Луғат
А Б В Г Д Е Ё Ж З И Й К Л М Н О П Р С Т У Ф Х Ч Ш Э Ю Я Ў Қ Ҳ
А
Абаддўн.
Ушбу ибронийча сўз «ҳалокат» деган маънони билдиради. Шунингдек, бу сўз «ҳалокат жойи»га ҳам ишора қилса-да, том маънодаги жойни англатмайди. Бу ибора инсон ўлимидан сўнг танаси чириб, тупроққа айланишига ишора қилиши мумкин. (Зб 88:11; Аюб 26:6; 28:22; Ҳк 15:11) Аммо Ваҳий 9:11 даги «Абаддўн» сўзи «тубсизлик фариштаси»нинг номи сифатида қўлланилган.
Абиб.
Яҳудийларнинг муқаддас календаридаги 1- ой ва уларнинг дунёвий календаридаги 7- ойнинг асл номи. Бу ойнинг номи «кўм-кўк бошоқлар» деган маънога эга. Мартнинг ўртасидан апрелнинг ўртасигача давом этарди. Яҳудийлар Бобилдан қайтгач, у нисон деб аталган. (Қн 16:1) Илованинг Б15 мавзусига қ.
Ав.
Бобилга сургун қилингандан сўнг яҳудийларнинг муқаддас календаридаги 5- ой ва уларнинг дунёвий календаридаги 11- ой шундай аталган. Ҳозирги календарь бўйича, бу ой июлнинг ўртасидан августнинг ўртасигача давом этади. Муқаддас Китобда бу ойнинг номи ёзилмаган. У шунчаки «бешинчи ой» деб тилга олинган. (Сҳ 33:38; Эзр 7:9) Илованинг Б15 мавзусига қ.
Адар.
Бобилга сургун қилингандан сўнг яҳудийларнинг муқаддас календаридаги 12- ой, дунёвий календарида эса 6- ой номи. Февралнинг ўртасидан мартнинг ўртасигача давом этган. (Эст 3:7) Илованинг Б15 мавзусига қ.
Азазел.
Азоб устуни.
Юнонча стаурос сўзи остида тик қозиқ ёки устун назарда тутилган. Исо шундай устунда қатл этилган. Ушбу юнонча сўз, бир неча асрлар мобайнида бутпарастлар диний рамз сифатида ишлатиб келган хочни англатишига ҳеч қандай далил йўқ. «Азоб устуни» стаурос сўзининг тўлиқ маъносини етказиб беради. Шу боис, стаурос сўзи Исонинг издошлари дуч келадиган азоб, қийноқ ва шармандалик рамзи сифатида қўлланилган. (Мт 16:24; Ибр 12:2) УСТУН сўзига қ.
Айб қурбонлиги.
Аламот.
Бу мусиқий атама «қизлар; ёш аёллар» деган маънога эга. Эҳтимол, ёш аёлларнинг сопрано овозига ишора қилади. Афтидан, бу атама бирор бир мусиқий парча ёки қўлланиладиган асбоб юқори регистрда чалиниши кераклигини англатади. (1Сл 15:20; Зб 46, сўзбоши)
Аллоҳ.
Қодир Худо, Яратувчи. Ушбу таржимада бу сўз «Худо» ва «Тангри» сўзлари билан бир қаторда асл матнда Яратувчини билдирадиган Элоҳим сўзини ўгиришда қўлланилди.
Альфа ва Омега.
Арава.
Ареопаг.
Афинада, Акрополнинг шимоли-ғарбида жойлашган тепалик. Қолаверса, шу ерда йиғинлар ўтказган кенгашнинг (маҳкаманинг) номи. Павлус ўз эътиқодини тушунтириб бериши учун, стоик ва эпикурчи файласуфлар уни Ареопагга олиб боришган эди. (Ҳв 17:19)
Армагеддон.
Ибронийча Ҳор-Магиддон, маъноси «Махидў тоғи». Бу сўз «Қодир Аллоҳнинг улуғ кунида юз берадиган жангга» тааллуқли ва бу пайтда «барча жаҳон шоҳлари» Яҳовага қарши жангга тўпланишади. (Вҳ 16:14, 16; 19:11–21) БУЮК МУСИБАТ иборасига қ.
Арқоқ.
Газламанинг ўриши билан кўндалангига кесишувчи иплари. Мато тўқилганда арқоқ иплари узунасига тушган танда ипларининг устидан ва тагидан ўтади. (Лв 13:59)
Аселгейа.
АХЛОҚСИЗ ХУЛҚ иборасига қ.
Ахая.
Юнонча ёзувларга кўра, Юнонистон жанубидаги Рим вилояти бўлиб, пойтахти Коринф шаҳри эди. Ахая ҳудудига бутун Пелопоннес яримороли ва Юнонистоннинг қитъада жойлашган марказий қисми кирган. (Ҳв 18:12) Илованинг Б13 мавзусига қ.
Ахлоқсиз хулқ.
Юнонча аселгейа сўзи Аллоҳнинг қонунларини бузувчи жиддий хатти-ҳаракатларни билдиради. Шунингдек, шармандаларча ёки ўта жирканч муносабатни — ҳокимият, қонунлар ва меъёрларга ҳурматсизлик кўрсатиш, ҳатто менсимаслик руҳини акс этади. Аммо номукаммаллик дастидан қилинган хатолар назарда тутилмайди. (Гл 5:19; 2Бтр 2:7)
Аштарет.
Канъонликларнинг уруш ва ҳосилдорлик маъбудаси, Баал худосининг хотини. (1Шҳ 7:3)
Аҳд сандиғи.
Акация дарахтининг ёғочидан ясалиб, олтин билан қопланган қути. У муқаддас чодирдаги Энг муқаддас хонада, кейинчалик эса Сулаймон қурган маъбаддаги Энг муқаддас хонада турган. Унинг соф олтиндан қилинган қопқоғи устида бир-бирига қараб турган иккита каруб бор эди. Сандиқ ичида асосан, Ўнта амр ёзилган иккита тош лавҳа сақланарди. (Қн 31:26; 3Шҳ 6:19; Ибр 9:4) Илованинг Б5 ва Б8 мавзуларига қ.
Аҳд.
Худо ва одамлар ёки икки одам орасида ниманидир қилиш ё қилмаслик ҳақидаги расмий келишув ёки шартнома. Баъзан фақат бир томон шартларни бажаришга масъул бўлган (бир томонлама аҳд, одатда, ваъда сифатида берилган). Баъзан эса икки томон ҳам шартларни бажариши керак бўлган (икки томонлама аҳд). Худонинг одамлар билан қилган аҳдларидан ташқари Муқаддас Китобда одамлар, қабилалар, халқлар ёки бир гуруҳ одамлар ўртасидаги аҳдлар эслатиб ўтилган. Узоқ келажакка таъсир қилган аҳдлар орасида Худонинг Иброҳим, Довуд, Исроил халқи ва Худонинг Исроили билан қилган аҳдлари (янги аҳд) мавжуд. (Ибт 9:11; 15:18; 21:27; Чқ 24:7; 2Сл 21:7)
Б
Баал.
Канъонликлар худоси. Уни осмон эгаси, ёмғир ва ҳосилдорлик ато этувчи деб билишган. Маҳаллий кичик худоларни ҳам «Баал» деб аташган. Ибронийчада бу сўзнинг маъноси «эга; хўжайин» дегани. (3Шҳ 18:21; Рм 11:4)
Баалзабуб.
Бальзам.
Баъзи ўсимликлардан, жумладан бута ва дарахтлардан олинадиган смолали, ёғли хушбўй модда. Бальзам тиббиётда дори воситасида ва атир сифатида қўлланилган. Шарқда яшовчи одамлар бальзамни ниҳоятда юқори баҳолашган. (Ибт 37:25; Ерм 8:22)
Бат.
Суюқлик ўлчов бирлиги. Археологик қазилмалар пайтида топилган ва устига ушбу ном ёзилган кўза бўлакларига асосан, бир бат тахминан 22 л га тенг. Муқаддас Китобдаги кўпгина бошқа ўлчов бирликлари батдан келиб чиққан ҳолда ўлчанган. (3Шҳ 7:38; Ҳиз 45:14) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Бахшида қилинган нонлар.
ТОРТИҚ ЭТИЛГАН НОНЛАР иборасига қ.
Башорат.
Худо томонидан илҳомлантирилган хабар. Бу, Тангрининг иродаси ошкор этилишини ва эълон қилинишини билдиради. Башорат Худо томонидан берилган ахлоқий таълим-тарбияни, Унинг амри ёки ҳукмини, шунингдек, бўлажак воқеаларни етказишни ўз ичига олади. (Ҳиз 37:9, 10; Дн 9:24; Мт 13:14; 2Бтр 1:20, 21)
Бағишланганликни кўрсатувчи муқаддас белги.
Устига ибронийчада «Яҳова муқаддасдир», деб ёзилган соф олтиндан қилинган ялтироқ лавҳа. У олий руҳоний салласининг олд қисмига ўрнатилган эди. (Чқ 39:30) Илованинг Б5 мавзусига қ.
Бағишлаш байрами.
Антиох IV Эпифан маъбадни булғаганидан сўнг, у қайта покланганини эслатиб турувчи йиллик байрам. У хислав ойининг 25- куни бошланиб, саккиз кун давомида нишонланган. (Юҳ 10:22)
Белги.
Бу сўз остида бугунги кунда ёки келажакда қандайдир нарсанинг нишони сифатида хизмат қиладиган бирор предмет, ҳаракат, вазият ҳамда ноодатий кўриниш назарда тутилади. (Ибт 9:12, 13; 4Шҳ 20:9; Мт 24:3)
Бошга қўл қўйиш.
Бош руҳоний.
Ибронийча ёзувларда «олий руҳоний» иборасининг эквиваленти. Юнонча ёзувларда эса, «бош руҳоний» деган ибора руҳонийлар устидан назоратчи бўлган одамларга, эҳтимол, ўз вазифасини топширган олий руҳонийларга ва 24 та руҳонийлар гуруҳининг бошлиғига нисбатан ишлатилган. (2Сл 26:20; Эзр 7:5; Мт 2:4; Мрк 8:31)
Бош фаришта.
Бул.
Яҳудийларнинг муқаддас календаридаги 8- ой ва уларнинг дунёвий календаридаги 2- ой номи. Бу ойнинг номи «ҳосил» деган маънога эга. У октябрнинг ўртасидан ноябрнинг ўртасигача давом этарди. (3Шҳ 6:38) Илованинг Б15 мавзусига қ.
Бурчакка қўйиладиган негиз тоши.
Бинонинг икки девори туташган жойига, улар қулаб кетмаслиги учун бурчагига қўйиладиган тош. Бош бурчак тош пойдеворга қўйиладиган бурчак тош бўлган. Одатда ижтимоий бинолар ва шаҳар девори учун жуда қаттиқ тош танланган. Ушбу ибора рамзий маънода ернинг пойдеворига нисбатан қўлланилган. Исо ҳам уйга қиёсланган масиҳий жамоати «пойдеворининг бурчак тоши» деб аталган. (Эф 2:20; Аюб 38:6)
Бут; бутпарастлик.
Буюк мусибат.
«Мусибат» дея таржима қилинган юнонча сўз, оғир вазият оқибатида азоб-уқубат чекишни ўз ичига олади. Исо Масиҳ Қуддуснинг ва бутун инсониятнинг бошига тушадиган мисли кўрилмаган «буюк мусибат» ҳақида гапирган. Бу ҳодиса унинг келажакда «шон-шуҳрат билан» келишига алоқадордир. (Мт 24:21, 29–31) Ҳаворий Павлус буюк мусибатни, «Худони танимаганларга ҳамда Ҳазратимиз Исо ҳақидаги хушхабарга итоат этмаганларга» қарши Худонинг адолатли жазоси сифатида тасвирлаган. Ваҳий китоби 19- бобида Исо «йиртқич ҳайвон ва ер юзи подшоҳларига» ҳамда уларнинг қўшинларига қарши жанг қилиш учун чиққан самовий қўшинлар сардори сифатида тасвирланган. (2Сал 1:6–8; Вҳ 19:11–21) Буюк мусибатдан эса «улкан оломон» омон қолиши ҳақида айтилган. (Вҳ 7:9, 14) АРМАГЕДДОН сўзига қ.
Бўйинтуруқ.
Елкада ташиш учун икки учига юк осиладиган ёғоч мослама. Шунингдек, юк ташувчи жуфт ҳайвоннинг (одатда қорамол) бўйнига солинади ва улар аравани ёки қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган асбобни тортишади. Қуллар бўйнига бўйинтуруқ солиб, оғир юк ташишгани учун бўйинтуруқ мажозий маънода қулликни, бирор кимсага тобе бўлишни ҳамда жабр-зулмни ифодалайди. Бўйинтуруқни олиб ёки синдириб ташлаш қулликдан, зулмдан ва мажбурий меҳнатдан озод этилишни англатган. (Лв 26:13; Мт 11:29, 30)
В
Валий.
Худо Ўз иродасини тушунишга қобилият берган одам. У бошқа одамларга яширин бўлган нарсаларни кўриб, фаҳмлай оларди. Бу атама, ибронийча «кўрмоқ» ўзак сўзидан келиб чиққан бўлиб, мажозий ёки том маънода кўришни англатади. Одамлар ўз муаммоларини ҳал этиш мақсадида, валийнинг олдига доно маслаҳат сўраб боришарди. (1Шҳ 9:9)
Ваҳий.
Водий.
Одатда қуриб қолган ўзанни билдиради. Аммо ёмғирли мавсумларда улар сув билан тўларди. Баъзи ўзанлар булоқ сувлари билан тўйингани учун йил бўйи қуримаган. (Ибт 26:19; Сҳ 34:5; Қн 8:7; 3Шҳ 18:5; Аюб 6:15)
Воситачи.
Г
Ганч идиш.
Мисрнинг Алабастрон шаҳри яқинида учрайдиган тошдан ясалган, хушбўй мойлар учун мўлжалланган кичик кўзаларнинг номи. Одатда ушбу идишларнинг бўйни ингичка қилиб ясалган ва қимматбаҳо хушбўй мой оқиб кетмаслиги учун оғзи маҳкам ёпиб қўйилган. (Мрк 14:3)
Гаров.
Гера.
Оғирлиги 0,57 г га тенг ўлчов бирлиги. Гера 1/20 шекелга тенг. (Лв 27:25) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Гермес.
Юнонлар худоси, Зевснинг ўғли. Гермес худоларнинг хабарчиси ва сўзамоллик худоси дея саналгани учун, Листра аҳолиси янглишиб Павлусни у билан адаштирган. (Ҳв 14:12)
Гилад.
Иордан дарёси шарқидаги унумдор ер. У Явоқ водийсининг шимол ва жануб томонларига чўзилган. Баъзида, исроилликларнинг Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярми яшаган Иордан ҳудудининг шарқидаги барча ерларига қарата қўлланилган (Сҳ 32:1; Ёш 12:2; 4Шҳ 10:33) Илованинг Б4 мавзусига қ.
Гиттит.
Маъноси ноаниқ бўлган мусиқий атама, ибронийча гат сўзидан келиб чиққан бўлиши мумкин. Айримларнинг фикрича, эҳтимол, бу сўз шароб тайёрлаш мавсумида айтиладиган қўшиқлар куйини англатади. Чунки гат сўзи узумсиққични билдиради. (Зб 81, сўзбоши)
Говрон.
Ҳайвонларни ҳайдаш учун ишлатиладиган учи металлдан бўлган учли таёқ. Говрон, тингловчиларни доно маслаҳатга қулоқ тутишга ундовчи доно кишининг сўзлари билан солиштирилган. «Говронга қарши тепиш» ибораси, ўзига жароҳат етказиб, ўжарлик билан говронга қарши тираладиган буқанинг хатти-ҳаракати билан боғлиқ. (Ҳв 26:14; Ҳак 3:31)
Гуноҳни ювиш.
