Яҳованинг Каломи жонли
Ҳикматлар китобининг диққатга сазовор оятлари
ҚАДИМГИ Исроил шоҳи Сулаймон «3 000 матал... ижро этди» (3 Шоҳлар 4:32). Унинг доно гаплари бизнинг кунларимизгача етиб келдими? Албатта. Худо Каломининг Ҳикматлар китобига шоҳ Сулаймоннинг ҳикматлари кириб, мил. авв. 717 йилда ёзиб тугатилган. Фақат бу китобнинг иккита охирги бобини бошқа одамлар — Ёқуб ўғли Ағур ва шоҳ Лемул ёзган деб ҳисобланади. Бироқ баъзиларнинг фикрича Лемул — бу шоҳ Сулаймоннинг исмларидан бири.
Ҳикматлар китоби Худонинг илҳоми билан ёзилган бўлиб, иккита мақсаддан иборат — «донолик ва насиҳатни ўргатади» (Ҳикматлар 1:2). Бу ҳикматларни ўқиб доноликка, яъни аниқ тушунчага эга бўламиз. Улар бизга қийинчиликларни енгиш учун ёрдам берадилар. Шунингдек биз ундан насиҳат ёки ахлоқий тарбия оламиз. Агар ҳикматларга диққатимизни қаратиб, мулоҳаза юритсак, уларнинг доно насиҳатлари бизнинг қалбимизга жо бўлади ва ҳаётда бахтли ҳамда муваффақиятли бўлишимизга кўмаклашади (Ибронийларга 4:12).
«ДОНО БЎЛ» ВА «ЙЎЛ-ЙЎРИҚЛАРИМНИ ҚАТТИҚ УШЛА»
«Донолик кўчада чақиради. Майдонда баланд овоз билан ҳайқиради»,— деб айтмоқда шоҳ Сулаймон (Ҳикматлар 1:20). Нима учун биз доноликнинг аниқ ва баланд овозга қулоқ солишимиз зарур? Ҳикматлар китобининг 2-бобида доноликнинг кўп фойдали томонлари келтирилган. 3-бобда эса Худованд Яҳовага қандай яқинлашиш мумкинлиги тўғрисида айтилмоқда. Сўнг Сулаймон: «Доноликнинг боши шудир, доно бўл; бор йўғингни бериб бўлса ҳам идрок ол. Йўл-йўриқларимни қаттиқ ушла, қўйиб юборма»,— деб тушунтирмоқда (Ҳикматлар 4:7, 13).
Бу дунёнинг ахлоқсиз йўлига турмаслик учун бизга нима ёрдам бериши мумкин? Ҳикматларнинг 5-бобида: фаҳм-фаросатли бўлиб, бу дунёнинг йўллари ўзига тортишини унутманг,— деб жавоб берилмоқда. Ўйлаб кўринг-а, ахлоқсизлик қандай ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин! Кейинги боб нотўғри хатти-ҳаракат ва мойилликлар Яҳова билан бўлган муносабатларимизга ёмон таъсир қилиши мумкин деб огоҳлантирмоқда. 7-боб биз учун жуда муҳим, чунки ахлоқсиз инсонларнинг ҳийлаларини фош қилмоқда. 8-бобда доноликнинг ажойиб тасвирланиши, яъни унинг биз учун бўлган фойдаси ҳақида ўқишимиз мумкин. 9-боб — бу олдинги бобларнинг завқлантирувчи якуни бўлиб, доноликни излашга ундайди.
Саволларга жавоблар:
1:7; 9:10 — Нима учун Эгамиз Яҳовадан қўрқиш — «билимларнинг» ва «доноликнинг бошидир»? Яҳовадан қўрқмай билим олиш имконсиз, чунки У — бутун борлиқнинг Яратувчиси ва Муқаддас Китобнинг Муаллифидир (Римликларга 1:20; 2 Тимўтийга 3:16, 17). У — ҳақиқат Манбаидир. Шунинг учун Худодан қўрқиш — билимнинг боши. Бундан ташқари Худодан қўрқиш, яъни чуқур эҳтиром ҳисси — доноликнинг боши, чунки донолик билимга асосланади. Устига-устак одам қандай билимларга эга бўлмасин, агар у Яҳовадан қўрқмаса, билимларини Яратувчини улуғлаш учун қўлламайди.
