Матто баён этган хушхабар
26 Исо гапини тугатгач, шогирдларига шундай деди: 2 «Икки кундан кейин Фисиҳ байрами* бўлишини биласизлар+. Ўшанда Инсон Ўғлини устунга михлаш учун тутиб беришади»+.
3 Бу вақтда бош руҳонийлар билан халқ оқсоқоллари Каяфа+ исмли олий руҳонийнинг ҳовлисида йиғилишди. 4 Улар Исони айёрлик билан қўлга тушириб, ўлдиришга келишиб олишди+. 5 Аммо: «Халқ ғалаён кўтармаслиги учун, буни байрам пайтида қилиб бўлмайди»,— деб айтишди.
6 Исо Байтанияда бўлганида, ўтмишда мохов бўлган Симуннинг уйига кирди+. 7 У дастурхон атрофига ёнбошлаганда, ганч идиш кўтарган аёл келиб, идишдаги қимматбаҳо хушбўй мойни Исонинг бошига қуя бошлади. 8 Буни кўрган шогирдлар аччиқланиб, шундай дейишди: «Бундай исрофгарчиликнинг нима кераги бор? 9 Ахир уни катта пулга сотиб, камбағалларга тарқатса бўлар эди-ку». 10 Улар нима ҳақда гапираётганини билиб, Исо қуйидагича айтди: «Нега бу аёлни хижолат қиляпсизлар? У мен учун эзгу иш қилди. 11 Чунки камбағаллар доимо ёнингизда бўлади+, мен эса доим сизлар билан бўлмайман+. 12 Бу аёл танамга хушбўй мой суртиб, мени дафн этишга тайёрлади+. 13 Ишонаверинг, хушхабар дунёнинг қайси жойида ваъз қилинмасин, бу аёлнинг қилган иши ҳам ёдга олинади»+.
14 Шунда 12 шогирддан бири Яҳудо Ишқариёт+ бош руҳонийларнинг олдига бориб+: 15 «Агар уни қўлингизга тутиб берсам, менга нима берасизлар?»+ — деди. Улар 30 кумуш танга+ беришни ваъда қилишди. 16 Ўша вақтдан бошлаб, у Исони тутиб бериш учун қулай фурсатни пойлаб юрди.
17 Хамиртурушсиз нон байрамининг*+ биринчи куни шогирдлар Исонинг олдига келиб: «Сизга Фисиҳ байрами таомини қаерда тайёрлашимизни истайсиз?» — деб сўрадилар+. 18 У шундай жавоб берди: «Шаҳардаги фалончиникига боринглар-да, унга айтинглар: “Устозимиз: “Менга белгиланган вақт яқинлашиб қолди. Фисиҳ байрамини шогирдларим билан сизникида нишонлайман”,— деяпти”». 19 Шогирдлари Исо буюргандай қилиб, Фисиҳ байрамига керакли ҳамма нарсани тайёрлашди.
20 Кеч кирганда+, Исо 12 шогирди билан дастурхон атрофига ёнбошлади+. 21 Улар овқатланишаётганда Исо: «Сизларга айтиб қўяй, орангиздан бир киши менга хиёнат қилади»+,— деди. 22 Шогирдлари бундан жуда хафа бўлиб, ҳар бири ундан: «Ҳазрат, мен эмасман-а?» — деб сўрай бошлади. 23 Исо уларга жавобан шундай деди: «Мен билан битта косадан овқат еяётганлардан бири менга хиёнат қилади+. 24 Аслида Инсон Ўғли у ҳақда ёзилганидай сизларни тарк этяпти. Аммо Инсон Ўғлига хиёнат қиладиган кишининг+ ҳолига вой!+ Ўша одамнинг туғилмагани яхшироқ бўларди»+. 25 Шунда Исога хиёнат қилмоқчи бўлаётган Яҳудо: «Устоз, мен эмасман-а?» — деб сўради. Исо унга: «Буни ўзингиз айтдингиз»,— деди.
26 Улар овқатланиб ўтиришганда, Исо нонни олди-да, шукрона дуосини айтиб синдирди+ ва шогирдларига бериб: «Олинглар, енглар. Бу менинг танамни билдиради»,— деб айтди+. 27 Шунингдек, у косани олиб, шукрона дуосини айтди-да, шогирдларига узатиб, шундай деди: «Ҳаммангиз ундан ичинг+. 28 Чунки бу, кўпларнинг гуноҳлари кечирилиши учун+ тўкиладиган+ қонимни+ — “аҳд қонини”+ англатади. 29 Сизларга айтиб қўяй, Отамнинг Шоҳлигида сизлар билан бирга янги шароб ичадиган кун келмагунча, мен сира ҳам шароб ичмайман»+. 30 Кейин улар ҳамду сано куйлаб, Зайтун тоғи томон йўл олишди+.
