забурда: «Агар уйни Худованд қурмаса, қурувчилар бекорга ишлайди»,— деб тушунтирилган (Забур 126:1). Шунинг учун, агар ота-оналар Худованд Яҳованинг қонун-қоидаларига риоя қилишса, вазифаларни бажаришда муваффақиятга эришадилар. Тавротда: «Ўз ақл-идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон»,— деб тавсия этилган (Ҳикматлар 3:5). Хўш, фарзандларни тарбиялашда Яҳованинг маслаҳатига риоя қилишни хоҳлармидингиз?
МУҚАДДАС КИТОБ НУҚТАИ НАЗАРИНИ ЭЪТИБОРГА ОЛИНГ
3. Болаларни тарбиялашда оталарга қандай масъулият юкланган?
3 Дунё бўйлаб кўплаб оилаларда эркаклар, фарзандларни тарбия қилиш хотинларнинг вазифаси деб, ўйлашади. Тўғри, Муқаддас Китоб эркак киши оиланинг боқувчиси эканлигини тасдиқлайди. Шунингдек унда эрнинг оилада ҳам вазифалари бор, деб айтилади. Масалан у ерда: «Ташқаридаги юмушингни бажар, даладаги барча ишларингни тартибга сол, кейин уйингни қургин»,— деган сўзларни ўқиймиз (Ҳикматлар 24:27). Худонинг нуқтаи назарида ота ва она бола тарбиялашда ҳамкорлар ҳисобланади (Ҳикматлар 1:8, 9).
4. Нима учун ўғил болани қиз боладан устун қўймаслик керак?
4 Хўш, фарзандларингизга қандай қарайсиз? Масалан ҳисоботларга кўра, Осиёда «ота-она қиз боланинг туғилишидан суюнишмайди». Худди шундай вазият Лотин Американинг ҳатто «зиёли оилаларда» ҳам кузатилмоқда. Бундан кўриниб тургандай, қизларни иккинчи даражали инсонлар, деб билишади. Лекин бобокалонимиз Ёқуб барча ўғил-қизлари ҳақида: «Худо эҳсон қилган болалардир»,— деб айтган (Ибтидо 33:1–5; 37:35). Бунга ўхшаб Исо алайҳиссалом ҳам олдига келган барчани, хоҳ ўғил бола, хоҳ қиз бола бўлсин дуо қилганини ўқиймиз (Матто 19:13–15). Яҳова Таоло ҳам худди шундай нуқтаи назарга эга эканлигига аминмиз (Амрлар 16:14).
5. Ота-оналар нечта фарзанд кўришда нимага асосланишлари керак?
5 Халқимизда кўп бола кўриш одат бўлиб келган. Тўғри, нечта бола кўришни эру хотин ўзлари ҳал қилишлари лозим. Бироқ уларни кийинтириш, боқиш ва таълим беришига ота-онанинг қурби етмаса-чи? Албатта, улар буни бола кўришдан аввал эътиборга олишлари керак. Масалан, баъзи оилалар ҳамма фарзандларига ғамхўрлик қила олмай, айримларини қариндошларига топширишади. Бундай қилиш тўғри бўлармиди? Очиғини айтганда, йўқ. Чунки бу, ота-онани фарзандларига нисбатан бўлган бурчидан озод этмайди. Худонинг Каломида: «Ким ўз қавм-қариндошлари, хусусан оила аъзолари ҳақида ғамхўрлик қилмаса, у имонни инкор этган, имонсиздан ҳам баттар ҳисобланади»,— деб айтилган (1 Тимўтийга 5:8). Ўз вазифаларига масъулият билан қарайдиган умр йўлдошлар «оила аъзолари ҳақида ғамхўрлик» қила олиш учун, уларнинг сонини олдиндан режалаштириб қўйишади. Унда турмуш ўртоқлар ҳомиладорликдан сақланиш воситаларидан фойдаланишлари мумкинми? Бу ҳам уларнинг шахсий ишлари, лекин эру хотин сақланиш воситаларидан фойдаланиш қарорига келган тақдирда ҳам, қайси услубни танлаши ҳам ўзларига боғлиқ. «Зотан ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши лозим» (Галатияликларга 6:5). Аммо абортнинг ҳар қандай усулини ўз ичига олувчи сақланиш воситалари, Муқаддас Китоб қонунларига зид. Зеро Яҳова Таоло — «ҳаёт манбаидир» (Забур 35:10). Шу сабабли пайдо бўлган ҳаётни ўлдириш — Тангри Яҳовага нисбатан ўта ҳурматсизлик бўлиб, қотиллик ҳисобланади (Чиқиш 21:22, 23; Забур 138:16; Еремиё 1:5).
