Тўлов биз учун жуда муҳим!
Кимки Худо Ўғлига ишонса, абадий ҳаётга эришади. Ўғилга ишонмаган одам эса ҳаёт кўрмай, Худонинг ғазабига учрайди. ЮҲАН. 3:36
1, 2. «Сион қўриқчи минораси» нега ўз вақтида чоп этилишни бошлаган деса бўлади?
«ИСОНИНГ ўлими, Муқаддас Китобни тадқиқ қилган ҳеч бир инсонни ҳали бефарқ қолдирмаган». Ушбу сўзлар, журналимизнинг 1879- йил октябрь сонидаги тўртинчи нашрида ёзилган эди. Мазкур мақолага мана шундай хотима ясалди: «Шундай экан, Исонинг ўлими гуноҳларимизни ювиши имконсиз, деган ҳар қандай шубҳали гаплардан йироқлашишимиз зарур» (1 Юҳанно 2:1, 2 ўқинг).
2 «Сион қўриқчи минораси» номли журнал биринчи марта 1879- йил, июль ойида чоп этилган. Бунинг сабабларидан бири, Муқаддас Китобнинг тўлов ҳақидаги таълимотини ҳимоялашдан иборат эди. Ҳақиқатан ҳам, 1800- йилларнинг охирида бу журнал «ўз вақтида» берилган ризқ-рўз эди. Чунки ўшанда кўпайиб бораётган христианлар Масиҳнинг ўлими гуноҳларимиз учун тўлов эканлигини шубҳа остига қўйишган (Мат. 24:45). Ўша даврда, кўпчилик эволюция назариясини қабул қилиб, инсон мукаммалликни йўқотгани ҳақидаги фикрга қарши чиқишган. Эволюция тарафдорлари, одам ўз-ўзидан мукаммалликка эришиши керак ва ҳеч қандай тўловга муҳтож эмас деб ўргатишарди. Ўтмишни оладиган бўлсак, Павлус ҳам Тимўтийни шундай деб огоҳлантирган: «Худога мақбул бўлмаган қуруқ гаплар ва ёлғондан “билим” дейилган пуч фикрлардан узоқлаш. Баъзилар бу фикрларни тан олиб, имондан адашдилар» (1 Тим. 6:20, 21).
3. Мазкур мақолада қандай саволларни кўриб чиқамиз?
3 Шубҳасизки, сиз ҳам имонда мустаҳкам туришга ҳаракат қиляпсиз. Кучли имонга эга бўлиш учун келинг, қуйидаги саволларни кўриб чиқайлик: нега тўлов мен учун муҳим? Тўлов қанчалик қимматга тушган? Худонинг ғазабидан халос қилувчи бу бебаҳо ҳадядан қандай қилиб фойда олсам бўлади?
Аллоҳнинг қаҳридан халос этилиш
4, 5. Аллоҳнинг ғазаби бу ёвуз дунё устига ёғдирилишини нима исботлаяпти?
4 Одам Ато гуноҳ қилганидан бери, инсоният Худонинг ғазабига учраганини Муқаддас Китоб ва тарихдан яққол кўриб турибмиз (Юҳан. 3:36). Шу тариқа, бутун инсоният ўлимга маҳкум этилган. Шайтоннинг ҳукмронлиги одамзодни кулфатлардан бутунлайин халос қила олмади ҳамда инсоний ҳокимиятлар ҳатто аҳолисининг асосий эҳтиёжларини қондиришга ожиздир (1 Юҳан. 5:19). Шундай қилиб, одамлар урушлар, жиноятчилик ва қашшоқлик дастидан ҳали ҳануз азоб чекмоқда.