Ибронийча ёзувларда бу тушунча одамлар Худога яқинлашиши ва топинишига йўл очиш учун келтирилган қурбонликлар билан боғлиқ эди. Тавротга кўра, қурбонликлар айнан Гуноҳни ювиш кунида келтириларди. Бундан мақсад алоҳида одамларнинг ҳамда бутун халқнинг гуноҳларига қарамай, уларни Худо билан яраштириш эди. Бу қурбонликлар Исонинг қурбонлиги рамзи бўлган. Унинг қурбонлиги эса, бутун инсониятнинг гуноҳларини биратўла ювиб, уларга Яҳова билан ярашиш имконини беради. (Лв 5:10; 23:28; Клс 1:20; Ибр 9:12)
Гуноҳни ювиш куни.
Исроилликлар учун жуда муҳим ва муқаддас кун. Бу кун шунингдек, Йом-Киппур деб номланган (ибронийча йом хаккиппурим, маъноси «қоплаш куни») ва итаним ойининг 10- куни нишонланган. Бош руҳоний муқаддас чодирдаги, кейинчалик эса маъбаддаги Энг муқаддас хонага фақат шу куни кирарди. Бу хонада у ўзининг, бошқа левиларнинг ва халқнинг гуноҳлари учун келтирилган қурбонлик қонини тақдим этарди. Бу муқаддас йиғин ва рўза пайти эди. Шунингдек, бу шаббат бўлиб, ўша куни одатий ишлар қилинмасди. (Лв 23:27, 28)
Гуноҳ қурбонлиги.
Д
Дажжол.
Юнончада бу атама иккита маънога эга. Биринчиси Масиҳга қарши бўлишни, иккинчиси эса сохта Масиҳ, Масиҳнинг ўрнига турган кимсани билдиради. Ўзларини Масиҳнинг вакиллари ёки Масиҳ эканини ёлғон даъво қилаётганлар, Масиҳга ёки унинг шогирдларига қарши чиқаётган одамлар, ташкилотлар ёки гуруҳларни ҳақли равишда дажжол деб аташ мумкин. (1Юҳ 2:22)
Дарик.
8,4 г га тенг форс олтин тангаси. (1Сл 29:7) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Денгиз саржини.
Сувнинг чуқурлигини ўлчаш учун ишлатилган 1,8 м га тенг бўлган узунлик ўлчов бирлиги. (Ҳв 27:28) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Динор.
Рим кумуш тангаси бўлиб, тахминан 3,85 г га тенг. Бир томонида подшоҳнинг тасвири туширилган эди. Динор ишчининг кунлик маоши бўлган ва яҳудийларнинг римликларга «жон солиғи» сифатида берган тангаси ҳисобланган. (Мт 17:25; Лқ 20:24) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Довуд шаҳри.
Довуд Ёбус шаҳрини забт этиб, у ерда ўз саройини қургач, ўша шаҳарга берилган ном. У Сион деб ҳам аталган. У Қуддуснинг жануби-шарқида жойлашган бўлиб, унинг энг кўҳна қисми ҳисобланади. (2Шҳ 5:7; 1Сл 11:4, 5)
Довуднинг Ўғли.
Драхма.
Юнонча ёзувларда бу сўз юнон кумуш тангасини назарда тутади. Унинг оғирлиги 3,4 г га тенг бўлган. Ибронийча ёзувларда эса бу сўз остида Форс бошқаруви даврига оид дарикка тенг бўлган олтин драхма назарда тутилган. (Нах 7:70; Мт 17:24) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Дўғон.
Филистимликлар худоси. Бу сўзнинг келиб чиқиши аниқ эмас, аммо айрим олимлар уни ибронийча даг (балиқ) сўзи билан боғлиқ деб ҳисоблашади. (Ҳак 16:23; 1Шҳ 5:4)
Ё
Ёдутун.
Забур 39, 62 ва 77- саноларининг сўзбошиларида учрайдиган ушбу атаманинг маъноси номаълум. Эҳтимол, бу сўзбошиларда сано қандай ижро этилиши, услуби ёки қўлланиладиган мусиқа асбоби ҳақида кўрсатмалар берилган. Ёдутун леви мусиқачининг исми. Санонинг ушбу услубда ижро этилиши ёки шу атама остида назарда тутилган мусиқа асбоби Ёдутун ёки унинг ўғиллари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Ёқуб.
Исҳоқ билан Ривқонинг ўғли. Вақт ўтиб, Худо унга Исроил деган исм қўйган ва у Исроил халқининг (шунингдек, исроилликлар ва кейинчалик яҳудийлар деб аталган) авлод боши бўлган. У 12 та ўғил кўрган. Улардан келиб чиққан авлодлар, яъни 12 та қабила Исроил халқини ташкил этган. Ёқуб деган исм Исроил халқига нисбатан қўлланилган. (Ибт 32:28; Мт 22:32)
Ж
Жамоат.
Жамоат хизматкори.
Юнонча диаконос сўзи кўпинча «хизматчи» ёки «хизматкор» дея таржима қилинади. Ушбу ибора жамоатнинг оқсоқоллар кенгашига ёрдам берадиган масъулиятли кишига тегишли. Бу шарафли вазифани бажариш учун масиҳий Муқаддас Китобдаги талабларга мос келиши лозим. (1Тм 3:8–10, 12)
Жаннат.
Чиройли боғ. Илк шундай жой Адан боғи бўлиб, Яҳова уни биринчи инсон жуфти учун яратган. Исо ёнидаги устунга михланган жиноятчи билан гаплашганда, ер юзи жаннатга айланишини назарда тутган. 2 Коринфликларга 12:4 да бу сўз, эҳтимол, бўлажак жаннатга, Ваҳий 2:7 да эса самодаги жаннатга ишора қилади. (Қўш 4:13; Лқ 23:43)
Жаҳаннам.
(Ибр. ге ҳинном, яъни «Ҳинном водийси». «Жаҳаннам» сўзи ушбу иборадан келиб чиққан.) Бу водий қадимги Қуддуснинг жануби ва жануби-ғарбида жойлашган эди. (Ерм 7:31) Башоратда бу ер жасадлар улоқтириладиган жойга айланиши ҳақида айтилган (Ерм 7:32; 19:6) Ҳайвонлар ёки одамлар тириклайин ёндирилиш ёки қийноққа солиниш учун жаҳаннамга улоқтирилгани тўғрисида ҳеч қандай далил йўқ. Шундай экан, бу ер инсоннинг жони оловда мангу азобланадиган рамзий маънодаги кўринмас жойни англатмайди. Аксинча, Исо ва унинг шогирдлари жаҳаннам сўзини абадий жазо ёки «иккинчи ўлим», яъни батамом йўқ қилиш рамзи сифатида қўллашган. (Вҳ 20:14; Мт 5:22; 10:28)
Жинлар.
Кўзга кўринмас, улкан қудратга эга ёвуз руҳий мавжудотлар. Улар Ибтидо 6:2 да «Худонинг ўғиллари», Яҳудо 6 да «фаришталар» деб аталган, чунки ёвуз қилиб яратилмаган. Улар Нуҳ даврида Худога итоат этмай, Унинг душманига айланишган ва Шайтоннинг Яҳовага қарши исёнига шерик бўлишган. (Қн 32:17; Лқ 8:30; Ҳв 16:16; Ёқ 2:19)
Жинсий ахлоқсизлик; зино.
Юнонча порниа. Бу Худо томонидан тақиқланган жинсий алоқанинг баъзи турларига нисбатан ишлатиладиган сўз. Бу бевафолик, фоҳишалик, никоҳда бўлмаган кишилар билан жинсий алоқа, гомосексуализм, ҳайвонлар билан жинсий алоқа қилишни ўз ичига олади. Ваҳий китобида мажозий маънода, яъни «Буюк Бобил» деб аталган диний фоҳишанинг ҳокимият ва бойлик учун бу дунёнинг ҳукмдорлари билан қилаётган алоқасини кўрсатиш учун қўлланилган. (Вҳ 14:8; 17:2; 18:3; Мт 5:32; Ҳв 15:29; Гл 5:19) ФОҲИША сўзига қ.
Жон.
Ибронийча нефеш, юнонча психе. Муқаддас Ёзувларда бу сўзларнинг қўлланилишини ўрганиб чиқиб, улар асосан 1) одамга, 2) ҳайвонга ёки 3) одам ё ҳайвоннинг ҳаётига ишора қилишини кўрса бўлади. (Ибт 1:20; 2:7; Сҳ 31:28; 1Бтр 3:20, изоҳларга қ.) Кўпчилик «жон» сўзини динига қараб ўзгача тушунса ҳам, Муқаддас Китобда ер юзидаги мавжудотлар ҳақида гап кетганда, нефеш ва психе сўзлари кўзга кўринадиган, ушласа бўладиган ва ўткинчи жонларни англатади. Ушбу нашрда бу сўзлар кўпинча матн таркибига қараб «ҳаёт», «мавжудот», «одам», «бутун вужуд» ёки кишилик олмоши тариқасида (масалан, «мен») деб ўгирилган. Кўп ҳолларда, «жон» сўзи изоҳда келтирилган. Бу сўз асосий матнда ё изоҳда ишлатилишидан қатъий назар, уни юқорида айтилганларга биноан тушуниш даркор. Бирон ишни бутун жони билан бажариш тўғрисида гап кетганда эса, у буни бутун вужуди ёки бутун қалби ила қилишини билдиради. (Қн 6:5; Мт 22:37) Ибронийча нефеш сўзи баъзи матн таркибларида ўлган одамни ёки мурдани ифодалаши мумкин. (Сҳ 6:6; Хг 2:13)
Жул.
Дон-дун солинадиган қоп ёки халта тайёрлашда қўлланиладиган дағал мато. У одатда қора эчкининг жунидан тўқилган ва мотам кийими ҳисобланган. Нафақат аза тутганда, балки қайғурганда ёки тавба қилганда ҳам жулга ўранишган. (Ибт 37:34; Лқ 10:13)
З
Замона.
Юнончада аион бўлиб, «замона» деб таржима қилинади. Бу сўз муайян вақтни эмас, балки ноаниқ вақт оралиғи ёки шу вақт мобайнида содир бўлган воқеалар билан таниқли даврни англатади. Муқаддас Китобда бу «дунё» ёки «замона» дейилганда дунёда содир бўлаётган ишлар ва дунёга хос ҳаёт тарзи назарда тутилади. (2Тм 4:10) Худо Мусонинг Қонун аҳди орқали, айримлар исроилликлар ёки яҳудийлар даври деб номлайдиган замонага асос солган. Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлиги орқали Аллоҳ мойланган масиҳийлар жамоатини барпо этиб, бошқа замонани бошлаб берган. Бу замона Мусонинг Қонун аҳдида айтиб ўтилганлар амалга ошадиган янги даврнинг боши бўлган. «Замона» сўзи кўпликда қўлланилганда, турли замоналарга, дунёда ҳукм сураётган ёки келажакда бўладиган ишларга ишора қилади. (Мт 24:3; Мрк 4:19; Рм 12:2; 1Кр 10:11)
Зевс.
Кўп худолар мавжудлигини тан олган юнонларнинг бош худоси. Листра аҳолиси адашиб Барнобани Зевс дея атаган. Листра яқинида «Зевс руҳонийлари» ва «Зевс қуёш худоси» каби қадимий ёзувлар топилган. Мальта оролидан Павлус ўтирган кеманинг тумшуғида «Зевс ўғиллари», яъни Кастор ва Поллукс исмли ака-ука эгизакларнинг шакли бор эди. (Ҳв 14:12; 28:11)
Зив.
Яҳудийларнинг муқаддас календаридаги 2- ой ва дунёвий календаридаги 8- ойнинг илк номи. Бу ой апрелнинг ўртасидан майнинг ўртасигача давом этарди. Бобилга сургун қилингандан сўнг ёзилган яҳудийларнинг Талмуд китобида ва бошқа китобларда бу ой «ияр» деб номланган. (3Шҳ 6:37) Илованинг Б15 мавзусига қ.
Зиёрат қўшиғи.
Забур китобининг 120–134- саноларининг сўзбошиларида учрайди. Гарчи ушбу иборанинг маъноси борасида турли фикрлар мавжуд бўлса-да, кўпчилик ушбу 15 та сано Қуддусга топиниш учун «кўтарилган» исроилликлар томонидан шод-хуррамлик ила ижро этилган деб ҳисоблайди. Сабаби, Қуддус Яҳудо тоғларининг тепасида жойлашган бўлиб, улар учта катта байрамда иштирок этиш учун ўша ерга боришган.
И
Иблис.
Ибодатхона.
Юнонча синагога. «Бирга йиғилиш, жамоа» деган маънога эга. Яҳудийлар Муқаддас Ёзувларни ўқиш, таълим олиш, ваъз қилиш ва ибодат қилиш учун йиғиладиган жой эди. Исонинг даврида Исроилнинг ҳар бир шаҳрида шундай ибодатхоналар бўлган. Катта шаҳарларда эса бир нечта ибодатхона бор эди. (Лқ 4:16; Ҳв 13:14, 15)
Иброний.
Бу сўз илк бор Ибромга (Иброҳимга) қарата қўлланилиб, уни қўшни аморийлардан ажратиб турган. Кейин эса Иброҳимнинг невараси Ёқубдан келиб чиққан авлодларга ва улар сўзлашган тилга нисбатан қўлланилган. Исо Масиҳ ва унинг шогирдлари иброний тилида гапиришган. Исонинг даврида иброний тилига кўпгина оромий сўзлар кириб келган. (Ибт 14:13; Чқ 5:3; Ҳв 26:14)
Ижрочилар раҳбари.
Илк ҳосил; биринчи ҳосил.
Ўрим-йиғим пайтида йиғилган биринчи ҳосил ёки бирор нарсанинг илк ҳосили. Яҳованинг талабига биноан, Исроил халқи биринчи ҳосилни Унга тақдим этиши даркор эди (у хоҳ инсон, хоҳ ҳайвон, хоҳ ернинг биринчи ҳосили бўлсин). Халқ сифатида исроилликлар Хамиртурушсиз нон ва Ҳосил байрамларида илк ҳосилни Тангрига бахшида этишган. «Биринчи ҳосил» ибораси Исога ҳамда унинг мойланган издошларига нисбатан рамзий маънода қўлланилган. (1Кр 15:23; Сҳ 15:21; Ҳк 3:9; Вҳ 14:4)
Иллирика.
Юнонистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган Рим вилояти. Павлус ўша ергача ваъзгўйлик сафарида бўлган. Аммо у Иллириканинг ўзида ваъз қилган-қилмагани номаълум. (Рм 15:19) Илованинг Б13 мавзусига қ.
Иноят.
Ушбу юнонча сўзнинг асосий маъноси ёқимли ва жозибали демакдир. Кенг маънода эса хуш келадиган ҳадя ёки эзгулик қилиш одатига тегишли. Худонинг инояти ҳақида гап борганда, бу сўз остида эвазига ҳеч нима кутмасдан сахийлик билан туҳфа этилган Худонинг ҳадяси назарда тутилади. Демак, бу ибора Худонинг инсониятга нисбатан кўрсатаётган сахийлигини ва чексиз меҳр-муҳаббатини акс эттиради. Мазкур юнонча ибора «илтифот» ва «марҳамат» дея ҳам таржима қилинган. Гарчи одам бирор хизмати билан эришмаган бўлса-да, киши сахийлиги юзасидан унга иноят кўрсатади. (2Кр 6:1; Эф 1:7)
Инсон Ўғли.
Инжилдаги тўртта баёнотда бу ибора деярли 80 марта учрайди. У Исо Масиҳга нисбатан қўлланилиб, унинг ер юзига руҳий зот сифатида келганини эмас, балки инсон бўлиб туғилганини кўрсатади. Бу ибора шунингдек, Дониёр 7:13, 14 даги башоратни Исо амалга оширишини билдиради. (Мт 19:28; 20:28)
Исроил.
Аллоҳ Ёқубга берган исм. Бу исм Ёқубнинг турли вақтда яшаган барча авлодларига тегишли. Ёқубнинг 12 та ўғлининг авлодлари одатда Исроил ўғиллари, Исроил хонадони, Исроил халқи ёки исроилликлар деб аталади. Исроил шоҳлиги иккига бўлингач, ўн қабилали шимолий шоҳлик Исроил деб номлана бошлади. Кейинчалик мойланган масиҳийлар «Худонинг Исроили» деб аталадиган бўлди. (Гл 6:16; Ибт 32:28; 2Шҳ 7:23; Рм 9:6)
Иссоп.