ФАРЗАНДИНГИЗНИНГ ЭҲТИЁЖИНИ ҚОНДИРИНГ
6. Фарзанднинг тарбиясини қачон бошлаш лозим?
6 Муқаддас Китобда бундай дейилган: «Болани тўғри йўлга солиб тарбияла» (Ҳикматлар 22:6). Болани тарбиялаш ота-онанинг муҳим вазифаларидан биридир. Хўш, тарбияни қачон бошлаш керак? Бешикдан деса бўлади. Масалан ҳаворий Павлус, Тимўтийни «болалигиданоқ» Муқаддас Ёзувларга ўргатишган, дея ёзган эди (2 Тимўтийга 3:15). Бу ерда ишлатилган юнонча сўз чақалоққа ёки ҳали туғилмаган болага тегишли (Луқо 1:41, 44; Ҳаворийлар 7:18–20). Демак Тимўтийга туғилганиданоқ тарбия беришган, ва бу билан тўғри йўл тутишган. Болалик — фарзандни тарбиялашнинг энг қулай пайтидир. Ҳатто чақалоқлар ҳам билимга чанқоқ бўлишади.
7. а) Нимага ота-она иккови ҳам бола билан яқин муносабатларни ривожлантиришлари керак? б) Яҳова Ўз ўғлим деб атаган илк ижоди билан қандай муносабатда бўлган?
7 Битта она: «Мен боламга бир кўришдаёқ меҳр қўйган эдим»,— деб айтди. Кўп оналар унинг гапига қўшилишади. Она фарзанди билан вақт ўтказган сари, уларнинг орасидаги меҳр ортиб боради. Эмизиш пайтларида эса, улар бир-бирига янада яқинлашишади (1 Салоникаликларга 2:7- оятни солиштиринг). Онанинг гўдагини суйиб эркалашлари, шунингдек у билан гаплашиши боланинг ҳиссий эҳтиёжларини қондиради (Ишаё 66:12). Ота ҳақида эса нима дейиш мумкин? У ҳам чақалоққа меҳр кўрсатиши лозим. Парвардигоримиз Яҳова бунда энг яхши ўрнак бўла олади. Масалан, Тангри Яҳова яратган илк ижоди, Исога жуда қаттиқ севги боғлади. Бунга жавобан Исо самовий Отаси ҳақида қуйидаги сўзларни айтган: «Эгамиз... Ўз ишларининг бошида Менга эга эди. Мен Унинг... қошида кундан-кунга завқланиб, доимо қувонардим» (Ҳикматлар 8:22, 30; Юҳанно 1:14). Шу сингари, яхши ота ҳам боласи туғилиши биланоқ, унга бўлган меҳр-муҳаббатини ривожлантиради. Масалан бир ота шундай маслаҳат беради: «Меҳрингизни аяманг. Эркалашлардан ва ўпишлардан ҳали ҳеч бир бола ўлмаган».
8. Ота-она фарзандни болалигиданоқ тарбиялаганда, нимани эътиборга олиши даркор?
8 Аммо болалар кўпроқ нарсаларга муҳтож. Бола туғилиши биланоқ унинг мияси маълумотни қабул қилиб, эслаб қолишга қодир ва билимнинг манбаи асосан ота-она бўлади. Мисол учун, тилни олайлик. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, фарзанд гапиришни ва ўқишни қанчалик тез ўрганиши, «болалигиданоқ ота-онаси билан бўлган муносабатига чамбарчас боғлиқ». Фарзандингиз билан болалигиданоқ гаплашинг ва унга китоблар ўқиб туринг. Вақт ўтган сари у сизга тақлид қилишни бошлайди; кейин эса унга ўқишни ўргатасиз. Шунда у мактабга боришдан олдин ҳам ўқишни уддалай олади. Бу, айниқса ўқитувчилар кам бўлган мамлакатларда жуда фойдали.
9. Художўй ота-оналар нимани муҳим, деб билишади?
9 Художўй ота-оналар боланинг маънавий эҳтиёжларини қондиришни муҳим, деб билишади (Амрлар 8:3). Нима учун? Сабаби улар, фарзанди Исо Масиҳга ўхшаган бўлишини хоҳлашади. Шу йўсин улар боласига «янги табиатни ўзлаштиришда» ёрдам беришади (Эфесликларга 4:24). Бунинг учун ота-оналар керакли ашёлар ва услубларини қидиришлари керак.