5 Кўриниб турганидек, бу ёвуз дунё Яҳованинг қут-баракаларидан маҳрум бўлган. Бу борада Павлус шундай ёзган: «Барча бетавфиқ ва фосиқ инсонларга кўкдан Худонинг ғазаби тўкилишга тайёр» (Рим. 1:18–20). Ўшанда, тавба-тазарру қилмай, ахлоқсиз ҳаёт кечираётганларга қилмишларининг аччиқ оқибатларидан қутилиш имконсиз бўлади. Шайтон дунёси устидан чиқарилган ҳукмида Худонинг қаҳр-ғазаби яққол акс этган. Бу ҳақда Муқаддас Китобга асосланган адабиётларимиздан билиб оляпмиз (Ваҳ. 16:1).
6, 7. Мойланганлар қандай фаолиятни бошқармоқда ва бу дунёдаги инсонлар учун қанақа имконият бор?
6 Хўш, одамлар Шайтон таъсиридан озод бўлиб, Худонинг марҳаматига сазовор бўлишга кеч қолишдими? Йўқ, албатта. Чунки Яҳова Таоло билан ярашиш имконияти ҳалигача бор. «Масиҳ учун элчилик қилаётган» мойланганлар, ваъзгўйлик фаолиятини бошқариб, барча миллатдаги инсонларни: «Худо билан ярашинглар!» — деб чорлашмоқда (2 Кор. 5:20, 21).
7 Ҳаворий Павлус, Исо Масиҳ бизни келажакдаги «ғазабдан халос қилади», деб айтган эди (1 Салон. 1:10). Бироқ, Яҳованинг қаҳр-ғазаби тавба қилмаётган гуноҳкорлар устига сочилганда, улар бутунлайин йўқ бўлади (2 Салон. 1:6–9). Унда кимлар халос бўлиши мумкин? Инжилда шундай дейилган: «Кимки Худо Ўғлига ишонса, абадий ҳаётга эришади. Ўғилга ишонмаган одам эса ҳаёт кўрмай, Худонинг ғазабига учрайди» (Юҳан. 3:36). Ҳа, Исога ва унинг тўловига ишонган барча инсонлар, Худонинг ғазаб кунида омон қолишади.
Тўлов қурбонлигининг аҳамияти
8. а) Одам Ато ва Момо Ҳавони қандай келажак кутаётган эди? б) Қай йўсин Яҳова мукаммал адолатини намоён қилди?
8 Биламизки, Одам Ато ва Момо Ҳаво мукаммал қилиб яратилган эди. Агар улар Худога итоат қилишганида, бугунги кунда ер юзи жаннатга айланиб, улар авлодлари билан бахтли ҳаёт кечиришарди. Аммо минг афсуски, илк жуфтлик била туриб Худонинг амрига қарши чиқди. Оқибатда улар ўлимга маҳкум этилиб, жаннатмакон уйидан ҳайдалишди. Кейинчалик улар фарзандлар кўриб, одамзодга гуноҳни мерос қилиб қолдиришди. Охири улар қариб ўлишди. Бу эса Яҳованинг сўзлари ҳақиқат эканини исботлади. Шу билан биргаликда Худонинг мукаммал адолати яққол кўринди. Ахир Яҳова Таоло, тақиқланган мевадан ейиш ўлимга олиб келиши ҳақда Одам Атони огоҳлантирган эди-ку!
9, 10. а) Нега Одам Атонинг авлоди ўлимга маҳкум этилган? б) Ўлимдан қандай халос бўлишимиз мумкин?
9 Одам Атонинг авлоди эканмиз, номукаммал баданга эга бўлиб, гуноҳ қилишга мойилмиз. Бу эса ўз навбатида ўлимга олиб келади. Одам Ато гуноҳ қилганида, биз унинг пушти камарида бўлганмиз. Демак, барчамиз ўлимга маҳкум этилганмиз. Мабодо Яҳова бизни тўловсиз ўлимдан озод қилганида, У ёлғончи бўлиб чиқарди. Ахир Павлус бу борада шундай деган: «Бизга маълумки, Илоҳий Қонун табаррукдир. Бироқ мен эса — гуноҳга қул бўлиб сотилган ожиз бандаман. Оҳ, мен шўрлик одам! Ўлимга гирифтор шу баданимдан мени ким қутқарар экан?» (Рим. 7:14, 24).