5:20 — Нима учун зинокор аёл «бегона хотин», деб аталган? «Бегона хотин» бу Ҳикматлар 2:16, 17-оятларида айтилгандай, «Худо олдида берган аҳдини бузган» хотинни англатади. Сохта худоларга сиғинган ёки Таврот қонунига риоя қилишдан воз кечган, шу жумладан фоҳишаларни бегоналар деб аташарди (Еремиё 2:25; 3:13).
7:1, 2 — ‘Сўзларим ва амрларим’ деган ибора нимани билдиради? Муқаддас Китоб таълимотларидан ташқари, ‘сўз ва амрлар’ ибораси, оила манфаати учун ота-оналар ўрнатган қоида ёки тартибни ҳам билдиради. Фарзандлар ота-оналари Муқаддас Китобдан берган таълимотларига бўйсунгани каби бу қоидаларга ҳам худди шундай итоат қилишлари лозим.
8:30 — Мусаввир ниманинг ёки кимнинг тимсолидир? Донолик «мусаввир», ёки «моҳир ёрдамчи» каби тасвирланган. Бу ерда шунчаки шеърият услуби қўлланилмай, ер юзига келишидан олдин Исо Масиҳнинг рамзи тасвирланган. Ерда инсон бўлиб туғилишидан аввал у осмонда бўлиб, Худонинг биринчи ижоди эди (Ҳикматлар 8:22). «Мусаввир» ва моҳир ёрдамчи тариқасида ҳазрати Исо барча нарсаларни яратишда Худованд Яҳова билан ҳамкорлик қилган (Колосаликларга 1:15–17).
9:17 — «Ўғирланган сув» нимани билдиради ва нима учун у «шириндир»? Муқаддас Китобда эру хотин ўртасидаги жинсий муносабатлар булоқдан оқаётган салқин сувлари билан таққосланади, «ўғирланган сув» эса бу яширин жинсий муносабатлардир (Ҳикматлар 5:15–17). «Ўғирланган сув» ширин деб тасвирланиши эса, хиёнат қилган одам бу жазосиз қолади деб ўйлаётганини кўрсатмоқда.
Хулосалар:
1:10–14. Гуноҳкорлар бизни бойиб кетиш ваъдалари билан ўзининг ёвуз йўлларига оздириб кетмасликлари учун, эҳтиёт бўлишимиз зарур.
3:3. Биз меҳр-иноят ва ҳақиқатни қадрлаб, рамзий маънода уларни қимматбаҳо маржон каби бўйнимизга тақиб олишимиз лозим. Уларни «юрагимиз қаърига» ёзиб қўйишимиз керак, токи улар доимо қалбимизда бўлсин.
4:18. Муқаддас Китобдаги ҳақиқат кундан кунга ойдинлашмоқда. Ҳақиқат йўлида юришни давом эттириш учун, камтарин ва мулойим бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.
5:8. Мусиқа, теледастурлар, Интернет, китоб ва журналдаги ҳар қандай ахлоқсизликнинг таъсиридан узоқлашишга жон куйдиришимиз зарур.
5:21. Яҳовани севган инсон бир лаҳза ҳузур-ҳаловат деб, У билан бўлган яқин муносабатларнинг бузилишига йўл қўярмиди? Албатта йўқ! Яҳова барча ишларимизни кузатиб тургани, ҳамда улар учун жавоб беришимизни билиш, қатъият ила ахлоқий покликни сақлаб қолишга ёрдам беради.
6:1–5. Бу оятларда яққол кўриниб турибдики, «ўзгага кафиллик қилиш» ёки уларнинг молия мажбуриятини ўз зиммамизга олиш ақлсизликдир. Агар мулоҳаза қилиб, нодонлик қилганимизни тушунсак, ўзгадан бориб «тиз чўкиб ёлворишга» ва вазиятни ўзгартиришга қатъий ҳаракат қилишимиз лозим.