ФАРЗАНДИНГИЗНИ ХУДОНИНГ АМРЛАРИГА ЎРГАТИНГ
10. Болаларда қандай фазилатларни ривожлантириш зарур?
10 Уйнинг мустаҳкамлиги қандай қурилиш ашёлари ишлатилганига боғлиқ. Ҳаворий Павлуснинг айтишича, «янги табиатни ўзлаштириш учун» энг сифатли ашёлар ‘олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлардан’ фойдаланиш лозим (1 Коринфликларга 3:10–12). Бу ашёлар рамзий маънода ишлатилган бўлиб имон, донолик, ақл-идрок, садоқат, ҳурмат ҳамда Яҳовага ва Унинг қонунларига бўлган миннатдорчилик каби фазилатларни билдиради (Забур 18:8–12; Ҳикматлар 2:1–6; 3:13, 14). Қандай қилиб ота-она фарзандига бундай фазилатларни болалигиданоқ ривожлантиришга кўмаклашади? Агар улар қуйидаги қадимий қонунга риоя қилишса.
11. Қандай қилиб қадимда художўй ота-оналар фарзандларига яхши фазилатларни ривожлантиришга ёрдам беришган?
11 Қадимда Яҳова Таоло танлаган халқини ваъда қилинган юртга киритишдан аввал, уларга қуйидаги сўзларни айтган эди: «Бугун Мен сизларга берган бу амрларни юрагингизда сақланг. Буларни болаларингизга ҳам ўргатинглар, уйда ўтирганда ҳам, йўлда юрганда ҳам, ётганингизда, турганингизда ҳам шулар ҳақида гапиринглар» (Амрлар 6:6, 7, ЯДТ). Ҳа, ота-оналар болаларига ўрнак кўрсатишлари, уларга дўст бўлиб мулоқот қилишлари ва таълим беришлари керак.
12. Нима учун ота-оналар болаларга ўрнак кўрсатишлари муҳим?
12 Ўрнак кўрсатинг. Худованд Яҳова олдин: «Бу амрларни юрагингизда сақланг»,— деб айтган. Сўнг эса давом этиб: «Буларни болаларингизга ҳам ўргатинглар»,— деди. Демак, бундай фазилатлар аввал ота-оналарнинг қалбида бўлиши даркор. Улар Худонинг қонунларини севиб, уларни амалда қўллашлари керак. Шундагина улар болаларнинг қалбини забт этишлари мумкин (Ҳикматлар 20:7). Бинобарин болаларга эшитишдан кўра, амалда кўриш кўпроқ таъсир қилади (Луқо 6:40; 1 Коринфликларга 11:1).
13. Қандай қилиб ота-оналар болаларига вақт ажратишда Исо Масиҳдан ўрнак олишлари мумкин?
13 Дўст бўлинг. Яҳова ота-оналарга: «Уйда ўтирганда ҳам, йўлда юрганда ҳам, ётганингизда, турганингизда ҳам шулар ҳақида гапиринглар»,— деб буюрган. Бунинг учун ота-оналар қанчалик банд бўлишмасин, болаларига вақт ажратишлари шарт эди. Шак-шубҳасизки, Исо алайҳиссалом ҳам болаларга вақт ажратиш кераклигини билган эди. Унинг ер юзидаги хизмати охирлаб бораётган пайтда, одамлар «Исонинг олдига болаларни келтиришарди». Хўш, у бунга қандай муносабатда бўлган эди? Исо пайғамбар «болаларни қучоқлаб, уларнинг пешаналарини силаб дуо қилди» (Марк 10:13, 16). Бир тасаввур қилинг-а, ҳаётнинг охирги дамлари ўтиб бораётган эди. Лекин бунга қарамай, у болаларга вақт ажратган. Нақадар яхши ўрнак!
14. Нимага ота-оналар болалари билан вақт ўтказишлари лозим?
14 Мулоқот қилинг. Агар болаларингиз билан вақт ўтказсангиз, мулоқот қилиш имкони пайдо бўлади. Фарзандлар билан қанчалик кўпроқ мулоқотда бўлсангиз, улар қандай феъл-атворли инсон бўлиб етишаётганини билиб оласиз. Аммо ёдингизда бўлсин, мулоқот бу шунчаки суҳбат эмас. Бразилиялик бир она: «Мен тинглашни, яъни қалб билан тинглашни ўрганишимга тўғри келди»,— деб бўлишди. Унинг ўғли ҳис-туйғуларини очишни бошлаганида эса, онанинг сабр-тоқати мукофотланди.