Покланиш маросимида қон ёки сувни сачратиш учун қўлланилган новдали ва япроқли ўсимлик. Эҳтимол, тоғрайҳоннинг бир тури (Origanum maru; Origanum syriacum). Юҳанно 19:29 даги иссоп новдага ёки жўхорининг (Sorghum vulgare) поясига чатиштирилган бўлиши мумкин. Унинг пояси узун бўлгани учун, ачиган шароб ботирилган шимгични унинг учига боғлаб, Исонинг оғзига тутишган. (Чқ 12:22; Зб 51:7)
Итаним.
Яҳудийларнинг муқаддас календаридаги 7- ой ва дунёвий календаридаги 1- ой шундай аталган. Бу ой сентябрнинг ўртасидан октябрнинг ўртасигача давом этарди. Яҳудийлар Бобилдан қайтгач, бу ой тишри деб аталган. (3Шҳ 8:2) Илованинг Б15 мавзусига қ.
Ичимлик назри.
Й
Йўл.
Муқаддас Китобда бу ибора мажозий маънога эга бўлиб, Яҳовага маъқул ёки номаъқул бўлган хатти-ҳаракат ёки хулқ-атворни билдиради. Исо Масиҳнинг издошлари ҳақида «Ҳазратимизнинг йўлига» тегишли бўлганлар дейилган. Улар Исо Масиҳга эътиқод қилиб, бутун ҳаётларини унинг ўрнагига эргашишга бағишлашган. (Ҳв 19:9)
К
Каб.
Батдан келиб чиққан ҳолда ўлчанганда, 1,22 л га тенг ҳажм ўлчов бирлиги. (4Шҳ 6:25) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Канизак.
Канъон.
Нуҳнинг невараси, Хомнинг тўртинчи ўғли. Вақт ўтиб, Канъондан келиб чиққан 11 та қабила Ўрта денгизнинг шарқий соҳилида, Миср ва Суриянинг ўртасида жойлашган ҳудудда яшай бошлаган. Бу ҳудуд «Канъон юрти» деб аталган. (Лв 18:3; Ибт 9:18; Ҳв 13:19) Илованинг Б4 мавзусига қ.
Карнай.
Бу пуфлама асбоб металлдан ясалган бўлиб, ишора бериш ва мусиқа чалиш учун ишлатилган. Саҳрода 10:2 га биноан, Яҳова исроилликларга кумушдан иккита карнай ясашни буюрган. Жамоани чақириш, чодирларни йиғиш, жангга даъват қилиш мақсадида ушбу карнайлардан фойдаланиб белги берилган. Ҳайвон шохидан ясалган бурғулар эгик бўлса, карнайлар тўғри бўлган. Маъбадда мусиқали асбоб сифатида бошқа карнайлар ҳам қўлланилган. Бироқ уларнинг тузилиши қандай бўлгани аниқ эмас. Муқаддас Китобда Яҳованинг ҳукмлари эълон қилиниши ёки бошқа муҳим воқеалар билан боғлиқ ҳолларда мажозий карнайлар чалингани ҳақида айтилган. (2Сл 29:26; Эзр 3:10; 1Кр 15:52; Вҳ 8:7–11:15)
Карублар.
Юқори мартабага эга бўлган ва махсус вазифаларни бажарадиган фаришталар. Улар серафлардан фарқ қилади. (Ибт 3:24; Чқ 25:20; Иша 37:16; Ибр 9:5)
Кассия.
Кор.
Қуруқ нарсалар ҳамда суюқлик ўлчов бирлиги. Батдан келиб чиққан ҳолда ўлчанганда, 220 л га тенг. (3Шҳ 5:11) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Куйдириладиган қурбонлик.
Кулол.
Кунда.
Кўкракпеч.
Қимматбаҳо тошлар билан безатилган халтача. Исроиллик олий руҳоний Муқаддас хонага кирганида, уни кўксига таққан. У «ҳукм кўкракпечи» деб аталган, чунки унга урим ва туммим солиб қўйилган. Урим ва туммим орқали эса, Яҳова Ўз ҳукмларини ошкор этган. (Чқ 28:15–30) Илованинг Б5 мавзусига қ.
Л
Лаънат.
Бирор кимса ёки нарсага нисбатан ёмонлик тилаш, айтиш. Лаънатни сўкиниш ёки жаҳл билан адаштирмаслик лозим. Кўпинча лаънат расмий эълон ёки ёмонлик келиши ҳақидаги башорат сифатида айтилган. Агар Худо ёки ваколатга эга кишилар томонидан айтилса, лаънат башоратли аҳамиятга ва кучга эга бўлган. (Ибт 12:3; Сҳ 22:12; Гл 3:10)
Левиатан.
Одатда сув тўғрисида гап борганда тилга олинган ҳайвон. Эҳтимол, сув жониворининг бир тури. Аюб 3:8 ва 41:1 да афтидан бу жонивор тимсоҳни ёки баҳайбат, кучли сув жониворини билдиради. Забур 104:26 да айтилган жонивор китнинг бирор тури бўлиши мумкин. Бошқа оятларда бу сўз рамзий маънода ишлатилган бўлиб, ҳеч бир ҳайвонни билдирмайди. (Зб 74:14; Иша 27:1 даги изоҳларга қ.)
Леви; левилар.
Ёқубнинг Леахдан туғилган учинчи ўғли. Шунингдек, унинг исми билан аталган қабила номи. Левининг учта ўғли левиларнинг асосий учта бўлинмасининг асосчилари бўлган. Баъзан «левилар» ибораси бутун қабилага нисбатан ишлатилади. Аммо Ҳоруннинг наслидан келиб чиққан руҳонийлар хонадони бундай аталмайди. Леви қабиласига ваъда қилинган юртда ер тақсимлаб берилмаган, лекин қабилалар орасида уларга 48 та шаҳар ажратилган. (Қн 10:8; 1Сл 6:1; Ибр 7:11)
Легион.
Лепта.
Юнонча ёзувлар ёзилган даврда яҳудийларнинг энг кичик мис ёки бронза тангаси бўлган. Ўзбек тилидаги Муқаддас Китобда «чақа» деб таржима қилинган. (Мрк 12:42; Лқ 21:2 даги изоҳларга қ.) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Ливан тоғ тизмаси.
Ливан еридаги тоғларни ташкил этувчи иккита тоғ тизмасидан бири. Ливан тизмаси ғарб, Антиливан тизмаси эса шарқ томонда жойлашган. Ушбу иккита тоғ тизмасини узун унумдор водий ажратиб туради. Ливан тизмаси деярли Ўрта денгиз соҳилидан бошланиб, ўртача баландлиги 1 800–2 100 м ни ташкил этади. Қадимда Ливан улкан кедр дарахтлари билан қопланган бўлиб, бу дарахтлар атрофдаги халқлар томонидан юқори баҳоланар эди. (Қн 1:7; Зб 29:6; 92:12) Илованинг Б7 мавзусига қ.
Лог.
Муқаддас Китобда келтирилган энг кичик суюқлик ўлчов бирлиги. Яҳудийларнинг Талмуд китобида бир лог 1/12 хинга тенг деб айтилади. Шунга кўра, бир логнинг сиғими 0,31 л. (Лв 14:10) Илованинг Б14 мавзусига қ.
М
Мазҳаб.
Муайян таълимотга ёки етакчига эргашиб, ўз эътиқодлари бўйича яшовчи одамлардан таркиб топган гуруҳ. Бу сўз, яҳудий динидан келиб чиққан иккита оқимга — фарзийлар ва саддуқийларга нисбатан ишлатилган. Шунингдек, масиҳий бўлмаган одамлар, «мазҳаб» ёки «насронийлар мазҳаби» дея масиҳийларга қарата айтишган, эҳтимол, улар ҳақда яҳудий динидан ажралиб чиққан деган фикрда бўлишган. Кейинчалик масиҳийлар жамоатидан ҳам ажралиб чиққан мазҳаблар пайдо бўлган. Масалан, Ваҳий китобида «николайчи мазҳаби» борасида айтиб ўтилган. (Ҳв 5:17; 15:5; 24:5; 28:22; Вҳ 2:6; 2Бтр 2:1)
Македония.
Искандар Мақдуний номи туфайли машҳур бўлган, Юнонистон шимолида жойлашган ҳудуд. Бу ер, римликлар томонидан забт этилмагунга қадар мустақил қолган. Ҳаворий Павлуснинг Европага биринчи сафарида Македония Рим вилояти эди. Павлус бу ерга уч маротаба келган. (Ҳв 16:9) Илованинг Б13 мавзусига қ.
Малах.
МЎЛАХ сўзига қ.
Малкам.
Манна.
Исроилликларнинг 40 йил саҳрони кезиб юрган давридаги асосий егулиги. Уни Яҳова тақдим этган бўлиб, Шаббат кунидан ташқари, ҳар куни эрталаб шудринг буғланиб кетгач мўъжизавий равишда пайдо бўларди. Исроилликлар уни илк бор кўрганда, «бу нима?» (ибр. ман ху?) деб сўрашган эди. (Чқ 16:13–15, 35) Бошқа оятларда бу сўз «осмоннинг дони» (Зб 78:24), «осмондан нон» (Зб 105:40) ва «қудратли зотлар нони» (Зб 78:25) дейилган. Исо ҳам манна сўзини мажозий маънода қўллаган. (Юҳ 6:49, 50)
Маржон.
Миттигина денгиз жониворларининг скелетидан ҳосил бўлган тошга ўхшаш қаттиқ модда. Океанда уларнинг қизил, оқ ва қора рангдаги ҳар хил турлари бор. Маржонлар айниқса Қизил денгизда кўп учраган. Муқаддас Китоб ёзилган вақтларда қизил рангдаги маржонлар юқори баҳоланган ва уларни мунчоқлар ҳамда бошқа тақинчоқлар ясашда ишлатишган. (Ҳк 8:11)
Масиҳ.
Ибронийча машиах, юнонча христос сўзлари «мойланган» деган маънони англатади. Кимсанинг бошига мой қуйиш, уни муайян хизматга тайинлашни билдирган. Ушбу сўз унвон сифатида Исога нисбатан қўлланилган. (Мт 1:16; Юҳ 1:41; 2Шҳ 22:51; 1Сл 16:22; Дн 9:25; Ибр 11:26)
Масиҳий.
Маскил.
Забур китобининг 13 та саноси сўзбошиларида учрайдиган ибронийча атама, маъноси ноаниқ. Эҳтимол, «ўйга чўмдирувчи шеър» деган маънога эга. Айримларнинг фикрича, шунга ўхшаш сўз шакли «хизматини донолик ила бажариш» дея таржима қилиниб, маъно жиҳатдан маскил сўзига яқин. (2Сл 30:22; Зб 32, сўзбоши)
Махалат.
Мусиқий атама бўлиши мумкин. Бу атама Забур 53 ва 88- саноларнинг сўзбошиларида учрайди. Бу сўз, ибронийчада «заифлашмоқ, хаста бўлмоқ» каби ўзак сўзлардан ташкил топган бўлиши мумкин. Шу боис, бу атама ғамли, қайғули оҳангни англатиб, ушбу саноларнинг ғамгин мазмунига уйғундир.
Маъбад.
Муқаддас чодирнинг ўрнига қурилган Қуддусдаги маъбад. Бу, исроилликларнинг топиниш маркази бўлган. Сулаймон барпо этган биринчи маъбад бобилликлар томонидан вайрон этилган. Иккинчи марта эса исроилликлар Бобил сургунидан қайтгач, Зарубабел томонидан қурилган. Кейинчалик буюк Ҳирод бу маъбадни таъмирлаган. Муқаддас Ёзувларда маъбад кўпинча «Яҳованинг уйи» деб айтилади. (Эзр 1:3; 6:14, 15; 1Сл 29:1; 2Сл 2:4; Мт 24:1) Илованинг Б8 ва Б11 мавзуларига қ.
Меродах.
Бобил шаҳрининг бош худоси. Бобил шоҳи ва қонун чиқарувчи Хаммурапи Бобил шаҳрини Бобилнинг пойтахтига айлантирганда, Меродахнинг (ёки Мардукнинг) нуфузи ошди. Натижада, у бир талай аввалги худоларнинг ўрнини босиб, Бобил пантеонининг бош худосига айланди. Кейинчалик Меродах номи «Бэл» (соҳиб) унвонига алмаштирилиб, халқ уни Бэл деб атай бошлади. (Ерм 50:2)
Меш.
Қўй ёки эчки терисидан қилинган халта бўлиб, унда шароб сақланган. Шароб янги мешларга қуйилган. Чунки ичидаги шароб ачиганда карбонат ангидрид гази ажралиб чиққан ва мешнинг ичида катта босим ҳосил бўлган. Янги мешлар кенгайиш хусусиятга эга бўлгани учун босимга дош бера олган. Эски мешлар эса қаттиқ бўлиб, босимга чидай олмай ёрилиб кетган. (Ёш 9:4; Мт 9:17)
Меҳр-садоқат.
Мидияликлар; Мидия.
Ёфаснинг ўғли Модайдан келиб чиққан халқ. Улар Эрон ясси тоғларига ўрнашишган ва бу жой Мидия юрти деб атала бошлаган. Мидия Бобилга қўшилиб, Оссурияни мағлуб этган. Ўша пайтда Форс диёри Мидия юртининг бир вилояти бўлган. Лекин Кир (Куруш) Мидияга қарши кўтарилиб, Мидияни Форс диёри билан бирлаштирган. Шу тариқа, Мидия ва Форс империяси вужудга келган. Бу империя мил. авв. 539 йили Янги Бобил империясини тор-мор қилган. Мил. 33 йили Қуддусда Ҳосил байрамини нишонлаганлар орасида мидияликлар ҳам бўлган. (Дн 5:28, 31; Ҳв 2:9) Илованинг Б9 мавзусига қ.
Миктам.
Милком.
Милло.
Миля.
Узунлик ўлчов бирлиги. Юнонча ёзувларнинг асл нусхасида фақат бир марта учрайди. Матто 5:41 даги бу сўз 1479,5 м га тенг Рим миляси бўлиши мумкин. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Мина.
Ҳизқиё китобида «мане» деб аталган. Пул ва оғирлик ўлчов бирлиги. Археологик далилларга кўра, мина 50 шекелга, шекел эса 11,4 г га тенг. Ибронийча ёзувлардаги бир мина 570 г га тенг. Тирсак сингари, минанинг ҳам бошқа тури, яъни шоҳ минаси бўлган. Юнонча ёзувларда бир мина 100 драхмага тенг. Унинг оғирлиги 340 г. Олтмиш мина бир талантга тенг. (Эзр 2:69; Лқ 19:13) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Мирра.
Хушбўй елим. У коммифора (Commiphora) туридан бўлган турли тиканакли буталар ёки кичик дарахтлардан олинган. Мойлаш учун ишлатилган муқаддас мойнинг таркибига кирган. У кийимлардан ёки ётоқдан хушбўй ҳид келиши учун қўлланилган. Массаж қилиш учун мўлжалланган мой ва бадан лосьонига қўшилган. Жасад дафн этишга тайёрланганда ҳам ундан фойдаланилган. (Чқ 30:23; Ҳк 7:17; Юҳ 19:39)
Мозор.
Инсониятнинг умумий қабри. Ибронийча шеўл, юнонча ҳадес. Муқаддас Китобда бу сўз остида, барча иш-ҳаракат ва идрок этиш қобилияти барҳам топадиган рамзий жой ёки ҳолат тасвирланган. (Ибт 37:35; Вз 9:10; Ҳв 2:31)
Мойламоқ.
Иброний тилида бу сўз асосан «мой суртиш» деган маънони билдиради. Одамни ёки нарсани ўзгача хизмат учун бағишлашда мойдан фойдаланилган. Юнонча ёзувларда бу сўз осмонда яшаш умидига эга бўлган танланган кишилар устига муқаддас руҳ ёғдирилишига нисбатан ҳам қўлланилади. (Чқ 28:41; 1Шҳ 16:13; 2Кр 1:21)
Мотам қўшиғи.
