Қандай қилиб раҳмдиллик кўрсатиш мумкин?
Ҳаммага айниқса, ўзимизнинг аҳли мўминга яхшилик қилаверайлик. ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА 6:10
1, 2. Самариялик тўғрисидаги нақлдан раҳмдиллик ҳақида нимани билиб олдик?
БИР куни Таврот тафсирчиси бўлган бир киши Ҳазрати Исодан: «Менга яқин ким?» — деб сўради. Унга жавобан Исо қуйидаги нақлни айтиб берди: «Бир одам Қуддусдан Ерихога борар экан, қароқчилар қўлига тушиб қолибди. Қароқчилар унинг кийимларини ечиб олиб, ўласи қилиб уриб, шу ҳолича ташлаб кетибдилар. Иттифоқо, шу йўлдан бир руҳоний борар экан. Уни кўриб, ёнидан ўтиб кетибди. У жойга бир левит ҳам келиб, у одамни кўрибоқ, ёнидан ўтиб кетаверибди. Бир самариялик йўловчи эса бу жойдан ўтаркан, унинг устидан чиқиб қолибди ва ҳолига кўп куйинибди. Унинг ёнига келибди-да, яраларига мой суриб, шароб қуйиб, боғлаб қўйибди. Сўнг уни ўз уловига миндирибди-да, меҳмонхонага олиб келиб, унга ғамхўрлик қилибди. Эртасига жўнаётганида икки кумуш танга чиқарибди-да, меҳмонхона эгасига бериб: “Унга яхши қарагин. Агар бундан зиёд харж қилар бўлсанг, мен қайтиб келганимдан сўнг сенга бераман”,— деб кетибди». Сўнг Исо ўша кишидан: «Сенингча, учовидан қайси бири қароқчиларнинг қўлига тушган одамнинг яқини саналади?» — деб сўради. Бу одам: «Унга шафқат қилган одам-да»,— деб жавоб берди (Луқо 10:25, 29–37а).
2 Самариялик йўловчи яраланган кишига кўрсатган муносабатидан, чинакам раҳмдиллик қанақа бўлишини аниқ кўриш мумкин. Самариялик йўловчи жароҳатланган одамга раҳми келиб, ундан ёрдамини аямади. Боз устига бошига кулфат тушган одам самариялик кишига нотаниш эди. Кўриниб турганидай, раҳмдиллик кўрсатишга миллат, дин ёки маданиятнинг турлича бўлиши ғов бўла олмайди. Раҳмдил самариялик ҳақида нақлни айтиб бўлгач, Исо суҳбатдошини: «Бор, сен ҳам шундай қил!» — деб ундади (Луқо 10:37б). Биз ҳам ушбу даъватга қулоқ тутиб, бошқаларга раҳмдил бўлсак, яхши бўларди. Аммо кундалик ҳаётимизда раҳмдилликни қандай намоён этишимиз мумкин?
Бирон имондошимиз муҳтож бўлса
3, 4. Нега айниқса имондошларимизга раҳмдиллик кўрсатиш муҳим?
3 Инжилда: «Фурсатимиз бор экан, ҳаммага айниқса, ўзимизнинг аҳли мўминга яхшилик қилаверайлик»,— дейилган (Галатияликларга 6:10). Келинг, дастлаб имондошларимизга нисбатан қандай қилиб раҳмдиллик кўрсатишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
4 Имондошларини бир-бирларига нисбатан раҳмдил бўлишга чорлаб, Исонинг шогирди Ёқуб: «Ҳукм шафқатсизга шафқатсиздир»,— деб айтган эди (Ёқуб 2:13). Шунингдек, Ёқуб илоҳий илҳом таъсири остида, раҳмдилликни амалда қандай намоён этиш ҳақида ёзиб қолдирган. Масалан, Ёқуб 1:27- оятида бундай деб айтилган: «Отамиз Худога маъқул тушадиган дин-диёнат поклик ва бенуқсонликни талаб қилади, яъни етим-есирларни қайғули кунларида йўқлаб боришимиз лозим ҳамда бу дунёнинг нопокликларидан ўзимизни тоза сақлашимиз керак». Ёқуб 2:15-, 16- оятларида эса қуйидагини ўқиймиз: «Бирон биродар ёки сингил яланғоч ва ризқ-рўздан маҳрум бўлса-ю, бирортангиз уларга: “Эсон-омон бориб, исининг ва овқатланинг”,— десангиз, лекин уларнинг танаси эҳтиёжини қондирмасангиз, бундан нима фойда?»