15. Дам олишга нисбатан нимани ёдда тутиш керак?
15 Болалар учун «кулишнинг ҳам... рақснинг ҳам ўз вақти» бўлиши керак экан, улар дам олишлари зарур (Воиз 3:1, 4; Закариё 8:5). Агар ота-оналар фарзандлари билан биргаликда дам олишса, бу вақт ҳам самарали ўтади. Афсуски, кўп оилаларда дам олиш телевизор кўришдан иборатдир. Тўғри, баъзи бир кўрсатувлар қизиқарли бўлса-да, лекин улардан аксарияти инсоннинг ахлоқини бузади; оила аъзоларини эса бир-биридан узоқлаштиради. Бунинг ўрнига фойдали нарсалар билан шуғулланса яхши бўларди. Масалан бунга ашула айтиш, ўйнаш, дўстлар билан мулоқот қилиш ва ҳузурбахш жойларга бориш киради. Бундай машғулотлар мулоқот қилишга рағбатлантиради.
16. Фарзандларга Тангри Яҳова ҳақида нимани ва қандай қилиб ўргатиш керак?
16 Таълим беринг. Худованд Яҳова: «Буларни [амрларни] болаларингизга ҳам ўргатинглар»,— деб айтган эди. Матн таркибидан нимани ва қандай қилиб ўргатиш кераклиги кўриниб турибди. Авваламбор, олдинги оятларда «Яҳовани бутун қалбингиз билан, бутун жонингиз билан ва бутун қувватингиз билан севинглар», дейилган (Амрлар 6:5, ЯДТ). Кейин эса «буларни [амрларни]... ўргатинглар»,— деб айтилган. Фарзандларингизга панд-насиҳат бериб, Яҳова Таолога ва Унинг қонунларига самимий севгини ривожлантиришга ҳаракат қилинг (Ибронийларга 8:10- оятни солиштиринг). «Ўргатинглар» деган сўз қайтадан такрорлаб тушунтиришни англатади. Шундай қилиб, ота-она болаларга яхши фазилатларни ривожлантиришга ёрдам беришнинг бир усули, улар билан қайта-қайта суҳбатлашиб, Тангри Яҳова ҳақида таълим беришдир. Бунга, болалар билан Муқаддас Китобни мунтазам равишда ўрганиш киради.
17. Ота-онага фарзандида нимани ривожлантиришига тўғри келиши мумкин? Нега?
17 Ота-оналарнинг кўпчилиги болаларнинг қалбини забт этиш қанчалик қийин эканини билишади. Ҳаворий Бутрус имондошларини: «Янги туғилган чақалоқ каби соф она сутини тусагандай, Худо каломини орзу қилинглар»,— деб ундаган (1 Бутрус 2:2). «Тусамоқ» деган сўз бирор нарсани жуда ҳам исташни англатади. Лекин афсуски кўпчиликнинг маънавий озуқага истаклари йўқ. Эҳтимол, ота-онага фарзандида бундай истакни ривожлантиришига тўғри келади.
18. Таълим беришида Исо алайҳиссаломнинг қайси услубларидан фойдаланиш мумкин?
18 Исо алайҳиссалом яққол мисолларни қўллаб, одамларнинг қалбларини забт этарди (Марк 13:34; Луқо 10:29–37). Фарзандларга таълим берганда, бундай усулни қўллаш фойдали. Болаларга Худонинг қонунларини тушунтирганда, «Муқаддас Китоб ҳикоялари»a каби сурати кўп бўлган адабиётларни қўллашингиз мумкин. Муҳокамангиз жонли бўлишига ҳаракат қилинг. Масалан, Муқаддас Китобдаги воқеаларнинг расмини чизиш ёки саҳналаштириб ўйнаб бериш орқали уларга ижодий қобилиятларни намоён этишга имкон беринг. Исо пайғамбар саволларни ҳам қўллаган (Матто 17:24–27). Оилавий тадқиқ ўтказганингизда унга тақлид қилинг. Мисол учун, Худонинг бирор бир қонунини шунчаки ўқиб беришнинг ўрнига, қуйидаги саволларни бериш мумкин: Нимага Парвардигоримиз Яҳова бизга бундай қонун берган? Нима учун унга риоя қилишимиз керак? Агар унга амал қилмасак нима бўлиши мумкин? Шу каби саволлар фарзандингизни мулоҳаза қилишга ҳамда Аллоҳнинг қонунлари фойдали ва амалий эканини тушунишга ёрдам беради (Амрлар 10:13).