Дўст ёки севикли кишининг ўлими туфайли юзага келган қайғу ва дард-аламни ифодалаш учун яратилган лирик ва мусиқий асар; марсия. (2Шҳ 1:17; Зб 7, сўзбоши)
Мохов касаллиги.
Оғир тери касаллиги. Муқаддас Ёзувларда тилга олинган бу касаллик, бугунги кундаги мохов касаллигидан фарқ қилади. Боиси, бу касаллик фақат одамларга эмас, балки кийимлару уйларга ҳам зиён етказган. Мохов хасталигига чалинган киши мохов деб аталган. (Лв 14:54, 55; Лқ 5:12)
Мугуз.
ШОХ сўзига қ.
Мунажжим.
Муртадлик.
Мут-лаббен.
Забур китобининг 9- саносидаги сўзбошида учрайдиган атама. Бу, одатда «ўғилнинг ўлими тўғрисида» деган маънога эга. Айримларнинг фикрича, ушбу сано куйлана бошлаганда қўлланилган таниш куйнинг номи ёки эҳтимол, унинг кириш сўзлари бўлган.
Муқаддас.
Тангри Яҳова ушбу фазилат эгасидир. Ахлоқий жиҳатдан бутунлайин соф ва муқаддасдир (Чқ 28:36; 1Шҳ 2:2; Ҳк 9:10; Иша 6:3) Иброний тилидаги бу сўз, одамлар (Чқ 19:6; 4Шҳ 4:9), ҳайвонлар (Сҳ 18:17), нарсалар (Чқ 28:38; 30:25; Лв 27:14), жойлар (Чқ 3:5; Иша 27:13), муайян пайт (Чқ 16:23; Лв 25:12) ва ишлар (Чқ 36:4) ҳақида гап борганда қўлланилади. Шунингдек, ажратилган, тегишли бўлган, муқаддас Аллоҳга бағишланган ва Яҳовага хизмат қилиш учун ажратиб қўйилган деган маънони билдиради. Юнонча ёзувлардаги «муқаддас» сўзи ҳам худди шундай маънога эга бўлиб, Худо учун ажратилган эканини англатади. Бундан ташқари, бу сўз кишининг пок юриш-туришига нисбатан қўлланилган. (Мрк 6:20; 2Кр 7:1; 1Бтр 1:15, 16)
Муқаддас маскан.
Умуман олганда, топиниш учун ажратилган жой. Кўпинча, бу атама остида муқаддас чодир ёки Қуддусдаги маъбад назарда тутилади. У шунингдек, Худонинг самодаги ҳузурини англатади. (Чқ 25:8, 9; 4Шҳ 10:25; 1Сл 28:10; Вҳ 11:19)
Муқаддас руҳ.
Муқаддас сир.
Муқаддас тош.
Одатда тошдан ясалган тик устун. Бундай устунлар, эҳтимол, Баал ёки бошқа сохта худоларнинг жинсий аъзолари кўринишида бўлган. (Чқ 23:24)
Муқаддас устун.
Ибронийча ашера сўзи канъонликларнинг унумдорлик маъбудаси Ашерани тасвирловчи муқаддас устунни ёки Ашера маъбудасининг тасвирини англатади. Бундай устунлар чамаси тик ўрнатилган ва ҳеч бўлмаганда қисман ёғочдан ясалган. Эҳтимол, улар йўнилмаган устун ёки ҳатто дарахт бўлган. (Қн 16:21; Ҳак 6:26; 3Шҳ 15:13)
Муқаддас хизмат.
Муқаддас хона.
Муқаддас чодир ёки маъбаднинг Энг муқаддас хонаси олдидаги каттароқ хона. Муқаддас хонада олтин чироқпоя, олтин тутатқи қурбонгоҳи, тортиқ этилган нонлар қўйиладиган стол ва олтин анжомлар, маъбадда эса олтин қурбонгоҳ, ўнта олтин чироқпоя ва тортиқ этилган нонлар қўйиладиган ўнта стол турган. (Чқ 26:33; Ибр 9:2) Илованинг Б5 ва Б8 мавзуларига қ.
Муқаддас чодир.
Учрашув чодири деб ҳам аталади. Исроил халқи Мисрдан чиққандан сўнг, топиниш учун фойдаланган йиғма чодир. Чодирнинг ичида Яҳованинг аҳд сандиғи турарди ва Худо Ўз халқи билан бирга эканини билдирарди. Шунингдек, қурбонлик келтирадиган ҳамда топинадиган жой сифатида хизмат қилган. Чодир ёғоч ромлар ёрдамида ясалиб, устига карублар шакли тикилган зиғир мато тўшалган эди. У иккита хонага бўлинган бўлиб, биринчиси Муқаддас хона, иккинчиси эса Энг муқаддас хона деб аталарди. (Ёш 18:1; Чқ 25:9) Илованинг Б5 мавзусига қ.
Муҳр.
Кимга тегишли ва ҳақиқий эканини кўрсатиш ёки ўзаро келишув тузилганда из қолдириш учун (одатда гил ёки мумда) қўлланилган асбоб. Қадимда муҳрлар қаттиқ материаллардан (тош, фил суяги, ёғоч) ясалиб, унга ҳарфлар ёки бирор тасвир ўйиб туширилган. Муқаддас Китобда муҳр мажозий маънода қўлланилиб, муайян бир нарсанинг ҳақиқий ва кимга тегишли эканини кўрсатиш, шунингдек, бирор нарсанинг яширин ёки сир эканининг белгиси бўлган. (Чқ 28:11; Нах 9:38; Вҳ 5:1; 9:4)
Муҳр узуги.
Мўлах.
Оммонликлар худоси. Эҳтимол, Малкам, Милком ва Малах — бари шу худони билдиради. Бу, мазкур худонинг исми эмас, унвони бўлиши мумкин. Мусонинг Таврот китобига кўра, боласини Мўлахга қурбон қилган одам ўлимга маҳкум этиларди. (Лв 20:2; Ерм 32:35; Ҳв 7:43)
Н
Назр қилинмоқ.
Бу ибронийча ибора «танланган, бағишланган, ажратилган» деган маъноларга эга. Баъзилар ўз ихтиёри билан назр қилинарди, айримлар Худо томонидан танланарди. Эркак ёки аёл киши муайян вақт давомида ўзини назр қилиб яшаш учун Яҳовага онт ичар эди. Ўз ихтиёри билан ўзини назр қилган одамга қуйидаги учта нарса ман этиларди: спиртли ичимлигу узум маҳсулотларини истеъмол қилиш, сочни қирқиш ва мурдага тегиш. Худо томонидан танланганлар умр бўйи шундай яшаган. Улар учун талабларни Яҳованинг Ўзи ўрнатарди. (Сҳ 6:2–7; Ҳак 13:5)
Насроний.
Нетиним.
Маъбадда хизмат қилган, исроиллик бўлмаган хизматчилар. Ибронийчада том маънода «берилган» деганидир. Бу, уларнинг маъбадда хизмат қилиш учун берилганини англатади. Кўп нетинимлар, эҳтимол, гивонликларнинг авлодлари бўлган. Ёшуа уларни Яҳованинг қурбонгоҳи учун ўтин терувчи ва сув ташувчи қилиб тайинлаган эди. (Ёш 9:23, 27; 1Сл 9:2; Эзр 8:17)
Нефилимлар.
Тўфондан олдин инсон қиёфасига кирган фаришталар билан ердаги қизлардан туғилган зўравон ўғиллар. (Ибт 6:4)
Нехилот.
Забур 5- саносининг сўзбошида учрайдиган маъноси ноаниқ атама. Баъзиларнинг фикрича, у ибронийча chalil (най) сўзининг ўзаги билан боғлиқ бўлиб, пуфлаб чалинадиган асбобни билдиради. Бироқ бу, куй ҳам бўлиши мумкин.
Нисон.
Яҳудийлар Бобил сургунидан қайтгач, абиб ойига берилган янги ном. Яҳудийларнинг муқаддас календаридаги 1- ой ва дунёвий календаридаги 7- ой. У мартнинг ўртасидан апрелнинг ўртасигача давом этарди. (Нах 2:1) Илованинг Б15 мавзусига қ.
Нозир.
Жамоат аъзоларига ғамхўрлик қилиш ва уларга эътибор қаратиш учун жавобгар эркак киши. Юнонча эпископос сўзининг асосий маъноси ҳимоялаш мақсадида назорат қилишдан иборат. «Нозир» ва «оқсоқол» (пресбитерос) сўзлари масиҳийлар жамоатида ўша-ўша вазифаларни англатади. «Оқсоқол» сўзи тайинланган кишининг маънан етук эканига, «нозир» сўзи эса унинг зиммасига юкланган вазифаларга ишора қилади. (Ҳв 20:28; 1Тм 3:2–7; 1Бтр 5:2)
Нопоклик.
О
Одиллик; адолат.
Муқаддас Китобга кўра, Худонинг нима яхши, нима ёмон борасидаги меъёрларига мос келиш. Шунингдек, «одиллик» сўзи кўпинча ҳукм чиқариш ҳақида гап кетганда қўлланилади ва бу атама гапга юридик тус беради (асл матндаги атамалар баъзан «адолатли» ва «адолат» деб таржима қилинган). «Одил» деганда шунчаки инсоний нуқтаи назардан тўғри йўл тутадиган киши эмас, балки Худонинг иродаси ва амрларига мувофиқ ҳаёт кечирадиган одам тушунилади. (Ибт 15:6; Қн 6:25; Ҳк 11:4; Заф 2:3; Мт 6:33)
Оёқ ювиш.
Иқлими иссиқ бўлган қадимги Яқин Шарқда, овқат ейишдан олдин қилинган меҳмондўстлик ва илтифот белгиси эди. У ерда одамлар сандал кийиб, тупроқли чанг йўлларда пиёда юришган. Одатда мезбон идишда сув олиб келиб, меҳмонларга берган ва улар оёқларини ювишган. Бой мезбонларнинг эса ушбу вазифани бажарувчи хизматкорлари бўлган.
Озодлик йили.
Исроил халқи ваъда қилинган юртга кирган пайтдан бошлаб саналган ҳар бир 50- йилнинг номи. Озодлик йили ер шудгор қилинмас эди, яҳудий қуллар эса озод этиларди. Мерос бўлиб ўтган ерлар сотиб юборилган бўлса, шу йили эгасига қайтариларди. Озодлик йили бир йил давом этадиган байрам бўлиб, Исроил халқи Худо уларни ташкил этган дастлабки ҳолатига қайтарилар эди. (Лв 25:10)
Олий Кенгаш.
Олий руҳоний.
Мусонинг Таврот китобига кўра, у Худонинг олдида халқ вакили бўлиб, бошқа руҳонийларни назорат қилар эди. У шунингдек, «бош руҳоний» деб аталган. (2Сл 26:20; Эзр 7:5) Гуноҳни ювиш кунида муқаддас чодирнинг, кейинчалик маъбаднинг Энг муқаддас хонасига фақат у кира оларди. Исо Масиҳ ҳам «олий руҳоний» деб номланади (Лв 16:2, 17; 21:10; Мт 26:3; Ибр 4:14)
Оловкураклар.
Олтин, кумуш ёки мисдан қилинган идиш. Муқаддас чодир ва маъбадда тутатқи тутатиш, қурбонгоҳдан чўғларни ҳамда олтин мойчироқлардан ёниб бўлган пиликларни олиш учун ишлатилган. Шунингдек, улар тутатқи тутатиладиган идиш деб ҳам аталган. (Чқ 37:23; 2Сл 26:19; Ибр 9:4)
Оловли кўл.
«Оловли ва олтингугуртли кўл» рамзий маънога эга бўлиб, «иккинчи ўлим» деб ҳам ифодаланади. Бу кўлга тавба қилмаган гуноҳкорлар, Иблис, ўлим билан мозор (юнон. ҳадес) ҳам улоқтирилади. Руҳий мавжудотлар ва ўлим билан ҳадес оловда ёнмайди, шундай экан, бу рамзий кўл бўлиб, абадий қийноқни эмас, балки батамом йўқ қилинишни англатади. (Вҳ 19:20; 20:14, 15; 21:8)
Омин.
«Шундай бўлсин» ёки «шубҳасиз» деган маънога эга. Иброний тилидаги аман деган ўзак сўз «содиқ, ишончли бўлиш» маъноларини билдиради. «Омин» сўзи қасамни, ибодатни ёки фикрни тасдиқлаш учун айтиларди. Қолаверса, Ваҳий китобида у Исонинг унвони сифатида ишлатилган. (Қн 27:26; 1Сл 16:36; Вҳ 3:14)
Омир.
2,2 л га ёки эфанинг ўндан бир қисмига тенг ҳажм ўлчов бирлиги. (Чқ 16:16, 18) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Оникс.
Оромийча.
Сом тиллари оиласига кирувчи, ибронийчага яқин ва бир хил алифбога эга бўлган тил. Аввалига бу тилда оромийлар гаплашишган, аммо кейинчалик Оссурия ҳамда Бобил империяларида савдо-сотиқда ва ўзаро алоқада халқаро тил сифатида қўлланилган. Шунингдек, Форс империясининг расмий тили бўлган. (Эзр 4:7) Эзра, Еремиё ва Дониёр китобларининг айрим қисмлари оромийчада ёзилган. (Эзр 4:8–6:18; 7:12–26; Ерм 10:11; Дн 2:4б–7:28)
Ором; оромийлар.
Сом ўғли Оромнинг авлодлари. Улар асосан Ливан тоғларидан то Месопотамиягача, шимолдаги Тавр тоғларидан то Дамашққача ва олис жанубга чўзилган ҳудудларда яшашган. Ибронийчада Ором деб аталган бу ҳудуд кейинчалик Сурия, у ерда яшовчилар эса сурияликлар деб аталган. (Ибт 25:20; Қн 26:5; Ҳш 12:12)
Осиё.
Юнонча ёзувларда тилга олинган Рим вилояти. Унинг ҳудудига ҳозирги Туркиянинг ғарбий қисми, шунингдек, Самос ва Патмос каби қирғоқ бўйидаги ороллар кирган. Унинг пойтахти Эфес шаҳри бўлган. (Ҳв 20:16; Вҳ 1:4) Илованинг Б13 мавзусига қ.
Охирги кунлар.
Башоратларда қўлланилган бу сўз ва шунга ўхшаш иборалар (мас. «кунларнинг охири») тарихий воқеалар ўз авж нуқтасига етган вақтни билдиради. (Ҳиз 38:16; Дн 10:14; Ҳв 2:17) Башоратнинг моҳиятига қараб, бу бир неча йилни ёки ундан кўпроқ даврни ўз ичига олиши мумкин. Хусусан, Муқаддас Китобдаги бу ибора ушбу замонанинг «охирги кунларига», Масиҳнинг кўзга кўринмас ҳозир бўлиш даврига ишора қилади. (2Тм 3:1; Ёқ 5:3; 2Бтр 3:3)
Охирзамон.
Шайтон бошқаруви остидаги ушбу замонага чек қўйилишидан олдин бўладиган вақт оралиғи. У Масиҳнинг ҳозир бўлиш вақти билан бир пайтда бошланган. Исонинг бошқаруви остида фаришталар «ёмон одамларни одил кишилардан ажратиб», уларни йўқ қилишади. (Мт 13:40–42, 49) Исонинг шогирдлари ушбу вақтнинг охири қачон келиши билан қизиқишган. (Мт 24:3) Осмонга қайтишидан олдин Исо издошларига ўша вақтнинг охиригача улар билан бирга бўлишини ваъда қилган. (Мт 28:20)
Оқсоқол.
Етук ёшдаги киши. Аммо Муқаддас Ёзувларда энг аввало жамиятда ёки халқ орасида муайян ваколатга ва масъулиятга эга бўлган одам. Ваҳий китобида ушбу сўз самовий мавжудотларга нисбатан ҳам қўлланилган. Жамоатда раҳбарликни ўз зиммасига олишга масъулиятли бўлганлар ҳақида гап кетганда юнонча пресбитерос сўзи «оқсоқол» деб таржима қилинган. (Чқ 4:29; Ҳк 31:23; 1Тм 5:17; Вҳ 4:4)
П
Пайғамбар.