10 Бизни гуноҳ ва ўлим қуллигидан озод этишга фақатгина Яҳованинг қонуний асоси бўлган. У биз учун тўлов сифатида суюкли Ўғлини ер юзига юбориб, мукаммал инсон бўлиб туғилишига йўл қўйган. Бироқ Одам Атодан фарқли равишда, Исо мукаммалликни сақлай олган. Зеро «у ҳеч қандай гуноҳ қилмаган» (1 Бутр. 2:22). Исо ҳам мукаммал халқнинг отаси бўлиши мумкин эди. Лекин у бундай қилмаган. Аксинча у, Одам Атонинг гуноҳкор авлоди учун Аллоҳнинг душманлари томонидан ўлдирилишга тайёр бўлди. Шу йўсин бу, унга ишонган инсонлар абадий ҳаётга эга бўлиш имконини яратиб берди. Муқаддас Китобда бу ҳақда шундай ёзилган: «Худо ягона ва Худо билан инсонлар орасидаги Воситачи ҳам ягонадир. Ўзи ҳам инсон бўлган Исо Масиҳ ҳамма инсонларни қутқариш эвазига Ўз жонини фидо қилди» (1 Тим. 2:5, 6).
11. а) Тўлов қанчалик аҳамиятли эканини қайси мисол орқали тушуниш мумкин? б) Тўлов туфайли яна кимларнинг гуноҳлари кечирилади?
11 Тўлов қанчалик аҳамиятга эга эканини тушуниш учун, банкка катта пул қўйиб, кейинчалик инқирозга учраган одамларнинг вазиятини тасаввур қилса бўлади. Банк ходимлари жазоланиб, кўп йилларга қамоққа ўтқизилади. Энди бечора омонатчилар нима қилишсин? Вақт ўтгач, битта бой ва сахий киши ўша банкка катта пул қўяди. Шундай қилиб, омонатчиларнинг пули қайтариб берилади. Бундай бўлмаганида эди, улар нақ ночор аҳволда қолишарди. Шу каби Яҳова Таоло ҳамда Унинг азиз Ўғли, Одам Атонинг фарзандларини Исонинг тўккан қони асосида сотиб олиб, уларнинг гуноҳларини, яъни қарзларини тўлайди. Бекорга Яҳё пайғамбар ҳам: «Мана, дунёнинг гуноҳини Ўзига олувчи Худонинг қурбонлик Қўзиси!» — деб айтмаган (Юҳан. 1:29). Шу тариқа тўлов орқали нафақат тирикларнинг, балки ўлганларнинг ҳам гуноҳлари кечирилади.
Тўлов қанчалик қимматга тушди
12, 13. Иброҳим Исҳоқни қурбон қилишга тайёр бўлганидан нимани билиб оляпмиз?
12 Тўлов, самовий Отамиз ва Унинг суюкли Ўғлига қанчалик қимматга тушганини тасаввур қилиш жуда қийин. Бироқ Муқаддас Китобдаги баъзи бир мисоллар бу ҳақда мулоҳаза юритишга ёрдам беради. Масалан, Иброҳим Худонинг мана шу гапига қулоқ солди: «Ўзинг севадиган ягона ўғлинг Исҳоқни олиб Мўриё ерига кет. У ерда Мен сенга айтадиган тоққа чиқиб, ўғлингни қурбон қил». Ўшанда Иброҳим ўзини қандай ҳис қилганини кўз олдингизга келтиринг (Ибт. 22:2–4).
