Яҳованинг каломи жонли
Забур китобининг иккинчи қисмидан диққатга сазовор оятлар
ЯҲОВА ТАОЛОНИНГ хизматчилари сифатида биз ҳаётимизда қувғин ва синовларга дучор бўламиз. Ҳаворий Павлус: «Исо Масиҳ йўлида диёнатли яшамоқчи бўлган одамларнинг ҳаммаси ҳам қувғинга дучор бўладилар»,— деб ёзган эди (2 Тимўтийга 3:12). Хўш, қувғин ва синовларга бардош бериб, Худога садоқат сақлашимиз учун бизга нима ёрдам беради?
Бу саволларга жавоб олиш учун бизга Забур китобининг иккинчи қисми, яъни 41—71–санолари ёрдам беради. Синовларга бардош бериш учун Яҳова Таолога умид боғлаб, фақат Унга ишонишимиз керак. Булар биз учун ибрат бергувчи санолардир! Муқаддас Китоб таркибига кирган Забур китобнинг иккинчи қисми ҳам ҳақиқатан «жонли ва таъсирли» (Ибронийларга 4:12).
ХУДОВАНД ЯҲОВА — «БИЗНИНГ ПАНОҲИМИЗ ВА ҚУВВАТИМИЗДИР»
Бегона юртда асир бўлган леви, яъни маъбад хизматкори Яҳовага хизмат қила ололмаётганидан тушкунликка тушган эди. Леви ўзини тинчлантириб: «Эй жоним, нега бундай тушкунсан? Нечун ичимда ғашлик қиласан? Худога умид боғла!» — деб айтган эди (Забур 41:6, 12; 42:5). Бу сўзлар уч маротаба қайтарилиб, 41 ва 42-саноларни бир бирига боғлайди. Забурнинг 43-саноси Яҳудо халқи учун айтилган илтижодир. Эҳтимол, шоҳ Ҳизқиё даврида оссурияликлар таҳдид солгани сабабли бу халқ оғир аҳволга тушган эди.
Забурнинг 44-саноси рамзий маънода самовий Шоҳ Исо Масиҳнинг никоҳини тасвирлайди. Кейинги учта сано эса Яҳова Таоло «бизнинг паноҳимиз ва қувватимиз», «буюк Подшоҳ» ва «мудофаа қалъаси» эканлигини кўрсатмоқда (Забур 45:2; 46:3; 47:4). Забурнинг 48-саноси эса: «Тўлов билан қутқара олмас бирон-бир инсон ўз биродарин»,— дея, яққол кўрсатмоқда (Забур 48:8). Иккинчи қисмнинг биринчи саккизта санолар муаллифи Қўраҳ ўғилларига тегишли деб қайд этилган. Забурнинг 49-саносини эса Асаф басталаган.
Саволларга жавоблар:
43:20 — Қайси «аждарҳо ини» ҳақида гап кетяпти? Муқаддас Китобнинг бошқа таржималарида бу оятдаги «аждарҳо» сўзи ўрнига «чиябўри» ишлатилади. Сано куйчиси ўликларнинг чиябўриларга ем бўлган жанг майдони ҳақида айтган.
44:14, 15а — Шоҳнинг олдига келтирилаётган «подшоҳ қизи» ким? Подшоҳ қизи — элу халқлар Подшоҳи бўлмиш Яҳова Таолонинг рамзий қизини англатади (Ваҳий 15:3). Бу «қиз» 144 000 кишидан ташкил топган гуруҳдир. Улар Худонинг руҳи билан тайинланган бўлиб, Унинг фарзандлари қаторига киришади (Римликларга 8:16). Яҳованинг «қизи» «куёви олдига безаниб чиқаётган келин каби», Худо тайинлаган самовий Шоҳ Исо Масиҳ олдига келтирилаётган эди (Ваҳий 21:2).
44:15б, 16 — Қизнинг «дугоналари» кимдир? Улар Худонинг ҳақиқий хизматчилари бўлмиш «буюк оломондир». Бу гуруҳ 144 000 тайинланган кишига қўшилиб, уларга ёрдам берадилар. Самода Исо Масиҳнинг никоҳи бўлган пайтда «буюк оломон» «буюк қайғудан ўтиб чиқиб» ер юзида яшайдилар (Ваҳий 7:9, 13, 14). Ўшанда улар «шодлигу хуррамлик» қиладилар.