5, 6. Имонлилар жамоатида қандай раҳмдиллик ишларини амалга оширишимиз мумкин?
5 Бошқаларга ғамхўрлик қилиш ва муҳтожларга кўмаклишиш — ҳақиқий диннинг белгиларидан биридир. Демак, биз муҳтожларга шунчаки: «Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади»,— дейиш билан кифояланмаслигимиз лозим (1 Юҳанно 3:17, 18). Касал бўлган кишига таом тайёрлаб бериш, қари одамга уй ишларида кўмаклашиш, зарур бўлганда биродар ёки опамизни жамоат учрашувига машинада олиб бориш ва очиқ қўл инсон бўлиш — раҳмдиллик кўрсатишнинг айрим усулларидир (Амрлар 15:7–10).
6 Аммо имонлилар жамоатидаги янгиларга маънан кўмаклашиш, моддий ёрдамдан ҳам муҳимроқдир. Зеро Инжилда: «Жасоратсизларнинг руҳини кўтаринглар, кучсизларга ёрдамлашинглар»,— деб даъват этилган (1 Салоникаликларга 5:14). «Кампирлар ҳам... ҳар қандай хайрли ишда ибрат бўлиб турмуш кечирсинлар», деб рағбатлантирилганлар (Титусга 2:3). Тавротда, жамоат оқсоқоллари шамолу ёмғирдан паноҳ мисоли бўлишлари ҳақида айтилган (Ишаё 32:2).
7. Суриянинг Антиохия шаҳрида яшовчи Исонинг шогирдлари кўрсатган ўрнагидан раҳмдилликка нисбатан нимани ўрганамиз?
7 Биринчи асрда Худонинг хизматчилари нафақат ўзининг, балки бошқа жамоатдаги етим-есирларга, далда ва ёрдамга муҳтож бўлганларга ғамхўрлик қилишган. Мисол учун, Агав исмли бир пайғамбар «бутун дунёда оғир қаҳатчилик бўлишини» каромат қилганида, Суриянинг Антиохия шаҳрида яшовчи Исо «шогирдларининг ҳар бири қўлидан келганича, Яҳудияда яшовчи имондошларига ёрдам юборишга аҳд қилишди». Улар ушбу ёрдамни «Барнабо ва Шоул орқали жамоатнинг оқсоқолларига юборишди» (Ҳаворийлар 11:28–30). Бизнинг кунимиз ҳақида нима дейиш мумкин? «Ишончли ва ақлли хизматкор», тўфон, зилзила ва цунами каби табиий офатлардан талафот кўрган биродару опа-сингилларимизга ёрдам кўрсатиш учун бўлимлар ташкил этган (Матто 24:45). Ўз вақтимиз, кучимиз ва маблағларимиздан кўнгилли эҳсонлар бериб, бундай бўлимлар билан ҳамкорлик қилсак, амалда раҳмдиллик кўрсатган бўламиз.
«Агар юз-хотирчилик қилаётган бўлсангиз»
8. Нима учун юз-хотирчилик раҳмдиллик кўрсатишга тўсқинлик қилади?
8 Раҳмдил бўлишга ва севгидан иборат бўлган «Шоҳ амрига» бўйсунишга тўсқинлик қилаётган нарсалардан огоҳлантириб, Ёқуб бундай деб ёзган эди: «Агар юз-хотирчилик қилаётган бўлсангиз, гуноҳ қиляпсиз ва Илоҳий Қонун олдида жиноятчи бўлиб қоласизлар» (Ёқуб 2:8, 9). Бордию биз бойларга ёки мансабдор бўлганларга ўзгача илтифот кўрсатаётган бўлсак, «камбағалнинг йиғисига» эътиборсиз бўлиб қолишимиз мумкин (Ҳикматлар 21:13). Юз-хотирчилик раҳмдилликни сўндиради. Агар бошқаларга беғараз муносабатда бўлсак, раҳмдилликни йўқотмаган бўламиз.
