Сиз абадий яшашингиз мумкин
ТУРЛИ дин одамлари абадий ҳаётга турлича қарайдилар. Аммо шунга қарамай барчаси яхши шароитларда умрбод яшашни исташади. Эҳтимол, сиз ҳам бу ҳақда орзу қилаётгандирсиз? Лекин қандай қилиб абадий ҳаёт тўғрисида кенг тарқалган эътиқодларни тушуниш мумкин? Инсониятнинг абадий ҳаётга бўлган орзуси амалга ошадими?
Муқаддас Китобда, Парвардигор илк инсон жуфтини яратганида, улар ер юзида боқий яшасин деб, қалбларига «вақт ўтишини сезиш» қобилиятини жо қилган (Воиз 3:11). Мана нима сабабдан одамнинг яшагиси келар.
Бироқ илк инсон жуфти абадий яшаши учун, яхши ва ёмонни фарқлашда фақат Худонинг ҳаққи борлигини тан олишлари керак эди. Агар улар бу ҳуқуқни тан олишганида, унда Яҳова Таоло Ўзи ўтқазиб қўйган Адан боғида, яъни Жаннатда уларни яшашга муносиб деб биларди (Ибтидо 2:8; 3:22).
Абадий ҳаёт йўқотилган
Муқаддас Китобда айтилишича, Аллоҳ Адан боғида «яхши ва ёмонни билиш дарахтини ўстириб», Одам Ато ва Момо Ҳаво ўлмасликлари учун унинг мевасидан емасликларини буюрган эди (Ибтидо 2:9, 17). Шу қонунга бўйсуниб, улар Худонинг ҳукмронлигини тан олишларини кўрсатишган бўларди. Аммо, ушбу дарахтнинг мевасидан тановул қилишганида, Аллоҳнинг ҳукмронлигини шубҳа остига солишганини кўрсатишарди. Афсуски, Одам Ато ва Момо Ҳаво Тангри Яҳовага итоатсизлик қилиб, Худонинг ҳукмронлигига қарши чиққан Шайтонга шерик бўлиб қолишган. Натижада Ҳақ Таоло Яҳова уларни абадий яшашга муносиб деб кўрмади (Ибтидо 3:1–6).
Аллоҳ уларга ҳаёт ёки ўлимни танлашга имкон берган. Итоатсизлик эса уларни ўлимга олиб келди. Ҳа, улар йўқ бўлиб кетишди. Одам Ато, Момо Ҳаво ва уларнинг авлодлари умрларини на сеҳрли ичимликлар истеъмол қилиб, на ўлмас жон ҳолатида яшашни давом эттира олишмади.a
Одам Атонинг исёни унинг бутун авлодига ёмон таъсир етказди. Бу ҳақда Худонинг Павлус исмли бир хизматчиси бундай деб ёзган: «Битта одам дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳдан эса ўлим пайдо бўлди ва бутун инсонларга ўтди. Маълумки, ҳамма гуноҳ қилган» (Римликларга 5:12).
Абадий ҳаёт қайтадан тикланади
Павлус Одам Ато авлодининг аҳволини І асрдаги қулларнинг ҳолати билан таққослади. Мерос қилиб олинган гуноҳ туфайли Одам Ато ва Момо Ҳавонинг болалари, «ўлимга олиб борувчи... гуноҳга қул бўлиб» туғилишлари муқаррар эди (Римликларга 5:12; 6:16, 17). Агар Яҳова Таоло уларни ўлим ва гуноҳ қуллигидан озод қилиш учун чора кўрмаганида, бу шундайлигича қолар эди. Муқаддас Китобда бу қуйидагича тушунтирилади: «Шунга кўра, битта гуноҳкорнинг [Одам Атонинг] иши барча одамзодни ўлимга маҳкум этган бўлса, энди эса битта Солиҳнинг иши одамларни оқлайди ва абадий ҳаётга ноил этади». «Солиҳнинг иши» дегани, Исо Масиҳ «ҳамма инсонларни қутқариш эвазига Ўз жонини фидо қилганини» англатади. Бу тўлов орқали Яҳова Тангри одамзодни «ҳукмдан» озод этади (Римликларга 5:16, 18, 19; 1 Тимўтийга 2:5, 6).