19. Агар ота-оналар Худонинг қонунларига риоя қилишса, бу фарзандларига қандай фойда келтиради?
19 Агар сиз фарзандингизга ўрнак кўрсатсангиз, яқин дўсти бўлсангиз, у билан мулоқот қилишни ўргансангиз ва таълим берсангиз, унда унга болалигиданоқ Яҳова Таоло билан ўзаро муносабатга эга бўлишга ёрдам берасиз. Бундай муносабатлар туфайли болангиз бахтли одам бўлади. Ўшанда у ҳатто тенгдошларнинг таъсирига ва қийинчиликларга дуч келганда ҳам, ўз эътиқодига мувофиқ яшашга ҳаракат қилади. Шундай экан, фарзандингизга бундай муносабатларни қадрлашига доимо ёрдам беринг (Ҳикматлар 27:11).
ТАРБИЯНИНГ МУҲИМ ЎРНИ
20. Тарбиялаш дегани нима ва у қандай ифодаланади?
20 Тарбиялаш дегани, ақл ва қалбни тўғрилаб таълим беришдир. Болаларни доимо тарбиялаш керак. Ҳаворий Павлус оталарга: «Уларни [фарзандларингизни] Раббимизнинг таълим-тарбияси билан ўстиринглар»,— деб маслаҳат берган (Эфесликларга 6:4). Ота-оналар фарзандларини Тангри Яҳова каби меҳр-муҳаббат ила тарбиялашлари лозим (Ибронийларга 12:4–11). Меҳр-муҳаббат ила тарбиялаш, талабларни тушунтириб бериш билан ифодаланади. Шунинг учун Худо бизни ‘панд-насиҳатларни тинглашга’ ундайди (Ҳикматлар 8:33). Қандай қилиб болаларни тарбиялаш лозим?
21. Ота-оналар фарзандларини тарбиялашганда, нимани ёдда тутишлари керак?
21 Баъзи ота-оналар болаларга бақириб, урушиб, ёки ҳатто сўкишиб тарбиялашади. Бироқ ҳаворий Павлус: «Сиз, оталар, фарзандларингизнинг жаҳлини чиқарманглар»,— деб огоҳлантирарди (Эфесликларга 6:4). Шунингдек Муқаддас Китоб ‘ҳамма билан мулойим бўлиб... қарши турганларга юмшоқлик билан йўл-йўриқ беришга’ ундайди (2 Тимўтийга 2:24, 25). Художўй ота-оналар фарзандларни тарбиялаганда, қатъиятли бўлиш кераклигини англашса-да, юқоридаги сўзларни ёдда тутишади. Бироқ, гоҳида тушунтиришнинг ўзи етарли бўлмаса, ўшанда болага қандайдир жазо беришга тўғри келар (Ҳикматлар 22:15).
22. Агар болани жазолашга тўғри келса, унга нимани тушунтириш даркор?
22 Ҳамма болаларни ҳам бир хилда тарбиялаб бўлмайди. Баъзи болалар «сўз билан тарбияланмайди». Агар болаларни итоатсизлик учун гоҳида жазолаб туришса, ҳаётини сақлаб қолишлари мумкин (Ҳикматлар 17:10; 23:13, 14; 29:19). Лекин бола, уни нима учун жазолашганини албатта тушуниши керак. «Қамчи билан насиҳат ақл беради» (Ҳикматлар 29:15; Аюб 6:24). Бундан ташқари жазонинг ҳам ўз меъёри бор. Масалан Яҳова Таоло ҳам Ўз халқини, меъёрида жазолаган эди (Еремиё 46:28). Муқаддас Китоб, болани жаҳл билан калтаклаб, унинг соғлигига зарар етказишни қоралайди (Ҳикматлар 16:32).
23. Ота-она фарзандини тарбиялаганда, у нимани тушуниши керак?
23 Яҳова Ўз халқини жазолашдан олдин, қўрқмасликка ва улар билан бирга эканлигига ишонтирган эди (Еремиё 46:28). Шундай қилиб, ота-оналар қандай тарбиялаш усулларини қўллашларидан қатъий назар фарзанд ўзини камситилган ҳис қилмаслиги керак (Колосаликларга 3:21). Бунинг ўрнига бола, ота-онаси унинг тарафида эканлигини тушуниши керак.