31 Шу орада Исо шогирдларига қуйидагиларни айтди: «Бу кеча барчангиз мендан юз ўгирасизлар. Зеро Муқаддас Ёзувларда шундай дейилган: “Мен чўпонга зарба бераман, сурувдаги қўйлар эса тарқалиб кетади”+. 32 Бироқ тирилганимдан сўнг, сизлардан аввал Жалилага бораман»+. 33 Буни эшитган Бутрус: «Ҳамма сиздан юз ўгирса ҳам, мен асло юз ўгирмайман!» — деди+. 34 Исо унга: «Ишонаверинг, шу кечанинг ўзида хўроз қичқирмасданоқ, сиз мендан уч марта тонасиз»,— деб айтди+. 35 Бутрус бўлса: «Сиз билан бирга ўлишимга тўғри келса ҳам, сиздан ҳечам тонмайман»+,— деди. Бошқа шогирдлар ҳам шундай дейишди.
36 Сўнгра Исо шогирдлари билан Гетсемания деган жойга келиб+, уларга: «Мен нарироққа бориб ибодат қилгунимча, шу ерда ўтириб туринглар»+,— деди. 37 Исо Бутрусни ва Забадийнинг иккита ўғлини ўзига ҳамроҳ қилиб олди. У қайғу ва қаттиқ изтиробга тушди+. 38 Шунда Исо уларга: «Ўлар ҳолатда қийналяпман. Шу ерда қолиб, мен билан бирга ҳушёр туринглар»,— деб айтди+. 39 У бир оз нари бориб, тиз чўкди-да: «Отажон, агар иложи бўлса, бу коса*+ мени четлаб ўтсин. Лекин мен хоҳлагандек эмас, Сен хоҳлагандек бўлсин»+,— дея ибодат+ қила бошлади.
40 Исо қайтиб келиб, шогирдларининг ухлаб ётганини кўрди-да, Бутрусга қараб шундай деди: «Мен билан бирга ҳеч бўлмаганда бир соат сергак тура олмадингизларми?+ 41 Васвасага тушмаслик учун+ ҳушёр туриб+, доим ибодат қилинглар+. Руҳ тетик, тана эса заифдир»+. 42 Исо яна қайтиб бориб: «Отажон, бу коса мени четлаб ўтишининг ва ундан ичмасликнинг иложи бўлмаса, майли, Сен истагандек бўлсин»+,— деб ибодат қилди. 43 У қайтиб келиб қараса, шогирдлари ухлаб ётишган экан. Негаки, уларни қаттиқ уйқу босган эди. 44 Исо уларни қолдириб, яна узоқлашди ва учинчи марта ўша сўзларни айтиб ибодат қилди. 45 Сўнг яна шогирдларининг ёнига келиб, қуйидагича деди: «Шундай вақтда ухлаб, дам олиб ётибсизларми?! Мана, Инсон Ўғли гуноҳкорларнинг қўлига тутиб бериладиган вақт ҳам келди. 46 Туринглар, кетдик. Хоин яқинлашиб қолди». 47 У ҳали гапини тугатмасидан, 12 шогирддан бири Яҳудо ҳамда қўлларига қилич ва таёқ кўтарган бир тўда одамлар келиб қолди. Уларни бош руҳонийлар ва халқ оқсоқоллари юборишган эди+.