13 Иброҳим манзилига етиб келди. У ўз қўли билан қурган қурбонгоҳ устига Исҳоқни ётқизиб, қўл ва оёқларини боғлади. Ўша пайт Иброҳим юраги парча-парча бўлиб кетгандир. Ўз ўғлини қурбонликка келтириш учун пичоқни кўтарганида у нақадар эзилгандир-а?! Қурбонгоҳ устида ётган Исҳоқ-чи? У ҳам ажали етгани ҳақида ўйлаётганини айтмайсизми?! Бироқ Яҳованинг фариштаси вақтида Иброҳимни тўхтатган. Дарҳақиқат, бу воқеа орқали Тангри Яҳова, Шайтоннинг одамлари Унинг Ўғлини ўлдиришига йўл қўйганида, Ўзини қандай ҳис қилганини тушунишга ёрдам беради. Исҳоқ отаси Иброҳимга итоаткор бўлгани, Исонинг биз учун азоб чекиб ўлишга тайёрлигини кўрсатяпти (Иброн. 11:17–19).
14. Ёқубнинг ҳаётидаги қайси воқеа, тўловни қадрлашга ёрдам беради?
14 Тўловнинг қанчалик қимматга тушганини шунингдек, Ёқуб билан содир бўлган ҳодисадан кўрса бўлади. У ўғиллари орасида кўпроқ Юсуфни яхши кўрарди. Афсуски, Юсуфнинг акалари укасига ҳасад қилиб, ундан нафратланишарди. Бир куни Ёқуб, Юсуфни акаларидан хабар олишга юборганида, у тайёрлик ила йўлга жўнади. Ўша пайт ака-укалар Хеврондаги уйларидан 100 километр узоқликда оталарининг қўйларини ўтлаб юришарди. Улар қайтганларида, қонга беланган Юсуфнинг чопонини отасига олиб келишганида, унинг бошидан кечирган ҳиссиётларини бир тасаввур қилиб кўринг! Ёқуб чопонни таниб шундай хитоб қилди: «Ўғлимнинг чопони-да, уни йиртқич ҳайвон еган. Юсуф бурда-бурда бўлган, шекилли». Ёқуб бунинг дастидан қаттиқ қайғурган ва ҳатто бир неча кун давомида мотам тутган (Ибт. 37:33, 34). Албатта, Яҳованинг ҳис-туйғулари одамларникидан фарқ қилади. Лекин Ёқубнинг ҳаётидаги бу воқеа, Худонинг ҳиссиётларини оз бўлса ҳам тушунишга ёрдам беради. Зеро У ҳам, Ўз Ўғлини ер юзига юбориб, одамлар уни қийноққа солиб ўлдиришларига йўл қўйган эди.
Тўловдан қандай фойда олсак бўлади?
15, 16. а) Яҳова тўловни қабул қилганини қаердан биламиз? б) Тўловдан қандай фойда олишимиз мумкин?
15 Аллоҳ Яҳова садоқатли Ўғлини руҳий шахс қилиб тирилтирди (1 Бутр. 3:18). Тирилганидан сўнг Исо, 40 кун давомида шогирдларига зоҳир бўлиб, уларнинг имонини мустаҳкамлади ҳамда ваъзгўйлик фаолиятига тайёрлади. Осмонга кўтарилганида эса, у тўккан қонининг баҳосини Яҳовага тақдим этди, токи тўлов қурбонлигига ишонган ва қадрлаган издошлари ундан фойда олишсин. Тангри Яҳова тўловни қабул қилганини, Исога милодий 33- йил Ҳосил байрамида шогирдларининг устига муқаддас руҳини ёғдиришга рухсат берганидан кўрса бўлади (Ҳавор. 2:33).