Палахмон.
Ҳайвон пайидан, қамиш ёки жундан тўқилган боғич ёки чарм тасма. Ўрта қисми энли бўлиб, асосан тош отиш учун мўлжалланган эди. Палахмоннинг бир учи қўлга ёки билакка боғланиб, иккинчи учи эса ўша қўлда ушлаб айлантириларди-да, сўнг қўйиб юбориларди. Қадимги халқларнинг қўшинида палахмончилар бўлган. (Ҳак 20:16; 1Шҳ 17:50)
Паноҳ шаҳарлар.
Левиларга тегишли бу шаҳарларда атайин одам ўлдирмаган киши қон учун қасос олувчидан қочиб, паноҳ топиши мумкин эди. Олтита шундай шаҳарни Яҳованинг раҳбарлиги остида аввал Мусо, кейинроқ эса Ёшуа ваъда қилинган юртнинг турли ерларидан танлаган эди. Паноҳ шаҳарга етиб борган қочоқ, шаҳар дарвозаси олдида ўз масаласини оқсоқолларга айтиб берарди, сўнг уни меҳмондўстлик ила қабул қилишарди. Атайин одам ўлдирган киши бу тадбирдан фойдаланиб қолмаслиги учун, у айбдор ёки айбсиз эканини аниқлаш мақсадида, уни қотиллик содир этилган шаҳарда ҳукм қилишарди. Агар унинг айбсизлиги исботланса, у паноҳ шаҳарга қайтиб, ҳаётининг охиригача ёки бош руҳонийнинг ўлимигача ўша шаҳар ҳудудида яшаши лозим эди. (Сҳ 35:6, 11–15, 22–29; Ёш 20:2–8)
Папирус.
Саёз сувда ўсадиган, пояси чўкмайдиган қамишсимон ўсимлик бўлиб, саватлар ва қайиқлар ясашда фойдаланилган. Шунингдек, ёзиш учун қўлланилган қоғозга ўхшаш материал ва ўрама битиклар тайёрлашда ишлатилган. (Чқ 2:3)
Парда.
Чиройли қилиб тўқилган ва устига карублар тасвири тикилган мато парчаси. Бу парда муқаддас чодирда ва маъбадда Муқаддас хонани Энг муқаддас хонадан ажратиб турган. (Чқ 26:31; 2Сл 3:14; Мт 27:51; Ибр 9:3) Илованинг Б5 мавзусига қ.
Пергамент.
Қоғоз ўрнида ишлатилган қўй, эчки ёки бузоқ териси. Пергамент папирусдан кўра анча пишиқ бўлиб, Муқаддас Китоб ўрама битиклари ёзилишида ишлатилган. Павлус Тимўтийдан пергамент битикларни, эҳтимол, Ибронийча ёзувларнинг қисмларини олиб келишини сўраган. Ўлик денгиз битикларининг айримлари пергаментда ёзилган. (2Тм 4:13)
Пилик ўчиргичлар.
Муқаддас чодир ва маъбадда ишлатилган олтин ёки мисдан ясалган асбоб. Улар мойчироқларнинг пилигини ўчириш учун ишлатилган. Эҳтимол, қайчига ўхшаш шаклда бўлган. (4Шҳ 25:14)
Пим.
Қадимий оғирлик ўлчов бирлиги ва турли металл асбобларни чархлаш учун филистимликлар белгилаган қиймат. Исроилда олиб борилган археологик қазилма ишлари жараёнида, ибронийча ҳарфлар билан устига «пим» деб ёзилган бир нечта қадоқтошлар топилган. Тошларнинг ўртача оғирлиги 7,8 г га, яъни бир шекелнинг тахминан учдан икки қисмига тенг. (1Шҳ 13:20, 21)
Пок.
Порниа.
ЖИНСИЙ АХЛОҚСИЗЛИК иборасига қ.
Пурим.
Адар ойининг 14-, 15- кунида нишонланган йиллик байрам. Бу байрам, малика Эстер даврида яҳудийларнинг ҳалокатдан халос этилгани муносабати билан нишонланган. Ибронийчадан келиб чиқмаган пурим сўзининг маъноси «қуръалар» демакдир. Хомон яҳудийларни қириш мақсадида муайян кунни танлаш учун қуръа («пур») ташлаган. Шу боис, бу байрам Пурим деб аталган. (Эст 3:7; 9:26)
Р
Рамз назри.
Бутунлай келтириладиган қурбонлик тимсоли ёки рамзи сифатида тортиқ этилган қурбонлик қисми. Ушбу ибронийча ибора эслатма назри, яъни бутунлайин келтириладиган қурбонлик ҳақида Худо учун эслатма деган фикрни ўз ичига олади. (Лв 2:2)
Раҳбар.
Раҳоб.
Руҳ.
Ибронийча руах, юнонча пневма. Одатда «руҳ» деб таржима қилинган сўз бир нечта маънога эга. Унинг ҳамма маънолари кўринмайдиган нарсаларга тегишли бўлиб, ҳаракатдаги кучни назарда тутади. Ушбу ибронийча ва юнонча сўзлар 1) шамол, 2) ердаги мавжудотларнинг ҳаётий кучи, 3) одамни бирон нарса айтишга ёки қилишга ундайдиган мажозий қалбдан чиқадиган куч, 4) кўзга кўринмас манбадан келиб чиққан илоҳий сўзлар, 5) руҳий мавжудотлар ва 6) Аллоҳнинг фаол қудрати ёки муқаддас руҳини билдиради. (Чқ 35:21; Зб 104:29; Мт 12:43; Лқ 11:13)
Руҳоний.
Руҳонийлар халқ олдидаги Худонинг вакиллари бўлиб, халққа хизмат қилишар ва Аллоҳ тўғрисида ҳамда Унинг қонунларини ўргатишарди. Шунингдек, улар халқнинг Тангри олдидаги вакиллари бўлиб, халқ учун қурбонликлар келтиришар ҳамда воситачи бўлиб, улар учун илтижо қилишарди. Мусо пайғамбарга Қонун берилмасидан аввал, оила боши ўз оиласи учун руҳоний сифатида хизмат қилган. Тавротга биноан, Леви қабиласидан бўлмиш Ҳоруннинг наслидан келиб чиққан эркаклар руҳонийлик хизматини бажаришган. Леви қабиласидан бўлган бошқа эркаклар уларга ёрдам беришган. Янги аҳд кучга киргач, рамзий Исроил руҳонийлардан иборат халқ, Исо Масиҳ эса Олий руҳоний бўлган. (Чқ 28:41; Ибр 9:24; Вҳ 5:10)
Рўза.
С
Саддуқийлар.
Яҳудий динидаги нуфузли мазҳаб. У, бадавлат асилзодалардан ва маъбаддаги ишлар устидан кучли ҳокимиятга эга бўлган руҳонийлардан ташкил топган. Саддуқийлар фарзийларнинг кўпгина оғзаки урф-одатлари ва эътиқодларини рад этишган. Улар тирилишга ва фаришталарнинг мавжудлигига ишонишмаган. Исога қарши чиқишган. (Мт 16:1; Ҳв 23:8)
Салла.
Олий руҳоний аъло сифатли зиғир матосидан салла ўрарди. Салланинг олд қисмида мовий рангли боғич билан боғланган олтин лавҳа бор эди. Шоҳлар эса бошига аввал салла ўраб, устидан тож кийишган. Аюб мажозий маънода ўз адолатини салла билан солиштирган. (Чқ 28:36, 37; Аюб 29:14; Ҳиз 21:26)
Самария.
Деярли 200 йил давомида шимолий ўн қабилали Исроил шоҳлигининг пойтахтига ва бу шоҳликнинг бутун ҳудудига берилган ном. Бу шаҳар Самария деб аталган тоғ устида жойлашган эди. Исонинг даврида, шимолда Жалила ва жанубда Яҳудия ўртасида жойлашган вилоят Самария деб номланарди. Одатда Исо бу ҳудудда ваъз қилмаган, аммо вақти-вақти билан у ердан ўтиб кетаётганда, ўша ерда яшовчилар билан суҳбатлашарди. Самарияликларга муқаддас руҳ тушганда, Бутрус Шоҳликнинг мажозий калитларидан иккинчисини қўллаган. (3Шҳ 16:24; Юҳ 4:7; Ҳв 8:14) Илованинг Б10 мавзусига қ.
Самарияликлар.
Бошида бу сўз шимолий ўн қабилали шоҳликда яшовчи исроилликларга нисбатан ишлатилган. Бироқ мил. авв. 740 йили Оссурия Самарияни забт этгач, оссурияликлар у ерга кўчирган мусофирлар ҳам шундай деб аталган. Исонинг даврида, бу ном ирқий ёки сиёсий маънога эмас, балки қадимги Шакам ва Самарияда жойлашган диний мазҳаб тарафдорларига қарата қўлланилган. Уларнинг эътиқодлари яҳудийларнинг эътиқодларидан кескин фарқ қилган. (Юҳ 8:48)
Само Қироличаси.
Еремиё даврида муртад исроилликлар сиғинган маъбуда. Айримларнинг фикрича, бу, Бобил маъбудаси Иштар (Астарта). Қадимда шумерлар ушбу маъбудага Инанна (маъноси «Само Қироличаси») номи ила сажда қилишган. У шунингдек, ҳосилдорлик маъбудаси ҳисобланган. Астарта Миср қўлёзмаларида ҳам «Само Бекаси» деб номланган. (Ерм 44:19)
Сано.
Сатрап.
Села.
Забур санолари ва Хабаққуқ китобида учрайдиган атама. Бу, мусиқада ёки ёдаки ўқишда (декламацияда) қўлланилган. Қўшиқ куйланганда ёки мусиқа ижро этилганда ёхуд ҳар икковида қилинган паузани билдириши мумкин. Бундай пауза мулоҳаза юритишга чорлаш, ё бўлмаса айтилган сўзлар борасида ҳис-туйғуларни уйғотиш мақсадида қўлланилган. «Септуагинта»да диапсалма деб таржима қилинган бу атама «мусиқий интерлюдия» деган маънога эга. (Зб 3:4; Хб 3:3)
Серафлар.
Сеха.
Ҳажм ўлчов бирлиги. Бат суюқлик ўлчови асосида ҳисобланганда бир сеха 7,33 л га тенг. (4Шҳ 7:1) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Сеҳр-жоду.
Кўпчилик, марҳумнинг руҳи танасидан чиқиб яшашда давом этишига ва тириклар билан, айниқса унинг таъсири остида бўлган арвоҳ чақирувчи киши орқали мулоқот қилишига ишонади. «Сеҳр-жоду» деб ўгирилган юнонча фармакиа сўзи, том маънода «гиёҳвандлик» дегани. Қадимда сеҳр-жоду билан шуғулланувчилар жинлардан куч беришни сўраганда, гиёҳванд модда ишлатишгани учун, ушбу сўз сеҳр-жоду билан боғлиқ бўлиб кетган. (Гл 5:20; Вҳ 21:8)
Силкитиладиган назр.
Руҳоний назр тортиқ этаётган кишининг қўллари остига ўз қўлларини қўйиб, у ёқдан бу ёққа силкитган ёки руҳонийнинг ўзи бу назрни силкитган. Бундай ҳаракат назр Яҳовага атаб келтирилганига ишора қиларди. (Лв 7:30)
Сион; Сион тоғи.
Қуддуснинг жануби-шарқидаги тепалик номи. Аввал бу тепаликда ёбусийларнинг Ёбус қалъаси жойлашган эди. Довуд у ерни босиб олганидан кейин шоҳ саройини қурган ва ўша ер «Довуд шаҳри» деб аталган. (2Шҳ 5:7, 9) Довуд аҳд сандиғини Сион тоғига олиб келганидан сўнг, бу ер Яҳова учун муқаддас ҳисобланган. Кейинчалик бу ном остида, муқаддас чодир жойлашган Мориёх тоғининг ҳудуди ва бутун Қуддус шаҳри ҳам тушунилган. Юнонча ёзувларда бу ибора рамзий маънода қўлланилади. (Зб 2:6; 1Бтр 2:6; Вҳ 14:1)
Сирт.
Замонавий Тунис ва Ливиянинг (Шимолий Африка) соҳилидаги иккита катта кўрфаз. Денгиз сувларининг тез-тез кўтарилиши ва пасайиши натижасида унинг тубида қумлоқ саёзлик юзага келиб, қадимги денгизчиларни қўрқувга соларди. (Ҳв 27:17) Илованинг Б13 мавзусига қ.
Стоик файласуфлари.
Юнон файласуфларининг мактаби. Улар ақл-идрокка бўйсуниш, табиатга мувофиқ яшаш орқали бахтга эришиш мумкинлигига ишонишарди. Улар, чиндан ҳам доно бўлган киши қайғу ёки ҳузур-ҳаловатга бепарво қарайди деган фикрда бўлишган. (Ҳв 17:18)
Сувга чўмиш.
Сулаймон равоқи.
Исонинг даврида маъбаднинг шарқ томонидаги ички ҳовлининг даҳлизи. Кўпчиликнинг фикрича, Сулаймоннинг маъбадидан қолган. Исо «қиш фаслида» у ерда айланиб юргани ҳамда илк масиҳийлар топиниш учун тўпланиб туришгани маълум. (Юҳ 10:22, 23; Ҳв 5:12) Илованинг Б11 мавзусига қ.
Сунбул мойи.
Суннат.
Эркак кишининг жинсий аъзоси терисининг учини кесиш. Иброҳим ва унинг авлодлари учун бу мажбурий эди, аммо масиҳийлардан суннат қилиниш талаб этилмайди. Турли матн таркибига қараб, бу сўз рамзий маънода ҳам қўлланилган. (Ибт 17:10; 1Кр 7:19; Флп 3:3)
Сургун.
Одатда босиб олувчи томонидан одамларни ўз юртидан ёки уйидан қувиб чиқариш. Ибронийча сўз «жўнатиб юбориш» деган маънога эга. Исроилликлар асосан икки маротаба кенг миқёсда сургун қилинган эди. Ўн қабилали шимолий шоҳликда яшовчилар оссурияликлар томонидан сургун этилган. Кейинчалик икки қабилали жанубий шоҳликда яшовчилар бобилликлар томонидан сургун қилинган. Омон қолган инсонлар эса Форс шоҳи Кирнинг бошқаруви даврида ўз она юртига қайтарилган эди. (4Шҳ 17:6; 24:16; Эзр 6:21)
Сурия; сурияликлар.
ОРОМ; ОРОМИЙЛАР иборасига қ.
Сўзбоши.
Т
Табат.
Бобилга сургун қилингандан сўнг яҳудийларнинг муқаддас календаридаги 10- ой ва дунёвий календаридаги 4- ой шундай аталган. Бу ой декабрнинг ўртасидан январнинг ўртасигача давом этарди. Одатда «ўнинчи ой» деб айтилади. (Эст 2:16) Илованинг Б15 мавзусига қ.
Тавба.
Таврот; Мусонинг Таврот китоби.
Тайёргарлик куни.
Шаббат кунидан олдинги кунга берилган ном. Бу куни яҳудийлар зарурий тайёргарликларни кўришган. Тайёргарлик куни, жума қуёш ботганда тугаган, сўнг Шаббат куни бошланган. Яҳудийларда кун оқшомдан келаси оқшомгача давом этган. (Мрк 15:42; Лқ 23:54)
Талант.
Ибронийларнинг энг катта пул ва оғирлик ўлчов бирлиги. Бир талант 34,2 кг га тенг. Юнон таланти кичикроқ бўлиб, оғирлиги тахминан 20,4 кг га тенг бўлган. (1Сл 22:14; Мт 18:24) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Таммуз.
Биринчидан, бу сохта худога берилган ном бўлиб, йўлдан озган иброний аёллар Қуддусда бу худо учун кўз ёш тўкишган. Таммуз аслида шоҳ бўлгани, ўлимидан сўнг у илоҳийлаштирилгани ҳақида тахмин бор. Шумер ёзувларида Таммуз «Думузи» деб номланган ва ҳосилдорлик маъбудаси Инаннанинг (Бобилда Иштар) эри ёки ўйнаши бўлган деб айтилган. (Ҳиз 8:14) Иккинчидан, Бобил асирлигидан сўнг, яҳудийларнинг муқаддас календаридаги 4- ой ва дунёвий календаридаги 10- ой шундай аталган. Бу ой июннинг ўртасидан июлнинг ўртасигача давом этарди. Илованинг Б15 мавзусига қ.