48 Исонинг хоини улар билан шундай деб келишиб олган эди: «Мен кимни ўпсам, ўша Исодир. Уни ҳибсга олинглар». 49 У тўғри Исонинг олдига бориб: «Салом, Устоз!» — деди-да, уни астагина ўпди. 50 Бироқ Исо унга: «Дўстим, бу ерга нега келдингиз?»+ — деди. Шунда юборилган кишилар келиб, Исони ҳибсга олишди. 51 Шу вақт Исо билан бирга бўлганлардан бири қиличини қинидан чиқарди-да, олий руҳонийнинг қулига ташланиб, қулоғини кесиб ташлади+. 52 Исо эса унга мана шу сўзларни айтди: «Қиличингизни қинига солиб қўйинг+. Чунки қилич кўтарганларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўлади+. 53 Ёки мени Отамга илтижо қилиб, шу ондаёқ тумонат* фаришталарини юборишини сўрай олмайди, деб ўйлаяпсизми?+ 54 У ҳолда, Муқаддас Ёзувлардаги сўзлар қандай амалга ошар эди? Ахир буларнинг содир бўлиши каромат қилинган-ку». 55 Бундан кейин Исо оломонга қарата қуйидагиларни айтди: «Мен сизларга қароқчимидимки, мени ҳибсга олиш учун қиличу таёқ кўтариб келибсизлар? Ҳар куни маъбадда ўтириб таълим берганимда+, мени ҳибсга олмаган эдингиз-ку+. 56 Аммо буларнинг бари пайғамбарларнинг сўзлари амалга ошиши учун содир бўлди»+. Шунда шогирдлари уни ташлаб, қочиб кетишди+.
57 Исони ҳибсга олгач, олий руҳоний Каяфанинг+ ҳузурига олиб боришди. Уламою оқсоқоллар ҳам ўша ерда эдилар+. 58 Бутрус бўлса Исони узоқдан кузатиб бориб, олий руҳонийнинг ҳовлисигача келди. У ичкарига кириб, ҳаммаси нима билан тугашини кўриш учун хизматкорларнинг ёнига ўтирди+.
59 Бу орада бош руҳонийлар билан Олий Кенгаш* аъзолари Исони ўлимга маҳкум этиш учун, унга қарши сохта гувоҳларни излашга тушдилар+. 60 Анчагина сохта гувоҳлар келган бўлса-да, мос келадиганини топа олишмади+. Ниҳоят икки киши келиб, 61 шундай деди: «Бу одам: “Мен Аллоҳнинг маъбадини бузиб, уч кунда тиклай оламан”+,— деб айтган». 62 Шунда олий руҳоний ўрнидан туриб, Исодан: «Ҳа, нега индамаяпсан? Сенга қарши қўйган айбларига нима дейсан?»+ — дея сўради. 63 Аммо Исо жим тураверди+. Сўнг олий руҳоний: «Барҳаёт Худо ҳаққи қасам ичиб бизга айт-чи, Худонинг Ўғли Масиҳ сенмисан?»+ — деб сўради. 64 Исо унга жавоб бериб: «Буни ўзингиз айтдингиз. Аммо сизларга айтиб қўяй, бундан буён Инсон Ўғли+ Қодир Аллоҳнинг ўнг томонида ўтирганини+ ҳамда булутлар узра келаётганини кўрасизлар»+,— деди. 65 Шунда олий руҳоний устки кийимини йиртиб, қуйидагиларни айтди: «У Худога қарши гапиряпти! Бизга бошқа гувоҳларнинг нима кераги бор? Мана, у Худога қарши гапирганини ҳозир ўзларингиз эшитдингиз! 66 Бунга нима дейсизлар?» Улар жавобан: «У ўлимга лойиқ!» — дейишди+. 67 Кейин Исонинг юзига тупуриб+, муштлай бошлашди+. Айримлар унга тарсаки тушириб+: 68 «Эй Масиҳ! Пайғамбар бўлсанг айт-чи, сени ким урди?» — дейишарди.
69 Бу пайтда Бутрус ҳовлида ўтирарди. Унинг ёнига бир чўри қиз келиб: «Сиз ҳам жалилалик Исо билан бирга эдингиз!» — деди+. 70 Лекин Бутрус ҳамманинг олдида инкор этиб: «Нималар деяпсиз, тушунмаяпман»,— деб айтди. 71 Кейин у дарвозахонага борганда, уни бошқа бир чўри қиз кўриб, у ердагиларга: «Бу киши ҳам носиралик Исо билан эди»+,— деди. 72 Бутрус яна тониб: «Мен бу одамни танимайман!» — дея қасам ичди. 73 Бир оздан сўнг ўша ерда турганлар Бутруснинг олдига келиб, шундай дейишди: «Сиз аниқ улардан бирисиз. Ахир шевангиздан билиниб турибди-ку». 74 Бутрус эса ўзини қарғаб: «Бу одамни танимайман!» — деб қасам ичди. Шу вақт бирдан хўроз қичқирди. 75 Шунда Бутрус Исонинг: «Хўроз қичқирмасданоқ, сиз мендан уч марта тонасиз»+,— деган сўзларини эслади. Сўнг ташқарига чиқиб, аччиқ-аччиқ йиғлади.