Олимлар одамнинг ҳужайрасини тадқиқ қилиб, абадий ҳаётнинг уддасидан ҳеч қачон чиқа олмайдилар. Чунки Муқаддас Китобга биноан ўлимнинг сабаби инсоннинг жисмоний ҳолатига эмас, балки ахлоқ ва адолатга боғлиқ. Исо Масиҳнинг гуноҳдан қутқазадиган қурбонлиги, яъни ўз жонини фидо қилиши абадий ҳаётга эга бўлишимизга имкон яратади. Шунингдек бу тўлов, Худо адолатли ва меҳр-иноятли эканлигидан далолат беради. Бу тўлов орқали абадий ҳаётга ким эга бўлади?
Боқийлик инъоми
Худованд Яҳова «азалдан ва илалабад» Тангридир. Ҳа, У боқийдир (Забур 89:3). Тангри Яҳова боқийликни биринчи бўлиб Исо Масиҳга ато этган. Инжилда: «Масиҳ тирилиб бошқа ўлмаслигини, ўлим эса Унга энди ҳоким бўлолмаслигини биламиз» — деб ёзилган (Римликларга 6:9). Дарҳақиқат, Исо Масиҳ бошқа ҳукмдорлардан боқийлиги билан фарқ қилади. Исо алайҳиссалом «боқий қолади», сабаби у «поёнсиз ҳаёт қудратига эга» (Ибронийларга 7:15–17, 23–25; 1 Тимўтийга 6:15, 16).
Аммо бу инъомга нафақат Исо Масиҳ, балки у билан биргаликда шоҳлик қилишга умидвор бўлган мойланган, яъни Худо томонидан тайинланган кишилар ҳам эгадир (Римликларга 6:5). Муқаддас Китобда бундай шарафга фақат 144 000 киши сазовор бўлади, деб айтилади (Ваҳий 14:1). Уларга ҳам боқийлик ато этилган. Ҳаворий Павлус уларнинг тирилиши ҳақида бундай деб айтган: «Фоний махлуққа Худонинг Шоҳлигидан мерос насиб этмайди. [...] Карнай чалинади ва шу онда марҳумлар яна ҳеч ўлмайдиган бўлиб тириладилар. Шунда биз, ҳаёт бўлганлар ҳам ўзгариб кетамиз. Бу ўткинчи баданимиз чиримайдиган, бу ўладиган вужудимиз ўлмайдиган вужудга бурканиши керак». Бундай тирилишда иштирок этганларнинг устидан ўлим ҳоким эмас (1 Коринфликларга 15:50–53; Ваҳий 20:6).
Чиндан ҳам бу ажойиб инъомдир, чунки ҳатто фаришталар руҳий шахс бўла туриб, боқий бўлиб яратилмаганлар. Бу шундан далолат берадики, Шайтоннинг исёнига қўшилган айрим фаришталар, йўқ қилинади (Матто 25:41). Исо алайҳиссалом билан бирга шоҳлик қилувчилар эса, Яҳова Таолога содиқ бўлиб қолишгани учун, боқийлик инъомини олишмоқда.
Аммо бу, миллиардлаб ўлган одамлардан фақат 144 000 кишигина абадий яшашини англатадими? Йўқ. Келинг, бунинг тасдиғини кўриб чиқайлик.
Ердаги абадий ҳаёт
Муқаддас Китобда, ер юзидаги жаннатда сон-саноқсиз инсонлар абадий яшайдилар, деб айтилган. Уларнинг орасида ўлган яқинларимизни ҳам кўрамиз. Улар қайтадан ёшариб, соғлом бўладилар (Ваҳий 7:9; 20:12, 13; 21:3, 4). Уларни «биллурдай тиниқ оби ҳаёт дарёси»га олиб келишади. Бу дарёнинг қирғоғида «ҳаёт дарахти» бор ва «бу дарахтнинг барглари халқларга шифо бахш этади». Худованд Яҳова ҳаммани қувонч билан шундай деб таклиф қилмоқда: «Чанқаган келсин, хоҳлаган ҳаёт сувидан текин баҳра олсин» (Ваҳий 22:1, 2, 17).
Бу дарахт ва сув юз йиллар олдин сўфий ва дарвишлар қизиқиш билан излаган умрни узайтирувчи муайян ичимлик ёки абадий ёшлик келтирадиган мева эмас. Аксинча дарахт ва сув бу, инсоният мукаммалликка эришиш учун, Худо Исо Масиҳ орқали тақдим этаётган барча нарсалардир.