Танда иплари.
Мато тўқиш учун узунасига, бўйлама тортилган ип. Мато тўқилганда танда иплари кўндалангига тушган арқоқ иплари билан кесишган. (Ҳак 16:13)
Тартар.
Юнонча ёзувларда бу сўз Нуҳнинг замонида Аллоҳга бўйсунмаган фаришталарнинг тутқунликдаги камситилган ҳолатини билдиради. 2 Бутрус 2:4 да тартароо (тартарга улоқтирмоқ) феъли ишлатилган. Бу дегани «гуноҳкор фаришталар» сохта худоларнинг мифологиясидаги тартарга, яъни ер остидаги зиндон ва кичик худолар ташланадиган зулматга улоқтирилмаган. Аксинча, бу сўз Худойи Таоло уларни осмондаги мавқеидан ва шарафли вазифаларидан маҳрум этиб, тим қоронғиликка ўхшаш ақлий таназзулга йўлиқтирганига ишора қилади. Улар Аллоҳнинг ниятларини тушунишга кўмаклашувчи маънавий нурдан йироқдир. Муқаддас Ёзувларга биноан зулмат, шунингдек, бу фаришталар ҳам ўз ҳукмдори Иблис Шайтон каби буткул йўқ қилинишини англатади. Хулласи калом, тартар бу исёнкор фаришталарнинг ғоят даражада камситилган ҳолатини билдиради. Ушбу ибора Ваҳий 20:1–3 да айтилган «тубсизлик» иборасидан фарқ қилади.
Таршиш кемалари.
Тегирмон тоши.
Донни янчиб ун қилиш учун бир-бирининг устига қўйиладиган иккита юмалоқ тош. Остки тошнинг ўртасига ўрнатилган қозиққа устки тош киргизиб айлантирилади. Муқаддас Китоб ёзилган даврда, кўп оилаларда аёллар қўл тегирмонидан фойдаланган. Оиланинг кундалик нони қўл тегирмонига боғлиқ бўлгани боис, Мусонинг Таврот китобида қўл тегирмонини олиб қўйиш ёки устки тошини гаровга олиш ман этилган. Шунга ўхшаш катта тегирмонни эса ҳайвонлар айлантирган. (Қн 24:6; Мрк 9:42)
Тепалик.
Терафим.
Муайян оилага тегишли худолар ёки бутлар. Баъзида фол очишда қўлланилган. (Ҳиз 21:21) Айримларининг шакли ва катталиги одамникидай, бошқалариники эса анча кичик бўлган. (Ибт 31:34; 1Шҳ 19:13, 16) Месопотамияда олиб борилган қазилмалар натижасидаги топилмаларга кўра, терафим кимда бўлса, ўша киши оиласининг меросига эгалик қилишга ҳақли бўлгани аниқланган. Мана шу сабабли, Роҳила отасининг терафимларини олиб кетган. Аммо бундай одат Исроилда бўлмаган. Шунга қарамай, ҳакамлар ва шоҳлар даврида бутпарастлар терафимларга сиғинган. Шоҳ Йўшиё йўқ қилган бутпарастликка оид нарсалар орасида терафимлар ҳам бўлган. (Ҳак 17:5; 4Шҳ 23:24; Ҳш 3:4)
Тинчлик қурбонлиги.
Яҳова билан тинчликка эга бўлишни сўраш учун келтириладиган қурбонлик. Унинг гўштини қурбонлик келтирган киши ва унинг оиласи, қурбонликни тақдим этган руҳоний ҳамда хизматда бўлган бошқа руҳонийлар — барчаси ейишган. Қурбонликнинг ёғи куйдирилганда, Яҳова унинг ёқимли ҳидини қабул қилган деса бўлади. Ҳаёт рамзи бўлмиш қон ҳам Унга тақдим этилган. Руҳонийлар ва топинувчилар Яҳова билан бирга ўтириб таом тановул қилгандай бўлишган. Бу эса уларнинг орасида тинчлик ҳукм сурганини англатган. (Лв 7:29, 32; Қн 27:7)
Тирилиш.
Ўлимдан ҳаётга қайтиш. Юнонча анастасис сўзи том маънода «кўтарилмоқ; турмоқ» деган маънога эга. Муқаддас Китобда тўққизта тирилиш, жумладан, Исонинг Тангри Яҳова томонидан тирилтирилгани қаламга олинган. Гарчи Илёс, Элишай, Исо, Бутрус ва Павлус ҳам бошқаларни тирилтирган бўлишса-да, бу мўъжизалар Аллоҳнинг қудрати билан амалга оширилган. Ер юзида «адолатли ва адолатсиз одамларнинг тирилиши» Худонинг ниятида муҳим ўринни эгаллайди. (Ҳв 24:15) Муқаддас Китобда, шунингдек, самовий ҳаётга тирилиш ҳақида айтилган бўлиб, у «биринчи тирилиш» деб номланган. Бу, Исонинг муқаддас руҳ ила мойланган биродарларига тааллуқли. (Флп 3:11; Вҳ 20:5, 6; Юҳ 5:28, 29; 11:25)
Тирсак.
Узунлик ўлчов бирлиги. Тахминан тирсакдан ўрта бармоқ учигача бўлган узунликка тенг. Одатда исроилликлар 44,5 см га тенг бўлган тирсакдан фойдаланишган. Лекин тўрт бармоқ эни қўшилган 51,8 см га тенг узун тирсак ҳам қўлланилган. (Ибт 6:15; Лқ 12:25) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Тишри.
ИТАНИМ сўзига ва илованинг Б15 мавзусига қ.
Тонг юлдузи.
Тортиқ этилган нонлар.
Муқаддас чодир ёки маъбаддаги Муқаддас хонадаги столнинг устига икки тахлам қилиб, ҳар бир тахламга олтитадан қўйилган 12 та нон. «Тахлам нонлар» ва «бахшида қилинган нонлар» деб ҳам айтилади. Худога атаб тортиқ этилган бу нонлар, ҳар Шаббат кунида янгилари билан алмаштириб турилган. Олиб қўйилган нонларни фақат руҳонийлар еган. (2Сл 2:4; Мт 12:4; Чқ 25:30; Лв 24:5–9; Ибр 9:2) Илованинг Б5 мавзусига қ.
Тубсизлик.
Тутатқи.
Секин ёниб, ёқимли ҳид таратадиган хушбўй елим ва бальзамлардан тайёрланган аралашма. Муқаддас чодир ва маъбадда фойдаланилган бу махсус тутатқи тўртта таркибий қисмдан иборат эди. У эрталаб ва кечқурун Муқаддас хонадаги тутатқи қурбонгоҳида, Гуноҳни ювиш кунида эса Энг муқаддас хонада куйдириларди. Тутатқи Худонинг содиқ хизматчиларининг мақбул ибодатлари рамзи ҳисобланган. Уни куйдириш масиҳийлардан талаб этилмаган. (Чқ 30:34, 35; Лв 16:13; Вҳ 5:8)
Тўлов.
Асирлик, жазо, азоб, гуноҳ ёки бирон мажбуриятдан озод этиш учун тўланадиган ҳақ. Тўлов нафақат пул билан тўланган. (Иша 43:3) Тўлов турли вазиятларда талаб этилган. Мисол учун, Исроилда биринчи туғилган ўғил болалар ва ҳайвонларнинг биринчи эркак боласи Яҳовага тегишли бўлган, яъни бутунлай Аллоҳнинг хизмати учун бахшида этилган. Уларни бу масъулиятдан озод этиш учун тўлов берилиши лозим бўлган. (Сҳ 3:45, 46; 18:15, 16) Агар қаровсиз қолган сузонғич буқа бирон кимсани сузиб ўлдирса, унинг эгаси тўлов эвазига ўзини ўлим жазосидан қутқара олган. (Чқ 21:29, 30) Аммо қасддан одам ўлдирган қотилни ҳеч қандай тўлов қутқара олмаган. (Сҳ 35:31) Муқаддас Китобда тилга олинган тўловлардан энг муҳими — итоаткор инсонларни гуноҳ ва ўлимдан қутқариш учун ўз жонини фидо қилган Масиҳнинг тўловидир. (Зб 49:7, 8; Мт 20:28; Эф 1:7)
Тўнғич.
Асосан олганда (онанинг эмас) отанинг биринчи ўғли ҳисобланади. Қадимда тўнғич ўғил оилада ўзгача ҳурматга сазовор бўлиб, отаси ҳаётдан кўз юмганда оила бошига айланарди. Бу сўз остида шунингдек, ҳайвонларнинг «биринчи эркак боласи» ҳам тушунилар эди. (Чқ 11:5; 13:12; Ибт 25:33; Клс 1:15)
У
Узумсиққич.
Уламо.
Ибронийча ёзувларда котиб деб қўлланилади. Лекин Исонинг замонида Таврот билимдонларини ифодаларди. Улар Исога қаршилик кўрсатишган. (Эзр 7:6, изоҳга қ.; Мрк 12:38, 39; 14:1)
Урим ва туммим.
Олий руҳоний урим ва туммимни худди қуръа сингари ўртага ташлаб, у ёки бу масалада Худонинг иродасини аниқлаб олган. Масалан, бутун халқ учун муҳим ҳисобланган масалалар юзасидан Яҳовага маслаҳат солиш керак бўлганда, олий руҳоний урим ва туммимдан фойдаланган. У муқаддас чодирга кирганида, урим ва туммимни кўкракпечига солиб қўярди. Аммо Қуддус бобилликлар томонидан йўқ қилинганидан кейин, улардан фойдаланмай қўйилди. (Чқ 28:30; Нах 7:65)
Устун.
Иншоотга тик ўрнатиладиган тирговуч ёки колонна. Ёки бўлмаса колоннага ўхшаш нарса. Баъзилар тарихий ёки муҳим воқеаларни хотирлаш учун устун ўрнатишган. Бутпарастлар сохта худоларига сиғиниш мақсадида муқаддас устунлар ўрнатишган. Исроилликлар ҳам баъзида уларнинг бу одатига тақлид қилишган. (3Шҳ 14:23) Устундан, шунингдек, жазолашнинг бир тури сифатида фойданилган. Айрим халқлар қатл қилиш, бошқаларга огоҳлантириш бўлиши учун жасадни осиб қўйиш ёки омма олдида таҳқирлаш мақсадида устундан фойдаланишган. Жангда шафқатсизлиги билан танилган оссурияликлар асирларни яланғоч ҳолда учи ўткир устунга ўтқазишган. Устун асирларнинг қорнидан ўтиб, кўкрак қафасини тешиб чиққан. Яҳудийларнинг қонунига кўра, Худони ҳақорат қилиш ёки бутпарастлик каби жирканч жиноятни содир этганлар тошбўрон қилиниб ёки бошқача усул билан ўлдирилиб, сўнг атрофдагиларга огоҳлантириш бўлиши учун жасад устунга ёки дарахтга осиб қўйилган. (Қн 21:22, 23; 2Шҳ 21:6, 9) Римликлар баъзан ўлимга маҳкум этилган инсонни устунга боғлаб қўйишган. Одам оғриқ, ташналик, очлик ва жазирама дастидан бир неча кун қийналиб ўлган. Бошқа вазиятларда, масалан, Исони қатл қилишганда, римликлар унинг қўл-оёқларини устунга михлашган. (Лқ 24:20; Юҳ 19:14–16; 20:25; Ҳв 2:23, 36) АЗОБ УСТУНИ иборасига қ.
Устун қош.
Устуннинг безак берилган тепа қисми. Ёхин ва Боз деб аталган иккита устуннинг тепа қисмидаги катта устун қошлари бўлиб, Сулаймон қурган маъбаднинг олд томонида турган. (3Шҳ 7:16) Илованинг Б8 мавзусига қ.
Учрашув чодири.
Ушр (ўндан бир қисм).
Асосан диний мақсадда солиқ ёки ўлпон сифатида бериладиган ўндан бир қисм. (Мл 3:10; Қн 26:12; Мт 23:23) Мусонинг Таврот китобига кўра, исроилликлар ҳар йили ернинг ҳосилидан ва қўй-эчкию қорамоллари орасида туғилган болаларидан ўндан бир қисмини левиларга бериб, уларга ғамхўрлик қилишган. Левилар эса ўз ушрларидан Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларга ушр беришган. Ушр бошқа мақсадларда ҳам берилган. Аммо масиҳийлардан ушр бериш талаб этилмаган.
Ф
Фаластин; филистимликлар.
Исроилнинг жанубидаги соҳил бўйидаги юрт ва унинг аҳолиси. Критдан кўчиб, у ерга жойлашган кишилар филистимликлар деб аталадиган бўлган. Довуд уларни бўйсундирган бўлса-да, улар мустақил бўлиб қолаверган ва Исроилга доимо душманлик қилиб келган. (Чқ 13:17; 1Шҳ 17:4; Амс 9:7) Илованинг Б4 мавзусига қ.
Фарзийлар.
Милодий биринчи асрда мавжуд бўлган яҳудий динидаги нуфузли мазҳаб. Улар руҳонийлар авлодидан бўлмаган, лекин Тавротга, ҳатто майда-чуйдасигача қаттиқ амал қилишган. Улар оғзаки урф-одатларни Таврот билан бир қаторга қўйишган. (Мт 23:23) Улар юнон маданиятининг ҳар қандай таъсирига қаршилик кўрсатиб, Таврот ва урф-одатлар билимдони сифатида халқ устидан кучли ҳокимиятга эга бўлишган. (Мт 23:2–6) Баъзилари ҳатто Олий Кенгаш (Синедрион) аъзолари эди. Шаббатга ва урф-одатларга риоя этиш, шунингдек, гуноҳкорлару солиқчилар билан мулоқот қилиш борасида Исога тез-тез қарши чиқишган. Кейинчалик, айримлари масиҳий бўлган, Тарс шаҳридан бўлган Шоул булар қаторига киради. (Мт 9:11; 12:14; Мрк 7:5; Лқ 6:2; Ҳв 26:5)
Фаришталар.
Ибронийча малах, юнонча аггелос. Бу икки сўз ҳам «хабарчи» деган маънога эга, аммо руҳий мавжудотлар ҳақида гап кетганда, «фаришта» деб ифодаланади. (Ибт 16:7; 32:3; Ёқ 2:25; Вҳ 22:8) Фаришталар қудратли руҳий мавжудотлар бўлиб, Худо уларни инсониятдан анча олдин яратган. Муқаддас Китобда улар «тумонат муқаддас фаришталар», «Тангрининг ўғиллари» ва «тонг юлдузлари» деб ҳам аталган. (Қн 33:2; Аюб 1:6; 38:7) Уларга кўпайиш қобилияти берилмаган, ҳар бири алоҳида-алоҳида яратилган. Фаришталарнинг сони 100 миллиондан ҳам ошиқдир. (Дн 7:10) Муқаддас Китобда уларнинг ҳар бири шахсий исм ва феъл-атворга эга эканлиги айтилган. Лекин улар камтарлик ила кимдир уларга топинишини рад этишади. Кўпчилиги ҳатто ўз исмини ошкор этмайди. (Ибт 32:29; Лқ 1:26; Вҳ 22:8, 9) Улар турли мавқе ва вазифаларга эга. Масалан, Яҳованинг тахти олдида хизмат қилиш, Унинг хабарларини етказиш, Яҳованинг ердаги хизматчиларини ҳимоя қилиш, Худонинг ҳукмларини ижро этиш ҳамда ваъзгўйлик ишини қўллаб-қувватлаш. (4Шҳ 19:35; Зб 34:7; Лқ 1:30, 31; Вҳ 5:11; 14:6) Келажакда эса, улар Исони Армагеддон жангида қўллаб-қувватлашади. (Вҳ 19:14, 15)
Фиръавн.
Фисиҳ.
Форс; форслар.