ФАРЗАНДИНГИЗНИ ЁВУЗЛИКДАН ҲИМОЯ ҚИЛИНГ
24, 25. Охирги пайтда болалар учун хавф туғдираётган қандай ҳоллар мавжуд?
24 Кўпчилик болалик даврини қумсайди, чунки улар ота-онасининг ғамхўрлиги, ҳимояси остида катта бўлишган. Бугунги кунда ҳам ота-оналар фарзандлари худди шундай шароитда яшашларини хоҳлашади, бироқ замонамиз разиллашиб бораётгани сабабли, болаларни ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан ҳам қийин бўлиб кетган.
25 Охирги пайтда болаларнинг номусига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Масалан Малайзияда охирги ўн йил мобайнида бундай ҳоллар тўрт бараварга ошди. Германияда ҳар йили 300000 болалар бунинг қурбони бўлишяпти, Жанубий Америка давлатларининг бирида эса қарийб 9000000 болалар бундай даҳшатли зўравонликка дучор бўлишяпти! Қайғулиси шундаки, бу болаларнинг аксарияти ўз уйидагилардан, яъни яқин, ишонган одамларидан бу каби азиятни чекишмоқда. Аммо болаларда ишончли ҳимоячилари бўлиши керак, бу айнан ота-онадир. Қандай қилиб ота-она ўз фарзандини ҳимоялаши мумкин?
26. Фарзандларни хавф-хатардан сақлашнинг қандай усуллари бор, ва қандай билим болани ҳимоялаши мумкин?
26 Ҳаётий тажрибадан кўриниб тургандай, айниқса жинсий ҳаёт тўғрисида кам биладиган болалар номусга тажовуз қилаётганларнинг қурбони бўлишади. Шу сабабли, фарзандга ёшлигиданоқ бу нозик масалада билим бериш керак. Билим «ёмон йўлдан, ёвуз гапирадиганлардан асрайди» (Ҳикматлар 2:10–12). Бинобарин Муқаддас Китобнинг ахлоқий қонун-қоидалари, яъни нима яхши, нима ёмон эканлигини билиш ўта муҳимдир. Мисол учун, ота-она фарзандига, баъзи одамлар ёмон йўл тутишади ва агар шундай кишилар бирор ёмон ишни унга таклиф қилишса, у ўз навбатида уларга қулоқ солмаслигини ўргатишлари лозим (Дониёр 1:4, 8; 3:16–18- оятларни солиштиринг). Бу ҳақда бир марта суҳбат қуриш билан кифояланманг. Кўпчилик болалар буни ёдда сақлашлари учун бир неча марта такрорлаш даркор. Болалар катта бўлган сари ота қизининг, она эса ўғлининг хонада ёлғиз қолиш ҳуқуқи борлигини англашлари керак. Бундай муносабатлар туфайли бола нима одобга киришини яхшироқ тушунади. Ва, албатта фарзандни зўравонликдан сақлашнинг энг яхши усули ота-онанинг назоратидир.
ХУДОНИНГ РАҲБАРЛИГИНИ ИЗЛАНГ
27, 28. Ота-она фарзандларини тарбиялаганда, кимдан мадад кутиши мумкин?
27 Дарҳақиқат, фарзандни болалигиданоқ тарбиялаш — мушкул вазифа, лекин Худога умид боғлаган ота-оналар чорасиз қолишмайди. Қадимда яшаган Монувах исмли киши ота бўлишини билганида, болани тарбиялашда Аллоҳ Яҳовадан йўл-йўриқ сўраган эди. Ва унинг ибодати ижобат бўлди (Ҳакамлар 13:8, 12, 24).
28 Шунга ўхшаб бугунги кунда ҳам, художўй ота-оналар фарзандларини тарбиялашганда, ибодатда Худованд Яҳовага мурожаат қилишлари мумкин. Ота-она бўлиш — қийин иш, лекин шу билан биргаликда улуғ мукофотдир. Гавайилик бир художўй ота-она бундай дея бўлишишди: «Болангиз мушкул ўсмирлик ёшига етгунга қадар, ўз ҳиссангизни қўшишга ҳали 12 йил бор. Ва агар Муқаддас Китоб қонунларини қўллашда ҳаракат қилаётган бўлсангиз, унда фарзандингиз Яҳовага хизмат қилишга қарор қилганида, қувонч ва хотиржамликни ҳис этасиз» (Ҳикматлар 23:15, 16). Шунда сиз иккиланмай: «Мана ўғиллар [ва қизлар] — Худованд берган насиба»,— деб қувонч ила хитоб қиласиз.
a Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда нашр этилган.