Итоаткор одамлар ер юзида абадий яшайди, деган Аллоҳнинг илк нияти ҳеч ҳам ўзгармади. Бу албатта рўёбга ошади, чунки Яҳова Тангри Ўз сўзларига содиқдир. Забурда: «Солиҳлар ер юзига эга бўлиб, унда мангу яшайдилар» — дейилган (Забур 36:29). Ушбу ваъда бизни ҳамда осмонда яшашга умидвор бўлганларни: «Ё Раббий, Тангри Таоло, Ҳар нарсага қодир Сарвари коинот! Сенинг ишларинг буюк ва ажойибдир. Эй элу халқлар Подшоҳи! Сенинг йўлларинг тўғри ва ҳақдир. Эй Худованди карим! Ким чўчимас экан Сендан? Ким улуғламас экан исмингни? Зеро ёлғиз Ўзинг муқаддассан»,— деб хитоб қилишга ундайди (Ваҳий 15:3, 4).
Сиз ҳам абадий яшашни хоҳлайсизми? Бунинг учун содиқ бўлиб, мангу Подшоҳга итоатли бўлиш муҳим. Парвардигор Яҳова ҳамда Исо Масиҳни таниб-билиш керак, сабаби уларсиз бундай жаннат шароитларда яшашнинг имкони йўқ. Худонинг қонунлари бўйича яшашни истаган ва бунга интилган инсонларгина «абадий ҳаётга» эга бўладилар (Юҳанно 17:3).
[Изоҳ]
a Ўлмас жон тўғрисидаги таълимот ҳақида кўпроқ маълумот олишни истасангиз, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 6-бобига қаранг.
[5- саҳифадаги рамка ва расмлар]
Мазмунли абадий ҳаёт
Баъзилар абадий ҳаётни зерикарли ва мазмунсиз ўйин-кулгилардан иборат, деб тасаввур қилишади. Эҳтимол, улар мангу ҳаёт бир хилда ўтади, деб ўйлашади. Бироқ Худонинг ваъдаси бўйича ер юзида одамлар «тинч-осойишталикда ҳузур қилажак» (Забур 36:11). Бундай ҳаёт инсониятга Парвардигор Яҳованинг яратганларини тадқиқ қилиш, ўз қобилиятларни ривожлантириш ва қизиқарли машғулотлар билан шуғулланиш учун йўл очиб беради.
Одамнинг ҳаётини узайтиришда изланишлар олиб борадиган Кембриж университетининг Обри де Грей исмли мутахассис, шундай деб айтди: «Яхши маълумотга ва чексиз вақтга эга бўлган одамлар ҳеч қачон зерикишмайди, чунки машғул бўлиш ғоялари тамом бўлишини улар тасаввур ҳам қила олишмайди». Худонинг Каломида ёзилганидай, ҳатто бундай бўлган тақдирда ҳам, «Худо бошидан охиригача қилган ишларни инсон тушуна олмайди» (Воиз 3:11).
[6- саҳифадаги рамка ва расм]
Одамзоднинг орзуси
Тахминан милоддан аввалги II асрда Месопотамияда пайдо бўлган бир афсонага кўра, битта қаҳрамон мангу ҳаётга эришиш сиру-асрорларини излаган экан. Қадимги мисрликлар эса одамнинг ўлмас жони борлигига ишониб, марҳум яна қайтиб келади деган мақсадда махсус моддалар ёрдамида мурдани чиримайдиган қилиб қўйишарди. Шунинг учун баъзи мисрликларнинг мақбараларига ўлимдан кейин марҳумга керак бўлиб қоладиган нарсаларни солишарди.
Милоддан аввалги VIII асрда Хитой кимёгарлари одамлар жисмонан ўлмаслигига ишонишган, милоддан аввалги IV асрга келиб эса, сеҳирли ичимликлар ёрдамида бунга эришиш мумкин деган фикр пайдо бўлган. Ўрта асрларда Европа ва Араб кимёгарлари бундай ичимликларни тайёрлашга уринишган. Баъзан шу аралашмаларнинг таркибига ўта хавфли бўлган кимёвий моддалар қўшилар эди. Бир тасаввур қилиб кўринг-да, қанчадан-қанча одам бундай аралашмаларни истеъмол қилиб, ҳаёти билан видолашганлар!
Қадимда шунингдек мангу ёшлик келтирадиган оби-ҳаёт булоғи ҳақида афсоналар кенг тарқалган эди. Ушбу булоқдан ичган одам куч-қувватга тўлиб, ёшариб қолар эмиш.