Юрт ва унинг халқига берилган ном. Улар кўпинча мидияликлар билан бирга тилга олинади. Қадимда форслар Эрон ясси тоғларининг жануби-ғарб қисминигина эгаллашган. Буюк Кирнинг (баъзи қадимги тарихчиларнинг айтишича, унинг отаси форс, онаси эса мидиялик бўлган) бошқаруви остида форслар мидияликлардан устун бўлган, лекин улар битта империяни ташкил этган. Кир Бобил империясини мил. авв. 539 йили босиб олган ва асирликдаги яҳудийларга ўз она юртларига қайтишга изн берган. Форс империясининг ҳудуди Ҳинд дарёсининг шарқидан Эгей денгизининг ғарбигача чўзилган. Мил. авв. 331 йили Искандар Мақдуний форсларни мағлуб қилгунга қадар, яҳудийлар Форс бошқаруви остида бўлган. Форс империяси борасида Дониёрга ваҳий нозил қилинган эди. Шунингдек, бу империя ҳақида Эзра, Нахимиё ва Эстер китобларида ҳам айтиб ўтилган. (Эзр 1:1; Дн 5:28; 8:20) Илованинг Б9 мавзусига қ.
Фоҳиша.
Юнончадан «фоҳиша» дея таржима қилинган порне сўзи «сотмоқ» феълидан келиб чиққан. Бу сўз асосан аёлларга нисбатан қўлланилади. Муқаддас Китобда бундай эркакларга нисбатан эса «бачча» сўзи ишлатилган. Тавротда фоҳишалик қораланган ва улар оладиган ҳақ Яҳованинг муқаддас масканида хайр-эҳсон сифатида қабул қилинмаган. Бутпарастлар эса бундай иш билан шуғулланувчилардан даромад манбаи сифатида фойдаланишган. (Қн 23:17, 18; 3Шҳ 14:24) Муқаддас Китобда, Аллоҳга топиниш билан бир вақтда бутпарастлик билан шуғулланган инсонлар, халқлар ва ташкилотларга нисбатан мажозий маънода фоҳиша сўзи қўлланилган. Масалан, «Буюк Бобил» дея номланган диний ташкилот Ваҳий китобида фоҳиша каби тасвирланган. Чунки у, ҳокимият ва бойликка эга бўлиш мақсадида бу дунё ҳукмдорлари орасига қўшилиб кетган. (Вҳ 17:1–5; 18:3; 1Сл 5:25)
Фурот.
Жануби-ғарбий Осиёдаги энг узун ва муҳим дарё. Месопотамиядаги иккита асосий дарёдан бири. Илк бор Ибтидо 2:14 да Адан боғидан ўтган тўртта дарёдан бири сифатида тилга олинган. Бу дарё Исроил халқига берилган ҳудуднинг шимолий чегараси бўлган. (Ибт 15:18; Вҳ 16:12) Илованинг Б2 мавзусига қ.
Х
Хайр-садақа.
Муҳтож одамларга бериладиган ёрдам. Ибронийча ёзувларда хайр-садақа бериш ҳақида тўғридан-тўғри айтилмаган бўлса-да, Тавротда исроилликларнинг камбағаллар олдидаги бурчи тўғрисида аниқ кўрсатмалар берилган. (Мт 6:2)
Халдейлар юрти; халдейлар.
Аввалига Дажла ва Фурот дарёларининг тармоқланган ҳудуди ва ўша ерда яшаган халқ шундай аталган. Вақт ўтиб бу атамалар бутун Бобил ва унинг халқига нисбатан ишлатилган. Илм-фан, тарих, тиллар ва астрономияни ўрганиш билан бир қаторда сеҳр-жоду ва мунажжимлик билан шуғулланган зиёли кишилар ҳам «халдейлар» деб юритилган. (Эзр 5:12; Дн 4:7; Ҳв 7:4)
Хамиртурушсиз нон байрами.
Хамиртуруш.
Хамўш.
Мўабликларнинг бош худоси. (3Шҳ 11:33)
Хиггайон.
Мусиқий атама. Забур 9:16 да бу сўз тантанали, арфада чалинган жарангдор интерлюдияни ёки мулоҳаза юритишга чорлайдиган тантанавор паузани билдириши мумкин.
Хин.
Суюқлик ўлчов бирлиги ва шу ўлчовга тенг идиш. Бир хин 3,67 л га тенг. (Чқ 29:40) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Хирмон.
Хислав.
Бобилга сургун қилингандан сўнг яҳудийларнинг муқаддас календаридаги 9- ой ва дунёвий календаридаги 3- ой шундай аталган. Бу ой ноябрнинг ўртасидан декабрнинг ўртасигача давом этарди. (Нах 1:1; Зк 7:1) Илованинг Б15 мавзусига қ.
Хорев; Хорев тоғи.
Синай тоғи атрофидаги тоғли ҳудуд. Синай тоғининг бошқа номи. (Чқ 3:1; Қн 5:2) Илованинг Б3 мавзусига қ.
Хотира мозори.
Марҳумнинг жасади дафн этиладиган жой. Бу, «хотирламоқ» деган маънони англатувчи юнонча мнемейон сўзининг таржимаси бўлиб, ўлган инсон ҳақидаги маълумот хотирада сақланаётганини назарда тутади. (Юҳ 5:28, 29)
Художўйлик.
Худонинг Шоҳлиги.
Худонинг Ўғли.
Ушбу ибора мажозий маънода ишлатилади. Бутун борлиқнинг Яратувчиси бўлмиш Аллоҳнинг том маънодаги хотини ҳам, аёлдан туғилган фарзанди ҳам йўқ. Асосан Исо Масиҳга нисбатан қўлланилган бу ибора унинг Худоникига ўхшаш фазилатлар билан яратилганини ва Унга жуда яқин бўлганини таъкидлайди. Худди шу сабабларга кўра ушбу ибора фаришталарга ва илк инсон Одаматога қарата ишлатилган. (Аюб 1:6; Лқ 3:38) Самода Исо Масиҳнинг ворисдошлари бўлиш учун Худо танлаган кишилар ҳам «Аллоҳнинг фарзандлари» деб аталишган. (Рм 8:14–17) Қадимда Исроилда ҳакамлик қилганлар Аллоҳнинг вакиллари сифатида бошқаришгани учун улар «Тангри Таолонинг ўғиллари» дейилган. (Зб 82:6)
Хушбўй смола.
Босвелия (Boswellia) турига мансуб айрим дарахтлар ва буталарнинг қуриган елими. Куйдирилганда хушбўй ҳид таратади. У Муқаддас чодирда ва маъбадда ишлатилган муқаддас тутатқи таркибига кирган. Уни дон назрлари билан бирга келтиришган ва Муқаддас хонадаги тақдим этилган нонлар тахлами устига қўйишган. (Чқ 30:34–36; Лв 2:1; 24:7; Мт 2:11)
Хушхабар.
Хўмр.
Бир корга тенг келадиган ҳажм ўлчов бирлиги. Бат ўлчовининг тахминий вазнига асосланган бўлиб, бир хўмр 220 л га тенг. (Лв 27:16) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Хўптир.
ЯНЧМОҚ сўзига қ.
Ч
Чайлалар байрами.
Шунингдек, Чодирлар байрами ёки Ўрим-йиғим байрами деб ҳам аталган. Бу байрам итаним ойининг 15–21- кунигача нишонланган. Бу байрам исроилликларнинг қишлоқ хўжалик йили сўнгида бўладиган ўрим-йиғим муносабати билан нишонланарди. Ҳосилга барака бергани учун улар Яҳовага миннатдорчилик билдиришарди ва хурсандчилик қилишарди. Бу байрам кунлари, одамлар Мисрдан озод бўлишганини ёдда тутишлари учун чайлаларда яшашарди. Бу, эркаклар Қуддусга бориб нишонлаши керак бўлган учта байрамдан бири эди. (Лв 23:34; Эзр 3:4)
Чигиртка.
Чўпон.
Қўйларни ёки қўй-эчкилардан иборат сурувни боқадиган, қўриқлайдиган ва уларга ғамхўрлик қиладиган одам. Рамзий маънода бу атама Яҳовага нисбатан қўлланилади. У Ўз қўйларига, яъни халқига севги ила ғамхўрлик қилади. Шу каби, бир масалда Исо ҳам ўзини «яхши чўпон» деб атаган. Шунингдек, баъзан «чўпонлар» атамаси Исроил халқининг Худога содиқ ҳамда бевафо ҳукмдорлари ва бошлиқларига нисбатан қўлланилган. (Зб 23:1, 2; Ерм 2:8; 3:15; Юҳ 10:11)
Ш
Шаббат.
Бу ибронийча сўз «тиниш, тўхташ» деган маънони билдиради. Яҳудийлар ҳафтасининг еттинчи куни (жума куни қуёш ботишидан шанба куни қуёш ботишигача давом этади). Байрам кунларининг баъзилари, жумладан ҳар 7- ва 50- йил ҳам Шаббат деб аталган. Шаббат куни, муқаддас маскандаги руҳонийлик хизматидан ташқари, ҳеч қандай иш қилинмаган. Шаббат йили ер шудгор қилинмаган, ибронийлар бир-бирининг қарзларини кечириб, қайтаришни талаб қилишмаган. Тавротда Шаббат билан боғлиқ чекловлар меъёрида бўлган. Лекин дин раҳбарлари секин-аста қўшимча қоидалар киритиб, Исонинг давридаги кишилар учун унга риоя этишни оғир юкка айлантиришган. (Чқ 20:8; Лв 25:4; Лқ 13:14–16; Клс 2:16)
Шавон.
Бобилга сургун қилингандан сўнг яҳудийларнинг муқаддас календаридаги 3- ой ва дунёвий календаридаги 9- ой шундай аталган. Бу ой майнинг ўртасидан июннинг ўртасигача давом этарди. (Эст 8:9) Илованинг Б15 мавзусига қ.
Шайтон.
Шақилдоқ.
Қадимги урма мусиқа асбоби. Унинг сопидаги чўзиқ металл рамага кўндаланг стерженлар маҳкамлаб қўйилган эди. Шақилдоқ силкитилганда баланд овозда жарангларди. (2Шҳ 6:5)
Шебат.
Бобилга сургун қилингандан сўнг яҳудийларнинг муқаддас календаридаги 11- ой ва дунёвий календаридаги 5- ой шундай аталган. Бу ой январнинг ўртасидан февралнинг ўртасигача давом этарди. (Зк 1:7) Илованинг Б15 мавзусига қ.
Шекел.
Ибронийларнинг асосий пул ва оғирлик ўлчов бирлиги. Бир шекел 11,4 г га тенг. «Муқаддас жойнинг шекели» деган ибора тарози тўғри бўлишига ва муқаддас чодирда асос қилиб олинган тарози билан ҳисоблаш кераклигига ишора қилган. Шунингдек, шоҳ саройида асос қилиб олинган ўлчов бирлиги (одатдаги шекелдан фарқ қилган) «шоҳ» шекели бўлиши мумкин. (Чқ 30:13)
Шеминит.
Ушбу мусиқий атама сўзма-сўз «саккизинчи» деган маънога эга. Эҳтимол, паст регистр ёки услубни англатади. Мусиқий асбобларга қарата қўлланилганда, бу сўз басга, яъни йўғон товушга ишора қилса керак. Қўшиқларда эса, эҳтимол, паст регистрда бошқарилган мусиқий жўрликка ва шу тарзда куйланиши кераклигини билдирган. (1Сл 15:21; Зб 6; 12, сўзбошилари)
Шеўл.
Ушбу ибронийча сўз юнонча ҳадес сўзи билан маънодош. Инсониятнинг умумий қабри. (Ибт 37:35; Зб 16:10; Ҳв 2:31, изоҳларга қ.) МОЗОР сўзига қ.
Шох.
Ҳайвонлар шохларидан ичимлик ичиш, мой қуйиш, сиёҳ ва атир-упалар учун идиш сифатида фойдаланилган. Қолаверса, мусиқа чалиш ва ҳарбий белги бериш мақсадида ишлатилган. (1Шҳ 16:1, 13; 3Шҳ 1:39; Ҳиз 9:2) Кўчма маънода «шох» сўзи кўпинча куч-қудрат, забт этиш ва зафар қозонишни билдиради. (Қн 33:17; Мх 4:13; Зк 1:19)
Шоҳидлик лавҳаси.
«Шоҳидлик лавҳаси» иккита тош лавҳага ёзилган ва Мусога берилган Ўнта амрни англатади. (Чқ 31:18)
Шукрона қурбонлиги.
Меҳр-садоқати ва берган ризқ-рўзи учун Худога шукрона ифодаси сифатида келтирилган тинчлик қурбонлиги. Қурбонликка келтирилган ҳайвон гўшти хамиртурушли ва хамиртурушсиз нонлар билан тановул қилинган. Гўштни ўша куннинг ўзида ейиш керак бўлган. (2Сл 29:31)
Э
Эдом.
Исҳоқнинг ўғли Эсовга берилган бошқа исм. Эсовнинг (Эдомнинг) авлодлари Ўлик денгиз ва Ақаба қўлтиғи оралиғидаги тоғли ҳудудни, Сеир ҳудудини эгаллаб олишган. Сўнг ўша ерлар Эдом деб танилган. (Ибт 25:30; 36:8) Илованинг Б3 ва Б4 мавзуларига қ.
Элул.
Бобилга сургун қилингандан сўнг яҳудийларнинг муқаддас календаридаги 6- ой ва дунёвий календаридаги 12- ой шундай аталган. Бу ой августнинг ўртасидан сентябрнинг ўртасигача давом этарди. (Нах 6:15) Илованинг Б15 мавзусига қ.
Энг муқаддас хона.
Эпикурчи файласуфлар.
Юнон файласуфи Эпикурнинг (мил. авв. 341–270) издошлари. Уларнинг фалсафаси, ҳаётнинг асосий мазмуни ҳузур-ҳаловатдан иборат деган тушунчага асосланган. (Ҳв 17:18)
Эрман.
Мазаси аччиқ, ўткир ҳидли ва пояси бор ўсимлик. Муқаддас Китобда эрман мажозий маънода қўлланилиб, ахлоқсизлик, қуллик, адолатсизлик ва муртадликнинг аччиқ асоратларини тасвирлайди. Ваҳий 8:11 да «эрман» аччиқ ва заҳарли модда эканига ишора қилинган. (Қн 29:18; Ҳк 5:4; Ерм 9:15; Амс 5:7)
Эфа.
Дон маҳсулотларини ўлчаш учун ишлатилган ҳажм ўлчов бирлиги. У суюқлик ўлчов бирлиги бўлган батга, яъни 22 л га тенг эди. Эфа сўзи ҳам ўлчов идишига, ҳам сиғимига оид бўлган. (Чқ 16:36; Ҳиз 45:10) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Эфод.
Руҳонийлар кийган фартукка ўхшаш кийим. Олий руҳоний эса махсус эфод кийиб, устидан 12 та қимматбаҳо тош қадалган кўкракпеч тақиб юрган. (Чқ 28:4, 6) Илованинг Б5 мавзусига қ.
Эфрайим.
Юсуфнинг иккинчи ўғлининг исми. Кейинчалик Исроил қабилаларидан бири шу ном билан аталган. Исроил бўлингач, Эфрайим энг асосий қабила сифатида бутун ўн қабилали шоҳликни ифодалаган. (Ибт 41:52; Ерм 7:15)
Ю
Юнон.
Я
Янги ой куни.
Янчмоқ.
Донни поя ва чоридан ажратиш жараёни. Дон таёқ ёрдамида уриб янчилган. Агар кўп миқдорда бўлса, ҳайвонларга қўшилган хўптир ёки хўптир ғалтаги билан янчилган. Янчиш мосламаси ёйиб қўйилган дон устидан юргизилган. (Иша 41:15; 1Кр 9:9)
Яраштириш.
ГУНОҲНИ ЮВИШ иборасига қ.
Яраштирувчи қопқоқ.