6:16–19. Бу оятларда ёвузликнинг асосий еттита тури санаб ўтилган. Буларнинг барчасига нафрат билан қарашимиз зарур.
6:20–24. Болани кичиклигидан Муқаддас Китоб ёрдамида тарбия қилсак, уни ахлоқсизлик тузоғидан асраб қоламиз. Ота-оналар фарзандларини тўғри йўлга солиш бурчига бепарво бўлмасликлари керак.
7:4. Донолик ва ақл-идрокка меҳр боғлашимиз зарур.
ЎЗГА-ЎЗГА ҲИКМАТЛАР БИЗ УЧУН САБОҚДИР
Кейинги боблардаги шоҳ Сулаймоннинг ҳикматлари — қисқа, аммо чуқур маъноли сўзлардир. Уларнинг ичига ўхшатма, таққослаш ва тасвирлаш кириб, ҳаётимизнинг турли соҳаларида: нутқимиз, хатти-ҳаракатимиз учун яққол сабоқ бўлиб, хизмат қилади.
Ҳикматлар 10–24-боблари Худодан қўрқиш қанчалик муҳим эканини таъкидламоқда. Ҳикматлар китобининг 25–29-боблари «Яҳудо шоҳи Ҳизқиёнинг одамлари» томонидан кўчирилиб олинган (Ҳикматлар 25:1). Бу ҳикматлар Яҳова Таолога таянишни ўргатиб, ҳар хил фойдали маслаҳатларни ўз ичига олган.
Саволларга жавоблар:
10:10 — Нима учун «кўз қисган қайғуга сабаб бўлади»? «Айёр ва нопок» одамлар бошқаларни алдаш ниятида нафақат «бузуқ сўзларни гапирадилар», балки «кўз қисадилар» ҳам (Ҳикматлар 6:12, 13). Ёлғончининг бундай хатти-ҳаракатлари бошқа одамга қайғу келтиради.
10:29 — «Эгамизнинг йўли» бу нима? Бу ҳаёт йўли эмас, балки Яҳованинг инсонлар билан бўлган муносабатидир. Худонинг йўли «солиҳлар учун қалъа, ёмонлик қиладиганлар учун эса ҳалокатдир».
12:23 — «Ақлли билимини кўз-кўз қилмайди» деган ибора нимани англатади? Бу, ақлли одам ўз билими яшираётганини англатмайди. Бироқ у нима ва қачон айтишни билиб, манманликдан қочади.
18:19 — Нима учун «хафа бўлган биродарга яқинлашиш кучли шаҳарни олишдан ҳам қийин»? Хафа бўлган одам кечиришни хоҳламай, қамал қилинган шаҳарга ўхшаб қолади. Уларнинг орасида бўлган жанжал худди «қалъанинг қулфига ўхшаб», ечими қийин бўлади.
Хулосалар:
10:11–14. Сўзларимиз файзли бўлиши учун ақлимиз ҳақиқат, қалбимиз меҳр-иноят, оғзимиз доно гапларга тўлиб тошиши керак.
10:19; 12:18; 13:3; 15:28; 17:28. Гапларимиз озгина ва созгина бўлсин!
11:1; 16:11; 20:10, 23. Яҳова бизни ҳалол бўлишимизни истайди.
11:4. Муқаддас Китобни синчковлик билан ўрганиш, йиғилишларга қатнашиш, ибодат ва ваъзгўйлик қилиш ўрнига бойликка ружу қўйиш — ақлсизликдир.
13:4. Жамоатда масъулиятга эга бўлиш ёки янги дунёда яшаш хоҳишининг ўзи етарли эмас. Буларга лойиқ бўлишимиз учун, меҳнатсевар ва тиришқоқ бўлишимиз лозим.