16 Мойланган масиҳчилар эса бошқа инсонларни Худонинг ғазабидан халос бўлиш учун гуноҳларида иқрор бўлиб, Исонинг номи билан сувга чўмишга ундашади (Ҳаворийлар 2:38–40 ўқинг). Ўша тарихий воқеадан то бугунгача, Исонинг тўлов қурбонлиги асосида турли миллатдан бўлган миллионлаб инсонлар, Худо билан яқин муносабатларга эга бўлишяпти (Юҳан. 6:44). Шундай экан, келинг, қуйидаги иккита саволни кўриб чиқайлик: эзгу ишларимиз туфайли абадий яшаш умидига сазовор бўла оламизми? Бу ажойиб умидга эга бўлиб, кейинчалик уни йўқотиб қўйиш мумкинми?
17. Худо билан дўст бўлиш шарафини қадрлаётганингизни қандай кўрсата оласиз?
17 Гап шундаки, тўлов Худонинг меҳр-иноятидан далолатдир. Бироқ унга ишонган миллионлаб кишилар, бугунги кунда Худога дўст бўлиб, ер юзидаги жаннатда абадий яшашга умид қилишяпти. Шуниси қизиқки, Яҳованинг дўсти бўлиш, доим шундай муносабатларда қолишимизга кафолат бермайди. Худонинг ғазаб кунида омон қолиш учун Исо Масиҳ берган тўловни қадрлаётганимизни намоён этишимиз муҳим (Рим. 3:24; Филиппиликларга 2:12 ўқинг).
Тўловга бўлган имонингизни йўқотмаган!
18. Тўловга ишониш ўз ичига нимани олади?
18 Ушбу мақоланинг асосий ояти Юҳанно 3:36 дан билиб олганимиздек, Ҳазратимиз Исога ишониш, шунингдек унга итоаткор бўлишни ҳам ўз ичига олади. Устозимизнинг таълимотлари, чунончи ахлоқий меъёрларига мувофиқ яшаб, тўлов қурбонлиги учун миннатдор эканлигимизни кўрсатишимиз мумкин (Марк 7:21–23). Нега деганда, зиногарлик, майнабозчилик ҳамда ҳар қандай ифлослик, жумладан порнографияни томоша қилишга одатланган инсонларнинг «бошига Худонинг ғазаби келади» (Эфес. 5:3–6).
19. Тўловнинг қадрига етаётганимизни қандай кўрсатамиз?
19 «Муқаддас юриш-туришимиз» билан тўлов қурбонлигини қадрлаётганимизни кўрсатамиз (2 Бутр. 3:11, 12). Шундай экан, келинг, самимий ибодат, шахсий тадқиқ, жамоат учрашувларига мунтазам қатнаш, оилавий тадқиқ ҳамда ғайрат билан ваъз қилишга етарлича вақт ажратайлик! Шу тариқа, «хайрихоҳлик ва улфатчиликни унутмаймиз, чунки бундай қурбонлар Худога мақбулдир» (Иброн. 13:15, 16).
20. Исонинг тўловига ишонган инсонларни қандай келажак кутмоқда?
20 Агар ҳозирданоқ тўловга ишониб, уни қадрлаётганимизни кўрсатсак, ёвуз дунё устидан Яҳованинг қаҳр-ғазаби тўкилганда омон қолиб, чексиз хурсандчиликни ҳис қиламиз. Аллоҳ ваъда қилган янги дунё келганида эса, тўлов бизни Худонинг ғазабидан халос қилгани учун абадий миннатдор бўламиз (Юҳанно 3:16; Ваҳий 7:9, 10, 13, 14 ўқинг).
Илтимос жавоб беринг
• Нега биз тўловга муҳтожмиз?
• Тўлов қанчалик қимматга тушди?
• Исонинг тўловидан қандай фойда олишимиз мумкин?
• Тўловни қадрлаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз?
[13- саҳифадаги расм]
Яҳова Таоло билан ярашиш имконияти ҳалигача бор
[15- саҳифадаги расмлар]
Иброҳим ва Ёқуб ҳақидаги ҳикоялар устидан фикр юритиш, тўлов қанчалик қимматга тушганини англашга кўмаклашади