44:17 — Қандай қилиб Шоҳнинг боболари жойини Шоҳнинг ўғиллари олар экан? Исо Масиҳ ер юзида туғилганида, унинг том маънода боболари бўлган эди. Лекин Минг йиллик бошқаруви пайтида Исо уларни ўз ўғиллари сифатида тирилтиради. Улардан баъзилари ‘бутун жаҳонда сарвар’ қилиб тайинланади.
49:2 — Нима учун Қуддус ёки Сион «камоли чиройли», деб аталган? Бу ерда шаҳарнинг том маънода чиройли эканлиги ҳақида гап бормаяпти. Аслида бу шаҳарнинг чиройи Яҳова уни танлаганидадир. Бундан ташқари Куддуснинг ҳашаматини Яҳова инъом этган. Чунки Ўзининг маъбадини Қуддусда жойлаштириб, уни пойтахт қилди ва у ердан Ўзи тайинлаган шоҳлар ҳукмронлик қилар эди.
Хулосалар:
41:2–4. Кийик оқар анҳор сувларини тўсагандай, леви ҳам Яҳова Таоло олдига талпинар эди. Бу одам Яҳованинг маъбадида топина ололмаётганидан қайғурган. Ҳатто у: «Кеча-кундуз кўз ёшим менга озиқ бўлмоқда»,— деб нола қилган. Бизга келсак, Яҳова Таолонинг ташкилотида хизмат қилганимиз учун, миннадорлигимизни оширишимиз керак эмасми?
41:5, 6, 12; 42:3–5. Агар ўзимизга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра жамоатдан узоқда бўлиб қолсак, биродарлару опа-сингилларимиз билан бирга қилган қувончли хизматимизни ёдга олиб далда оламиз. Дарвоқе, бошида ёлғизлик ҳиссиёти кучайиши мумкин, лекин оқибатда бундай хотиралар бизга Яҳовага умид боғлаб, мадад ва паноҳ олишимизга ёрдам беради.
45:2–4. «Танг аҳволларимизда» Худованд Яҳова «бизнинг паноҳимиз ва қувватимиз» эканлигида шубҳаланмаслигимиз муҳим.
49:16–19. Ёлғон гапираётган ёки ёмон ишлар қилаётган ҳеч бир кимса Худонинг хизматчиси бўлишга лойиқ эмас.
49:20. Бошқаларнинг хатоларини берилиб ғийбат қилишдан кўра, уларга эътибор бермаслик лозим (Колосаликларга 3:13).
«ХУДО ОЛДИДА ТИНЧЛАН, ҚАЛБИМ МЕНИНГ»
Бу туркумидаги санолар шоҳ Довуд Ботшева билан қилган гуноҳидан сўнг, унинг сидқидилдан айтган ибодатидан бошланади. Забурнинг 51–56-саноларида фақат Яҳовага умид боғлаб, ташвишларини Унга ташлаб кетганларгина нажот топа олиши ҳақида айтилган. Забурнинг 57–63-саноларида айтилганидай, шоҳ Довуд қандай қийинчиликларга дуч келмасин Яҳова Таолодан паноҳ излаганди. «Худо олдида тинчлан, қалбим менинг, фақат Ундандир менинг умидим»,— деб куйлаган эди у (Забур 61:6).
Қутқарувчимиз билан бўлган яқин дўстона муносабатлар, бизни «Унинг улуғ исмини» куйлашга ундайди (Забур 65:2). Забурнинг 64-саносида Яҳова Таоло «мўл-кўлчилик» ато этувчи, 66 ва 67-саноларида «Халоскор Тангри», 69 ва 70-саноларида эса Қутқарувчи сифатида куйланади.
Саволларга жавоблар:
50:14 — Шоҳ Довуд «иродали руҳ ила мени мустаҳкамлагин» деганда нимани назарда тутган? Бу ерда Худонинг Довудга ёрдам бериш иродаси ёки Унинг муқаддас руҳи эмас, балки Довуднинг иродали руҳи назарда тутилган. Довуд Яҳовадан тўғри йўл тутиш истагини кучайтиришни сўраган эди.
52:2 — Худони инкор этган одам қайси маънода «аҳмоқ»? Бу ерда ақлий жиҳатдан чекланганликни англатмайди. Забурнинг 52:2–5 оятларида айтилганидек, бундай одам ахлоқан бузилганлиги учун аҳмоқдир.