13:24; 29:15, 21. Ғамхўрли ота-оналар фарзандини эркалатиб, камчиликларга кўзини юммайди. Аксинча камчиликлар сингиб кетмасдан олдин, уларни йўқ қилиш мақсадда тарбия чораларини кўришади.
14:10. Юрак дардимизни ҳар доим ҳам аниқ ифода бера олмаслигимиз ва бошқалар бизни негизигача тушунмагани туфайли, одамлар бизга тўлиқ тасалли бера олмайдилар. Баъзида фақат Яҳова Таолога таянишга тўғри келади.
15:7. Деҳқон барча уруғни битта жойга ташламагани сингари, биз ҳам барча билимларимизни тўкиб солмаслигимиз керак. Доно одам билимини секин аста, эҳтиёжга қараб «тарқатади».
15:15; 18:14. Ҳатто қийин вазиятларда ҳам ҳаётга табассум ила боқиш, шодликни йўқотмасликка ёрдам беради.
17:24. Фикр ва нигоҳи аниқ мақсадни кўзламайдиган, қуруқ хаёл қилган «нодонга» ўхшамаслик учун, аниқ билимга эга бўлишга интилишимиз даркор. Бу донолик ила йўл тутишга ёрдам беради.
23:6–8. Иккиюзламалик меҳмондўстликдан эҳтиёт бўлайлик!
27:21. Биз ҳақиқатан ҳам қандай эканлигимизни, мақтов орқали билиб олишимиз мумкин. Камтарин бўлсак, барча ютуқларимиз Яҳовадан келганини тан оламиз. Бундай мақтовлар хизматимизни давом этишга ундайди. Бироқ мақтов ғурурланишга сабаб бўлса, камтаринлик етишмаслигидан далолат беради.
27:23–27. Бу оятларда чўпоннинг ҳаёти тасвирланиб, қанчалик меҳнатсевар ҳамда оддий ҳаёт билан мамнун бўлиш кераклиги таъкидланмоқда. Энг асосийси эса улар бизнинг ҳаётимиз Худога боғлиқ эканлигига ўргатмоқда.a
28:5. Агар Эгамизга ибодат қилиб ва Каломини ўрганиб Яҳовага интилсак, ‘ҳамма нарсани тушуниб’, хизматимизни У хоҳлаганидай бажара оламиз.
МУҲИМ НАСИҲАТЛАР
Ҳикматлар китоби насиҳат билан якунланмоқда (Ҳикматлар 30:1; 31:1). Ағурнинг сўзларига сабоқ берувчи ўхшатмалар кирган. У ҳеч қачон қониқмайдиган нарсалар ҳамда бадният киши қизни ҳийла билан авраши ҳақида айтиб бермоқда.b Бу ҳикматлар ўзини юқори қўйиш ва жаҳлни қўзғатадиган сўзлардан огоҳлантирмоқда.
Лемулга онаси ўргатган насиҳатлари май ва бошқа маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилишга тааллуқли. Ҳамда адолат ила ҳукм қилишга насиҳат берилмоқда. Сўнг эса фаросатли хотин таърифи қуйидаги сўзлар билан якунланмоқда: «Меҳнатининг мевасини кўрсин, ишлари дарвозаларда уни шарафласин» (Ҳикматлар 31:31).
Доно бўлинг, насиҳатга қулоқ солинг, Яҳовадан қўрқиб, Унга умид боғланг. Худонинг илҳомлантирган ёзуви нақадар қимматбаҳо йўл-йўриққа бой! Илойим, Худодан қўрқиб, чиндан ҳам бахтиёр бўлайлик! (Забур 111:1)
[Изоҳлар]
a 1991 йил, 1 август сонидаги «Қўриқчи минораси»нинг 31-саҳифасига қаранг.
b 1992 йил, 1 июл сонидаги «Қўриқчи минораси»нинг 31-саҳифасига қаранг.
[8- саҳифадаги расмлар]
Яҳова Таоло ҳақиқат Манбаидир
[10- саҳифадаги расм]
«Билим тарқатиш» ибораси нимани англатади?