9. Нега бирор кишига ўзгача муносабатда бўлишнинг ёмон жойи йўқ?
9 Агар инсон бирор кишига алоҳида муносабат кўрсатса, ҳар доим ҳам уни юз-хотирчилик қиляпти деб бўладими? Қайдам. Ҳаворий Павлус Филиппидаги имондошларига ҳамкори Эпафродит ҳақида бундай деб ёзган эди: «Бу каби одамларнинг ҳурматини бажо келтиринглар. Чунки сизлар менга тўлиқ бажо келтиролмаган муқаддас хизматни у бутлаб олай деб, Масиҳ йўлида ўз жонини аямаган, ўлишига сал қолган эди» (Филиппиликларга 2:25, 29, 30). Ҳа, садоқатли хизмати учун Эпафродит ҳурматга лойиқ бўлган. Боз устига, 1 Тимўтийга 5:17- оятида: «Имонлилар жамоатига яхши бошчилик қилаётган, хусусан ваъзхонлик ва таълим беришда заҳмат чекаётган оқсоқоллар икки баробар ҳурматга сазовор бўлсинлар»,— дейилган. Бирор кишининг яхши хислатларини мақташнинг ҳам ёмон жойи йўқ. Бундай инсонларга нисбатан ўзгача муносабатни юз-хотирчилик деб бўлмайди.
«Юқоридан тушган донолик... тўла меҳр-шафқатли»
10. Нима сабабдан тилимизни назорат қилиб туришимиз лозим?
10 Исонинг шогирди Ёқуб тил ҳақида қуйидагини таъкидлаб ўтган: «У тўхтатиб бўлмайдиган ёвуз кучдир, ўлдирадиган заҳар сочиб туради. Тилимиз билан Раббимизни ва Отамизни мақтаймиз, тилимиз билан Худонинг суратида яратилган инсонларга лаънат ўқиймиз. Мақташ ва лаънатлаш бир оғиздан чиқади». Шу фикрни давом эттириб, Ёқуб яна бундай деган: «Агарда юрагингизда рашк-ҳасад ва худбинлик бўлса ҳам, манманлик қилиб ҳақиқатни рад этманглар. Бундай донолик юқоридан тушмаган. Бундай донолик дунёдан, моддиятдан, жин-ажинадан туғилган. Чунки қаерда ҳасадгўйлик ва худбинлик ҳукм сурса, у ерда тартибсизлик ва ҳар хил ярамаслик пайдо бўлади. Лекин юқоридан тушган донолик эса, биринчидан покдир. Иккинчидан эса муросали, мулойим, бўйсунувчан, тўла меҳр-шафқатли, яхши самаралар билан тўлиб-тошган, беғараз ва риёсиздир» (Ёқуб 3:8–10а, 14–17).
11. Қандай қилиб тилимизда ҳам раҳмдил бўлишимиз мумкин?
11 Гапларимиздан, «тўла меҳр-шафқатли» доноликка эга ёки эга эмаслигимиз билинади. «Рашк-ҳасад ва худбинлик» дастидан мағрурланаётган, алдаётган ёки ғийбатчилик қилаётган бўлсак-чи? Забур 93:4- оятида: «Баландпарвоз гаплар-ла кеккайиб юрадилар»,— деб айтилган. Фитна-фасодлар осонликча софдил одамнинг обрўсига путур етказиши мумкин (Забур 63:3–5). Шунингдек, «сохта гувоҳ ёлғон гапиришдан тўхтамай» қанча зиён етказиши ҳақида бир ўйлаб кўринг-а! (Ҳикматлар 14:5; 3 Шоҳлар 21:7–13). Тилни ноўрин қўллашни назарда тутиб, Ёқуб: «Эй биродарларим, бу шундай бўлмаслиги керак!» — деб айтган (Ёқуб 3:10б). Раҳмдил инсоннинг сўзлари пок, муросали ва мулойим бўлади. Исо пайғамбар: «Мен сизга дейманки: инсонлар айтадиган ҳар бир бекор сўзи учун қиёмат кунида ҳисоб берадилар»,— деган (Матто 12:36). Тилимизда ҳам раҳмдиллик намоён бўлмоғи ўта муҳим!