57:4–6 — Нимага фосиқлар илонга ўхшайдилар? Уларнинг биров ҳақида айтаётган ёлғон сўзлари илоннинг заҳарига ўхшайди. Уларнинг заҳарли сўзлари инсоннинг шаънига путур етказади. Фосиқлар «кар илонга ўхшаб қулоғини беркитар», яъни улар насиҳат ва танбеҳга қулоқ солмайдилар.
57:8 — Қандай қилиб фосиқлар «оқар сувдай сочилиб йўқ» бўладилар? Эҳтимол, Довуд ваъда қилинган ердаги водийларнинг бирида тошқин сувларини назарда тутган. Сув тошиб кетиб тўфон бўлса ҳам, у тезда қуриб қолар ва ундан дом-дарак ҳам қолмас эди. Довуд Худога фосиқлар тезроқ йўқ бўлиб кетиши ҳақида ибодат қилар эди.
67:14 — «Каптарнинг қанотлари кумуш ила қопланган, парлари ялтироқ олтин каби товланар» деган сўзлар нимани англатади? Кул ранг каптарларнинг баъзи қанотлари кумуш, қуёш нурида эса олтин каби товланади. Шоҳ Довуд бу қушнинг қаноти бақувват ва кўриниши чиройли бўлгани учун, уни жангда ғалаба қозониб қайтаётган Исроил аскарлари билан солиштирган. Баъзи илоҳиётшуносларнинг фикрича эса, бу ўлжа сифатида олинган қандайдир буюмнинг тасвирланиши бўлиши мумкин. Нима бўлишдан қатъий назар, Довуд Яҳова Таоло Ўзининг халқига душманлари устидан қозонган ғалабаларни инъом этгани ҳақида куйларди.
67:19 — «Инсонлар аро ҳадялар» нима ёки ким бўлганлар? Бу ҳадялар, исроилликлар ваъда қилинган ерни босиб олганида, баъзи асир қилинган эркакларни англатади. Кейинчалик улар левиларга ёрдам беришга тайинланган эдилар (Эзра 8:20).
67:31 — «Қамишзорда яшовчи ёввойи ҳайвонни... чўчитгин» деган илтижо нимани англатади? Яҳова халқининг душманлари рамзий маънода ёввойи ҳайвонлар билан солиштирилган. Довуд, Худодан уларни «чўчитиб» юборишини, яъни уларнинг зиён етказадиган кучини тийишини сўраган.
68:24 — «Беллари доим титрайдиган бўлсин», деган сўзлар қай маънони билдиради? Бирон бир ҳаракат қилиш учун куч керак. Масалан оғир бўлган юкни кўтариб ташиш учун, бел бақувват бўлиши муҳим. Қувватдан қолган бел одамнинг кучсизланиб қолганини кўрсатади. Шундай қилиб, Довуд унинг душманлари кучсизланиб қолишлари ҳақида ибодат қилар эди.
Хулосалар:
50:3–6, 19. Қилиб қўйилган гуноҳ, Худованд Яҳова биздан юз ўгирганини англатмайди. Агар биз тавба қилсак, Худонинг марҳаматига умид боғлай оламиз.
50:7, 9–12. Агар биз гуноҳ қилиб қўйсак, Яҳовадан кечирим сўрашимиз мумкин, чунки биз гуноҳни мерос қилиб олдик. Шунингдек, У гуноҳларимизни кечириши, дўстона муносабатларни тиклаши, гуноҳли мойилликларни юрагимиздан олиб ташлаши ва ичимизда «янги собит руҳни» бунёд этиши ҳақида ибодат қилишимиз муҳим.
50:20. Довуднинг қилган гуноҳи бутун халқнинг тинчлигини бузди. Шунинг учун у, Яҳова Таоло Сионга лутфу карам айлаши ҳақида ибодат қилган эди. Оғир гуноҳ кўпинча Худованд Яҳованинг номини ва жамоатнинг номини бадном қилади. Эҳтимол биз келтирган зиённи, Худо бартараф қилиши учун ибодатда бўлишимиз муҳим.
51:10. Биз ҳам «Худо уйида яшнаб турган зайтун дарахти» каби бўлишимиз мумкин. Агар биз Худованд Яҳованинг танбеҳига қулоқ солиб, унга бажонидил риоя қилсак, У билан яқин муносабатда бўлиб, хизматда маънавий мева келтира оламиз (Ибронийларга 12:5, 6).