Аҳд сандиғининг қопқоғи. Гуноҳни ювиш куни олий руҳоний бу сандиқнинг олдида гуноҳ қурбонлигининг қонини сачратарди. Ушбу ибронийча сўз «(гуноҳнинг) устини ёпмоқ» ёки «(гуноҳни) артиб ташламоқ» ибораларидан келиб чиққан. У бутунлайин олтиндан ясалган бўлиб, иккита четига иккита каруб ўрнатилган эди. Баъзида шунчаки «қопқоқ» деб айтилади. (Чқ 25:17–22; 1Сл 28:11; Ибр 9:5) Илованинг Б5 мавзусига қ.
Яхши ва ёмонни билдирадиган дарахт.
Яҳ.
«Яҳова» деган исмнинг қисқача шакли. (Чқ 15:1, 2) Ушбу қисқартма ибронийча ҳарфлар билан ёзилган Худо исмининг יהוה (ЙҲВҲ) биринчи ярми, яъни «йод» (י) ва «ҳе» (ה) ҳарфларини билдиради. Ибронийча ёзувларда «Яҳ» қисқартмаси 50 марта учрайди: 26 марта якка ўзи, 24 марта эса «Ҳаллелуя» сўзининг таркибига кирган. «Ҳаллелуя» сўзи кўпчиликка мурожаат бўлиб «Яҳни мадҳ этинг» деган маънога эга.
Яҳова.
Тетраграмматоннинг (тўртта иброний ҳарф Аллоҳнинг исмини ташкил этади) ўзбекча ёзилиши. Ушбу нашрда бу исм 7 000 дан ортиқ маротаба учрайди. Илованинг А4 ва А5 мавзуларига қ.
Яҳудий.
Ўн қабилали Исроил шоҳлиги бўлингач, ушбу ном Яҳудо қабиласига мансуб кишиларга нисбатан қўлланила бошлади. (4Шҳ 16:6) Бобилга сургун қилингандан сўнг, Исроилга қайтган турли қабила вакиллари шундай деб аталган. (Эзр 4:12) Вақт ўтиб, бошқа халқлардан ажратиш учун бутун ер юзидаги исроилликлар шундай дея номланадиган бўлди. (Эст 3:6) Ҳаворий Павлус бу сўзни, масиҳийлар жамоатида миллатнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқлигини кўрсатиш учун рамзий маънода қўллаган. (Рм 2:28, 29; Гл 3:28)
Яҳудо.
Ёқубнинг Леахдан туғилган тўртинчи ўғли. Ёқуб ўлим тўшагида, Яҳудонинг авлодидан буюк ва мангу бошқарадиган ҳукмдор келиб чиқишини башорат қилган. Исо Масиҳ Яҳудонинг наслидан эди. Шунингдек, Яҳудодан келиб чиққан қабила ҳам, шоҳлик ҳам Яҳудо деб аталадиган бўлди. Жанубий шоҳлик деб номланган Яҳудо шоҳлиги Яҳудо ва Бенямин қабилалари, руҳонийлару левилардан ташкил топган эди. Яҳудо, юртнинг Қуддус ва маъбад жойлашган жанубий қисмини эгаллаган эди. (Ибт 29:35; 49:10; 3Шҳ 4:20; Ибр 7:14)
Ў
Ўлчов таёғи.
Узунлиги олти тирсак бўлган. Ўртача тирсак билан ўлчанганда 2,67 м, узун тирсак билан эса 3,11 м. (Ҳиз 40:3, 5; Вҳ 11:1) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Ўнкент.
Даставвал ўнта шаҳардан таркиб топган юнон шаҳарларининг мажмуи (юнонча дека маъноси «ўн», полис маъноси «шаҳар»). Жалила денгизи ва Иордан дарёсининг шарқидаги ҳудуд ҳам шундай номланган. Чунки ўша шаҳарларнинг аксарияти шу ерда жойлашган эди. Бу шаҳарлар юнон маданияти ва савдо-сотиқ марказлари бўлган. Исо бу ҳудуддан ўтган, аммо у ўша шаҳарларнинг бирортасига ташриф буюргани ҳақида ҳеч қаерда ёзилмаган. (Мт 4:25; Мрк 5:20) Илованинг А7 ва Б10 мавзуларига қ.
Ўрама битик.
Пергамент ёки папирусдан ясалиб, ёзиш учун мўлжалланган узун тасма. Унинг бир томонига ёзув ёзилиб, таёққа ўраб қўйиларди. Муқаддас Ёзувлар мана шундай ўрама битикларга ёзилган ва нусха кўчирилган. Муқаддас Китоб ёзилган замонда китоб ўрама битиклар кўринишида бўлган. (Ерм 36:4, 18, 23; Лқ 4:17–20; 2Тм 4:13)
Ўчоқ; печ.
Руда ёки металлни эритиш учун мўлжалланган қурилма. У сопол идишларни пишириш учун ҳам ишлатилган. Муқаддас Китоб ёзилган даврда ўчоқлар ғишт ёки тошдан ясалган. Сопол идишларни пиширадиган ва оҳакни куйдирадиган мослама хумдон деб ҳам аталган. (Ибт 15:17; Дн 3:17; Вҳ 9:2)
Қ
Қалам.
Гил ёки мум каби ашёларда из тушириш учун мўлжалланган ёзув қуроли бўлган. (Зб 45:1; Иша 8:1; Ерм 8:8) Қалам ёки кескич металлдан, ё бўлмаса бошқа қаттиқ материалдан тайёрланиб, тош ёки металлга хатлар ўйиб ёзишда фойдаланилган. (Аюб 19:24; Ерм 17:1)
Қариндошлик бурчи.
Ушбу удум кейинчалик Тавротга киритилган. Унга кўра киши ўғил кўрмай вафот этган ака ёки укасининг авлодини давом эттирадиган фарзандларни дунёга келтириш учун унинг хотинига уйланиши керак эди. Бу удум левират никоҳ деб ҳам танилган. Қолаверса, ушбу бурч қулликдаги одамни қутқариш ёки қайта сотиб олишни, яқин қариндошнинг мулки ёки меросини қайта сотиб олишни ҳам англатади. (Ибт 38:8; Қн 25:5; Рт 2:20; 4:7–10)
Қарич.
Узунлик ўлчов бирлиги. Ёзилган панжанинг бош бармоғи учидан жимжилоқнинг учигача бўлган масофа. Бир тирсак 44,5 см га тўғри келса, бир қаричнинг узунлиги 22,2 см га тенг. (Чқ 28:16; 1Шҳ 17:4) Илованинг Б14 мавзусига қ.
Қасам.
Қисқичлар.
Муқаддас чодирда ва маъбадда мойчироқлардаги оловни ўчиришда ишлатилган олтиндан ясалган буюмлар. (Чқ 37:23)
Қонун.
Бу сўз бош ҳарф билан ёзилганда, кўпинча Мусо пайғамбар орқали берилган қонун тўплами ёки Муқаддас Китобнинг илк бешта китоби (Таврот) назарда тутилади. Кичик ҳарф билан ёзилганда эса, бу Мусонинг Таврот китобидаги алоҳида қонунларга ёки қонуннинг принципига ишора қилади. (Сҳ 15:16; Қн 4:8; Мт 7:12; Гл 3:24)
Қурбонгоҳ.
Қурбонликлар келтириш ёки тутатқи тутатиш мақсадида лой, харсангтош, яхлит тош ёки металл билан қопланган ёғочдан қилинган қурилма ёки супа. Муқаддас чодир ва маъбаднинг биринчи хонасида тутатқи тутатиш учун кичик «олтин қурбонгоҳ» турарди. У ёғочдан ясалиб, олтин билан қопланган эди. Куйдириладиган қурбонликлар келтиришга мўлжалланган каттароқ «мис қурбонгоҳ» эса ташқарида, ҳовлида турарди. (Чқ 27:1; 39:38, 39; Ибт 8:20; 3Шҳ 6:20; 2Сл 4:1; Лқ 1:11) Илованинг Б5 ва Б8 мавзуларига қ.
Қурбонгоҳ шохлари.
Қурбонгоҳнинг тўртта бурчагидан ташқарига чиқиб турган шохсимон бўртиклар. (Лв 8:15; 3Шҳ 2:28) Илованинг Б5 ва Б8 мавзуларига қ.
Қурбонлик.
Тангрига шукрона билдириш, ўз гуноҳида иқрор бўлиш ва У билан яхши муносабатларни тиклаш мақсадида тортиқ этилган. Ҳобилдан бошлаб Таврот жорий этилгунига қадар одамлар турли нарсаларни, жумладан ҳайвонларни ихтиёрий равишда қурбон қилишган. Тавротга кўра, ҳайвонларни қурбонликка келтириш талаб қилинган. Исо ўз ҳаётини мукаммал қурбонлик сифатида келтиргач, ҳайвонларни қурбон қилишга ҳожат қолмаган. Масиҳийлар эса Худога маънавий қурбонликлар келтиришади. (Ибт 4:4; Ибр 13:15, 16; 1Юҳ 4:10)
Қуръа.
Қарор чиқариш учун қўлланилган майда тошлар ёки тахтачалар. Уларни кийим этаги ёки бирорта идишга солиб, силкитишарди. Ерга тушгани ёки қўлга илингани танланган ҳисобланар эди. Бунга ибодат ила ёндашиларди. Рамзий ва том маънода қўлланилган «қуръа» ибораси «улуш» ёки «насиба» деган маъноларга эга. (Ёш 14:2; Зб 16:5; Ҳк 16:33; Мт 27:35)
Қўриқчи.
Одамларга ёки уларнинг мулкига зарар етказилиши эҳтимоли бор вазиятлардан ҳимояларди. Бу вазифани у аксар ҳолларда кечаси бажарарди. Қўриқчи яқинлашаётган хавфдан огоҳ этарди. Қўриқчилар кўпинча шаҳар деворлари устида ва минораларда туриб, шаҳарга яқинлашиб келаётганларни кузатиб турган. Ҳарбий хизматда бўлган қўриқчи соқчи ва қоровул деб ҳам аталган. Пайғамбарлар Исроил халқи учун мажозий маънода қўриқчи сифатида хизмат қилиб, яқинлашиб келаётган кулфатдан огоҳлантиришган. (4Шҳ 9:20; Ҳиз 3:17)
Ҳ
Ҳабашистон.
Мисрнинг жанубида яшаган қадимий халқ. Унинг ҳудудига замонавий Мисрнинг энг жанубий қисми ҳамда ҳозирги Судан кирган. Бу сўз айрим ҳолларда ибронийча «Куш» сўзи ўрнига ишлатилган. (Эст 1:1)
Ҳаворий.
Ҳадес.
Ушбу юнонча сўз ибронийча шеўл сўзига маънодош бўлиб, одамнинг ўлимини англатади. МОЗОР сўзига қ.
Ҳаёт дарахти.
Ҳазратимизнинг кечлик таоми.
Масиҳнинг танаси ва қонининг рамзи бўлган хамиртурушсиз нон ва шаробдан иборат таом. Исонинг ўлимини хотирлаш маросими. Муқаддас Ёзувларга кўра, масиҳийлардан бу маросимга риоя этиш кутилади. (1Кр 11:20, 23–26)
Ҳакамлар.
Исроилда шоҳлар бошқаргунга қадар Яҳова Ўз халқини ҳимоялаш учун тайинлаган кишилар. (Ҳак 2:16)
Ҳакамлик курсиси.
Ҳақ Худо.
Ибронийча Ҳа-Элоҳим ибораси аксар ҳолларда «ҳақ Худо», «ҳақ Тангри» ва «Аллоҳ» деб таржима қилинди ва бу билан Яҳова Таоло бошқа сохта худолардан ажратиб кўрсатилиб, фақат У яккаю ягона Худо эканлиги таъкидлаб ўтилди. Мана шундай матн таркибларида ушбу ибронийча иборанинг тўлиқ маъноси сақлаб қолиниши учун изчиллик билан «ҳақ Худо» деб таржима қилинди. (Ибт 5:22, 24; 46:3; Қн 4:39)
Ҳирод.
Рим томонидан яҳудийлар устидан бошқариш учун тайинланган сулола номи. Буюк Ҳирод Қуддусдаги маъбадни қайта тиклагани билан машҳур эди. У Исони ҳалок қилиш учун ёш болаларни ўлдиришга фармон чиқарган. (Мт 2:16; Лқ 1:5) Унинг ўғиллари Ҳирод Архелай ва Ҳирод Антипа, отаси идора этган ернинг айрим ҳудудлари устидан тайинланган. (Мт 2:22) Тетрарх ёки вилоят ҳокими бўлган, аммо халқ орасида «шоҳ» дея аталган Антипа, Масиҳнинг уч ярим йиллик хизмати пайтида ва Ҳаворийлар китоби 12- бобида ёзилган ҳодисалар юз берган давргача ҳукм сурган. (Мрк 6:14–17; Лқ 3:1, 19, 20; 13:31, 32; 23:6–15; Ҳв 4:27; 13:1) Бундан кейин Ҳирод Агриппа І — Буюк Ҳироднинг невараси қисқа вақт мобайнида ҳукм сургач, Худонинг фариштаси томонидан қатл этилган. (Ҳв 12:1–6, 18–23) Сўнгра унинг ўғли Ҳирод Агриппа ІІ ҳокимлик қила бошлаган ва яҳудийлар Римга қарши исён кўтаргунга қадар бошқарган. (Ҳв 23:35; 25:13, 22–27; 26:1, 2, 19–32)
Ҳироднинг тарафдорлари.
Ҳиродчилар деб ҳам танилган. Улар Рим ҳокимияти остида бошқарган Ҳиродларнинг сиёсий мақсадларини қўллаб-қувватлаган миллий партия аъзолари бўлган. Эҳтимол, баъзи саддуқийлар ҳам бу партияга тегишли эди. Ҳироднинг тарафдорлари фарзийлар билан тил бириктириб, Исога қарши чиқишган. (Мрк 3:6)
Ҳовли.
Муқаддас чодирнинг пардалар билан ўралган ҳовлиси бўлган. Кейинчалик маъбадни ҳам ҳовли ўраб турган. Муқаддас чодирнинг ҳовлисида ва маъбаднинг ички ҳовлисида куйдириладиган қурбонликлар келтириш учун қурбонгоҳ турган. (Илованинг Б5, Б8, Б11 мавзуларига қ.) Муқаддас Китобда уйлар ва саройларнинг ҳовлилари ҳам тилга олинган. (Чқ 8:13; 27:9; 3Шҳ 7:12; Эст 4:11; Мт 26:3)
Ҳозир бўлиш.
Юнонча ёзувлардаги баъзи матн таркибларида бу ибора Исо Масиҳнинг шоҳ сифатида кўзга кўринмас равишда ҳозир бўлишини билдиради. Ҳозир бўлиш даври Исо Масиҳнинг Самовий Шоҳликда тахтга ўтирган вақтдан бошланиб, ушбу замонанинг охиригача давом этади. Масиҳнинг ҳозир бўлиши қисқа муддатни эмас, муайян бир даврни ўз ичига олади. (Мт 24:3)
Ҳоруннинг ўғиллари.
Левининг невараси Ҳоруннинг авлодлари. Мусонинг Таврот китобига кўра Ҳорун биринчи олий руҳоний сифатида танланган эди. Унинг ўғиллари муқаддас чодир ва маъбадда руҳонийлик вазифасини бажаришган. (1Сл 23:28)
Ҳосил байрами.
Учта асосий байрамдан иккинчиси. Бу байрамни нишонлаш учун барча яҳудий эркаклардан Қуддусга бориш талаб қилинган. Юнончада бу байрам пентэкостэ деб номланиб, «эллигинчи» деган маънони беради. Ибронийча ёзувларда Ҳафталар байрами деб ҳам номланади. Бу байрам 16 нисондан ҳисобланиб, 50- куни нишонланган. (Чқ 23:16, изоҳга қ.; Чқ 34:22; Ҳв 2:1)
Ҳукм куни.
Баъзи одамлар, халқлар ёки умуман одамзод Худо олдида ҳисобот бериши учун белгиланган кун ёки давр. Бу куни, ўлимга лойиқ деб топилганлар маҳкум этилади, айримларга эса омон қолиш ва абадий ҳаётга эга бўлиш имкони берилади. Исо Масиҳ ва унинг ҳаворийлари айтган бўлажак «Ҳукм куни» нафақат тирикларга, балки ўтмишда ўлганларга ҳам тегишли. (Мт 12:36)