«Бошқаларнинг айб-гуноҳларини кечиринглар»
12, 13. а) Подшоҳга катта миқдорда пул қарздор бўлиб қолган қул ҳақидаги Исонинг масалидан, раҳмдилликка нисбатан нимани ўрганамиз? б) Биродарни «етмиш карра етти марта» кечириш нимани англатади?
12 Подшоҳга 60000000 кумуш танга қарздор бўлиб қолган қул ҳақидаги Исонинг масалидан, раҳмдиллик намоён этишнинг яна бир имконини кўриш мумкин. Қул, қарзини тўлашга ҳеч вақоси йўқлиги сабабли, подшоҳдан раҳм қилишини ёлвориб сўрай бошлабди. Шунда шоҳнинг «раҳми келиб», қарзини кечириб юборибди. Бу қул ташқарига чиқиб, ўзидан атиги юз кумуш танга қарздор бўлган бир шеригини учратиб, уни зиндонга қаматиб қўйибди. Бундан хабар топган подшоҳ, кечирган қулини олдига чақириб: «Эй ёвуз банда! Менга ёлворганинг учун, мен сенинг барча қарзингдан кечдим. Мен сенга раҳм қилганимдай, сен ҳам шеригингга раҳм қилсанг бўлмасмиди?» — дебди. Сўнг подшоҳ уни зиндонбонлар қўлига топширибди. Исо масалига бундай сўзлар билан якун ясади: «Шунингдек, агар сизларнинг ҳар бирингиз ўз биродарингизнинг гуноҳини чин кўнгилдан кечирмасангиз, Менинг самовий Отам ҳам сизларга худди шу йўлни тутади» (Матто 18:23–35).
13 Ушбу масал, раҳмдиллик кечиришга тайёр бўлишни ҳам ўз ичига олишини аниқ кўрсатиб турибди. Яҳова бизнинг беҳисоб қарзимизни — гуноҳларимизни кечирди. Биз ҳам «бошқаларнинг айб-гуноҳларини кечиришимиз» керак эмасми? (Матто 6:14, 15). Исо юқоридаги масални айтиб беришидан олдин, шогирди Бутрус ундан: «Агар биродарим менга қарши гуноҳ қилса, мен неча марта уни кечирайин? Етти марта кечсам етарми?» — деб сўраганди. Исо унга жавобан деди: «Сенга етти марта эмас, балки етмиш карра етти марта деяпман» (Матто 18:21, 22). Хуллас, раҳмдил одам «етмиш карра етти марта», яъни чексиз кечиришга тайёр.
14. Матто 7:1–4- оятларига кўра, кундалик ҳаётда раҳмдиллик нимада намоён бўлади?
14 Раҳмдиллик кўрсатишнинг яна бир усули борасида Ҳазрати Исо тоғда ваъз қилганида, айтиб ўтган эди: «Бошқаларни ҳукм қилманглар, сиз ҳам маҳкум бўлмайсиз. Сизлар қандай ҳукм қилсангиз, сизга ҳам шундай ҳукм ўтказилади. [...] Нега сен биродаринг кўзидаги чўпни кўрасану, лекин ўз кўзингдаги ходани сезмайсан? Сенинг кўзингда хода бор экан, қандай қилиб биродарингга: “Кел, кўзингдаги чўпни чиқариб олай”,— дейсан?» (Матто 7:1–4). Бинобарин, кундалик ҳаётдаги раҳмдиллигимиз, бошқаларнинг камчиликларига сабрли бўлиб, ҳаддан ортиқ талабчан бўлмаслигимизда намоён бўлади.
«Ҳаммага... яхшилик қилаверайлик»
15. Нега нафақат имондошларимизга раҳмдиллик кўрсатишимиз керак?
15 Гарчи Ёқуб китобида асосан имондошларга бўлган раҳмдиллик ҳақида гап кетган бўлса-да, бу, фақат уларгагина раҳм-шафқат кўрсатиш кераклигини англатмайди. Зеро Забур 144:9- оятида: «Худованд ҳар бир инсонга ҳиммат айлар, барча махлуқотга раҳм-шафқат кўрсатар»,— дейилган. Барчамиз «Худога эргашиб», «ҳаммага... яхшилик қилишга» даъват этилганмиз (Эфесликларга 5:1; Галатияликларга 6:10). Биз «дунёга ва ундаги нарсаларга муҳаббат қўймаймиз», лекин дунёдаги одамларнинг муҳтожликларига бефарқ эмасмиз (1 Юҳанно 2:15).