54:5, 6, 13–15, 17–19. Ўғли Абсалом унга қарши фитна уюштиргани ва Охитўфел исмли маслаҳатчисининг хиёнати Довудга азоб-уқубат келтирди. Шунга қарамасдан Довуднинг Худога бўлган имони сусаймади. Биз ҳам ўзимизнинг ички ҳиссиётларимизга берилмасдан, аксинча Яҳовага бўлган умидимизни мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз.
54:23. Қандай қилиб, биз Яҳова Таолога ўз ташвишларимизни ташлаб кета оламиз? 1) Ибодатимизда Унга ташвишларимизни айтиб бериб, 2) Унинг Каломи ва ташкилотининг йўл-йўриқ ва ёрдамига мурожаат қилиб ҳамда 3) вазиятни енгиллаштириш учун қўлимиздан келганини қилсак (Ҳикматлар 3:5, 6; 11:14; 15:22; Филиппиликларга 4:6, 7).
55:9. Яҳова нафақат бизнинг шароитларимизни, балки уларнинг дастидан кўнглимизда кечаётган азобларни ҳам билади.
61:12. Худо ҳеч қандай ташқи энергияга тобе эмас, чунки «қудрат Худодан» келади. Шунинг учун У куч-қудрат манбаи.
62:4. «Сенинг [Худонинг] иноятинг ҳаётдан ҳам афзалдир», чунки усиз ҳаётнинг маъноси йўқ. Агар биз Яҳова билан бўлган дўстона муносабатларни мустаҳкамласак, оқилона йўл тутган бўламиз.
62:7. Бизга ҳеч ким халақит бермаётган оқшом пайтлари чуқур мулоҳаза юритишимиз мумкин.
63:3–5. Ёмон одамларнинг фитнаси бировнинг номига доғ туширади. Биз уларни на тинглашимиз, на тарқатишимиз керак.
68:5. Биз бирон ёмонлик қилмаган бўлсак ҳам, баъзида тинчликни сақлаб қолиш учун «қайтариб бериш», яъни кечирим сўраш оқилона бўлар эди.
69:2–6. Тинмай қилган ибодатларимизни Худовандимиз Яҳова эшитади (1 Салоникаликларга 5:17; Ёқуб 1:13; 2 Бутрус 2:9). Бизнинг синовларимиз давом этишига Худо йўл қўйса ҳам, туғилган вазиятдан чиқиб, бардош беришимиз учун Ўзи бизга донолик ва куч беради. У кучимиздан ортиқ васвасага тушишимизга йўл қўймайди (1 Коринфликларга 10:13; Ибронийларга 10:36; Ёқуб 1:5–8).
70:5, 17. Довуд филист Гўлиёт билан яккама-якка жангга чиқишидан олдин, яъни ёшлигидан Яҳова Таолога таянгани учун жасур ва ботир бўлган эди (1 Шоҳлар 17:34–37). Ёшлар ҳам, барча ишларида Яҳовага таянишлари муҳим.
«Бутун ер юзи унинг шуҳрати билан тўлсин!»
Бу иккинчи қисмнинг охирги 71-саноси Сулаймон шоҳ бўлган даврига бағишланган бўлиб, у ердаги шароитлар Исо Масиҳнинг шоҳлиги даврида амалга ошишининг тимсолидир. Бутун дунёда, зўравонлик ва жабр-зулм йўқ бўлиб кетиб, тинчлик ўрнатилади. Ўлка бўйлаб буғдой ҳосили мўл бўлади. Қандай ажойиб қут-баракалар! Шоҳлик остидаги бу қут-баракаларни кўрадиган инсонлар ичра биз ҳам бўла оламизми? Ҳа, агар биз сано куйчиси каби Яҳовага бутунлай умид боғласак, У «бизнинг паноҳимиз ва қувватимиз» бўла олади.
Хуллас, Довуднинг ибодатлари қуйидаги сўзлар билан тугайди: «Мўъжизавий ишларни ёлғиз Ўзи бажарувчи Исроилнинг Тангриси, Худойи Таолони олқишланг! Унинг улуғвор исмига абадий офаринлар бўлсин, бутун ер юзи Унинг шуҳрати билан тўлсин! Омин! Омин!» (Забур 71:18–20). Келинг, биз ҳам чин юракдан Тангримиз Яҳовани ва Унинг улуғ исмини олқишлайлик!
w06-UZ 6/1