16. Раҳмдиллик кўрсатаётиб, нимани ёдда тутиш керак?
16 Аллоҳнинг хизматчилари эканмиз, бошига кулфат тушган ёки «фурсат ва тасодифга» дучор бўлганларга ёрдам беришга доим тайёрмиз (Воиз 9:11, ЯДТ). Уларга айнан қандай ёрдам беришимиз, вазиятга боғлиқ (Ҳикматлар 3:27). Ўзгаларга амалий ёрдам бераётиб, хайрли ишларимиз бошқалар дангаса бўлишига ундов бўлмаслигини ёдда тутишимиз даркор (Ҳикматлар 20:1, 4; 2 Салоникаликларга 3:10–12). Шундай экан, чинакам раҳмдиллик нафақат ҳамдард, балки мулоҳазакор бўлишни англатади.
17. Имондошимиз бўлмаганларга раҳмдиллик намоён этишнинг энг муҳим усули қандай?
17 Ниҳоят, имондошимиз бўлмаганларга Муқаддас Китоб асосида ваъз қилиб, уларга раҳмдиллик намоён этамиз. Нега айнан шундай қилиб? Чунки бугун аксарият одамлар маънавий зулматда юришибди. Дуч келаётган муаммоларини қандай ҳал қилишни билмай ҳамда келажакка ҳеч қандай умидсиз, улар «чўпонсиз қўйлардай довдираган ва ҳолдан тойган» (Матто 9:36). Худонинг Каломи эса «қадамлари учун чироқ» бўлиб, ҳаётий муаммоларини енгишга ёрдам беради. Модомики Муқаддас Китоб, Худонинг келажакка нисбатан ниятларидан огоҳ этиб, инсонларга порлоқ истиқбол бахш этаётган экан, у шунингдек «йўлига нур сочадиган ёруғлик» бўла олади (Забур 118:105). Ҳақиқат хабарини муҳтожларга етказиш, биз учун катта шарафдир! «Буюк мусибат» зудлик билан яқинлашиб келаётгани сабабли, хушхабарни ваъз қилиб, шогирд орттириш ишида биз ҳар қачонгидан ҳам ғайрат ила қатнашишимиз лозим (Матто 24:3–8, 21, 22, 36–41; 28:19, 20). Бу, раҳмдиллик ишларидан энг муҳимидир.
«Ўзингизда боридан» беринглар
18, 19. Нима учун раҳмдиллик кўрсатишга янада кўпроқ интилишимиз даркор?
18 Исо Масиҳ: «Ўзингизда боридан хайр-садақа беринглар»,— деб ундаган (Луқо 11:41). Кўнглимиздан чиқариб қилган эзгу ишимизнигина чинакам раҳмдиллик деб айтиш мумкин (2 Коринфликларга 9:7). Қўполлик, худбинлик ва бошқаларнинг дардига бефарқлик оддий ҳол саналган ушбу ёвуз дунёда, бундай раҳмдилликни кўриш қанчалик қувончли!
19 Келинг, раҳмдиллик кўрсатишга янада кўпроқ интилайлик! Қанчалик раҳмдил бўлсак, Худовандимизга яхшироқ тақлид қилган бўламиз. Бу туфайли ҳаётимиз янада мазмунли ва бахтли бўлади (Матто 5:7).
Нимани билиб олдингиз?
• Нега айниқса имондошларимизга раҳмдиллик кўрсатишимиз муҳим?
• Қандай қилиб имонлилар жамоатида раҳмдиллик намоён эта оламиз?
• Имондошимиз бўлмаганларга қандай қилиб раҳмдиллик кўрсатишимиз мумкин?
[12- саҳифадаги расм]
Самариялик йўловчи раҳмдиллик кўрсатди
[14- саҳифадаги расм]
Имондошимиз бўлмаганларга Муқаддас Китоб асосида ваъз қилиб, уларга раҳмдиллик намоён этамиз